+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚАЙНОНАМ - ОНАМ, КЕЛИНИМ - БОЛАМ

Ҳар бир оила жажжи мамлакатга ўхшайди. Унинг ўзига хос қонун-қоидалари бор. Агар оилада ёши улуғ отахон, онахонлар бўлса, фарзандлар уларнинг бевосита берган тарбиялари асосида миллий қадриятларимиз, ўзбекона урф-одатларни яхши англаган ҳолда камол топадилар, катталарнинг қилаётган илм-амалларидан ёшлар андоза оладилар, анъаналарнинг муқаддаслигини тушунадилар.

Оила бағрида улғайиб, вояга етаётган дилбандлар - фарзандлар, набиралар тарбиясига улар асло бефарқ бўлмайдилар. Катталарнинг панд-насиҳатлари, йўл-йўриқлари ҳамиша ёшларни ибратли ҳаёт танлашларида аҳамиятли бўлган. Баъзан йиғинларда, кўча-кўйда ёши улуғ, пиру бадавлат онахон, кайвони бувилар билан гурунглашишга, уларнинг ёшлар тарбиясига бевосита боғлиқ суҳбатларидан баҳраманд бўлишга тўғри келади. Баъзан, ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштиришда ҳам уларнинг ҳаётий тажрибалари қўл келади. Нуроний чеҳра, улуғворлик, ёшдаги комиллик айрим ҳеч кимга бўй бермайдиган оила бошлиқларининг ҳам попугини пасайтиради, салобати босади.

Баъзан марказимизга оилалардан эри ё хотинини инсофга чақириб беришни сўраган мурожаатлар бўлиб туради. Улар билан суҳбатимиз келишувчанлик, бир-бирини тушуниш, ҳурмат-эътиборни йўқотмаслик ҳақида боради. Суҳбатлар, ўрганишлардан маълум бўладики, ажримлар, келишмовчиликларга кўпинча ичкиликбозлик, оилага хиёнат қилиш, узоқ муддат оиласидан узоқда ишлаш сабаб бўларкан.

Бир оилани яхши биламан. Пиру бадавлат онахоннинг етти нафар ўғли бор. Худди севимли ўзбек фильмидаги Фармонбиби каби. Меҳнаткаш, тиниб-тинчимаган, умри меҳнат билан ўтаётган Роҳат опа етти ўғилни уйлаб, жойлади. Ўғиллари ўзига ўхшаган меҳнаткаш бўлди, эсли, маҳалланинг олди йигитлари. Келинлари эса худди опа-сингил каби иноқ, аҳил. Сабаби маълум, бу-тутум, бу меҳнаткашлик қайнонадан ўтган. Роҳат опа ҳам ўз ҳаётий тажрибаларини қизғонмайди. "Оилада кибр, манмансираш бор экан, аҳилликка ўрин йўқ. Калтабинлик, ўзини баланд тутиш - келишмовчиликка сабаб бўлади. Ҳар бир қайнона уруш-жанжал, қуруқ насиҳатлар билан эмас, аксинча, бир оғиз ширин сўз, ҳушёрлик, юмшоқ сўз билан, меҳнаткашлиги, орасталиги билан намуна бўлиши даркор. Ўғилга ҳам, қизга ҳам тарбия муҳим. Ота-оналар вояга етаётган фарзандларига тарбияни тўғри йўналтирмасалар, янги бир оила барбод бўлиши турган гап", деб ёш келинларга ўргатиб туради.

Роҳат опанинг гапида жон бор. Қарс икки қўлдан чиқади. Шундай экан, келинларни оила аъзолигига кўниктириш кўпроқ қайноналарга ҳам боғлиқ. Туман маҳаллаларидан бирида ибратли оилалардан ҳисобланган яна бир оила ҳақида фикр юритмоқчиман.

Оила бекаси, техника ва фалсафа фанлари доктори, профессор Шаҳнозахон        Сотволдиева бўлади.  У ўз келинлик даври ҳақида гапириб берганида тўлқинланиб кетдим. Тўйдан сўнг келинлик вазифаларини бажаришда анча қийналган Шаҳнозахонга қайнонаси - Гулсарахон ая худди ўз қизидек меҳр қўйди, пойтахтдаги ўқишини битиришига кўмаклашди, болали бўлгач, болаларга ҳам тоқат билан қараб туришга ўзида сабр, куч топа олди. Маҳаллада ёш қиз-жувонлар билан учрашув, давра суҳбатлари ўтказганимизда бу профессор аёл иложи борича вақт топиб, келишга ҳаракат қилади, оиласи, қайнонаси ҳақида илиқ гапларни айтишдан чарчамайди:

"Мен - инжиқ, эрка келин бўлганман, деб ўйлайман. Бу хонадонда тўрт ўғил бўлиб, мен учинчи келин эдим. Магистратурани тугатиб, аспирантурага имтиҳон топширдим. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишни бошладим. Қайнонам менга бирор марта овқатнинг вақтида  тайёр бўлмаётгани, келинлик вазифаларини бажаролмаётганимни писанда қилмади, аксинча, ёрдам берди. Кетма-кет ўқишлар, илмий изланишлардан   фалсафа, техника фанлари доктори, профессор лавозимларига эга бўлдим. Институт ишлари билан кўпроқ боғланиб қолдим. Қайнонам шарофати билан икки қизим улғаймоқда. Улар айни дамда мактаб ўқувчилари. Алоҳида уй-жой қилиб, катта ҳовлидан кўчдик. Бироқ, қайнона-қайнотам ҳамон ёрдам бериб туришади. Агар менга илм ёки оиладан қайси бирини биринчи ўринга қўярдингиз, деб сўрашса, ҳеч иккиланмай, оилани танлаган бўлардим. Сабаби, оила - аёлнинг зиммасига катта масьулият юклаш билан бир қаторда, ҳузур-ҳаловат бағишлайдиган муқаддас гўша ҳамдир. Болаларинг улғайиб, ёнингга кирса, кўзларинг қувнайди, меҳнатларинг роҳатга айланади. Қайнонам-ўз онамдек, унга гўё ўз қизидек бор сир-асроримни, ташвиш-у қувончларимни тўкиб соламан. Овсинлар билан туғишган опа-сингилдек аҳилмиз. Менга, инжиқликларимга сабр билан чидаб, оиламнинг обрўсини оширган қайнонамдан бир умр миннатдорман".

Шаҳнозахоннинг фикрларини эшитиб, "қани энди, ҳамма келинлар, қайноналар ҳам шундай бўлса", деб ўйлайман. Тўғри, ҳозирги кунда турмушга узатилаётган қизларнинг ҳамма нарсаси бекаму кўст қилиб берилмоқда. Бу ёғига қайнона-қайнотасини ҳурмат қилиб, ўша уйнинг иссиқ-совуғига чидаб, ўйнаб-кулиб яшаса бўлади.

Ҳар бир қиз турмушга узатилгандан сўнг, келин бўлиб борган хонадонининг "ўз одами"га айланиши керак. Бору-йўққа кўниши шарт. Фарзандлар туғилиши оилани мустаҳкамлайди, муносабатлар, ҳурмат, бир-бирини тушуниш билан оилани сақлаш мумкин. Қайнона келинини ўз қизидек кўриши, келиннинг эса, қайнонани ўз онасидек қабул қилиши - оила тинчлигини таъминлайди.

Муборак ХОЛМИРЗАЕВА,                                                  

 

Булоқбоши тумани  "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари.