+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ишхона - уйим, жамоам эса оиламдир, - дейди "Тараққиёт" ТРК муҳаррири Мавлуда Аҳмедова

Мавлуда болалигидан тележурналист бўлишни орзу қиларди. Кинофильмлардаги журналистлар ҳаёти, айниқса, воқеа-ҳодисаларни тезкор етказиб берувчи мухбирлар фаолияти уни ўзига ром қилганди. Қизиғи, ҳали мактабга бормаган қизалоқ ҳарфларни Алифбе китобидан эмас, газеталарда чоп этиладиган теледастурлардан ўрганди. Яқинларига қайси телеканалдан, қачон, қандай кўрсатув эфирга узатилиши ҳақида маълумот бериб турган жажжи "журналист", мактабни тамомлагач, касб танлаш борасида иккиланиб ўтирмади. Журналист бўлишга, болалигидаги орзуларини амалга оширишга астойдил бел боғлади. 2006 йилда Мавлуда "Тараққиёт" телерадиокомпаниясига танлов асосида ишга қабул қилинди. Сухандонлик билан бирга, тажрибали журналистлардан тележурналистика сир-асрорларини ўрганиб, малакасини ошириб борди.

 - Бу соҳада иш бошлаганимга ҳам 12 йил бўлибди, - дейди телебошловчи, "Тараққиёт" ТРК муҳаррири Мавлуда Аҳмедова. -  Ушбу жамоа менинг биринчи ва ягона иш жойим, насиб этса фаолиятимнинг охиригача шу ерда ишлашни ният қилганман.  Ўйлаб қарасам,  вақтимнинг асосий қисми уйдан кўра кўпроқ ишхонада ўтаркан. Демак, ишхона ҳам уйим, жамоа аъзолари - оилам, журналистика эса ҳаётимдир. Ижодий гуруҳимиз аъзолари опа-синглим, ака-укам каби қадрдон бўлиб кетишган. Жамоамиз аҳил-иноқ. Энг муҳими, орамизда соғлом ижодий рақобат ҳукмрон.

Мавлуда Аҳмедова телевидениеда ранг-баранг кўрсатувлар тайёрлаш билан бирга, "7х7" газетасида ҳам долзарб мавзудаги мақолалари билан қатнашиб туради. Телерадиокомпания раҳбари Маҳмуджон Мамадалиев, марҳум журналист Абдураҳмон Тўлановларни устозлари сифатида ҳурмат билан тилга олади. Айни кунларда тиниб-тинчимаган ижодкор янги лойиҳа устида иш бошлаган.

Изланувчан ижодкор, телебошловчи Мавлуда Аҳмедованинг эзгу мақсадларга йўғрилган иш фаолиятида куч-қувват, муваффақиятлар ва ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.

 

 

Муҳайё Исмоилова  

Касбим билан фахрланаман

Матбаа иши игна билан қудуқ қазишга қиёсланади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки матбаачилик нозик жараён бўлиб, кишидан сабр-бардошли бўлишни тақозо этади. Бугун ана шу соҳада вилоятимизнинг бош матбаа корхонаси - "Андижон нашриёт-матбаа" масъулияти чекланган жамиятида ҳам кўплаб опа-сингилларимиз ирода, сабр-бардош намуналарини кўрсатиб, самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Раънохон Қобилова 1984 йилда Андижон полиграфия билим юртини тамомлаб, ушбу даргоҳда иш бошлаганига қарийб 35 йил бўлди. Айни кунда у "Андижон ҳафтаномаси" газетаси таҳририятида иш юритувчи вазифасида ишламоқда. У дастлаб  фаолиятини ҳарф териш цехида машинада ҳарф терувчиликдан бошлаган. Йиллар давомида устозларидан соҳанинг ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганди, изланиб меҳнат қилди. Йиллар ўтиб ўз ишининг малакали мутахассисига айланди. Қолаверса, меҳнатсеварлиги, камтарлиги, ўзига юклатилган вазифага   сидқидилдан ёндошиши билан ҳамкасблари ўртасида ҳурмат-эътибор топа олди.

Айни кунда Р. Қобилова Нигорахон Тожиматова, қумринсо Ашурова сингари ҳамкасблари билан газетани ўз вақтида     нашрга тайёрлаш, газетхонларга манзур бўладиган даражада мазмунли ва сифатли чоп этиш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқда.

- Касбим билан фахрланаман, - дейди Р. Қобилова. - Чунки матбаачилик машаққатли, шу билан бирга шарафли касбдир. Одамларга зиё улашиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш ишига ҳисса қўшиш хайрли ва савобли иш ҳисобланади.

Қаҳрамонимиз нафақат ўз ишининг билимдони, балки ибратли оиланинг бекасидир. У ҳамиша оилани муқаддас билиб, фарзандлик, келинлик, бекалик, оналик вазифаларини кўпчилик ҳавас қиладиган даражада адо этди. Турмуш ўртоғи билан аҳил яшаб, 4 нафар фарзандни рисоладагидек тарбиялади, эл-юртга қўшди. Оилада, маҳаллада обрў топди.  Ҳозирда у 7 нафар набиранинг суюкли бувижонисидир. Соҳа ходимларининг касб байрами билан  Р. Қобилова сингари матбаа тизимида самарали меҳнат қилаётган барча опа-сингилларимизни муборакбод этамиз. Уларнинг оилаларига тинчлик, хонадонига файзу барака, ишларида омадлар тилаймиз.

 

Нигорахон САЙДАЛИЕВА

ИНШОЛАР ТАНЛОВИ FОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Андижон педагогика коллежида "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" мавзусида ўтказилган иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

"Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида амалга оширилаётган "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" деб номланган лойиҳа доирасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган иншолар танловида танлов ташкилий қўмитаси, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, танлов ғолиблари, уларнинг устозлари, ота-оналари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Тадбирда вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси ҳусниддин Тўраев, "Иқбол" газетаси муҳаррири Фахриддин Ибайдуллаев сўз олиб, танловнинг мақсад ва вазифалари, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар, белгиланган низом асосида ўтказилганлиги ҳақида гапириб, ғолибларни муборакбод этдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси,  танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси Назиржон Саидов, Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Минурахон Бозоровалар сўз олиб, танловга вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан 90 дан отиқ иншолар тақдим этилганлиги, уларнинг 28 таси саралаб олинганлиги, ижодий ишларни кўриб чиқишда мавзуни тўлақонли ёритилганлигига, мазмунига алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидладилар.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, танловда тақдим этган иншоси билан Балиқчи тиббиёт коллежи ўқувчиси Нодира Абдуваҳобова биринчи, Андижон давлат университети академик лицейи ўқувчиси Садоқат Солижонова иккинчи, Асака тиббиёт коллежи ўқувчиси Моҳларой Холиқназарова учинчи ўринга сазовор бўлди. Шунингдек, 25 нафар ўқувчининг ижодий иншолари рағбатлантирувчи мукофотларга муносиб кўрилди.

Тадбирда лойиҳанинг мазмун-моҳияти, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, таҳририятнинг ижодий фаолияти, газета саҳифаларида оила мустаҳкамлигини таъминлаш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича чоп этилаётган мақолалар ҳусусида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. Тадбир қатнашчиларига "Иқбол" газетасининг лойиҳа доирасида чоп этилган сонлари, шунингдек, оила мустаҳкамлигини таъминлаш мавзусидаги буклетлар тарқатилди. 

Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси Гулчеҳра Муллажонова лойиҳа доирасида олиб борилаётган тарғибот ишлари, иншолар танлови ўқувчиларнинг оилавий ҳаёт, турмушга тайёргарлик, никоҳ ҳақидаги билимларини бойитганлигини айтиб ўтди.

Тадбир сўнгида танлов ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ мутахассислар диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Нигора ЎРМОНЖОНОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Ёз - ўтмоқда соз

Сўлим табиат қўйнида жойлашган Андижон туманидаги "Боғишамол" болалар оромгоҳида айни кунда 300 нафар ўғил-қиз дам олмоқда.  Оромгоҳда улар учун барча қулайликлар яратилган.

Болажонларнинг янада мароқли дам олиши учун  Андижон шаҳридаги 3-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларидан ташкил топган ижодий гуруҳ яқинда оромгоҳда бўлиб, ўзларининг бадиий дастурларини намойиш этди. Яккахон хонанда Мухлиса Мирзаева, "Лола" рақс дастаси, шунингдек, миллий чолғу ансамблининг чиқишлари болажонларга олам-олам қувонч улашди, шўх ашула ва куйлар рақсларга уланиб кетди.

 - Бундай тадбирлар болажонларнинг кайфиятини кўтаради, санъатга бўлган қизиқишини оширади, ўз иқтидорларини намоён этишларига ёрдам беради, - дейди мусиқа ва санъат мактаби раҳбари Муножотхон Исақова. - "Андижон полкаси", "Лезгинка" каби шўх тароналар янграганда, болаларнинг рақсга тушишини кўриб маҳоратига қойил қолдик. Улар орасида қанчадан-қанча истеъдод эгалари борлигининг гувоҳи бўлдик.

Шу куни оромгоҳда ўтган концерт дастури  барчада катта таассурот қолдирди.

 

Муножотхон УМАРОВА,

 

Андижон шаҳридаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси.

Матбуот ва ОАВ ходимлари ўртасида спорт мусобақалари бўлиб ўтди

Андижон шаҳрида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида спорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланиб,  соҳа ходимлари иштирокида мини футбол, эркаклар ва аёллар ўртасида стол тенниси, шунингдек, аёллар ўртасида шашка мусобақалари ўтказилди.

Мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, футбол мусобақасида Андижон вилояти телерадиокомпанияси жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Стол тенниси мусобақасида аёллар ўртасида вилоят матбуот бошқармаси ходимаси М. Раҳмонова, эркаклар ўртасида вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири А. Қўчқоров, шашка мусобақасида Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази ходимаси Г. Аҳмадалиева ғолиб чиқди. 

Fолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

 

Нигора САЙДАЛИЕВА

"Open Air - Oltin Vodiy" концерт дастури унутилмас таассуротларга бой бўлди

"Андижон Регистони" деб ном олган Андижон шаҳридаги "Жоме" меъморий мажмуаси майдонида Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг "Open Air - Oltin Vodiy" концерт дастури намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган концерт дастурида  мусиқа ихлосмандлари, жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди. 

Андижоннинг гўзал масканларидан бирида  бўлиб ўтган концерт дастурида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри жамоаси ижросидаги мусиқий  оҳанглар барчага манзур бўлди. Айниқса, очиқ осмон остида жонли ижро этилган жаҳон ва миллий мумтоз куй-қўшиқлари андижонлик санъат ихлосмандларига байрамона шукуҳ бағишлади.

- "Open Air" биринчи симфонияси сабаб анъанага айланган ушбу концерт дастурини ўтказишдан мақсад, жаҳон ва миллий мумтоз қўшиқлар дурдоналарини тарғиб этишдан иборат, - дейди лойиҳа раҳбари Дилбар Бобожонова.  -  Қолаверса, дас-турларимиз орқали юртдошларимиз турли мусиқий услублар ва оҳангларидан баҳраманд бўлиш, таниқли хонандалар, янги истеъдодлар, шунингдек, мумтоз мусиқий асарлар, машҳур романтик оҳанглар ва опера мусиқалари, фильмларга ишланган саундтреклар, рақсбоп композициялар билан танишиш имконига эга бўлдилар. 

Концерт дастурида Ўзбекис-тон миллий симфоник оркестрининг маҳоратли санъаткорлари, шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти, халқаро танловлар ғолиби Исмоил Жалилов, таниқли хонандалар Хуршид Иноғомов,  Ширин Маматова, Акилбек Пиязов, Абдулла Ширинов сингар ўнлаб эл суйган қўшиқчиларнинг ўзига хос чиқишлари тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар ҳадя этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

 

 

Барно ҳайдарова

Кўнгил хотиржамлиги

Ҳикоя

- Ая, мен кутубхонага бориб келаман, - деб Нодира хонага кириб келди.

Онаси рўпарада турган соатга қараб:

 - Соат тўрт ярим бўлибди. Бориб нима қиласан? Кеч бўлди.

   - Ая, кутубхона 18.00 гача ишлайди. Бугун китобларни топширишим керак эди.  Энди ўқиб бўлдим. Тездагина бориб-келаман.

- Бўпти, қизим. Эҳтиёт бўлиб бориб-кел.

- Хўп ая, -дея Нодира кийимларини шоша-пиша кийди-да, китобларини олиб уйдан чиқиб кетди. У тезроқ кутубхонага етиб бориш учун "Дамас"га чиқди, ўн дақиқа ўтар-ўтмас кутубхона йўлагига етиб келди. У дарвоза олдидан қоровулга салом бериб, кутубхоначилар кетиб қолмадими?, - деб сўради. Қоровул бош ирғаб, йўқ деб жавоб бергач, юқори қаватга чиқди.  Китобларни топширди, яна бошқа китобларни олиб уйга қайтди.

Уйга келиб оёқ кийимларини ечди-да, ичкарига юраётганида ичкари хонадан онасининг йиғлаган бўғиқ овозини эшитди:

- Қачонгача шундай зиқналик қиласиз, уйга керакли нарсаларни олиб келинг десам, жанжал қиласиз.

- Кўп гапирма.

- Рост-да, нима қиласиз ўша матоҳни? Бошингизга урасизми? Ана телевизорда ҳам қўшиқ эшитса бўлади. Бу қурмагур, колонканинг нима кераги бор эди. Унинг ўрнига…

- Ўчир овозингни, олган бўлсам уйга олдим. Кўчага пул совуриб юрганим йўқ!

- Гапираман-да, ўша ўлгур, унча-мунча эмас, бир миллионн бўлгандан кейин. Ўша пулга  уйимизга озиқ-овқат олсак, бир ойдан кўпроққа етарди. Ёки болларингизга компьютер олиб бермайсизми, компьютерни пухта ўрганиб олишарди.

Ота-онасининг жанжали тобора авж олиб борарди. Нодиранинг кўзлари қоронғулашиб, боши айлана бошлади. Зўрға ўзини тутиб, хонасига кириб кетди. Шу тобда унинг вужудини аламзадалик, андуҳ қамраб олди, бўғзига нимадир тиқилгандай бўлиб, кўзларидан ёш оқа бошлади. У овоз чиқариб йиғламас, бир нуқтага тикилганча, кўзидан ёш оқар эди.

  …У бугун қанчалар бахтиёр эди. Ўқиган асарларининг қаҳрамонлари саргузаштларига ошно, қалбида улар каби шодлик, қувонч, муҳаббат куртак ота бошлаганди. У жуда ҳам бахтиёр эди. Лекин, аяси билан дадасининг жанжали юрагига тиғдай ботди.

  У шуни ўйлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди:

Эй, Худо! Нега улар шунақа. Нимага доим уришаверади? Нимага, деган хаёллар оғушида ерга ётганча ухлаб қолди.

Майрам опа хонани қия очиб, Нодирага қаради, ухлаб қолибди, дея устига кўрпачани  ёпиб чиқиб кетди.

- Нодира, тур тезроқ, тонг отди.  Қачонгача ухлайсан?

- Ҳозир, аяжон. Турдим, сочимни тўғрилаволай.

Нодира уйдагиларнинг ҳаммаси билан саломлашиб, дастурхонга келиб ўтирди.

 Отасининг ҳам, онасининг ҳам қовоғи солиқ. Бир-бирига гапирмасди. Нодира бу ҳолдан қаттиқ хафа бўлди, жаҳли чиқди:

- Қачонгача шундай қиласизлар?! Унинг кўзларидан дувиллаб ёш тўкилди. Нима учун мен билан укамни ўйламайсиз. Сизларни ёмон кўраман, ёмон кўраман!

Нодира югурган ҳолатда кўчага чиқиб кетди. Ўктам ака ҳам, Майрам опа ҳам бу ҳолатдан карахт бўлиб қолдилар. Дадаси ака ўзига келиб, Нодиранинг орқасидан югурди.

- Нодира, тўхта, қизим. Қаёққа кетяпсаан?

- Кечир, қизалоғим. Илтимос, юр уйга. Шошма, тўхта, гаплашволамиз.

Нодира шахд билан юриб, катта йўлдан ўтаётган эди. Бирдан машинанинг қаттиқ сигнали эшитилди. Тез келаётган юк машинаси тормози чийиллаб янада қўрқинли эшитилди.

- Нодираа, эҳтиёт бўл! Дадаси бор овози билан бақирди.

Ҳайдовчи машинадан тушиб қиз томонга югурди, Бу пайтда дадаси ҳам ёнига келиб бўлган эди.  ҳайдовчи:

- Эҳ, Худо, тузукмисан, қизим? Ҳеч жойинг лат емадими? Қўрқитвординг, йўлдан у ёқ-бу ёққа қараб ўтмайсанми?!

- Нодира, тузукмисан? Ҳеч нарса бўлмадими?!

Ўктам ака Нодирани қўл-оёқларини, бошини пайпаслаб кетди. Ҳайрият, ҳеч нарса бўлмабди.

Изтироб, қолаверса, қўрқувдвн йиқилиб тушган Нодира аста бошини ердан кўтариб, овози титраганча "яхшиман, дада" деди.

Нодира секин ўрнидан турди. Боши айланиб кетди. Ҳайдовчи ва дадаси уни ушлаб қолдилар. Ўктам ака Нодирани даст кўтариб, машинага олиб чиқди ва шифохонага олиб кетдилар.

Майрам опа ҳам бу хабарни эшитиб, бир аҳволда шифохонага етиб келди, тўғри палатага кирди. Нодира онасини кўриб, юзида табассум пайдо бўлди. Майрам опа югуриб келиб, Нодирани маҳкам қучоқлаб олди:

- Кечир, қизим. Ношуд ота-онангни кечир, қизалоғим.  Бизни қўрқитиб, нимага бундай қиласан, Ахир сенсиз биз бирор кун ҳам яшолмаймиз.

- Аяжон, мени ҳам кечиринг. Уйдан кўчага чиқиб кетиб, но-тўғри қилдим.

- Қўй қизим, айб бизда.

- Бўлди, етар энди, қизингни кўп толиқтирма, озгина дамини олсин.

- Ҳўп, ҳўп. Қачон уйга кетарканмиз?

- Бугунча шу ерда қолар экан,  эртага олиб кетасизлар деди доктор. Сен Нодира билан шу ерда қоласан, дея дадаси гапни қисқа қилди.

 - Яхши, ҳўп.

Эртасига Нодира шифохонадан уйига қайтди. У бўлиб ўтган воқеани эслаб, кўпчиликни овора қилганидагн ҳижолат чекди. Лекин ота-онасининг, айниқса, дадасининг керак бўлса унга жонини бериши мумкинлигини билиб, кўнглига илиқлик югурди.

Энди ота-онаси ярашиб олишган, оилада хурсандчилик. Дадаси колонкани топшириб, ўрнига компьютер, бир неча янги китоблар олиб келган, энг асосийси, Нодиранинг кўнгли хотиржам эди. 

 

Моҳинур ОДИЛОВА, АДУ талабаси.

Ўқувчи қизнинг дил кечинмалари ёҳуд аёл ҳақида сўз

Аёл сиймосига чизгилар

Ўртоқларим мени ҳамиша хаёлпараст, ёввойи деб устимдан кулишади. Шу сабаб мудом четда юраман. Ҳозир ҳам одатдагидек, адабиёт дарсида ўтирар эканман, жимгина деразадан мовий осмонни кузатаман. Қанчалар кенг у, худди менинг бетизгин хаёлларим қадар. Шу аҳволда қанча ўтирдим, билмайман. Бир пайт ўқитувчимиз келиб, менга қарата нималардир деб  куйиб-пишаётганини сезиб қолдим. Бирдан ўзимга келдим. Устознинг сўзларини англадим. Ҳа, айтмоқчи, адабиётдан иншо ёзаётган эдик-ку!

Шаддод, аълочи қизлар ғайрат билан иншо ёзишни бошлаб юборишибди. Ҳали ҳеч нарса ёзилмаган тоза дафтаримга қарайман: "Аёл - ҳаёт давомчиси", деб ёзибману, бошқа ҳеч нарса йўқ. Секин олд партадаги қизларни кузатаман. Иншони анчагина қоралаб қўйишибди. Гарчи менга орқа қилиб ўтирган бўлишса-да, нима ёзаётганларини сезиб турибман: "Аёл-гўзаллик маъбудаси, аёл қошлари қундуз, кўзлари юлдуз, юзларидан ойлар ҳусн талашган, қовоқлари бодом янглиғ, лаъли мисол лаблар..." қабилидаги шоирона сўзлар. Аслида аёлларнинг барчаси ҳам ой юзли, қундуз қошли эмас-ку!..

Мана масалан, ён қўшнимиз Ойниса опа, 5 фарзанд топиб, тўрттасидан жудо бўлган, умри фақат оғир меҳнат билан ўтиб, ҳасратли бевалик юзларига эрта ажин ташлаган, қачон кўрманг, бирор жойи оғриганидан шикоят қилади. Аммо уни ўғил туғиб бермагани учун таҳқирлаб, шу кўйга солган ўша инсон ҳақида ҳеч қачон маломат қилмаган. У ҳам аёл зотидан.

Яна бир аёлни биламан. Ёшлигида қишлоқ йигитларини ақлдан оздиргудек даражада соҳибжамол бўлган, аммо ўгай она тазйиқи билан ўзга қишлоққа, танимаган-билмаган одамга узатилиб ва ўша жоҳил одамга бир умр сиғиниб, калтакларидан хўрланса-да, уни навқирон ошиқларидан устун қўйиб, қўл етмас юксакларга кўтариб қўйган бир муштипар. У ҳам аёл.

Бироқ, беш қўл баробар эмас. Аёлни гул янглиғ асрагувчи, турмушда у билан ҳамнафас, ҳамфикр яшаётган эркаклар ҳам бор. Уларнинг садағаси кетсанг арзийди.

Эй дўстларим, қадрим билса,

бош эгаман аёлга,

Дардли пайтим сўраб келса,

бош эгаман аёлга.

Аслида ҳам шундай! Аёл, деганда саранжом-саришта, тонгги юмушни шомга қолдирса юраги ғашланадиган фаришта мисол бир хилқат кўз олдимизга келади. Дунёда улар борлигининг ўзи бахтиёрлик нишонаси эмасми?!                       

Қаранг, уфқдан қуёш бош кўтармоқда. Яна бир тонг отди. Яна ҳар кунгидек ғам-ташвишлару, шодлик-қувончлар қоришиқ бир кун. Кейин яна оламни зулмат қоплаб, тун пардаси тортилади. Бу бир хиллик албатта, жонга тегади. Қайларгадир бош олиб кетгинг келади. Агар аёл бўлмаса..., агар она бўлмаса..., агар ёр бўлмаса...

Агар аёл бўлмаса хонадон - файзсиз. Агар она бўлмаса келажак - нурсиз, агар ёр бўлмаса ошиққа ҳаётининг қизиғи борми? Аёлда қандай синоат борки, усиз ҳаёт шами сўнса, қалб дарвозаси беркилса? Аёл ким аслида? Қандайин мўъжизаки, жаҳон саодати ундан бошланса?

Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло жамики жонзотлар, бутун борлиқ ва уларга сардор қилиб Одам Атони яратибди. Неча вақтлар ўтиб, Одам Атонинг чап қовурғасидан Момо Ҳавони бунёд этибди. Улар бир-бирларидан айро узоқ, жимгина яшабди. Сарвари олам ўйлаб, уларнинг содда дилига бир мўъжизани солибди. Бу мўъжиза севги эди. Муҳаббат оташи дўзах оташидан-да хатарли эди. Иккиси икки ёнда ўз ёғига қовурилиб, кунлар ўтди. Аммо, ё фалак, Одам Ато изтиробга ортиқ тоб бера олмади. Илк бор Момо Ҳаво олдида тиз чўкди. Кўрингки, оламдаги илк инсон, қудрат соҳиби бир ожиза олдида бош эгди.

Мана, аёлнинг биринчи синоати. Балки шундан мерос эр кишига севги изҳори, қизлар ишқдан ёниб битар, лек айтмас дилда бори, зеро, шоир айтганидек,

Билмайсан ҳеч сени бир қиз,

Кутар кун-тун, умидсиз армон билан.

Лекин билгин, айтмас тили,

Пок ишқини, токи кетгай жон билан.

Раҳматли энам айтардилар: "Эркак кўча учун, аёл уй учун яралган", деб. Албатта, мен аёлнинг уй чўриси бўлишини сира-сира истамайман. Лекин аёл эркаклар каби буткул кўчаники бўлиб қолмаслиги керак-да. Аёлларни гўзаллиги, соғлигини қайтариш даркор. Ақалли уларнинг иш жойларида қандайдир имтиёзлар яратиш жоизмикан, дейман. Менинг назаримда, у гўзаллик учун, муҳаббат учун, оила парвариши, фарзанд тарбияси учун яралган.

Ақидаларга кўра, аёлнинг эзгу қўшиғи-она алласини эшитиб улғайган бола қалбида меҳр-шафқат, ватанга муҳаббат, комил инсон фазилатлари мустаҳкамланаркан. Ва албатта, бу қўшиқни ҳеч бир истеҳзосиз аёлнинг яна бир синоати деб атардим.

Ҳазрат Навоий "Ким араб алфозида жинси муаннасдир, қуёш, яъни араб лафзида офтоб Аёл жинсидандир", деб аёлни улуғлаган. Соҳибқирон Амир Темур Сароймулкхонимга атаб қурдирган "Бибихоним" мадрасаси, буюк Бобурий сулоласи вакили Шоҳжаҳоннинг суюкли Маҳбубаси Мумтозмаҳал учун барпо этдирган, дунёнинг етти мўъжизасидан бири -  Тожмаҳал обидаси ҳам аждодларимиздан мерос - аёлга бўлган юксак эҳтиром сифатида жаҳон аҳлига неча асрлар мобайнида намуна бўлиб келмоқда.

Табиат ўзбек қизига бетакрор ҳусн ато этган. Ўзбек қизи ҳаё, ибоси дунёнинг турфа хил миллат, элатлари вакилалари ҳусну латофатидан ажралиб туради. Хонадонларда қиз туғилса "Ҳолво" деб хабар қилишади. Қиз болага берилган бу қадимий сифат қизларнинг ҳолвадай ёқимли, севимли,  хушбўй бўлиб камолга етишларига бир ишорадир балким...

Аёл бор жойда файз бор, меҳр-шафқат бор. Уларнинг жисму жонларига омонлик керак. Токи улар даврининг шиддатли оқимларида ўзлигидан, момоларини азизу мукаррам этиб тарбиялаган урф-одатларидан узоқлашиб, адашиб кетмасин. Дунё яралибдики, ўзбек аёли иффату ҳаё, меҳру назокат тимсоли бўлиб келган.

Шу сатрларни ёзаяпману ҳозир танаффусга қўнғироқ чалиниши, иншони тугатишим кераклиги ёдимга тушди. Мен хаёлпарастга қўйиб берса, илҳом келиб қолганида роман ёзсам керак. Нима бўпти? Аёл зоти шунга арзийди! Аёл - кўзларнинг нури, қалбларнинг қўри ва ҳамиша шундай бўлиб қолади.

 

Ҳувайдо ДЕҲҚОНБОЕВА,

 

Избоскан туманидаги 19-мактаб ўқитувчиси.

Ёшлар тарбияси энг муҳим вазифамиз, - дейди хўжаободлик меҳнат фахрийси Баҳринисо ая Акбарова.

Айни кунда Хўжаобод тумани Андижон маҳалласида яшаб, кексалик гаштини сураётган Баҳринисо ая кўп йиллар турли соҳаларда меҳнат қилган. У нафақага чиққан бўлса-да, ҳозир ҳам маҳалладаги ишларда фаол қатнашади, тўй-маъракалар, маросимлар Баҳринисо аясиз ўтмайди.

Бугун ая маҳалланинг кайвони онахони, қолаверса, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси сифатида оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида олиб бораётган  ишлари ҳар қанча таҳсинга муносибдир. Бирор оилада қандайдир можора чиқдими, ая албатта бориб, ўша оиланинг ҳар бир аъзоси билан гаплашади, насиҳат қилади, шу оилада тинчлик-хотиржамликни сақлашга, можароларни бартараф ёрдам беради.

Баҳринисо аяга жуда ҳавасим келади. Ахир одамларга керакли бўлиш, уришганларни муросага келтириш, ҳамқишлоқлар орасида сўзи ўтадиган даражада ҳурмат топши ҳаммага ҳам насиб этавермайди. 

... Баҳринисо Акбарова ёшлигидан серғайрат, билимдон, меҳнатсевар бўлиб улғайди. Ўрта мактабни олтин медалга тамомлаган бўлса-да, келажагини меҳнатда деб билди.  Тумандаги "Оҳу" ишлаб чиқариш бирлашмасига ишга кирди. Ўзи каби меҳнаткаш, камсуқум йигит - Комилжонга турмушга чиқди. Қайнона-қайнотаси қишлоқнинг содда, орзу-ҳавасли одамлари эди. Улар Баҳринисони ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди, рўзғор, бола-чақадан ортиниб ишлашига кўмаклашишди. Йиллар ўтиб, у "Андижон" маҳалла фуқаролар йиғинида котиб бўлиб иш бошлади.

Ишга бўлган масъулияти, тиришқоқлиги туфайли унинг одамлар билан ишлаш борасида малака ва тажрибаси ошиб борди. Ўрни келганда маҳалладошлари дардига, муаммосига шерик бўлиш, керакли йўл-йўриқ кўрсата олиш фазилатлари билан кўпчиликни ҳурматини қозонди. Маҳалладошлари унинг ана шу жиҳатларини ҳисобга олиб, фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва ахлоқий тарбия  масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб сайлашди. Баҳринисо ая бор салоҳияятини, кучини маҳаллага ишига бағишлади. Маънавий-маърифий ишларга, шунингдек, оилаларни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратди.

2011 йилда эса ая "Андижон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Унинг етакчилигида маҳаллада жуда кўп ибратли ишлар амалга оширилди.  Маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида "Тадбиркорликни ривожлантириш" бўйича ўтказилган танловнинг вилоят босқичида  2-ўринни, "Энг намунали яраштириш комиссияси" кўрик-танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллади  Баҳринисо ая ҳаёти, фаолияти ҳақида сўзлар экан, дадаси Мухторжон ака, қайнотаси Раҳмонжон ака ўз вақтида маҳалла раиси бўлиб ишлаганиларини, улардан кўп нарсалар ўрганганлигини таъкидлайди.

- Маҳаллани обод қилиш, аҳоли тинчлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар тарбияси кенг жамоатчиликнинг энг муҳим вазифаси, - дейди онахон. Ҳаётимда, фаолиятимда бу жиҳатларга ҳамиша алоҳида эътибор қаратганман. Бундан буён ҳам бу борада ибратли ишларни амалга оширишга, бошқаларни ҳам шунга эргаштиришга имкон қадар ҳаракат қиламан. 

Бугун 2,5 минг нафардан зиёд киши яшаётган "Андижон" маҳалласи аҳли Баҳринисо ая Акбаровадан  миннатдор, унинг фидойилигини қадрлашади. Шу боис ҳам у эл-юрт, маҳалладошглари орасида обрў-эътибор қозонган.

Ая ўзининг самарали меҳнатлари, фидойилиги учун "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги" нишони ҳамда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.

Халқ дарди билан яшаётган, маҳалласининг обрўси бўлган Баҳринсо ая сингари онахонларимиз ҳамиша омон бўлсин.

Дилбарой АБДУНАЗАРОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Оилага эътибор - ўзлигимизга эътибор

Мутахассислар фаолиятидан

Бу аёлнинг хонадонига кириб борганингиздаёқ, ободлик, аёл кишининг борлиги шундоққина билиниб туради, саранжом-саришталикдан баҳри дилингиз очилади.

 Ҳовли гулларга тўла. Катта-кичик тувакларда, томорқа четлари, ҳатто йўлакларда ҳам анвойи гуллар барқ уриб очилиб ётибди. Томорқадаги рўзғорга ишлатиладиган сабзавот экинларига ҳам кишининг ҳаваси келадиган даражада ишлов берилган. Эгатларда биронта бегона ўт, ҳовлида ортиқча буюм кўринмайди.

Кўхликкина ёш келин ҳовлига кўлоблаб сув сепмоқда. Атрофга нам тупроқнинг ёқимли иси таралади. "Келини ҳам қайнонасининг тутумини олибди. Покиза, чаққонгина экан", деган ўйлар хаёлимдан ўтди.

Бу сўлим ҳовли Булоқбоши туманидаги "Барлос" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Муяссархон Абдухалилованинг ҳонадони. Муяссархон опани маҳалладошлари "Озодалик, саранжом-саришталикни, гулларни яхши кўради. Маҳаллага ҳам гул экдираверади" дея таърифлашгани бежизга эмас экан.

М. Абдухалилова 1985 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлагач, Кулла тикув-трикотаж фабрикасига ишга кирди. Меҳнатсеварлиги,  ўз ишининг етук мутахъассиси бўлганлиги учун ҳам аввалига цех бошлиғи, иқтисодиёт бўлими раҳбари лавозимларида ишлади, жамоатчилик асосида хотин-қизлар қўмитасининг фабрикадаги бошланғич ташкилоти раиси сифатида ҳам фаолият юритди.  Салкам 20 йиллик меҳнати сингган корхона тугатилгач, уйида тикув-трикотаж цехи ташкил қилди. Унинг тадбиркорлиги билан маҳалладаги кўплаб қиз-жувонлар ишли бўлди. Муяссархон опанинг ҳамма билан тил топишиш, одамларнинг бошини қовуштира олиш салоҳияти ана ўша паллалар намоён бўлди. Ана шу фазилатлари туфайли у 2004 йилда маҳалла раиси этиб сайланди.

Муяссархон опа маҳалла раиси бўлиб ишлаган кезлар одамлар қалбига кириб боришга, уларнинг оғирини енгил қилишга, муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилди. Маҳалладошларини ҳам ўзи каби ишчан, фаол, шижоатли бўлишга ундади. 2007 йилда маҳалла "Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб чиқди.

Опа енгил саноат соҳасининг мутахассиси бўлгани учун ҳам уни Булоқбоши иқтисодиёт ва енгил-саноат коллежига ишга таклиф этишди. У нафақага чиққунча ана шу жамоада меҳнат қилди. Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотини бошқарди. 2009 йилда иқтидорли санъатсеварлардан иборат "Ниҳол" бадиий жамоасини ташкил этди. Орадан ҳеч қанча ўтмай "Онам айтган аллалар" кўрик-танловининг вилоят босқичида жамоа ғолиблар қаторидан ўрин эгаллади.

- "Тақдиримга ёзилган эканми, қайси муассаса ёки ташкилотда ишлаган бўлсам, жамоатчилик асосида хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси вазифасини ҳам адо этиб келдим,  -  кулиб гап бошлайди Муяссархон опа. - Нафақада бўлсамда яна  маҳалла хотин-қизларига етакчиман.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ таъсис этилган фуқаролар йиғининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимида иш бошладим.  Ҳудудимизда 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Мутахассис сифатида  иш бошлаганимга ҳали кўп бўлмаса-да, маҳаллада қатор эътиборга молик ишларни амалга  оширишга эришдим. Хусусан, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш, ижобий ҳал этиш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, аёлларимизнинг саломатлигини яхшилаш, тиббий маданиятини ошириш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимли ишларни олиб бормоқдамиз. Қолаверса, маҳалладаги ёш келинлар, турмушга чиқиш арафасидаги қизлар билан бевосита иш олиб борилмоқда. Ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда ўтказаётган учрашув, давра суҳбат ва тадбирларимиз ана шу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Маҳалламиз аҳлига намунали, бахтли оила қандай бўлиши керак, оилада ҳар кимнинг ўз ўрни бўлиши, оила аъзоларининг бир-бирига бўлган муносабатлари, қадриятларимиз, шунингдек, соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда

     Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларидан бирида соҳада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган қатор долзарб вазифалар турганига урғу бериб, оилага эътибор аслида бу -  ўзлигимизга эътибор эканини алоҳида таъкидлаган эдилар. Бугун ҳудудимиздаги 521 хўжаликда 617 оила истиқомат қилади. Ҳар бир оиланинг мустаҳкам бўлиши, уларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит қарор топиши учун зарур барча ишлар олиб борилмоқда.

Эл-юрт корига яраш, одамларга яхшилик қилиш, айниқса, можароли оилалар яраштириш бениҳоя савобдир. Муяссархон опа ана шундай эзгу ва ибратли ишларга бош бўлиб, маҳалладошлари меҳрини, ҳурматини қозона олди. Шу боис, опанинг ишларида унум, хонадонида файзу барака бор.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА