Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Жалақудуқ туманидаги 18-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида туман хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси туман Кенгаши, Маданият бўлими ва Ахборот ресурс маркази ҳамкорлигида "Ибратли ҳаёт мактаби" мавзусида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувга тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан иш олиб борувчи мутахассислар, ибратли кайвони оналар, намунали келинлар ва иқтидорли қизлар таклиф этилдилар.
Саҳнага маҳалла фуқаролар йиғинларидан энг ибратли деб топилган қайноналар таклиф этилдилар. Тадбирга йиғилганлар ибратли қайноналарга оилаларни мустаҳкамлаш, тўйларни ихчам ўтказиш, қуда-андачилик одоби, оила ва никоҳ, қизларни турмушга тайёрлаш масалаларида саволлар билан мурожаат қилдилар. Кўпни кўрган, тажрибали онахонлар ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтариш билан бирга, ҳаётий тажрибаларидан ўртоқлашдилар.
Шунингдек, тумандаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар масъуллигида "Ҳунарманд аёл" кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир сўнгида туман ҳокими муовини, хотин-қизлар қўмитаси раиси Маликахон Юсупова сўзга чиқиб, уч авлод учрашувлари бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлиши, бунинг натижасида оилалардаги келишмовчиликлар барҳам топиб, эрта турмушнинг салбий оқибатлари, аёллар ва болалар ўлимининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар, амалий тадбирлар самара бериши мумкинлиги, туманда мана шундай аҳил ва иноқ оилалар сони янада кўпайишига тилак билдирди.
Андижон шаҳридаги "Жума бозор" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган "Қўчқор ота" зиёратгоҳида "Мустаҳкам оила-жамиятимизнинг асосий негизи" мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда "Жума бозор" маҳалла фуқаролар йиғини ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда намунали оилалар вакиллари, ёш келинлар, турмуш қуриш арафасидаги қизлар, ибратли қайноналар, нуроний онахонлар, ҳамда отинойилар иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Равшаной Жўраева оилалар мустаҳкамлиги борасида олиб борилаётган ишлар ва амалга оширилажак вазифалар, аёлнинг оила ва жамиятда тутган ўрни, фарзандлар тарбиясида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, оилавий муносабатлар, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Андижон шаҳар "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Ҳабибахон Жўрабекова қайнона-келин муносабати яхши бўлса, оила мустаҳкам бўлиши, ажралишларнинг олдини олиш, турмуш қуриш арафасидаги ёшларга тўғри маслаҳатлар бериш, намунали оилалар тажрибасини ўртоқлашиш, тўй-издиҳом, маърака ва маросимларни ихчам ва камчиқим ўтказиш борасида гапириб ўтди.
- Оилаларни мустаҳкамлаш борасида биз кўпни кўрган, тажрибали онахонлар, аҳил ва тинч оилалар тажрибасига суяниб иш кўришимиз лозим, - дейди "Жума бозор" МФЙ раиси Гулбаҳор Аҳмедова. - Биз бундай оилалар янада кўп бўлиши, можароли хонадонлар билан алоҳида иш олиб бориш, қайнона ва келинлар ўротасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида самарали ишларни олиб бораяпмиз. Ўйлайманки, бу борада бажарилиши лозим бўлган вазифаларимиз бисёр.
Тадбир давомида шаҳар отинойиси Шоирахон Нуралиева йиғилганларга маънавий-маърифий ўгитлардан сабоқ берди.
Ёзда чивинлар кўпаяди. Айниқса, тундаги дим ҳаво, бунинг устига чивинлар чақиши оромингизни бузади, яхши ухлай олмайсиз. Қаерга борманг, чивинлар сизни қидириб топаверади. Баъзан "нега бошқаларни чақмайди-ю, мени чақаверади?" деб сўрайдиганлар ҳам топилади. Чивинлар нега инсонларнинг айримларинигина чақиши ҳақида турли назариялар мавжуд. Шундай тахминлар борки, ўзидан кўп углерод диоксиди ва тер чиқарувчи инсонларни чивин чақиши эҳтимоли юқори бўлади. Статистика бўйича, одатда, одамларнинг ҳар ўн нафаридан бири чивинларни ўзига жалб этади.
Нега чивинлар маълум бир инсонларга кўпроқ ҳужум қилади?
Аввалига теримизга яқинлашаётган чивинлар нима исташини билиб олайлик. Чивинларнинг фақат урғочиси чақади. Чунки насл қолдириш ва тухумларини озиқлантириш учун уларга қон керак бўлади. Эркак чивинлар эса ўсимлик мевалари билан озиқланади.
Урғочи чивинлар жуда эътиборли бўлиб, улар бўлажак наслларига энг яхши қонни беришни исташади. Маълумки, ҳар бир инсоннинг ўзига яраша тана ифори мавжуд. Чивинлар ҳам ўзлари "идеал" деб ҳисоблайдиган ҳидни жуда яхши билишади. Улар бу ҳидни 30 метр узоқликдан ҳис этиши мумкин.
Тасаввур қилинг, инсон организмида 100 триллионга яқин микроб бор. Бизда ҳам, асосан, генетика билан белгиланадиган "микроб имзо" бор. Бу микроб-лар - бизнинг иммун тизимимизни асосий қисми ҳисобланади, шу сабаб, ёдда тутинг: тез-тез сув муолажаларидан фойдаланиш фақат фойдага хизмат қилмайди ва сизнинг ифорингизни чивинларнинг кучли нафасидан беркита олмайди.
Қон гуруҳлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Агар чивинга сизнинг ҳидингиз ёқиб қолган бўлса, у сизни тинч қўймайди. Ўтказилган тажрибалар шуни исботладики, чивинлар қони I гуруҳига мансуб кишиларни II гуруҳдагиларга нисбатан кўпроқ сўради. Умуман 85 фоизга яқин ҳолатда инсон қон гуруҳи билан чивинларни ўзига жалб этади.
Идеал ҳид қандай бўлади?
Инсон организмидан ажралиб чиқувчи тер ва углерод диоксиди муҳим роль ўйнайди. Бироқ танамизнинг ифори унданда муҳимроқ аҳамиятга эга.
Сут кислотаси чивинларнинг кўплаб тури учун эътиборни тортувчи муҳим хусусият саналади. Пишлоқ, соя, йогурт ёки тузланган сабзавотлар каби маълум муҳсулотлар эса тери юзасида катта миқдордаги сут кислоталарининг шаклланишига олиб келади. Бу эса ғувиллаб келувчи қон сўрувчиларни ёпишиб олишига сабаб бўлади.
Чивинларни бутунлай ўзимиздан нари этишнинг иложи йўқ. Қўлимиздан келиши мумкин бўлган ягона иш - бу бор-йўғи хавфсизлик чораларини кўриш: терининг катта қисмини кийим билан ёпиш, юқори намлик вақтида тонгда ва кечқурун кўчага чиқмаслик, шунингдек, чивинлар чақишига қарши ҳимояловчи крем, спрей ва ёғларни ишлатишдир.
Ҳаёти мазмунини эл-юрт хизмати учун елиб-югуриш, одамларга яхшилик қилиш, уларнинг оғирини енгил қилишда, деб биладиган инсонлар юртимизда жуда кўп. "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти Андижон вилояти ҳудудий филиали чилангари Ханифахон Тожибоева ҳам ана шундай инсонлардан биридир.
Ханифахон Тожибоева меҳнат фаолиятини Андижон трикотаж фабрикасида тикувчиликдан бошлади. 1995 йилдан "Андижоншаҳаргаз" корхонаси иш юритувчиси вазифасига қабул қилинди. 1999 йилда (ишдан ажралмаган ҳолда) Қўқон нефть-газ техникумини битирди. Шундан буён у мазкур корхонада турли вазифаларда меҳнат қилиб, ҳамкасблари Олимахон Султонова, Ойистахон Аҳмедова, Дилфузахон Рашидовалар билан бир сафда соҳанинг ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшаётир.
Меҳнатсеварлиги, ўз ишини пухта билиши, камтарлиги ҳамда одамохунлиги билан жамоада катта ҳурмат қозонган. Айни пайтда у истеъмолчиларнинг газ анжомлари ва тармоқларига хизмат кўрсатиш ҳамда метрология таъминоти бригадасида ҳовли уйлардаги газ анжомларини таъмирлаш ва фойдаланиш бўйича чилангар вазифасида ишлаб элга наф келтирмоқда.
Чилангарлик аёл киши учун ғайритабиий касб, қолаверса, унинг ўзига яраша машаққатлари бор. Бироқ ўз ишини етук мутахассиси бўлган Ханифахон опа қийинчиликларни енгиб, ўз вазифасини бекаму кўст бажариб келмоқда. Унинг характерида сабр-бардош, касбига бўлган меҳр, зиммасидаги вазифага масъулият билан ёндошишдек хислатлар уйғунлашган. Бу уч уйғунлик аёлга рўшнолик олиб келди. Уни элу-юрт, жамоа орасида ҳурмат-эътиборга сазовор қилди.
Кечагина устози Ширинхон опа Валиевадан соҳанинг нозик сир-асрорларини қунт билан ўрганиб, касбий тажрибасини орттиришдан чарчамаган Ханифахон опанинг ўзи бугун устоз мақомига эга бўлди. У Гўзалой Болтабоева, Ҳилолахон Халилова каби ёшларга устозлик қилиб, билим ва тажрибаларини ўргатиб келмоқда. Ханифахон опа нафақат моҳир чилангар, ўз соҳасининг етук мутахассиси балки, меҳрибон она, севимли буви ҳамдир. Инсон ҳалол меҳнатни, одамларга яхшилик, меҳр улашишни ўзига одат қилса, ҳеч қачон кам бўлмайди, эъзоз ва эҳтиромга муносиб бўлади. Буни Ханифахон Тожибоеванинг ҳаёти ва фаолияти мисолида яққол кўриш мумкин.
Дилафрўз ДАВРОНОВА,
"Ўзтрансгаз" АЖ вилоят ҳудудий филиали хотин-қизлар қўмитаси бошланғич
Ҳаракатлар стратегияси: мамлакатимиз тараққиётини юқори босқичга олиб чиқади
Ҳуқуқшунос минбари
"2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси"да бешта устувор йўналишда амалга ошириладиган ишлар белгиланган. Жумладан,
Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қи-лишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш;
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;
Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш;
Ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқ-ни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш;
Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекис-тоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.
Стратегияда, айниқса қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Айни кунда нотариал идоралар ходимлари ҳам Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишларни ҳаётга татбиқ этиш борасида зарур ишларни олиб бормоқда.
Турмушга чиққанимга 25 йил бўляпти. Эримнинг оиласидагилар ва айниқса, қайнсинглим билан муносабатларимиз жуда яхши эди.
Кўп ўтмай қайнсинглим ҳам турмушга чиқиб, ўзидан тинчиди. Бирин-кетин фарзандлар кўрдик. Қайнсинглим ҳам, мен ҳам бир ўғил, бир қизли бўлдик. Тақдир экан, фарзандларимизни уйлаб-жойламай турмуш ўртоғим вафот этди. Қайнсинглим ўртадаги ришталар узилиб кетмаслиги учун қизимни келин қилишга аҳд қилди. Кўнглим чопмаса-да, "турмуш ўртоғимнинг ҳурмати" рози бўлдим. Қизим кўнмади, ялинди, йиғлади, аммо уни барибир қайнсинг-лимнинг ўғлига турмушга бердим. Аввалига яхши яшашди, аниқроғи, қизим ҳомиладор бўлгунча.
Ҳомиладорлик даврида у жуда қийналди, уй юмушларини бажаролмай оиласидагиларга ёмон кўрина бошлади, соғлигида муаммолар пайдо бўлгач, қайнсинглимнинг "ҳунари" чиқди. "Онангиз даволатсин, сизга бизнинг ортиқча пулимиз йўқ", дея бир неча марта қизимни олиб келиб қўйишди. Муолажаларини қилиб уйига қайтариб юбораман. "Ўзи ҳам келин бўлган, қизимнинг ҳолатини тушуниб қолар", деб ўйлайман. Кунлардан бир куни навбатдаги келишида қизим ҳушини йўқотди. Эсим чиқиб кетди, хаёлимга ваҳимали ўйлар келди.
Бошқоронғи пайтида аёл киши ҳар хил ҳолатда бўлади. Қизим ҳам ёғнинг ҳидига кўнгли айниб ўчоқ-бошига боролмайдиган бўлиб қолганди. "Барибир овқат емайди" дея унга овқат қолдиришмас, холсизланиб уйида ётса, "уйқудан бош кўтармайди" деб ёмон кўришаркан. Ҳол-аҳвол сўраб киришни-ку қўяверинг. Унга "ҳамма оилада тушунмовчиликлар бўлади, оила сабр эвазига мустаҳкамланади", дея насиҳат қилдим. "Гап ташиб келма", дея койиб бердим. Шу-шу қизим менга ҳеч нарса демай қўйди.
Биринчи набирам туғилди-ю нобуд бўлди. Кейин кетидан иккинчиси. Қизим тез-тез уйга келиб оларди-ю кетгиси келмасди. Ранги зафарондай сариқ, ўзи ҳолсиз, ё уни уйимга олиб келиб тузукроқ даволатмабман. Шундай қилиб орадан вақтлар ўтиб, қизим яна юкли бўлди. Бу сафар уни уйимга олиб келиб, яхшилаб парваришладим. Ҳартугул қиз набирам соғлом туғилди. Аммо, пешонани қарангки, қизимнинг ўзи ногирон бўлиб қолди. Жигарида жиддий муаммолар пайдо бўлибди. "Фарзанди туғилгач, оиласи мустаҳкамланади", деб ўйлаган эдим, аммо қизимнинг энди оғир ишларга ярамаслигини эшитиб оиласидагиларнинг муносабати кескин ўзгарди. Қайнсинглимнинг "ҳунарлари", куёвимнинг ичиб келиб, қизимни урганлари фош бўлди. Унинг нега бундай ногирон бўлиб қолгани сабабини тушуниб етдим. Ҳеч кимга индаёлмадим, чунки айб ўзимда, қариндошга қиз берганман. Қайнсинглим билан уришмадик-талашмадик, худди бир пайтлардагидек.
Қизим "мен энди эримнинг хизматига ярамайман" дея ажрашишни ихтиёр этди. Юк-тақини олиб келдик, уйимда яшаяпти. Ҳукуматимизга раҳмат, унга ногиронлик нафақаси тайинланди. Набирам жуда ширин қизалоқ бўлган, аммо на отасида, на бувиси-қайнсинглимда унга меҳр уйғонмади.
Ўтган йили куёвим қайта уйланди, яқинда ўғиллик бўлди. Ҳаёт давом этавераркан. Аммо баъзан, қизимнинг бахтсиз, ногирон бўлиб қолишида, эримнинг битта-ю битта жигари-яқин қариндошимиз билан юз кўрмас бўлиб кетишимизда ўзимни айбдор сезаман. Ўша пайтда кўнгли бўшлик қилмаганимда, қизимни бегонага узатганимда шундай кунлар бўлмасмиди?!
Бошимиздан ўтганлари ҳаммага сабоқ бўлсин, деб буларни ёзаяпман. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида қанча гапирилмасин, бонг урилмасин, ўзбекчиликда "ўзимники, синашта" деб қариндошдан қиз олишлар оз бўлса-да ҳамон учрамоқда. Аммо қариндош билан қуда бўлиб, кейин ришталарни узгандан кўра, бегонага қиз бериб, қариндошлар сонини кўпайтирган яхши экан.
Ҳар бир инсон ўз фарзандининг бекаму кўст яшашини, элга дастурхон ёзиб, уларга тўйлар қилишни ният қилади. Фарзанд туғилиши билан бешик тўй ( ақиқа) қилиш, унинг бўйи чўзилиши ҳамоноқ мучал тўй учун тараддудланамиз. Бироқ ке-йинги пайтларда тўйлар билан боғлиқ анъаналаримиз "ўзгача қиёфа" касб этмоқда.
Айрим маҳаллаларимизда набира бир ёшга етиши билан туғилган кунини нишонлаш, нишонлаганда ҳам уни дабдабали маросимга айлантириш "урф"га кириб бормоқда. Халқимизда "Қиз чиқарганга қирқ йил тегма" деган нақл бор. Бу гап кеча ё бугун айтилгани йўқ. Яқинда юз берган бир воқеа ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди.
Бир дунё сеп сидирғаю мебеллар билан қиз чиқарган ота-она бир йил ўтиб, невара кўришганига қувониб, бешик тўйни ўтказишди. Куёвнинг яқинлари бош-оёқ сарпо билан сийланди. Ҳали ўзларига келмай туриб, невараси атак-чечак бўлиб бир ёшга тўлди. Қизлари "Ҳамма овсинларимнинг ота-онаси невараларининг туғилган кунига фалон-фалон нарсаларни олиб берди, уларнинг олдида шарманда қилманглар" дея дийдиё бошлади. Ноилож қолган ота-она, уйида яна вояга етмаган тўрт фарзанди бўлса-да, яна қарз кўтаришди. Уларнинг ейиш-ичиши, кийим-кечаги дегандек. Бу ёқда тўй қилиш учун олинган қарзнинг фоизи ошиб борарди. Шуларни ўйлайвериб, ҳаловатини йўқотган онанинг қон босими кўтарилиб, инсульт бўлиб қолди.
Ўз яқинларининг соғлигини йўқотиш эвазига орттириладиган обрў нима учун керак? Бундай обрў татирмикан? Ўша "ҳамманинг ёқасини ушлатиб қўядиган" сепу мебелларга эга бўлган, "овсинлари олдида тили қисилмаган" қиз учун бир умрлик виждон азоби эмасми бу? Ҳар ким имкониятига қараб, халқ ибораси билан айтганда, "Кўрпасига қараб оёқ узатса", бўлади-ку.
Онахонга нима дейишни билмадим. Агар ёши мендан кичик ёки тенгқур бўлганда, набирангизга дабдабали сеп қилиш ўрнига унга яхши тарбия берганингизда бундай бўлмасди, деган бўлардим.
Қиз бола вояга етгач, бир оиланинг бекаси бўлади. Шунинг учун ҳам унинг маънавияти юксак бўлиши, бўлажак оиласида қандай муомалага киришиш сабоғини пухта ўрганмоғи лозим. Бу борада биз аёллардан жонсараклик талаб этилади. Чунки зурриёдимиз ортидан келадиган яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам энг аввало, бизга тегади.
Юртбошимиз томонидан айтилган, сарлавҳада қайд этилган сўзлар замирида нафақат ҳар бир оиланинг, балки ҳар бир инсоннинг бахтли бўлиши, ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришишдек эзгу мақсад мужассамдир. Жорий йилнинг 2 февралида қабул қилиниган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони ана шу эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатларга дастуриламал бўлди.
Фармон асосида ташкил этилган марказимизнинг асосий вазифаси "Соғлом оила - соғ-лом жамият" концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, соҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва самарали татбиқ этишдан иборатдир.
Туманимиздаги 76 маҳаллада 59 мингдан ортиқ оила бўлиб, уларнинг таркибида 300 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Марказимиз томонидан оилаларни мустаҳкамлаш, никоҳнинг илк даврлариданоқ эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлигига, нотинч ва муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғ-ломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ва оилавий муносабатларни яхшилаш бўйича чоралар кўришга жиддий киришилди. Оилада моддий таъминотнинг барқарорлигини таъминлаш, оила аъзоларининг оила бюджетига ҳисса қўша олиши, уларни тўғри касб танлашга йўналтириш, тежамкорлик ва тадбиркорлик, изланувчанликни шакллантириш орқали меҳнатсевар қилиб тарбиялаш, оиладаги ички имкониятлардан тўғри фойдалана олиши масаласига катта эътибор қаратяпмиз. Замонавий оилани шакллантириш мақсадида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси, ФҲДЁ, ИИБ, прокуратура, солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа ташкилотлар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.
Туманимизда Республика ишчи гуруҳи билан биргаликда олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланган кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Жумладан, юздан зиёд оилага газ плиталари, газ баллонлари тарқатилди. 170 нафар ногирон шахсларга ногиронлик аравачалари топширилди. Мухтасар айтганда, ҳеч бир оила эътиборимиздан четда эмас.
Вилоят ҳокимининг фармо-йиши билан 15 майдан 15 июнга қадар вилоятимизда "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги"нинг ўтказилиши оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғлом ва баркамол фарзандлар тарбияси борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Ойлик давомида туманимиздаги оилаларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилди. Хотин-қизлар бандлиги, тураржой масаласи, тиббий маданияти бўйича таҳлиллар олиб борилди. 48 та оиладаги келишмовчиликларга барҳам берилиб, ажримларнинг олди олинди, 4 та шаръий никоҳда яшаб келаётган оила қонуний никоҳдан ўтказилди.
Ота-оналарнинг оила психологияси илмини ўзлаштиришига эришиш натижасида ёш авлодни мустақил ҳаётга тайёрлаш, бўлажак оила бошқарувчиси сифатида оиладаги ўзаро ахлоқий, иқтисодий, ҳуқуқий муносабатларни таркиб топтириш лозим. Кузатиш жараёнларида маълум бўлдики, айрим ёшлар оилавий ҳаётга тайёр эмас.
Оила психологиясининг яна бир муҳим вазифаси ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда уларга оилавий муносабатларнинг бутун тизими оилада соғ-лом психологик муҳит яратиб, уй тутиш, рўзғор тебратиш, қайнона-қайнотани ҳурмат қилиш, ёшларнинг маънавий дунёси, оилавий муносабатлар одоби, ўзбек оиласининг ўзига хослиги ҳақида тушунча ва тасаввурларини бойитишдан иборат.
Оила билан боғлиқ анъана ва қадриятларни ҳаётгга кенгроқ татбиқ этиш орқали оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда "Оила жамият ва давлат ҳимоясида" конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб бориш ҳам фаолиятимиз асосини ташкил этади.
Давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаб, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетимизга зид бўлган турли хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишни йўлга қўйдик.
Ота-оналарнинг оилада болаларни ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш лаёқатини ошириш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ўзбек оиласини дунёдаги бошқа оилалардан фарқлаб турадиган жиҳат ўзаро хурмат, меҳр-оқибат, ҳаё-ибонинг кучлилигидир. Аслида бу, оиладаги маънавий соғломлик негизи саналади. Зеро, оилада садоқат, ўзаро ҳурмат ва ишончнинг шаклланиши, қариндошлик ришталарининг эъзозланиши эр-хотиндаги ана шу фазилатга боғлиқ.
Мақсадимиз ҳар бир оилани, унинг ҳар бир аъзосини бахт-ли, ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришишдир. Зеро, инсон бахтли яшаса, оиласи ҳам тинч бўлади, юрт ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Журналист ўзига берилган имкониятни суиистеъмол қилмаслиги керак
Муножот Камолова 2003 йилда Ўзбекистон Жаҳон тиллар университетининг журна-листика факультетини тамомлаган. Радиожурналистиканинг сеҳрли олами, овоз ва оҳанг қудрати уни ўзига жалб этганди.
Шу боис ҳам фаолиятини айнан радиожурналистикада бошлашга аҳд қилди. «Ёшлар» радиоканали бош муҳаррири Қувондиқ Сиддиқов Муножотга касб сирлари, журналистнинг бурч ва масъулиятини, соҳанинг ўзига хос тошу тарозисини ўргатди. Бу ерда олинган ҳар бир сабоқ Муножотнинг касбий фаолиятига шижоат билан киришишида тамал тоши бўлди. Ёш журналист телевидение йўналишида ҳам малака ва маҳоратга эга бўлиш орзусида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига йўл олди. Ўзи экранларда кўриб ҳавас қилган, бирга ишлашни орзу қилган малакали журналист ва бошловчилардан тажриба ва амалиёт ўрганди.
- Журналист аёл жамиятда ҳам, оилада ҳам бирдек ўрин топа билиши керак, - дейди Муножот Камолова. - Самарали меҳнат қилиб жамиятга кўпроқ фойдам тегиши учун оилам тинч, улардан кўнглим хотиржам бўлиши лозим. Фарзандларим катта бўлгунча касбий фаолиятимда анча танаффус қилдим. Бироқ, таътилдаги йиллар ўрнини бемалол қоплай оламан, деб ўйлайман. Чунки, оилам мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб туради.
Муножот Андижон вилоят телерадиокомпаниясида 2012 йилда сухандон сифатида иш бошлади. Ишчанлиги, интилувчанлиги, ишига бўлган масъулияти туфайли касбдошлари ва раҳбарият эътиборига тушди. Аввалига муҳаррир, сўнгра катта муҳаррир лавозимига тайинланди. Ўтган йиллар давомида самарали ижодий фаолияти учун у вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг фахрий ёрлиқ, ташаккурномаларига сазовор бўлди. Айни кунда у вилоят телерадиокомпаниясининг катта муҳаррири, "Андижон ахбороти" дастури бошловчиси, "Халқ билан юзма-юз" кўрсатувининг муаллифидир.
- Журналист - ижод кишиси. Унга озгина эркинлик, рағбат бўлиши керак, - дейди М. Камолова. - Шундагина у ўз имкониятларини тўлақонли юзага чиқара олади, ижоди янада юксалади. Шу маънода бугун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, журналистларга кўрсатилаётган рағбат ва эътибор бизни янада фаол ишлашга, янги-янги лойиҳалар сари илҳомлантиради. Бугунги кун тележурналисти янгиликка интилувчан, билимли, сиёсий етук, томошабинни қизиқтира оладиган, уларга маънавий озуқа берадиган, холис ахборот билан таъминловчи дастурлар устида иш олиб бориши керак. Шундагина у мухлислари орасида ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топа олади.
Дарҳақиқат, Муножот Камолова ҳам айни кунда касбий фаолиятида юксак марраларни забт этиш учун изланиб, интилиб меҳнат қилмоқда. У меҳнатлари эътироф этилишини истайди, журналистика соҳасида "Олтин қалам" миллий мукофотини, унвонларни қўлга киритишни орзу қилади. Энг муҳими, юксалиб бораётган юртимиз тележурналистикаси ривожига оз бўлса-да ҳисса қўшаётгани, ҳамкасблари, жамоатчилик орасида ўзининг муносиб ўрни борлигидан фахрланади.
- Журналист ўзига берилган имкониятни суиистеъмол қилмаслиги, воқеликни холис ёритиши, тарозининг иккала палласини баравар ушлаши керак керак, - дейди у. - Биз журналистлардан ҳамиша сабрли бўлиш, одамларнинг дарду муаммоларини тушуниш, хушмуомала ва одоб-ахлоқли бўлиш талаб этилади. Мана шу хусусиятларни эгаллаган журналистгина одамлар эътирофига сазовор бўлади, жамиятда ҳурмат-эътибор топа олади. Байрам арафасида мен барча касбдошларимга ана шундай эътироф, ҳурмат-эътибор топишларини тилайман.
- Соҳамиздаги ёш мутахассислар орасида кекса авлод вакилларидай фидоийлари жуда кам, - дейди Мушарраф Охунова. - Аммо, бугун ишлашнинг завқи бошқача. Бугун журналистларнинг шижоат билан, "ёниб" ишлайдиган даври келди. Журналистика шундай соҳаки, ижокорни ўзига ипсиз боғлаб олади. Ундан воз кечиш жуда мушкул. Журналистика фидойи-ликни талаб қилади. Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам кунида машаққатли, масъулиятли, шу билан бирга, шарафли бўлган ана шу касб эгаларига омад, ирода ва сабот, улкан парвозлар тилайман.
Бугун Мушарраф опа пиру бадавлат онахон, заҳматкаш ижодкор сифатида биз қалам аҳли билан бир сафда. Унинг ёзганлари яна узоқ йиллар матбуотимиз саҳифаларини бойитишига, ҳаётий ва ижодий тажрибаси эса ёш журналистларга асқотишига ишонамиз.