Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Шу кунларда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" томонидан "Аёл алласида миллий тарбия" танловининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилмоқда.
Алла орқали ёшларни миллий қадрият, урф-одатларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қалбларида эзгу ғоялар ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган танловнинг Марҳамат туман босқичида 4 нафар аёл иштирок этиб, аллани ўзига хос оҳангларда ижро этдилар. Алланинг тарихи, ижро усуллари, мазмун-моҳияти ҳақида йиғилганларга кенг маълумот бердилар.
Танловга йиғилганлар момою бувиларимиздан мерос бўлиб келаётган, миллий оҳангларга йўғрилган аллалардан баҳраманд бўлди. Айниқса, "Шаҳристон" маҳалла фуқаролар йиғини вакиласи Азизахон Пирматова ижросидаги алла барчада катта таассурот қолдирди.
Якуний натижаларга кўра, Азизахон Пирматова ғолиб, деб топилди. "Бобохуросон" маҳалласи вакиласи Зиёдахон Ҳожибоева 2-ўринга, "Дурафшон" ҳамда "Ҳасанмерган" маҳаллалари вакилалари Марҳабо Ҳалилова ва Ёрқиной Долиевалар 3-ўринга сазовор бўлдилар.
Fолиб ва совриндорлар "Миллий тикланиш" демократик партияси туман кенгашининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Fолиблар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди
Андижон давлат университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси ташкил этилганлигининг 15 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида "Энг намунали туман (шаҳар) партия ташкилоти", "Энг намунали бошланғич партия ташкилоти", "Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги энг фаол депутат" танловларининг вилоят босқичлари ўтказилди.
- Айни кунда партиямизнинг 16 та туман, шаҳар кенгашлари таркибидаги 647 та бошланғич ташкилоти сафига 32 минг нафарга яқин аъзо бирлашган, уларнинг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил этади, - дейди O'zLiDeP вилоят кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари Хуршидахон Ҳалилова. - Партия дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, жамиятдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда бошланғич ташкилотлар, фаоллар ҳамда партия депутатлик гуруҳларининг ўрни ва роли катта. Шу маънода ўтказилган танловлар уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга, илғор иш услубларини оммалаштиришга ёрдам берди.
Танловларнинг якуний натижаларига кўра, O'zLiDeP Андижон туман ташкилоти "Энг намунали партия туман (шаҳар) ташкилоти" танлови, Асака туманидаги "GM Uzbekistan" қўшма корхонаси қошидаги таянч партия ташкилоти "Энг намунали бошланғич партия ташкилоти" танлови, Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Екатерина Смесова "Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги энг фаол депутат" танлови ғолиби деб топилиб, танловларнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Fолиб ва совриндорлар партия вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Асака туманидаги "Обод" маҳалласида 1950 та оила бўлиб, ушбу оилаларда 5 минг 800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Фаоллар, уй бекаларидан иборат маҳалланинг бир гуруҳ вакиллари пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ўтказиш ҳақидаги вилоят ҳокими мурожаатига "лаббай", деб жавоб бериб, пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда фаол иштирок этдилар.
Маҳалламиз вакиллари қарийб бир ой давомида Бўз тумани далаларида пахта теримида иштирок этиб, туман "оқ олтин" хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшдилар. Минавархон Ҳасанова, Сорахон Боқиева, Гулбаҳор Умарова, Муаззам Умарова, Дилфуза Отажонова сингари теримчилар энг кўп пахта териб, барчага намуна бўлдилар.
Теримда иштирок этган опа-сингилларимиз терган пахтаси учун яхшигина даромадга эга бўлдилар, бир гуруҳ илғорлар эса туман ҳокимининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Куз келиб, ҳаво совиши билан юз, қўл ва оёқ териси алоҳида парваришга муҳтож бўлади. Бу фаслда озиқлантирувчи ниқоблардан кўпроқ фойдаланиш керак. Юзингизни ҳозирдан яхшилаб озиқлантириб олсангиз, қишнинг аёзли кунларида ҳам ортиқча ташвишланишингизга ҳожат қолмайди.
Уй шароитида юзни парваришлаш борасидаги қуйидаги тавсияларга амал қилсангиз, юзингиз тиниқ, янада гўзал бўласиз.
Ўзингиз тайёрлаган ниқоблар кўпроқ фойда беради
Уй шароитида тайёрланган ниқобларнинг самараси бошқа косметик воситаларникидан анча фойдалироқ эканини ҳатто мутахассислар ҳам алоҳида эътироф этишади.
Энг аввалло юз териси қандайлигини аниқлаб оламиз.
Буни кўпчилик хотин-қизлар яхши билишади. Ҳар сафар совунли ёки кўпикли сувда юзни тозалаганингиздан сўнг, терида дарҳол тиришишни ҳис этсангиз, демак, юзингиз жуда қуруқ. Ёғли юз териси эса кечгача бир неча марта қайта-қайта упа суришни талаб этади. Акс ҳолда дарҳол йилтиллаб кетади.
Агар куз ҳавосида юзингизнинг ранги хиралашганини кузатсангиз, кечқурун, ётишдан аввал бирор тозаловчи восита ёрдамида ювиб олгач, оддий сут билан юзингизни артинг. Сўнг илиқ сувда ювиб ташланг. Бу муоалажани бир ҳафта давомида бажарсангиз ижобий натижа беради. Ушбу усулдан мунтазам фойдаланганингиз маъқул. Юзингиз ёғли бўлса, сутга бир томчи лимон кислотаси, қуруқ бўлса, уч-тўрт томчи бодом ёки зайтун ёғи қўшиб юборишни унутманг.
Табиий ниқоблардан
фойдаланинг!
Юқорида таъкидланганидек, уй шароитида тайёрланган ниқоблар безарар ва самарадорлиги билан сунъий косметик ниқоблардан фарқ қилади. Айниқса, мевали ва сабзавотли ниқоблар юздаги толиқиш ва чарчоқни тарқатишда, юз терисининг майин ва тиниқ бўлишига ёрдам беради.
Кузда мева ва сабзавотлар пишиб етилади. Демак-ки, улар таркибидаги витаминлар ва озиқлантирувчи моддалар кўп бўлади. Мевали ва сабзавотли ниқобларга сут маҳсулотлари, тухум ҳамда ўсимлик ёғидан қўшиб ишлатиш мумкин.
Ниқоб тайёрлашнинг энг оддий усули - мева ёки сабзавотлардан бирортасини олиб, майдалаб, туйиб дарҳол юзга қўйишдир. Агар туйилган мева шарбати жуда қуюқ бўлса, унга озгина сут қўшиб юбориш, аксинча, шарбат суюқлик қилса, ун аралаштириб юзга суриш керак.
Шунингдек, апельсин, бодринг ёки лимоннинг бир бўлагини кесиб бутунлигича юзга суртиш ҳам яхши самара беради.
Сабзи шарбати эса юзни фойдали витаминлар билан таъминлайди.
Мхсус кузги ниқоблар
Кузги мавсумда юз териси қуруқлашади. Шунинг учун ниқоблар тайёрлашда зайтун ёғи ёки глицериндан фойдаланишни унутманг.
Совуқ таъсирида юз терисида майда қора доғлар пайдо бўла бошласа, ҳафтада бир марта шамли (парафинли) ниқоб қўйинг. Бу ниқоб юз терисидаги қон айланишини яхшилаб, чуқур ўрнашган нуқсонни аста-секин йўқотади. Бу муолажа вақти 15-20 дақиқадан ортмаслиги керак.
Агар юздаги қон томирлари кенгайган бўлса, у ҳолда шамли ниқоб тавсия этилмайди. Бу ниқобни ишлатишдан аввал косметолог билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ.
Аксарият одамлар асабий тарзда яшаётган бугунги кунда "пушаймонман", "янглишдим", "мени кечира оласизми?" каби узр сўрашни ифода қилувчи сўзларни айтиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.
Агар шу сўзни айтиш зарур бўлиб қолган тақдирда ҳам, кимдир тортиниб, кимдир уялиб айтолмас, балки. Бироқ, орамизда шундай инсонлар борки, улар кибр туфайли бу сўзни айтмайди. Кимдандир узр сўраш такаббур кимса учун гўё камситилишдек туюлади. Ваҳоланки, адашганини англаб, ҳақсизлик қилган кишисидан кечирим сўраган одамнинг даражаси тушмайди, аксинча, кўтарилади. Зеро, айбини тан олиш, ранжитган одами қошида эгилиш - марднинг иши. Узр сўрашдан асло уялмаслик керак.
"Мени кечиринг". Бу жумла тўғри ва лозим бўлган ўрнида қўлланганида, маъно юки катта, баҳоси улуғ. Бироқ қайта-қайта қилинган хато ортидан сўрайвериладиган узрнинг қиймати бўлмайди. Узр сўрашнинг катта-кичиги йўқ. Кечириш фақат катталардангина сўралмайди. Агар боламизга ҳақсизлик қилсак, уялмай узр сўрайлик, фарзандларимиз кечиришни, кечирим сўрашни ўргансин. Бу борада биз уларга ибрат бўлайлик.
ЁШЛАРИМИЗ ИНТЕРНЕТ ТАРМОFИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРДАН ЎРИНЛИ ВА ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНЯПТИМИ?
Бугуннинг гапи
Айни пайтда кўплаб ёшларимиз бўш вақтларини интернетда, хусусан, турли ижтимоий тармоқларда ўтказишаётгани сир эмас. Интернетдан кимдир дарсларда фойдаланиш учун зарур маълумотлар олмоқда, яна кимдир янгиликлардан хабардор бўлмоқда. Кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали янги-янги дўстлар орттирмоқда, узоқдаги ўз яқинлари билан мулоқотда бўлмоқда.
Бунинг нимаси ёмон, техника даври, тараққиёт дерсиз? Тўғри, бунинг ёмон томони йўқ. Тан олишимиз керак, замонавий ахборот коммуникация технологиялари, айниқса, интернет узоғимизни яқин, ишимизни енгил қилмоқда. Агар зарур бўлса, интернет ёрдамида бир неча дақиқа ичида ўзимиз хоҳлаган мавзу бўйича истаганимизча маълумотлар олишимиз мумкин. Лекин...
Лекин ёшларимизнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан, улардаги маълумотлардан оқилона фойдаланишлари борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина.
Талабалар, умуман, ёшларни кузатиб бораман. Уларнинг аксарияти бўш қолди дегунча, дарров қўл телефони билан машғул бўлади. Қандайдир ўйин ўйнайди, қўшиқ эшитади, фильм томоша қилади. Минг афсуски, бундай кўриниш кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Уларнинг мобиль телефон, интернетга бу қадар боғланиб қолишларини эса асло оқлаб бўлмайди. Бу энг аввало, ёшларимизнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатади, пухта билим олишдан чалғитади.
Бугун интернет тармоғида "Одноклассники.ру", "Фейсбук" сингари қатор глобаллашган ва оммалашган сайтлар борки, улар ёшларимизни ўзига "михлаб" олаётгани барчага яхши маълум. Турли тоифадаги ғараз ниятли кимсалар сайтлардан ўзларининг жирканч мақсадлари йўлида фойдаланаётгани ҳам бор гап. Бунинг аянчли ва хатарли томони шундаки, диний экстремистик ҳаракатлар, турли тоифадаги ақидапараст оқимлар, одам савдоси билан шуғулланувчи кимсалар ўзларининг жирканч ғоя ва мақсадларини шу йўл орқали оммага тарқатишга, ёшларни ўз гирдобига тортишга уринмоқда. Бу ёшларимиз тарбияси, онги, тафаккури ва мафкурасини издан чиқарадиган энг катта хавф эканлигини асло унутмаслигимиз керак.
Айрим ёшларимиз алдов ва ғаразли мақсадлар йўлида интернет тармоқларида тарқатилаётган турли маълумотлар, таклифларга осонгина ишониб қолмоқда. Улар томонидан тақдим этилаётган турли сўровнома ва анкеталарни тўлдираётган ёшларимиз ўша кимсаларнинг кимлигини билмай, сўраб-суриштимасдан таклифларига рози бўлишаётганлиги янада ташвишлидир.
"Ижтимоий тармоқлардан биридаги эълон диққатимни тортди. Телеграмм орқали эълон берувчилар билан мулоқот қилдим. Менга чет элда ҳам ўқиб, ҳам ишлашни таклиф қилишди. "Хорижда ўқиб, ишласанг кўп пул топасан, ота-онангга ҳам пул жўнатиб туришинг мумкин", дейишди. Аввалига ишонмадим. Кейин улар мени интернет орқали танишиб, ўзларининг ёрдами билан чет элда ишлаётган, ўқиётган бир қанча ёшлар билан таништиришди. Уларга ҳавасим келди. Мен ҳам чет элда ишлашни, ўқишни, кўп пул топишни, ота-онамга ёрдам беришни жуда истадим. Ўқишдан академик таътил олиб, ўша ерга боришга аҳд қилдим.
Менга ишлашим мумкин бўлган ишлар, корхоналар рўйхатини, тўлдиришим учун анкета юборишди. Яхшики, ўша давлатда, айтилган шаҳарда ишлайдиган қариндошим бор эди. Ундан телефон орқали менга ишлашни таклиф қилаётган корхона ҳақида билиб беришни сўрадим. Икки кун ўтиб қариндошим қўнғироқ қилди. Айтилган манзил ҳам, номи зикр этилган корхона ҳам умуман йўқ эканлигини айтиб, хушёр бўлишга, интернетдаги ҳамма маълумотларга ҳам ишониб бўлмаслигини уқтирди..
Хорижга кетиш ниятидан қайтдим".
Бу талабаларимиздан бирининг иқрори эди.
Минг афсуски, бугун орамизда юқоридаги каби алдовларга ишонаётган ёшларимиз йўқ эмас.
Тўғри, айни кунда интернет имкониятларидан унумли фойдаланиб, юксак ютуқ ва марраларни забт этаётган ёшлар жуда кўп. Бироқ барча ёшларни ҳам интернет маълумотларидан ўринли ва оқилона фойдаланаяпти, дея олмаймиз. Ёшлар табиатан қизиққон бўлади. Ҳамма нарсани, айниқса, ноанъанавий жараёнларни билишга, кўришга ҳаракат қилади. Шу боис, интернет тармоқларидаги шафқатсизлик, зўравонлик, порнография, "оммавий маданият" кўринишларини тарғиб этувчи маълумотлар, видеолавҳалар уларни осонликча ўзига жалб этмоқда. Бу ўз навбатида ёшларимизнинг миллий анъана, ўзбекона тарбия, одоб-ахлоқ меъёрларидан узоқлашишларига йўл очиб бермоқда.
Ахборот хуружлари кучайиб бораётган бугунги кунда огоҳ ва ҳушёрликни унутмаслик муҳимдир. Эътиборсизликка йўл қўйсак ёки ўз вақтида ушбу иллатнинг олдини олиш чораларни кўрмасак, ёшларимиз тарбиясининг издан чиқишига, тузатиб бўлмайдиган оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак? Бу борада бизга мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг "Fояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак" деган сўзлари дастуриламал бўлиши лозим.
Интернет тармоқларида тарқатилаётган диний ақидапарастлик, терроризм ғояларини ёйиш, "оммавий маданият" кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга, ёшларимизнинг ана шу иллатлар таъсирига тушиб қолмасликлари, юқоридаги каби алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун энг аввало, уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли ва оқилона фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришимиз зарур.
Ёшларимизда ёт ғояларга, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас, қачонки, уларнинг ўзларида "бу яхши, у ёмон" деган фикр пайдо бўлмас экан, ахборот хуружлари хавфидан, интернет орқали ҳаётимизга, мафкурамизга кириб келаётган иллатлардан асло қутила олмаймиз.
Бу борада ижобий натижага эришиш учун нафақат педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши, хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса, маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг фарзанд тарбиясига, фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган эътибори ва масъулиятини ошириш лозим. Ёшларимиз эътиборсиз, назоратсиз қолмасин.
Интернет - ахборот уммони. Бугун уни чеклаб ёки тўхтатиб қўйиш мумкин эмас. Ушбу уммон имкониятларидан эзгулик йўлида фойдалана билиш ҳар кимнинг билими, тафаккури, интеллектул салоҳиятига боғлиқ. Шу боис, айни пайтда ёшларимиз интернетдан билимини юксалтириш, ўзига керакли жиҳатларини танлаб ола билиш даражасида салоҳият эгалари бўлишлари керак.
Мадаминжон МАҲКАМОВ,
Андижон давлат университети физика-математика факультети декани.
Шаҳардаги узоқроқ қариндошларникига тўйга боргандим. Тўйхонадан сўнг келин-куёв билан биргаликда уйга келдик. Бу ерда тўйдан кейинги маросим, яъни "юз очди" маросими ўтказилса керак, деб ўйладим.
Бир талай хотин-халаж келинчакнинг сепини кўргани кирдик. 2 та хона экан. Битта катта зал ва кичикроқ ётоқхона. Иккала хона ҳам завонавий безатилган, қимматбаҳо пардалар осилган, аммо, келинчакнинг уйида чимилдиқ йўқ. Ўзимча уй тўрисига тутиладиган, келинчакнинг бахт қўрғонини қидиряпман. Ёнимдаги қиздан "Чимилдиқ кўринмаяптими, куёв келинчакни чимилдиққа обкириб қўймайдими?" дея сўрадим.
"Ана-ку опа!" - деди қиз ва пардага ўхшаш матоҳга ишора қилди. Белда айлантириладиган спорт халқасида юпқа матоҳдан Фатага ўхшаш ёпқич. "Импортнийда бу, ҳозир фақат шунақасидан тутишяпти", деди қиз изоҳ бериб.
Момо-ю бувиларимиз азалдан сарполар аввалида ният қилиб аввал чимилдиқ тайёрлашган. Чимилдиқни кашталар билан безатиб унга яхши ният билан ўғил ва қиз боланинг дўпписи ёки бирор кийимчасини, туморларни осиб қўйишган. Чимилдиқнинг икки тори - ипларига қўш қошиқлар тугишган; бунинг маъниси келажакда шу икки ёшнинг, оиланинг ризқ-насибали бўлишларини тилаш белгисидир. Тумор кўздан асраса, ўғил ва қиз боланинг кийими фарзанд тилаб турган. Чиллали уйда тиланган барча орзу ниятлар албатта, ижобат бўлади. Қирқ кунда уй тўридан чимилдиқ йиғиб олинишининг маъниси эса янги келин-куёвни ёт назардан асраш билан бирга, бад ниятли иримчилар хатлаб ўтолмайдиган чегара вазифасини бажарган.
Бугун яхши-ёмонни, дўст-душманни ажратолмайдиган бўлиб қолганимизга ўзимиз ҳам ечим тополмаётгандекмиз. Шоҳи сўзаналардан тутиладиган чимилдиқларда ҳаё ила куёвни кутадиган келинчак қизларимиз бугун "орзу ҳаваслар" қурбонига айланган.
Ҳозирги замонавий тўйларимизда "юз очди" маросимлари ҳам тўйхонада ўтказиляпти. Бу бир томондан яхши, ортиқча оворагарчилик, қудаларни меҳмон қилиш ташвишидан қутулади киши. Аммо, "юз очди" дан мақсад фақат қудаларни меҳмон қилиш эмасди-да. Келинчакни чимилдиқдан олиб чиқиб, «юз очди» маросими бошланар, келиннинг қўлига ун, гурунч, ёғ солинар, юзидаги рўмоли олиниб куёвнинг оиласига таништириларди. Қайнона-қайнота икки ёшга дуойи фотиҳа берар, келинчак ёш болаларга рўмолча тарқатарди. Бу маросим, урф-одатларнинг ўзига хос маъноси бор эди. Аммо, тўйхонада ўтказиладиган "юз очди"ларда европача либосдаги келинчакнинг қўлига ҳеч ким ун-ёғ солмайди, этагига бола тутмайди, юзидаги рўмоли олинмайди.
Айрим янгиликка ўч, замонавийликка интилган ёшлар, ёш қайноналар негадир кейинги пайтларда ота-боболаримиз, бувиларимизнинг тўй маросимларидаги азалий урф-одатларига шунчаки кўр-кўроналик билан ёндашаётгандек туюлади. Аслида эса бу урф-одатлар тагзамирида миллий қадриятларимиз, ўзлигимиз мужассам.
Аслида тўй куни келиннинг поёндоз босиб остонадан кириши, таъзим қилиши, қайнона ва қайнота қўлидан кўрмана олиши чиройли ва ҳеч қачон эскирмас урф-одатларимиз эмасми? Айниқса, чимилдиқ - ҳаё остонасига тутилган бахт қўрғони. Бу қўрғонга меҳмон бўлишни ҳар бир балоғат остонасидаги қиз орзу қилади.
Бизнинг ҳар қандай миллат кўрса ҳавас қиладиган ўзига хос удумларимиз, урф-одат, анъана ва қадриятларимиз бор. Шундай экан, замонавийлик дея аталаётган "оммавий маданият" кўринишлари ўзлигимизга соя солмасин!
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси дастурида мавжуд маданий мерос объетлари тарихини ўрганиш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга бус-бутунлигича етказиш партия фаолиятининг асосий йўналишлардан бири деб белгиланган.
Ҳозирда партия марказий Кенгаши ташаббуси билан ҳудудлардаги мавжуд археология, архитектура, санъат ёдгорликлари ҳамда диққатга сазовор жойларни хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган. Жумладан, партиянинг вилоят Кенгаши, вилоят маданият бошқармаси ҳамда вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда вилоятимиздаги қатор объектларни ўрганиб, хатловдан ўтказмоқда.
Айни кунда Жалақудуқ туманида 18 та маданий мерос объектлари мавжуд. Жумладан, Ойим шаҳарчаси, Далварзин маҳалласи ҳудудида Далварзин археологик ёдгорлиги жойлашган бўлиб, майдони 25 гектарни ташкил этади. Ушбу ёдгорлик эрамиздан аввалги 2 мингинчи йилларнинг охирида вужудга келган бўлиб, 3 қисмдан иборат бўлган. 18 гектарли биринчи қисми аҳоли яшаш манзиллари, 5 гектар майдони чорва ҳайвонлари сақланадиган жой, 2 гектар майдони мудофаа деворларидан иборат бўлган. Деворининг эни 4-6 метр, баландлиги 2,5-3 метр бўлган, деб тахмин қилинади. Далварзинтепада аҳоли қадимда асосан кулолчилик, тўқимачилик, заргарлик ва деҳқончилик билан шуғулланишган.
Далварзин тепалиги россиялик олим Ю.А.Заднепровский бошчилигида археологлар томонидан 1956-1974 йиллар давомида ўрганилиб, қазиш ишлари амалга оширилган. Ўрганиш давомида 500 тонна дон махсулотлари сиғадиган омбор, катта қозон ва турли кулолчилик, заргарлик буюмлари топилган. Ўтказилган илмий-тадқиқот ишлари, қазишмалар натижасида топилган ибтидоий жамоа давридан то уйғониш давригача бўлган даврга оид юзлаб уй-рўзғор буюмлари ҳамда меҳнат қуролларининг бир қисми ҳозирда Санкт-Петербургдаги "Эрмитаж" музейида, яна бир қисми эса маҳалла ўрамидаги 32-умумтаълим мактаби музейида сақланмоқда.
Археолог олимлар Далварзинтепадан ҳатто, бундан 4-5 минг йил илгари яшаган инсоният тарихини ўрганиш учун қимматли бўлган материаллар топишган. Археологларнинг хулосаларига кўра, Далварзин каби ёдгорликлар Марказий Осиёда камдан-кам учрайди. Ўзининг катталиги, мустаҳкамлиги билан бошқа ёдгорликлардан ажралиб турган ҳамда бронза асрида Фарғона водийсининг асосий маркази ҳисобланган.
Илмий манбаларда Далварзинтепа ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса-да, бу ерда қадимдан одамлар яшаган. "Далварзин" атамаси қўрғон маъносини англатади.
Келгусида мазкур археологик ёдгорликни ўрганиш, қазиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Малоҳат САЛИБОЕВА,
"Миллий тикланиш" демократик партияси Жалақудуқ туман Кенгаши етакчи мутахассиси.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси, шахсан вилоят ҳокимининг кўмаги билан Андижон шаҳри "Мустақиллик" маҳалласи ҳудудида тикувчилик цехи ташкил этилганлиги ушбу маҳаллада яшаётган кўплаб ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш имконини берди.
Маълумки, "Мустақиллик" маҳалласи аҳоли ўта зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Ҳудуддаги аксарият хонадонлар ўта тор, умумий ҳовлилардан иборатлиги туфайли оғир шароитда яшаётган оилалар ҳам талайгина. "Андижон пахта терминали" масъулияти чекланган жамияти молиявий кўмаги билан мазкур маҳаллада барпо этилган тикувчилик мажмуасига Хитой давлатидан қарийб 1 миллиард сўмлик 200 га яқин турли операцияларни бажарадиган замонавий тикув дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди.
Айни кунда корхонада 50 нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Улар орасида моддий кўмакка, уй-жойга муҳтож, боқувчисини йўқотган, жазони ўташ муассасасидан қайтган, қийин турмуш шароитида яшаётган опа-сингилларимиз бор.
- Ушбу корхонани ташкил этиш билан ана шу тоифадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш кўзда тутилган, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Иш тополмай қийналиб юрган аёлларимиз энди бу ерда меҳнат қилиб, оилаларига даромад киритиш, ўз ҳаётларини яхшилаб олиш имконига эга бўладилар.
Бу ерда вилоятимиздаги қатор ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, шифохоналар, мактабгача таълим муассасалари буюртмаси бўйича махсус иш кийимлари, катталар ва болалар учун чойшаблар тўплами, пахта териш учун этаклар, турли ўлчамдаги қоплар тикилмоқда. Ишчилар учун қулай иш шароитлари яратилган, бепул тушлик тайёрлаб берилмоқда. Мажмуа тўла қувват билан иш бошлагач, бу ерда 200 нафардан зиёд опа-сингилларимиз доимий иш ўрнига эга бўлади.
- Ушбу корхонанинг ишга туширилиши мен каби аёлларга жуда қўл келди, - дейди Жамилахон Ирисова. - Ушбу маҳаллада 26 йилдан буён яшайман, 6 нафар фарзандим бор, уларнинг 4 тасини уйлаб-жойладим. Узоқ йиллар оғир шароитда яшадик. Жуда кўп муаммо ва қийинчиликларни бошимдан ўтказдим. Йўқчилик туфайли ёмон йўлларга кириб, ҳатто камалиб чиқдим. Худога шукр, бугун ҳаммаси изга тушмоқда.
Фаридахон Сиддиқова ҳам 6 нафар фарзанднинг онаси. У ҳам кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган. Мана бугун маҳалла фуқаролар йиғини раиси таклифи билан шу корхонада иш бошлади.
- Қисқа муддатда тикишни ўргандим. Ишлаб, оз бўлса-да, оиламга кўмак бермоқчиман, - дейди Фаридахон Сиддиқова. - Кунига 5-6 комплект махсус иш кийимлари тикяпман. Ишимга қараб маош оляпман. Бу ерда иш бошлаб ҳаётимга янгича мазмун кирди.
Моҳирўза Абдуллаева ҳам икки фарзанднинг онаси. Бу ерга ишга кирганидан беҳад хурсанд:
- Маҳалламизда шундай тикувчилик мажмуаси барпо этилишига бош-қош бўлган вилоят ҳокими, хотин-қизлар қўмитаси, умуман, ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман. - Оддий одамлар ҳаётини яхшилашга қаратилган оқилона сиёсат олиб бораётган юртбошимизга раҳмат. Бизни қўллаётган инсонларни Яратганнинг ўзи қўлласин.
Ушбу корхонада ким билан суҳбатлашмайлик, дил тубидаги сўзларини айтиб, хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдиришди.
Корхонанинг иш бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, айни кунга қадар қарийб 1 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Келажакда бу ерда спорт кийимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.