Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Андижон шаҳрининг Марказий деҳқон бозорида "Асал байрами" ва асал маҳсулотлари миллий кўргазма-ярмаркаси ўтказилмоқда.
Вилоятимизда дардга даво ҳисобланган асал етиштириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда вилоятда 1474 нафар асал етиштириш билан шуғулланувчи фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ўтган йили 1900 тонна асал етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 2160 тоннани ташкил этди.
Асаларичилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳамда "Алоқабанк" АТБ вилоят филиали ҳамкорлигида Андижон шаҳрида ўтказилаётган кўргазма-ярмаркада 50 нафарга яқин асал етиштирувчи иштирок этиб, аҳолига 15 дан ортиқ турдаги сифатли ва шифобахш асалларни тақдим этмоқда.
Ноябрь ойининг охирига қадар давом этадиган кўргазма-ярмарка доирасида асосий ва қатор номинациялар бўйича энг яхши асаларичилар аниқланиб, уларга "Асал байрами"нинг республика босқичида қатнашиш учун йўлланма берилади.
Ўтказилаётган ярмарка аҳолини сифатли, нисбатан арзон асал маҳсулоти билан таъминлаш, асал етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш, соҳа имкониятларини намойиш этиш ҳамда асаларичилар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Ушбу соҳа қанчалик ривожланса, одамларнинг турмуш фаровонлиги, қолаверса, юртимиз тараққиёти янада юксалади.
Қишлоқ хўжалиги ривожида эса экин майдонларидан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни оширишда маҳаллий шароитларга мос, серҳосил уруғ навларини танлаш, экинларни экиш, парваришлашда агротехник қоидаларга амал қилиш, илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Мен муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан юртимизда ёшларга берилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги, хусусан, уруғчилик селекцияси соҳасида изланиш ва тадқиқотлар олиб бораман. Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова раҳбарлигида Асака туманидаги "Asaka oil pland seeds" илмий йўналишдаги уруғчилик фермер хўжалиги мутахассислари билан ҳамкорликда соя ўсимлигининг серҳосил навларини яратиш борасида олиб бораётган тадқиқотларимиз ижобий самаралар бермоқда.
Соя - оқсилга бой озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчи, чорва ва паррандалар учун тўйимли озуқа, шунингдек, тупроқ унумдорлигини оширувчи ўсимлик ҳисобланади. Соянинг аксарият навлари таркибида 38-45 фоиз оқсил, 17-21 фоиз мой ҳамда линол кислотаси бўлади. Мойидаги линол кислотаси мойга ўзига хос ҳид беради.
Иқтисодий самарадорлиги юқори бўлганлиги боис, мамлакатимизда кейинги йилларда ушбу экин турини экишга бўлган эътибор ортди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги "2017-2021 йилларда республикада соя экини экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга замин яратди.
Ҳозирда дунёнинг бир қатор илғор давлатларида соядан гектарига 76-78 центнер ҳосил олинади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич асосий экин сифатида экилган эртапишар навлардан 20-22 центнерни, ўртапишар навлардан 25-28 центнерни, кечпишар навлардан 32-35 центнерни ташкил этади.
Ўзбекистон шароитида соядан юқори ҳосил олиш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим. Аввало нав ва экин майдонини тўғри танлай билиш зарур. Навларнинг вегетация даври ҳар хил, яъни 70-140 кунни ташкил этади, соя ҳам бошқа экинлар сингари унумдор ерларни талаб қилади. Шунингдек, суғориш, уруғларга ишлов беришга, четдан келтирилган навлар биологиясини ўрганишга, парваришлаш жараёнида агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир.
Соя селекциясида асосан якка танлаш усули билан "Asaka oil pland seeds" илмий йўналишдаги уруғчилик фермер хўжалиги тажриба далаларида олиб борилган тадқиқотлар самараси ўлароқ, ўтган 2017 йилда хўжалик мутахассислари томонидан соянинг "Мадина", "Радуга" навлари яратилди. Бу навлар қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат нав синовига қабул қилинган. Жорий йилда эса ана шу навлар экишга тавсия этилди. Хўжалигимизда ушбу навлар уруғини кўпайтириш, фермер хўжаликларига етказиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу эса, республикамизда соя дони ҳосилдорлигини ошириш, уни етиштиришни кўпайтириш, хориждан уруғ сотиб олишга сарфланадиган валютани тежашга ёрдам беради.
Олмаларда мис ва рух моддалари кўп бўлса, хурмо ўз таркибидаги натрий, калий, магний, кальций, темир моддалари бўйича биринчи ўринда туради. Шунингдек, унда озиқ-овқат толалари олмага қараганда кўпроқ. Пишган хурмо мевалари ошқозон-ичак тракти, жигар фаолияти, кўриш қобилиятини яхшилайди, тери ва жинсий безлар фаолиятини тартибга солади. Қуйида хурмонинг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиб олишингиз мумкин.
Саратонга қарши
Хурмо қовоқ, календула, чаканда, ўрик ва бошқа сариқ-зарғалдоқ сабзавотлар ва мевалар каби ёш ўтиши билан юзага келадиган ўсимталарнинг ўсишига тўсқинлик қилади. Ўзининг ёрқин ранги туфайли хурмо меваси таркибида бета-каротин миқдори кўп бўлиб, у ҳужайра тузилмаларини шикастловчи эркин радикалларга қарши курашишга қодир жуда кучли антиоксидант ҳисобланади. У терининг кексайишига қарши курашади.
Буйракдаги тошлардан халос этади
Хурмо таркибидаги магний моддаси буйракда тошлар ҳосил бўлиш эҳтимолини камайтиради, организмдан натрий тузларининг чиқишига ёрдам беради. Ушбу мева пешоб ҳайдаш ва тонусни кўтариш хусусиятига ҳам эга.
Юрак фаолиятини мустаҳкамлайди
Хурмо юрак касалликлари бўлган кишилар учун жуда фойдали, чунки унда калий моддаси кўп бўлиб, у бемалол валокардин препаратининг ўрнини босиши мумкин. Ҳар куни 2-3 дона хурмо мевасини истеъмол қилсангиз, юрак хасталиклари ҳақида узоқ вақт эсламайсиз.
Томирлар учун
С ва Р витаминларига бой хурмо меваси қон томирларига ижобий таъсир кўрсатади, уларнинг мўртлигини камайтиради. Шифокорлар ушбу мевани варикоз ва милклар қонашидан азият чекувчи кишиларга тавсия этади.
Стафилококка қарши
Хурмо ичак таёқчаси, олтинранг стафилококка қарши бактерицид таъсирга эга.
Диареяда фойдали
Хурмо шарбати сурункали диареядан халос бўлишда ёрдам беради. 6 та пишган мевани бўлакларга кесинг ва уларни 3 стакан қайнаб турган сувга солиб, 20 дақиқа давомида қопқоғи ёпиқ ҳолда ушланг. Қайнатмани докада сузиб олиб, 0,5 литрдан ҳар 4 соатда қабул қилсангиз яхши фойда беради.
Гипертония ва шишларга қарши
Гипертония ва шишларда хурмо баргларини ювинг, қуритинг ва ҳовончада майдаланг. 5-7 кун давомида ҳар куни 2 маҳал овқатдан кейин 1 чой қошиқдан қабул қилинг.
Анемияга қарши
Хурмо меваси темир моддасига бой, шу боис унинг шарбатини кунига 2 маҳал овқатдан олдин 50-100 мл.дан қабул қилиш тавсия этилади. Бундан ташқари, у асаб тизимини тинчлантиради, иш қобилиятини оширади.
Йўталга қарши
Томоқни бир дона пишган хурмо мевасининг шарбатига 3,5 ош қошиқ илиқ сув қўшган ҳолда чайқаш жуда фойдали.
Кексайишга қарши
Хурмо эти ва тухум сариғидан тайёрланган ниқоб ҳуснбузарларга мойил тери учун энг мақбул восита ҳисобланади. Бундан ташқари, хурмо юз терисининг тонусини оширади ва ҳатто, теридаги кексайиш аломатларига қарши курашади.
ДИҚҚАТ!
Хурмо таркибида енгил ўзлаштириладиган қандлар миқдори кўп бўлгани боис, у семириш ва қандли диабет касалликларига чалинган кишиларга тавсия этилмайди.
Халқимизда "Қуш уясида кўрганини қилади", деган нақл бор. Бу - бежиз айтилмаган. Чунки ҳар қандай мавжудот энг аввало, ўзининг қадрдон гўшасидаги муҳит таъсирида улғаяди. Шу маънода фарзандларимизнинг онг-тафаккури, дунёқараши ҳам аввало, оиладаги муҳит, муомала, муносабатдан келиб чиқиб шаклланади. Демак, оилада қандай йўл тутсак, фарзандларимизга нима ўргатсак, эртага улардан шунга мос натижа кутамиз.
Оила соҳибу соҳибаси оқила, уқувли, илмли бўлса фарзандларнинг бахти. Улар ота-онасидан фақат яхши тарбия олади. Тарбияда эса фарзандларни илм олишга, газета, китоб ўқишга қизиқтириш муҳим аҳамият касб этади. Маҳалламизда бир оила бор. Ота дурадгор уста, она уйида чеварлик қилади. Улар уч қиз, икки ўғилни ҳунари, ҳалол меҳнатлари ортидан тарбиялаб вояга етказдилар. Ота-она фарзандларига кичиклигидан турли китоблар олиб берар, китоб ўқиб, гапириб берган болаларини турли йўллар билан рағбатлантирардилар. Ўзлари китоб ўқимасалар-да, болаларида китобга меҳр уйғота олишди. Йиллар ўтди. Бугун фарзандларининг барчаси олий маълумотли, турли жойларда ишлашади, ҳурмат-эътиборга лойиқ инсонлар бўлишган.
Яна бир оила бор. У оилада ота тадбиркор, она нуфузли идорада ҳисобчи бўлиб ишлайди. Иккиси ҳам олий маълумотли. Уларнинг икки қиз, бир ўғли бор. Фарзандлари ёшлигидан дадаси билан юриб савдо-сотиқни, пул топишни ўрганишди. Уларнинг бирорта бадиий китоб ўқиганларини билмайман. Бугун улар ҳам ўзига тўқ, ҳурмат-эътиборли кишилар бўлиб камол топишди. Лекин, уларнинг оиласида бир-бирларига меҳр-оқибат, ҳурмат йўқ. Доимо турли муаммолар гирдобида юрадилар. Маънавиятдан йироқ бу кишилар ҳамма нарсани пул билан ўлчашади. Маҳалладошлар ҳам улар билан шунга мос муносабатда бўладилар.
Бундан хулоса қилиб демоқчи бўлганим, оддий инсон бўламизми, бой-бадавлатми, энг аввало, фарзандларимизни одоб-ахлоқли, маънавиятли, илмли қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратайлик. Майли, улар олим бўлмасин, лекин одам бўлсин. Ҳаётда "яхши одам" деган ном олсин, ота-онасига раҳмат келтирсин. Ҳаётдан мамнунлик, фарзанд ўстириб, унинг камолини кўришлик бахти аслида шу эмасми?!
Тўғри, бугун ишимиз кўп, вақтимиз кам бўлиши мумкин. Лекин тарбия борасида асло эътиборсиз бўлмаслигимиз лозим. Фарзандларимизга чиройли тарбия берайлик. Зеро, эртага берган тарбиямиздан кўнглимиз тоғдай кўтарилсин, юзимиз асло ерга қарамасин.
Бугун оила қурга ёшларимиз рўзғор аравасини тортиб кета оляптими? Келин-куёвлар оилавий ҳаёт ҳақида етарли тушунчага эга бўлиб турмуш қурдими? Бугун бу каби саволларга ижобий жавоб беришга кўпчилик ўйланиб қолади.
Биз қизларни оила қуришга тайёрлаш борасида кўп гапирамиз. Уларга муомала маданияти, тушган жойида куёвнинг яқинларига қандай муносабатда бўлиш, рўзғор илми, пазандалик, саранжом-саришталикни ўргатамиз. Уларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш учун маҳаллаларда, таълим муассасаларида "Қизларжон" клублари, поликлиникаларда эса "Қизлар саломатлик марказлари" ташкил этилган. Буларнинг барчаси қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, яхши тарбия топиши, хуллас, оилавий ҳаётга тайёрлашга кўмаклашиш учун фаолият юритади. Қизлар билан иш олиб борилмоқда. Хўш, йигитлар биланчи?.. Уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича нима ишлар қиляпмиз?
Ўтган йили кузда бир танишимиз қизини узатди. Не-не жойлардан совчи келмади, дейсиз, тақдир қўшилмаса қийин экан. Охири, бир йигитга узатадиган бўлишди. Йигит-қиз бир-бирига маъқул бўлишди. "Йигитни суриштирдингларми? Қаерда ишлар экан? Тайинли ҳунари бор эканми?" дея сўрадим. "Яхши оиланинг фарзанди экан, куёв бўлмиш уйларни евроремонт қиладиган уста экан", дейишди. Қиз ҳамшираликка ўқиган, эпчил, тикувчиликдан хабари бор, пазандалик курсларида таҳсил олган, хуллас, бир оилани гулдай олиб ўтирадиган оқила ва уқувли эди. Орадан кўп ўтмай тўй бўлиб ўтди.
Куёвнинг ҳунари мавсумий экан. Кимдир уйини таъмирлатса ёки янги бино қурса иш бўлади, бўлмаса йўқ. Тўйдан сўнг бир-икки марта ишга чиқдию, шу билан қиш ичи бекор қолди. Баҳорда эса, "ишлагани Россияга кетди", дейишди.
Келин-куёвлик ҳам бир давр. Айниқса, биринчи фарзанди туғилиб, ўзлари ота-она бўлиб, масъулиятли инсонга айлангунича, куёв-қайлиқ ҳаётдаги энг бахтли, бетакрор дамларни бошдан кечиради. Аммо, айрим оилаларда тўйдан ҳеч қанча ўтмай, турли муаммолар юзага келади. Куёвнинг тайинли бирор иши йўқлиги, оилага бош бўлиш, оилани моддий таъминлаш лаёқати йўқлиги эса муаммоларни яна кўпайтиради. Қийин шароитда қолган куёв ишлагани хорижга кетади. Янги оилага хали кўникмаган, турмуш ўртоғининг кўмагига муҳтож ёш келин қийин аҳволда қолади.
Тўғри, куёв тирикчилик, оилани боқаман, деб узоқ элларга кетади. Бундан асло кўз юмиб бўлмайди. Бироқ, хали бир-бирини яхши ўрганмаган икки ёшнинг узоқ вақт бирга бўлмасликлари оила мустаҳкамлигига қайсидир даражада раҳна солади.
Менимча, айни кунда биз йигитларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оила, оталик масъулиятини ҳис этиш, касб-ҳунарга йўналтириш борасида етарлича иш олиб бора олмаяпмиз. Агар йигитларимиз тайинли ишда ишлайдиган ёки тайинли ҳунари бор бўлса эди, оиласида муаммолар келиб чиқмас, иш излаб хорижга боришга ҳожат қолмасди.
Халқимизда "Йигит кишига етмиш ҳунар оз", деган мақол бор. Орамизда илмли, ҳунарли, оила, рўзғор, эр кишининг вазифаси нима эканлигини тушунадиган йигитларимиз жуда кўп. Лекин, эркатой, дангаса, бир ишнинг бошини тутмаган, тайинли касбу кори йўқ йигитларимиз ҳам йўқ эмас. Орзу-ҳавас билан, "келин олайлик, хизматимизни қилсин", деган ота-оналар хали оила масъулиятини яхши ҳис қилмайдиган ўғилларини уйлаб қўймасликлари керак. Минг афсуски, бугун келиндан, унинг ота-онасидан моддий манфаат кутадиган андишасиз йигитларимиз ҳам бор.
Шундай оилалар ҳам борки, келин оғриб қолса, "дам олиб келинг", дея дарров отасиникига жўнатиб юборади. Бу миллатимиз шаънига доғ бўладиган энг хунук ҳолатлардан биридир.
Келин касал ёки бошқоронғи бўлса, дори-дармонга пул сарфлаган ҳам, егиси келган нарсани олиб берган ҳам бечора ота-онаси. Никоҳланаётганда бўлгуси хотинининг еб-ичиши, кийим-кечаги, ҳаражатларини таъминлашни бўйнига олган эркак нима учун зиммасидаги вазифани бажармайди, нима учун масъулиятни ҳис этмайди?
Ёш оилалар билан боғлиқ можаролар, ажримлар таҳлил қилинганда ёшларимизнинг оила қуришга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эмасликлари кўриниб қолмоқда. Айниқса, баъзи бир йигитларимизнинг уқувсизлиги, масъулиятсизлиги муаммоларни янада кўпайтираётганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз.
Ана шундан келиб чиқиб, йигитларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратишимиз керак. Уларга оиладаги эрлик, оталик вазифаларини, рўзғор юритиш илмини ўргатиш зарур. Хусусан, мактаблар, коллеж ва лицейларда ўғил болалар учун алоҳида "Рўзғор мактаби" тўгараклари ташкил қилинса, йигитларга турли ҳунарлар, пул топиш, уни иқтисод қилиб сарфлаш, эр-хотинлик муносабатлари, оилада қайнона-келин ўртасида можаро юзага келганда вазиятдан чиқиш каби оилавий ҳаёт сир-асрорлари ўргатилса, қолаверса, ота-оналар ҳам ўғилларини оила бошлиғи бўлишга лойиқ бўлганларида, оилани моддий таъминлай оладиган даражада салоҳиятга етганида уйласалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Қиз бола - бўлажак она, миллат давомчисидир. Келажак авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиши кўп жиҳатдан қизларнинг саломатлиги, тинчлиги ва бахти билан боғлиқ.
Мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлод туғилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, хомиладор аёллар ва чақалоқлардаги хасталикларни барвақт аниқлаш, болалар ўртасида ногиронликни камайтириш, айниқса, ўсмир қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 декабрдаги "2018-2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 майдаги "Қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларга кўрсатиладиган акушер-гинекологик ва тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу қарорлар ижроси доирасида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника, 5 та қишлоқ врачлик пункти ва 6 та қишлоқ оилавий поликлиникаларида "Аёллар маслаҳатхоналари", "Қизлар саломатлик марказлари" ташкил этилди.
Туманимизда ўсмир қизлар ҳамда 46 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиғида муаммолар бўлган хотин-қизларни аниқлаш, даволашга жалб этиш борасидаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 35 минг нафар туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижасида 3600 нафардан ортиқ аёлда экстрагенитал ва гинекологик касалликлар борлиги аниқланиб, уларнинг кўпчилиги соғломлаштиришга жалб этилди. Бундан ташқари, тумандаги умумтаълим мактаблари ва коллежларда таҳсил олаётган 3,5 минг нафардан зиёд ўсмир қизлар ҳам тиббий кўрикдан ўттказилди. Турли касалликлар аниқланган 600 нафар қиз соғломлаштиришга йўналтирилди.
Илгари ўсмир қизлар келиб, дардини айтадиган, саломатлиги бўйича муаммоларини ўртоқлашадиган мутахассис йўқ эди. Андиша сабаб ўсмир қизлар гинеколог ҳузурига кела олмас эдилар. Эндиликда "Ўсмирлар гинекологи" бевосита қизларнинг саломатлигини асраш билан шуғулланади.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда "Тез тиббий ёрдам" бўлимининг тутган ўрни муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мазкур бўлимнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини кенгайтириш мақсадида қишлоқ оилавий поликлиникаларида қўшимча равишда терапевт, акушер-гинеколог, жарроҳ, УТТ мутахассиси фаолияти йўлга қўйилди. Аввал фуқаролар жарроҳ ёки гинеколог-шифокор кўригидан ёки УЗИ аппарати текширувдан ўтиш учун туман марказига боришга мажбур бўлган бўлса, эндиликда улар қишлоқ оилавий поликлиникаларининг ўзида ана шу мутахассислар хизматидан фойдаланишлари мумкин.
Аҳоли ўртасида юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, болаларни турли касалликларга қарши эмлаш ишлари ҳам ўз вақтида ва самарали ташкил этилмоқда. Айниқса, хорижий давлатларда бўлиб қайтган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, бирон бир касаллик аниқланган тақдирда уларни соғломлаштиришга жалб этиш, реабилитация марказларига юбориш ишлари ҳам белгиланган тартиблар асосида олиб борилмоқда.
Эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, бундай ҳолатларнинг аянчли оқибатларини аҳоли, айниқса, ёшларга тушунтириш, шунингдек, фуқароларнинг тиббий билим ва маданиятини юксалтириш бўйича ҳам зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Халқимиз, хусусан, опа-сингилларимиз, қизларимиз соғлом бўлса, шубҳасиз, эртамиз эгалари бўлган ёш авлод ҳам баркамол бўлади.
Фотимахон МАМАТОВА,
Марҳамат тумани кўп тармоқли тиббиёт
бирлашмаси бошлиғиинг
оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари.
14 ноябрь - Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти ташкил топган кун
Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти нуфузли нодавлат-нотижорат ташкилотларидан бири бўлиб, юртимизда қарийб бир асрдан буён фаолият кўрсатади. Ташкилот инсонларга беминнат эзгулик улашиб, меҳр-мурувват, саховат, раҳмдиллик, беғараз кўмак ғояларини амалга ошириб келмоқда.
Жамиятнинг "Меҳр-шафқат" хизмати аҳолининг эҳтиёжманд вакилларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, жамият аъзоларини беғараз донорликка жалб этиш, фавқулодда вазият, табиий ва техноген хусусиятли офатлардан жарбланганларга ёрдам кўрсатишда иштирок этиш, аҳолини биринчи ёрдам кўникмаларига ўқитиш ҳамда соғлом турмуш тарзи, санитария-гигиеник билимларни тарғиб этиш ва ўргатиш каби вазифаларни ўз ичига олади.
Қизил Ярим Ой жамияти Андижон вилоят ташкилоти "Меҳр шафқат" хизмати бўлими ҳамширалари томонидан 250 нафардан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз, ногиронлиги бор ва нафақадаги кекса кишиларга сифатли ва малакали тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Муҳим саналар, байрамлар арафасида уларнинг ҳолидан хабар олиниб, хайрия ва мурувват ёрдамлари кўрсатиб келинмоқда.
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида шахсий ва жамоат гигиенасига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, спорт ва бадантарбия билан шуғулланиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларининг ўқувчи ва талабалари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси ўртасида тиббий саводхонликни ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари тизимли йўлга қўйилган.
Айниқса, ташкилот томонидан ёшлар ўртасида "Соғлом турмуш тарзини шакллантириш", "Шахсий гигиена", "Соғлом бўлишнинг олтин қоидаси", "Никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтиш - соғлом оила пойдеворидир", "Биринчи ёрдам кўрсатиш асослари", "Тўғри овқатланишнинг зарурияти ва афзалликлари" каби мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, мавзуга доир буклетлар тарқатилмоқда. Аҳолининг тиббий маданияти ва саводхонлигини ошириш борасидаги тарғибот-тушунтириш ишлари изчил олиб борилмоқда.
Инсонларга меҳр кўрсатиш - улуғ фазилат, бошига иш тушганда ёрдам бериш улкан савобдир. Жамиятимиз ўз таркибига 100 минг нафардан зиёд аъзо ва 5 мингга яқин ёш кўнгиллиларни бирлаштирган. Улар одамларга кўмак беришга, хайрли ва савобли ишларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқдалар.
ҚАБРИСТОНЛАР ОБОДЛИГИ - АЖДОДЛАР ХОТИРАСИГА ҲУРМАТ БЕЛГИСИ
Қарор ва ижро
Қабристон нафақат инсоннинг сўнгги борар манзили, балки ўзлигини англаш, қалбида аждодларга ҳурмат, меҳр-оқибат туйғуларини шаклланишида муҳим аҳамият касб этадиган муқаддас маскан ҳисобланади. Шу боис ҳам халқимиз қадим-қадимдан қабристонни табаррук билиб, уни обод қилишга алоҳида эътибор қаратиб келган.
Лекин тан олиб айтишимиз керакки, кейинги йилларда юртимиздаги кўплаб қабристонлар алоҳида қаровга, ободонлаштиришга муҳтож бўлиб қолган эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги "Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга кенг йўл очиб берди.
Айни пайтда Андижон вилоятида 904 та қабристон мавжуд. Юқоридаги ҳужжат асосида қабристонларни сақлаш, ободонлаштириш, янада файзли гўшага айлантириш, улар орқали халқимиз онгида аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятдаги барча қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ишлаб чиқилган махсус дастур доирасида намунавий ҳолатга келтириш учун вилоятдаги 16 қабристон танлаб олинган. Ана шу қабристонларда таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини бажариш учун маҳаллий бюджет, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан қарийб 3,5 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Айни кунда мазкур йўналишда вилоят ҳокимлиги, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимлари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
- Хўжаобод туманидаги "Бекчол", Булоқбоши туманидаги "Мойариқ чилон", Андижон шаҳридаги "Гумбаз", Олтинкўл туманидаги "Оқ тепа", Жалақудуқ туманидаги "Тикка кўча", Асака туманидаги "Оқ мозор", қабристонларида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари якунига етказилди, - дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Шокиржон Болтабоев. - Ушбу қабристонлар ҳар қандай киши ҳавас қиладиган даражада чиройли ҳолатга келтирилди.
Дарҳақиқат, қабристонларнинг атрофи деворлар билан ўралди, йўлаклар шағалланди, аксарият қисми бетонланди ёки брусчаткалар ётқизилди, йўлаклар четларига гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Ёзги очиқ айвон, хонақоҳ, ишчи-хизматчилар учун хизмат, кийиниш, ювиниш хоналари барпо этилди, дафн маросимлари, жаноза, марҳумларни хотирлаш тадбири ўтказишга мўлжалланган жойлар капитал таъмирдан чиқарилди.
- Марҳамат туманидаги "Миришкор ота" қабристони вилоятдаги энг катта ва қадим қабристонлардан бири саналади, - дейди Марҳамат туманидаги "Ўқчи" жоме масжиди имоми Қамариддин Минҳожиддинов. - Шу боис ушбу қабристонга кўплаб зиёратчилар ташриф буюради. Лекин зиёратчилар учун қулайликлар мавжуд эмас эди. Эндиликда бу ерда гумбазли хонақоҳ, рамзий мақбара барпо этилмоқда, зиёратчилар учун зарур қулайликлар яратилмоқда.
Қабристонларда олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишларида имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари, фаоллари, тадбиркорлар, уюшмаган ёшлар вакиллари фаол иштирок этиб, ана шу хайрли ишга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда.
6 нафар хотин-қиз суд жараёнида жазодан озод этилди
Балиқчи туманида жиноят содир этишга мойиллиги бўлган 17 нафар, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 3 нафар, жиноят содир этган 22 нафар хотин-қиз ва уларнинг оилалари билан бевосита иш олиб борилмоқда.
Туманда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, ана шундай ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик кўп ҳолларда ишсизлик, оилада носоғлом муҳит шаклланганлиги сабаб бўлмоқда. Бу ана шу тоифа кишилари билан бевосита иш олиб бориш, айниқса, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозимлигини тақозо этади.
Кейинги бир неча йил ичида туманда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлили асосида жиноятчилик профилактикаси бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган ишлар ижобий самаралар бермоқда.
Тумандаги 66 маҳалла фуқаролар йиғинида "Менинг маҳалламда жиноятчилик содир бўлмаслиги керак" шиори доирасида ўтказилаётган суҳбат ва мулоқотлар, жиноятчиликка мойиллиги бор шахслар, оилалар, шунингдек, жазони ўташ муассасаларидан ҳамда хорижда ишлаб қайтган аёллар билан бевосита ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, опа-сингилларимиз иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этган аёллар сони ўтган йилга нисбатан 15 фоизга камайди.
Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг, шунингдек, хотин-қизлар ва балоғатга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида оилалар тоифаларга ажратилиб, "Намунали ва тинч оила", "Нотинч оила", "Ажрим хавфи мавжуд оила" тарзида хатловдан ўтказилди, маълумотлар базаси шакллантирилди. Нотинч ва ажрим хавфи мавжуд оилалар, шунингдек, жиноят содир этган аёлларнинг ҳар бири билан бевосита иш олиб борилмоқда. Маҳаллалардаги намунали оилалар уларга мураббий сифатида бириктирилган.
Бу борадаги ишларни оммалаштириш, мутасадди ташкилотлар назоратига киритиш ҳамда ижросини таъминлаш бўйича маҳаллаларда семинарлар ўтказилди. Қўмитамиз ташаббуси билан туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ҳар ойнинг 20 санасида сайёр "Ноқонуний оилалар учун очиқ эшиклар куни"ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш ва психологик-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар алоҳида назоратга олинди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 67 фоизи ишга жойлаштирилди, 100 фоиз тиббий кўрикдан ўтказилди, барчасига моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, инқирозли ва зиддиятли вазиятларга тушиб қолган, оилада турли зўриқишлар билан яшаётган, хорижий давлатлардан депортация қилинган опа-сингилларимизга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди.
Ажрим, шаръий никоҳ, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, мулкий низолар бўйича қатор ҳолатлар юзасидан кенг жамоатчилик иштирокидаги сайёр суд ва муҳокамалар ўтказилиши ҳам ижобий натижалар бермоқда. Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар натижасида салбий иллатлар, уларни келтириб чиқарувчи омиллар, мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда.
Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан жиноят содир этган 6 нафар хотин-қизлар суд жараёнида жазодан озод этилди. Никоҳ ўқиш ваколати бўлмаган муллаларга жамоатчилик таъсирини кўрсатиш асосида чоралар кўрилди.
Жиноятчилик, оилавий ажримлар бўйича Бўстон, Эскимарказ, Туркистон, Жасорат, Қаҳрамон, Фаровон, Қияли, Файзобод маҳаллаларида ўтказилган сайёр суд ва сайёр муҳокамалар аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга, жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар натижасида хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олди олинмоқда.
Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш. Энг муҳими, ҳаётимиз гултожи бўлган аёл ҳеч қачон жиноятчи бўлиб қолмаслигига эришиш.
ФАБРИКАДА ЙИЛИГА 1 МИЛЛИОН 200,МИНГ ДОНА ТРИКОТАЖ МАҲСУЛОТИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ
Пахтаобод туманидаги "Маърифат" маҳалласида "Texno mebel invest" масъулияти чекланган жамиятига қарашли, йилига 1 миллион 200 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика иш бошлади.
Ҳудудларда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш, мавжуд корхоналарни қўллаб-қувватлаш, барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижасида Андижон вилоятида ана шундай корхоналар сони, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Умумий лойиҳа қиймати 4,5 миллиард сўм бўлган ушбу корхона жамиятнинг айланма маблағлари ҳамда "Ипак йўли банк" очиқ акциядорлик тижорат банки вилоят филиалидан олинган кредит эвазига ташкил этилди.
Корхонага "ноль" қийматда берилган тумандаги собиқ пойабзал фабрикасининг фойдаланилмай турган биноси қисқа муддатда реконструкция қилиниб, таъмирланди. Хитой, Туркия давлатларидан замонавий дастгоҳ ва жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди. Ишлаб чиқариш цехлари босқичма-босқич ишга туширилмоқда.
- Айни кунда корхонамизда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари "Reza textil" бренди остида сотувга чиқарилмоқда, - дейди корхона раҳбари Мирзоҳид Сиддиқов. - Ҳозирча маҳсулотларимиз ички бозорда сотилмоқда. Жорий йил охирига бориб Россия, Украина ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилишни бошлаймиз. Умуман, корхонада йилига 400 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Ҳозирда корхонада 200 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали иш юритишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, яна 200 нафар кишининг бандлиги таъминланади, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам икки баробарга ортади.