+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"Истиқлол" ўз номига муносиб гўшага айланади,

- дейди мутахассис Одинахон Миркомилова

Андижон туманидаги "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғинида 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Кейинги йилларда ҳудудда ободонлаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилди, замонавий, кўркам уй-жойлар барпо этилди, аҳоли турмуш фаровонлиги ошди. Айниқса, маҳалладошларимизнинг ҳунармандлик, чорвачилик, гулчилик, чеварлик, савдо-сотиқ йўналишларидаги фаолияти янада ривожланди.

Кўпчилик билан ишлаш осон эмас. Одамларнинг бошини қовуштириш, жанжалли вазиятларда уларга тўғри йўл кўрсатиш, томонларни муросага келтириш анча меҳнат ва ҳаётий тажрибани талаб этади. Энг муҳими, маҳалла билан ишлайдиган одам ҳар бир оилани яхши билиши, ҳар бир фуқаронинг қалбига йўл топиши керак. Шу маҳаллада туғилиб ўсган, унинг ҳар бир қарич ерини яхши билган одамгина бу ишни уддалай олади. Туман хотин-қизлар қўмитаси Одинахон Миркомилованинг ташаббускорлиги, одамлар билан ишлаш салоҳиятини ҳисобга олиб, уни  маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси вазифасига тайинлаган.  Мана бир неча ойдирки, Одинахон опа ана шу вазифада самарали фаолият юритиб келмоқда.

- Секторлар фаолияти ва бошқа қатор Ишчи гуруҳлар доирасида маҳалламиздаги ҳар бир оила ўрганиб чиқилган, - дейди Одинахон Миркомилова. - Ўрганишлар бўйича аниқланган муаммолар имкон қадар бартараф этилди, кўмакка муҳтож оилаларга ёрдамлар кўрсатилди.

Маҳалла фаоллари, кўпни кўрган онахонлар кўмагида жанжалли оилалардаги муаммоларга чек қўйиш, ишсиз маҳалладошларимизни бандлигини таъминлаш, тўйлар, турли маросимларни тартибли, камчиқим ўтказиш, умуман, фаолиятимизнинг барча йўналишларида иш ташкил этганмиз.  

Дарҳақиқат, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бунда тадбиркор хотин-қизларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Жумладан, ҳунармандлар Мавлудахон Ҳайдарова, Гулхумор Ҳамроқулова, гулчилар Нодира Насирдинова, Оязимхон Алиевалар тадбиркорликлари билан 100 дан зиёд қиз-аёлни иш билан таъминлаб, уларга ўз оилаларига даромад киритиш имконини яратиб бердилар.  "Водий фаровон" МЧЖ тикувчилик корхонасида эса яна шунча аёлнинг бандлиги таъминланган. Бундан ташқари, мебель жиҳозлари ясайдиган оилавий ҳунармандлар, чорва ҳайвонлари боқиб рўзғор тебратадиган хонадонлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Маҳаллада, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг  фаровонлигини оширишда мутахассис маҳалла фаоллари Иноятхон Бойназарова, Мақсудахон Норалиева, Одинахон Ҳакимова, Азизахон Садировалар кўмагига таянади. "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси аъзолари, имом хатиб ва отинойи, профилактика инспектори ҳамкорлиги самарасида ажрим ёқасидаги оилалар тикланиб, можароларга барҳам берилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудда ажрим ҳолатлари қайд этилмади, 8 нафар аразлашган оилалар яраштирилди. Кекса ва ногиронлар ҳолидан хабар олиб туриш, уларга ёрдам кўрсатиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш анъанага айланган. 30 га яқин ногиронлиги бўлган шахслар доимий назоратга олинган бўлиб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Мутахассиснинг оиласи ҳам маҳалладаги энг ибратли, зиёли оилалардан. Опа турмуш ўртоғи Санжар Миркомилов билан 3 фарзандни тарбиялаб, эл қаторига қўшди. Бугун 4 набираси уларнинг қувончига айланган.

- Айни пайтда ҳудудимизда якка тартибдаги тадбиркорлик, ҳунармандлик, касаначиликни янада ривожлантириш бўйича махсус режа ишлаб чиқаяпмиз. Бундан ташқари, маҳаллани ободонлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.  Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, маҳалла аҳлининг аҳиллиги билан "Истиқлол" албатта, янада обод масканга айланади, - дейди мутахассис Одинахон Миркомилова.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Fолиблар мамлакат босқичига йўлланма олди

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида "Ниҳол" мукофоти танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб чиққан 73 нафар йигит-қиз санъатнинг мусиқа ижрочилиги, опера, анъанавий ижрочилик, эстрада ва рақс йўналишлари бўйича маҳоратларини        намойиш этдилар.   

  Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов санъат соҳасидаги 17 дан 25 ёшгача бўлган ижодкор ёшларнинг ўз иқтидорларини намоён этишларида имкон яратмоқда. Жорий йилда ҳам танлов кўплаб янги-янги истеъдодларни кашф этди.

Танловда ёш санъаткорлар томонидан ижро этилган жонли ва ўзига хос қўшиқлар нафақат томошабинларнинг, балки мутахассисларнинг ҳам олқишига сазовор бўлди.

Санъат - кишиларни яратувчанлик ва олийжанобликка етакловчи сеҳрли куч, - дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева. - Шу маънода бугунги санъат кишиси юрт гўзаллиги ва камолини, давр ва миллат  руҳини  ўз қўшиқларида намойиш эта олсагина, у том маънода санъаткорга айланади. Танлов жараёнида ёш санъаткорларнинг ана шу жиҳатларига, ижро маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда мусиқа ижрочилиги йўналиши бўйича Нуриддин Самандаров, Диёрабону Исломова, Аҳмаджон Аҳмаджонов, Маъруфжон Қодиржонов, анъанавий хонандалик йўналишида Аброр Жамолдинов, Жаҳонгир Тўхташев, Мавлонбек Тошланов, рақс йўналишида Кумушой Охунова, эстрада йўналишида Сардорбек Каримов, опера йўналиши бўйича Муҳаммадали Жўраев, Бекзод Ибрагимов, Шоҳида Нурматова ва Шаҳноза Мавлонова ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

- Рақс жону дилим, ҳаётимнинг мазмунига айланган - дейди танловнинг рақс йўналиши ғолибаси Кумушой Охунова.  - Танловга жиддий тайёргарлик кўрганлигим, бор маҳоратимни намоён эта олганлигим учун ҳам ғолиблар қаторидан жой олдим. Бу менга катта масъулият юклайди, энди танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этиш учун бор имкониятимни ишга соламан.

Fолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.                               

Муаттар АБДУЛЛАЕВА,

 

Олтинкўл туманидаги  35-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

АНЖУМАН

Олам ичра ягонасан, эй, азиз юртим!

Сен менинг хазинам: марварид, дурим,

Қалбимнинг тўрида асраган қўрим,

Буюгим, суюгим, кўздаги нурим,

Олам ичра ягонасан, эй, азиз юртим!

 

Сен менинг қувончим, ишонган тоғим,

Яшнаб турган гўзал, ҳур гулистоним,

Оламда тенги йўқ азиз бўстоним,

Олам ичра ягонасан, эй, азиз юртим!

 

Бугун мустақилсан, озодсан, ҳурсан,

Кексалар кўзида чақнаган нурсан,

Ёшларинг қалбида сўнмас ғурурсан,

Олам ичра ягонасан, эй, азиз юртим!

 

Бир ёнда пахтанг-у, бир ён буғдойинг,

Жаннатдан бир бўлак эрур тупроғинг,

Бугун катта йўлда борар карвонинг,

Олам ичра ягонасан, эй, азиз юртим!

 

Тўхтама, олға юр, она Ватаним,

Сенга фидо бўлсин шу жону таним,

Бахтим, тахтим, шаҳдимсан маним,

Олам ичра ягонасан, эй, азиз юртим!

Дилноза МУХТОРЖОНОВА,

Андижон тиббиёт коллежи ўқувчиси.

 

Юртимиздаги миллатлараро дўстликка кўз тегмасин

Андижон шаҳридаги 1- сон болалар мусиқа мактабида "Замонавий кўпмиллатли жамиятимизнинг юксалиш истиқболлари ва тарихий асослари" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Рус миллий-маданий маркази вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда нафақат вилоятимиз, балки қўшни вилоятлардан ташриф бюрган рус ва бошқа миллат вакиллари иштирок этди. Тадбирда рус, корейс ва бошқа миллатлар маданияти, анъана ва урф-одатлари акс этган кўргазмалар,  миллий таомлари намойишлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Рус миллий-маданий маркази вилоят бўлими раҳбари Елена Бабенко сўз олиб, анжуманнинг мақсади, мамлакатимизда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини гапирди. Марказ томонидан рус   халқининг маданияти, тили, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаш, янада ривожлантириш, шу асосда рус, ўзбек ва юртимизда яшаётган бошқа  халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Миллатлараро муносабатлар, дўстлик, ҳамкорлик, миллий анъаналарни ривожлантириш сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан юртимизда олиб борилаётган одилона миллий сиёсат туфайли барча миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаётганликлари, шунингдек, юртимизда миллатлараро алоқалар, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Мактаб ўқувчилари, Миллий марказлар фаоллари томонидан тайёрланган бадиий дастур, турли тилларда ижро этилган шеър, қўшиқ ва рақслар барчада катта таассурот қолдирди.

Маданий марказ фаолиятини ривожлантиришдаги фаоллиги учун қатор ташкилотлар вакиллари эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Тўлқинжон АБАНОВ,

Хўжаобод туманидаги

 

15-умумтаълим мактаби рус тили фани ўқитувчиси.

Ишлар сарҳисоб қилинди

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.

Туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталаридан сайланган делегатлар, мутасадди идоралар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган анжуманда қўмита раиси Манзура Юнусованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги ҳамда жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила  институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.

Ҳисобот даврида вилоят, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, уларнинг 4 минг 200 дан ортиқ бошланғич ташкилотлари томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Ўтган ва жорий йилда вилоятдаги 600 мингдан ортиқ хонадонга кирилиб, оилалар, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилди. Ўрганишлар давомида 30 мингдан зиёд турли муаммолар аниқланиб, уларнинг 26 мингдан ортиғи жойида ҳал этилди, 2998 таси туман, шаҳар миқёсида, 49 таси вилоят даражасида ҳал этилди. Республика даражасида ҳал этиладиган масалалар бўйича тегишли вазирликларга ҳужжатлар тақдим этилди. Қолган масалалар юзасидан тавсия, тушунча ва маслаҳатлар берилди. Шунингдек, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 42 та кичик цехлар ташкил этилиб, 1 мингдан ортиқ хотин-қиз ишга жойлаштирилди.

Ҳисоботда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш,  бандлигини таъминлаш, репродуктив саломатлигини яхшилаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож, оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларга кўрсатилаётган ёрдамлар, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримлар ҳамда хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар таҳлил қилиниб, мазкур йўналишлардаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Анжуман қатнашчилари томонидан Ўзбекистон  хотин-қизлар қўмитаси  Низомига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар билдирилди.

 Конференцияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, республика хотин-қизлар конференциясига делегатлар сайланди.

Тадбирда бир гуруҳ илғор ва фаол хотин-қизлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева, вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ойгул - энг ёш тадбиркор

З. М. Бобур номли вилоят театрида "Ташаббус-2018" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар, фермер ва ҳунармандларни эркин фаолият юритишларига зарур имкониятлар яратиб бериш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб деб топилган 93 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этиб, ўзларининг ютуқ, имконият ва салоҳиятларини намойиш этди.

Бу йилдан бошлаб танлов бешта асосий йўналишда ўтказилиши белгиланганлиги унинг нуфузи ва аҳамиятини янада оширди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Хўжаобод туманидаги "Nil granit" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдувахоб Маткаримов "Саноат соҳасида энг яхши тадбиркор", Шаҳрихон туманидаги "Shifonur invest" масъулияти чекланган жамият раҳбари Мирпўлат Мамадалиев "Хизмат кўрсатиш соҳасида энг яхши тадбиркор", Кўрғонтепа туманидаги "Inter agro star" фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Олимов "Энг яхши фермер", Андижон шаҳрида фаолият кўрсатаётган ҳунарманд-уста Азизбек Жабборов "Энг яхши ҳунарманд", Избоскан туманидан ҳунарманд Ойгул Тожиддинова "Энг ёш тадбиркор"  йўналишлари бўйича ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Миллий қўғирчоқлар, совғабоп маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланаман, - дейди танловнинг "Энг ёш тадбиркор" йўналиши ғолиби Ойгул Тожиддинова. - Юртимиз тарихи, халқимизнинг миллий анъана, қадрият, санъатини акс эттирувчи ушбу маҳсулотлар айниқса, хорижлик сайёҳарда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис ҳам тайёрлаган маҳсулотларимнинг аксариятини хорижликлар харид қилмоқда.

Fолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик  совғалар билан    тақдирланди.

 

 

Дилбар ортиқова.

Эътибор ва рағбат ютуқларимиз омили

Институтимизда айни пайтда 68 нафар профессор-ўқитувчи аёллар фаолият олиб боради. Хотин-қизлар қўмитаси, институт раҳбарияти билан институтда меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз, талаба қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишларни олиб бормоқда.

Институтда кейинги йилларда ўтказилган республика ва халқаро илмий-амалий конференция ва бошқа тадбирларда хотин-қизларимиз фаол иштирок этиб келмоқда. Олималаримиздан Зулфия Арипова, Нилуфар Қобулова, "Илм-фан ва аёл" уюшмаси раиси Мавлудахон Умаровалар қатор танловларда ғолиб бўлган бўлса, ёш олима Дилноза Солиева "Илм юлдузлар" республика танловининг ғолибаси бўлди. Қатор талабаларимиз эса Тошкентда ўтказилган инновацион лойиҳалар кўргазмасида фахрли ўринни эгаллаб қайтдилар.

Бундан ташқари, жамоамиздаги аёллар ва талаба қизлар иштирокида таълим сифати ва самарадорлигини, ўқитувчиларимизнинг касбий малакасини ошириш, рерпродуктив саломатликни яхшилаш, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, тиббий маданиятини юксалтириш каби қатор йўналишларда жуда кўп тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди.  

"Спорт-нафислик, саломатлик манбаи" шиори остида ташкил этилган гуруҳларда кўплаб опа-сингиллларимиз оммавий спорт турлари билан шуғулланмоқда. Ўтказилган кўплаб спорт мусобақаларида институтимиз жамоаси ғолиблар қаторидан ўрин эгаллади.

Талабалар турар жойларида эса талаба қизларимизнинг санитария - гигиена қоидаларига амал қилиши, тиббий билим ва маданиятини ошириш, оилага тайёрлаш, диний-ақидапарастлик ғоялари, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари, тиббий кўрик ва бошқа турли тадбирлар мунтазам ўтказиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, институтда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва рағбат ютуқларимиз омили бўлмоқда. 

 

 Раънохон ЮСУПОВА,

 

Андижон Машинасозлик институти хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Аёл - жамиятнинг жон томири

Бошқармамиз тизимидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётганларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади. Ҳар бир коллежга кириб, мавжуд муаммолар аниқланиб, ҳал этилмоқда. Турмуш шароити оғир хотин-қизларга кўмаклашилмоқда. Жумладан, жорий йилда 32 нафар кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож  аёллларимизга, 256 нафар  ўқувчи қизларимизга  моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

Шунингдек, хотин-қизларимизнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликка жалб этиш борасида манзилли ишлар олиб борилди. Натижада 16 нафар ўқитувчи аёлларимиз ишдан ажралмаган ҳолда уйларида оилавий ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, турли оқимлар таъсирига тушиб қолиш ҳолатларининг  олдини олиш бўйича ҳам жиддий ишлар олиб борилмоқда. Жиноятчилик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида Ички ишлар бошкармаси билан ҳамкорлик режаси қабул қилинган бўлиб, белгиланган ишлар тизимли олиб борилмоқда.

Айниқса, фаолиятимизда "Қизларжон" клублари фаолиятини самарали ташкил этиш, ўқувчи қизларимизни оилага тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича олиб бораётган ишларимиз ижобий натижалар бермоқда. Айни кунда Асака, Қўрғонтепа, Бўз, Марҳамат  туманлари, Андижон ва Хонобод шаҳрида тизимимиздаги аксарият таълим муассасаларида "Қизларжон" клублари фаолияти намунали йўлга қўйилган.

Халқимизда "Бир йигитни тарбияламоқ бир эркакни тарбиялашдир, бир қизни тарбиялаш бутун бир миллатни, бутун бир элатни тарбиялашдир", деган гап бор. Шундай экан, "Оила  ва жамиятнинг устуни, ҳаётимизнинг кўрки бўлган  хотин-қизларни эъзозлаш, уларга  ҳурмат ва эҳтиром  кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан қадрият бўлиб келган. Бугун биз - барчамиз ана шу эҳтиромга муносиб бўлмоғимиз даркор.

Ёрқиной НИШОНОВА,

вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Аёллар саломатлиги - бахтли ҳаёт кафолати

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида жами 30 мингдан зиёд тиббиёт ходими фаолият кўрсатади, шундан 26 мингга яқини хотин-қизлардан иборат. Бугунги кунда тизимда 62 нафар аёллар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, шундан 20 дан ортиғи йирик тадбиркорлик субъектларини бошқариб келмоқда.

Тизимдаги тадбиркорликнинг асосий йўналиши фуқароларга амбулатор-поликлиника хизмати, физиотерапевтик муолажалар билан даволаш муассасалари, косметология йўналиши ва тор соҳа мутахассисларидан иборат стационар хизматини ташкил қилади. Соҳадаги тадбиркорлик ишлари вилоятимизнинг чекка туманлари - Марҳамат, Хонобод, Пахтаобод, Хўжаобод, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманларида яхши йўлга қўйилган.

Тизимда 6500 дан ортиқ ёш тиббиёт ходимлари меҳнат қилади. Улар ўртасида турли спорт мусобақалари, касбий фаолиятга оид кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда. "Ҳамшира-2018" кўрик-танлови республика босқичида Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали ҳамшираси Дилноза Ҳолиқова фахрли 1-ўринни эгаллаб, Андижон давлат тиббиёт институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди.

Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам қатор самарали ишлар олиб бориляпти. Жорий йил сентябрь ойида Андижон шаҳридаги А.Навоий боғида "Саломатлик сайли" ташкил этилди. Унда мингга яқин тиббиёт ходимлари иштирок этди. Тадбирга ташриф буюрган аҳоли малакали шифокорлар кўригидан бепул ўтиб, саломатликлари бўйича тегишли маслаҳатлар олишди. Касалликлар аниқланган 12 минг кишига амбулатор, 1106 кишига эса шифохонада даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Шунингдек, 20 сентябрдан 20 октябргача мамлакатимизда "Соғлом аёл ойлиги" ўтказилди. Ойлик доирасида вилоятимизда 700 мингдан зиёд туғиш ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Аёл - она, севикли ёр, умр йўлдош, опа, сингил, дўст. Лекин у биринчи навбатда  ўз  соғлигига эътиборли бўлиши зарур. Биз соғлиқни сақлаш тизими вакиллари опа-сингилларимиз саломатлигини сақлаш йўлида заврур барча ишларни амалга оширамиз. Унутмайлик, аёлнинг саломатлиги - бахтли ҳаёт кафолатидир.

 

Мавжудахон НИЁЗМАТОВА,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси раиси.

"Қизларжон" қизларни фаолликка ундайди

Андижон давлат университети нафақат вилоятимиздаги, балки республикамиздаги йирик, ўз нуфузига эга олий таълим муассасаси ҳисобланади. Айни кунда ушбу жамоада 586 нафар хотин-қиз меҳнат қилади, 5 минг нафардан зиёд талаба қизлар таҳсил оладилар.

Университетимизда хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касбий маҳоратини юксалтириш,     илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш  борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, "Ёшлар билан мулоқот", "Ўзбекистон Республикасида аёллар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари", "Жамият ва ҳуқуқ", "Сиз қонунни биласизми?", Талаба-қизлар ўртасида  "Аёллар ҳуқуқи қонун ҳимоясида", "Жиноят жазосиз қолмайди", "Қизларнинг кийиниш ва мулоқот маданияти", "Қизлар сизга гапим бор", "Гўзал хулқ - инсон зийнати", "Орасталикка қадам", "Аёл - жамият таянчи", "Оила сариштаси" сингари қатор мавзулардаги тадбирлар ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. 

Талаба қизларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида бошланғич ташкилот қошида "Қизларжон" клуби, "Ибн Сино" саломатлик маърифат маскани, "Ижтимоий психологик маслаҳат маркази" ташкил этилган.

Айниқса, "Қизларжон" клуби фаолияти алоҳида эътиборга молик. Айни кунда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Севара Фозилжонова раислик қилаётган клубга талаба қизлар тўла жалб этилган, 100 дан ортиқ клуб фаоллари турли йўналишларда тенгдошларини янада фаол бўлишга қаратилган тарғибот ишларини олиб бормоқда.

"Қизларжон" клуби аъзоларининг ташаббуси билан мавжуд 5 та талабалар турар жойида "Тикувчилик", "Тўқувчилик", "Пазандачилик" тўгараклари ташкил қилинган. Ётоқхоналарда яшовчи талаба-қизларнинг илмий ва бадиий китоблар, жумладан, электрон асарларни ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш, ҳуқуқий, экологик, тиббий маданиятини юксалтириш мақсадида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Китобхонлик куни" тадбири ўтказилади. Тадбир доирасидаги "Бадиий асарлар таҳлили" машғулоти талаба-қизларнинг севимли машғулотларидан бирига айланган.

Клубимиз фаоллари туман-шаҳарлардаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида "Қизларжон" клублари фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича амалий ва услубий кўмакларини бериб келмоқда. Бундан ташқари, турли таълим муассасалари, Саховат, Болалар уйларида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўша масканларда таҳсил олаётган, яшаётган инсонларнинг кўнглини кўтариш, қалбларида умид ва ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.

Турли байрамлар, саналарга бағишлаб ўтказилаётган маданий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳам талаба ёшларнинг билими, фаоллигини оширишга, айниқса, уларнинг жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Клуб машғулотларида қизлар оилавий ҳаётга тайёргарлик, оила тутумлари, пазандалик, орасталик, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти хусусида кенг маълумот ва тушунчаларга эга бўлмоқдалар. Клубимиз қизларининг турли танловларда эришаётган ютуқлари самарали фаолиятимиз маҳсулидир. 

 

 Умидахон АҲМЕДОВА,

 

Андижон давлат университети хотин-қизлар қўмитаси раиси.