+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

08 Нояб 2018

ЁШЛАРИМИЗ ИНТЕРНЕТ ТАРМОFИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРДАН ЎРИНЛИ ВА ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНЯПТИМИ?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Бугуннинг гапи

Айни пайтда кўплаб ёшларимиз бўш вақтларини интернетда, хусусан, турли ижтимоий тармоқларда ўтказишаётгани сир эмас. Интернетдан кимдир дарсларда фойдаланиш учун зарур маълумотлар олмоқда, яна кимдир янгиликлардан хабардор бўлмоқда. Кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали янги-янги дўстлар орттирмоқда, узоқдаги ўз яқинлари билан мулоқотда бўлмоқда.

Бунинг нимаси ёмон, техника даври, тараққиёт дерсиз? Тўғри, бунинг ёмон томони йўқ. Тан олишимиз керак, замонавий ахборот коммуникация технологиялари, айниқса, интернет узоғимизни яқин, ишимизни енгил қилмоқда. Агар зарур бўлса, интернет ёрдамида бир неча дақиқа ичида ўзимиз хоҳлаган мавзу бўйича истаганимизча маълумотлар олишимиз мумкин.  Лекин...

 Лекин ёшларимизнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан, улардаги маълумотлардан оқилона фойдаланишлари борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина.

Талабалар, умуман, ёшларни кузатиб бораман. Уларнинг аксарияти бўш қолди дегунча, дарров қўл телефони билан машғул бўлади. Қандайдир ўйин ўйнайди, қўшиқ эшитади, фильм томоша қилади. Минг афсуски, бундай кўриниш кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Уларнинг мобиль телефон, интернетга бу қадар боғланиб қолишларини эса асло оқлаб бўлмайди. Бу энг аввало, ёшларимизнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатади, пухта билим олишдан  чалғитади.

   Бугун интернет тармоғида "Одноклассники.ру", "Фейсбук" сингари қатор глобаллашган ва оммалашган сайтлар борки, улар ёшларимизни ўзига "михлаб" олаётгани барчага яхши маълум. Турли тоифадаги ғараз ниятли кимсалар сайтлардан ўзларининг жирканч мақсадлари йўлида фойдаланаётгани ҳам бор гап. Бунинг аянчли ва хатарли томони шундаки, диний экстремистик ҳаракатлар, турли тоифадаги ақидапараст оқимлар, одам савдоси  билан шуғулланувчи кимсалар ўзларининг жирканч  ғоя ва мақсадларини шу йўл орқали оммага   тарқатишга, ёшларни ўз гирдобига тортишга уринмоқда. Бу ёшларимиз тарбияси, онги,  тафаккури ва мафкурасини издан чиқарадиган энг катта хавф эканлигини асло унутмаслигимиз керак.

Айрим ёшларимиз алдов ва ғаразли мақсадлар йўлида интернет тармоқларида тарқатилаётган турли маълумотлар, таклифларга осонгина ишониб қолмоқда. Улар томонидан тақдим этилаётган турли сўровнома ва анкеталарни тўлдираётган ёшларимиз ўша кимсаларнинг кимлигини билмай, сўраб-суриштимасдан таклифларига рози бўлишаётганлиги янада ташвишлидир. 

"Ижтимоий тармоқлардан биридаги эълон диққатимни тортди. Телеграмм орқали эълон берувчилар билан мулоқот қилдим. Менга чет элда ҳам ўқиб, ҳам ишлашни таклиф қилишди. "Хорижда ўқиб, ишласанг кўп пул топасан, ота-онангга ҳам пул жўнатиб туришинг мумкин", дейишди. Аввалига ишонмадим. Кейин улар мени интернет орқали танишиб, ўзларининг ёрдами билан чет элда ишлаётган, ўқиётган бир қанча ёшлар билан таништиришди. Уларга ҳавасим келди. Мен ҳам чет элда ишлашни, ўқишни, кўп пул топишни, ота-онамга ёрдам беришни жуда истадим. Ўқишдан академик таътил олиб, ўша ерга боришга аҳд қилдим.

Менга ишлашим мумкин бўлган ишлар, корхоналар рўйхатини, тўлдиришим учун анкета юборишди. Яхшики, ўша давлатда, айтилган шаҳарда ишлайдиган қариндошим бор эди. Ундан телефон орқали менга ишлашни таклиф қилаётган корхона ҳақида билиб беришни сўрадим. Икки кун ўтиб қариндошим қўнғироқ қилди. Айтилган манзил ҳам, номи зикр этилган корхона ҳам умуман йўқ эканлигини айтиб, хушёр бўлишга, интернетдаги ҳамма маълумотларга ҳам ишониб бўлмаслигини уқтирди..

Хорижга кетиш ниятидан қайтдим".

 Бу талабаларимиздан бирининг иқрори эди.

Минг афсуски, бугун орамизда юқоридаги каби алдовларга ишонаётган ёшларимиз йўқ эмас.

Тўғри, айни кунда интернет имкониятларидан унумли фойдаланиб, юксак ютуқ ва марраларни забт этаётган ёшлар жуда кўп. Бироқ барча ёшларни ҳам интернет маълумотларидан ўринли ва оқилона фойдаланаяпти, дея олмаймиз. Ёшлар табиатан қизиққон бўлади. Ҳамма нарсани, айниқса, ноанъанавий жараёнларни билишга, кўришга ҳаракат қилади. Шу боис, интернет тармоқларидаги шафқатсизлик, зўравонлик, порнография, "оммавий маданият" кўринишларини тарғиб этувчи маълумотлар,    видеолавҳалар уларни осонликча ўзига жалб этмоқда. Бу ўз      навбатида ёшларимизнинг миллий анъана, ўзбекона тарбия, одоб-ахлоқ меъёрларидан узоқлашишларига йўл очиб бермоқда.

Ахборот хуружлари кучайиб бораётган бугунги кунда огоҳ ва ҳушёрликни унутмаслик муҳимдир. Эътиборсизликка йўл қўйсак ёки ўз вақтида ушбу иллатнинг олдини олиш чораларни кўрмасак, ёшларимиз тарбиясининг издан чиқишига, тузатиб бўлмайдиган оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак? Бу борада бизга мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг "Fояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак" деган сўзлари дастуриламал бўлиши лозим.

Интернет тармоқларида   тарқатилаётган диний ақидапарастлик, терроризм ғояларини ёйиш, "оммавий маданият" кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга, ёшларимизнинг ана шу иллатлар таъсирига тушиб қолмасликлари, юқоридаги каби алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун энг аввало, уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли ва оқилона фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришимиз зарур.

Ёшларимизда ёт ғояларга, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас, қачонки, уларнинг ўзларида "бу яхши, у ёмон" деган фикр пайдо бўлмас экан, ахборот хуружлари хавфидан, интернет орқали ҳаётимизга, мафкурамизга кириб келаётган иллатлардан асло қутила олмаймиз.

Бу борада ижобий натижага эришиш учун нафақат педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши, хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса, маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг фарзанд тарбиясига, фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган эътибори ва масъулиятини ошириш лозим. Ёшларимиз эътиборсиз, назоратсиз қолмасин.

Интернет - ахборот уммони. Бугун уни чеклаб ёки тўхтатиб қўйиш мумкин эмас. Ушбу уммон имкониятларидан эзгулик йўлида фойдалана билиш ҳар кимнинг билими, тафаккури, интеллектул салоҳиятига боғлиқ. Шу боис, айни пайтда ёшларимиз интернетдан билимини юксалтириш, ўзига керакли жиҳатларини танлаб ола билиш даражасида салоҳият эгалари бўлишлари керак.

Мадаминжон МАҲКАМОВ,

Андижон давлат университети физика-математика факультети декани.

Прочитано 1845 раз Последнее изменение 24 Дек 2018