+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Касбига фидойи муаллима

Таълим фидойилари

Айни кунда орамизда ёш авлодга таълим-тарбия бериш борасида самарали фаолият юритиб, нафақат ўқувчилар,  ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик орасида ҳурмат-эътибор топган устоз ва мураббийлар жуда кўп. Ана шундай фидойи муаллималардан бири Марҳамат туманидаги 24-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Дилфуза Хожиалиевадир.

Тажрибали муаллима 28 йилдан буён ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келади. У дарсларни қизиқарли, жонли, илғор педагогик технологиялар асосида ўтишга, айниқса, ўқувчиларнинг ўз фикр ва мулоҳазаларини эркин билдиришларига алоҳида эътибор қаратади. Дарсларга ижодий ёндашиши  эса ўқувчиларнинг фанга, қолаверса, пухта билим олишга бўлган қизиқишини янада оширади.

Мактабимиз ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитиш бўйича вилоятимиздаги таянч мактаблардан бири саналади. Шу боис ҳам ўқувчиларимизнинг мазкур фанни ўзлаштириш бўйича рейтинг кўрсаткичлари юқори, қатор ўқувчиларимиз ўтказилаётган қатор танловлар, фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Ўқувчиларимиз эришаётган ана шу ютуқларда албатта, устоз Д. Ҳожиалиеванинг муносиб ҳиссаси бор.

Устоз сабоқ бераётган 11-синфнинг фаол ва аълочи ўқувчиларидан бири Иззатулло Мўминжонов 2017-2018 йилда ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўтказилган фан олимпиадасининг туман ва вилоят босқичларида, шунингдек, жорий йилда бўлиб ўтган "Жаҳолатга қарши маърифат" кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Дилфуза Хожиалиева ўз ишининг етук билимдони бўлиш билан бирга, моҳир ташкилотчи, ташаббускор муаллима сифатида жуда кўп тадбирларни ташкил этишда фаоллик кўрсатади. Бугун у шогирдлари билан конституциямизнинг 26 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда.

- Конституция - бахтимиз қомуси, - дейди Д. Хожиалиева. - Унда юртимиз ҳар бир фуқаросининг ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятлари ўз ифодасини топган. Бош қомусимиз мазмун-моҳиятини, унда белгиланган нормаларни ўқувчиларга тушунтириш, уларнинг бу борадаги билимларини бойитиш жуда муҳим. Чунки у келажак сари олға интилишимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Дилфуза Хожиалиева сингари ташаббускор, касбига  фидойи ўқитувчиларимиз кўпаяверсин.

Иззатулло ДЕҲҚОНОВ,

Марҳамат туманидаги

 

 24-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

СОҒЛОМ МУҲИТ ЯРАТАЙЛИК

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти Андижон вилояти ташкилоти томонидан 29 ноябрь - 1 декабрь кунлари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатор тадбирлар ўтказилди. 

1 декабрь - Бутунжаҳон  ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан вилоятдаги олий ўқув юртлари, қасб-ҳунар коллежлари, қатор ташкилот ва муассасаларда ОИТС касаллигига қарши курашиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Жумладан, "Кучларни бирлаштирайлик, соғлом муҳит яратайлик" шиори остида Андижон давлат тиббиёт институти, Андижон транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи талабалари ҳамда Жамият кўнгиллилари иштирокида  "Биз ёшлар ОИТСга қаршимиз!" мавзусида семинар, давра суҳбатлари ўтказилди.

Ўтказилган тадбирларда ОИВ инфекциясининг юқиш йўллари, қайси ҳолларда юкмаслиги бўйича иштирокчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшларнинг соғлом турмуш тамойилларига қатъий риоя этиш, зарарли одатлардан воз кечишлари зарурлиги тушунтирилди.

Семинар ва давра суҳбати иштирокчиларига  "ОИТСсиз келажак сари", "Биз ёшлар ОИВ профилактикаси тарафдоримиз", "Соғлом турмуш тарзи", "Ёшлар гиёҳвандликка қарши!" мавзуларидаги буклет ҳамда услубий қўлланмалар тарқатилди.

Адҳамжон УЗОҚЖОНОВ,

 

ҚЯОЖ вилоят ташкилоти ижрочи директори.   

ПЛАСТИК КАРТА ОПЕРАЦИЯСИ

Жиноят ва жазо

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларимизнинг ҳалол меҳнат қилиб, чиройли ҳаёт кечиришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган.

Ана шу имкониятлар самараси ўлароқ, опа-сингилларимиз турли соҳаларда самарали фаолият юритиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, аёлларимиз орасида ўз "қилмиш"лари билан аёл, она номига доғ тушираётган, қонунга хилоф иш тутаётганлари ҳам учраб турибди.

Бўзлик Намуна Умматова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) у қадар ночор яшамайди, ўзига тўқ оила бекаси. Лекин у борига шукр қилмасдан текиндан даромад топишни ўйлаб қолади. Бунинг учун у ўзгаларнинг пул маблағларини алдов йўли билан қўлга киритиш, шу йўл билан бойлик орттириш мақсадида жиноий режа тузади.

Режага кўра у, фуқароларнинг пластик карталаридаги пул маблағларини фоизсиз          нақдлаштириб беришни ваъда қилади, танишлари орқали ана шу "хизмат"ни кенг тарғиб этади. Лекин, бу ишни бир ўзи амалга ошира олмаслигини яхши билиб, турмуш ўртоғи Улуғмурод Усмоновни ҳам бу ишга жалб қилади. Аёл эрининг аввал банк тизимида фаолият кўрсатганлиги одамларнинг ишончига киришида қўл келиши, шубҳа ва гумонлар туғдирмаслигини яхши биларди. Қолаверса, одамлар орасида пластик картадаги маблағларини имкон қадар фоизсиз нақдлаштирмоқчи бўлганлар, нақд пулга муҳтожлар сони кўплаб топилади.

Ана шундай содда одамлар ўзлари билмаган ҳолда фирибгарларнинг тузоғига илинади.

Шу тариқа, қонундан қўрқмаган эр-хотин қабиҳ ишлари билан одамлар ишончига кириб, пластик карталардаги маблағларни дастлаб 6 фоиздан, сўнг фоизсиз нақдлаштириб беришни ваъда қилиб, одамлардан жуда кўп пластик карточкаларини оладилар. Амалда эса улар карталардаги маблағларни         нақдлаштиришиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишади. Ҳа деганда пулдан дарак бўлавермагач, алданганини англаб етган фуқаролар ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганларидан сўнггина жиноятчиларнинг "қилмишлари"га чек қўйилади.

Тергов натижасида қаллоб эр-хотин нақдлаштирилган умумий суммаси 1 миллиард сўмдан ортиқ пулни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юбориб, ўзгаларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари маълум бўлади.

Суд ҳайъати, судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари натижасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарлар судланувчи Намуна Умматова ва Улуғмурод Усмановдан солидар тартибда жабрланувчилар фойдасига ундирилишини белгиланди.

Суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли бандларига асосан, Намуна Умматовага 6 йил муддатга, турмуш ўртоғи Улуғмурод Усмановга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум килиш жазоси тайинланди.

 

Азизбек ОДИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

 

Бўз туман суди девонхона мудири.

Хотин-қизлар дилдоши, фахрий онахонлар йўлдошисан -"Иқбол"

"Обуна - 2019"

"Иқбол" газетасининг ҳар бир сонини қолдирмай ўқиб бораман. Саҳифаларидаги ранг-баранг материаллари, тарбиявий мавзудаги мақолалари билан газета менинг қадрдонимга айланган.

Фахрий тарғиботчи сифатида жойларда аҳоли, айниқса, фахрий онахонлар ўртасида ўтказаётган суҳбатларда газета саҳифаларида берилаётган "Бугуннинг гапи", "Мулоҳаза", "Ҳаёт - ибрат мактаби", "Ҳидоят нури", "Турмуш чорраҳаларида" рукнлари остидаги ибратли, кишини мулоҳаза ва мушоҳадага чорловчи тарбиявий аҳамиятга эга мақолалардан кенг фойдаланаман.

Газета саҳифаларида барча соҳаларда меҳнат қилаётган аёллар фаолияти, ёши улуғ, фахрий онахонларнинг ҳаёт йўллари, қизлар тарбияси, энг муҳими, оила мустаҳкамлигини таъминлаш мавзуларига кенг ўрин берилаётганлиги мени қувонтиради.

Таҳририят жамоатчи мухбирлар, маҳалла мутахассислари, отинойилар, ижодкор ўқитувчи, шифокорлар, умуман, турли соҳа вакилалари фаолиятини ёритишга алоҳида эътибор қаратаётгани жойлардаги қаламкашларни руҳлантирмоқда, уларни ижод қилишга, вилоятимизда олиб борилаётган  бунёдкорлик ишларида янада фаол бўлишга ундамоқда.   Айниқса, ёш ижодкор қизларимизнинг ўз иқтидорларини юзага чиқаришларига кенг йўл очиб бераётгани эътиборга молик.

Янги йилдан "Иқбол" саҳифаларида фахрий онахонларнинг ёшлар тарбиясига оид маслаҳатлари, тажрибалари янада кенгроқ ёритилса, шунингдек, "Қизларжон" рукни ташкил этилса, унда қизлар орасидаги муаммолар, ютуқ ва камчиликлар ёритиб борилса, "Сирдош" саҳифаси ташкил этилиб, қизларимизнинг дўстига, сирдошига айланса, жуда яхши бўларди. 

Барчамизга маълумки, айни кунда газета-журналларга обуна қизғин паллага кирган. Истардимки, "Иқбол" газетаси вилоятимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борсин. Мен хотин-қизларимизнинг кўзгуси, дилдоши, фахрий онахонлар йўлдоши - "Иқбол"га биринчилар қаторида обуна бўлдим. Барча хотин-қизларимизни газетага обуна бўлишга чақираман.

Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,

"Нуроний" жамғармаси Булоқбоши туман бўлими

 

қошидаги жамоатчилик асосида хотин-қизлар билан ишлаш кенгаши раиси.

ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ЎЗЛАШТИРИШ ДАРАЖАСИ ЮКСАЛДИ

Фан ойлиги

Ҳар қандай мамлакатнинг эртанги куни ёш авлоднинг тарбияси, билими, салоҳияти ва маънавиятига боғлиқ. Мамлакатимизда халқ таълими тизими соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлардан мақсад ҳам ҳар томонлама етук, эл-юрт корига ярайдиган шахсни камол топтиришдир.

Математика, она тили ва адабиёт фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатимизда 407 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. Уларга  42 нафар устоз ва мураббийлар таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўқитувчиларимизнинг дарс жараёнларида ахборот коммуникация технологиялари ҳамда интернет тармоғидан кенг фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилган. Мактабимиз ўз веб-сайтига эга. Сайтимизга доимий равишда янги маълумотлар киритиб борилади.

Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ўқувчиларимиз ташкил этилган фан тўгаракларига тўла жалб этилган.

Маълумки, ноябрь ойи умумтаълим мактабларида "Рус тили ва адабиёти фани ойлиги", деб эълон қилинган эди. Ойлик мактабимизда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Ойлик бошида рус тили фани ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар, олимлар, рус ёзувчи ва шоирларининг портретлари, ҳикматли сўзлари, қизиқарли бошқотирмалар ҳамда янгиликлар билан безатилган махсус доска тайёрланди. Ўқувчилардан билим сифати, ўзлаштириш даражасини аниқлаш бўйича ДТС талаблари асосида кириш тестлари олинди. Янги,  илғор педагогик технологиялар, AKTлар, мультимедия воситалари ҳамда интерфаол усуллар асосида очиқ дарслар ўтказилди.  Бундан ташқари, рус тили ва адабиёти фани ўқитилишини такомиллаштириш, дарсларга ижодий ёндашиш, илғор педагогик технологилардан кенг фойдаланиш, таълим сифатини ошириш, иқтидорли ўқувчиларнинг қобилияти, изланувчанлигини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Синфлар ўртасида турли кечалар, викторина ва беллашувлар ташкил этилди. Айниқса,    "Узбекистан - навек мы твои дети" деб номланган кеча барчага бирдек манзур бўлди. Ойлик якунида ўқувчилардан чиқиш тестлари олинди. Ойлик бўйича услубий бирлашма йиғилиши ҳамда педагогик кенгашда рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари фаолиятига юқори баҳо берилди. Ойлик доирасида ўтказилган тадбирлар ўқувчиларнинг рус тили фанига бўлган қизиқишларини янада оширишга, рус тили ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитишда шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этди. 

Рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Гулзода Маматқулова, Муҳайё Тожибоева нафақат ойлик доирасида, балки йил давомида ўқитишнинг илғор, самарали ва интерфаол усулларидан фойдаланиб, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Улар дарсларни юқори савияда ўтиш билан бирга, ўқувчиларда миллий қадриятларимизга ҳурмат, бузғунчи, ёт ғоялар, салбий иллатларга қарши маънавий иммунитетни  шакллантириш борасида ҳам намунали фаолият олиб бормоқдалар. Натижада, улардан сабоқ олаётган ўғил-қизлар рус тили ва адабиёти фанидан билимлар беллашуви ҳамда фан олимпиадаларининг туман, вилоят босқичида фахрли ўринларни эгаллашмоқда.

Гулчеҳра БЕГМУРОДОВА,

 

Балиқчи туманидаги математика, она тили ва адабиёти фанларига ихтисослаштирилган  мактаб-интернат директори.

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ АСАРЛАРИНИ ТАКРОР-ТАКРОР ЎҚИГИНГ КЕЛАВЕРАДИ

Буюк сиймолар ўлмайди

 

Қўрғонтепа туманидаги таълим муассасаларида машҳур ёзувчи, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Тумандаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган 30- давлат ихтисослаштирилган мактабда вилоят ҳамда Ўш области халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган "Қирғиз тилини ўқитишнинг янгича методикаси" мавзусидаги семинар, "Чингиз   Айтматов - қирғиз халқининг улуғ адиби" мавзусидаги адабий-маърифий тадбирда вилоятдаги қирғиз тили ўқитиладиган мактаблар раҳбарлари, қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, Ўшдан ташриф буюрган меҳмонлар, мутахассислар иштирок этди.

- Айни кунда туманимизда қирғиз тилида ўқитиладиган синфлари бўлган 8 та мактаб ҳамда таълим тўла қирғиз тилида олиб бориладиган 1 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсатмоқда, - дейди туман халқ таълими бўлими ўзбек тили ва адабиёти ҳамда қардош тиллар бўйича методисти Умидахон Юсупова. - Қирғиз тили ўқитиладиган синфлар барча фанлар бўйича қирғиз тилидаги дарсликлар билан таъминланган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қирғиз тилида дарс ўтадиган ўқитувчиларимизга зарур услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Тадбирларда мамлакатимиз умумтаълим мактабларида қирғиз тилини ўқитиш борасида олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар муҳокама қилинди. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, буюк адиб Чингиз Айтматовнинг ҳаёти, фаолияти, ижоди хусусида сўз юритилди.

- Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори нафақат Ўзбекистонда яшаётган қирғиз миллати вакиллари, балки, барча   юртдошларимизни, қардош қўшни қирғиз халқини беҳад қувонтирди, - дейди Қўрғонтепа туманидаги 30- ихтисослаштирилган мактаб директори Талайбек Қарабеков.  -   Мазкур ҳужжат жаҳонга машҳур ёзувчининг шахси, унинг ижодий мероси билан бир қаторда, қирғиз халқига бўлган ҳурмат намунасидир.    

Улуғ адиб ижодий меросининг аҳамияти, асарларида тараннум этилган юксак инсоний фазилатлар, адибнинг йирик жамоат арбоби сифатидаги фаолияти, турли халқлар ўртасидаги дўстликни   мустаҳкамлашга қўшган беқиёс хизматлари ҳақида қизиқарли маърузалар ўқилди.

Тумандаги 24-умумтаълим мактабида ўтказилган "Чингиз Айтматов - жаҳон адабиётининг буюк намоёндаси" деб номланган тадбирда ҳам улуғ адиб ижодининг ўзига хос қирралари хусусида сўз юритилди.

Мактаб фойесида Чингиз Айтматов китоблари, унинг ҳаёти, фаолиятига оид, шунингдек,  ўзбек ёзувчи ва шоирлари билан ҳамкорлиги акс эттирилган фотосуратлар кўргазмалари ташкил этилди.

-  Адабиёт инсон маънавий   дунёсини, тафаккурини бойитишда чегара билмас восита эканлигига Чингиз Айтматов ижоди орқали яна бир бор амин бўлдик, - дейди 24-умумтаълим мактаби директори Дилафрўз Исмоилова. - Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, балки, ўзбек халқи юрагидан ҳам жой олган севимли адиб бўлиб, ижоди юксак бадиий маҳорат намунасидир. Адибнинг деярли барча асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Унинг "Жамила", "Сарвқомат дилбарим", "Оқ кема", "Эрта қайтган турналар", "Асрга татигулик кун" каби асарларини такрор- такрор ўқигинг келаверади.

Тадбирда ўқитувчилар Мастура Каримова, Қизлархон Шералиева, Унсиной Болтабоева Чингиз Айтматов ижоди бўйича ўзбек, қирғиз ва инглиз тилларида очиқ дарслар ўтди. Ўқувчи ёшлар томонидан буюк адиб асарлари асосида тайёрланган саҳна кўринишлари  намойиш этилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Аёл сабрли бўлса, оила мустаҳкам бўлади,

- дейди хонободлик маҳалла мутахассиси Мақсудахон Юлдашева.

Хонобод индустриал техникумини тамомлаган Мақсудахон опа иш фаолиятини 1989 йилда шаҳардаги йирик корхоналардан бирида бошлаган эди. Ана шу корхонада 10 йилдан ортиқроқ ишлади. Оддий ишчидан цех бошлиғи лавозимига кўтарилди. Мақсудахон опа  корхона хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотини  бошқарди. У қатор йиллар жамоатчилик асосида маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссиясига ҳам раҳбарлик қилди.

 Айни пайтда Мақсудахон Юлдашева Хонобод шаҳридаги "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси вазифасида самарали фаолият юритиб келмоқда.

 "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғинида 4430 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2,5 мингдан ортиғи аёллардир.

- Маҳалламиз шаҳарнинг марказида жойлашган, - дейди мутахассис М.Юлдашева. - Ҳудудимизда жорий йилда ишга туширилган- Хонобод сиҳатгоҳи, "Ўзбегим" савдо маркази, "Ногиронлар уйи", шунингдек, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари жойлашган. Фаолиятимизни улар билан яқин ҳамкорликда олиб борамиз. Ногиронлар уйида 27 нафар имконияти чекланган оилалар истиқомат қилади. Уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб турамиз. Яқинда 2-гуруҳ ногирони Гулмира Муҳиддиновага оёғини операция қилдириш учун моддий ёрдам ажратилди. Шу кунларда яна 6 нафар ногирон аёлнинг оиласидаги муаммоларини ижобий ҳал қилиш ҳаракатидамиз.

"Истиқлол" маҳалласи ҳудудида ишсиз фуқаролар деярли йўқ. Ҳудуддаги тўқимачилик корхонасида ўнлаб маҳалла ёшлари ишлайдилар. Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркор аёллар раҳбарлик қилаётган ишлаб чиқариш корхонаси, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари самарали фаолият юритмоқда.

Оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш оилалар билан иш олиб бориш, қизларни турмушга тайёрлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги, шунингдек, шаръий никоҳларнинг олдини олиш, ажримларга йўл қўймаслик борасидаги ишлар ҳам тизимли равишда йўлга қўйилган. Яъни шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази шаҳар бўлими, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси ва бошқа қатор давлат, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ана шу йўналишларда давра суҳбатлар, учрашувлар мунтазам ўтказиб борилмоқда.

- Шаҳар ФҲДЁ бўлими билан яқин ҳамкорликда иш олиб борамиз, - дейди мутахассис. - Турмуш қуриш мақсадида ариза берган ёшларни ота-оналари билан бирга чақиртириб, тўй-маросимларни ўтказиш борасида суҳбатлашамиз. Тўйни ихчам, камчиқим, ортиқча дабдабасиз ўтказишга келишамиз. Очиғи, кераксиз маросимлар, ортиқча сарф-ҳаражатлар аёллардан чиқади. Шу боис, биз кўпроқ тўй соҳибалари билан алоҳида иш олиб борамиз. 

Ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида ажрим ёқасида турган 12 та оила яраштирилди. 

- "Бизнинг маҳалламизда ажримлар бўлмайди" мавзусида ўтказган тадбиримиз жуда яхши самаралар берди, - дейди Мақсудахон опа. - Ҳудуддаги ибратли хонадон соҳибалари, ёш келинлар, нуроний, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар таклиф этилган ана шу тадбирда оиладаги парокандалик, ажримлар нималарга олиб келиши, норасида гўдакларнинг аянчли тақдири ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди.

Мақсудахон Юлдашева нафақат ишининг фидойиси, балки ибратли оиланинг соҳибаси ҳамдир. У турмуш ўртоғи Баҳодиржон Сойибжонов билан 2 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда.

- Аёл оила ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш учун ҳаракатчан, зукко, оқила ва доно бўлиши керак, - дейди Мақсудахон опа суҳбатда. - У ҳар бир ишда  фарзандлари, маҳалла-кўйига ўрнак бўлсин. Оиласи тинч ва мустаҳкам бўлишини истаган аёл ҳар қандай шароитда сабрли бўлади. Ҳаёт синовларидан ўтган ана шу ўгитга амал қилган аёл асло кам бўлмайди.

Хотин-қизлар фаоллигини ошириш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида фидойилик билан меҳнат қилаётган Мақсудахон опа Юлдашева сингари мутахассисларимизнинг хайрли ишлари  янада кўпаяверсин.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Сен муҳаббат тимсоли - аёл!

У висолнинг йўлида мағрур,

Кўнгилларда энг эрка хаёл.

Тиз чўкади пойида ғурур,

Сен муҳаббат тимсоли - аёл!

 

Дил розларинг бокира ҳали,

Пинхон ишқинг ойга сўйланар.

Орзуларинг айтар тасалли,

Қалб тубида армон ўйланар.

 

Фарзандингнинг камоли ёруғ,

Сўрамайсан тақдирдан савол.

Шукроналик кўксингдаги туғ,

Бунча олийҳимматсан, аёл?

 

Ҳавас юрар ортингдан сенинг,

Маломатлар, ғийбатлар - бекор.

Асли бахтдир чинакам тенгинг,

Аёл, сенга тумор - номус-ор!

 

Эргашой ЖЎРАЕВА

Вилоятимизниннг энг моҳир дизайнерлари иқтидор ва маҳоратларини намойиш этди

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида  "Нафосат - 2018" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хусусан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги  таъкидланди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Тадбиркор аёл" уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган танловда мазкур йўналишда юқори натижаларни қўлга киритаётган дизайнер-тикувчи ва   стилистлар ўз коллекциялари билан иштирок этди.

- Хотин-қизларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, улар ўртасида миллий ва замонавий кўринишдаги, халқимизнинг азалий анъаналарига мос кийимларни кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган мазкур танловда дизайнерларимиз фаоллик ва катта қизиқиш билан иштирок этди, - дейди "Тадбиркор аёл" уюшмаси вилоят бўлими ижрочи директори Наргиза Мирзаалимова. -  Қолаверса, танлов опа-сингилларимизнинг кийиниш услубига янгича кўриниш ва тамойилларни жорий этиши билан ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Иштирокчилар 4 та асосий йўналиш бўйича дизайнерлик фаолияти, миллий кўринишдаги либослар тайёрлашга замонавий ёндашиши, соҳани ривожлантириш бўйича илғор тажриба ва таклифлари, шунингдек, етакчи аёл, талаба қиз, ижодкор аёл тимсолларида либослар эскизи намойиши ҳамда эркин мавзу шартлари бўйича ўз истеъдод ва маҳоратларини намойиш этдилар.

Якунда энг яхши деб топилган дизайнер тикувчилар танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Шунингдек, танловда "Йилнинг энг яхши ёш модельер-дизайнери", "Энг яхши миллий йўналишдаги модельер-дизайнер" номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. 

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Янги ишлаб чиқариш цехлари очилди

Андижон шаҳридаги "Қаландархона" маҳалла фуқаролар йиғинида янги ишлаб чиқариш цехлари очилди. Тадбиркор Дилбархон Абдуллаева қишки болалар кийимлари, Роҳатой Қосимова эса аёллар ва эркаклар учун курткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида тадбиркор аёлларнинг хонадонида ташкил этилган мазкур цехларда шу ҳудудда яшовчи 20 нафардан зиёд аёл-қизларнинг бандлиги таъминланди. 

Маҳалла аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида янги цехларнинг очилишига бағишланган тадбирда сўз олган шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Р.Жўрабоева, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н. Ёқубов ва бошқалар мамлакатимизда барча соҳаларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидладилар, эзгу мақсадда иш бошлаган тадбиркор аёлларга муваффақиятлар тиладилар.

Тадбир доирасида 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ҳудуддаги 10 нафар ногиронга кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Гулнорахон  БОЗОРМАТОВА,

 

мазкур маҳалла мутахассиси.