+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Танлов ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти асосида  "Холис" газетаси таҳририяти томонидан "Ёшларга маънавий бойликларимизга ҳурмат билан қарашни ва урф-одатларимиз ҳамда анъаналаримиз, бебаҳо тарихий меросимизни сақлаш ва ривожлантириш туйғусини сингдириш" мавзусидаги лойиҳа доирасида "Энг яхши мақола" танлови эълон қилинган эди. 

З.М. Бобур номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида туман, шаҳар ҳамда тармоқ  босма оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари иштирокидаги йиғилишда мазкур танловнинг якуний натижалари эълон қилинди. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, танловда Андижон давлат университети катта ўқитувчиси Шаробиддин Ҳасанов биринчи ўринга сазовор бўлди.

"Андижоннома" газетаси бўлим мудири Нажмиддин Эргашев ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти профессори Одилжон Салоҳиддиновга иккинчи ўрин, устоз журналист Абдумутал Абдуллаев, Андижон давлат университети профессори Салима Мирзаева ва "Андижоннома" газетаси бўлим мудири Муҳаббат Отамирзаеваларга учинчи ўрин насиб этди.

Fолиб ва совриндорлар таҳририятнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Танлов ғолибларини муборакбод этамиз.  

 

 

Барно СОЛИЕВА

АРДОFИМСАН, ВАТАНИМ!

Бир кафт тупроғинг-да зийнатдан устун,

Қорачиқларимда туғилган Ватан.

Сенга тиғ урсалар - юрак пора, хун,

Меҳри тан-танимга йўғрилган Ватан.

 

Мусаффо осмонинг - орзу макони,

Бу кўҳна заминдир аждодлар ётган.

Қадамлар эртанинг ёруғ имкони,

Қўллар қадоқлари меҳнатда қотган.

 

Тандирдан узилган насиба иси,

Токда ялтираган бир шингил узум.

Қариндош, қўшнининг ўғилу қизи,

Барида тафтинг бор юртим-юлдузим.

 

Бағрингда яйраган бахтли қизингман,

Имконлар ичида сезилмас камим.

Дея олай бир кун: "Айтар сўзингман!"

Ардоғимсан менинг, кўҳна Ватаним!

 

 

Зилола РЎЗИБОЕВА, Олтинкўл тумани.

ОИЛА - МУҚАДДАС ҚЎРFОН

"Оила" илмий-амалий   тадқиқот маркази вилоят бошқармасида "Оила-муқаддас қўрғон" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти ташаббуси билан бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорликда ташкил этган мазкур тадбирда ҳарбий хизматчилар оилалари, "Оила" маркази мутахассислари, муассаса ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси фаоллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Лазокатхон Жалолова, Андижон шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиникаси раҳбари Муҳаррамхон Раҳмонова, Ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси, подполковник Гулнора Абдувоҳидова, "Меҳримиз сизга" хотин-қизлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раҳбари Холидахон Мирзараҳимова ва бошқалар оила - жамиятнинг кичик, аммо ажралмас бўғини эканлиги, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, айни вақтдаги оилавий муаммолар ва уларнинг омиллари, аёллар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оила муқаддаслигини сақлаш ва фаровонлигини таъминлаш хусусида гапирдилар.

- Вилоятимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга, оилаларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда, - дейди Л. Жалолова. - Натижада оила мустаҳкамлигига раҳна солувчи омиллар, ажримлар, низоли оилалар сони бирмунча камаймоқда. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда  кенг жамоатчилик ҳамкорлиги муҳим роль ўйнамоқда.

  Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларга йўл қўймаслик, опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал этиш, оилавий ажримлар, одам савдоси, ОИТС хасталиги келиб чиқишининг олдини олиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, носоғлом оилалар билан бевосита иш олиб бориш сингари қатор йўналишлардаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

 Тадбир қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.

Мадинахон МАМАЖОНОВА,

 

 ҳарбий қисм етакчи мутахассиси.

Аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмайди

Муҳим сана

БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йилнинг 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь - Халқаро Аёлларга нисбатан зўровонликка барҳам бериш куни, деб эълон қилинган.

БМТ шу орқали барча ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, нодавлат ташкилотларини мазкур кунда жамоатчиликни ушбу долзарб муаммо ҳақида хабардор этишга бағишланган тадбирларни ташкиллаштиришга чақирди.

2014 йилда БМТ Бош котиби аёлларга нисбатан зўравонликни йўқ қилишга қаратилган "UNiTE" номли ташаббусни эълон қилган. Мазкур ташаббус бўйича турли тадбирлар дунё бўйлаб барча шаҳарлар, кўчаларда 25 ноябрдан 10 декабргача жамоатчиликнинг фаол иштирокида ўтказила бошланди.

Бу санага Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда 26 ноябрдан  "16 КУН ЗЎРАВОНЛИКСИЗ!" акцияси ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, аёлларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига барҳам беришдир.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА

Бахтли ҳаёт сари

Избоскан туманидаги 28-умумтаълим мактабида "3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни" олдидан  "Имконияти чекланган болаларга психологик ёрдам кўрсатиш, ёхуд бахтли ҳаёт сари" мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди. Семинарда туман халқ таълими бўлими вакиллари, психологлар, фахрий устозлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ҳамда ўқитувчилар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган туман халқ таълими бўлими методист-дефектологи Муҳайё Назарова, методист-психолог Нодира Абдураҳмонова, 28-умумтаълим мактаби директори Зумрадхон Даминовалар мамлакатимизда имконияти чекланган болаларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунарга йўналтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб, ҳудуддаги 14 нафар имконияти чекланган бола якка тартибда таълим олаётгани, уларга ижтимоий-психологик кўмак кўрсатиш таълим соҳаси мутасаддилари учун долзарб вазифа эканлигини таъкидладилар. 

Бошланғич синф ўқитувчилари Мафтуна Мўминова, Омадой Акбарова, она тила ва адабиёти фани ўқитувчиси Ҳимоятхон Ҳайдаровалар томонидан якка тартибда таълим олувчи ўқувчилар иштирокида очиқ дарслар ташкил этилди. Ўқувчилар томонидан она Ватан, устоз, бахтли болаликни тараннум этувчи шеър, қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир якунида якка тартибда таълим олувчи 14 нафар ўқувчига туман халқ таълими бўлими томонидан совғалар топширилди.

 

Гулнора МАҲКАМОВА,

 

мазкур мактаб ўқитувчиси.

Конституция - бахтимиз қомуси

Олтинкўл туманидаги 28-давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда мактаб-интернат ўқитувчи ва ўқувчилари, маҳалла фуқаролар йиғинларидан вакиллар ҳамда ота-оналар иштирок этдилар.

Мазкур байрам тадбирини муносиб ўтказиш учун мактаб-интернатнинг 8- А синф ўқувчилари тарбиячи Замирахон Бурхонова бошчилигида пухта тайёрландилар.

- Бош Қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси     Конституцияси дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, тенглар ичра тенглигимизни, келажаги буюк давлат қуришга бел боғлаган бағри кенг, кўп миллатли Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи ҳужжат сифатида бизнинг йўлларимизни чароғон этади, - дейди  З. Бурхонова. - Суверен ва демократик давлат қуриш йўлидан қатъий бораётган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси     Конституциямиз билан фахрланади. Чунки, у бахтимиз қомусидир.

Тадбирда 8-А синф ўқувчилари томонидан Конституциямизни улуғловчи шеърлар ўқилди, қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Саҳна кўринишлари орқали бош қонунимиздаги бир қанча моддалар мазмуни очиб берилди.

Тадбир якунида мактаб-интернат директори Ферузахон Раҳмонова йиғилганларни байрам билан табриклаб, тадбирда фаол иштирок этган ўқувчиларни эсдалик совғалари билан тақдирлади.

 

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ, жамоатчи мухбир.

"Мен кутган фасл"

Янги китоб

Моҳигул Нўъмонжонова айни пайтда Олтинкўл  транспорт касб-ҳунар коллежида таҳсил олади. Шу билан бирга,    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги "Бобур издошлари" адабий тўгарагининг фаол аъзоларидан бири. Яқинда Тошкентдаги "Янги нашр"   нашриётида ёш ижодкорнинг "Мен кутган фасл" деб номланган шеърий тўплами нашрдан чиқди.

Ушбу тўпламга киритилган шеърларда ёш шоира ўзининг бахтли болалик, Ватан, ота-она ва яқинларига бўлган меҳр-муҳаббати, юрт равнақидан фахрланиш, ҳаёт ҳақидаги мушоҳадаларини ўзига хос бадиий бўёқларда тараннум этади.

У "Ватан" деб номланган шеърини қуйидаги гўзал мисралар билан бошлайди:

Сочимни сойларинг ювмоқда яна,

Кўз тегмасин сира гўзал боғингга.

Товоним тупроғинг ўпмоқда, қара,

Бўйимдир баравар баланд тоғингга.

Бундан ташқари, "Ўзбегим қизлари", "Аёл", "Иш тушмасин" каби шеърлар ўқувчида чиройли таассуротлар қолдириш билан бирга, мушоҳадага ҳам чорлайди.

Мухтасар айтганда, ижод бўстонига кириб келаётган бу қизимизнинг ушбу тўплами шеърият ихлосмандларига манзур бўлади, деб умид қиламиз.

 

 

"Иқбол" таҳририяти.

Пойабзални қандай сақлаш керак?

Тавсия

Ёғин-сочинли кунлар бошланиши билан пойабзалнинг "хизмати" икки баробарга ошади. Унинг чидамлилигини ошириш, чиройли кўринишини сақлаш учун эса қуйидаги тавсияларга амал қилинса, фойдадан холи бўлмайди...

Чарм пойабзаллар

Ҳар куни нам латта билан артинг. Пойабзал жудаям ифлос бўлиб кетган ҳолда тозаловчи восита, масалан, идиш ювишда ишлатиладиган воситани сувга аралаштириб, кейин пойабзалингизни тозаланг. Ёғинли кунларда пойабзални яхшилаб кремланг. Кремнинг таркибида мум асосий ўринни эгаллаши лозим. У чармни юмшатади, осон сингийди ва сувни ўтказмайди.

Ҳафтада бир марта пойабзалингизга махсус сув ўтказмайдиган спрей билан ишлов беринг.

 

Чарм ўрнини босувчи ашёдан тайёрланган пойабзаллар

Ҳар куни нам латта билан артинг. Агар ёғин-сочинли кун бўлса, кремланг, лекин чарм пойабзаллар учун мўлжалланган кремдан фойдаланманг. Чунки унинг таркибидаги мум пойабзалингизга сингиш ўрнига юпқа қатлам ҳосил қилади ва лойни ўзига тортади. Бундай пойабзаллар махсус крем билан кремланади.

 

Локланган

пойабзаллар

Ҳар куни нам латта билан артинг. Агар лой ёпишган бўлса, уни спирт билан тозаланг: спирт локни емирмайди.

Ҳафтада бир марта таркибида мум бўлмаган крем билан кремланг. Крем таркибида ланолин ёки глицерин бўлиши лозим. Улар локланган юзани ёрилишлардан асровчи юпқа қатлам ҳосил қилишади ва пойабзални ялтиратади.

Замш пойабзаллар

Қора ва жигарранг пойабзалларни нам латта билан артиш, бошқа ранглиларини эса кимёвий тозалашга бериш тавсия этилади. Бундай пойабзалларни махсус чўтка билан тозалаш керак.

Ҳафтада бир махсус сув ўтказмайдиган спрей билан ишлов беринг. Агар ҳар куни ёмғир ёғадиган бўлса, бу ишни ҳафтада бир неча марта такрорланг.

 

ПОЙАБЗАЛНИНГ УЧ "ДУШМАНИ"

Болалар креми

Кўпчилик болалар креми пойабзал учун энг яхши ҳимоя, деб ўйлайди. Аслида бундай эмас: у пойабзални юпқа мойли қатлам билан қоплаб олади ҳамда чанг ва лойни ўзига тортади. Бундан ташқари, болалар кремидан фойдаланилганда, чарм жудаям ёғлилашиб кетади.

Иситиш батареяси

Пойабзални асло иситиш батареяси устида ёки ёнида қуритиб бўлмайди. Чарм тортилиб, пойабзал кичрайиб қолиши мумкин. Пойабзални қуритиш учун унинг ичига газета тиқинг, сўнгра батареядан 30 сантиметр узоқликка қўйинг.

Махсус чўтка (губка)

Доимий равишда губкадан фойдаланиш мумкин эмас. Унинг таркибидаги силикон пойабзални тез емирилишига олиб келади.

Юқоридаги тавсия ва маслаҳатларга амал қилсангиз, пойабзалингиз сизга янада кўпроқ хизмат қилади.

 

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА тайёрлади.

Қўшничилик ҳақлари ва одоблари

Ислом дини қўшниларни ўзаро тинч-тотув, осойишта, бир-бирларини иззат-ҳурмат қилган ҳолда яшашларига ундайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Аллоҳга ибодат қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди" ("Нисо" сураси, 36-оят).

Ушбу оят тафсирида айтиладики: "Агар қўшни мусулмон ҳамда қариндош бўлса, унинг мусулмон қўшнисида 3 та ҳаққи бордир, яъни ислом ҳаққи, қариндошлик ҳаққи ва қўшничилик ҳаққи. Агар бегона бўлса, 2 та ҳаққи бўлади. Яъни қўшничилик ва ислом ҳақлари. Бордию ғайридин бўлса, битта ҳаққи бўлади, яъни қўшничилик ҳаққи".

Қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари нақадар муҳимлиги хусусида пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деган эканлар: "Жаброил (а.с.) менга қўшничилик тўғрисида шунчалик узоқ уқтирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим".

Муоз ибн Жабал (р.а.)дан ривоят қилинади: "Ҳабибим Расулуллоҳ (с.а.в.) буюрдиларки, қачон уйингда бирор шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ қуй ва қўшнингни оила аъзоларига ҳам бир миқдор улуш бериб, йўқлаб тургин, деганлар".

Демак, юқоридаги ҳадис ва ривоятлардан кўринадики, қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш савобдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.)га саҳобалар бир аёл ҳақида: "Бир аёл борки, кечалари бедор бўлиб намоз ўқийди, кундузи рўза тутиб, садақа ва эҳсонлар қилади. Аммо қўшниларига тили билан озор бериб туради", - дебдилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ундай аёл мақтовга сазовор эмас, балки у дўзах аҳлидандир", - дедилар. Азиз юртдошлар, арзимаган сабаблар билан қўни-қўшнилар билан гаплашмасдан юришлик, уларга озор етказишлик кишини дўзах азобига етаклашини унутмайлик.

Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда яна шундай дейилади: "Агар бирор ёрдам сўраса ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касал бўлганида кўрмоқ, вафот этса дафнда қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса табрикламоқ, бирор мусибат етса таъзия билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйига мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалар олдига чиқармаслик, қозонни қирганда, капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим".

Шунингдек, ўрталарига гина-адоват тушган қўни-қўшниларни яраштириб қўйишнинг нақадар муҳим ва зарурлиги ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: "... Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этингизлар!" ( "Анфол" сураси, 1-оят).

Ҳасан Басрий (р.а.) айтадиларки: "Ҳуснул живор", яъни, яхши қўшничилик деб фақат қўшнисига зарар етказмасликкина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтурлар".

Одатда кўпроқ қўни-қўшниларнинг фарзандлари ўртасида можаролар бўлиб туради. Шундай     пайтда болаларининг ўрталарига тушиб, ота-оналар бир-бирлари билан айтишиш ўрнига ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақирсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилсин, қўни-қўшнилар билан самимий алоқаларимиз бардавом бўлишлигини барчамизга насиб этсин.

 

Абдуҳалим ҲАМРОҚУЛОВ,

 

Андижон шаҳридаги "Ат-Термизий" жоме масжиди имоми.

ТУFМА ДАРДКАШЛАР

дил туFёни

Эс таний бошлаганимдан кейинги илк хотираларимни сўрашганида, мудом мунис онам кўз олдимга келади. Онажонимнинг ака-сингилларим ва мен учун кунда солинадиган ўрин-жойга ётиб олганимиз ҳолда кўрпачаларидан бошимизни чиқариб, у кишининг оғзидан чиқадиган ҳар бир ривоят ва ҳикоятларни жон қулоғимиз билан тинглай туриб, ўша ҳикоятлар таъсирида уйқуга кетган дилкаш кечалар ҳамон ёдимда.

Балки, ўша эшитган ибратомуз ривоятлар биз фарзандларнинг мурғак қалбимизда илк ҳаётий қарашлар, чинакам инсоний фазилатлар - отага ҳурмат, онани эъзозлаш, ака-уканинг бир-бирига оқибати, имон-эътиқод тушунчаларини шакллантиргандир. Ҳар не бўлганда ҳам инсон ҳаётининг меъмори оналар ҳисобланади.

Она ҳақида қай бир сўзни танламай, улар таърифига ҳар бири нурсиз ва ёки қашшоқ кўринади. Табиатнинг асли онадан бошланади, деганлари қанчалар ҳақиқатлигига энди амин бўлдим.

Қаранг, унинг   хорғин, аммо оташ кўзлари сизнинг қалбингизга ойданда ёруғроқ нур бермайдими?

Унинг иссиқ бағрига кирганингизда қуёш тафтидан-да илиқроқ ҳароратни туймаганмисиз?

Ҳа, дўстим, оналар қанчалар қудратли бўлса, шунчалар заиф ҳамдирлар. Уларнинг қудрат кучи яратувчанлигида бўлса, заифлиги ўз полапонларини учирма қилгач, ҳеч қачон ёнида олиб қола олмаганидадир.

Зотан, оналар буюк зот бўла туриб, қурбон бўлиб яшашга рози бўлган туғма дардкашлардир.

Бу дунёда йўғу борим онам асли,

Юзим оли, ёз-баҳорим онам асли.

Куз хазони, қишнинг қаҳратонларидан,

Сақлагувчи шифокорим, онам асли.

Ҳувайдо ДЕҲҚОНБОЕВА,

 

Избоскан туманидаги 19-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.