+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!"

Мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, хусусан, жисмоний имконияти чекланган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар  амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда касаба уюшма ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан қатор саховат ва хайрия тадбирлари ўтказилиб, жисмоний имконияти чекланган инсонларга совға-саломлар улашилди.

Андижон шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлар ҳамда Қўрғонтепа туманидаги "Мурувват" ногирон болалар интернат уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиниб, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ана шу муассасаларга 2 млн. 481 минг сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси билан ҳамкорликда Андижон шаҳридаги носоғлом болалар тарбияланаётган 40-, 51-сонли мактабгача таълим муассасаларида байрам тадбирлари ташкил этилиб, ногирон болажонларга 1 млн. 185 минг сўмлик совға-саломлар улашилди.

 "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими ҳамда вилоят Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида ўтказилган хайрия тадбирида бир гуруҳ ногиронларга совғалар тақдим этилди.

 

 

Наргиза УЛУFЖОНОВА,

вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири.

Кўнгиллар обод бўлди

3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан туман ва шаҳар Хотин-қизлар қўмиталари томонидан вилоятдаги 850 нафардан ортиқ ногиронлар ҳолидан хабар олинди.

Жумладан, 5 нафар ногиронга ногиронлик аравачаси, 8 нафарига реабилитация воситалари берилиб, 102 млн. сўмликдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 524 нафар ногирон хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилди.

Бундан ташқари, Қўрғонтепа болалар ҳамда Избоскан аёллар мурувват уйларида тадбирлар ўтказилиб, ана шу муассасаларда истиқомат қилаётган жисмоний имконияти чекланган инсонларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар тақдим этилди.

Ўзбекистон Сартарошлар ассоциацияси вилоят бўлими ходимлари сартарошлик хизматлари билан Қўрғонтепа мурувват уйида тарбияланаётган қизларга байрамона кайфият улашди.

Бу каби саховат тадбирлари барча туман ва шаҳарларда ўтказилди.

 

Мадина КОМИЛЖОНОВА

Ёрқин рангдаги сумка тутувчи аёллар ўзларига юқори баҳо беради

Биласизми?

Руҳшуносларнинг ўрганишлари, олиб борган тадқиқотлари натижаларига кўра, аёлларнинг феъл-атвори ҳақида нафақат уларнинг кийиниш ёки пардоз услуби, балки тутадиган сумкаларига қараб ҳам билиб олиш мумкин. Фойдаланаётган сумкаларининг шакли аёллар характеридаги ўзига хосликни намоён этар экан.

Агар кичкина кармончаларни маъқул кўрсангиз, унда сиз:

Ўзингизга нима кераклигини яхши биласиз. Нарса-буюмларнинг сифатли ёки сифатсиз эканини осон ажратасиз. Ҳар қандай вазиятда ўзингизни эркин ҳис қиласиз ва ўзингизга ишонасиз. Замонавий урф, анъаналарни кузатиб борасиз. Кучли шахслар, айниқса, эркаклардан узоқроқ юришни маъқул, деб ҳисоблайсиз. Эркаклар аёлларнинг инжиқликларини тўғри тушунишларини истайсиз. Ташқи кўринишингиз, либосларингиз ва тақинчоқларингизга алоҳида эътибор қаратасиз.

Катта ҳажмдаги сумка тутсангиз, унда сиз:

Фавқулодда кузатувчан ва эҳтиёткорсиз. Ҳамма нарсани олдиндан захирасини яратиб қўясиз. Ҳаётдаги ўзгариш ва бурилишларга ишончсизлик билан қарайсиз. Агар чиройли ёки қулай нарсани танлаш керак бўлса, албатта, қулайини танлайсиз.

Оилада меҳрибон аёл ва она бўлишга интиласиз. Fайратли ва шижоатли бўлиш сизнинг шиорингизга айланган.

Агар ёрқин рангдаги сумкаларни афзал билсангиз:

Сизни ижодкорлар тоифасидан деб айтиш мумкин. Ўзингизга юқори ва ижобий баҳо берасиз, дангал гапирасиз. Сизни "тили аччиқ", деб таърифлаш тўғрироқ. Хаёлан янги ва эртаклардагидек сарой қуришни ният қиласиз. Негадир асосий нарсаларга иккинчи даражали баҳо берасиз. Кўпчиликни хушламасангизда, ҳамманинг эътиборида бўлишни ёқтирасиз. Шу ўринда ташаббусни қўлдан бой бермайсиз. Кулгига мойил, ҳазилкаш кишилар билан мулоқот қилиш сизга хуш ёқади.

Кўриниши оддий сумкаларни ёқтирсангиз:

Ишбилармон ва омилкорсиз. Ақл билан иш кўришдан кўра, кўпроқ ҳиссиётларингизга қулоқ соласиз. Ўзингизга қарши чиқадиган пайтларингиз ҳам бўлади. Янгиликни ҳечам қулайликдан устун қўймайсиз. Маълум одатларга кўниккансиз. Шунингдек, ортиқча ҳашамни хушламайсиз. Иложи бўлмас нарсаларни орзу қилмайсиз.

 

НИГОРА тайёрлади.

ИЛМ ОЛИШГА ИНТИЛИБ ЯШАЙЛИК!

Дил туFёни

Бирор билимдон, зиёли киши билан суҳбат қуриб қолсангиз, кўнглингиз яйрайди. Ундай инсон билан қайси соҳада гаплашманг, қизиқарли далил-исботларни, аввал сиз эшитмаган кўплаб маълумотларни айтиб, хайратингизни оширади. Беихтиёр суҳбатдошингизнинг чуқур билимига, ақлу заковатига қойил қоласиз.

Хаёлингизга қандай қилиб ана шундай доно ва зукко бўлиш мумкин, деган фикр келиши, ўша инсон нафақат ўз соҳасининг, балки бошқа қатор соҳаларни яхши билишининг омили нимада эканлиги ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий. 

Назаримда, бунинг сабаби битта, яъни кўп ўқиш, ўрганиш ва изланишда. Тарихдан маълумки, ўқиган киши ҳаётда ҳеч қачон кам бўлмайди, у қаерда бўлмасин, жамиятда ўз ўрнини топа олади. Шу боис ҳам инсон яралибдики, ўқишга, илм олишга интилиб яшайди. Дарҳақиқат, инсон ўқимаса, ихтиролар, кашфиётлар қилмаса, илм-фан ривожи бу қадар юксалиши, ҳаётимиз тараққий этиши  қаёқда эди, дейсиз!

Илмли, доно бўлиш ва ўрганганларига амал қилиш инсонни икки дунё саодатига етказади. Қолаверса, донолик нафақат кишининг ўзига, балки одамларга, жамиятга ҳам наф келтиради.

Муқаддас Қуръони каримда 811 марта "илм" сўзи такрорланади, яна "Чинда бўлса ҳам илм    ўрганинглар", "Бешикдан қабргача илм изла" каби ҳадиси шарифлар борки, одамларни илм олишга чақиради. Демак, ҳар биримиз илм олишга интилишимиз, айниқса, фарзандларимизни илмли, доно, тарбияли ва юксак маънавиятли инсонлар бўлиб улғайишига эътибор қаратишимиз лозим. Шундай йўл тутсак, асло кам бўлмаймиз.

Иқболжон САЙФУТДИНОВ,

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Андижон академик лицейи кафедра мудири.

ЎҚУВЧИЛАР БИЛИМИ ЯНАДА БОЙИДИ

Фан ойлиги

Маълумки, вилоятимиз умумтаълим мактабларида  ноябрь ойи - рус тили ва адабиёти фани ойлиги деб белгиланиб, ойлик доирасида турли тадбирлар, очиқ дарслар ўтказилмоқда.

Олтинкўл туманидаги 700 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олаётган 34- умумтаълим мактабида ҳам олий тоифали  рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Муаттар Эргашева ҳамда Раънохон Ўлмасовалар томонидан очиқ дарслар ўтказилди.

М. Эргашева машхур рус шоири Александр Блок ижоди бўйича "Ветер унёс издалека" мавзусида 8 "А" синфда ташкил этган очиқ дарсни мактабнинг тажрибали ўқитувчилари кузатиб борди.

Слайдлар, кўргазмали қуроллар ёрдамида, интерфаол усуллар орқали ўтилган дарсда ўқувчилар фаол иштирок этиб, мавзу доирасида кенг маълумотлар олдилар, А. Блок ҳаёти ва ижоди борасидаги билимларини янада бойитдилар.

Р. Ўлмасова томонидан 9- "А" синфда Сергей Есениннинг "Шаганэ, ты моя Шаганэ" асари бўйича ташкил этилган очиқ дарс ҳам интерфаол усуллар орқали жуда қизиқарли ўтди, ўқувчилар фаол қатнашдилар.

Намунали ва қизиқарли ўтилган ҳар иккала очиқ дарс ўқувчиларга манзур бўлди, кузатувчи ўқитувчилар томонидан юқори баҳоланди.

Олтиной НУРМАТОВА,

 

мазкур мактаб ўқитувчиси. 

СИЗНИ ЙЎТАЛ ҚИЙНАЁТГАН БЎЛСА,

 

қуйидаги тавсиялар ёрдамида ундан халос бўлишингиз мумкин

Қиш эшик қоқиб, совуқ ҳаво ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Айниқса, бугунги совуқ кунларда одамларни энг кўп қийновчи  хасталик бу  йўталдир.

Халқ табобатида йўтални даволашда қўллаш мумкин бўлган қатор самарали усуллар тавсия этилган. Ана шу тавсияларни билиб олиш, зарурат туғилганда ундан фойдаланиш асло зиён қилмайди. Демак,  қуйидаги тавсияларимиз йўталдан халос бўлишингизда сизга ёрдам бериши мумкин. Демак:

1. 500 гр. пиёз майдалаб тўғралади, унга 400 гр. шакар қўшилиб, 1 литр сувда паст оловда 3 соат қайнатилади. Сўнг совутиб, 50 гр. асал қўшилади ва шиша идишга қуйиб, оғзи маҳкам беркитиб қўйилади. Ушбу суюқликдан кунига 4-5 ош қошиқ истеъмол қилинса, йўталдан қутилишга ёрдам беради.

2. Кечқурун бир бош пиёз майдалаб тўғралиб, устидан 2 ош қошиқ шакар сепиб қўйилади. Эрталаб, умуман, кун давомида ширин пиёздан еб турилади, ёки ана шу тартибда тайёрланган пиёз шарбати ичилади. Бу бир неча кун давом эттирилса, йўтал ўтиб кетади.

3. Бир неча дона ўртача турп юпқа бўлакларга ажратилади. Ҳар бир бўлакка қалин қилиб шакар сепилади. Ярим кун ичида унинг шарбати ажралади. Бу шарбат ҳар соатда бир ош қошиқдан ичиб турилади. Табибларнинг таъкидлашича, ана шу шарбат энг кучли йўтални ҳам қисқа вақт ичида даволайди.

4. Термосга 2 чой қошиқ қора андиз илдизидан солиб, устидан бир стакан сув қуйилади. Дамламадан кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади. Бу дамламани бронхитда кучли балғам ҳайдовчи сифатида қўллаш яхши самара беради.

5. Кучли йўталда сутга   ишқорли минерал сув (бир стакан сутга шунча миқдорда боржоми) ёки асал қўшиб ичиш ҳам яхши фойда беради.

Болалар учун:

1. Турп майда кубик шаклида тўғралади. Кастрюлкага солиб, устидан шакар сепилади, 2 соат давомида паст оловда қайнатилади. Сўнг шарбати сузиб олиниб, бирор идишга қуйилади. Ушбу шарбатдан кунига 3-4 марта овқатдан олдин ва тунги уйқудан аввал ичилади. Бу йўтални бартараф этишга ёрдам беради.

2. Бир ош қошиқ шакар малла тусга киргунча оловда ушлаб, сўнг бир пиёла сутга солинади. Ҳосил бўлган "конфет" оғизга солиниб,  тўла эригунча шимилади. Бу усул қуруқ йўталда яхши фойда беради.

 

Минурахон БОЗОРОВА, шифокор.

СИЗ ҲАМ ҚАЙНОНА БЎЛАСИЗ

Мулоҳаза 

Болалик чоғларимни эсласам, келинаяларимнинг уйлар, ҳовлилар, кўчаларини ҳамиша, меҳмон кутаётгандай озода тутишга одатлангани хотирамга келади. У пайтларда одамлар ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ҳам кучлироқ эди, назаримда.

Серфарзанд оилаларда ўн-ўн беш йил тўрт-беш келин бир ҳовлида аҳил, иноқ яшаганлар, овсинларнинг бир-бирлари билан бирор марта аразлашганини билмас эдик.

Ҳозирчи... Баъзи юртдошларимизнинг келинлари келинлик вазифаларини унутиб қўяётганлигидан нолишларини тез-тез эшитиб қоламиз.

Бир куни анчадан буён кўришмаган бир танишим билан учрашиб қолдим.  Фарзандларини уйлаб-жойлаб, ўзидан тинчиган бўлса-да, кампири қариган чоғида оёқ-қўлини узатиб, бемалол ўтира олмаслигини айтиб, хафа бўлди:

"- Кампирим янги келин олган пайтда "ҳали ёш, дам олсин", деб уни эрталаб туришга мажбурламас, ўзи туриб, кўча-ҳовлига сув сепиб, супурар, ҳаттоки, чойни ҳам дамлаб қўярди. Ой, кунлар ўтиб, келиним фарзандли бўлди. Унинг ишлари яна кампирим зиммасига ўтди. Келин бола тарбияси билан овора. Бирин-кетин болалари кўпайди, балоғатга етишди. Лекин, келин ҳамон иззатда, қайнона эса хизматда. Уялмай-нетмай, қайнонаси иш қилаётса, томоша қилиб ўтиради. Ундан ибрат олиб улғайган қиз набираларим ҳам ўринларидан туриб, "бувижон, менга беринг", бу ишни мен қиламан деб айтмайди. Кампирим бечоранинг дарди ичида. Келинни бошидан оила юмушларини бажаришга ўргатиш керак экан".

Танишимга, унинг хотинига сабр, келинига инсоф тиладим. Вақти келиб, ўзи ҳам қайнона бўлганда буни тушуниб етишини айтдим.

Дадам раҳматли: "катта иш буюрганда, қилмасанг ҳам "хўп", деб қўйгин", деб насиҳат қиларди. Аммо, бугунги кунга келиб "хўп бўлади" ибораси муомаладан чиқиб кетмасайди, деб қўрқаман. Айрим ёш келинларнинг хушмуомалаликни билмаслиги, катталарни ҳурмат қилмаслиги, одоби рисоладагидек эмаслигини кўриб афсусланасан киши. Катталар бирор гап айтсалар ёки иш буюрсалар, дарров жавоблари тайёр. "Хўп бўлади", дейиш ўрнига "аввал манави ишимни қилиб олай", деб жавоб берадилар.

Маҳалламизда бир оила бор эди. Икки келинли қайнона кичик келини билан ҳеч чиқишолмасди. Ора кунда қайнона-келин ўртасида жанжал бўларди. Шундай жанжалларнинг бирида уларни муросага келтириш учун уйларига кирдим. Келин қайнонага гап қайтарибди, қайнона келинни ҳақорат қилибди ва ҳоказо гаплар... Келин ҳам ўзича ҳақ. "Ҳамма гапимдан ўян топаверади, қилган ишларим ёқмайди" дейди. Қайнона эса: "бир гапдан қолай демайди, мен "ловуллаган" пайтимда индамасдан  "хўп", деб қўяқолса бўлади-ку" дейди. Хуллас, келиннинг беандишалиги қайнонани қуюшқондан чиқарган.

Бу каби ҳолатларнинг ҳаётимизда тез-тез учраб туриши барчамизни жиддий ташвишга солади. Баъзан, қариган чоғида рўзғорини бўлак қилиб олган чол-кампирларни кўрамиз. Улар ҳаётларидан нолишмайди. "Тўполонга тоқатимиз йўқ, шунга эр-хотин ўзимиз тинчгина тирикчилигимизни қилиб ўтирибмиз", дейишади. Ҳақиқатдан ҳам инсон ёши ўтган сари хотиржамликни, бир пиёла чойини тинчгина ичишни хоҳлаб қолади. Аммо, кўп ҳолларда кексаларнинг ана шу истагини ёшлар тўғри тушунишмайди. Ўғил-қизлар бундан хафа бўлади, бунда келинни айбдор қилишади.

Уларга қарата, "Азиз қизларим, ҳурматли келинлар! Сиз ҳам бир куни қайнона бўласиз. Буни қайтар дунё дейдилар. Қайнонангизга нима қилсангиз, келинингиздан шуни кўрасиз., ўзингизга ҳам дилозор, бетарбия, бетгачопар келин учраб қолмасин тағин",  дегим келади.

Мушарраф ОХУНОВА,

 

меҳнат фахрийси.

Умид ва ишонч билан яшаётган опа-сингилларимиз ҳаётларини гўзал қила олади

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва салоҳиятини юксалтириш, обрў-эътибори ва нуфузини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Андижон туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда туманимизда 250 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларнинг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан опа-сингилларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириш мақсадида туман ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  Айниқса, қўмита қошидаги "Қайноналар мактаби", "Психолог", "Зулфияхоним қизлари", "Раҳбар аёллар", "Иқтидорли қизлар" сингари қатор жамоатчилик тузилмалари ташкил этилди.

Фаолиятимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, уларни ижобий ҳал этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ҳамда бандликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳамкор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан биргаликда турли низолар туфайли ажрашиш ёқасига келиб қолган 112 оила яраштирилди, шаръий никоҳ билан яшаб келаётган 92 оиланинг никоҳи расмийлаштирилди.

 Жорий йилнинг ўтган даврида 6745 нафар хотин-қиз ишга жойлашиш мақсадида секторлар раҳбарлари, ишчи гуруҳлар ҳамда туман бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилган. Уларнинг 6637 нафарининг бандлиги таъминланди. Шундан 1863 нафар қиз-аёл жамоат ишларига жалб этилди, 40 нафари "уста-шогирд" йўналиши бўйича ҳунар ўрганишга жалб этилди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашилмоқда. Жорий йилда банклар томонидан 900 нафарга яқин хотин-қизга 11 млрд. сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди. Ана шу маблағлар ҳисобига амалга оширилган лойиҳалар доирасида кўплаб янги иш ўринлари яратилди.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида туман марказий шифохонаси,  қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар капитал таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Табиий газ, сув, электр энергияси таъминоти яхшиланди.

Фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, туманда аёллар ўртасида турли хасталикларга чалиниш ҳолатлари камайди, оналар ўлими қайд этилмади. Тумандаги 70 мингдан зиёд туғиш ёшидаги аёлларнинг деярли 95 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилди.

Никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўрик давомида турли хасталиклари аниқланган ёшлар соғломлаштиришга жалб этилмоқда.  Никоҳланувчи ёшлар учун кўп тармоқли марказий поликлиника қошида "Оила мактаби" хонаси ташкил этилган бўлиб, никоҳдан ўтаётган ёшларга репродуктив саломатлик, соғлом оилани шакллантириш бўйича кенг маълумотлар берилмоқда. Бундан ташқари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича таълим муассасаларида "Оила" илмий-амалий маркази мутахассислари, шифокорлар, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар иштирокида учрашув ва мулоқотлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда.

Таълим муассасалари, маҳаллаларда "Қизларжон" клублари ташкил этилган бўлиб, уларга 5 мингдан ортиқ қизлар жалб этилган. Клуб машғулотларида қизларга орасталик, пазандалик, ўзбекона одоб-ахлоқ, оилавий ҳаётга тайёргарлик борасида сабоқлар берилмоқда.  

Маҳаллалардаги бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, маҳалла фаоллари томонидан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш,  тўй ва бошқа маросимларни тартибли ўтказиш, ёшлар тарбияси борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.

Умуман, хотин-қизлар билан боғлиқ барча йўналишларда "Қоратут", "Дўстлик", "Бешбўйноқ", "Сайдилобод", "Орол" каби маҳаллаларда ишлар намунали йўлга қўйилган.

Амалга оширилаётган ишлар, саъй-ҳаракатларга қарамай, туманимизда нотинч, муаммоли оилаларнинг мавжудлиги, эрта турмуш ҳолатлари қайд этилганлиги, ёлғиз оналар сони ошиб бориши, аёллар ва ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг содир этилаётганлиги фаолиятимизни янада кучайтириш, тарғибот ишлари самарадорлигини оширишни тақазо этади.

Жойларда аёлларимиз билан мулоқотда бўлганимда, турли қийинчилик ва муаммоларга қарамасдан опа-сингилларимиз ҳаётга, эртанги кунга катта ишонч билан қараётганлигини кўриб хурсанд бўламан. Опа-сингилларимизда ишонч, умид бор экан, улар барча муаммоларни бартараф этиб, ҳаётларини янада гўзал қила олади. Бу борада қўмитамиз уларга яқин кўмакчи бўлади.

Нодирахон ЗОКИРОВА,

Андижон тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ВИЛОЯТИМИЗДА "ОБОД ҚИШЛОҚ" ДАСТУРИ ДОИРАСИДА ҚАНДАЙ ИШЛАР БАЖАРИЛДИ?

жараён

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган "Обод қишлоқ" дастури доирасида вилоятдаги танлаб олинган 50 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши, бу ишлар учун қарийб 444,7  миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллалардаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, шифо масканлари, кўчалар, кўплаб аҳоли хонадонлари таъмирланди. Янги-янги иншоотлар барпо этилди, ичимлик сув, табиий газ ва электр энергияси таъминоти, умуман, аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланди.

Дастурга асосан вилоятдаги 9292 та аҳоли хонадони, шу жумладан, 65 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишлари бажарилди. Кўп қаватли уйларнинг том қисми, фасади, кириш йўлаклари капитал таъмирланиб, темир эшиклар ўрнатилди. Аксарият уйларнинг ертўла қисмидаги муҳандислик-коммуникация тизими янгиланди. 11 та болалар майдончаси, 30 та канализация тармоғи қурилди, 2400 метр масофага лотоклар ўрнатилди, 8 минг 900 метр квадрат метр майдонга брусчатка ётқизилди, ёритгичлар ўрнатилди. Кўп қаватли уйлар олдидаги 700 га яқин ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.

- "Обод қишлоқ" дастури доирасида 753 оила таркибида 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди, - дейди Улуғнор туманидаги "Шаҳриобод" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Мунирахон Каримова. - Маҳалла ҳудудидаги кўримсиз, томларидан чакка ўтиб, нураш ҳолига келиб қолган ва кўрган кишининг таъбини хира қиладиган кўп қаватли уйлар бутунлай янги кўриниш касб этди. Маҳалладаги ўзгаришлар, йиллар давомида тўпланиб қолган, одамларни қийнаётган қатор муаммоларнинг тўла-тўкис ҳал этилганлиги, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланганлигидан барча мамнун.

Маҳалла ҳудудидаги мавжуд 31 та кўп қаватли уйнинг томи тўла янгиланди, атрофи ободонлаштирилди. Жумладан, 3,6 километр масофага ичимлик суви, 600 метр масофага газ тармоғи тортилиб, аҳоли тоза ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланди. Шунингдек, ёшлар боғи, спорт ва мини футбол майдонлари қурилди. 7,3 метр квадрат майдонга брусчатка ётқизилиб, йўлакчаларга ёритиш чироқлари, дам олиш ўриндиқлари, 1 минг 500 метр масофадаги ариқчаларга лотоклар ўрнатилди. Уйлар ёнига тандирхоналар қурилиб, болажонлар ўйнайдиган махсус майдончалар барпо этилди. Замонавий тўйхона, ҳаммом, мини-маркет қад ростлади.

Дастур асосида вилоятдаги маҳаллаларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 218 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилди, 13 та янги қудуқ қазилди, 13 та қудуқ таъмирланди. Бу ишлар учун қарийб 12 миллиард 829 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада 65 минг нафардан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

- Маҳалламиздаги қатор кўчалар аҳолисини кўп йиллардан буён ичимлик суви муаммоси қийнаб келарди, - дейди Марҳамат туманидаги "Ўқчи" маҳалла маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдумутал Мирзаев.  - Дастур доирасида қарийб 2,6 километрга ичимлик суви трубалари ётқизилиб, 200 га яқин хонадон тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Эндиликда маҳалламиз аҳолиси тўла ичимлик суви билан таъминланди. 

Маҳаллаларда электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Бунинг учун 12 миллиард 360 миллион сўм маблағ сарфланди. Жумладан, 53 километр узунликдаги электр энергияси тармоғи реконструкция қилинди, 270 километр узунликдаги тармоқ таъмирланди, 61 километр масофага эса янги тармоқлар тортилди.  Бундан ташқари, 51 та янги трансформатор ўрнатилиб, 156 таси таъмирланди.

Дастур доирасида биргина Пахтаобод тумани "Учкўза" маҳалласи ҳудудидаги кўчаларга 2 та янги трансформатор ўрнатилди. Асосан ёш оилалар истиқомат қилаётган "Сиҳатгоҳ", "Сарчашма" кўчаларида 2,6 километр узунликдаги электр тармоғи тўла янгиланди.

- Янги чеклардан иборат кўчамизнинг электр таъминоти жуда ночор аҳволда эди, - дейди "Сарчашма" кўчасида яшовчи Дилмуроджон Тожибоев. -  Айрим жойларда электр устунлар оддий ёғочдан қўйилганлигидан хавфсираб яшардик, узилишлар ҳам жуда кўп бўларди.

Дастур асосида кўчамизга бетонли устунлар ўрнатилиб, янги электр симлари тортилди. Эндиликда электр таъминоти бўйича умуман муаммо юзага келаётгани йўқ.

Аҳолига табиий ва суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. 46 километр масофадаги табиий газ тармоғи таъмирланди, 14 километри демонтаж қилинди, 3 та янги газ тақсимлаш жовонлари ўрнатилиб, 29 та си таъмирланди.  Хонадонларга 7910 та газ баллони етказиб берилди.

Дастурга асосан 28 та маҳалладаги 224 километр узунликдаги лой ва тупроқ кўчалар шағалланиб, 24 километр қисми асфальтланди.

- Маҳалламиздаги "Маърифчилар", "Оқшом" кўчалари ёзда чанг, қишда лой бўлишидан одамлар юришга, айниқса, ёш фарзандларимиз мактабга бориб-келишга қийналар эди, - дейди Хўжаобод туманидаги "Солпи" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Қундузхон Fаффорова. - Дастур асосида ана шу кўчаларнинг 4,7 километр қисми шағалланди, мавжуд 5 та кўп қаватли уйларнинг олдига брусчаткалар ётқизилиб, болалар майдончалари барпо этилди. Бу каби бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларидан маҳалла аҳли беҳад мамнун бўлмоқда. 

"Обод қишлоқ" дастурига асосан ижтимоий соҳа объектларида 176 миллиард 605 миллион сўм ҳажмидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган. Айни кунга қадар уларнинг 28 таси қайта реконструкция қилинди, 59 таси мукаммал таъмирланди. Ижтимоий соҳа объектларининг аксариятида ишлар якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди.

- Дастур асосида 120 ўринли муассасамиз капитал таъмирланди, - дейди Асака туманидаги 23-мактабгача таълим муассасаси мудираси Манзурахон Қоратоева. - Белгиланган лойиҳага кўра 1 миллиард 20 миллион сўм ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, қозонхона барпо этилиб, иситиш тизими янгиланди. Натижада ходимларимиз, болажонлар учун зарур барча шароитлар яратилди. 

Дастурига мувофиқ 15 та қишлоқ оилавий поликлиникаларини таъмирлаш ва қўшимча бинолар қуриш, мазкур ишларни амалга ошириш учун қарийб 16 миллиард 881 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Айни кунга қадар 12 та поликлиникада белгиланган ишлар якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди.

- Қарийб 6,5 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатадиган поликлиникамиз янгича қиёфа касб этди, - дейди Жалақудуқ тумани "Ҳамзаобод" маҳалласидаги оилавий поликлиника мудираси Мингойим Масаева. - Поликлиникамизда шифокорлар ҳамда ташриф буюрувчилар учун зарур шароитлар яратилди, шу билан бирга, янги тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Бунинг самараси ўлароқ, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги янада ортди.

Умуман, айни кунга қадар 1 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилди, 17 таси таъмирланди. Шунингдек, 32 та мактаб, 10 та соғлиқни сақлаш объектлари капитал таъмирдан чиқарилди. Дастур доирасида белгиланган асосий ишлар йил охирига қадар якунига етказилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, "Обод қишлоқ" дастури доирасида янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилиши ҳисобига кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Бир сўз билан айтганда, бу борада олиб борилган кенг кўламли ишлар аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда, одамларнинг эртанги кунга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Мақсадимиз: фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш

Мутахассис минбари

Бугун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари аҳолига сифатли ва малакали хизмат кўрсатишига қаратилган зарур барча ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Асака тумани 1-ФҲДЁ  бўлими томонидан ҳам бу борада, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

 Бўлимимиз мутахассислари ҳудудимизда туғилган ҳар бир болага туғилганлик тўғрисидаги далолатномаларни тузилиб, фуқароларга тегишли  ҳужжатлар ўз вақтида, белгиланган тартиблар асосида тақдим этилмоқда.

Туманимизда жорий йилнинг ўтган даврида 4,5 минг нафар туғилиш қайд этилди. Ота-оналар янги туғилган чақалоқлари учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни бирор бир   қийинчиликсиз олдилар.

Тўйлар бўлиб, никоҳлар қайд этилиб, кўплаб янги оилалар барпо бўлаётганлиги барчамизни қувонтиради. Яхши ният билан бир ёстиққа бош қўяётган ёш келин-куёвларнинг никоҳлари бўлимимиз томонидан қайд этилиб, тегишли тааротибда рўйхатга олинмоқда. Жумладан, туманимизда 2018 йилнинг ўтган  ўн ойи давомида 1150 та никоҳ қайд этилиб, келин-куёвларга гувоҳномалар топширилди.

Бўлимимизда аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олишга қаратилган қатор тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилмоқда. Бўлим қошида ташкил қилинган "Қайноналар мактаби", "Ёш келин-куёвлар клуби" фаолияти самарали йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўзида кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга кўплаб қайноналар билан ёшларнинг учрашувлари ташкил этилди. Никоҳланувчи ёшлар эса "Ёш келин-куёв клуби" машғулотларида қатнашиб, оилаавий ҳаёт, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, эр-хотиннинг бурч ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусида тегишли тавсия, маслаҳат ва сабоқлар олмоқда. 

Давр билан ҳамнафас иш олиб бораётган бўлимимизнинг ҳар бир ходими ўз зиммасидаги вазифани сидқидилдан адо этиб, фуқароларга йўналишимиз бўйича малакали хизмат кўрсатиш, соҳа ишини янада юқори босқичга кўтариш  учун астойдил меҳнат қиладилар.

 

Барнохон РАСУЛОВА,

 

 Асака тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси.