+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

28 Нояб 2018

ВИЛОЯТИМИЗДА "ОБОД ҚИШЛОҚ" ДАСТУРИ ДОИРАСИДА ҚАНДАЙ ИШЛАР БАЖАРИЛДИ?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

жараён

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган "Обод қишлоқ" дастури доирасида вилоятдаги танлаб олинган 50 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши, бу ишлар учун қарийб 444,7  миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллалардаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, шифо масканлари, кўчалар, кўплаб аҳоли хонадонлари таъмирланди. Янги-янги иншоотлар барпо этилди, ичимлик сув, табиий газ ва электр энергияси таъминоти, умуман, аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланди.

Дастурга асосан вилоятдаги 9292 та аҳоли хонадони, шу жумладан, 65 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишлари бажарилди. Кўп қаватли уйларнинг том қисми, фасади, кириш йўлаклари капитал таъмирланиб, темир эшиклар ўрнатилди. Аксарият уйларнинг ертўла қисмидаги муҳандислик-коммуникация тизими янгиланди. 11 та болалар майдончаси, 30 та канализация тармоғи қурилди, 2400 метр масофага лотоклар ўрнатилди, 8 минг 900 метр квадрат метр майдонга брусчатка ётқизилди, ёритгичлар ўрнатилди. Кўп қаватли уйлар олдидаги 700 га яқин ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.

- "Обод қишлоқ" дастури доирасида 753 оила таркибида 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди, - дейди Улуғнор туманидаги "Шаҳриобод" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Мунирахон Каримова. - Маҳалла ҳудудидаги кўримсиз, томларидан чакка ўтиб, нураш ҳолига келиб қолган ва кўрган кишининг таъбини хира қиладиган кўп қаватли уйлар бутунлай янги кўриниш касб этди. Маҳалладаги ўзгаришлар, йиллар давомида тўпланиб қолган, одамларни қийнаётган қатор муаммоларнинг тўла-тўкис ҳал этилганлиги, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланганлигидан барча мамнун.

Маҳалла ҳудудидаги мавжуд 31 та кўп қаватли уйнинг томи тўла янгиланди, атрофи ободонлаштирилди. Жумладан, 3,6 километр масофага ичимлик суви, 600 метр масофага газ тармоғи тортилиб, аҳоли тоза ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланди. Шунингдек, ёшлар боғи, спорт ва мини футбол майдонлари қурилди. 7,3 метр квадрат майдонга брусчатка ётқизилиб, йўлакчаларга ёритиш чироқлари, дам олиш ўриндиқлари, 1 минг 500 метр масофадаги ариқчаларга лотоклар ўрнатилди. Уйлар ёнига тандирхоналар қурилиб, болажонлар ўйнайдиган махсус майдончалар барпо этилди. Замонавий тўйхона, ҳаммом, мини-маркет қад ростлади.

Дастур асосида вилоятдаги маҳаллаларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 218 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилди, 13 та янги қудуқ қазилди, 13 та қудуқ таъмирланди. Бу ишлар учун қарийб 12 миллиард 829 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада 65 минг нафардан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

- Маҳалламиздаги қатор кўчалар аҳолисини кўп йиллардан буён ичимлик суви муаммоси қийнаб келарди, - дейди Марҳамат туманидаги "Ўқчи" маҳалла маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдумутал Мирзаев.  - Дастур доирасида қарийб 2,6 километрга ичимлик суви трубалари ётқизилиб, 200 га яқин хонадон тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Эндиликда маҳалламиз аҳолиси тўла ичимлик суви билан таъминланди. 

Маҳаллаларда электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Бунинг учун 12 миллиард 360 миллион сўм маблағ сарфланди. Жумладан, 53 километр узунликдаги электр энергияси тармоғи реконструкция қилинди, 270 километр узунликдаги тармоқ таъмирланди, 61 километр масофага эса янги тармоқлар тортилди.  Бундан ташқари, 51 та янги трансформатор ўрнатилиб, 156 таси таъмирланди.

Дастур доирасида биргина Пахтаобод тумани "Учкўза" маҳалласи ҳудудидаги кўчаларга 2 та янги трансформатор ўрнатилди. Асосан ёш оилалар истиқомат қилаётган "Сиҳатгоҳ", "Сарчашма" кўчаларида 2,6 километр узунликдаги электр тармоғи тўла янгиланди.

- Янги чеклардан иборат кўчамизнинг электр таъминоти жуда ночор аҳволда эди, - дейди "Сарчашма" кўчасида яшовчи Дилмуроджон Тожибоев. -  Айрим жойларда электр устунлар оддий ёғочдан қўйилганлигидан хавфсираб яшардик, узилишлар ҳам жуда кўп бўларди.

Дастур асосида кўчамизга бетонли устунлар ўрнатилиб, янги электр симлари тортилди. Эндиликда электр таъминоти бўйича умуман муаммо юзага келаётгани йўқ.

Аҳолига табиий ва суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. 46 километр масофадаги табиий газ тармоғи таъмирланди, 14 километри демонтаж қилинди, 3 та янги газ тақсимлаш жовонлари ўрнатилиб, 29 та си таъмирланди.  Хонадонларга 7910 та газ баллони етказиб берилди.

Дастурга асосан 28 та маҳалладаги 224 километр узунликдаги лой ва тупроқ кўчалар шағалланиб, 24 километр қисми асфальтланди.

- Маҳалламиздаги "Маърифчилар", "Оқшом" кўчалари ёзда чанг, қишда лой бўлишидан одамлар юришга, айниқса, ёш фарзандларимиз мактабга бориб-келишга қийналар эди, - дейди Хўжаобод туманидаги "Солпи" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Қундузхон Fаффорова. - Дастур асосида ана шу кўчаларнинг 4,7 километр қисми шағалланди, мавжуд 5 та кўп қаватли уйларнинг олдига брусчаткалар ётқизилиб, болалар майдончалари барпо этилди. Бу каби бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларидан маҳалла аҳли беҳад мамнун бўлмоқда. 

"Обод қишлоқ" дастурига асосан ижтимоий соҳа объектларида 176 миллиард 605 миллион сўм ҳажмидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган. Айни кунга қадар уларнинг 28 таси қайта реконструкция қилинди, 59 таси мукаммал таъмирланди. Ижтимоий соҳа объектларининг аксариятида ишлар якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди.

- Дастур асосида 120 ўринли муассасамиз капитал таъмирланди, - дейди Асака туманидаги 23-мактабгача таълим муассасаси мудираси Манзурахон Қоратоева. - Белгиланган лойиҳага кўра 1 миллиард 20 миллион сўм ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, қозонхона барпо этилиб, иситиш тизими янгиланди. Натижада ходимларимиз, болажонлар учун зарур барча шароитлар яратилди. 

Дастурига мувофиқ 15 та қишлоқ оилавий поликлиникаларини таъмирлаш ва қўшимча бинолар қуриш, мазкур ишларни амалга ошириш учун қарийб 16 миллиард 881 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Айни кунга қадар 12 та поликлиникада белгиланган ишлар якунига етказилиб, фойдаланишга топширилди.

- Қарийб 6,5 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатадиган поликлиникамиз янгича қиёфа касб этди, - дейди Жалақудуқ тумани "Ҳамзаобод" маҳалласидаги оилавий поликлиника мудираси Мингойим Масаева. - Поликлиникамизда шифокорлар ҳамда ташриф буюрувчилар учун зарур шароитлар яратилди, шу билан бирга, янги тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Бунинг самараси ўлароқ, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги янада ортди.

Умуман, айни кунга қадар 1 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилди, 17 таси таъмирланди. Шунингдек, 32 та мактаб, 10 та соғлиқни сақлаш объектлари капитал таъмирдан чиқарилди. Дастур доирасида белгиланган асосий ишлар йил охирига қадар якунига етказилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, "Обод қишлоқ" дастури доирасида янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилиши ҳисобига кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Бир сўз билан айтганда, бу борада олиб борилган кенг кўламли ишлар аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда, одамларнинг эртанги кунга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 1735 раз