+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Умрингиз узоқ ва мазмунли бўлсин

Тавсиялар

"Инсон дунёга бахтли бўлиш учун келади. Бир донишманд: "Модомики, у бахтли эмас экан, бунга фақат унинг ўзи айбдор", деган эди. Бахт тушунчаси эса аввало, саломатлик билан чамбарчас боғлиқ. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, моддий жиҳатдан бекаму кўст, бадавлат инсоннинг саломатлиги ҳар қадамда панд бериб турса, унинг кўнглига бойлик сиғадими? Йўқ, албатта.

Саломатлик бу нафақат касалликлардан, нуқсонлардан ҳоли бўлиш, балки жисмоний ва руҳий жиҳатдан бекаму кўст бўлишдир. Соғликни уни йўқотмай туриб, асрашимиз кераклиги ҳақида кўп эшитган бўлсак-да, соғлигимизни асраб-авайлашга парво қилмаймиз. Қачонки, танамизда жиддий ўзгариш сезсаккина шифокор ҳузурига чопамиз. Зўр бериб дори-дармон истеъмол қиламиз. Кўпинча кеч бўлганини эшитиб, афсус-надомат чекамиз. 

Саломатликни асраш учун аввало соғлом турмуш турзига амал қилиш энг тўғри йўлдир. Бугунги кунда аксарият касалликлар асаб тизимининг бузилиши, тушкунлик ҳолатлари туфайли келиб чиқмоқда.

Инсон танасининг ҳар бир ҳужайраси асаб толалари билан боғлиқ бўлгани учун асабийлашганда, стрессга тушганда, ҳам жисмоний, ҳам руҳий бузилишлар келиб чиқади. Шу билан бирга, юрак-қон томир, эндокрин, ошқозон-ичак тизими фаолиятида ҳам салбий ўзгаришлар юз беради. Шу туфайли организм бир қанча касалликларга йўлиқиши мумкин. Бундан ташқари, мазкур ҳолатлар сиздаги ҳаётдан завқланиш, хотиржамлик, ишингиздаги унумдорлик, яқинларингизга бўлган меҳр-оқибатга путур етказмай қолмайди. Бу каби йўқотишларнинг олдини олиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг. Булар жуда осон ва уларга амал қилиш албатта, сизнинг қўлингиздан келади.

1. Асаблар таранглашганда ўзингизни тўхтата олинг. Fазаб отига миниш сиз учун қанчалар қимматга тушишини ўйланг. Чуқур нафас олиб, "Ахир мен ҳам ҳамма қатори дунёга бир марта келаман, соғликдек бебаҳо бойлигимни йўқотяпман-ку! Демак, мен асабимни асрашим керак!" деган фикрни ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг. 

2. Тушкунликка тушманг. Ҳаётингиздаги бахтли кунларингиз, эришган ютуқларингиз, оилангизга, фарзандларингизга жуда керакли эканлигингиз ҳақида ўйланг, дилингиздаги тугунларни ишонган инсонингизга очинг, енгил тортасиз, ҳаётга бўлган муҳаббатингиз ошади.

3. Гина-кудуратга кўнглингиздан жой берманг. Бошқалардан бекаму кўстликни талаб қилманг, ўзингиз ҳақингизда ҳам бундай хаёлга борманг.

4. Ҳаётда иштиёқ билан яшанг. Лоқайд бўлманг, вақтингизни бекорчи нарсаларга сарф қилманг. Ташвишларни енгиш учун китоб ўқинг, бирор иш билан машғул бўлинг.

5. Ҳар доим кайфиятингизни кўтаришга ҳаракат қилинг. Суткада 8 соат ухлашга ўрганинг. Руҳингиз тетиклашади.

6. Қўрқувни енгинг, ўз кучингизга ишонинг, ҳаяжонланманг, доимо мақсад сари олға интилинг.

Ҳаёт жуда қисқа ва бетакрор. Ана шу қисқа ҳаётда ўзингизни яхши кўринг, ҳар лаҳзада ўзингизга ғамхўрлик қилинг. Ортиқча вазндан, нотўғри овқатланиш ва кам ҳаракатлилик, зарарли одатлардан воз кечинг. Юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз, албатта, узоқ ва мазмунли ҳаёт кечирасиз.

Саодатхон ЖАЛОЛОВА,

 

шифокор.

Миллий қўғирчоқлар намойиши

Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида "Миллий ҳунармандчилик ва асрий анъаналар давомийлиги" деб номланган кўргазма ташкил этилди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан  уюшма аъзоси, ҳунарманд-санъатшунос Манзурахон Юсупова ижодига бағишланган мазкур кўргазманинг очилиш маросимида санъатшунослар, ҳунармандлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этиб, юртимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, ҳунармандларнинг эмин-эркин фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, устоз ҳунарманд ижодининг ўзига хос қирралари хусусида гапирдилар. 

Манзура опа Юсупова Андижон миллий қўғирчоқ мактабига асос солган, миллий ҳунармандчилигимизни янада         бойитиб бораётган, ўз ишининг етук мутахассиси бўлган моҳир ҳунарманддир. У яратган гўзал қўғирчоқлар дунёнинг қатор мамлакатларида бўлиб ўтган кўплаб кўргазмаларда намойиш этилиб, мутахассису мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлган.

- Кўрган ҳар қандай кишини ҳайратга соладиган гўзал ва бежирим қўғирчоқларда гўзаллик, нафосат, назокат, миллий руҳ ва жозиба уфуриб туради, - дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Дилшодбек Юсупов. - Улар шубҳасиз, инсон маънавиятини, миллий санъатимизга бўлган муҳаббатини янада бойитади.

Минг бор эшитгандан, бир марта кўрган афзал. Ана шундай гўзалликдан, миллий ҳунармандчилигимизнинг гўзал жозибасидан баҳраманд бўлишни истасангиз албатта, кўргазмага келинг. Бундан асло афсусланмайсиз.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА,

 

АДУ талабаси.

ЭРИМНИ ДЕБ ЎҚИШНИ ТАШЛАГАНИМДАН АФСУСЛАНАМАН

Турмуш чорраҳаларида

Турмуш ўртоғим билан     институтда ўқиб юрган пайтимда танишгандик. Севишиб, бир-биримизни яқиндан билиб, характеримиз-характеримизга мос тушиб турмуш қурдик. Аҳил ва бахтли оилалардан бири бўлиб яшаб келаётган эдик. Икки қизли бўлдик. Турмуш ўртоғим ўқимаган, аммо эпчил, уддабурон эди, савдогарлик қиларди. Хитой, Туркия давлатларидан мол олиб келиб, яхшигина бизнесни йўлга қўйган.

Турмушга чиққанимдан сўнг ўқишни ташладим, тўғрироғи, ўқишимга эрим рухсат бермади:

 - Хотин кишининг ўрни уйда, оилада. Ишласанг, кўп вақтинг ишхонада ўтади, менга, болаларга яхши эътибор беролмайсан, ўзим боқиб оламан, уйда ўтир!, - деди.

- Ҳеч бўлмаса битириб, дипломни олволай" -десам ҳам кўнмади. - Майли, ростдан ҳам ишламасам, дипломни бошимга ураманми, ҳамма нарсамни қилиб берса, жон деб уйда ўтирганим яхши, - дея, ўзимни оиламга бағишладим,     фарзандларим тарбияси билан шуғулландим. Яхши хотин, садоқатли умр йўлдоши, меҳрибон рафиқа, намунали уй бекаси бўлишга интилиб яшадим. Аммо, бир кун келиб эрим менга хиёнат қилишини, бошқа аёлга илакишиб, шунча йиллик рўзғори, фарзандларини аро йўлда ташлаб қўйишини билганимда, ҳеч қачон қийналиб кирган ўқишимни ташламаган бўлардим. Мана энди, афсусларим фойда бермаяпти.

Бир йил нари-берисида эримнинг юриш-туриши, муомаласида ўзгаришни сезиб қолдим. Кўчадан бери келмайдиган, уйда бўлганда ҳам соатлаб телефонда гаплашадиган, рўзғор, бола-чақага беэътибор кимсага айланиб қолди. Илгарилари савдонинг пулини қимирлатмай, тийин-тийинигача уйга обкирар, биргалашиб санаб, эҳтиётлаб олиб қўярдик. Негадир эрим мендан пул яширадиган, савдонинг мазаси йўқ, деб ҳаражатлардан қисадиган одат чиқарди. Қизларига ҳеч қачон қаттиқ гапирмаган одам тўполон қилишса бақирадиган, қўнғироқ бўлиб қолса, ташқарига чиқиб олиб гаплашадиган бўлиб қолди. Ўзаро муносабатларда ҳам совуқлашганини сезгач, уни пойлашга тушдим. Бир куни   кечқурун кўча эшикдан кимдир чақириб келди. Эрим телефонини ўчириб, қувватлаш ускунасида қолдиргач, кўчага чиқиб кетди. Секин телефонни ёқдим. Ундаги СМС ларни кўздан кечирдим. Не кўз билан кўрайки, "ўғлингиз яна иситмалаяпти, дори билан памперс олиб келинг!" деган хабар турибди. Кўзларимга ишонмадим. Шу пайт эрим кириб қолди. "Бу нима?" деб сўрадим.  Эрим аввалига ўзини билмаганга солди, кулиб ҳазилга олишга уринди, "ўртоғимга келган СМС эди", деб ҳам кўрди. Ахийри, бўлмади. Ҳаммаси ошкор бўлди. Сафарга кетаётганида бир жувон билан  танишиб қолгани, у турмуш ўртоғи вафот этган, ҳаётда жуда қийналган, шу боис ишлаш учун Туркияга кетаётган бўлгани, сафарга борганида учрашиб туришгани ва бир-бирларини севиб қолишгани, жувон ундан фарзанд кўрганини айтиб берди.

Қотиб қолдим. Мен турмуш ўртоғим, оилам учун орзуларимдан воз кечдим. Ўқишимни ташладим. Остона хатламай, шунча йиллар унинг хизматини қилиб, айтганини қилиб ўтирдим. У эса йўлда танишган бир жувонга уйланиб олган экан.

Наҳотки, шунчалар гўл бўлсам?! Танишиб, никоҳига олиб, фарзандли бўлишга ҳам улгурибди, нега бунчалар ғафлатда қолдим?

"Ўғлимиз йўқ эди, мана ўғиллик бўлдик. Хоҳласанг бирга-бирга яшайверасизлар", - деди эрим тап тортмай.

10 йиллик рўзғоримни ташлаб, қизларимни олиб онамникига кетдим. Эримни кечира олмасдим. Аммо, орада     фарзандлар бор. Қолаверса, бу уй менинг, фарзандларимнинг уйи. Болаларимни деб, ярашдик. Аниқроғи, маҳалла-кўй, жамоатчилик аралашиб, яраштириб қўйишди. Аммо, орага совуқчилик тушиб бўлган. Эрим билан расмиятчилик учунгина муомала қиламиз. У рўзғорга деярли қарамай қўйган, ўзи билан ўзи овора, энди иккинчи хотини билан муносабатларини яширмайди, хоҳлаганда кириб келади, хоҳлаганда кетади. Энг ёмони, топиш-тутиши аввалгидай эмас, ёки аввалгидай бўлса ҳам балки, анави хотинидан  ортмаётгандир. Бир марта юрак ютиб, каттароқ пул сўрадим. Қизларга қишга уст-бош қилиш керак эди. Суммани эшитиб жазавага тушди. Сўнг: "ялпайиб ётавермай ишла, сен ҳам! Қайси бирингга етказаман мен", деб бақириб берди.

Юм-юм йиғладим. Шу эрни деб, ўқишни ташлаб кетганимга афсусландим. Аммо, энди кеч. Ҳеч қандай мутахассислигим йўқ, ишга кирсам фақат фаррошликка киришим мумкин, аммо бу билан қандай эпланаман?

Шунда, ўша пайтда онамнинг "эрнинг нонини ейиш учун темирдан тиш керак, бир амаллаб ўқишингни битириб олмадингда, қизим, нонинг бутун бўпқоларди ", деган гаплари ёдимга тушди. "Қиз бола бировнинг хасми, эрга бериб юборсам эри боқади", деб ўйламасдан қизларни ҳам ўқитиш, ё ҳунарли қилиш керак экан.Чунки, бошингга кун келиб, нималар тушишини олдиндан билмайсан!

Мавжудахон,

 

Олтинкўл тумани.

ЎТАЁТГАН ВАҚТИМИЗНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК

муносабат

Боланинг илк устози  ота-онаси ҳисобланади. Шу боис, улар фарзандлари тарбиясига бефарқ бўлишлари мумкин эмас. Бинобарин, бола тарбияси унинг гўдаклик чоғидан бошланиши зарурлиги барчага яхши маълум. Тарбияда энг аввало, она алласининг роли ниҳоятда катта. Зеро, гўдак алла тинглаб, кейинроқ эртак эшитиб, бора-бора оқ-қорани танигач, китобга меҳр қўйиб улғайса, у келажакда  шубҳасиз, яхши инсон бўлиб камол топади.

Эртак эшитиш, алла    тинглаш, китоб ўқиш бола учун бошланғич дарс ҳисобланиб, китоб мутолаасига кўнгил берган ҳар қандай инсон, албатта, эзгуликни ўрганади, дунёқараши кенгаяди, тафаккури ривожланади. Бир донишманддан: "Бу дунёга келиб нима топдингизу нима йўқотдингиз", деб сўрашганида, у: "Мен жуда кўп нарса топдим, яъни дўстлар орттирдим, мол-дунёга эга бўлдим. Лекин шундай бебаҳо хазинамни йўқотдимки, бу менинг бекордан ўтган вақтларим, беҳуда исроф бўлган онларимдир..." деган экан таассуф билан.

Ҳа, киши йўқотилган давлатни, мол-мулкни меҳнат қилиш орқали топиши мумкин, лекин ортда қолган    вақтни қайтариб бўлмайди. Шу маънода, катталар ёшларга бўш вақтдан самарали фойдаланишни, ўтаётган ҳар бир лаҳзани илм-ҳунар ўрганишга сарфлаш борасида ибратли ишлар орқали, шахсий намуна кўрсатиши муҳимдир. Қолаверса, ёшларни спорт, тил ўрганиш, мусиқа ва     бошқа турли тўгаракларга жалб этиш орқали вақтдан унумли фойдаланишга ўргатиш, маънавиятини, тафаккурини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш жоиз.

Бу хусусда бир йигит шундай дейди: "Беш олти ошна-оғайнилар доим биргамиз. Кундузи билан уйда ҳеч қандай ишга бўйин эгмай, вақтни бесамар ўтказардик. Кеч кирганда эса ҳаммамиз кўчага чиқиб, гаплашиб ўтирардик. Кўпинча "интернет кафе"да вақт ўтказардик. Маҳаллаларни кезиб юрганда ҳам жим юрмасдан, шовқин кўтариб, одамлардан дашном эшитишга ҳам кўникиб бўлгандик.

Бир дўстимиз бирданига сафимиздан чиқиб кетди. Кейин билсак, дадаси уни қаттиқ назорат қилиб, беҳуда юришни таъқиқлаб қўйган экан. Аввал уни мазах қилдик. Бироқ, у бизнинг гапларимизга парво қилмади.

Бир муддат вақт ўтиб, ўша дўстимиз ишга жойлашди. Унинг кийиниши, юриш-туриши, сўзлашиш оҳанги ўзгарди. Янги дўстлар орттириб, жамиятда ўз ўрнини топди, қаерга борса уни ҳурмат билан кутиб олишлар... Тўғриси, унга ҳавасимиз келди.

Чунки, вақтдан оқилона фойдаланишнинг, эзгу мақсад йўлида интилишнинг натижасини ўз кўзимиз билан кўриб, ўзимизга керакли сабоқни чиқариб олгандик..."      

Дарҳақиқат, халқимизда: "Вақтинг кетди, нақдинг кетди", деган ҳикмат бежиз айтилмаган.

Фарзанди келажагини ўйлаган ота-оналар ўзининг ҳам, фарзандининг ҳам бўш вақтини самарали ўтказишга интилади. Аслида, вақтни қадрлашда китобнинг ўрни беқиёс: китоб мутолаасига меҳр қўйган болалар мулоҳазали бўлишади, бундан ташқари, ота-онасига муҳаббатли, инсоний фазилатларга бой бўлиб улғайишади. Китоб ўқиб, улғайган боланинг дунёси беғубор бўлиб, у атроф-муҳитни, борлиқни ўз фикрлаш доирасида талқин этади. Бу борада эса, унинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини эшитган эртаклари, аллалари бойитади.

Дарҳақиқат, китоб ўқиш орқали қалбимизга жо қилган ўзбекона меҳр-мурувват, саховат, одамийлик фазилатлари бизни Ватанни севишга, вақтнинг қадрига етишга ўргатади.

Ихтиёржон АБДУРАҲИМОВ,

 

Улуғнор тумани.

Аҳил оила бахт қўрғонидир

Ибратли ёш оилалар

Марҳаматнинг сўлим Қорақўрғон қишлоғида туғилиб ўсган Гулмира Мамасолиева тумандаги 3-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатни аъло баҳоларга тамомлаб, Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди.

Тиббиёт институти талабаси бўлиш осон эмас. Машғулотлар мураккаб,    дарслар оғир. Ҳар бир фанга масъулият билан ёндашиш керак. Бир кунлик дарс қолдириш ҳам бир йилга татигулик машаққат келтиришини Гулмира яхши биларди. Ўз соҳасининг малакали мутахассиси бўлиш учун қиз тунлар ширин уйқусидан, вақти келса, қишлоқдаги дугоналари билан ўтадиган дийдор дамларидан ҳам воз кечишига тўғри келди.

Гулмира учинчи курсга ўтганида хонадонидан совчилар қадами узилмай қолди. Онаси Мунира опа ҳам қизини узатиш ҳаракатига тушди.

- "Халқимизда "қиз бола-палахмоннинг тоши", деган мақол бор. Ҳар нарса вақти -соатида бўлгани яхши. Қиз бола учун энг муҳими - оила.  Тушган жойингда ўқитишни исташса-ўқитишади, бўлмаса, бир уйнинг бекаси бўлиб ўтирасан!" - деди Мунира опа қизига.

...Абдураҳмон Гулмиранинг курсдоши эди. Қизни турмушга узатмоқчи бўлаётганларини эшитиб, Абдураҳмон ота-онасига уйланиш ҳақида оғиз очди. Ўзи каби ўқимишли, бунинг устига бир соҳада бўлган, касбини тушунадиган, маънавиятли қиз борлигини, агар шу қиз билан турмуш қуришса, бахтли яшашларини тушунтирди. Зиёли ота-она фарзандларининг келажагини ўйлаб Гулмирани келин қилишга рози бўлдилар. Дунёқараши, фикрлашлари, орзу-мақсадлари бир-бирига эш бўлган икки ёш турмуш қуришди.

Шу тариқа марҳаматлик Гулмира Андижон тумани "Саноат" маҳалласига  келин бўлиб тушди. Оила бошлиғи Элмурод ака Валиев ҳайдовчи, хонадон соҳибаси Маҳфуза опа эса муаллима. Гулмира уч ўғилнинг тўнғичига тушганди. Абдураҳмоннинг укаси Абдулазиз ҳам тиббиёт институтида талаба, Абдинурбек эса мактаб ўқувчиси.

"Янги оилада қандай қилиб ўқишимни давом эттираман, қийналиб қолмасмиканман, уй ишларига улгуролмасам, қайнонамнинг жаҳли чиқса-чи?", деб ўйлаган Гулмира тушган хонадонидаги муҳит, қайнотасининг қалбидарё, бағрикенг инсон, қайнонасининг меҳрибон, илмни қадрлайдиган, ҳаётнинг қадрига етадиган маънавиятли аёл эканлигини кўриб, кўнгли тоғдай кўтарилди. Қиз - тушган жойида хонадоннинг келини эмас, қизига айланди.

Ўтган йиллар давомида Гулмира хонадоннинг суюкли келини, ширингина қизчанинг онаси бўлди, тиббиёт институтини муваффақиятли тамомлади. Сессияларда, синов имтиҳонларида қийналмади. Муаллима қайнонаси Маҳфузахон опа уй ишлари, бола парваришида унга кўмаклашди.

- Ҳамиша қизим йўқлигидан ўксинардим, - дейди Гулмиранинг қайнонаси Маҳфузахон Валиева. - Қизим бўлса менга сирдош, ўртоқ бўларди. Уй юмушларини биргалашиб қилардик, дардлашиб ўтирардик, биргалашиб телевизор томоша қилардик. Шу менинг ич-ичимдаги армоним эди. Келин олсам, келиним билан ана шундай она-бола бўлиб яшашни кўнглимга туккандим. Абдураҳмоним "уйланаман", деганда роса хурсанд бўлганман. Ва ниҳоят бизнинг хонадоннинг ҳам қизи бўлади, деб.

Яратганга шукр, Гулмирахон менинг кўнглимдагидай самимий, кишининг кўнглига қарайдиган. Айёрликни билмайди, тез тил топишиб кета оладиган киришимли, меҳрибон. Келин эмас, худди қизимдай. Бахтли оила бўлиб яшаш учун кўп нарса керак эмас, аслида. Қайноналар келинни ўз оила аъзосидай қабул қилиб, самимий меҳрини, эътиборини аяшмаса, камчилигидан кўз юмиб, ютуғига қувона олса, "болам иккита бўлди", деб ўйлаб яшашса, шунинг ўзи етарли деб ўйлайман.

Файзли, аҳил оила "бахт саройи" деб таърифланади. Никоҳ ўқилганда шу сарой пойдеворига илк ғишт қўйилади. Мазкур саройни эр ва хотиннинг ўзлари барпо этишлари керак. Юрагида ширин орзу-умидлар билан келинлик сарпосида куёв хонадонига қадам қўяётган қиз ўзи учун сирли туюлган янги хонадоннинг тартиб-қоидалари, интизомларини ўзлаштириб олади. Агар у инсонийлик фазилатлари, аёл, она бўлишдек масъулиятли вазифалар, оилани мустаҳкамловчи асослар ҳақидаги тушунчаларга эга бўлса, ундай келин  энг бахтли аёлга айланади.

Гулмира ҳам ўзини бахтли аёллардан ҳисоблайди. Буни суҳбатимиз давомида унинг бахтиёр чеҳрасидан, ўзини тутиши, оила аъзолари билан  муносабатларидан, бахтидан сармаст гапларидан билиш мумкин эди:

- Бугун тушган жойимда эрка келин, суюкли рафиқа, бахтли она ва қадрли оила аъзосиман. Ойижоним ва дадажоним бахтимизга омон бўлишсин! Шулар борки, қаддимиз тик, бахтимиз бутун. Келгусида уларнинг ишончини оқлаб, турмуш ўртоғимнинг тиргаги бўлиб, аҳил ва намунали оила бўлиб яшаб ўтишни, қайнота-қайнонамнинг дуосини олиб беминнат хизматларида бўлишни истайман.

Аслида, бахтли бўлиш учун кўп нарса керак эмас. Оилада бир-бирини тушуниб, аҳил-иноқ яшашнинг ўзи бахт. Аҳил оила бахт қўрғонидир. Юртимизда ана шундай оилалар кўпаяверсин. 

 

 

Муаззам  ИБРОҲИМОВА

Ёлғон ғоялар учун жонини қурбон қилаётганлар...

Огоҳлик

Улар сизу бизнинг ҳамюртимиз, кимнингдир жондан азиз фарзанди, ака-укасидир

Андижон вилояти Пахтаобод туманида туғилиб ўсган А.К. бир гуруҳ маҳалладошлари қатори яхши ниятлар билан Россияга ишлагани кетган эди. У ишлаб топган пулига эҳтимол уйини таъмирлатишни, машина олишни орзу қилгандир.

Эндигина 20 ёшини қаршилаган йигитни ота-онаси ҳам не-не орзу-умидлар билан кузатди. Бироқ ҳали ёш, ҳаётнинг оқ-қорасини яхши билмайдиган йигит Россиянинг Екатеринбург, Тюмень шаҳарларида ишлаб юриб, "Жиҳодчилар" диний-экстремистик оқими тарафдорлари таъсирига тушиб қолади.

У белгиланган тартибни бузиб, хорижий давлатларга чиқиш рухсатномасини расмийлаштирмасдан Россиядан Туркия Республикаси орқали "Халифалик" давлатини қуриш йўлида " жиҳодий" амалиётлар олиб борилаётган, уруш ҳаракатлари кетаётган Сурия давлатига ўтиб кетади.

Телефон орқали ота-онанинг бу йўлдан қайтиш ҳақидаги илтижолари бесамар кетди, йиғлаб-сиқтаганлари фойда бермади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан А.К. Суриядаги жангларда фаол иштирок этиб келаётгани ҳолда, ўз яқинлари, таниш-билишларини ҳам Сурияга келишга даъват қилиб,   Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига раҳна солувчи, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмаларни тарқатишда фаол иштирок этганлиги аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Х.Сарманов раислигида бўлиб ўтган суд фуқаро А.К. га нисбатан прокуратура илтимосномасини кўриб чиқиб, мазкур фуқаро содир этган жиноий ҳаракат ўта оғир жиноятлар туркумига кириши, айбланувчи дастлабки тергов ва суддан қочиб яширинганлигини инобатга олиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллашни лозим топди.

Узоқ юртларда ватангадо бўлиб юрган А.К. ота-онаси, жигаргўшаларини ўйлаганида, қобил фарзанд, юртини севадиган ватанпарвар инсон бўлганида эди, жаҳолат йўлига юрмаган, фуқаролар тинчлигига рахна солмаган, бегуноҳ инсонлар қони тўкилишига сабаб бўладиган мудҳиш жиноятларга қўл урмаган, уруш ҳаракатларида қатнашмаган, ота-онасининг юзини ерга қаратиб, уларни иснодга қўймаган бўларди.

Минг афсуски, таълим-тарбиядаги хатоларимиз, айрим ҳолларда ёшларимизни назоратсиз қолдираётганимиз, уларнинг тақдирига эътиборсиз қараётганимиз туфайли юз бермоқда. Келгусида ана шундай ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун ота-она, маҳалла, умуман, кенг жамоатчилик ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиши, уларни турли иллатлар таъсирига осонгина тушиб қолмайдиган, оқ-қорани ажрата биладиган юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялаш масалаларига жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Шунда жондан азиз дилбандларимиз сароб мақсад йўлида олис ўлкаларда ватангадо бўлиб юрмайди, уйдирма ғоялар учун азиз жонларини қурбон қилмайди.

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Мустаҳкам хонаи хуршид

кўнгил битиклари

Академик шоиримиз Fофур Fулом қаламига мансуб бўлган бу сатрларнинг аввалу охирини кўпчилик ёд билади:

Узилган бир киприк абад йўқолмас,

Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид...

Аллома шоир "Хонаи хуршид" иборасини қўллаганда, бутун ер юзини назарда тутгандир, эҳтимол. Лекин менинг тасаввуримда, хонаи хуршид - қуёш уйи, бу - ҳаммамиз учун азиз, ҳаммамиз учун оламнинг олтин остонаси, улуғ тафаккурзодалар бешиги бўлмиш Ўзбекистон гавдаланаверади.

Бу ҳудудда яшаётган аҳолимизнинг сони 33 миллионга яқинлашиб қолди. Улар -    дуогўйларимиз ота-оналаримиз, илм йўлларида игна билан қудуқ қазигандек заҳмат чекаётган фан фидойилари, шифокорлар, муаллимлар... Бешикда мунчоқ кўзларини онасига тикиб ётган қоракўзлар ҳам шу саноқда... Ҳаммасини жамлаб, "Ватан" деб атаб, тасаввур қилмоқчи бўлсанг, бу тасаввур дақиқа сайин, боя айтганимдек, улканлашиб бораверади, сен унинг қаршисида заррага айланасан.

Агар юрт бошига: "Мен мана шу одамлар, мана шу замин учун жавобгарман", деган катта юракли инсон келса, ҳеч нарса, ҳатто, бир зарра ҳам эътибордан четда қолмас экан. Биз бу ҳақиқатни ҳар кун, ҳар лаҳза ўз кўзимиз билан кўриб, ҳар дақиқаси асрларга тенг жараёнда ўзимиз иштирок этиб турибмиз. Биргина юртимиздаги хотин-қизларга эътибор масаласини олайлик, узоққа бормайлик-да, бу борадаги кейинги пайтлардаги ўзгариш, янгиликларга диққат қилайлик. Жорий йилнинг 2 февраль санасида Президентимизнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила    институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Бу тарихий фармон ижросига қараб ҳаракат қилар эканмиз, замондош опа-сингилларимизга яна ҳам яқинроқ борамиз. Ҳаётда катта ютуқларга эришган, оиласи тинч, фарзандлари бешикаст камолга етаётган хонадонлар ҳаёти ҳам фармондан четда эмас-ку, лекин тарихий ҳужжатда кўпроқ ҳимояга муҳтож, ибтидоий шароитлар билан қолиб кетган, бугунги тараққиёт имкониятларидан узилиб қолган юртдошларимизни қўллаб-қувватлашга кўпроқ аҳамият берилган. Уларнинг орасида боқувчиси йўқ, ногирон фарзандларини парваришлаётган ёлғиз аёллар оз эмас. Фармоннинг тарихийлиги, бебаҳо ҳужжатлиги шундаки, унда бундай эътиборталаб оилалардан умумий тарзда хабар олиш белгиланмаган, балки, уларнинг манзилли рўйхатини тузиш, ҳар бирининг эҳтиёжини ўрганиш ва шахсий ёндашув талаб қилинган. Бу дегани тақдир тақозоси билан муаммолар гирдобида яшаётган аёлни қай бир яхши кунда бир халта егулик билан йўқлашу қутулиш дегани эмас. Уларнинг ҳар бирига инсондек қараб, улар билан инсоний муносабатда бўлиб, қийинчиликларини бартараф этиш дегани.

 Ҳозир ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, иссиқ-совуқ сувсиз, томидан чакка ўтиб ётган уйлардан (агар уй деб аташ мумкин бўлса) замонавий, ёруғ хонадонларга кўчиб ўтган юртдошларимиз, айниқса, аёлларимизнинг миннатдорчилигининг чеки йўқ.

Айниқса, Президент қарори билан Рамазон ҳайити арафасида билиб-билмай хато йўлларга кириб қолган бир гуруҳ аёлларнинг афв қилинганлиги, афвдан кейин эса мутасадди ташкилотлар билан жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари фаолларининг тақдир чорраҳаларида чақмоқ урган дарахтдай эгилиб турган, ҳали виждонидан гуноҳ кири бутунлай кетмаган кечаги маҳкума, бугунги озод инсонга кўрсатаётган ғамхўрликлари уларнинг руҳиятида яхши ўзгаришлар қилмоқда.

Бу қувончлар, бу савобли ишлар атиги икки йил ичида мўъжиза янглиғ кўз ўнгимизда содир бўлди!

"Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурларининг ижроси фақат қишлоқ, маҳалланинг уй-жойи, кўчасини эмас, унда яшаётган аҳолининг, жумладан, хонадон бекаларининг кўнгилларини ҳам обод этаётгани, шубҳасиз.

 "Ватанпарварлик, инсонпарварлик тарбияси боғчадан бошланиши керак", деган     фикрни амалга ошириш учун ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлиги фаолияти ҳам, "Ҳар бир оила - тадбиркор" шиори остида ота-бобосидан мерос бўлган ҳунарларнинг олтин сандиқларини очиб, бири ёғоч ўймакор, бири асаларичи, бири каштадўзга айланаётган бекалар, беклар ҳам қаламларимиз нишонида бўлади.

Қалам ҳам, қоғоз ҳам аслида ҳақиқат жарчиси, ҳақиқат ялови. Она Ўзбекистонимизда тинчлик барқарорлиги, қадриятлар бардавомлиги, меҳнат шарафи, адолат тантанаси йўлида қадам ташлаётган пок ниятли инсонларга ҳамроҳмиз. Ният тоза, қадамлар шахдам бўлса, албатта, юртимиз обод, кўнгилларимиз шод бўлишига ишончимиз комил.

 

Мунаввара УСМОНОВА,

 

шоира, "Саодат" журнали бош муҳаррири.

Тиббиёт ва тиббий таълимда инновация

Андижон давлат тиббиёт институтида "Тиббиёт ва тиббий таълимда инновация" мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Андижон давлат тиббиёт институтининг "Ёш олимлар кенгаши" ҳамда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган анжуманда институт ҳамда  Қирғизистон Республикаси Ўш давлат университети медицина факулътетининг профессор-ўқитувчилари, ёш олим  ва талабалари иштирок этди.

Анжуман қатнашчилари ҳамда қўшни давлатдан ташриф буюрган меҳмонлар институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори А. Арзиқулов ҳамроҳлигида олийгоҳ музейи,   институтнинг симуляцион маркази ҳамда ахборот технологиялари бўлими фаолияти, таълим жараёнлари, яратилган шарт-шароитлар  билан яқиндан танишдилар.

 "Тиббиёт ва тиббий таълимда инновация" мавзусидаги илмий-амалий анжуманда мавзу доирасида маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар, тиббий таълимга илғор инновацияларни жорий этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Қизиқарли баҳс-мунозара, савол-жавоб ҳамда таклифлар остида ўтган анжуманда икки давлат тиббиёт институтларининг ўқитувчи ва талабалари фаол қатнашдилар.

Анжуман якунида икки олийгоҳ ўртасидага ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга   келишиб олинди, шунингдек, анжуманда фаол қатнашган бир гуруҳ иқтидорли талабалар сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Қўшни давлатдан келган меҳмонлар учун Андижон шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил этилди.

 

Насибулло ЎРМОНЖОНОВ,

 

Андижон давлат тиббиёт институти талабаси.

Осмонсан - бағрингда мен бир юлдузинг

Тупроғинг кўзимга тўтиё қилиб,

Меҳринг ҳис қиламан қайноқ бағрингда.

Юз очган заминим муқаддас билиб,

Сезаман шукурни ҳатто зоғингда.

 

Азиз Ўзбекистон - бахтнинг макони,

Ҳар қарич ерингда файз очар чирой.

Ёш авлод қўлида дунё имкони,

Ўтар кунларимиз шукронага бой.

Кечаги тарих бу - асли бир ибрат,

Боболар, момолар изи биздадир.

Ҳатто йўқотишдан излаймиз ҳикмат,

Келажак машъали йигит-қиздадир.

 

Ватаним, толмайман этмоқдан таъзим,

Сендадир бугуним, эртам, кундузим.

Шонинг юксалади - шунчалар азим,

Осмонсан - бағрингда мен бир юлдузинг.

Умида ЭРМАТОВА, Асака тумани

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ ЯРМАРКАЛАРИ АҲОЛИГА КЕНГ ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТМОҚДА

Шу кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижонда ҳам янги йил байрами шукуҳи кезмоқда. Жамоаларда, таълим муассасаларида байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш учун қизғин тайёргарлик олиб борилмоқда. Хусусан, андижонликларнинг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида Андижон шаҳридаги оммавий байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган 16 та ҳудудда, шунингдек, туман ва шаҳарлар марказларида янги йил байрами арчалари ўрнатилиб, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.

Ярмаркаларда вилоятдаги қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик ҳамда балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Ярмаркаларда деҳқону боғбонлар томонидан етиштирилган сифатли ва сархил мевалар, сабзавот ва полиз, шунингдек, асал, сут, тухум, гўшт, балиқ, умуман, 50 дан зиёд турдаги озиқ-овқат, қандолат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда.

- Андижон шаҳрининг        "Соғлом авлод" маҳалласи гузарида ташкил этилган ярмаркада гўшт, тухум, асал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз билан иштирок этяпмиз, - дейди Пахтаобод тумани агрофирмаси раҳбари Мавлонберди Эгамов. - Ҳамюртларимизга қулайлик яратиш, байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида маҳсулотларимиз бозорга нисбатан арзон нархларда сотилмоқда.

Дарҳақиқат, байрамолди ярмаркаларида сотилаётган маҳсулотларнинг бозор нархидан бирмунча арзонлиги, қолаверса, савдоларнинг пластик карталар орқали амалга оширилаётганлигидан барча мамнун.

- Янги йил байрам ярмаркалари айниқса, биз кўп қаватли уйларда яшовчилар учун катта қулайлик яратди, -  дейди Андижон шаҳридаги "Соғлом авлод" маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Мавлудахон Собирова. - Совуқда бозорга бориб юрмаймиз, ярмаркада ҳамма нарса бор, ҳам арзон. Гўштнинг килоси 30 минг сўм, тухумнинг донаси 400 сўм. Асосий озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатлилиги, бозордагидан арзон нархларда сотилаётганлигидан беҳад хурсандмиз.

Байрам арчалари атрофида Қорбобо, Қорқиз, турли эртаклар қаҳрамонлари иштирокида кўнгилочар тадбирлар ўтказилаётганлиги, айниқса, болажонларга олам-олам қувонч улашмоқда.

Янги йил байрами ярмаркалари ва ўтказилаётган тадбирлар аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, халқимизнинг байрам кайфиятини кўтаришга хизмат қилмоқда.

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

 

жамоатчи мухбир.