+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ҳуснида - мактабнинг энг ораста қизи

Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан "Ораста қиз" танлови ўтказилди.

Танловнинг якуний босқичида юқори синфларнинг саралаб олинган 10 нафар ўқувчиси билими, сиёсий савияси, уй юмушларидаги уқуви ҳамда Конституцияга оид билимлари бўйича ғолиблик учун ўзаро беллашдилар. 

Савол-жавобларда қизлар ўзларининг қай даражада топқир, зукко ва ҳозиржавоб эканлигини кўрсатдилар.

- Қизлар ибоси, ҳаёси билан гўзал, - дейди мактаб директори Наргиза Абдураҳмонова. - Қизларимизни билимли, юксак маънавиятли, хушхулқ, ахлоқ-одобли қилиб тарбиялашда бевосита мактабнинг, устозларнинг ҳам ўрни беқиёс. Бу каби тадбирлар ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, барча иштирокчилардан юқори балл тўплаган  8-"Б"синф ўқувчиси Ҳуснида Усмонова ғолиб деб топилди.

Fолиб ва барча иштирокчилар мактаб маъмурияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Нилуфар МАМАТУРАИМОВА,

 мазкур мактаб ўқитувчиси.

"Ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг ҳуқуқий пойдевори"

Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланиб Андижон давлат университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида "Ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг ҳуқуқий пойдевори" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Вилоят адлия, ички ишлар бошқармалари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда ҳуқуқшунослар, Омбудсманнинг вилоятдаги вакили, марказ ўқитувчи ва тингловчилари иштирок этди.

Анжуман очилишида сўз олган АДУ ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори А. Тоҳирён анжуман иштирокчиларини Конституция байрами билан муборакбод этиб, Бош Қомусимиз юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий асоси эканлиги, жамият ва фуқаролар ҳаётида нечоғли муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Анжуманда "Жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришнинг долзаб муаммолари", "Конституция - бахтимиз қомуси", "Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг буюк хартияси" сингари қатор мавзуларда маърузалар тинланди.

Иштирокчилар томонидан конституциямиз давлат бошқарувини янада демократлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш ҳамда жамиятни янгилаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси эканлиги қайд этилиб, унинг моддалари, мазмун-моҳияти, ўзига хос муҳим жиҳатлари, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг кафолати эканлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Марказ тингловчилари томонидан конституцияни мадҳ этувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди, унинг қатор моддалари, ҳаётимиздаги ўрни ва роли ҳақида маълумотлар берилди.

Анжуман иштирокчиларнинг конституциямизга оид билимларини янада бойитди.

 

Шоирахон АҲМЕДОВА,

 

марказ ўқитувчиси.

Сенга таъзим, ўзбек аёли!

Ошиқ аҳлин гирён этган сен,

Муҳаббатнинг эрка хаёли.

Сабрларинг алп тоғларга тенг,

Сен ибратсан, ўзбек аёли!

 

Садоқатга қурасан ҳайкал,

Ой юзингда ҳилол жамоли.

Андишага бергувчи сайқал -

Бир ҳикматсан, ўзбек аёли!

 

Тоза имон, очиқ кўнгилсан,

Дилни қучмиш сўзларинг боли.

Фарзандларга меҳри уммонсан,

Ишқи ҳиммат, ўзбек аёли!

 

Меҳр бўлиб дилга инасан,

Сен вафонинг буюк тимсоли.

Қайта-қайта такрорлагайман:

Сенга таъзим, ўзбек аёли!

 

Ҳулкарой АБДУРАҲМОНОВА

Чингиз Айтматов - жаҳон адабиётининг буюк намоёндаси

Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида вилоятимизда машҳур ёзувчи, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

 Вилоят ҳокимлиги,    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фани чуқурлаштириб ўқитиладиган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб ўтган тадбирда адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар, ижодкор талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршидабону Қўчқорова, Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қамчибек Кенжа ва бошқалар  буюк адиб Чингиз Айтматовнинг ҳаёти, фаолияти, ижоди хусусида гапирдилар.

 - Чингиз Айтматов ижоди, унинг бетакрор асарлари жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом. - Шу боис ҳам адибнинг кўплаб асарлари жаҳоннинг қатор тилларига таржима қилинган ва барча халқлар томонидан севиб ўқилади. Жумладан, унинг деярли барча асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

Тадбир қатнашчилари Чингиз Айтматов ижоди, фаолияти акс этган фотосуратлар, унинг китоблари кўргазмаси билан танишдилар.

Муҳаммад Юсуф мактабидаги қатор синфларда улуғ адибнинг Жамила", "Сарвқомат дилбарим", "Оқ кема" асарлари асосида ўтилган очиқ дарслар барчада катта қизиқиш уйғотди.

Андижон давлат университети филология факультети талабалари томонидан улуғ адиб ижодий меросининг аҳамияти, асарларида тараннум этилган юксак инсоний фазилатлар, адибнинг йирик жамоат арбоби сифатидаги фаолияти, турли халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган беқиёс хизматлари ҳақида қизиқарли маърузалар ўқилди.

Қирғиз тили йўналишида таҳсил олаётган талабалар,  Марҳамат туманидаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган 35-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг адиб ижоди ҳақидаги ўзбек ва қирғиз тилларида чиқишлари, шунингдек, Муҳаммад Юсуф номли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари томонидан Чингиз Айтматов асарлари асосида тайёрланиб намойиш этилган саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Ижодкор қизлар иштирокида ўтказилган мушоира тадбирга янада файз киритди.

Тадбирда адабиёт инсон маънавий дунёсини, тафаккурини бойитишда чегара билмас восита эканлиги Чингиз Айтматов ижоди орқали яна бир бор намоён бўлганлиги таъкидланди.

Вилоятимиздаги таълим муассасаларида бу каби тадбирлар ўтказилиши давом этмоқда.

 

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА,

 

АДУ талабаси.

Аёллар маънавияти: дилдан суҳбат

Андижон шаҳридаги "Исломобод" маҳалла фуқаролар йиғинида "Аёллар маънавияти: дилдан суҳбат" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда маҳалла фаоллари, фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, отинойилар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси ҳамда "Исломобод" маҳалласи ҳудудида жойлашган ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Равшаной Жўрабоева олиб борди.

- Оиланинг тинч, мустаҳкам бўлишида, фарзандларнинг комил инсон бўлиб тарбияланишида аёл маънавиятининг ўрни беқиёс, - дейди Р. Жўрабоева. - Маънавиятли аёл оилада ҳам, жамиятда ҳам бирдек ўз ўрнини топа олади. Бахтли оилаларни шакллантириш, ёшларни тарбияли, ватанпарвар, ақлли ва зукко қилиб тарбиялаш учун энг аввало, аёлларимизнинг билим ва савиясини оширишимиз, маънавиятини юксалтиришимиз лозим. Мақсадимиз, ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилани қамраб олиб, аёллар билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг дардларини тинглаб, муаммоларини бўлишишдир!

Тадбирда сўзга чиққан вилоят "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари Замирахон Тиллаева, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон шаҳар бўлими раҳбари Ҳабибахон Жўрабекова, Андижон шаҳар бош отинойиси Шоирахон Мирзаева, олий тоифали шифокор Жўрахон Саидходжаева ва бошқалар ёшлар тарбияси, интернет тармоқлари орқали кириб келаётган, миллий менталитетимизга ёт бўлган маънавий хуружлар, ёшлар тарбиясидаги меъёрлар, ота-оналарнинг фарзандлари юриш-туриши, телефонда сўзлашишини назорат қилишлари лозимлиги тўғрисида тўхталдилар.

Шунингдек, тўй-тўркин, эҳсон ва маъракаларни янада ихчам ва дабдабадан ҳоли ўтказиш, маросимларда маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоатчилик кенгашларининг иштирокини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Вилоят жиноят суди бўлим бошлиғи Комроншоҳ Расулов кейинги пайтларда ёшлар ва аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари кўпайганлиги, бунга жамоатчилик эътиборини қаратиш лозимлиги хусусида гапириб, барчани ҳамкорликда ишлашга чақирди.

Тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинларидан ташриф буюрган мутахассис ва фаол хотин-қизлар ҳам сўз олиб, оилаларни мустаҳкамлаш, оила ва хотин-қизлар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, ўз вақтида ҳал этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, опа-сингилларимиз ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбирда вилоят театри санъаткорлари томонидан ижро этилган ёр-ёр, келин салом, қўшиқ ва лапарлар иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади. 

Якунда самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ мутахассислар, фаол аёллар шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Оминахон ИБРОҲИМОВА,

Андижон шаҳар

 

хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси.

БОТУЛИЗМДАН САҚЛАНИНГ

Мутахассис минбари

 

Кунлар совий бошлаши билан ёзда тайёрлаб қўйилган мева ва сабзавот консерва маҳсулотларидан фойдаланишни бошлаймиз. Аммо унутмаслигимиз керакки, помидор, бодринг, патисон маринади, бақлажон икраси ва бошқа консерва маҳсулотларини истеъмол қилишдан заҳарланиш ҳеч гап эмас.

Ботулизм овқатдан заҳарланишлар ичида энг оғир кечадиган касаллик бўлиб, айрим ҳолларда ўлим билан тугайди. Касалликнинг асосий манбаси ўтхўр ҳайвонлар ва кемирувчилар, айрим қушлар, балиқ, қисқичбақа ва шиллиқуртлар ҳисобланади. Микроблар асосан ана шу ҳайвонлар ичагида кўпаяди ва ташқи муҳитга чиқиб, тупроқ, ўт-ўлан ва сувни зарарлайди. Уй шароитида маҳсулотларни консервалашда санитария қоида ва меъёрларига риоя қилинмаслиги натижасида ҳам касаллик жадал ривожланади.

Ботулизм билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон организмига тушиб, тўқималар ва асаб системаси фаолиятини бузади. Касалликнинг яширин даври 6-24 соатдан 6-10 кунгача узайиши мумкин. Касалликнинг бошланиши ўткир кечади. Кўнгил айниши, қайд қилиш, дармонсизлик безовта қилади. Нафас олиш ва талаффуз қилиш бузилиб, қовоқ осила бошлайди.

Ботулизмдан сақланиш учун консерва маҳсулотларини уй шароитида тайёрламанг, кўча-кўйда сотилаётганда харид қилманг! Консерва маҳсулотларини дўконлардан харид қилаётганингизда маҳсулот ёрлиғига, яроқлилик муддатига эътибор қаратинг. Ҳар қандай консерва маҳсулотининг қопқоғи кўтарилмаганига, суюқлигининг тиниқлигига чайқатмай туриб ишонч ҳосил қилинг!

Ана шундай ҳолатларнинг бирортаси кузатилса, маҳсулот истеъмолга яроқсиз бўлиб, уни ҳатто таътиб кўриш ҳам хавфли саналади. Юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки оила аъзоларингизни ҳам ботулизм касаллигидан муҳофаза қилган бўласиз.

 

Рустамжон БОЛТАБОЕВ,

 

вилоят ФВБ ходими.

Отахон ва онахонларнинг кўнгли тоғдай кўтарилди

3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Андижон шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлар интернат уйида "Ҳеч ким эътибордан четда эмас" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Давлат, нодавлат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирокида ташкил этилган мазкур тадбирда сўз олган муассаса директори Отабек Исмоилов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Отабоев, меҳнат фахрийси Мая Усмоналиева ва   бошқалар ушбу муассасада яшаётган отахон ва онахонларни муборакбод этдилар.

Шу куни вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси жамоаси,  Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали, Андижон давлат университети ўқитувчи ва талабалари, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм аскарлари, 1-умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари ҳам муассасага ташриф буюриб, у ерда истиқомат қилаётган кекса, кўнгли ўксик инсонларга ўзларининг совға-саломларини топширдилар.

Андижон шаҳар маданият уйи, "Эъзоз" ансамбли санъаткорлари томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди.

Саховат, меҳр-оқибат намойиши бўлган бу каби ташрифлар, кўрсатилган эътибор ва эҳтиромдан отахон ва онахонларнинг кўнгли тоғдай кўтарилди.

 

Зухриддин УМРЗОҚОВ

"Ёнғинлар профилактикаси куни" уюшқоқлик билан ўтказилмоқда

"101" огоҳлантиради

Андижон шаҳридаги "Уз Корам Ко", "Уз Тонг Хонг Ко", "Уз Донг Янг Ко" ва "Уз Донг Вонг Ко" қўшма корхоналари ЁХБ бўлинмаси ходимлари томонидан "Ёнғинлар профилактикаси куни" доирасида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, мазкур корхоналар цех, бўлим, участка ва омборларида ходим, ишчи-хизматчилар, шунингдек, Андижон шаҳридаги "Қоратут" маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳамда "Жаҳон бозори" МЧЖда фуқаролар билан ўтказилаётган мулоқот ва учрашувларда иш ва яшаш жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ёнғинга олиб келувчи ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кенг тушунчалар, йўриқномалар берилмоқда.

Тадбирларда ишчи-хизматчиларга ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича ҳуқуқий сабоқ соатлари ўтказилиб, кўнгилли ёнғиндан сақлаш гуруҳлари билан амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Андижон шаҳридаги "Қоратут" МФЙ фаоллари, газ ва электр таъминоти корхоналари мутахассислари билан биргаликда кўп қаватли аҳоли яшаш хонадонларининг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликлар, салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. 

"Ёнғинлар профилактикаси куни" тадбири доирасида корхоналардаги ёнғин содир бўлиш эҳтимоли бўлган бино-иншоотларнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилиб, ёнғинга сабаб бўлувчи носоз электр ускуна ва агрегатлардан фойдаланиш таъқиқланди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб этувчи эслатма ва плакатлар тарқатилди.

Бу каби тарғибот-тушунтириш ишлари тизимли равишда ўтказиб борилиши йўлга қўйилган.

 

Муҳаррамхон МЎЙДИНОВА,

Моҳидилхон ҚУРБОНОВА,

 

вилоят ИИБ ЁХБ бўлинмаси ходималари.

"Биз - соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз"

Марҳамат туманидаги 47-давлат ихтисослаштирилган мактабида 1 декабрь - Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунига бағишланиб "Биз - соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз" мавзусида тадбир ўтказилди.

Мактабнинг ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Манзура Абдуллаева  ҳамда биология фани ўқитувчиси Нилуфар Юлдашева ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.

Мактабнинг иқтидорли ўқувчилари, Ёшлар иттифоқи, "Камалак" ташкилоти  сардорлари томонидан ОИТС хасталигининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган чиқишлар, спорт, ёшлик, гўзаллик ҳақидаги шеър, қўшиқ ва рақслар, айниқса, 10-синф ўқувчилари ижросидаги ОИТС хасталигининг аянчли оқибатлари акс этган саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбирда туман "Камалак" болалар ташкилоти раҳбари Нодирбек Кимсанбоев  Эрши маҳалласида истиқомат қилувчи Бобурмирзо Каримовга ногиронлик аравачаси топширди.

Шунингдек, тадбир доирасида ўқувчилар чизган ОИТСга қарши кураш мавзусидаги     расмлар танлови ҳам ўтказилди. Танловда 7- "А"синф ўқувчиси Камронбек Эркинжоновга 1-ўрин насиб этди. Якунда танлов ғолиблари, совриндорлари ҳамда тадбирнинг фаол иштирокчилари туман "Камалак" болалар ташкилотининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир ўқувчи ёшларнинг соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада  бойитди.

Диёра ТЕШАБОЕВА,

Дилдора FАНИЕВА,

мазкур мактаб ўқитувчилари.

СЕРДАВЛАТ ДАВЛАТХОН МОМО

Пиру  бадавлатларимиз

Избоскан тумани Туячи қишлоғида истиқомат қилаётган Давлатхон момо Fуломова асли  Туркманистонда туғилган. Тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг 30 йилларида Ўзбекистонга кўчиб келган туркман оиласи тумандаги "Чорвадор" маҳалласидан қўним топди. Бу ерда Давлатхон Мамадризо Fуломов билан тақдир йўлларини боғлади.

Улар биргаликда бахтли ва саодатли умр кечирдилар, 9 фарзандни тарбиялаб вояга етказдилар. Давлатхон момонинг навқирон дамлари Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Момо ўша аламли кунларни эслар экан, кўзига ёш олди:

- Уруш бошланганда тўнғич ўғлим Рустамжон бир ёшга тўлган эди, - дейди биз билан суҳбатда Давлатхон момо. - Турмуш ўртоғим билан фронт ортида меҳнат қилганмиз. Чорвачилик базасида, асаларичилик хўжаликларида ишладик. Бирин-кетин туғилган фарзандларимнинг бирини етаклаб, бирини опичлаб ишга чиқардим. Яшаш қийин, битта нон топсанг кўзингга суртгудек дамлар эди. "Уруш қачон тугаркин, эртага нима бўлади?", деган ўй-хаёллар гирдобида яшардик.

Тўғри, биз қирғинбарот    жанглар кечаётган жойларда яшамадик. Бироқ, ана ўша аёвсиз урушлар асорати бизни ҳам четлаб ўтмаган.  Қишлоғимизнинг не-не алп ўғлонларидан "қора хат" келганида бошимиздаги шу қийинчиликларга ҳам шукр келтирганман. Яратганга шукр, оғир кунлар ортда қолиб, шундай дориломон замонларда яшаш бахти ҳам насиб этди.

Бу йил Давлатхон момо 95 ёшни қарши олди. Ёнидаги тиргаги, ярим аср бирга умргузаронлик қилган умр йўлдоши Мамадризо ота дунёдан ўтиб кетди. Момо эса фарзандлари, қирқдан зиёд невара, олтмишга яқин чеваралари ардоғида ҳаёт кечирмоқда.

Салкам бир асрни қоралаётган момо ҳанузгача содда, самимий, меҳмондўст, ширинсухан. Маҳалладошлари уни серғайрат, сердавлат момо, дея ардоқлашади. Тўй-тўркин, маърака ва маросимлар момонинг иштирокисиз ўтмайди. Ёшлар унинг дуосини олишга, келинлар унга ўхшашга интилишади.

- Ҳадиси шарифда "фарзанд кўринглар, кўпайишинглар, улар  кўп бўлиб узоқ-узоқларга    тарқалсинлар" дейилган, - дейди Давлатхон момо. - Мана менинг ўғил-қизларимнинг бири Москвада, бири Ашхободда, бири Андижон шаҳрида, қолганлари эса "Туячи"да. Ўзим туркман элидан келиб, шу ерларда палак ёзганимга, шундай тинч ва обод диёрда бахтли яшаётганим учун Яратганга шукроналар келтираман.

Давлатхон момо узоқ умр кўришнинг сирини бағрикенглик, хушфеъллик, ҳаётга, келажакка бўлган меҳр-муҳаббат ва қаноатда деб билади.

- Борига шукр, йўғига қаноат билан яшаш керак, - таъкидлайди момо. - "Сабрнинг таги сариқ олтин", деган мақолга амал қилиб яшаган инсон кўнгилсизликлардан йироқ юради, узоқ-умр кўриб, ният-мақсадларига етади.

"Қариси бор уйнинг париси бор", дейди доно халқимиз.  Дарҳақиқат, Давлатхон момо хонадони файзли, тароватли. Онахон хонадонига қут-барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб, дуо қилишдан чарчамайди. Ҳаётимиз кўрки бўлган Давлатхон момо сингари дуогўй, табаррук оналаримиз омон бўлсин.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

 

жамоатчи мухбир.