+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Жиноятчиликка қарши бирлашамиз

Пахтаобод туманидаги 21-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатда "Биз жиноятчиликка қарши бирлашамиз" шиори остида иншолар кўрик-танлови ўтказилди.

Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, четдан кириб келаётган турли ёт ғоялар ва мафкуравий хуружларга қарши биргаликда курашиш, ёшларни баркамол, комил инсонлар этиб тарбиялаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танловда мактабнинг юқори синф ўқувчилари иштирок этдилар.

Иншолар бадиий савияси, мазмундорлиги, мавзунинг қамраб олиниши, ўқувчининг фикрлаш қобилияти, тасаввур доирасининг кенглиги ҳамда мавжуд муаммога қай даражада эътибор қаратиши каби мезонлар бўйича баҳоланди.

Якунда мактабнинг 10-А синф ўқувчиси Ойдиной Боқиеванинг иншоси энг юқори баҳоланиб, ғолиб деб топилди. Танловнинг ғолиб ва совриндорлари мактаб-интернат маъмуриятининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ,

жамоатчи мухбир.

 

 

Ижро интизомига бағишланди

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан шаҳардаги "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғинида 1-сектор ҳудудида ижро интизомини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган семинар ташкил этилди.

Семинарда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар иштирок этиб, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила    институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ҳамда ижро интизомини таъминлаш хусусида сўз юритдилар.

Қатнашчилар "Навбаҳор" маҳалласи мутахассиси Замирахон Абдуллаеванинг фаолияти, маҳаллада, оилаларда   соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар,      илғор тажрибалар билан танишдилар.

Айниқса, маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш     уйғотди. Тадбир доирасида ана шу йўналишларда самарали фаолият юритаётган тадбиркор аёлларга эсдалик совғалари топширилди.

Оилаларни мустаҳкамлаш, оила ва хотин-қизлар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, ўз вақтида ҳал этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, опа-сингилларимиз ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

 

Орзихон ЭГАМБЕРДИЕВА,

 

тадбир иштирокчиси.

250 нафар қиз-аёл ишли бўлди

Шаҳрихон туманидаги Ваҳм қишлоғида аёллар пальтоси ишлаб чиқарувчи фабрика янги бинода иш бошлади.

Шаҳрихон туманидаги "Меҳригиё Феруз юлдузи" масъулияти чекланган жамиятига қарашли мазкур фабрика аввал туман марказидаги кичик, кўримсиз бинода иш юритар, 45-50 нафар қиз-аёл меҳнат қилар эди.

Юртимизда тадбиркорларга яратиб берилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган жамият раҳбарияти жорий йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширди. Янги бино қуриш учун туман ҳокимлиги томонидан Ваҳм қишлоғидан 1,2 гектар ер майдони ажратиб берилди. Фабрикага Туркия, Хитой давлатларидан   илғор технологиялар, янги дастгоҳ ва ускуналар олиб келиб ўрнатилди.

 - Лойиҳани амалга ошириш учун 5,1 миллиард сўм маблағ сарфланди, - дейди жамият бош директори Абдулҳамид Хурбоев. - Корхонамиз йилига 150 минг дона аёллар пальтоси ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларимизнинг 20 фоизи ички бозорда сотилади, 80 фоизи эса хорижий давлатларга экспорт қилинади.

Айни кунда фабрикада 250 нафар қиз-аёл меҳнат қилмоқда, Уларнинг самарали   фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

 

Озодахон ОЛИМОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Шеърият гулшани

Қалбингда Ватанни асра, дўстгинам

Халоват бўлади ўз Ватанингда,

Тинчлик бўлар - уйинг, жону танингда.

Оиланг- қанотинг, доим ёнингда,

Қалбингда Ватанни асра, дўстгинам.

 

Юзи қаро бўлиб, Ватанни сотма,

Гумроҳ бўлиб, улкан гуноҳга ботма.

Меҳр қўй, жондан сев, чексиз-бетаъма,

Қалбингда Ватанни асра, дўстгинам.

 

Тинчлик саналади дунё устуни,

Кўзинг қаросидек асрагин уни.

Ватангадоларнинг  чиқмасин уни,

Қалбингда Ватанни асра, дўстгинам!

Инобатхон МАМАТХОЖИЕВА,

Қўрғонтепа туманидаги

3-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Бувижоним яхшида

Мунис, меҳрибон доим,

Мақтаб туради ойим.

Боқишлари мулойим,

Бувижоним яхшида.

 

Уйи доим саришта,

Нуроний юз, фаришта.

Чаққондирлар ҳар ишда,

Бувижоним яхшида.

 

Эртаклари кўп қизиқ,

Нон ёпадилар иссиқ.

Ишлари доим пишиқ,

Бувижоним яхшида.

 

Кўзим чароғи бўлинг,

Қалбим яроғи бўлинг.

Уйни нурга тўлдиринг,

Бувижоним яхшида.

Мадинабону СУЛТОНОВА,

Муҳаммад Юсуф номидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси.

 

Ватандошим, бўл ҳушёр

Дунёни босмасин зулмат зиёси,

Бу ўлканинг йўқдир асло қиёси.

Ватандошим, қўлинг бер, доим бўл ҳушёр,

Сени йўқ қилмоққа ғанимлар тайёр.

 

Яратган Аллоҳга қилиб шаккоклик,

Муқаддас Исломни қилдилар ниқоб.

Манқурт инсонларда бўлмайди поклик,

Гар борсанг бу йўлдан, бўларсан хароб.

 

Бир буюм сингари сотиб одамни,

Ҳаромдан нон топиб емоқда беор.

Ишонма, ўйлаб бос ҳар бир қадамни,

Ҳушёр бўлсанг агар, душман бўлар хор.

 

Дунёга юзланди юртим карвони,

Адолат пешадир унинг сарбони.

Энди эркимизни ололмас ҳеч ким,

Келди орзудаги ҳурлик замони.

 

Ўзбегим, беклигинг доим ёдда тут,

Яхшиларга ёндош, қўлларидан тут,

Суян Ватандош, яхши инсонга,

Биргалашиб юзланайлик жаҳонга.

Турсуной МУРАТОВА,

 Хонобод шаҳри.

 

Болаликка қайтсам қанийди

Кўз очиб юмгунча ўтди болалик,

Тўйиб ҳидлолмадим унинг исидан.

Ўша шўх дамларим эслаб бирма-бир,

Интизор боқаман кетган изидан.

 

Анҳор лабидаги ўша мажнунтол,

Сочпопуклар тақиб қўйган бошимга.

Онамчи оқшомда эртаклар айтиб,

Ухлатар эдилар туриб қошимда.

 

Ҳа, ўша бетакрор дамларни эслаб,

Кўзимда ногаҳон ёшлар қалқийди.

Ҳозирги кунимдан нолимасман, лек,

Ўша болаликка қайтсам қанийди.

Одинахон ИБРОҲИМОВА,

АДУ академик лицейи ўқувчиси.

 

 

Бир гўзал юрт бор

Кўнгилдан баралла жўшиб айтаман,

Қай юртга борсам ҳам елдек қайтаман.

Кўксим тўла ғурур, фахр этаман,

Дўстлар, тоғ ортида бир гўзал юрт бор.

 

Юрагим зирқирар гар йироқ кетсам,

Қушдек қанот қоқсам, орзуга етсам.

Арзийди унинг чун жон нисор этсам,

Бу осмон остида бир гўзал юрт бор.

 

Бу ўлкада тинчлик қаддин ростлаган,

Булбуллар хушнаво созин созлаган.

Фарзандлари баланд марра кўзлаган,

Улар бисотида бир гўзал юрт бор.

 

Fазалу- достонлар, таҳсинга лойиқ,

Обод ва фаровон бўлсин илойим.

Туну кун дуолар қилар халойиқ,

Халқнинг дуосида бир гўзал юрт бор.

Нодира АБДУВАҲОБОВА,

Балиқчи тумани.

 

 

Бўлсам дейман изингиз...

Сиз виқорли тоғимсиз,

Яшнаб  турган  боғимсиз,

Қанотим, чироғимсиз,

Онажоним, кўп яшанг!

 

Нега  доим  шошасиз,

Дарёлардек  тошасиз.

Дард чекманг, дейман ҳаргиз,

Онажоним,  кўп яшанг!

 

Нола  қилиб  Худога,

Қўл  очасиз  дуога.

Бахт улашиб ҳаммага,

Онажоним, кўп яшанг!

 

Бизни ўйлаб  онажон,

Сиғмайсиз-а оламга.

Ўзингизни ўйламай,

Доим дейсиз: "боламга!"

 

Меҳр тўла кўзингиз,

Болдан ширин сўзингиз.

Бўлсам дейман изингиз,

Онажоним, кўп яшанг!

 

 София ОЛИМЖОНОВА,

Андижон шаҳридаги

2-умумтаълим мактаби

5-синф ўқувчиси.

 

Муҳаббатжон

Таклиф қилинмаган, кутилмагансан,

Ҳатто ташриф учун кечиккан меҳмон.

Наҳот, мени ҳамон унутмагансан?

Мен энди хазонлар ярашган мезон.

 

Сен ҳақда ўйларим қолган адашиб,

Тентирар болалик жийда тагида.

Сенсиз ҳам юмушлар кетган қалашиб,

Арзирли нима бор, келажагингда?

 

Осмонга етгандай унутдим ерни,

Бахт ҳақда куйладим, узилди торлар.

Бошқага узатиб юбординг мени,

Садоқат ҳақида айтиб ёр-ёрлар.

 

Энди такрорлама исминг, шарифинг,

Кўзларингда кулар сохта ҳаяжон,

Менинг исмимда йўқ сенинг бош ҳарфинг,

Қариндош эмасмиз, қўй, муҳаббатжон.

ГУЛИРУХСОР,

Избоскан тумани.

 

 

Ўзбекнинг боласиман

Отамнинг суйган қизи,

Онамнинг ой-юлдузи.

Оламжаҳон орзуси,

Ўзбекнинг боласиман.

 

Улғаяман шодликдан,

Гул-гул яшнаб ҳурликдан.

Қаранг қандай нурликман,

Ўзбекнинг боласиман.

 

Китобни дўст деб билиб,

Эзгуликка эврилиб.

Яшаган юртин севиб,

Ўзбекнинг боласиман.

 

Роҳатой АҲМАДУЛЛАЕВА,

Жалақудуқ тумани.

 

Шеърият

Юрагимга тўкилганда дард,

Ёдимга сен тушасан фақат.

Сендан хурсанд бўламан беҳад,

Эй сирдошим, гўзал шеърият!

 

Сирлашгани опам, синглим йўқ,

Мени сендан доим кўнглим тўқ,

Кимлар менга урсалар ҳам дўқ,

Ишонганим сенсан, шеърият!

 

Дил қонаса тупроқ ўзингсан,

Аччиқ сўзим, ширин сўзимсан.

Гўзалликни кўрган кўзимсан,

Дил гавҳарим, сенсан шеърият!

 

Бахтга тўлсам - сени эслайман,

Дардга чўмсам - сени эслайман,

Ёнсам, куйсам - сени эслайман,

Эслаганим, сенсан шеърият!

Мафтунахон FУЛОМОВА,

Бўз туманидаги

21-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

 

Отам ёди

Мени "шоир қизим" дебон, суйган отам,

Менга билинтирмай ғурур туйган отам.

Эркалигим ошиб кетса, ёлғондакам,

Хорғин-хорғин қовоқларин уйган отам.

 

Fаниматлигингиз қайдан билибман-а,

Баъзан фидо юрагингиз тилибман-а.

Бизни опичиб улғайтирган дол қоматга,

Даво топмай бешафқатлик қилибман-а.

 

Fафлат босган қизингиздан узр, отам.

Отам десам бағри дилим тўзир, отам.

Ортингиздан бир тўн кийдим етим деган,

Шундай доғки, ювсам кетмас юз йил, отам.

 

Ҳар бир қадам, ҳар бир сўзингиз ёдимда.

Аччиқ алам бўғзимдаги фарёдимда.

Армонларга бўйин бурган отам руҳи,

Энди яшанг ҳар калима, баётимда.

Ҳувайдо Ҳошимжон қизи,

Избоскан тумани.

 

 

Илтижо

Эй яратган эгам, онажонимни,

Мунисам, дардкашим, меҳрибонимни.

Қалби пок, самимий, ул инсонимни,

Мендан сира ҳамки, қилмагин жудо,

Онамни мен учун асрагин, Худо!

 

Дард чекди бечорам, ёш бўла туриб,

Юзидан хасталик турди уфуриб.

Юрмади кўплардек даврини суриб,

Бошига тушди кўп ҳижрону савдо,

Онамни мен учун асрагин, Худо!

 

Не қилай, эзилиб кетди юрагим,

Онам менинг учун ёлғиз керагим,

Тангрим, ўзингга бир ожиз тилагим,

Илоҳим, ўзинг бер дардига даво,

Онамни мен учун асрагин, Худо!

 

Моҳидил ЮЛДАШЕВА,

Олтинкўл туманидаги

 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Азоб берма дилимга

(игна билан ёзилган)

 

Хаёлим сенда ҳар он,

Дилимни этма вайрон.

Сенга ошиқман жонон,

Азоб берма дилимга.

 

Кўз олдимда кўзларинг,

Ойдай тўлин юзларинг.

Бунчалар азобладинг,

Азоб берма дилимга.

 

Тушларимда сен фақат,

Қалбимда чин муҳаббат.

Қилолмам ортиқ тоқат,

Азоб берма дилимга.

 

Ёрим биз бўлсак бирга,

Қалбим тўлар сурарга.

Бахт берай бир умрга,

Азоб берма дилимга.

 

Ягонамсан дунёда,

Ардоқлайман зиёда.

Зокиржон этар ваъда,

Азоб берма дилимга.

 

Зокиржон ТОШПЎЛАТОВ,

Шаҳрихон тумани.

 

Болажон халқимнинг болажонлари

Қувончдан ёғдулар сочар кўзлари,

Ҳавасни келтирар тиниқ юзлари.

Булбул овозидан ширин сўзлари,

Болажон халқимнинг болажонлари.

 

Кулганда дилингиз яшнатиб кулар,

Юрганда йўлингиз гуллатиб юрар.

Эътибор берсангиз фаришта улар,

Болажон халқимнинг болажонлари.

 

Бағрида муз юрак кетади эриб,

Гапларин гапирар мунчоқдай териб.

Юракни сел қилар саломлар бериб,

Болажон халқимнинг болажонлари.

Нилуфар ТУРСУНБОЕВА,

Асака тумани.

 

Тонг таровати

Эрталабдан майин сабо эсади,

Қуёш бизга аста юзин кўрсатар.

Ўтлоқдаги яшил майсаларни,

Тонг гўё шудринг билан безатар.

 

Капалаклар аста қанот қоқади,

Қушларнинг хониши хаёлни тортар.

Ранг-баранг очилган гўзал гулларни,

Нафис шаббодалар майин тебратар.

Моҳларойим ХОРИНОВА,

 

Булоқбоши тумани.

ҚЎШГАНИНГИЗ БИЛАН ҚЎША ҚАРИНГ

Мулоҳаза

Оила қуриш, ота-она бўлиш - оддий иш эмас. Оила бошқаришга, рўзғор тутишга йигит ҳам, қиз ҳам тайёрланиши, қурилган оилани қадрлай билиши керак. Оилабоп эркак, рўзғорбоп аёл онадан тайёр ҳолда туғилмайди. Бу нарса тарбия жараёнида пишиб етилади. Шунинг учун ёшлар мустақил ҳаётга ўргатиб борилади, уларга зарур сабоқлар берилади.

Ўғил бола - бўлажак куёв, оила бошлиғи. Хўш, унинг вазифаси нималардан иборат? Энг аввало, йигит оила қуришга тайёр бўлсин. Қолаверса, жисмонан соғлом, бардам-бақувват, касби-корли, билимли, одоб-ахлоқли, меҳнаткаш бўлсин. Чунки бутун бошли оила тизгини айнан унинг қўлида бўлади.

Оила бошлиғи меҳнатсевар, уқувли, ишбилармон, топиш-тутиши яхши бўлса, унинг оиласи фаровон яшайди, ўғил-қизларни тарбиялаш, кийинтириш, едириб-ичириш осон кечади. Уқувсиз, топиш-тутишининг тайини йўқ, бебурд одамнинг оиласи ночор ҳаёт кечиради. Бундай эркак кўп ҳолларда тушкун кайфиятда юради.

Эркак киши оила қурганидан кейин ундан қуйидаги уч нарсани уддалаши талаб этилади: Биринчиси, оилани моддий жиҳатдан таъминлаш; иккинчиси маънавий эҳтиёжларини қондириш ва учинчиси фарзанд тарбиясини яхши йўлга қўйиш.

Оилани моддий тарафдан таъминлаш учун меҳнат қилиш, топиш-тутишни билиш, оила бюджетини режалаштириш зарур. Шунингдек, оилада кирим-чиқимларни ҳисоблаб, нимани харид қилиш лозимлигини аниқлаб олиш зарур. Айрим хонадонларда мана шу нарса йўлга қўйилмагани учун топилган даромад оила эҳтиёжларини таъминлашга етмайди. Натижада, турли муаммолар юзага келади.

Топган-тутганини меъёрида, тежаб-тергаб сарфлаш, бозор-ўчар, савдо-сотиқ қилишни билиш эркак киши учун жуда муҳим. Пул топса-ю, сарфлашни билмаса, бозор қилишга нўноқ бўлса, бундай йигитнинг иши юришмайди, оилани тебратиши қийин кечади. Шунинг учун, йигит киши савдо қилиш илмини болалигидан ўрганиб, кўзини пишитиб боргани маъқул.

 "Бекорчидан Худо безор", дейди халқимиз. Эркак киши фарзандларини фойдали меҳнат билан шуғулланишга, уларнинг имконият ва лаёқатидан келиб чиқиб, айниқса, ўғил болани қўшимча даромад ишлаб топишга йўналтириши фойдадан холи бўлмайди. Оиланинг ҳар бир аъзосини ўзига мос меҳнат билан таъминлаш, унинг устидан адолат билан назорат қилиб туриш эркакнинг муҳим вазифаларидан бирига киради.

Қиз бола бўлажак она, оила бекаси. Унинг вазифаси нима? Қиз боланинг бўйи чўзилиб, кўзга кўрина борган сари, бир томондан ота-онанинг қувончи ортса, бошқа томондан ташвиши кўпаяди. "Қизим бахтли бўлармикин, таг-тугли оилага тушиб, қўшгани билан қўша қариб, ували-жували бўлиб кетармикин", деган ўй ота-онани безовта қилади. Масаланинг мураккаблиги шундаки, қиз бола бегона кишилар орасига келин бўлиб тушади. Қиз борадиган хонадон оила аъзолари қандай одамлар, феъли, рўзғор тутишлари қандай? Қиз ўсиб-унган хонадондаги ҳаёт тарзи у ердагига мос келса-ку, нур устига нур. Кескин фарқ қилса-чи? Бундай шароитга мослашишга қизи қийналмайдими? Нима бўлганда ҳам йўл битта - шу оилага мослашиб, борган жойида туп қўйиб, палак ёзиши керак. Акс ҳолда, ота-она хонадонига кўзида ёш билан тугун-терсагини кўтариб, қайтиб боришга тўғри келади...

Халқимизда "Сепли бўлгунча, эпли бўлсин" деган мақол бор. Қиз боланинг эпли бўлгани, рўзғор тутишни билиши ҳар қандай сарподан аъло. Агар келин пазанда, ширинсўз, эпчил, қўл-оёғи чаққон, тикиш-бичишни биладиган, саранжом-саришта бўлса, қандай яхши?! Бундай аёл эрини бахтли қилади, борган жойида тиниб-тинчийди, униб-ўсади. Қиз бола турмушга чиқдими, унинг дилида "Бир ёстиққа бош қўйганим билан қўша қарийин" деган мақсад бўлиши керак.

Хуллас, мустақил оила остонасида турган ҳар бир йигит-қиз рўзғор тутишни яхши ўзлаштирса, оиласи тинч, кўнгли хотиржам, иши унумли бўлади. Фарзандларимиз ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, оилани бошқариш, рўзғор илмини пухта эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ана шунда, ажримлар бўлмайди, ўша оила бахтли ҳаёт кечиради, жамиятда ўз ўрнини топади.

Қундузхон ЖУМАБОЕВА,

 

Қўрғонтепа туманидаги "Мустақиллик" маҳалла фуқаролар йиғини "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари, "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони совриндори.

Қўмитамиз кўмаги билан жиноят содир этган аёл фарзандлари бајрига қайтди

Жараён

 

Аёл - оиланинг устуни, хонадонларимиз файзи, фариштаси. Шу маънода, бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, истеъдод ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Туманимизда 185 мингга яқин аҳоли истиқомат қилса, шундан 91 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Айни кунда туманимизда  опа-сингилларимизнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, ёрдамга муҳтож ва оғир аҳволга тушиб қолган аёллар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида 410 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг 320 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.  282 нафар аёлга тиббий муассасаларда, 3 нафарига сиҳатгоҳларда даволанишлари учун йўлланмалар берилди. 6 нафар имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачаси, 2 нафар аёлга эшитиш мосламаси топширилди. 24 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган оила уй-жой билан таъминланди. Шунингдек,  маслаҳат ва ёрдамга муҳтож бўлган 200 нафардан зиёд хотин-қизга психологик ёрдамлар кўрсатилди, суҳбатлар ўтказилиб,  улар соғлом хаётга қайтарилди.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш,  меҳнат шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, янги корхоналарни ишга тушириш, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш ҳисобига 1335 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди. Бу борада тумандаги "Само", "Контекс", "Динар", "Олтин мато", "Маданият-Шафоат нури", "Маданият Техномебель инвест" сингари ишлаб чиқариш корхоналарнинег ҳиссаси катта бўлди. 

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик содир этилишининг олдини олиш, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида туман ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Б. Р. бундан 8 йил аввал Қирғизистон Республикаси чегара ҳудудидан гиёҳванд модда олиб ўтаётганда қўлга олиниб, озодликдан маҳрум этилган эди. Жорий йил январь ойида жазони ижро этиш муассасасидан озод этилди. Лекин уни турмуш ўртоғи ва фарзандлари хонадонига қабул қилишмади. Қамоқдаги қийинчиликлардан эндигина қутулган аёлга бу оғир руҳий зарба бўлди.

Яқинлари ишончини йўқотган, стресс ҳолатга тушиб қолган бу аёл ёрдам сўраб туман хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилди. Қўмитамиз фаоллари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими мутахассислари бу аёл билан бевосита иш олиб борди. Уни иш билан таъминлаб, моддий, маънавий ва психологик ёрдам кўрсатиб, ҳаётга бўлган қизиқиши, эртанги кунга бўлган ишончини қайтаришга эришдик.

Уй-жойи йўқлиги боис,     фарзандлари билан фермер хўжалиги дала шийпонида истиқомат қилаётган А.Ш. Тошкент шаҳрида жиноят содир этган. Судда унга 4 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди. Лекин у қўмитамиз томонидан кафилликка олиниб, суд залидан оиласига қайтарилди ва уй-жой билан таъминланди. Эндиликда у 3 нафар вояга етмаган фарзандини  бағрида вояга етказмоқда.

Қўмитамиз томонидан бу каби кўплаб ижобий ишлар қилинмоқда. Бироқ, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятчилик ҳолатларини камайтириш, уларнинг турли иллатлар, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган ишларни изчил ва тизимли давом эттиришимиз зарур.  

 Маҳаллалардаги бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича мутахассислар, отинойилар ҳамда фаолларимиз ҳамкорлигида оилаларни мустаҳкамлаш, маънавий муҳит    барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси, қайнона-келинлар ўртасидаги низоларни бартараф этиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Шу кунгача 169 та аразлашган оила яраштирилди, шаръий никоҳ билан яшаётган 311 та оиланинг никоҳи расмийлаштирилди. Аммо, "Бобур", "Қашқар", "Наврўз", "Шомат", "Дўнгқишлоқ", "Тўққизбоғ" маҳаллаларида ажримлар сони ўтган йилга нисбатан ортиб кетган. Ажримларнинг 30 фоизи ёш оилаларга тўғри келади.

Бундай ҳолат маҳаллалардаги яраштириш комиссиялари, "Ёш оила қурувчилар мактаби", "Оила мактаблари" фаолиятини кучайтиришни, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишларимиз самарадорлигини янада оширишни тақозо этади.

Бир сўз билан айтганда, фаолиятимизнинг барча йўналишларида ижобий натижаларга эришиш, опа-сингилларимизнинг бахтли-саодатли бўлиши, ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

 

Одинахон ҲАЙИТАЛИЕВА,

Пахтаобод тумани ҳокимининг ўринбосари,

 

туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Лойиҳа муваффақиятли якунланмоқда

Сарҳисоб

Жорий йил январь ойида бошланган "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" лойиҳаси доирасида таҳририят томонидан белгиланган барча ишлар амалга оширилди.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, ўқувчи ёшларнинг оилавий ҳаёт, соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини бойитиш мақсадида касб-ҳунар коллежларида ўтказилган семинарларда 800 нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.

Семинарларда фаол қатнашган, ўқиши, одоб-аҳлоқи билан тенгдошларига намуна бўлаётган 40 нафар ўқувчи лойиҳа доирасида адабиётлар тўплами билан тақдирланди. Бундан ташқари, тадбир қатнашчиларига буклетлар, махсус саҳифа чоп этилган газетамиз сонлари тақдим этилди.

Вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси билан ҳамкорликда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида   "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" мавзусида ўтказилган иншолар танловида 90 нафардан зиёд ўқувчи ўзининг ижодий ишлари билан қатнашди. Ижодий ишлари юқори баҳоланган 28 нафар ўқувчи диплом, фахрий ёрлиғ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Газетамизда лойиҳа доирасида 22 марта     "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" деб номланган махсус саҳифа чоп этилди. Ана шу саҳифаларда оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, қайнона-келин муносабатлари, соғлом турмуш тарзи, қўйингки, оила билан боғлиқ ютуқ ва муаммолар ҳақида турли ҳажмдаги 80 дан ортиқ материаллар чоп этилди.

Лойиҳа доирасида вилоятимиздаги ибратли оилалар, оила билан боғлиқ анъана ва қадриятлар, муаммолар ҳақидаги мақолаларни ўз ичига олган "Қизим сенга айтаман..." деб номланган китоб қўлёзмаси тайёрланиб, чоп этишга топширилди. Ушбу китоб яқин кунларда нашрдан чиқади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти доирасидаги мазкур лойиҳа муваффақиятли якунланмоқда.

Таҳририят лойиҳани амалга оширишда яқиндан ёрдам берган ҳамкорлар - вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда лойиҳа доирасида  ҳамкорлик қилган барча юртдошларга миннатдорчилик билдиради.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

 

лойиҳа раҳбари.

Хотин-қизлар кўмакчисига айланади

БошланFич ташкилотлар фаолиятидан 

Бугун опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, жамиятда ўз ўринларини топишларида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотларининг алоҳида ўрни бор. Янги-янги корхоналар ташкил этилиши ҳисобига бошланғич ташкилотлар сони ортиб бораётганлиги қувонарлидир.

Бўз туманидаги "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Асадбек" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган янги пайпоқ тўқиш цехида ҳам хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти тузилиб, унинг раислигига цех иш бошқарувчиси Маҳфузахон Жалолова тайинланди.

- Цехимизда меҳнат қилаётганларнинг деярли барчаси аёллардир, - дейди "Асадбек" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Раънохон Аҳмедова. - Уларнинг самарали меҳнатлари туфайли цехимизда турли хилдаги сифатли, бежирим пайпоқ маҳсулотларини ишлаб чиқараяпмиз. Ишлаётган опа-сингилларимизни янада жипслаштириш, уларнинг фаоллигини ошириш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган бошланғич ташкилот цехда ишлаётган 20 нафардан ортиқ хотин-қизнинг яқин кўмакчисига айланишига ишонаман.

Бошланғич ташкилот етакчисининг фаолияти самарали бўлиши учун туман хотин-қизлар қўмитаси яқиндан кўмак бермоқда.

Ҳафизахон АҲМЕДОВА,

 

"Бўстон" МФЙ мутахассиси.

Вилоят ҳокими муаммони ҳал этиб берди,

- дейди ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи Ойша Ёдгорова.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан мулоқот ўтказди, шунингдек, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.Давлатимиз раҳбари жорий йил 19-20 май кунлари вилоятимизга ташрифи доирасида Андижон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб, янги Мудофаа доктринаси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қатор топшириқлар берган эди. Ўтган давр ичида вилоятдаги ҳарбий қисмларда Юртбошимизнинг топшириқлари асосида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

- Ҳарбийлар билан халқ ўртасидаги жипслик ва алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шу орқали юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида ҳарбий касбга, бурчга ҳурмат, садоқат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар мунтазам ўтказиб борилмоқда, - дейди Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва маънавий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Фарруҳ Санаев. - Ҳарбий қисмда ташкил этилган меҳнат ярмаркаси ҳамда вилоят ҳокими билан мулоқот ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.

Вилоят ҳокимлиги, ҳарбий прокуратура, ҳарбий қисмлар, вилоят Бандлик бош бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида Андижон шаҳридаги мулкчилик шакли турлича бўлган 45 та ташкилот                1 мингдан зиёд  бўш иш ўринлари билан иштирок этди. 

Ярмарка давомида ишга жойлашиш мақсадида ташриф буюрган ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг 40 нафари ишга жойлашиш учун йўлланма олди.

- Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи, икки нафар фарзандимиз мактаб ўқувчиси, - дейди Андижон шаҳрида яшовчи Гулмира Тўхтамишева. - Педагогман, лекин анчадан буён иш тополмай уйда ўтирар эдим. Ўтказилган меҳнат япрмаркасида иштирок этиб, Андижон шаҳридаги 47-мактабга мутахассислигим бўйича ишга жойлашиш учун йўлланма олдим.

Мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилаларига кўрсатилаётган бу каби эътибордан беҳад мамнунман.

Меҳнат ярмаркаси доирасида ҳунармандлар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан тайёрланган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди. «Темурбеклар мактаби» ўқувчиларининг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Вилоят ҳокимининг Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари билан ўтказган мулоқотида ҳарбий қисмларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ҳарбийлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, оила аъзоларининг яшаш шароитларини яхшилаш, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликлар хусусида сўз юритилди.

Жумладан, вилоятда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган 120 хонадондан иборат 4 та 5 қаватли уй-жой қурилаётганлиги, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда шаҳар ва туманлар мудофаа бўлимлари учун бюджет маблағлари ҳисобидан 17 та хизмат автомобили ажратилганлиги, шунингдек, жорий йил давомида ҳарбий хизматчиларнинг 600 нафардан ортиқ оила аъзолари бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, 400 нафарга яқин фарзандлари яшаш жойларига яқин ва қулай бўлган мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларига жойлаштирилганлиги таъкидланди.

- Мутахассислигим ҳамшира, - дейди ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи Ойша Ёдгорова. - Фарзанд тарбияси билан бўлиб анча йил мутахассислигим бўйича ишлай олмадим. Фарзандларим улғайгач, ишламоқчи бўлиб тиббий муассасаларга мурожаат қилсам, фаолиятимда узоқ муддат узилиш бўлганлиги учун малака оширишим зарурлигини айтишди. Малака ошириш масаласида қийналаётган эдим. Мулоқотда вилоят ҳокими менинг бу муаммоимни ҳал этиб берди. Бундан кўнглим тоғдай кўтарилди.

Мулоқот давомида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини қийнаётган қатор муаммоларнинг аксарияти  шу жойнинг ўзида ҳал этилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ 

Китоб - хазина

мулоҳаза

     Китоб бу - осмоннинг ўзига нарвон,

Китоб бу - жаҳоннинг кўзига нарвон,

Тирик тарихларнинг сўзига нарвон,

Тунда талпинганга китоб керакдир,

Кундай кулай десанг, китоб керакдир.

Ҳа, шоир ёзганидек, китоб ҳар бир инсон, жамият учун жуда муҳим ашёдир. Дарҳақиқат, китоб маънавий оламимизни бойитади, сўзлаш маданиятимизни оширади, айниқса, ёш авлоднинг маънавий салоҳияти, онги, тафаккури ва дунёқарашини юксалтиради, Ватанга,  халқига муҳаббат туйғусини оширади.

Юртбошимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш ҳақидаги қароридан руҳланиб маҳалла фуқаролар йиғини идорасида мўъжазгина кутубхона ташкил этдик. Бунга шаҳримиздаги маҳаллалараро ўтказилган "Энг китобхон маҳалла" кўрик-танловида 2-ўринни эгаллашимиз туртки бўлди.

Биз ёшлар орасида китобга бўлган меҳр ва қизиқишни янада ошириш, фарзандларимизга китобнинг ҳаётимиздаги ўрни беқиёс эканлигини тушунтиришимиз зарур. Ҳар бир юртдошимиз китоб бизнинг маънавий эҳтиёжимиз эканлигини англаб етсин.

Фарзандлари комил, ўзлари орзу қилганидай ақлли, билимли ва салоҳиятли, юксак маънавият эгаси бўлишини истаган ҳар бир оилада китоб нондай азиз бўлсин, қадрлансин, Зеро, китоб инсонни юксакликка элтувчи нарвон, барча орзу-умидларнинг калитидир. Ишонаманки, китобхонлик орқали одамлар ўртасида меҳр-оқибат, маънавий-ахлоқий тарбия, хайрли ишларга камарбаста бўлишдек эзгу саъйи ҳаракатлар кўлами янада кенгаяди.

 

Замирахон МЎЙДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги "Обод" МФЙ фаоли.