+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Яхшилик қилиш ҳусни хулқдир

Ҳидоят нури

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонларимизнинг тўкинлиги Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, юртдошларимизнинг эзгу ишлари самараси, десак асло муболаға бўлмайди.

Зотан, ҳар бир кунини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган фидойи инсонлар бор экан, юртимиздан файзу барака аримайди. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам бериш ва ҳожатини чиқариш ҳар бир банда учун улкан саодатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда сизу биз, яъни бандаларига қарата шундай хитоб қилади: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг ("Моида" сураси, 2-оят). Инсонларни яхши ишга даъват қилмоқ барчанинг инсоний бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кексаларимизнинг панду насиҳатларига қулоқ тутсак, амалда қўллаб борсак, асло кам бўлмаймиз. Яратганнинг суюкли бандаларидан бўламиз, ҳаётимиз эса янада фаровон бўлади.

Дунёда бандани савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш каби хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилат, қолаверса, энг савобли амаллардандир.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик - эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ сенга қалб мусаффолигини беради, кўп хайру савобларга эга бўласан", деганлар.

Яна бир ҳадисда "Яхшиликка далолат қилувчи яхшилик қилган кабидир" дейилади. Бундан кўринадики, яхшилик қилишга ундаш, уни амалга оширишга йўл кўрсатиш ҳам савобли иш саналади.

Ибн Самъон Ансорий (р.а.)- дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в.)дан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир" дедилар".

Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида: "Яхшилик - фарзу вожибларни қилиш. Ҳаромдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ чеҳра билан қараб, уларга эҳсон қилиш", дейилади.

Эзгуликларнинг энг улуғи ота-онага яхшилик қилишдир. Аллоҳ таоло: "Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этади. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга "уфф" дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!" деган ("Исро" сураси, 23-оят). Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир.

Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди деганларидек, яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган юрт мустаҳкам, тинч ва осойишта бўлади. Инсонларнинг бир-бирига меҳри, муруввати зиёда бўлган юртимиздан файзу барака асло аримасин. Ҳамиша фақат яхши амалларни бажаришликни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин.

 

Жасурбек СУЛТОНОВ,

 

Избоскан туманидаги "Умар ибн Хаттоб" жоме масжиди имоми.

ТАЪЛИМ КЎРГАЗМАСИ

Ёшлар хориждаги олий ўқув юртларида ўқиш тартиблари билан танишди

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Таълим ва мутахассислик" ХХ халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қатор вазирликлар билан ҳамкорликда мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук мутахассис бўлиб камол топиши учун яратилган имкониятларни тарғиб этиш, дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларидаги мавжуд касб ва мутахассислик йўналишлари ҳақида ёшларга кенг маълумотлар бериш, ўзлари истаган касб ва таълим соҳасини танлашларига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган кўргазмада Хитой, Малайзия, Латвия, Литва, Эстония сингари қатор давлатлардаги 10 дан ортиқ олий ўқув юртлари ва таълим марказлари вакиллари, умумтаълим мактаблари лицей ва коллеж битирувчилари, уюшмаган ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда андижонлик ёшлар хориждаги қатор олий ўқув юртлари, мавжуд мутахассисликлари, таълим олиш    шартлари, имкониятлари ҳақида кенг маълумотлар олди.

- Болтиқ мамлакатларидаги аксарият олий ўқув юртлари  дунёдаги илғор олий таълим даргоҳлари қаторидан жой олган, - дейди Baltik Center маркази бошқаруви раиси Ксения Долженко. - Айни пайтда уларда кўплаб ўзбекистонлик ёшлар таълим олмоқда. Шу боис ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, бугунги тадбирда марказимиз саъй ҳаракати билан Болтиқ давлатларидаги қатор олий ўқув юртлари вакиллари иштирок этмоқда. Улар ўзларидаги мавжуд мутахассисликлар, таълим олиш билан боғлиқ масалалар бўйича ёшларга кенг маълумотлар берди.

Тадбирда хорижлик мутахассислар томонидан Рига техника университети, Латвия қишлоқ хўжалиги университети, Вентспилс Олий мактаби, Вильнюс техника университети, RISEBA университети ҳақида иштирокчиларга зарур маълумотлар берилди.

- Университетимиз 1863 йилда ташкил этилган, - дейди Латвия қишлоқ хўжалик университети профессори Барисс Волдемарс. - Ҳозирда  университетимизда бакалавр ва магистратура йўналишларида 15 та ихтисослик бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Таълим асосан инглиз тилида олиб борилади. Университетимиз томонидан бериладиган диплом халқаро миқёсда эътироф этилади. Бу албатта, таҳсил олувчиларга кенг имкониятлар беради. Ҳозирда 4,5 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Хорижий талабалар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Аввал Тошкент, Самарқанд шаҳарларида бўлганман. Андижонга эса биринчи бор келишим. Ўзига хос, чиройли шаҳар экан. Юртингиз тобора ривожланиб бормоқда. Биламанки, Ўзбекистон иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги салмоқли ўрин тутади. Ишонаманки, мазкур соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлигимиз яхши самаралар беради.

Кўргазмада CCN UZBE-KISTAN, Малайзиянинг A.P.U. университети   вакилларининг тақдимотлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

- Кўргазма ташкил этилганлигидан биз ёшлар жуда  хурсандмиз, - дейди Андижон иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мадинахон Султонова. -  Қатор хорижий давлатлардаги олий ўқув юртлари, у ерда қай тарзда ўқиш мумкинлиги  ҳақида жуда кўп маълумотлар олдик.

Ташкил этилган кўргазма ёшларга имкониятлар эшигини янада кенгроқ очиб берди.

Абдужалил

Абдураҳимов,

 

Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши мутахассиси.

Суициднинг олдини олишга бағишланди

Видеомулоқот

Андижон давлат тиббиёт институтида "Суицидологиянинг долзарб муаммолари" мавзусида республика илмий-амалий видеоконференция бўлиб ўтди.

Андижон давлат тиббиёт институти томонидан ўтказилган видеоконференцияда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги тизимидаги қатор олий ўқув юртлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган суицидология соҳаси мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, Андижон давлат тиббиёт институти психиатрия ва наркология кафедраси ўқитувчилари, психологлар, ички ишлар тизими ходимлари, имом-хатиблар, ёш олимлар, талабалар иштирок этди.

Дастлаб видеоконференцияда иштирокчиларига "Яшаш бахти" деб номланган видеофильм намойиш этилди.

Видеомулоқотда мамлакатимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар ва мавжуд муаммолар хусусида атрофлича сўз юритилди.

- Суицидология соҳасини ривожлантириш, айниқса, соҳа мутахассислари билим ва малакасини ошириш бугун долзарб масалалардан бирига айланмоқда, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов. - Чунки кейинги пайтларда суицид ҳолати билан боғлиқ  жараёнларни бошидан ўтказаётган юртдошларимиз сони бирмунча кўпайган, шу билан бирга, ана шундай вазиятларда уларга малакали ёрдам кўрсатувчи мутахассисларга талаб ва эҳтиёж ортиб бораётганлиги юзага чиқмоқда. Бу суицидология соҳасини янада юқори босқичга кўтаришни тақазо этмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, ўтказилган тадбир соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Видеконференцияда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош суицидологи Г. Перлиеванинг "Ўзбекистонда суицидология ҳолати ва муаммолари", Тошкент тиббиёт Академияси Психиатрия ва наркология кафедраси мудири З. Ашуровнинг "Депрессия ва суицидлар профилактикаси", Тошкент педиатрия тиббиёт институти  психиатрия ва наркология кафедраси мудири  В.Абдуллаеванинг  "Болалар ва ўсмирлардаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ўзига хос хусусиятлари", Андижон шаҳридаги "Эски Гумбаз" жоме масжиди  имом-хатиби Б. Рўзибоевнинг "Ўз жонига қасд  қилиш - улкан гуноҳ" мавзуларидаги маърузалари   тингланди.

  Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур соҳадаги, айниқса,  малакали мутахассислар тайёрлаш, уларнинг билим ва малакасини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, суицид ҳолатига тушиб қолган фуқаролар билан ишлаш, суицид ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олиш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Якунида суицид ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олиш бўйича  мутахассислар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

 Раъно ХАЙИТБОЕВА,

 

"Тиббиёт гулшани" газетаси муҳаррири.

Оилавий тадбиркорликка кенг йўл

Хўжаобод туманида "Оилавий тадбиркорликка кенг йўл" деб номланган кўргазма ташкил этилди.

Президентимизнинг жорий йил 7 мартдаги "Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада аҳолига қулайликлар, янги иш ўринлари яратиш мақсадида туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган кўргазмада тумандаги банклар, солиқ идораси, бандлик маркази, таъминотчи корхона ва ташкилотлар, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш истагидаги фуқаролар иштирок этдилар.

 - Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, бандликни таъминлаш, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшодбек Саидаҳмедов. -Ана шу қарор ижроси доирасида туманимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳлар тузилиб, имтиёзли кредит олиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги оилалар рўйхати шакллантирилмоқда, ҳар бир оиланинг имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда.

Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш имконияти бор фуқароларга  уларнинг паспорт нусхаси ҳамда сектор раҳбарининг тавсияси билан ортиқча оворагарчиликларсиз имтиёзли кредитлар ажратилади.

Оилаларга тақдим этиладиган имтиёзли кредитлар аниқ мақсадларга йўналтирилади. Яъни, кредитлар хонадонларда ишлаб чиқариш, тикувчилик, тўқувчилик ишларини ташкил этиш, иссиқхоналар қуриш, боғдорчилик, кўчатчилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик билан шуғулланиш йўналишларида тадбиркорлик билан шуғулланиш учун тақдим этилмоқда.

Кўргазмада таъминотчи корхоналар, яъни тикув машиналари, парранда, қуён, асалари, кўчат, уруғ етказиб берувчи, шунингдек, иссиқхоналар қуриб берувчи ҳамда турли йўналишлар бўйича хизмат кўрсатувчи корхона, ташкилотлар, хўжаликлар иштирок этиб, ўз маҳсулотлари, хизматлари бўйича тақдимотлар ўтказди. 

Тадбир давомида банк, солиқ идоралари, бандлик маркази мутахассислари томонидан аҳолига оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит олиш тартиблари, сарфлаш йўналишлари, тўлов жараёни, иш стажига эга бўлиш, шунингдек, солиқлар бўйича имтиёзлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

 Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган бу каби ишлар натижасида Хўжаободда оилавий тадбиркорлик янада ривожланади.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ 

 

 

Кимгадир фойдам тегса - шунинг ўзи бахт менга

Ҳакимахон опа Нишоновани яхши биламан, у салкам 35 йил телевидение соҳасида ишлаган. Дастлаб вилоят телевидениесида, кейин "Водий садоси" телерадиокомпаниясида кадрлар бўлими бошлиғи, касаба уюшма қўмитаси раиси бўлиб самарали фаолият юритган.

Пенсияга чиққач, Ҳакима опа фарзандлари, набиралари ардоғида уй юмушларига, рўзғор ташвишларига шўнғиди. Ҳамиша кўпчилик орасида, ижодий жамоа қуршовида юрган инсон уйда зерикиб қолди, ишни, ташкилотчиликни қўмсади. Маҳалладошлари унга маҳалла фуқаролар йиғинида ишлашни тавсия этдилар. Шу тариқа, ҳамиша фаол ва ташкилотчи бўлган Ҳакимахон опа Андижон шаҳридаги "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисига айланди.

- Фуқаролар йиғинида 7260 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан қарийб ярми хотин-қизлардан иборат, - дея гап бошлайди Ҳакима опа. -  Биз мавжуд 850 та  хонадон муҳити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммолари,  оила аъзоларининг ўзаро муносабатларини ўрганиб, оилаларни мустаҳкамлашга, ажримлар, эрта ва ноқонуний никоҳларнинг олдини олишга, қизларни турмушга тайёрлашга, хотин-қизларимизнинг жамиятдаги фаоллигини ошириб боришга ҳаракат қилаяпмиз.  Қутлуғ Наврўз байрами кунлари якка-ёлғиз, бемор қариялар, кам таъминланган хонадонлардан хабар олдик. Йиғинимиздаги яраштирув комиссияси саъй-ҳаракати, фаол аёллар, оқсоқоллар маслаҳати билан аразлашиб юрган 4 та оилани яраштиришга муваффақ бўлдик. Ёшлар орасида тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Турмуш қуриш арафасидаги қизлар, шунингдек, ёш келинлар, ҳомиладор аёлларнинг саломатлиги, туғруқлар оралиғига, шаръий никоҳларни расмийлаштиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуддаги 6-оилавий поликлиника билан яхши ҳамкорлик ўрнатган. Тез-тез тиббий кўрик, шифокорлар билан аҳоли ўртасида учрашувлар, давра суҳбатлари, ўсмир ёшдаги қизлар иштирокида мулоқотлар ўтказиб турилади. Наврўз байрами кунлари ҳудуддаги оилавий ётоқхонада тиббий кўрик ташкил қилингани, туғиш ёшидаги хотин-қизларнинг барчаси кўрикдан ўтказилгани бунга мисолдир.

- Ҳудудимизда 2 та мактаб ва 1 та мактабгача таълим муассасаси жойлашган, - давом этади мутахассис. - Бошланғич хотин-қизлар қўмиталари билан яқин ҳамкорликда ишлаяпмиз.  "Қизларжон" клубига уюшмаган ёшларни қамраб олиб, уларни касбу ҳунарга йўналтиришга, эпли қилишга, оила, рўзғор илмини ўргатишга ҳаракат қиляпмиз. Маҳалламизда йигитлар учун ҳам қандайдир клуб ташкил этишни режалаштириб турибмиз. Мақсадимиз, йигитларниям оилага тайёрласак, эркак кишининг оиладаги вазифалари, масъулиятларини болаликдан, ўсмир ёшдан онгига сингдириб борсак, жуда яхши бўларди.

Маҳаллада аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, иш бошлаш ниятидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга ҳам катта аҳамият бериляпти. Яқинда тадбиркор Севинч Содиқова "Талабаликка қадам" деб номланган ўқув марказини очди. Бу ерда абитуриентларни олий ўқув юртларига тайёрлаш, тил ўргатиш курслари ишлаб турибди. Тадбиркор Дилоромхон эса мактабгача таълим муассасаси очиш ниятида. Маҳалла мутасаддилари уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, фаолиятини йўлга қўйиб олишида ёрдам кўрсатмоқда.

Ҳакима опа турмуш ўртоғи Умаржон Баҳромов билан 3 фарзандни тарбиялаб вояга етказди, элга қўшди. Катта ўғли Саидкамол тадбиркор, кичик ўғли Саиджалол "УзКорамКо" қўшма корхонасида назоратчи, қизи  Ҳамида эса фармацевт. 3 набиранинг суюкли бувижониси Ҳакима опанинг оиласи ҳавас қилса арзигудек.

- Аслида пенсияга    чиққанингдан кейин ишлагинг келмайди. Чунки, фарзандларинг улғайган, истаганингни муҳайё қилади, ишлашга ҳожат йўқ, аммо, аёлларнинг кўз ёшини кўрсам, жим қараб туролмайман, - дейди Ҳ.Нишонова. - Ҳаётда қийналган аёлларга ёрдам бергим келаверади, кўнглим жуда бўш, табиатан раҳмдилман. Бир кишининг оғирини енгил қилиб, дардига малҳам бўлиш, кўнглини кўтариш ҳам катта савоб, ахир. Маҳалла фуқаролар йиғинига шунинг учун ишга кирганман. Кимгадир фойдам тегса, озгина бўлсада, ёрдам бера олсам, ҳаётга бўлган қизиқишини ошириб, ишончини, қувончини қайтара олсам, шунинг ўзи бахт менга. 

Маҳалла мутахассислиги ғоят масъулиятли, машаққатли лавозим. Тақдирлар эса турфа, феъл-атворлар турлича. Кимгадир панд-насиҳат ёқмайди, кимдир "оилавий ишимга аралашяпти", деб ёмон кўриши мумкин. Бироқ, кимдир тўғри йўлга тушяпти, кимнидир оиласи тикланяпти, бировнинг рўзғорига ёрдам бўляпти, яна бировнинг кўнгли обод, хуллас, машаққатли меҳнатнинг самараси кўринмоқда. Ҳакимахон Нишонова назарда тутган бахт ана шу бўлса керак.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Оилалар тинч ва мустаҳкам бўлса, ҳаётимиз янада фаровон бўлади

Оила - жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда  жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси.

 

Оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шунчалик  мустаҳкам бўлади. Зеро, оиланинг моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда ҳар йили минглаб никоҳлар расман қайд этилади ёки кўплаб янги оилалар вужудга келади. Оила ортида эса Ватан туради. Оила тинч ва мустаҳкам бўлса, Ватанимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлиши муқаррар.

Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўлиқ ва ўз вақтида қайд этилиши жамиятимиз ривожланишида муҳим ўрин тутади. Бу далолатномалар - фуқаролар ҳаётидаги туғилиш, ўлим, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралиш каби воқеа ҳамда фактларнинг ваколатли органлар томонидан тасдиқланишидир.

Оила қонунчилиги нормалари ФҲДЁ органлари тизимини ташкил этиш, унинг фаолият юритишини тўғри ва аниқ тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади. Оила - никоҳдан бошланади. Никоҳ расмий, қонунлар асосида ўтказилгандагина ҳақиқий ҳисобланади. Диний расм-русумларга, шаръий никоҳларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Шунинг учун, давлат ва жамият манфаатлари, шунингдек, эр-хотин ва болаларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида никоҳ ФҲДЁ органларида тузилади.

Эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғиладиган баҳслар жанжаллар, ажримлар, нотинч маънавий муҳитдаги болалар тарбияси, уй-рўзғор шароитлари, оиланинг моддий таъминоти, қайнона-келин муносабатлари билан боғлиқ муаммо ва масалалар оила негизида юзага келади.  Очиғи, бу масалалар оддий масалалар эмас. Улар нафақат фуқаролар, балки жамият, мамлакат тақдири, келажаги ва   барқарорлиги билан боғлиқ масалалардир. Бу борадаги муаммолар ечимини топиш ҳозирги кунда ниҳоятда муҳим ва кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътиборни талаб қилувчи жиҳатлардир.

Булоқбоши туманида ўтган 2018 йилда 213 та ажралиш қайд этилди. Ажримларни таҳлил қилганимизда, бунга оила аъзолари ўртасидаги келишмовчиликлар, аёлларнинг бозорга чиқиб кетиши, эркакларнинг ишламаслиги, рашк, хиёнат каби сабабларни кўрамиз. Бўлимимиз хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда келгусида ажримларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг ҳуқуқий ва оила маданияти борасидаги тушунча ва билимларини бойитиш бўйича кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Никоҳ -маданиятнинг бир кўринишидир. Оилавий ҳаёт борасида бурчни яхши англаб етмаслик, масъулиятсизлик, оилавий ташвишларга енгил-елпи қараш, муаммоларни адолатли ҳал этмаслик - миллатимизга хос эмас, қолаверса, айнан шу жиҳатлар оилавий низоларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Катта умид, орзулар асосида қурилган оилани мустаҳкамлаш, узоқ йиллар турмуш тажрибасига эга отахон, онахонлар ҳаётини ўрганиш - турмуш қуриш арафасида турган ёшлар учун ибрат мактаби бўлиши керак. Зеро, ёшларимиз кексаларнинг тажрибаларидан, ҳаётдан ибрат олиб яшаса, уларнинг никоҳи, қуражак оиласи мустаҳкам бўлади.

Света УСМАНОВА,

 

Булоқбоши тумани ФҲДЁ бўлими мудираси.

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари янада кучаяди

Муносабат

Президентимизнинг жорий йил 7 мартдаги "Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжат эканлиги билан аҳамиятлидир.

Сир эмаски, кўп ҳолларда қисқартириш, пенсия ёшига етиш ёки бошқа сабаблар билан иш берувчилар томонидан аёлларнинг ишдан бўшатилиш ҳолатлари жуда кўп қайд этилар эди. Эндиликда юртбошимизнинг қарори билан бундан буён опа-сингилларимиз билан боғлиқ ана шундай, яъни улар билан тузилган меҳнат шартномаларни асоссиз бекор қилиш ҳолатларига барҳам берилади.

Узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш борасида қатор вазифаларнинг белгиланганлиги ана шу тоифадаги аёлларимизнинг ижтимоий муҳофазаси, ҳаётини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Қарорда белгиланганидек, хотин-қизлар қўмиталари кўмагида нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган хотин-қизлар тадбиркорлик марказларининг ташкил этилиши айни аёлларимиз кўнглидаги иш бўлди. Эндиликда ана шу марказлар тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам кўрсатиш, маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ҳамда имтиёзли кредитлар ажратилиши, бандлигини таъминлаш борасидаги муаммоларни ҳал этилишида яқиндан ёрдам беради.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори юртимизда хотин-қизлар ҳаётини яхшилаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришига асло     шубҳа йўқ.

 

Наргизахон ҲОЛМАТОВА,

 

Қорасув шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Маънавиятли қиз келажакда оқила уй бекаси бўлади

2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили

Аёл - оиланинг зийнати, таянчи. Аёл борки, олам мунаввар, ҳаёт завқли. Шу боис ҳам юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётдаги ўрни ва нуфузини ошириш, аёлга эътибор ва эҳтиром кўрсатиш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Бу борада, қолаверса, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида туманимизда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида опа-сингилларимизни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини сақлаш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш,  оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш  масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунда туманимизда истиқомат қилаётган 82 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли йўналишлардаги имконият ва салоҳиятларини юзага чиқариш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аёллар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 3 ойида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳамда секторлар доирасида олиб борилган ишлар натижасида ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 212 нафар, бемор, қаровга муҳтож, кам таъминланган хонадонда яшовчи 196 нафар хотин-қиз, шунингдек, 26 та нотинч оилалар аниқланди. Уларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар белгиланиб, бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 22 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи аёлнинг бандлиги таъминланди, 54 нафарига моддий ёрдам  кўрсатилди.

"Наврўз" байрами арафасида оғир турмуш шароитида яшовчи фуқаролар  хонадонларида ободонлаштириш ишларига кўмаклашилди. "Шўрқақир" маҳалласида яшовчи Ширин Умарова, "Дурафшон" маҳалласида яшовчи Муҳаббатхон Холмуродоваларга озиқ-овқат маҳсулотлари ажратилди,  "Қовунчи" маҳалласида яшовчи кам таъминланган Дилоромхон Исроиловага "Аrtel" духовкаси ҳадя қилинди.

Туманимизда уй-жойга ўта муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқаролардан  15 нафарига бошланғич бадал тўловларини ҳомийлик ҳисобидан амалга оширган ҳолда уй-жой билан таъминлаш масаласи ўрганилмоқда. Улардан 6 нафарига топшириладиган уй-жойларнинг дастлабки 25 фоизлик бошланғич бадал маблағлари Ўзбекистон  хотин-қизлар қўмитасининг "Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди" томонидан  молиялаштириш учун  вилоят хотин-қизлар қўмитасига тавсия этилди.

Маълумки, туманимиз  Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлиб, 15 та маҳалла фуқаролар йиғини чегара ҳудудлари ҳисобланади. Айнан ана шу ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жиноятчилик профилактикаси бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, белгиланган ишлар қатъий ва изчил амалга оширилмоқда. Маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш бўйича суҳбат ва мулоқотлар ўтказилиши йўлга қўйилди. Айниқса, тумандаги мавжуд 48 та маҳаллада "Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак" шиори доирасида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари яхши натижа бермоқда. Бундан ташқари, жиноятчиликка мойиллиги бор шахслар, оилалар, шунингдек, жазони ўташ муассасалари ва хорижда ишлаб қайтган аёллар билан ҳам бевосита ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, опа-сингилларимиз иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони кескин камайди. Мисол учун, жорий йилда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилга нисбатан 7 тага, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 3 тага           камайди.

 Туманда оилавий муаммолар сабаб ажрашиш ёқасига келиб қолган 56 та оиланинг рўйхати шакллантирилиб, уларга маҳалладаги яраштириш комиссияси, "Қайноналар кенгаши" фаоллари бириктирилди. 24 та оилада келишмовчиликлар бартараф этилиб, оилалар тикланди.

 Қизларни оилага тайёрлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Чунки, қиз бола - бўлғуси она. У соғлом бўлса, келажак авлод соғлом ва баркамол бўлади, қиз бола қанчалик маънавиятли, ахлоқ-одобли бўлса, ундан оқила уй бекаси чиқади. Бу йўналишда тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар мунтазам ўтказиб борилмоқда. Яқинда ўтказилган  "Ораста қиз - саришта уй бекаси", "Маҳалламиз маликалари", "Алла менинг юрагимда" каби  тадбир ва танловлар ҳам шулар жумласидандир. 

 Мухтасар айтганда, барча саъй-ҳаракатларимиз хотин-қизларимизнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, сиёсий, маънавий, ҳуқуқий билимларини бойитишга қаратилгандир.

 

Маъмурахон СОТВОЛДИЕВА,

Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Вилоятимизда марказлар томонидан 200 дан зиёд аёлга ёрдам кўрсатилди

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Меҳримиз сизга" хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази  фаолияти, марказнинг мақсад-вазифаларини кенг жамоатчиликка таништиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманини вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова олиб борди.

"Меҳримиз сизга" маркази, вилоят прокуратураси, ички ишлар, меҳнат, соғлиқни сақлаш бошқармалари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари, Реабилитация марказининг туман, шаҳар бўлимлари раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ўтган матбуот анжуманида марказнинг мақсад ва вазифалари, фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

 Анжуманда Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги "Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган "Меҳримиз сизга" хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази биносини таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қарийб 500 миллион сўмга яқин маблағ  сарфланганлиги таъкидланди.

- Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида фаолият бошлаган марказимиз ҳамда унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида оилавий муаммолар гирдобига ҳамда турмушда зўрлик ишлатилиши натижасида депрессия ҳолатига, оғир ҳаётий вазиятга ва руҳий инқирозга тушиб қолган 200 нафардан зиёд аёлга тиббий, руҳий, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди, - дейди Марказ раҳбари Х. Мирзараҳимова. - Реабилитация марказларида руҳий тушкунликка тушиб қолган, ўз жонига қасд қилишга мойил ёки ўз жонига қасд қилишга уринган    шахслар билан бирламчи ва тизимли профилактик тадбирлар, турли   машғулотлар ўтказиб борилди.

Реабилитация марказларига мурожаат қилган аёллар қизиқишларига қараб тадбиркорлик фаолиятининг турли йўналишлари бўйича ҳамда касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланди. Уларнинг айримларига ўз бизнесини йўлга қўйиши учун  имтиёзли кредитлар олинишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Дарҳақиқат, кўплаб аёллар марказ кўмаги билан ҳаётини изга туширмоқда.

- Мен оғир аҳволга тушиб қолиб, ижтимоий реабилитация марказига мурожаат қилган эдим, - дейди Андижон шаҳрида яшовчи, одам савдоси жабрланувчиси Зарифахон Ҳакимова. - Менга зарур ёрдам кўрсатилди. Марказ мутахассислари кўмаги билан банкдан кредит олиб, ўз хонадонимда кичик тикувчилик цехи ташкил этдим. Айни кунга келиб ишли бўлдим, ҳаётим изга тушди, нормал ҳаётга қайтяпман. Бундан беҳад мамнунман.

- Жазони ижро этиш муассасасидан қайтгач, ҳаётга кўникишга жуда қийналдим, - дейди избосканлик Шоирахон Илҳомова. - Реабилитация маркази менга яқиндан ёрдам берди. Ҳомийлар кўмаги билан ўз    уйимда тикувчилик цехи ташкил этиб, иш бошладим. Одамларга фойдам тегаётганлигидан, ҳаётим изга тушаётганлигидан хурсандман.

Марказ туман, шаҳар   реабилитация марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича услубий ёрдамлар кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, анжуманда марказда яратилган шарт-шароитлар, хусусан, руҳий инқирозга тушиб қолган ва одам савдосидан жабр кўрган хотин-қизларга психологик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши, марказда фаолият кўрсатувчи ижтимоий ходимнинг асосий вазифалари, ижтимоий хизмат кўрсатишнинг муҳим жиҳатлари ҳамда вақтинча бошпана берилишининг тартиблари хусусида ҳам атрофлича тушунчалар берилди.

Анжуманда вилоят хотин-қизлар қўмитаси давлат органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик билан аёлларимизга нисбатан оилавий-маиший зўрлик ишлатишга барҳам бериш, уларга зўравонлик қилинишига йўл кўймаслик, оилада гендер тенглигини таъминлашга эришиш, инсон савдоси содир этилиши оқибатида аёллар қуллигини бартараф этиш, депрессив вазиятга тушиб қолган хотин-кизлар билан ишлаш    механизмларини такомиллаштириш масалалари юзасидан самарали ва конструктив ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга масъул ва мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Мангу яшаб қолгин қалбимда, баҳор!

Баҳор! Соғинганим, баҳор, келдингми?

Муштоқ эдим сенга, эркам, билдингми?

Гул, лола-чечаклар олиб қучоққа,

Биз томонга шошиб-шошиб елдингми?

 

Ялпиз, гул-чечаклар - кўйлагинг алвон,

Оппоқ ўрик гули бўйнингда маржон,

Ол лола лабингми, сўйлагин, баҳор -

Кўзларим тўймас ҳеч ҳуснингга ҳайрон.

 

Борлиқни уйғотгин уйқудан, баҳор,

Қўшиқ айт севги, бахт, кулгудан, баҳор.

Сен ўзинг эмасми ёшлик - ишқ фасли,

Йўғрилган энг тоза туйғудан, баҳор.

 

Нигоҳим тўймайди боққаним сари,

Юракдан армонлар кетдилар нари.

Ўйлаб боқсам, ишқинг - дардинг, баҳорим,

Келган экан дилга сендан илгари.

 

Ошиқ ёр кутгандек кутдим интизор,

Кўркам чиройингга бўлиб дил хумор.

Кетмагил, сулувим, шу ўлкада қол -

Мангу яшаб қолгин қалбимда, баҳор!

 

Рўзихон ИМИНОВА