+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда

Дунёда шундай касб эгалари борки, улар ҳамиша эл ардоғида, ҳурмат- эътиборида бўлишади, отадай улуғ, онадай мўътабар инсон сифатида эъзозланишади. 

Улар жажжи қўлларни тутиб, маърифат йўлига етаклашган, мурғак қалбларда Она, Ватан, илмга бўлган муҳаббатни уйғотишган, ўзгалар фарзандини ўз фарзандидай қабул қилиб, болажонларга дунё эшикларини очган, билим хазинасини сочган, ютуқлар сари илҳомлантириб, мағлубиятлардан тобланишга ўргатган инсонлар - муаллимлардир. Келажак авлод таълим-тарбияси, камолоти, жамиятга керакли шахс бўлиб вояга етишларида уларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов устоз-мураббийларга таъриф бериб, "Агар дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир. Чиндан ҳам ўқитувчи наинки, синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки, минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақиқатдан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир", деган эди.

Чиндан ҳам, устозлар мурғаклигимизданоқ қалбларимизга эзгулик уруғларини сочади, қўлимиздан тутиб, маърифат сабоқларини беради, меҳр-муҳаббат улашади. Ҳаётда эришаётган улкан ютуқларимиз, қўлга киритаётган ғалабаларимизда уларнинг ҳиссаси катта.

Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида ҳам жонкуяр, изланувчан, меҳрибон, ўз касбининг моҳир мутахассислари ўқувчи ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Педагогик жамоа орасида узоқ йиллардан буён тизимда самарали ишлаб келаётган тажрибали устозлар, моҳир, изланувчан мутахассислар ва шу билан бирга, умидли, ёш кадрлар бор. Мактабда замонавий билим бериш усуллари юзасидан тажриба алмашиш бўйича маҳорат дарслари мунтазам ўтказиб борилади. Устоз мураббийлар кўрсатган йўл-йўриқ ва тавсиялар асосида ўқитувчиларимиз ўз устида тинимсиз ишлаб, маҳоратларини ошириб бормоқда.

Мактабимиз ўқувчилари ҳар йили ўтказиладиган фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида фаол иштирок этиб, шаҳар, вилоят   босқичи ғолиблари қаторидан жой олиб келади, фанларни ўзлаштириш бўйича рейтинг кўрсаткичларимиз ҳам юқори. Бу каби натижаларни қўлга киритишда директор ўринбосарлари Гулсорахон Султонова, Нодирахон Қамбарова, Сурайёхон Холбоевалар педагогларга ҳар томонлама ёрдам бериб келмоқда.

Ўқитувчилардан Гулшаной Нурдинова, Гулжамол Абдужалилова, Ҳилолахон Ниёзова, Наргизахон Мамарасулова, Дилфуза Абдураимова, Ойдиной Шамсиева, Руқия Саидмуродова, Севарахон Акбарова, Дилрабохон Мамасолиева, Наргиза Мирзаева, Моҳира Сайдалиева, Ҳуснида Сўфиевалар фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида юқори натижаларни эгаллаб келаётир. Аҳил ва ҳамжиҳат педагогик жамоага эса талабчан, масъулиятли, жонкуяр аёл - Наргизахон Абдураҳмонова раҳбарлик қилиб келмоқда.

Аёл - фидоийлик учун яратилган. У ҳеч қачон ўзи учун яшамайди. Ўзининг тинчлигини ўйламайди. Наргиза опа ҳам умрини, ёшлигини фарзандлар тарбияси, ёш-авлод камолоти учун бахшида этган. Мактаб унинг иккинчи уйи, жамоа эса оиласи.Ўз фарзандлари қатори ўқувчиларнинг ҳам келажаги учун куюниб, жон койитиб ишлайди, уларнинг дарди, ташвиши билан яшайди. Ҳеч бир меҳнат самарасиз  кетмайди. Мана бугун машаққатли меҳнат йўли опани  ғалабалар, шогирдлар ютуғи сари етакламоқда. Унинг кўмагида устозлар меҳнати янада қадрланиб, мактабда бўлаётган ижобий ўзгаришлар, янгиликлар, бунёдкорлик ишлари нафақат вилоят, балки республика миқёсида ҳам "андоза" бўлишга улгурган. Бу каби имконият ва шароитларни кўриб, инсон дили яйрайди, кўзи қувонади. Устозларимиз эса эъзоз ва қадр топган юртда яшаш бахти насиб этганидан мамнун. Ахир, устозни эъзозлаш халқимизнинг азалий қадриятларига хос фазилатдир.

Дунёда шундай касб эгалари борки, улар борлигидан кўнглимиз тўқ, қалбларимиз хотиржам, чунки, фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда. Чунки, бу келажак  пойдеворини улар, яъни, қалбидарё, куюнчак устозлар барпо этмоқда. Сиҳат-саломатлик, ирода ва омад ҳамиша сизга ёр бўлсин, қадрли устозлар!

Нилуфар МАМАТУРАИМОВА,

мазкур мактаб ўқитувчиси.

Маҳалладошларимнинг қувончи менинг қувончимдир,

- дейди мутахассис Шоирахон Қоратоева.

Шоирахон опани излаб Избоскан туманидаги "Обод" маҳалла фуқаролар йиғинига борганимда, катта тайёргарлик устидан чиқдим. Маҳалла кўчалари, ҳудуддаги 16-умумтаълим мактаби атрофлари ёғ тушса ялагудай супуриб-сидирилган, сувлар сепилган. Дарахтлар оқланиб, кўчаларга гул кўчатлари ўтқазилган. Маҳалла идораси атрофи юз-кўзларида қувонч балқиб турган ёшу кекса билан тўла. Кимлардир стол-стул ташиган, кимлардир қозон-ўчоқ, самовар ўрнатиш билан овора. "Бугун маҳалламизда Наврўз. Ҳадемай санъаткорлар ҳам келиб қолади", дейди стул ташиб юрган йигитлардан бири.

Шоирахон опани 16-умумтаълим мактабида ўтказилаётган байрам тадбиридан топдим. Мутахассис бу йилги Наврўз ҳар қачонгидан ўзгача, ёдда қоларли, таассуротларга бой ўтиши учун март ойи бошидан тайёргарлик бошлангани, байрамга ҳомий ва мутасадди ташкилотларнинг бош-қош бўлаётгани, тайёргарлик жараёнида маҳалла аҳли баҳамжиҳат ишлагани, айниқса, болажонларнинг қувончи, ёши улуғларнинг дуоси кучига куч, ғайратига ғайрат қўшаётганини тўлқинланиб гапирди.

- Маҳалла фуқаролар йиғинида 3400 нафардан зиёд  аҳоли истиқомат қилади, - дейди мутахассис. - Шундан қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалламиз аҳли, айниқса аёлларимиз жуда меҳнаткаш, ҳунарли, бекорчи аёлларни учратмайсиз. Ҳатто уй бекалари ҳам иш билан банд бўлгиси, оз-моз пул топиб, оиласи даромадига даромад қўшишга ҳаракат қилади. Туман марказидаги "Антекс" тўқимачилик корхонасида ўнлаб хотин-қизларимиз меҳнат қилади. Тадбиркорлик билан шуғулланиб, рўзғорини бутлаётган, камига маҳалла одамларини иш билан таъминлаётган аёлларимиз ҳам талайгина. Масалан, тадбиркор Ойгул Тожиддиновани олайлик. У ўз ҳунари, интилиши орқасидан кўп нарсага эришди. Тикувчилик цехи ташкил қилиб, маҳалла хотин-қизларидан 30 нафарини иш билан таъминлади. Ойгулнинг меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, яқинда у Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Интилувчан, иқтидорли ёшларимиз ҳам кўп. Шулардан бири Дилҳавас Қодирова рассомчилик, дизайнерлик билан шуғулланиб келади. 2018 йилда Дилҳавас Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мукофоти танловининг  «Йлнинг энг яхши ёш ижодкори" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Унинг ютуғи, қувончидан жуда хурсанд бўлдим. Қувонмай бўладими?! Ахир маҳалладошларимнинг қувончи менинг ҳам қувончим.

Шоирахон Қоратоева маҳалла фуқаролар йиғинига ишга келгунига қадар, мактабда ишлади. Салкам 30 йиллик педагогик тажрибаси уни муомала-муносабат, киши руҳиятини англаш, қалбига йўл топа олиш борасида тоблади. 2009 йилда йиғинга ишга келган мутахассиснинг табиати, самимийлиги, одамлар дардини эшита олиш фазилати маҳалла аҳлига маъқул бўлди. Уни хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисликка муносиб номзод деб билдилар.

Шундан буён мутахассис маҳалланинг тўй-маросим, йиғин ва маъракаларида бош-қош бўлиб ишлаб келмоқда. У маҳалладаги ёшу қарининг қалбига бирдек йўл топа олди. Соддадил қишлоқ одамларида ўтаётган кунга шукроналик, ҳалол меҳнати орқасидан топган ош-нонини тинчлик-хотиржамликда, ўзаро баҳам кўриб яшаш туйғуси ҳукмрон. Оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фаровонлигини оширишда маслаҳатчи маҳалладаги тажрибали нуронийлар ҳамда жамоатчилик тузилмалари ёрдамига таянади.  "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси аъзолари, имом хатиб ва отинойи, профилактика инспектори ҳамкорлиги самарасида ажрим ёқасидаги оилалар тикланиб, можароларга барҳам берилмоқда.

Қишлоқда кекса ва ногиронлар ҳолидан хабар олиб туриш, уларга ёрдам кўрсатиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш анъанага айланган. Бу ишларда маҳалла ёшларига Шоирахон Қоратоева  бош-қош бўлади.

- Баҳор байрамлари арафасида ҳудудимиздаги 3 нафар якка-ёлғиз кексалар, 27 нафар ногиронлар ҳолидан хабар олиб, совға-саломлар улашдик, - дейди Шоирахон опа. - Мана бугун Наврўзда маросимга келолмайдиган, кекса ва дардманд кишилар хонадонига ҳам байрам руҳини олиб кириш, уларни йўқлаб, кўнгилларини кўтаришни ният қилганмиз. Онахонларимиз сумалак солишган, эҳсон оши ҳамма учун. Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга улашайликки, ҳеч ким меҳр ва эътиборимиздан четда қолиб кетмасин.

Маҳаллани ўз уйи, одамларини эса оила аъзоларидек кўриб, уларнинг қувончу ташвишига шерик бўлиб яшаётган мутахассис опанинг келгуси ишларида омадлар тилаб қоламиз.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

жамоатчи мухбир. 

Шукроналик байрами

Шу кунларда вилоятимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби туманимизда ҳам Наврўз байрами катта шодиёналик билан нишонланмоқда. Байрам арафасида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди, ногирон, якка-ёлғиз яшовчи, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

Туманимиз ҳудудида истиқомат қилаётган 14 нафар юз ёшдан ошган онахонларимизни совға-саломлар билан йўқладик.

Наврўз - шукроналик байрами! Бу байрамда одамлар қишдан эсон-омон чиққанига шукроналар айтиб, эҳсонлар улашадилар, сумалак, баҳорий таомлар пишириб тарқатадилар, кекса-мискинлар ҳолидан хабар оладилар. Маҳаллаларимизда ҳам сумалак тайёрланиб, Наврўз тантаналари ўтказилмоқда.

Туманимизда 52 мингга яқин оила бўлиб, уларнинг 10 мингдан зиёдини ёш оилалар ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнидаги ўрганишлар жараёнида ажрашиш арафасида турган 59 оила яраштирилди. Демак, шунча оилада тинчлик-хотиржамлик,    барқарорлик таъминланди. Бундан ташқари, кўплаб опа-сингилларимиз ўз хонадонларида тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун банклардан кредитлар олишларига ёрдам кўрсатилди. Энди улар тикувчилик, иссиқхона қуриш, паррандачилик, чорвачилик ва бошқа йўналишларда иш ташкил этиб, ўз оилаларига даромад олиб кириш имконига эга бўлдилар. Ҳозирда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит    барқарорлигини таъминлаш юзасидан фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди, қатор тадбирлар уюштирилди.  Ана шундай суҳбат ва тадбирлар давомида опа-сингилларимизнинг муаммолари ўрганилиб, уларга зарур маслаҳатлар берилди, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 336 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларга 20 млн. сўмга яқин моддий ёрдам ажратилди. Уй-жой олиш бўйича мурожаат қилган, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган 12 нафар  хотин-қиз жорий йилда уй-жой билан таъминланиши режалаштирилди.

Шунингдек, тумандаги 800 нафарга яқин ишсиз хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда  уларни ишга жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу кунгача 150 дан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 79 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ажратилиши бўйича тавсиялар берилди.

Никоҳга киришдан аввал ёшлар ҳар жиҳатдан оилавий ҳаётга тайёр, зарур билим ва тушунчага эга бўлишлари лозим. Шундагина барпо бўлаётган янги оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлиб, ҳаётнинг турли синовларига дош бера олади. Шундан келиб чиқиб, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ҳамда "Саломатлик кунлари" мунтазам ўтказилмоқда.

Шу кунларда Наврўз байрамига бағишлаб "Соғлом тана - соғлом келажак" шиори остида спорт ҳафталигини ўтказаяпмиз. Ҳафталик доирасида турли соҳадаги хотин-қизлар спортнинг югуриш, теннис, шахмат-шашка, волейбол турлари бўйича беллашишмоқда.

Наврўз - йилбоши, уни қандай кутиб олсанг, йил давомида шундай руҳият ҳукм суради. Ўйлайманки, фаолиятимизда кўтаринкилик, унумли меҳнат ва самара йил давомида ҳамроҳ бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни яшариш, янгиланиш айёми - Наврўзи олам билан чин дилдан табриклайман. Аёлларимизнинг хонадонлари тинч, оилалари мустаҳкам бўлсин!

 

Ферузахон АБДУЛЛАЕВА,

Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари,

 

хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ХОНОБОДДА НАВРЎЗ ШОДИЁНАЛАРИ

Андижоннинг сўлим ва хушманзара Хонобод шаҳрида "Юртимга ҳуш келдинг, эй сахий  Наврўз!" деб номланган Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий     кийимдаги жарчилар барчани Наврўзи олам билан муборакбод этиб, меҳмонларни байрам шодиёналарига чорлади.

Хонобод шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, идора ва муассасалар, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, республикамизнинг турли вилоятларидан келган меҳмонлар, хорижлик сайёҳлар иштирокида бошланган асосий байрам тадбири шодиёналари хақиқий халқ сайлига айланиб кетди. 

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Эгамбердиев  иштирокчиларни байрам билан муборакбод этиб, вилоят ҳокимининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар, дорбозлар, аскиячилар, спортчиларнинг чиқишлари  байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.

 

Юксалаётган Хонобод

- Хонтоғ тоғи этагида жойлашган сўлим Хонобод шаҳрида ўтказилган бу йилги Наврўз байрами ҳар йилгидан бошқача, шукуҳли, миллий урф-одат ва қадриятлар тўла акс этган ҳолда ўтказилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз, - дейди Пахтаобод тумани "Давр садоси" газетаси муҳаррири Замирахон Кимсанова. - Халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, шўх қўшиқ ва лапарлар баҳорни, Наврўзни соғинган дилларга хушнудлик баҳш этди.

 Президентимиз 2018 йилнинг 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида Хонобод шаҳрида бўлганида шаҳарни яна ривожлантириш юзасидан фикр билдириб, "Хонобод яқин йилларда ҳам республикамизнинг энг гўзал масканларидан бири эди. Энди у ўзининг аввалги шуҳратини қайтариши лозим", деган эди.

- Муҳтарам юртбошимизнинг фикрлари бугун ўз ифодасини топмоқда, - дейди Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мухтасархон Ҳошимова. - Ўтган қисқа давр ичида шаҳарда улкан ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, 180 ўринли "Хонобод" санаторийси ишга туширилди. Шаҳарнинг энг юқори нуқтаси - Хонтоғда янги чархпалак ўрнатилди, бир километрли осма йўл реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди. Умуман, шаҳарда йилига 500 минг киши хордиқ чиқариши учун турли кўнгилочар ва дам олиш     объектлари қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи капитал таъмирланмоқда, янги-янги аттракционлар ўрнатилмоқда, турли кўнгилочар ва дам олиш объектлари ўзгача қиёфа касб этмоқда. Янги, замонавий кўринишдаги амфитеатр барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 

Юртимизга байрамлар ярашади

Байрам тадбирлари иштирокчилар, меҳмонлар, айниқса, ёшларга кўтаринкилик ва хуш  кайфият улашди.

- Озод ва обод юртимизга фақат байрамлар ярашади, - дейди шаҳрихонлик меҳнат фахрийси Оминахон Юнусова. - Бугунги байрамга фарзандларим, набираларим билан ташриф буюрдик. Кулгу ва аския кечаси, санъаткорларнинг чиқишларидан мириқиб дам олдик. Бугунгидай тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз          тегмасин.

Андижон давлат университети, Андижон машинасозлик, тиббиёт институтлари, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали талабалари ҳамда касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари  ўқувчилари инновацион ғоя, лойиҳа ва  илмий ишланмалари кўргазмалари орқали ўзларининг билим, иқтидор ва салоҳиятларини, эришаётган ютуқларини намойиш этди. Айниқса, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг қўшиқ ва рақслари барчага хуш кайфият улашди. 

- Туман халқ таълими бўлими тасарруфида 56 та таълим муассасаси фаолият кўрсатади, - дейди Балиқчи тумани халқ таълими бўлими мудири Нурхон Хомидова. - Мактабларимизда ижодкор, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Кўплаб мактабларимизда бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилган. Бугунги Наврўз шодиёнасида 1-умумтаълим мактаби ўқувчи ёшлар бадиий жамоаси томонидан ижро этилган ёр-ёр ва лапарларни меҳмонлар олқишлар билан кутиб олдилар.

 

Хорижликлар эътирофи

Байрам шодиёналарида қўшни Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, Россия, Жанубий Корея, Хитой сингари давлатлардан хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди. Улар Наврўз байрами, халқимизнинг гўзал, ўзига хос миллий удумларидан завқ олганликларини изҳор этдилар.

- Наврўз байрами ҳақида эшитгандим, - дейди россиялик профессор Михаил Крюшкин. - Байрам тадбирларида бевосита иштирок этиб, ўзбек халқининг бағрикенг, меҳмондўстлигига, миллий қадриятларини бу қадар улуғлашига яна бир бор амин бўлдим.

- Мен хорижий инвестор сифатида Андижонда иш олиб бораман, - дейди Избоскан туманидаги "Uzbek ANK Spinning" Корея хорижий корхонаси бош директори Джанг Хюн Тэг.                  -Халқингизнинг Наврўз байрами тантаналарида иштирок этаётганлигимдан беҳад мамнунман. Ўзбек таомлари, айниқса, Андижон палови менга жуда манзур бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб айтишим мумкинки, кейинги йилларда юртингиз жадал ривожланиш йўлидан бормоқда. Одамлар юрт равнақи йўлида жипслашиб меҳнат қилмоқда. Албатта, бунинг асосий сабаби юртингиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонликдан деб биламан. Ишонаманки, Ўзбекистон мана шундай тараққиёт, юксалиш йўлидан қатъий боради.

 

Қадим қадриятларимиз бардавомдир

Аскиячиларнинг ичакузди чиқишлари, фольклор этнографик ансамбллари ижросидаги миллий қўшиқ ва рақслардан кўнгиллар шод бўлди.

- Юртдошларимизнинг байрам кайфиятини кўтаришга, уларга маънавий озуқа беришга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, - дейди Хўжаобод туманидаги "Гулёр" фольклор-этнографик ансамбли раҳбари Лолахон Тиллабоева. - Чиқишларимиз катта олқишлар билан кутиб олинди. Бундан кўринадики, халқимиз фольклор қўшиқларни севиб тинглайди. Шундай экан, миллий қўшиқчилигимизнинг қадим анъаналари, қадриятларимиз ҳеч қачон йўқолмайди, янгича мазмун билан бойиб бораверади.

Миллий таомимиз - палов тайёрлаш бўйича беллашувда 20 дан ортиқ моҳир ошпаз иштирок этиб, ўз маҳоратларини намойиш этди. Тайёрланган палов, сумалак байрам иштирокчилари ва меҳмонларга улашилди.

Юқори кўтаринкилик билан ўтган Наврўз шодиёналари  юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, ўзликни англаш, эртанги кунга умид туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Наврўз байрами шодиёналари Андижоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида кўтаринкилик билан давом этмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва

тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўїрисида

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг вазифалари қайта кўриб чиқилди, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида "Оила" илмий-амалий   тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди, шунингдек, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди.

Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Жумладан, узоқ муддат бола парваришлаш билан банд бўлган аёлларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича қайта тайёрлаш борасидаги ишлар етарлича ташкил этилмаган.

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 майдан:

аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади;

тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади;

бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;

икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;

аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;

эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

2. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари кўмагида нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган хотин-қизлар тадбиркорлик марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Қуйидагиларни марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилаш тавсия этилсин:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш;

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш;

аёлларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам бериш, шу жумладан, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини танлаш ва қўллаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш;

зарур ҳолларда фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш;

тадбиркор аёлларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, ишончли ҳамкорларни топиш, минитехнологиялар ва ускуналар сотиб олишда кўмаклашиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишига кўмаклашиш;

норасмий фаолият юритаётган ҳунарманд аёлларга рўйхатдан ўтиш, "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

марказлар бизнес-инкубатор шаклида хотин-қизларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолиятини, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ташкил этилади;

марказларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва асосий вазифалари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондига тижорат банкларига имтиёзли кредит ажратиш учун берилган ресурслардан ҳисобланган фоиздан келиб тушган маблағлар (банк маржасидан ташқари) ҳамда халқаро ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар туман (шаҳар) ҳокими ва туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилади;

махсус ўқитиш дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизлар орасидан тегишли туман (шаҳар) Хотин-қизлар қўмитаси раиси тавсиясига кўра тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга 6 ойлик имтиёзли давр ва йиллик 8 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни кредитлаш тартиблари асосида ажратилади;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тижорат банкларига ҳар йили ажратиладиган 100 миллиард сўм ресурс маблағлари имтиёзли кредит маблағларининг манбаси этиб ҳисобланади. Мазкур ресурс маблағларининг камида 50 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бир ой муддатда кредит олиш учун тавсия бериш жараёнининг адолатли ва шаффофлигини таъминловчи тартибни тасдиқласин.

5. Хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кўмагидаги Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

6. Қуйидагилар Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аёлларнинг гендер тенглиги бузилишига оид мурожаатларини кўриб чиқиш;

касбий сегрегация, иш ҳақи ўртасидаги фарқ, аҳолининг иқтисодий фаол қатлами орасида аёлларнинг улушини кўпайтириш масалалари бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чораларни белгилаш ва самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда кенг қамровли тарғибот ишларини ташкил этиш.

7. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан биргаликда икки ой муддатда:

а) қуйидагиларни назарда тутувчи "Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

гендер тенглик тушунчаси ва турлари;

ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари;

давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллаш, кредит олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлашга оид нормалар;

гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, бундай бузилишга олиб келадиган қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик;

б) қуйидагиларни назарда тутувчи "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

маиший, иш жойидаги ва таълим муассасаларидаги тазйиқ ва зўравонликлар турлари;

ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари;

тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик;

судгача ва суд жараёнида тазйиқ ва камситишларга дучор бўлган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган процессуал кафолатлар.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Хотин-қизлар қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Марказий банк, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2-иловага мувофиқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика комиссияси томонидан тавсия этилган минимал гендер кўрсаткичлар ва бошқа маълумотларнинг     "Гендер стат.уз" веб-сайтига жойлаштирилишини ва маълумотлар доимий равишда янгиланиб борилишини таъминласин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда марказларни барча шароитга эга бўлган хизмат хоналари билан таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларини хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқлари камситилиши ҳолатлари мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиб, тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Норбоева зиммасига ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М.Fаниев ва    Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири   С.У.Умурзоқов зиммасига Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия билан ҳамкорликда ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар ва лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия ташкилотлари, биринчи  навбатда, аёлларни қўллаб-қувватлашга ихтисослаштирилган ташкилотларнинг техник кўмак воситалари ва кредитларини жалб қилиш бўйича доимий ва тизимли равишда зарур ташкилий-амалий чоралар кўриш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Норбоева ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

                                                                Ўзбекистон Республикаси

                                                               Президенти                                         Ш.Мирзиёев

                                                              Тошкент шаҳри,

 

                                                              2019 йил 7 март

НАВРЎЗИ ОЛАМ БИЛАН

Яшнаб кетар чексиз фалак, наврўзи олам билан,

Ясанишиб боғлар ҳалак, наврўзи олам билан.

 

Бодом кийиб гулдан либос, маст айлагай ифори,

Табиатни буркар алак, наврўзи олам билан.

 

Ҳар дардга мос шифо бўлиб, момолар дуосидан,

Дошқозонда сумалак, наврўзи олам билан.

 

Ўз орзусин хатга ёзиб, боғлашиб қанотига,

Болалар учирар варрак, наврўзи олам билан.

 

Турфа хил гуллардан тўшаб, қир - адирга пояндоз,

Ерга само сочар безак, наврўзи олам билан.

 

Лолақизғалдоққа боқинг, ҳаёдан олвон юзи,

Қизларимиз яйрар бешак, наврўзи олам билан.

 

Яратмоқлик илинжида сепилади дону - дунлар,

Ишга тушиб кетмон - курак, наврўзи олам билан.

 

Бош кўтариб чучмомалар, майсалар солиб тўшак,

Кўкларга бўй чўзар терак, наврўзи олам билан.

 

Шукуҳию шуурини шеър қиладир шоирлар,

Атроф гўзал, борлиқ бўлак, наврўзи олам билан.

 

Келинчакни эслатадир, ёшариб бу табиат,

Ҳаяжонда жўшар юрак, наврўзи олам билан.

 

Саҳий офтоб нури ила, қут - барокат ёғади,

Устимизга челак - челак, наврўзи олам билан.

 

Баҳодир ҳам қаламини қўлдан қўймас бир лаҳза,

Дафтарига шеъри безак, наврўзи олам билан.

 

 

Баҳодир АНДИЖОНИЙ

ГУЛЛАР МЕҲР-МУҲАББАТДАН СЎЙЛАР...

Акация - Сирли муҳаббат, поклик ва ёлғизлик рамзи. Уни тақдим этган ҳолда кечирим сўраш ҳам мумкин.

Чиннигул - Жалб этиш, мафтун қилиш, озодлик, ҳурлик ва ишончни англатади. Уларнинг рангига қараб маъносини билиш мумкин. Масалан, қизил чиннигул ошиқлик белгиси.

Гладиолус - "Чин дилдан айтяпман", "мендан қўрқма", деган маънони англатади. У гладиаторлар гули, деб ҳам аталади. Уни тақдим этган инсон, кучли, ишончли ва ҳақгўй ҳисобланади.

Жасмин - Таъсирчанлик, башанглик ва жозиба белгиси. Хиндистонда уни "ой нури " деб ҳам аташади. Уни гўзал аёлларга "ҳамиша чиройлисиз", деган маънода туҳфа этиш мумкин.

Орхидея - Севги, нозиклик, нафосат ва махфийлик белгиси. Уни фақат энг севимли инсонларгагина тақдим этиш    мумкин.

Кала - Сажда қилиш рамзи. "Сиз ажойибсиз", деган маънони англатади. Агар сизга кала гули тақдим этишса билингки, қаршингизда  ҳақиқий ва ҳеч кимга ўхшамайдиган инсон турибди.

Лилия  - Олов ранги, таннозлик рамзи. "Юрагинг соҳиби ким?" деган маънода қўлланилади. Оқ лилия эса поклик, буюклик белгиси.

 

Матлуба Мамажонова тайёрлади.

Жанона - партиянинг энг фаол аёли

"Йилнинг энг фаол адолатчи аёли" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши, партиянинг "Аёллар қаноти" томонидан партия аъзоси бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, ташаббускор ва фаол аёллар фаолиятини  қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мазкур танловда унинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 5 нафар хотин-қиз иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий партиялар фаол иштирок этаётганлиги, шу билан бирга, хотин-қизлар, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, айни кунда партиянинг вилоят кенгаши тасарруфида фаолият кўрсатаётган 332 бошланғич ташкилот сафига 15 минг  нафардан зиёд аъзо бирлашган бўлиб, уларнинг қарийб 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши таъкидланди.

Иштирокчилар "Партия менинг тақдиримда" мавзусидаги тақдимоти, сиёсий саводхонлик бўйича савол-жавоб ҳамда эркин мавзудаги чиқишлари бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди. Шунингдек, уларнинг фаолиятларига оид иш ҳужжатлари  ҳам кўриб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали академик лицейи директори Жанона Раҳимова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика  босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, танловда "Ташаббускор аёл", "Зукко аёл", "Сиёсатчи аёл", "Оқила аёл" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Малоҳатхон МУСАЕВА,

 

 "Адолат" СДП вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" раиси.  

Гўзаллик, нафосат ва саломатлик фестивали

Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида "Спорт - нафислик, соғломлик манбаи" шиори остида хотин-қизлар ўртасида "Нафосат - 2019" республика спорт фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

8 март - Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланиб, хотин-қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, опа-сингилларимизнинг спортнинг оммавий турлари билан шуғулланишларини рағбатлантириш мақсадида ўтказилган  мазкур спорт фестивалида барча туман ва шаҳарлар жамоалари  иштирок этди.

Вилоятимизда хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратилган. Айни кунда вилоятда 4 минг 498 та спорт иншооти, 7596 та спорт секция ва тўгараги ишлаб турибди. Уларда 300 нафардан зиёд аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида 105 минг нафарга яқин хотин-қизлар спортнинг қатор турлари билан мунтазам шуғулланмоқда, 130 минг нафардан зиёд опа-сингилларимиз оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Жамоалар спортнинг волейбол, баскетбол, гандбол, бадминтон ва стол тенниси турлари бўйича ғолиблик учун баҳслашди. Якуниий натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Андижон шаҳри жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, фестивалнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 Балиқчи тумани жамоасига иккинчи, Жалақудуқ тумани жамоасига учинчи ўрин  насиб этди. Шунингдек, фестивалда бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Спорт фестивали ғолиб ва совриндорларини вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова муборакбод этиб, уларга диплом ва эсдалик совғалар топширди.

Фахриддин

 

 Ибайдуллаев

ОПА-СИНГИЛЛАРГА МАКТУБ

Салом, опаларим, тинчмисиз синглим,

Тенгдош ўртоқларим, вақтингиз чоғми?

Саломат бўлсангиз бир он ўтириб,

Мактубимни ўқинг, онангиз соғми?

Ҳайрон қолдиргандир бу нозик савол,

Она омон бўлсин ёруғ жаҳонда!

"Раҳмат" деди кимдир шукрлар қилиб,

Кимдир бош чайқади минг бир армонда.

Ўғил-қиз, набира, қуда-анда бор,

Биз ҳам ёш эмасмиз: келин, онамиз.

Яна йўлимизни интизор кутган.

Мунис онамизга ҳамон боламиз.

Кекса оналарнинг ҳаёт, ҳолини,

Меҳр-ла кузатиб, қаламим олдим.

Опа-сингилларга битган мактубим

Оналардай оддий бир шеърга солдим.

Она: юрт сарбонига умрлар тилар,

"Инсоф берсин" дейди ғанимларига.

Деҳқон, боғбонига барака сўраб,

"Раҳмат" дейди ҳофиз, олимларига.

Баъзан ёлғизликда суҳбатдош қўмсаб,

Бир дилдош истайди - ширинсўз, малҳам.

Бир-бир келиб, кўпроқ дардлашиб туринг,

Ишлар, учрашувлар бўлса ҳам бир кам.

Сизга алла айтган жон онангизга,

Ҳадис ўқиб беринг, хушҳол ҳикоят.

Сиздан ором олсин муштипар жони,

Сўзласа жим туринг, сўзлари оят.

Улар энди қари, у кекса-гўдак,

Сесканиб кетмасин овозингиздан.

Шошилмай гапиринг, танлаб сўз айтинг,

Бир куни қайтади фарзандингиздан.

Етмиш-саксон ёшда не савдо бошда?

Тортишманг, баҳслашманг, не деса ҳақлар.

Келинни "қизим" дер, куёвни "ўғил",

Баъзан катта қолиб, кичикни ёқлар.

Қариндош-уруғни бир-бир эслатар,

"У - ота уруғим, у - она қавмим.

Отанг жигарлари келиб турибди,

Доим очиқ бўлсин дарвоза, ҳовлим".

Битганимнинг бори дилингизда бор,

Узр, шу номани тилади кўнглим.

Сиз ҳам энг эъзозли бир она бўлинг,

Қадрлигим опам, дугонам, синглим.

Онага зорларим, сизга не дейин?

Ўзингизни асранг, ожиз бандамиз.

Ҳамиша сабрли, шукрли бўлган,

Аёлмиз азалий имтиҳондамиз,

Онам, опам, сингилжонларим!

Сизга жоним фидо, соғ бўлинг доим!

 

 

Фаридахон ТОШХЎЖАЕВА