+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МАҲАЛЛА МУТАХАССИСИ - ТАНЛОВ НОМИНАЦИЯСИ FОЛИБИ

Яқинда пойтахтимиздаги   "Туркистон" санъат саройида "Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари" республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Танловда қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Жумладан, Андижон шаҳридаги "Fайрат" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Нодира Холмирзаева "Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис" номинацияси ғолиби, деб топилди.

Биз барча андижонликлар номидан Нодирахон Холмирзаевани эришган муваффақияти билан муборакбод этамиз.

 

Оминахон ИБРАГИМОВА,

 

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси.

Турмуш ўртоғингизни яхши биласизми?

Руҳий тест

Бу айниқса, аёлларимиз учун жуда муҳимдир. Чунки узоқ йил бирга яшаб ҳам, баъзан эрингизни тушунмай қолишингиз мумкин. Ёнингиздаги эркакни атрофлича билишингиз ўртадаги никоҳнинг умрдоб сақланиб қолишидан бир даракдир. Ушбу тест ёрдамида турмуш ўртоғингизни қай даражада билишингизни текшириб кўринг. Натижалардан тегишли хулоса чиқариб олинг.

Ўзингизга ҳар бир "ҳа" жавоби учун 5 балл, "йўқ" жавоби учун 0 баллдан қўйинг.

1. Турмуш ўртоғингиз сиз билан ички сирлари ҳақида ўртоқлашадими?

2. Унинг ёқтирган рангини биласизми?

3. Турмуш ўртоғингиз асабийликдан қай йўл билан чиқишини биласизми?

4.Унинг вазни қанча эканидан хабардормисиз?

5. Турмуш ўртоғингиз ҳаётда нимани кўпроқ ёқтиришини биласизми?

6. У сизнинг қай жиҳатингизни хуш кўрмаслигидан хабарингиз борми?

7. Турмуш ўртоғингизнинг севимли овқати нима эканини биласизми?

8. Унинг ожиз тарафлари сизга маълумми?

9. Турмуш ўртоғингизнинг жамиятда қандай ишлар билан бандлигидан хабардормисиз?

10. У кўпроқ нимадан қўрқишини биласизми?

 

Натижалар:

40-50 балл. Сизни табриклаймиз! Сиз ҳақиқатан ёстиқдошингизни яқиндан биларкансиз. Бу албатта, биргаликдаги ҳаётингиз умрбод эканлигидан даракдир.

30-35 балл. Натижангиз ёмон эмас. Умуман, уни яхши биласиз. Лекин ҳали ўзингизга маълум бўлмаган жиҳатлари ҳам борга ўхшайди. Шуларни ҳам ўрганиб қўйсангиз фойдадан холи бўлмасди.

20-25 балл. Сиз турмуш ўртоғингизни юз фоиз биласиз, дея олмаймиз. Илтимос, унга кўпроқ эътибор қаратинг.

20 балдан кам. Кечирасиз-у, бирга яшаб туриб, турмуш ўртоғингиз билан умуман қизиқмас экансиз. Йўқ, бу ишингиз нотўғри. Қачонки, эр-хотин бир-бирига эътибор берса, ҳеч кимга маълум бўлмаган жиҳатларини чуқур ўргансагина, оилавий ҳаёт тотли ва мустаҳкам кечади.

 

Моҳинур ОДИЛОВА

 

тайёрлади.

КЎМИЛГАН СУМАЛАК

Ҳаётий воқеа

Юртимизга яна баҳор келди. Уни орзиқиб кутган ҳамюртларимиз Наврўзни муносиб кутиб олишга тайёргарликни бошладилар. Ҳашарлар уюштирилди, сумалак сайллари бошланди. Маҳаллаларда, ҳатто кўп қаватли уйларда яшовчи аёллар йиғилишиб сумалак пишираяптилар. Азизлар оши деб аталмиш бу муқаддас таом илик узилди пайтда организмни керакли витаминларга тўйдиради. Сумалакнинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб ривоятлар, афсоналар мавжуд. Бироқ, ҳозир сизларга сўзлаб бермоқчи бўлганим унинг тарихи ҳақида эмас. Бу воқеани менга кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Латофат    исмли аёл айтиб берган эди. Воқеа мени жуда таъсирлантиргани боис, уни сизларга ҳам ҳавола этишга қарор қилдим.

"Баҳор келиши билан барча маҳаллаларда Наврўз тадбири, сумалаклар бошланади. Биз ҳам қўни-қўшнилар билан ҳар йили йиғилишиб сумалак пиширамиз, - деб гап бошлади Латофат опа. - Кўп қаватли уйларда яшаганимиз боис қозон-ўчоқни "дом"имизнинг ҳовлисига ўрнатамиз. Буғдойини янчиш, сумалак масаллиғини тайёрлаш, меҳмондорчилик, қўйингки, келди-кетдини ҳам 1-қаватдаги қўшниларнинг уйида кузатардик. Бу йил ҳам шундай бўлди. Қўни-қўшнилар пул йиғдик. Меҳмондорчилик учун эса ҳар ким имконияти даражасида дастурхон қиладиган бўлди. Хуллас  8 килограмм буғдой ундириладиган бўлди. Буғдойни 3 кун димлаб, стол  устларига ёйиб қўйдик. Ҳисобимиз бўйича буғдой айни Наврўз кунлари униб, етилиши керак.

Ҳар куни буғдойни ҳовлига олиб чиқиб қуёшга солганимиз боис, у жуда чиройли, барра бўлиб униб чиқди.  "Кўз тегмасин, бир текис униб чиқяпти-я, кўпчиликнинг ошида барибир, эсон-омон зўр қилиб пишириб олайлик" дердик ўзаро.

"Жума куни кечқурун "дом"имиздаги катта ёшли онахонлар буғдойни кўриб меъёрига етганини ва эртаси, яъни шанба куни сумалак солиш мумкинлигини айтишди.

Уч-тўрт киши бўлиб 1-қаватдаги Мамлакат опаникига кирдик (сумалак пишириш учун унинг уйидан фойдаланадиган бўлгандик)

- Вой, эртага деяпсизларми? Йўқ-йўқ, бунинг иложи йўқ, - деди Мамлакат опа. - Эртага мени дугоналарим билан  ўтиришим бор, бормасам бўлмайди.

У дедик, бу дедик, Мамлакат опа "Гап"дан кўзи қиймадими, кўнмади.

- Майли бўлмаса, бошқа одамникида қила қолинглар, масалан ана Зумрадхонникида, - деди Мамлакат опа.

- Зумрад опанинг чақалоғи бор-ку, рози бўлмайди, - деди Халимахон деган қўшни аёл.

- Ундай бўлса, якшанбани кутасизлар, бир кун минг кун бўлмас, ахир!-деди яна Мамлакат опа.

Хуллас шанба кунги сумалак якшанбага кўчди. Бироқ эртасига сумалакни қиймалагичдан чиқараётганимизда буғдой анчайин ўсиб кетганини кўрдик.

"Во-о-ой, ўсиб кетибди, тахир бўлиб қолмасмикин? - деган хаёл ўтди миямдан.

Ўша куни ўйин-кулги, бақир-чақир билан сумалагимизни пишириб ҳам олдик...

- Аяжон, нимага бу сумалак аччиқ, - деб қолди эртасига биринчилардан бўлиб қозон бошига етиб борган ўғлим.

Ўйлаганимдек, сумалак шунчалик тахир эдики, оғизга олсангиз ютишингизни ҳам, туфлашингизни ҳам билмасдингиз.

Барча қўни-қўшниларга сумалак улашилди. Сумалакка қўшилганларга ҳатто бир челакдан.

Бир пиёла тугул, бир қошиқ ҳам еёлмадик. Музлаткичда турган сумалакка қараб ичим ачирди. Бир кулгим келарди, бир йиғлагим.

"Муқаддас таом бўлса, буни ҳар қаерга ташлаб бўлмаса, энди нима қиламан", деб бошим қотди. Бошқа қўшниларда ҳам шу муаммо кўндаланг турарди.

Бизда тоза оқин сув бўлсаки, оқизсанг. Нима ҳам қилардик, кўпчиликнинг маслаҳати билан сумалакни  обориб кўмдик...

Ўшандан бери ўйланиб виждоним қийналади. Балки Мамлакат опа бир-икки соатлик "гап"идан кечганида, сумалакни шанба куни пишириб олганимизда шу воқеа бўлмасмиди? Ёки бўлмаса бошқа қўшнини кўндиришимиз керакмиди?

Биз эса муқаддас таом - азизлар ошини увол қилдик!

Онам ҳар йили маҳаллада биринчилардан бўлиб сумалак қилардилар. "Кўкламга эсон-омон етказгани учун Яратганга шукроналик, хайр-эҳсон бу!" дердилар. Очлик, йўқлик пайтида одамлар жонига оро кирган, қорнини тўйдирган сумалак, наҳот тўқлик замонига келиб қадрсизланган бўлса? Балки тўқликка шўхлик, деганлари шудир".

Латофат опанинг ҳикоясини эшитиб, увол бўлган сумалакка ачиндим. Менинг фикримча, агар сумалак шунчаки хўжакўр-синга қилинадиган, севиб тановул қилинмайдиган бўлса, яхшиси пиширилмагани маъқул...

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

КЎК СОМСА - ТАНГА ДАРМОН

Кўк сомса тайёрлаш учун асосий масаллиқ сифатида жағ-жағ, исмалоқ, мачин, пиёз, отқулоқ, шивит каби баҳорий кўкатлардан фойдаланилади. Тандир оташида пишадиган ушбу таом инсон организми учун қувватбахш, жуда фойдалидир.

Янги кўкатлардан тайёрланган сомса танага дармон бағишловчи, қабзиятдан ҳоли этувчи, кўзни равшанлантирувчи, ҳомиланинг яхши ривожланишига ёрдам берувчи, қонни маълум даражада суюлтирувчи, хафақон исканжасидан қутилишга мойиллик яратувчи хусусиятларга эга бўлади.

Кўк сомса таркиби бошқа таом турларидан анча фарқ қилади. Унинг бир донаси 200 кг. калория куч-қувват беради, таркибида тахминан 4 кг. оқсил, 10 гр. ёғ, 25 гргача. карбон сувидан иборат бўлади. Ушбу таомда фойдали маъдан тузлари, зарур дармондорилар миқдори жуда юқоридир.  Шу боис, ҳар бир киши айниқса, қишдан чиққан, организмда турли витаминлар миқдори камайган айни кунларда албатта, кўк сомсани тўйиб еса, фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

НИГОРА тайёрлади.

Баҳорда кўпроқ кўкатлар енг!

Шифокор тавсияси

Уч ой қишдан сўнг организм витаминларга, органик кислоталар, минерал моддалар, ферментлар ва бошқа моддаларга эҳтиёж сезади. Организмга керакли бўлган биологик фаол моддаларни эрта баҳорда ўсиб чиққан ўсимликларнинг ёш    баргларидан, шу жумладан жағ-жағ баргидан олиш мумкин. Жағ-жағ иштаха очади, меъда ширасини ажралишини яхшилайди, енгил сурги ва ўт ҳайдаш таъсирини кўрсатади.

Жағ-жағ ўсимлиги қадимдан халқ табобатида турли касалликларни даволашда кенг     миқёсда ишлатиб келинади. Ибн Сино ҳам ўз вақтида уни қўллаган. Жағ-жағ асосан турли қон оқишларда (бачадон, меъда, ўпка, буйрак, бурундан ва яралардан қон оққанда, бавосил касаллигида) ишлатилади. Яралардан, шилинган жойдан ва бурундан қон оқишини тўхтатиш учун янги йиғилган баргни эзиб, қон оққан жойга қўйилади. Ўсимлик дамламаси ичдан қон оқишини тўхтатади. Ана шу ҳолатларда ҳамда иситма ва ич кетганда дамламани ичиш тавсия этилади.

Таркибида холин ва ацетилхолин бўлгани учун жағ-жағ қон босимини пасайтириш - гипотензив, витамин К бўлгани учун қон ивишини тезлатиш, натижада қон оқишини тўхтатиш таъсирига эга. Шунинг учун жағ-жағ ўсимлигидан тайёрланган дамлама ва суюқ экстракт илмий тиббиётда қон оқишини тўхтатувчи восита сифатида акушерлик ва гинекологик амалиётида қўлланилади.

Овқатга жағ-жағнинг янги кўкарган барглари ишлатилади. Баргидан сомсага масаллиқ, пюре, соус тайёрланади. Уни борш, сабзавотлардан тайёрланадиган салатлар, винегретлар, турли суюқ овқатларга қўшадилар. Жағ-жағнинг ёш, нозик   барглари салатларга яхши, нозик, ёқимли ўткир ва саримсоқпиёз ҳидини беради. Уруғи хантал (горчица) ва қалампир ўрнида зиравор сифатида овқатга ишлатилади.

Баҳорда халқимиз жағ-жағнинг ёш баргларини ялпиз барги, исмалоқ ва бошқа ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар баргларига қўшиб, улардан кўк сомса ва чучвара пиширади.

Умуман, иликузилди пайтида кўкатларни кўпроқ истеъмол қилиш организмингизга куч-қувват ва витаминларни тўплашингизда ёрдам беради.

 

 

Саодатхон ЖАЛОЛОВА, шифокор.

АРШНИ ТИТРАТГАН СЎЗ

Кейинги пайтларда айрим юртдошларимиз, айниқса, ёш оила соҳиблари билиб-билмасдан, тушуниб-тушунмасдан "уч талоқ" сўзини ишлатиб қўйишлари сабаб, баъзи оилалар пароканда бўлиб, болалар тирик етим бўлиб қолмоқда, ўша оила атрофидаги кўплаб инсонлар азият чекмоқдалар.

Нима сабабдан "уч талоқ" лафзи ишлатилганда оила бардавомлигига рухсат берилмайди? Зеро, ушбу сўз айтилганда шариат аҳкомларига кўра, кишининг турмуш ўртоғи бир зумда бегона бўлади, фарзандлар эса етим бўлиб қолади. Чунки, талоқ сўзи жуда аянчли оқибатларга олиб келувчи сўздир. Шу боис, қуйида "талоқ" тўғрисида батафсилроқ маълумот беришликни лозим топдик.

"Талоқ" лафзини ишлатишда инсон жуда кўп ўйлаб, фикрлаб, мулоҳаза билан иш тутиши лозим. Аввало, ҳаётда кимнинг турмуш ўртоғи солиҳа аёл бўлса, у одам бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ўз бахтини топган бўлади. Минг афсуски, орамизда турмуш ўртоқларига итоат қилмайдиган, ножўя хатти-ҳаракатлар содир этишни ўзига эп кўрадиган аёллар ҳам учраб туради. Бир инсонга шундай аёл учраган бўлса, у ҳолда Аллоҳ таоло у кишига биринчи галда аёлига насиҳат қилишликни буюради. Яъни, аҳли аёлингизга ширинсўз ва босиқлик билан ўз ҳаётингиздан келиб чиқиб, насиҳат қилинг. У сизнинг гапларингиздан тўғри хулоса чиқариб, сизга итоатда бўлса, тўғри йўл тутса жуда ҳам яхши. Бироқ хурмача қилиқларини давом эттирса, у ҳолда ётоғингизни алоҳида қилинг дейилади. Шунда у аёл «ўз жуфти ҳалолимдан ажраб қоламанми, менинг бу ишим тўғримикин» деб ўйлаб, хатосини тушуниб, сизга итоат қила бошласа, ширин ҳаётингиз бардавом бўлишига эришасиз.

Энди орадан вақтлар ўтиб, аёлингиз яна итоатсизликка жазм қилса, аёлингиз ва ўзингиз томондан ҳамда маҳалладан биттадан вакиллар чақириб, оилани ислоҳ қилишга ҳаракат қилинг, дейилади. Кўпчиликнинг насиҳати билан турмуш ўртоғингиз инсофга келиб, итоат қилса, яшашда давом этинг, деб буюрилади.

Мухтасар қилиб айтганда, у аёлга насиҳат ҳам, енгил калтак ҳам, ётоқни алоҳида қилиб қўйиш ҳам, ҳаттоки, талоқ лафзини ишлатиш ҳам фойда бермаганидан кейин "Уч талоқ" лафзини тилга олиш жоиз бўлади.

Шу ўринда айтиш керакки, эркак вақтида овқати тайёр бўлмаганлиги, кири ювилмаганлиги ёки бўлмаса арзимаган, майда-чуйда сабаблар учун талоқ сўзини ишлатиш ножоиздир. Умуман, шариатимизда эркак ҳам, аёл ҳам ўз зиммаларидаги мажбурият ва ҳақларни билишлари зарур. Бу ҳақда   қуйидаги ривоят масалага ойдинлик киритади.

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар (р.а.)га аҳли аёлидан шикоят қилиб бир киши келади. Умарнинг эшиги тагига яқинлашганида у зотнинг ҳузурларидан аҳли аёлларининг қаттиқ-қаттиқ оҳангда Ҳазрати Умарга дағдаға қилаётганини эшитиб қолади. Шунда у киши ҳайрон бўлиб орқага қайтаётганида халифа Ҳазрати Умар уйдан чиқиб қоладилар ва: "Келинг биродар, хизмат?" - деб сўрайдилар. Ҳалиги одам: "Ё Умар, мен сизга хотинимдан шикоят қилиб келган эдим. Ўйлаб қарасам, сизнинг ҳаётингиз ҳам, ташвишингиз ҳам бу масала бўйича мен билан бир экан. Шунга ҳайрон бўлиб турган эдим", - деди.

Ҳазрати Умар (р.а.) "Эй биродар, мен аҳли аёлимга қаттиқ гапириб ноҳақ муштумзўрлик қилолмайман, чунки мени унинг устида, уни эса менинг устимда Парвардигор томонидан юклатилган ҳақ ва ҳуқуқлар бор, - дедилар. - Қолаверса, у мен билан дўзах ўртасидаги пардадир. Яъни, жуфти ҳалолим бор экан, мен номаҳрам аёлга эҳтиёж сезмайман. Иккинчидан, у мен учун ошпаз ва новвой, чунки доим таомим, ейдиган нон ошим тайёр. Шунингдек, у мен учун кир ювувчи ва болаларимнинг тарбиячисидир", - деган эканлар.

Шу ўринда бир мулоҳаза, Ҳазрати Умардек зот подшоҳ бўла туриб шундай андишага борган бўлсалар, биз ҳам аҳли аёлларимизга, қойилмақом бажараётган хизматларига шукрона келтирайлик. Ўзимиз улфатларимиз билан турли-туман таомлар истеъмол қилганимизда аҳли аёлларимиз ҳаққини ҳам унутиб қўймайлик. Арзимаган муаммолар учун илмсизлик, жоҳиллик билан "талоқ" лафзини ишлатмайлик. Ана шундагина оиламиз тинч, фарзандларимиз аҳли солиҳ, ҳаётимиз янада фаровон бўлиши аниқ.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин, қалбларимизга имон ва ҳидоят нурларини ато этсин.

 

Салимжон ЮНУСОВ,

Избоскан тумани

 

бош имом-хатиби.

НАВРЎЗНИ УЛУFЛАГАН ЮРТИИМИЗНИНГ КЕЛАЖАГИ ПОРЛОҚДИР

Дилдаги гаплар

Она юртимизга баҳор ташриф буюрди, баҳор билан бирга Наврўзи олам кириб келди. Биз баҳор ҳақида гапирар эканмиз, унинг гултожиси бўлган, энг қадимий ва миллий қадриятимиз ҳисобланган Наврўз ҳақида сўз айтмаслик мумкин эмас.

Наврўз тарихи қадим даврларга бориб тақалади. Ўша  пайтларда Зардуштийларнинг еттита байрами мавжуд бўлиб, уларнинг еттинчиси Наврўз ҳисобланган. Байрам арафасида аждодларимиз етти хил дон - буғдой, арпа, нўхот, жўхори, гуруч, мош, ловиядан таомлар тайёрлашиб, яқинларига тарқатишган.

Баҳорда ҳамма нарса ўзгаради, она замин бағридан майсалар аста бош кўтаради.     Наврўзни ҳамма интиқу интизор бўлиб, орзиқиб кутиб олишган. Халқимизда "Яхши одам кўзидан, яхши йил - Наврўзидан маълум" деган мақол бор. Шу боис ҳам Наврўз минг-минг йиллардан буён улуғланиб келинаётган халқимизнинг бебаҳо урф-одат ва анъаналари, қадим қадриятларидан биридир.

Баҳор, Наврўз - миллатимизнинг ўзлигига айланган, яхши ниятлар фасли, яратувчилик ва олижаноб туйғулар мавсуми десак, асло янглишмаймиз. Наврўз байрамида қалбларимизда меҳр-мурувват, саховат ва эзгулик туйғулари жўш уради. Наврўз кишиларни бирлаштирувчи, дилларни дилларга боғловчи байрам. Наврўзнинг илк кунида дилда ажиб эзгу тилаклар туғён уради. Бу фаслнинг хислатларини санаб адоғига етиш, унинг гўзаллигини таърифлаш мушкул. Дошқозонларда сумалак пиширилиб, халққа тарқатилади, қариялар келаётган йилимиз мўл-кўлчилик, бахт ва омад йили бўлсин, дея эл-юртга тинчлик-омонлик тилаб, дуога қўл очишади.

Қадимда одамлар Наврўз куни ҳаётингиз ширин бўлсин, ўзингиз доимо гулдай яшнаб юринг, деган яхши ният билан бир-бирларига турли ширинликлар, гуллар улашган. Наврўз тонгида ким гапиришдан олдин уч қошиқ асал истеъмол қилиб, ортидан уч бўлак хушбўй мум еса, кўп касалликлардан фориғ бўлади, деб ҳисоблаганлар.

Бугун она табиат ҳам уйғонмоқда. Замин узра баҳорий насим эса бошлаган, дарахтлар куртак ёзмоқда. Шўх учаётган қалдирғочларнинг саси юракларда ажиб бир ҳис уйғотади. Табиат атрофга яхшилик сепини ёйган, баҳорий илиқлик ҳар бир хонадонга, ҳар бир қалбга қувонч олиб келган дамда биз Наврўзи оламни нишонлаймиз.

Мамлакатимизда аждодларимиз меросини тиклаш ва янада ривожлантиришга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Буюк аллома ва азиз авлиёларимиз муқаддас қадамжоларини таъмирлаш ва ободонлаштириш, уларнинг бой маданий меросларини ўрганиш, ёшларимиз онгига халқимизнинг бой илмий-маданий меросини сингдириш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда барча  жабҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар, одамларнинг қалби, онгу шуурида акс этаётган меҳр-оқибат, мурувват, бағрикенглик каби инсоний фазилатлар юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишонч билан яшаётганлигини англатади.

Баҳор фаслида юртимизнинг мўъжизакор, гўзал табиати кўнгилларни ошуфта этади. Шунинг учун бўлса керак-да, баҳорни бутун борлиқ ўзгача тараддуд, ўзгача интиқлик билан кутади. Шундай жаннатмакон юртда яшаш биз учун бахт, ифтихор. Баҳор бизга гўзаллик ҳадя этса, Наврўз эзгу ишлар сари ундайди. Қадим ва бетакрор Наврўзни улуғлаган халқимизнинг келажаги янада порлоқ бўлишига асло шубҳа йўқ.

Халқимиз тинч-осойишта яшамоқда. Ҳар бир юртдошимиз эрта тонгда хотиржам уйғониб, ана шу тинчлик, хотиржамлик учун шукр қилади, бир-бирлари билан юз кўришганда яхши ниятларини изҳор этадилар. Ана шундай аҳиллик бўлган, меҳр-оқибат улуғланган обод юртимиз янада гуллаб, яшнайверади.

 

Шоирахон АҲМЕДОВА,

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Бошқарув маҳорати кафедраси катта ўқитувчиси.

Меҳнат миграцияси ва хотин-қизлар

Балиқчи туманидаги 19-болалар мусиқа ва санъат мактабида "Аёлларни иш билан таъминлашда ташқи меҳнат миграциясининг аҳамияти" мавзусида мулоқот бўлиб ўтди.

"Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят ҳамда партиянинг Балиқчи тумани кенгашлари томонидан ташкил этилган давра суҳбатида турли соҳаларда меҳнат қилаётган фаол аёллар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали, вилоят ИИБ, туман хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

- Давлатимиз томонидан аҳоли  бандлигини таъминлаш, янги  иш  ўринларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди "Миллий тикланиш" демократик партияси Балиқчи туман кенгаши раиси Ҳаётбек Зокиров. - Асосий мақсад, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишдир. Ушбу соҳа партиямиз дастуридаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.  Сўнгги йилларда меҳнат мигрантлари орасида хотин-қизлар салмоғининг сезиларли ошаётганлиги бу борадаги ишларни тартибга солишни, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, ташкил этилган мулоқотимиз опа-сингилларимиз учун фойдали бўлди.

Тадбир давомида мутахассислар хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, аҳолини иш билан таъминлашда миграция агентлигининг фаолияти ҳамда роли, ноқонуний миграциянинг салбий оқибатлари, айниқса, аёллар саломатлигига таъсири, қолаверса, ушбу жараён  одам савдоси, зўравонлик каби инсон ҳуқуқлари поймол этилишига йўл очиб беришини таъкидладилар.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Иш сўраб мурожаат этган бир гуруҳ хотин-қизлар туман ободонлаштириш бўлимига ҳақ тўланадиган ишларга жалб этиладиган бўлди.

Мадина КАРИМОВА,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси  вилоят кенгаши етакчи

 

мутахассиси.

БАҲОР ХАЁЛЛАРИ

дил туFёни

Баҳор ташрифидан кўнглимда орзу гуллари ғунчалай бошлади. Ҳушманзара табиат ҳавосидан, ўрик гулларидан маст бўлиб, вужудимга илиқлик     қуйилади. Шаҳар. Кенг кўчалар. Машиналар шовқини. Одамлар табассуми... ҳар бирини йўл-йўлакай кузатиб борарканман, хотиржамлик ҳисси томирларимда оқа бошлайди. Бу тасвирлар кўзларимга ўрнашиб олган, улар баҳор билан уйғунликда кўз олдимда камалак рангга бурканади.

Эшикдан остона хатлаб киришим билан бир гуруҳ жиянчаларим бағримга отилади. Шу тобда онам саломимга алик олиб, "яхши келдингми, қизим?" деб қаршимга пешвоз чиқади. Ҳали борлиқнида, дунёнида  англамаган жажжи вужуд соғинч ила менга томон талпинади. Унинг беғубор вужудини бағримга босаман, митти қўлларидан, бешик иси анқиб турган юзларидан суйиб, ўпаман. Унинг мунчоқ кўзларига тикилиб, беором руҳим таскин топади.

Ҳовлимиздаги ўрик гулларига қарайман. Унинг капалак қанотидек гулбарглари биз учун мева бўлиб етилгунга қадар ўзини ўткинчи шамоллардан ҳимоя қилади. Қанийди, табиат ана шу сингари барчага бирдек сабр-тоқат дарсини ўтаса...

 

Хосият НИГОР

Фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда

Дунёда шундай касб эгалари борки, улар ҳамиша эл ардоғида, ҳурмат- эътиборида бўлишади, отадай улуғ, онадай мўътабар инсон сифатида эъзозланишади. 

Улар жажжи қўлларни тутиб, маърифат йўлига етаклашган, мурғак қалбларда Она, Ватан, илмга бўлган муҳаббатни уйғотишган, ўзгалар фарзандини ўз фарзандидай қабул қилиб, болажонларга дунё эшикларини очган, билим хазинасини сочган, ютуқлар сари илҳомлантириб, мағлубиятлардан тобланишга ўргатган инсонлар - муаллимлардир. Келажак авлод таълим-тарбияси, камолоти, жамиятга керакли шахс бўлиб вояга етишларида уларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов устоз-мураббийларга таъриф бериб, "Агар дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир. Чиндан ҳам ўқитувчи наинки, синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки, минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақиқатдан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир", деган эди.

Чиндан ҳам, устозлар мурғаклигимизданоқ қалбларимизга эзгулик уруғларини сочади, қўлимиздан тутиб, маърифат сабоқларини беради, меҳр-муҳаббат улашади. Ҳаётда эришаётган улкан ютуқларимиз, қўлга киритаётган ғалабаларимизда уларнинг ҳиссаси катта.

Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида ҳам жонкуяр, изланувчан, меҳрибон, ўз касбининг моҳир мутахассислари ўқувчи ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Педагогик жамоа орасида узоқ йиллардан буён тизимда самарали ишлаб келаётган тажрибали устозлар, моҳир, изланувчан мутахассислар ва шу билан бирга, умидли, ёш кадрлар бор. Мактабда замонавий билим бериш усуллари юзасидан тажриба алмашиш бўйича маҳорат дарслари мунтазам ўтказиб борилади. Устоз мураббийлар кўрсатган йўл-йўриқ ва тавсиялар асосида ўқитувчиларимиз ўз устида тинимсиз ишлаб, маҳоратларини ошириб бормоқда.

Мактабимиз ўқувчилари ҳар йили ўтказиладиган фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида фаол иштирок этиб, шаҳар, вилоят   босқичи ғолиблари қаторидан жой олиб келади, фанларни ўзлаштириш бўйича рейтинг кўрсаткичларимиз ҳам юқори. Бу каби натижаларни қўлга киритишда директор ўринбосарлари Гулсорахон Султонова, Нодирахон Қамбарова, Сурайёхон Холбоевалар педагогларга ҳар томонлама ёрдам бериб келмоқда.

Ўқитувчилардан Гулшаной Нурдинова, Гулжамол Абдужалилова, Ҳилолахон Ниёзова, Наргизахон Мамарасулова, Дилфуза Абдураимова, Ойдиной Шамсиева, Руқия Саидмуродова, Севарахон Акбарова, Дилрабохон Мамасолиева, Наргиза Мирзаева, Моҳира Сайдалиева, Ҳуснида Сўфиевалар фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида юқори натижаларни эгаллаб келаётир. Аҳил ва ҳамжиҳат педагогик жамоага эса талабчан, масъулиятли, жонкуяр аёл - Наргизахон Абдураҳмонова раҳбарлик қилиб келмоқда.

Аёл - фидоийлик учун яратилган. У ҳеч қачон ўзи учун яшамайди. Ўзининг тинчлигини ўйламайди. Наргиза опа ҳам умрини, ёшлигини фарзандлар тарбияси, ёш-авлод камолоти учун бахшида этган. Мактаб унинг иккинчи уйи, жамоа эса оиласи.Ўз фарзандлари қатори ўқувчиларнинг ҳам келажаги учун куюниб, жон койитиб ишлайди, уларнинг дарди, ташвиши билан яшайди. Ҳеч бир меҳнат самарасиз  кетмайди. Мана бугун машаққатли меҳнат йўли опани  ғалабалар, шогирдлар ютуғи сари етакламоқда. Унинг кўмагида устозлар меҳнати янада қадрланиб, мактабда бўлаётган ижобий ўзгаришлар, янгиликлар, бунёдкорлик ишлари нафақат вилоят, балки республика миқёсида ҳам "андоза" бўлишга улгурган. Бу каби имконият ва шароитларни кўриб, инсон дили яйрайди, кўзи қувонади. Устозларимиз эса эъзоз ва қадр топган юртда яшаш бахти насиб этганидан мамнун. Ахир, устозни эъзозлаш халқимизнинг азалий қадриятларига хос фазилатдир.

Дунёда шундай касб эгалари борки, улар борлигидан кўнглимиз тўқ, қалбларимиз хотиржам, чунки, фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда. Чунки, бу келажак  пойдеворини улар, яъни, қалбидарё, куюнчак устозлар барпо этмоқда. Сиҳат-саломатлик, ирода ва омад ҳамиша сизга ёр бўлсин, қадрли устозлар!

Нилуфар МАМАТУРАИМОВА,

мазкур мактаб ўқитувчиси.