+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЕГАНИНГ ОШ ДЕМАНГ, ЁЛFИЗ АЁЛНИНГ

Мулоҳаза

Тақдир тақозоси билан анча йиллар муқаддам Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан Булоқбошига келин бўлиб тушганман. Бу ерда менинг эътиборимни тортган биринчи нарса: қадим ўзбекона урф-одат, қадрият ва анъаналар ҳалигача чиройли сақланиб келинаётганлиги бўлди. Ушбу ҳолат менда жуда илиқ таассуротлар қолдирди. Чунки, собиқ иттифоқ даврида жуда кўп республикаларда, хусусан, мен туғилиб ўсган Қирғизистонда ҳам аҳолининг аксарият қисми европалашиб кетган, миллий қадриятлар, анъаналар ҳам унутилган эди. Айниқса, забонимиз русийлашиб, тилимиз софлиги йўқолганди.

  Келиннинг биринчи вазифаси:  тонг саҳарда туриб, ҳовли ва кўчаларни супуришдан бошланади. Ҳар тонг дарвозани очиб, кўчани супураётганимда бўйлари баланд, қорачагина, озғиндан келган, кўйлак, лозими ўзига ярашган чиройли бир аёл кўчадан ўтиб кетарди. Саломлашардик, ҳар тонг биринчи бўлиб кўришадиган бу аёлга меҳрим тушди. Ким экан бу самимий, ораста аёл? Ҳар куни тонг саҳардан қаерга боради? Юришлари сипо, вазмин, юзларида гўё мунг, дард, ташвиш яширингандай эди.

Анча вақт ўтиб, қайнонамдан сўрадим. Бу аёл маҳалламизнинг юқорироқ қисмидаги кўчада яшовчи Қумрихон опа эканлигини, икки нафар фарзанди борлигини, маҳалла марказидаги боғчада фаррош бўлиб ишлашини, бир неча йил аввал эри тасодифан вафот этгани, ҳозирда фарзандларини ёлғиз  тарбиялаётганини айтиб берди.

Ҳар кун кўришавериб, бу аёл менинг яқин инсонимдай бўлиб қолди, унга меҳрим, ҳурматим ошди. Қувалашиб йиллар ўтди. Бир маҳаллада бирга яшадик, тўй, маъракаларда бирга бўлдик. Лекин Қумрихон опа ҳеч қачон нолиганини, боқувчисиз қолиб, қийналдим, деганини эшитмадим. Йиллар ўтса-да, хануз вазмин, сипо, ораста, меҳрибон ва самимий. Фарзандларим улғайгач, маҳалладаги мактабга ишга жойлашдим. Ўқувчиларим орасида Қумрихон опанинг икки нафар ўғиллари ҳам бор эди. Улар зеҳнли, ҳаракатчан, ҳар иккиси ҳам аълочи, намунали ўқувчилардан эди. Мактабни тамомлашиб, кўз олдимизда, маҳалла бағрида       улғайишди, касб эгаллашди, уйланиб, бола-чақа орттиришди.

Бу орада бизнинг оиламиз қўшни Ёрбоши маҳалласига, янги уйга кўчди. Вақт - олий ҳакам. Опа ҳам кексайиб борарди. Ўғиллари, келинлари опанинг ҳурматини ўрнига қўйишади. Қумрихон опа ҳозир набираларнинг ҳузурини қўриб умргузаронлик қилмоқда. Маҳалладошлари ўртасида ҳурмат-эътибор топган. Маҳалламиздаги оилаларда жанжаллар, кўнгилсизликлар бўлгани ҳақида эшитсам, кўз олдимда ўша аёл гавдаланади. Арзимаган сабаблар туфайли аразлаб, уйига кетиб қолган ёки «ажрашаман» деган келинларга ўша аёлнинг ибратли ҳаётини мисол қилиб келтираман. Қанчалар қийналган бўлса-да, сабр билан яшаганини, фарзандларини ёлғиз тарбиялаганини, ҳеч қачон нолимаганини, ҳатто, муаммоларини қўшниларига ҳам билдирмаганини айтиб бераман. Турмушда унинг оиласида етишмовчилик йўқмиди, ўғилларини отасиз тарбиялаш осон бўлмагани аниқ. Зотан, ҳофиз айтганидай "еганин ош деманг, ёлғиз аёлнинг" деб айтилувчи қўшиқнинг маъносини англатишга ҳаракат қиламан. Лекин, опа сабрни маҳкам тутган, ҳалол-пок бўлган. Шу боис, эл олдида ҳамиша юзи ёруғ, топганида барака бўлган.

 Бугун низоли оилалардаги жанжаллар сабабларини эшитиб хайрон қоламан. Эрининг туғилган кунида, куёвнинг яқинларига хизмат қилишни истамай куйиб қолган келин ота уйида аразлаб ўтирибди, қайнонаси ногирон қайнотани парваришлаб турган пайтда келин, қайнонасига оиладаги шароитидан зерикканини айтиб кетиб қолмоқчи, овсинлар билан бир ҳовлида ўтиришни хоҳламаётган келин, ҳокимиятга уй сўраб, шикоят қилаяпти, маъзар кам келганлиги учун куёв ошналаридан уялганини очиқ-ойдин айтиб, келинни камситмоқда. Бу сабр-тоқат нималигини билмаслик, тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас.

Ўша оилалар вакиллари билан суҳбатда Қумрихон опанинг ҳаёти барчамизга ибрат, намуна бўлишини айтиб, жанжалкашларни инсофга чақираман. Сабр инсонни бахтга етказишини тушунтираман. Қумрихон опа сингари муҳтарама аёлларимизга таъзим килгим келади.

 

Дилфуза РЕЖАВАЛИЕВА,

Булоқбоши туманидаги Ёрбоши маҳалласи

 

мутахассиси.