+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ХОНАДОНМА-ХОНАДОН ЮРИБ, АҲОЛИ БИЛАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Избоскан туманидаги Янги Бўстонобод маҳалласида хонадонма-хонадон юриб, маҳалла аҳлининг ҳаёти, турмуш тарзи билан танишди, аҳолини қийнаётган муаммолар билан қизиқди, фуқаролар билан мулоқотлар ўтказди.

 

Айни кунда вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Янги Бўстонобод маҳалласидаги 620 хонадонда 3 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Кейинги йилларда маҳаллада  оилавий тадбиркорлик, томорқадан унумли фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Вилоят ҳокими турли муаммолардан азият чекаётган, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилган фуқаролар билан бевосита суҳбатлашди, мавжуд муаммоларни имкон қадар шу ернинг ўзида ҳал этди.

- Бу каби мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад, Президентимиз олдимизга қўяётган энг биринчи вазифа - одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш, уларнинг оғирини енгил қилишга кўмаклашиш,  - дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов.  - Қолаверса, бу каби мулоқотлар бизгача етиб келмаётган муаммолардан хабардор бўлишга имкон беради, одамларнинг давлатга, эртанги кунга умид ва ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Эрта тонгдан кеч оқшомгача бўлган қабул давомида вилоят ҳокими юзлаб фуқаролар билан мулоқот қилди.

- Уч нафар фарзандимиз бор, турмуш ўртоғим мавсумий ишлар билан шуғулланади, - дейди Қурама кўчасида яшовчи Наргиза Хаминова. - Фарзандларимиз ёш, қизим Ойдиной эса 1-гуруҳ ногирони.  Шу боис, ҳаминқадар ҳаёт кечирамиз. Вилоят ҳокими яшаш шароитимиз билан танишиб, оиламизга газ плитаси ва холодильник   совға қилди. Очиғи, буни кутмаган эдим, бундай эътибордан бошимиз кўкка етди.

Шу куни вилоят ҳокими турмуш шароити оғир бўлган Боғаро кўчасида яшовчи Дилнозахон Қувонова, Хайитхон Жўраева, Ханифа Жонйигитова, Қурама кўчасида яшовчи Дилоромхон Юнусалиеваларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш бўйича мутасадди ташкилотларга топшириқлар берди.  Яқин кунлар ичида уларнинг уй-жойлари таъмирлаб бериладиган бўлди. 

Вилоят ҳокими томонидан кам таъминланган, оғир шароитда яшаётган  Шаҳло Ибрагимова, Мукаррамхон Сатимова, Садихон Муродова, Мадинахон Деҳқонова, Сувсархон Эргашева, Зуҳрахон Эргашева, 2-гуруҳ ногирони Каримахон Солиеваларга моддий ёрдам сифатида кир ювиш машинаси, духовка, газ баллони ҳамда турли миқдорда пул маблағлари берилди.

- Маҳалламиз катта бўлса-да, бирорта мактабгача таълим муассасаси йўқ, - дейди Шахноза Исмоилова. - Шу боис, вилоят ҳокимига ўз хонадонимда уй боғча ташкил этиш бўйича таклиф билдирдим ҳамда Халқ банкининг туман бўлимидан 30 миллион сўм кредит олишга кўмаклашишини сўрадим. Ҳокимимиз таклифимни маъқуллаб, зарур барча ёрдам кўрсатилишини айтиб, кредит олиш бўйича банк раҳбарларига тегишли топшириқлар берди.  Насиб этса, яқин кунлар ичида хонадонимизда уй-боғчани ишга туширамиз.

Боғаро кўчасида яшовчи Осиёхон Олимжонова тумандаги 21-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси. Ёзги таътил давомида қатор китоблар ўқигани, мутолаа қилган китобларини гапириб берганлиги учун иқтидорли бу қизга вилоят ҳокими ноутбук совға қилди.

Умуман, шу куни  вилоят ҳокими 300 дан ортиқ мурожаатларнинг аксариятини шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этди, 18 та масалани ҳал этиш бўйича мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқлар берди.

Президентимиз ташаббуси билан одамларнинг муаммо ва ташвишларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш йўлида олиб борилаётган бу каби     хайрли ишлар, фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик юртдошларимизнинг давлатга, эртанги кунга, мамлакатимизнинг порлоқ келажагига бўлган ишонч ва умидини мустаҳкамламоқда, шу билан бирга, юрт равнақи йўлида шижоат билан меҳнат қилишга, фидойи бўлишга ундамоқда.

 

Гуллола САТИМОВА,

Избоскан тумани ҳокимлиги бош мутахассиси.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

МЕНИ БАХТЛИ ЭТГАН ШУ ВАТАН!

Тупроқлари тиллога тенгим,

Кенг дунёда ягонам дедим,

Сарҳад билмас меҳрингни сездим,

Бағри бутун, бағри кенг маскан -

Шодликларга тўла бу Ватан!

 

Илк сўзимга доя остона,

Бошим силаб бўлган парвона,

Бутун халққа меҳрибон она,

Болалигим ўтган бу маскан-

Хотиралар маёғи - Ватан!

 

Тўтиёдир зарра тупроғинг,

Олис кетсам, озор фироғинг,

Тинчлигингга бўлай фидойинг,

Бағри бутун, бағри кенг маскан -

Шодликларга тўла бу Ватан!

 

Қучоғингда яйрайман чунон,

Эрким осмон, тозадир имон,

Эрка қизинг бўлай ҳар замон,

Бағри бутун, бағри кенг маскан -

Мени бахтли этган шу Ватан!

 

 

Ҳулкарой АБДУРАҲМОНОВА

10 ЙИЛДАН БУЁН ФАРЗАНД КУТАЁТГАН АЁЛ БИР ЙЎЛА УЧ ЭГИЗАКЛИ БЎЛДИ

Балиқчилик Муяссархон Маматқулова вилоят скрининг марказида уч нафар эгизакни дунёга келтирди.

Балиқчи тумани Олимбек маҳалласида яшовчи Жавлонбек ва Муяссархон Маматқуловлар оила қурганларига қарийб ўн йил бўлди. Ўтган ана шу йиллар давомида уларга фарзанд кўриш насиб этмади. Кўп даволанишди, кимлардир уларга ажрашишни маслаҳат берди. Лекин севиб, севилиб оила қурган бу икки ёш ҳар қандай гап-сўзларга қарамасдан оиласини барбод қилмади, фарзандли бўлиш умиди билан яшади.

Яратганнинг марҳамати билан улар бир йўла уч эгизакнинг ота-онасига айланди. Эгизакларга Фотима, Муҳаммадазиз ва Зуҳра деб исм қўйишди. Шифокорларнинг таъкидлашларича, она ва эгизакларнинг саломатлиги яхши. Бир-икки кун ичида уйларига кетиш учун рухсат берилар экан.

Жавлонбек дурадгор уста, Муяссархон эса чеварлик касбида эл-юртга хизмат қилиб келади, меҳнатсеварликлари, ҳалол касблари ортидан  халқнинг дуосини олишади. Кўпнинг дуоси ижобат бўлиб, улар ота-оналик бахтига мушарраф бўлган бўлса ажаб эмас.

- Инсон сабр ва умид билан яшаши керак, - дейди Жавлонбек Маматқулов. - Аёлим билан севишиб турмуш қурганмиз. Шахсан мен ажрашиш ҳақида умуман ўйламаганман. Яратганнинг марҳаматини қарангки, ўн йил деганда фарзандли бўлдик. Шу ўринда мен арзимаган сабаблар туфайли ажрашиб кетаётган, фарзандларини тирик етим қилиб қўяётган инсонларга сабр-бардошли бўлишни тилаган бўлардим.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

"Иқбол" газетаси таҳририяти қошида ташкил этилган "ХОЛИС-НУР" ЎҚУВ МАРКАЗИ

азиз опа-cингилларимизни қуйидаги йўналишлар бўйича ўқишга таклиф этади:

Пазандачилик

Ёш оналар мактаби

Тикувчилик

Тўқувчилик

Аёллар сартарошлиги

Сунъий гул ясаш

Замонавий пардалар тикиш

Бундан ташқари,  болажонлар учун мактабга тайёрлов курси ҳамда адабиётнинг шеър, ҳикоя, мақола  ёзиш йўналишларига қизиқувчи ёшлар учун "Бадиий ижод" тўгараклари  ўз фаолиятини бошлади.

Азиз ёшлар! Марказимизга ташриф буюринг, ҳунар ўрганинг, билимларингизни бойитинг!

Манзил: Андижон тумани, Оғуллиқ маҳалла гузари.

 

Мурожаат учун телефонлар: + 998 99 917-31-19,  + 998 91-607-30-64

Ёз учун яхна ичимликлар

Уй шароитида осон тайёрланадиган яхна лимонадлар ёзнинг аёвсиз жазирама кунларида жуда фойдали бўлади.Бугун сизлар учун тақдим этадиган рецептларимиз нафақат кундалик чанқоғингизни қондириш учун, балки байрам тантаналарингизда дастурхонингизга кўрк бағишлаш учун ҳам асқотади.

 

КЛАССИК ЛИМОНАД

Масаллиқлар:

3 дона йирик лимон;

1 дона апельсин;

4-5 ош қошиқ шакар;

700 мл сув;

350 мл газланган сув.

Тайёрланиш усули: Апельсин ва лимонларни пўстини артиб, шарбатини сиқиб чиқаринг.  Барча масаллиқларни сатилга солинг. 3 ош қошиқ шакар ва 700 мл. қайноқ сув қуйинг. Совутиб, 4-5 соатга музлатгичга қўйинг. Сўнг сузиб олинг ва қолган шакар билан газланган сувни қўшинг. Лимон бўлаклари ва ялпиз билан безатинг.

 

МАЛИНАЛИ ЛИМОНАД

Масаллиқлар:

1 стакан малина (тахминан 170 г);

1 дона лимон;

100 г шакар;

800 мл совуқ сув + яна 200 мл қиём учун;

муз, ялпиз ва безатиш учун малина доналари.

Тайёрланиш усули:

200 мл. сув ва шакарни қайнатиб, қиём тайёрлаб оламиз. Қиёмга малинани солиб, яхшилаб эзамиз. Малинанинг уруғидан қутулиш учун қиёмни элакдан ўтказиб олиш керак бўлади. Қиём совугач, лимоннинг шарбатини эзиб чиқарамиз ва унга қўшамиз. Қолган сувни ҳам қиём билан аралаштириб, муз, малина доналари ва ялпиз билан безатамиз.

 

ОЛЧАЛИ ЛИМОНАД

Масаллиқлар:

1 дона йирик лимон;

2 дона апельсин;

3-4 дона ялпиз шохчаси;

100 мл қиём;

муз;

газланган сув.

Тайёрланиш усули:

Битта апельсиннинг ярмини ва лимоннинг тўртдан бирини бўлакларга бўлиб оламиз. Қолганидан шарбатини эзиб, чиқарамиз. Графинга мева шарбати ва қиёмни қуямиз, ялпизни кафтимиз билан эзиб, соламиз. Графин ярим бўлгунга қадар муз қўшамиз. Қолганини газланган сув билан тўлдирамиз. Мева бўлаклари ва ялпиз билан безатамиз.

 

 ЯЛПИЗЛИ ЛИМОНАД

Масаллиқлар:

250 мл сув;

125 г шакар;

4-5 дона ялпиз шохчаси;

2 дона апельсин;

1 дона лимон;

1 л "Спрайт" ёки газланган сув.

Тайёрланиш усули:

Шакарни сатилга соламиз ва сув қўшиб, қайнаб чиқишини кутамиз. 5 дақиқа давомида қайнагач, оловни ўчирамиз ва қиёмга ялпиз солиб, совутишга қўямиз. Лимон ва апельсинларнинг шарбатини эзиб, қиёмга (ялпизни олиб ташлаймиз) қўшамиз ва газланган сув ёки "Спрайт" билан аралаштирамиз. Муз бўлаклари, ялпиз ва цитрусли мевалар билан тортамиз.

 

Нигора тайёрлади

 

Жазирамадан қандай сақланиш мумкин?

Ўлкамизда жазирама ёзнинг иккинчи ойи ҳам охирлаб бормоқда. Бироқ, иссиқнинг тафти пасаяй демайди. Бундай  пайтда инсон салқин жойда ҳордиқ чиқаришни истайди. Айниқса, денгиз бўйи ёхуд салқин тоғ ён бағрида дам олишга нима етсин? Аммо бунга доим ҳам имкон топилавермайди.

Ёз кунлари табиий матодан тикилган кийимларни танлаганингиз мақсадга мувофиқ. Чунки, улар терини нафас олишига имкон яратади ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишига тўсқинлик қилади. Қолаверса, жазирама кунда бош кийим   кийиб юриш ёдингиздан кўтарилмасин.

Қуёш нури 12.00 дан 16.00 гача жуда ҳам фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқишни режалаштирмаганингиз маъқул.

Аммо, вазият шу вақт оралиғида ташқарига чиқишга мажбур этса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилинг.

Ёз куни қаҳвадан воз кечганингиз маъқул. Чунки, бу маҳсулот жазирамада чарчоқни кучайтиради. Ширин ва газланган ичимликлар ҳам бундан мустасно эмас.

Иссиқ кунда сизга муздек ичимликларни ичишни ҳам тавсия этмаймиз. Чунки, улар туфайли томоқ оғриғини орттириб олишингиз мумкин. Яна шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, яхна ичимликлар ички аъзоларни совутиб, тана сиртида қон айланишини тезлаштиради ва бунинг оқибатида ҳарорат кўтарилади.

Иссиқ ҳавода алкогол ичимликлардан нафсингизни тийганингиз маъқул. Бу ичимликлар организмнинг сувсизланишига олиб келади. Бодринг, тарвуз, қовун ва сархил мевалар организмни совутиш хусусиятига эга.

Вентиляторнинг самарасини янада ошириш учун унинг қаршисига муз солинган тоғора ёки ичида музлатилган сув бўлган пластик бутилкаларни қўйиб қўйиш мумкин. Замонавий вентиляторлар орасида бутунлай шовқинсиз ва болалар учун   хавфсиз бўлганлари кўп. Баъзи моделларда ҳаттоки, таймер ҳам бўлиб, уларнинг автоматик равишда ишлаш вақтини белгилаб қўйиш мумкин.

Кондиционер харид қилишда уларнинг техник хусусиятлари билан яхшилаб танишиб чиқинг ва турли хил таклифлар қаршисида ўзингизни йўқотиб қўйманг.

Шунингдек, хона ҳароратини тушириш учун деразаларга хўл чойшаб осиш, мебелларга нам сочиқлар илиш мумкин. Бироқ, бунда меъёрдан ошиб кетманг: қоронғилик ва юқори намлик уйда янги микроорганизмлар, жумладан, моғор замбуруғини юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Деразаларга қалин оқ (зиғир толасидан қилинган мато) ёки бўздан тикилган парда осган маъқул: оқ ранг қуёш нурини қайтаради.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА

 

 тайёрлади

КОМПЬЮТЕРИНГИЗДА ВИРУС БОРМИ?

Огоҳлик

Компьютер вируси ўлчами унча катта бўлмаган, маxсус ёзилган дастур бўлиб, у ўзини бошқа дастурларга "ёзиб қўйиши", шунингдек, компьютерда турли ноxуш амалларни бажара олиши мумкин. Бундай дастур ишлашни бошлаганда дастлаб бошқарувни вирус олади. Вирус бошқа дастурларни топади ва унга "юқади",    шунингдек, қандайдир зарарли амалларни (масалан, дискдаги файл ёки файлларнинг жойлашиш жадвалини бузади, тезкор xотирани "ифлослайди") бажаради.

Вирус жойлашган дастур одатдагидек ишини давом эттиради. Ташқаридан дастурнинг касалланганлиги билинмайди. Кўп турдаги вируслар шундай тузилганки, касалланган дастурни ишга туширганда вирус     компьютер xотирасида доимий қолади ва вақти-вақти билан дастурларни касаллайди ва      компьютерда зарарли амалларни бажаради.

Аслини олганда, вируслар системаларга бирикиб кетиш учун ҳар қандай йўлларни ишлатишади, шунинг учун ҳам зарарланмайдиган ситемалар йўқдир.

Компьютерларга вирус кириб келишига зарарланган дискеталар хизмат қилади. Вируслар борган сайин бешафқат ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган бўлиб бормоқда, ҳатто энг етук вирусларга қарши дастурлар ҳам улар билан курашишга ожизлик қилмоқдалар. Шундай вируслар мавжудки, улар энергияга боғлиқ бўлмаган xотирага яшириниб олиб, системани тозалашда жуда катта қийинчиликлар туғдирадилар. Ҳатто, ҳақиқий фирма белгисига эга бўлган, сиқилган дастур ҳам вирусдан ҳоли эканлигига ҳеч ким кафиллик бера олмайди. Вирусларни СД-РОМ дискларнинг штамповка жараёнида ҳам ўрнашганлик ҳоллари мавжуддир. Вирус фаолияти асосан 4 та -  уxлаш, кўпайиш, ишга киришиш ва вайрон қилиш фазасига эга.

Вирус иxтирочиси аста-секинлик билан фойдаланувчининг ишончини қозониш мақсадида, уxлаш фазасини ишлатиши мумкин, чунки бунда вирус кўпаймайди ва маълумотларни бузмайди.

Ҳозирги кунда 100 000 дан ортиқ компьютер вируслари мавжуд бўлиб, улар компьютерда маълумотларни ишончли сақланишига xавф солади ва компьютер ишлаш жараёнида турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис, компьютердан фойдаланадиган ҳар қандай инсон компьютер вируслари, уларнинг турлари, етказадиган зарарлари ҳамда улардан ҳимояланиш чораларини билишлари зарур.

Воҳиджон ҲАМРОҚУЛОВ,

 

вилоят ФВБ ходими.

Зарпечак - экинлар учун хавфли ўсимлик

мутахассис минбари

Зарпечак(чирмовуқ) - карантиндаги бегона ўт бўлиб, текинхўр ўсимлик ҳисобланади.  Ер шарида унинг 270 дан ортиқ тури бор. Шундан 17 тури мамлакатимиз ҳудудларида учрайди.

Зарпечакнинг 13 тури қишлоқ хўжалигига жиддий зарар келтириши билан ажралиб туради.  Айниқса, беда, каноп, пахта, лавлаги, сабзи, пиёз каби экинлар учун чирмовуқ хавфлидир. Бошоқли экинлар чирмовуқларга бирмунча чидамли ҳисобланади.

Чирмовуқлар маданий экинлар танасига гаусториялари ёрдамида ёпишиб олиб, унинг органик ва ноорганик моддаларини сўриб олади, ўсимликни бутунлай нобуд қилади. Агар бу ўсимликлардан ҳайвонлар учун озуқа тайёрланса, улар моғорлаб, озуқавий қийматини йўқотиши ва ҳайвонларни ҳам заҳарлаши мумкин.

Зарпечак(чирмовуқ)лар жуда беор, осон кўпайиб, тез  тарқаладиган ўсимлик. Улар уруғ орқали, экинларни суғоришда, яхши чириган гўнг билан, тупроқ билан, қишлоқ хўжалик қуроллари, транспорт воситалари, уруғ тозалаш машиналари, темир йўл вагонлари ва таралари орқали, парранда ва ҳайвонлар орқали тарқалади. Тупроққа тушган чирмовуқ уруғлари бир неча йилларгача унувчанлигини сақлаб қолади.

Мазкур бегона ўтга қарши курашишда агротехник ва механик кураш чоралари етакчи ўринда туради. Ўсимликлар ва экин майдонлари зарарланишига қараб тоифаларга ажратилади: кучли ва кучсиз зарарланган экин, ўсимликлар чопиб ташланади ва ёқиб юборилади ёки чуқур қазиб кўмиб ташланади, атроф-муҳити тозаланади. Ўртача зарарланган экинларнинг тегишли қисмлари кесиб ёки чопиб олинади ва ёқиб юборилади. Тадбир ўтказилган майдонлар доимий назоратга олиниб, чирмовуқ бутунлай йўқолиб кетгунча ҳар 7-10 кунда назорат қилинади. Экин экиладиган далалар яхшилаб текисланади, экишдан 10-15 кун олдин бороналаш ишлари амалга оширилади.

 

У. АБДУЛЛАЕВ,

вилоят Ўсимликлар  карантини  ҳудудий

инспекцияси агроном инспектори. 

Садоқат

(ҳикоя)

Ҳаётда  меҳр-оқибат, вафо, садоқат каби сўзларни кўп ишлатамиз. Албатта, ҳар ким ҳам бу сўзларга муносиб бўлавермайди. Аммо, инсон бўлмасада, меҳр-муҳаббатни ҳис қиладиган, меҳрингга садоқати билан жавоб қайтарадиган жониворлар ҳам бор экан.

Дадам раҳматли юввош, меҳрибон, жониворларни яхши кўрадиган, чумолига ҳам озор бермайдиган киши эди. Унинг Бўйноқ лақабли ити бор эди. Ҳар сафар дадам раҳматли  итни  эркалаб, мақтаб, идишига овқат солиб берар эди. Жонивор эса думини ликиллатиб, дадамнинг оёқлари остида у ёқдан-бу ёққа жилпанглар, баъзан ерга думалаб, унга миннатдорчилик билдирган бўларди. Дадам масжидга чиққанида Бўйноқ намоз тугагунча эшик олдида ўтирар эди. Масжиддан чиқиши билан яна дадамга эргашар, у киши бир иш қиладиган бўлса, худди ёрдам берадигандай атрофини айланар, баъзан ирғиб, нимагадир ишора қилгандай бўлар эди.  Дадам раҳматли ҳам бу забонсиз ҳамроҳига суяниб қолган, ортган овқатни албатта итига илинар, бирор жойга меҳмонга борса, Бўйноқ учун суяк кўтариб келарди. Дадам ҳеч қачон Бўйноқни сўкмасди, уриш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. "Буям Оллоҳ яратган жонивор, сен билан менга қарам, унинг тили йўқ, аммо юраги бор" дер эди.

Вақти-соати етиб, дадам қазо қилди.

Уни сўнгги манзилга кузатган кунимиздан бошлаб кучук овқат емай қўйди. Таъзияга келган меҳмонларга ҳайрат билан тикилиб, улар орасидан дадамни қидирар эди. Дадамнинг тобути кўтарилганда ит жуда қаттиқ увиллади ва одамларнинг олдига тушиб югуриб кетди. Қабристонга бориб ҳамма одамлар қайтгунича ўтирди.  Кечқурун уйга келгач, антиқа овозда яна увиллади. Уйчасига борди-ю, бағрини ерга бериб ётиб олди. 

Эртасига кўнгил сўраб келувчилар кўп бўлди. Бечора ит таъзия билдирувчилар орасидан дадам раҳматлини қидирар,  ғингшиб, ўз тилида йиғлагандай бўларди.

Кечқурун масжидга чиқиш учун тайёргарлик кўра бошладим. Бўйноқ ҳам худди таҳорат олгандай оёқларини сувда ювган бўлдида, ёнимдан кетмай туриб олди. Ортимдан масжидга эргашиб чиқди. Намозни тугатиб қарасам, у худди аввалгидай остонада ўтирган экан. Чақирдим, келмади. Сўнгги намозхон чиққунича масжид эшигига термулиб ўтираверди. Жониворга ҳамдардлик билдирмоқчи бўлиб ёнига бордим.

"Энди дадам йўқ. Ҳадеб бу жойда ўтираверма" дедим секингина. Лекин... У менга шундай қарадики, бу нигоҳларни ҳеч қачон унутолмасам керак...

Маърака маросимига тайёргарлик кўраётганимизда ит кўринмай қолди. Ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб унга  кўп ҳам эътибор бермадик. Кечқурун овқат бериш учун излаб, тополмадим.

Эртасига тонгда ака-укалар, дадамнинг уч-тўрт қадрдон жўралари зиёрат қилиш учун биргалашиб қабристонга йўл олдик. Қабрлар оралаб кетяпмиз. Узоқдан қабр устида бир нарса қорайиб кўринди. Fира-ширада худди бир парча латтага ўхшарди.Яқинроқ борганимизда не кўз билан кўрайликки, латта деб ўйлаганимиз - Бўйноқ экан. Қабрнинг бош томонига олдинги оёқларини чўзиб, бошини қабрга қўйганча ётган ит жонсиз эди.

Аввалига нима қилишни билмай қолдик. Барчамиз бир-биримизга тикилганча, на тиловат қилишга, на бирор сўз айтишга ожиз эдик. Жимликни биринчи бўлиб дадамнинг қадрдони Рўзимат ака бузди:

- Даданг тўғри айтган экан. Жониворнинг тили бўлмагани билан улкан юраги, садоқати бор экан. Бу воқеа барчамизга сабоқ бўлсин. Емай-едириб, не-не заҳматлар чекиб, фарзанд катта қиласан. Аммо,  қариганингда, вақти келса ўз фарзандларингга малол бўласан киши. Меҳр кўргазиб бир меҳрибон тополмайсан. Қанийди одамларда шу жониворчалик меҳр, садоқат бўлганида...  Энди, болаларим, бу итни бошқа жойга обориб кўмсак ноҳақлик бўлса керак. Раҳматли дўстимнинг қабри олдидан бир қабр ковласакда, итни шу ерга кўмсак. Токи, инсонлар буни кўриб садоқат нима эканлигини англасинлар.

 

Козимжон  СУПУРГИБЕКОВ,    

Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси Саломатлик маркази шифокори.

 

 

БЕГОНА МЕХР

турмуш чорраҳаларида

Одатда, ота-она ризолиги билан қурилган оила мустаҳкам ва бардавом бўлади. Аммо, гоҳида айрим ота-оналарнинг ўзлари оила парокандалигига сабаб бўлиб қоладилар.

Акбар Комилани бир кўрдию, қизнинг самимийлигига, ёқимтой чеҳрасига маҳлиё бўлиб қолди. Йигит хориждаги нуфузли олийгоҳда таълим олар, шу сабаб ота уйида узоқ қололмасди. Фақатгина таътил вақтида юрт бағрига отланарди. Бу гал унинг келишини ота-онаси ўзгача интизорлик билан кутишди. Сабаби, ўғлига муносиб қиз топиб, уни уйлантириш илинжи бор эди кўнгилларида. Ахир ўқиши тугашига бор-йўғи бир йилгина муддат қолганди.

Акбар Комила ҳақида уйидагиларга айтди. Манзилни олган онаси холаси билан совчиликка отланди. Икки-уч совчиликдан сўнг икки томоннинг розилиги билан тўй тараддуди бошланиб кетди. Данғиллама тўйнинг овозаси бутун шаҳарга ёйилди гўё. Тўйдан сўнг ёшлар хорижга жўнаб кетдилар.

Акбар ўзга юртда Комилага яна-да меҳрибон бўлишга, уни ёлғизлатмасликка уринарди. Бу орада келинчакнинг анчагина эрка ўсганлиги, уй ишларига уқувсизлигини сезган йигит уни тарбиялашга уринди. Ҳомиладорликда Комиланинг инжиқликлари, қайсарликлари кўпайди. Акбар булар вақтинчалик эканига ўзини ишонтириб, унинг кўнгли тусаганини муҳайё қилишга ҳаракат қиларди. Акбар ўқишдан сўнг ишлаб, кичик оиласи учун изланарди. Аммо, у ўша машъум кун ҳаётини бутунлай издан чиқаришини билмасди...

Комила Акбарни уйда кўнгли қовун тусаётганини айтиб кутиб олди. Қайта кийиниб, йўлга отланган йигитга келинчак ҳам эргашди. Акбар кеч бўлиб қолганини, бунинг устига юкли бўлган аёлнинг кечқурун юриши яхши эмаслигини ҳар қанча тушунтирмасин, Комила унамади. Хориждаги юртдошлари очган каттагина дўкондан қовун харид қилган Акбар машинасига ўтириб, Комиланинг юзига қаради. Унинг чеҳрасида миннатдорчилик аломатларини кўргач, енгил тин олди. Лекин фалокат оёқ остида, уйга қайтишаётганда уларнинг машинаси катта юк машинаси билан тўқнашдию... ёдида қолгани бор вужуди билан Комилани асраш учун ҳаракат қилгани бўлди...

Акбар касалхонада ўзига келдию, хотинини сўради. Комиланинг аҳволи яхши эканини эшитиб, кўнгли жойига тушди. Амаллаб туришга уринди. Бироқ қаттиқ зарб олган вужудидаги оғриқлар уни қайта жойига михлади. Йигит ўзидаги иродага ишонди. Ҳамширани чақириб, Комилани кўришни истаётганини айтди. Маълум бўлишича, автоҳалокатда Акбар Комилани ҳар қанча асрашга уринмасин, унинг оёқлари шикастланганди. Шукрки, ҳомиласига жиддий зиён етмаганди. Бироқ хотинининг аҳволини кўрган йигитни виждон азоби қийнай бошлади. "Мени деб ёт юртга келган инсон мен туфайли, эътиборсизлигим сабабли шу кўйга тушди... Ўзимни сира кечиролмайман... Наҳотки, у энди аравачага михланиб қолса?!"

Акбар ўша кундан бошлаб оёққа туришга ўзида куч топди. Дардни ирода билан енгди. Касалхонадан уйга қайтганларидан сўнг, бор меҳрини, эътиборини хотинига берди. Уни ўзи парвариш этди.

Комиланинг ой-куни яқинлашгач, улар уйга қайтишди. Бу вақтда Акбарнинг ўқиши тугаган, фақатгина диплом ёқлаш жараёни қолганди, холос. У бир ой муддатда ортига қайтишни режалаштирганди. Улар ўғилли бўлган куни Акбар бир қувонган бўлса, Комиланинг ҳеч қандай асоратларсиз она бўлганидан яна бир қувонарди.

Акбар олдинда ўзини қандай синовлар кутиб турганини билмасди. У оталик нашидасини суриб юрган пайтда Комиланинг уйида бошқа бир ғавғо авж олганди. Келиннинг онаси Наима опа қизига қайта келинлик уйига бормасликни, керак бўлса, куёвининг ўзи ичкуёв бўлиб келишини айтиб қўймасди. Бу хабарни эшитган йигитнинг жаҳли чиқди. У ҳеч қачон ичкуёв бўлиб яшамаслигини айтиб рози бўлмагач, қайнона куёвига қизи ва набирасини унутишини айтди. Комила эса у билан гаплашишни истамади ҳам. Ўртага маҳалла-кўй, қариндош-уруғ аралашди, аммо қайнона ёлғизгина қизини куёвининг уйига қайтаришга рози бўлмади. Сабаби, яккаю ягона қизининг ўзидан олисда бўлишини истамаслиги эди. Қарангки, она бўлмиш уни турмушга узатаётганда вақти келиб барибир куёвининг ичкуёв бўлиб келишига ишонган экан. Бироқ Акбарнинг йигитлик ғурури, орияти оиладан устун келди. Икки томонни яраштиришга бўлган уринишлар зое кетди. Қайнона ҳатто куёвига набирасини кўришни ҳам   таъқиқлаб қўйди. Фарзандининг соғинчида остонасига келган Акбарни неча бор ҳайдади, унинг ўғлига олиб келган совғаларини кўчага улоқтирди. Йигит уринишлари самарасиз бўлгач, хорижга қайтди. Дипломини олгач, мутахассислиги бўйича фаолиятини бошлади. Ҳаётни қайтадан бошлади. Комилани унутишга, оиласини сақлаб қолишга уринмаган, фарзандини ота меҳрига зор қилаётган инсонни юрагидан ўчириб ташлашга ҳаракат қилди.

Акбар ота-онасининг қистови билан юртига қайтганида ҳам кўнглининг бир четида оиласини тиклашга бўлган умид яшарди. Шунинг учун ҳам қадамлари яна ўша остонага бошлади. Бироқ... У яна адашганди. Қайнона ҳам, Комила ҳам сира ўзгармаганди. Наима опанинг қизини турмушга бераётгани ҳақидаги хабаридан зил кетса-да, сиртига чиқармади. Фақат, унинг ўғлини кўриш ҳам истаклигича қолди...

Акбар бир вақтлар ўзига бахт берган, муҳаббат нелигини англатган ўша хонадондан ноумид қайтди. Юрагида милтиллаб турган умид шамининг ўчганига амин бўлди. У қайтар экан, бутун вужуди, бутун қалби билан бир вақтлар ардоқланган меҳрнинг аллақачон бегона бўлганини ҳис қиларди...

 

 

Акрамжон  МАМАТОВ