+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Мамлакатимиздаги бўлажак сайловларда хотин-қизлар иштироки қандай бўлади?

Кун мавзуси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт, деб таъкидлаган эди.

Бу фикрлар хотин-қизларга жуда катта руҳ бағишлаб, уларнинг фаоллиги ошишига туртки берди.

Шу кунларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси жорий йилда парламент ва маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларда хотин-қизлар фаоллигини ошириш учун тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Бу борада қўмита Марказий сайлов комиссияси билан келишув ҳужжатини ҳам имзолади.

Шу билан бирга, сиёсий партиялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Шу мақсадда сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан йўл харитасини имзолаш мақсадида учрашув ўтказилди.

Қайд этиш керакки, Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар сафига билимли, ташаббускор ва ташкилотчи аёлларни жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишларга   танқидий баҳо берилиб, бир қатор вазифалар белгиланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги қонунида депутатликка номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланган бўлса-да, 2014 йилги парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 24 нафар, Олий Мажлис Сенатига 10 нафар, 1 минг 75 нафар хотин-қизлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайланган.

Бугунги кунда вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги хотин-қизлар улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди.

Бу борадаги вазиятни яхшилаш учун аёллар манфаатларини ҳимояловчи йирик жамоат ташкилоти бўлмиш Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси юртимиздаги 5 та сиёсий партия билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатди. 6 мингга яқин салоҳиятли, фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захирасини шакллантирди. Уларни депутатликка ҳамда турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан Меморандум имзоланди. Шунга кўра, хотин-қизларнинг сиёсий ва профессионал билимларини ошириш, раҳбарлик кўникмаларини шакллантириш юзасидан ўқувлар ташкил этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари учун 2019 йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан йўл харитасини имзолашдан кўзланган мақсад - парламент депутатлигига номзодларни тайёрлаш ва 2019 йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда депутатлар орасида уларнинг улушини 30 фоиздан кам бўлмаслигига эришишдир.

Сайловларда хотин-қизларнинг номзодларини кўрсатиш учун сиёсий ва ҳуқуқий саводхон, ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлардан иборат захира кадрлар ўртасида сиёсий ўқувлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилади.

Шунингдек, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари раислари ва маҳалладаги мутахассислар, бошланғич хотин-қизлар қўмитаси ташкилотлари раислари ўртасида сайловлар жараёнида аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, сайлов соҳасидаги билимларини ошириш, сайловолди ва сайлов жараёнларига хотин-қизларни кенг жалб қилинишига қаратилган ҳуқуқий ўқувлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилади.

Сайловларда аёллар эркинликлари ва ҳуқуқларини амалга оширишга бағишланган "Хотин-қизларнинг сайловлардаги иштироки" мавзусида видеоконференция, "Аёллар ижтимоий ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори" мавзусида Республика форуми ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур ишлар юртимизда хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилишга имкон яратади. Шу билан бирга, бу мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахборот ва мафкуравий ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришда ўз самарасини бериши шубҳасиз.

 

Норгул

АБДУРАИМОВА

ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН ОИЛА

Кўрик-танлов

Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида "Энг яхши китобхон оила" кўрик-танлови ҳамда "Заковат" интеллектуал ўйини ташкил этилди. Кўзи ожизлар ўртасида китобхонликни кенг     тарғиб этиш, уларни китобга бўлган қизиқишларини ошириш, иқтидор ва салоҳиятларини қўллаб-қувватлаш, компъютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишларини йўлга қўйиш, шунингдек, ёшлар маънавиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директор ўринбосари Гулнорахон Маъруфова сўзга чиқиб, Давлатимиз томонидан бугунги ёшларга қаратилаётган эътибор уларнинг ўз истеъдодларини намоён этиши, орзу-умидлари рўёби, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама етук ва комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун мустаҳкам замин яратаётганини таъкидлади.

Кўрик-танловда 3 нафар китобхон оила ўзаро беллашдилар.Ҳар бир иштирокчи оила ўзлари ўқиган китоблар рўйхатини тақдим этди ҳамда ўқиган асарлари бўйича саволларга жавоб берди. Шунингдек, таништирув, моҳир қўллар, ижодкорлик шартларида оилалар ўзларининг заковати, маданияти, билим ва маънавияти, санъат ва ижодга бўлган иштиёқ ва иқтидорини намойиш этдилар. Тадбир мазмунини бойитиш мақсадида китобхонлар томонидан севиб ўқилган китоблар асосида кўргазма ташкил этилди.

Танлов якунида Эрқўзиевлар оиласи "Энг яхши китобхон оила" деб топилди. 2-ўрин Султоновлар, 3-ўрин Рустамовлар оиласига насиб этди. Барча иштирокчилар вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ойдин РИЗАЕВА,

 

кутубхоначи. 

Ҳозирги замон отинойиси қандай бўлиши керак?

Энг аввало, "отинойи" сўзининг маъноси ҳақида сўз юритсак. У хотин-қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат  билимдони ҳамда аёллар ўртасидаги турли диний маросимларга бошчилик қиладиган, одамлар ўртасида ўз ўрнига эга, ҳурматга сазовор, кайвони аёл демакдир.

Тарихдан маълумки, хотин-қизларни, ёш болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси аёл-устозлар, отинлар зиммасида бўлган. Чунки, улар ўзларидаги инсоний фазилатлар, ҳалоллик, тақводорлик, меҳнаткашлик, ибо-ҳаё билан халқ эътиборини, ҳурматини қозонишган. Улуғ аждодларимиз хотин-қизлар қалбига аёл кишининг суҳбати самарали таъсир қилишини яхши англаганлари учун ҳам, отинойилар фаолиятидан унумли фойдаланишган. Айниқса, қизларни турмушга тайёрлаш, ёшларга никоҳнинг илоҳийлиги, оиланинг муқаддаслигини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришда отинойиларнинг вазифаси катта бўлган. Ўз навбатида, ўзлари ҳам одоб-ахлоқда, билим тарқатишда ҳаммага ўрнак бўлишган. Қуръони карим қироати, унинг тафсири, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Хўш, ҳозирги замон отинойиси қандай бўлиши керак?

Ушбу саволнинг жавоби кўпчиликни қизиқтиради, албатта. Бугунги кун талаби бошқача. Шунга кўра, отинойилар ҳам чуқур ҳаётий тажрибага, дунёвий ва диний билимларга эга, халқ орасида обрў-эътиборли, ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна оладиган, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор, миллий-диний қадриятларимизни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган заковатли, билимдон аёл бўлиши керак.

Отинойиларимиз бевосита халқнинг ичида юришади. Қандай маросимда, тадбирларда иштирок этишмасин, одамлар ўртасида, айниқса, ёшлар орасида тинчликнинг қадрига етиш, дунёда бўлаётган ўзгаришлар, нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушунтириб аҳолига етказишлари зарур.

Аёлнинг оиладаги ўрни, оила мустаҳкамлигига эришишдаги вазифаси, шунингдек, эрта турмуш қуришнинг, қариндошлар бир-бири билан қуда тутинишининг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича тушунча беришлари, оила муҳитининг қай даражада бўлиши аёл кишига боғлиқлигини уқтиришлари лозим.

Хотин-қизлар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган нохуш ҳолатлар: ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик, турли касалликларга чалинишнинг олдини олиш учун амалга оширилаётган ишларда отинойилар фаол бўлишлари зарур. Кундалик ҳаётимизда афсуски, тўй ва  бошқа маросимларни серҳашам, дабдаба билан ўтказиш ҳамон учрамоқда. Айниқса, тўй арафасида олди-бердиларнинг ортиқча талаб қилиниши оқибатида қанча-қанча ёш оилалар орасига совуқчилик тушиб, ажралишлар содир бўлмоқда.

Демак, отинойилар тўйларни ихчам ўтказиш эвазига тежалган маблағни ёш оиланинг келажаги учун сарфлаш ўринли бўлиши ҳақида оилаларда мунтазам панд-насиҳатлар қилишлари даркор.

Туманимиздаги мавжуд 37 та маҳалланинг ҳар бирида отинойиларимиз бор. Улар маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни    мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар билан бамаслаҳат иш олиб бормоқда. Хафизахон Қодирова, Келсинхон Мамажонова, Розияхон Охунбоева, Шаҳзодахон Нажимова сингари отинойиларимизнинг иш фаолиятлари ибратлидир.

Исломда динимизнинг эзгу таълимотларига чиройли сўз ва гўзал насиҳатлар билан чорлаш тавсия этилади. Отинойилар динимизнинг асл моҳиятини халққа тўғри етказиб берсалар, турли бидъат ва хурофотлардан халқимиз, айниқса ёшларимиз онгини муҳофаза этсалар, юртимиз ривожи, миллий-диний қадриятларимиз равнақига ҳисса қўшган бўладилар. Мен ишонаман,           отинойиларимизнинг ҳар бири бунга қодир.

Ойшахон УСМОНОВА,

 

Хўжаобод туман бош отинойиси.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

Мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда.

Бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган вазифалар - аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кенг имконият очиб бериш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижалари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг асосий манбаи бўлган Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигини катта тайёргарлик билан кутиб олиш, бу қутлуғ санани унинг моҳияти ва аҳамиятига, халқимизнинг фидокорона меҳнати, эзгу орзу-интилишларига муносиб тарзда нишонлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Республика комиссияси бир ҳафта муддатда "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.

Ушбу дастурда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" давлат дастури, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла", "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажагимиз", "Беш ижобий ташаббус" каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилсин.

Айниқса, охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни конкрет далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгадир.

3. Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.

Бу тадбирларни ташкил этишда мамлакатимизни модернизация қилиш, турли соҳа ва тармоқларни либераллаштириш борасида қўлга киритилган ютуқ ва натижалар бу йўлдаги дастлабки қадамлар эканини таъкидлаган ҳолда, баландпарвозлик, расмиятчилик ва юзакилик ҳолатларига йўл қўймасдан, холислик ва ҳаққонийлик  тамойиллари асосида иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилсин.

4. Республика комиссияси ўз йиғилишларида белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимиз пойтахти, вилоят ва туманларида қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб борсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика танловининг якуний босқичини ўтказсин.

Танлов ғолиблари ва        совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинсин ва тақдирлансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда "Энг улуғ, энг азиз", "Ранглар жилосида - она диёр", "Ватан учун яшайлик!" каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминласин.

8. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий    телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, "Дунё" ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                             Ш.М.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

 

     2019 йил 8 июль.

Аёлга бахт берар...

Эркакнинг бошида дўпписи мудом,

Охори кетмасдан ярақлаб турса.

Дилида иймони, ори, ғурури,

Руҳи офтоб каби чарақлаб турса.

 

Аёлнинг ҳамиша эрдан кўнгли тўқ,

Яшаса фарзанднинг камолидан шод.

Рўзғордан ташвиши, элдан ками йўқ,

Ўзга бахт керакмас бундан ортиқроқ.

 

Ишқ, вафо, меҳрдан тўлса кўнгиллар,

Ҳар қалбда мустаҳкам муҳаббат уйи.

Чил - чил синиб кетар, мунг чалар созлар,

Тақдир чалганида шодликнинг куйин...

 

Муҳтожлик кўрмаса ҳеч азиз бошлар,

Музтарлик нелигин билмаса асло.

Метин бўлса дилда сабр-бардошлар,

Аёлга бахт берар нурафшон дунё.

Одинахон АҲМЕДОВА,

 

Қўрғонтепа тумани.

БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ ВИЛОЯТИМИЗ ХОТИН-ҚИЗЛАРИНИ САЙЛОВЛАР ЙИЛИДА ЯНАДА ФАОЛ БЎЛИШГА ЧАҚИРДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова вилоятларда бўлиб, хотин-қизлар қўмиталари ва бошланғич ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллалардаги мутахассислар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Зулфия номидаги давлат мукофоти      совриндорлари, фаол қизлар иштирокидаги учрашув ва семинарларда қатнашмоқда.

Элмира Боситхонова вилоятимизга ташрифини Балиқчи туманидан бошлади. "Эргашали Усмон боғи" дала шийпонида бўлиб ўтган мулоқотни  тумандаги 19-болалар мусиқа ва санъат мактабининг дуторчи қизлари миллий куйлар билан бошлаб бердилар. Табиат қўйнида, ўзбекона меҳмондорчилик анъаналари асосида хотин-қизлар вакилалари билан дилдан суҳбат қурилди. Тумандаги "Коинот" фермер хўжалиги раҳбари Соҳибахон Худойбердиева мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган шароитлар ҳақида гапириб, фермер хўжалигида ишлаётган қиз-жувонлар фаолиятига тўхталди.  Бу йил буғдойдан мўл ҳосил яратилгани, шунинг ҳисобига ишчи аёллар муносиб рағбатлантирилганини айтиб ўтди. Шундан сўнг Қайноналар мактаби раҳбари Фаридахон    Турғунова оилавий ажримлар, эрта турмуш, ноқонуний никоҳларнинг олдини олиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди.

Хотин-қизлар қўмиталарининг маҳаллалардаги бошланғич ташкилотлари учун дастуриламал бўладиган тизимли иш тартиби ҳақида кўргазмали тақдимотлар қилинди. Бандлик, тадбиркорлик, экологик маданият, тўй ва маросимлар  хусусида илғор тажрибалар ўрганилди. Оила, мактаб, маҳалла, тиббиёт муассасаси мутасаддилари билан биргаликда оилаларга кириб, жонли мониторинглар ташкил этиш вазифалари қўйилди.

Намунали қайноналар, тадбиркорликни йўлга қўйиб иш ўрни яратган аёллар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, ногиронлиги бор фуқароларга махсус аравачалар, реабилитация воситалари топширилди.

Андижон шаҳрида ўтказилган сайёр қабул давомида хотин-қизларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Жойларда, ташкилотларда бўлган учрашувларда бандлик, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Бош вазир ўринбосари вилоятимиз аёллари жорий сайловлар йилида ижтимоий-сиёсий фаол бўлишлари кераклигига урғу берди.  

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ТИРНОFИНГИЗГА ЛАК ҚЎЯСИЗМИ?

Тавсия

Аёл ҳар бир ҳаракати билан қолганлар ҳавасини уйғотадиган бўлмоғи даркор. Бунда эса асосан қалб гўзаллиги билан уйғунликда ташқи кўриниш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Гўзалликнинг нозик сирларидан бири эса тирноқлардир. Унга эътибор қаратиш ҳам чиройни мукаммаллаштиради. Тирноқларига лак суртиб юрадиган аёлларимизга қуйидаги оддий қоидаларни эслатиб ўтишни жоиз деб билдик:

Лакни кўчирадиган суюқлик таркибида ацетон бўлмаслиги керак, сабаби, ацетон тирноқ пластинасини қуритиб юборади.

Лакни тўғридан-тўғри қуёш нурлари тушадиган, иситиш ускуналарига яқин ёки муздай жойларда сақлаш мумкин эмас.

Қуюқлашиб қолган эски лакнинг ичига ацетон қуйиб, уни "ҳаётга қайтариш" фойдасиз. Бундай лак суртилгандан кейин 2-3 соат ўтгач, барибир тирноқдан кўчиб тушади.

Сифатли лак тирноқ сатҳида текис (чизиқларсиз) ётади. 3-4 дақиқа ичида қурийди ва тирноқда камида 5 кун давомида сақланади. Албатта, 5-6 кун сақланиши учун лак суртилган тирноқ соҳибаси кир ва идиш-товоқларни махсус қўлқопларда ювиши лозим.

Унутманг, оддийгина тирноқларингизнинг гўзаллиги ҳам сизни яхши кайфиятда юришингизнинг гаровидир.

 

 

Хосиятхон тайёрлади.

Мактаб-интернат жамоаси - Ўзбекистон чемпиони

Самарқанд вилоятида 2005 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги  қизлар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар терма жамоалари 4 гуруҳга бўлиниб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Чемпионат ўйинларида Таваккал Ўтанов ҳамда Фаридахон Хайрутдинова мураббийлигидаги Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати жамоаси вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Ёш волейболчи қизларимиз ўз гуруҳларида биринчи ўринни эгаллаб, ярим финалда самарқандлик тенгдошларини мағлубиятга учратди. Ҳал қилувчи финал баҳсида вакилларимиз Хоразм вилояти жамоаси билан майдонга тушди. Қизиқарли ва муросасиз учрашувда жамоамиз 2 : 0 ҳисобида ютуққа эришиб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Хоразм, учинчи ўрин Самарқанд вилояти жамоаларига насиб этди.

Баҳромжон ЗОКИРЖОНОВ

СИЗ ҚАНДАЙ ГУЛЛАРНИ ЁҚТИРАСИЗ?

БИЛАСИЗМИ?

Олимларнинг фикрича, инсоннинг феъл-атворини, унинг қандай рангдаги гулларни ёқтиришига қараб, билиб олса бўларкан. Келинг, бу қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ўзимизда синаб кўрайлик.

Оқ рангдаги гулларни ёқтирувчилар табиатан самимий, меҳрибон, оқкўнгил бўладилар. Бироз хаёлпарастлиги учун, кўпроқ ақлга эмас, ҳис-туйғуларига таяниб иш тутадилар, уларнинг ишонувчанлиги ҳаётда кўп бор панд беради.

Қизил рангдаги гулларни ёқтирувчилар инжиқ, рашкчи, талабчан бўладилар. Улар доимо ўзларини биринчи ўринга қўядилар. Айбдор бўлсалар ҳам ҳеч қачон буни тан олмайдилар ва ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришмагунича, қатъий ҳаракат қиладилар.

Сариқ рангдаги гулларни ёқтирувчилар ҳаракатчан,   тиришқоқ ва бироз тортинчоқ бўладилар. Улар кўпроқ ёлғиз қолишни хуш кўрадилар, лекин севги бобида эса беқарордирлар.

Пушти рангдаги гулларни хуш кўрувчилар эса жуда жиддий кўринсалар-да, оилада, дўстлар даврасида самимий бўладилар. Улар доимо, ҳар қандай вазиятдан осонгина чиқиб кета оладилар ва ўзига жуда ишонадилар.

 

 

Назира ДАДАБОЕВА тайёрлади.

Ҳушёрлик ва масъулият - ҳаётимиз хавфсизлигининг гарови

"101" огоҳлантиради

Ёнғин шундай бир офатки, у қиш мавсуми бўладими, ёки ёзнинг жазирамасими, улкан талофатлар келтиради. Минг афсуски, эътиборсизлигимиз оқибатида кейинги пайтларда аҳоли хонадонларидан ташқари ишлаб чиқариш корхоналари, бозорлар, омборлар ҳудудларида ҳам ёнғинлар тез-тез содир бўлмоқда.

Ёнғин билан боғлиқ  ҳолатлар таҳлил қилинганда, тилсиз ёвнинг авж олишига энг аввало, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик сабаб бўлмоқда. Оддий иш шароитида технологик ускуналар ёнғинга хавфсиз бўлиши керак ва авария оқибатлари ҳамда бахтсиз ҳодисалар юз берганда, ёнғин миқдори ва оқибатларини чеклайдиган ҳимоя чоралари кўрилган бўлиши лозим. 

Ҳар бир объектда ишлаб чиқариш устахоналари, якка тартибдаги бинолар, иншоотлар ва омборларнинг портлаш ва ёнғин хавфи тоифалари аниқланиши керак. Корхонанинг ишчи ходимлари билан қўлланиладиган ёки ишлаб чиқарилган моддалар ва материалларнинг ёнғинга қарши    характеристикаси ўрганилган бўлиши муҳимдир. Бундай характеристикага эга бўлмаган модда ва материаллардан фойдаланиш таъқиқланади. Ишлаш жараёнида асбоблар сиртининг ҳарорати 45 даражадан ошмаслиги, технологик ва юк ташиш ускуналари жорий ва капитал таъмирдан ўтказилиши, таъмирлаш ишлари белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Умуман, ишлаб чиқариш жараёнида барча ёнғинга қарши тадбирлар амалга оширилса, хавфсизлик талабларига қатъиян амал қилган ҳолда фаолият юритилса, келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш мумкин.

Ҳушёрлик ва масъулият ҳаётимиз хавфсизлигининг гарови эканлигини асло унутмайлик! 

Шокиржон АБДУЛЛАЕВ,

"GM-Uzbekistan" АЖ нинг

Ёнғиндан муҳофаза қилувчи

 

ЁХБ катта инспектори.