+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

БОЛА ЁЛFОН ГАПИРСА...

МУТАХАССИС МИНБАРИ

Кўп ота-оналар фарзандининг ёлғон гапиришини пайқайди. Умуман, ҳаётда боланинг ёлғон гапиришини кечириш керакми ёки йўқ? Бундай ҳолатда ота-она қандай йўл тутиши лозим? Ана шу сингари қатор саволларга Андижон давлат тиббиёт     институти ўқитувчиси Минурахон    БОЗОРОВА қуйидагича жавоб беради:

- Қайси ёшгача бола ёлғон ва рост ўртасидаги фарқни ажрата олмайди?

- Ҳатто 3-4 ёшда ҳам болалар "меҳмон-меҳмон" ўйнаётиб, дастурхондаги ноз-неъматлар ҳазилакам эканини тушунади. Ёлғон ва ростни фарқлаш жараёни болада бир неча йил давомида, секинлик билан ҳаётий кўникмалар орқали шаклланиб боради. Умуман, ёш бола нима росту, нима ёлғон эканини тахминан 5-6 ёшда ажрата олади.

- Бола қанчалик топқирлик қилиб алдаса, шунчалик ақллироқ бўлади, дейишади. Шу ростми?

- Бу тўғри эмас.  Боланинг кўз ёш ёки бақир-чақир қилиши шу орқали бошқаларни ўзига жалб қилиш усулларидан биридир. 3 ёшдан бошлаб бола бошқалардан алоҳида инсонлигини, ўзининг ички дунёси борлигини тушунади. Атрофидагилар, бўлаётган ҳодисалар тўғрисида гапирмаслиги ҳам ёки бирор нарсаларни ичидан тўқиб гапириши ҳам мумкин. Агар бола ота-онасидан бирида барча нарсаларни кўрувчисига айланса, бу жиддий психик бузилишларга олиб келади. Топқирлик қилиб алдаш ҳақиқатан ҳам ақлнинг юқорилигидан дарак беради. Лекин бундан қувонманг. Кўп ҳолларда боланинг ёлғончилиги оиладаги муносабатларни қайтадан кўриб чиқиш зарурлигини англатади.

- Бола ёлғон гапираётганини қандай билиш мумкин?

- Ҳар бир инсон каттами-кичикми ўз шахсий ҳудудига эга бўлишни хоҳлайди. Бошқа инсоннинг ички дунёсига кириб олиш усулларини қидиради. Лекин бола гапираётганида юзини тез-тез қашиса, кўзини олиб қочса, шошилиб гапирса, ҳаяжонланса, бу унда ёлғон гапиришга мойиллик борлигини англатади.

- Ёлғонни кечириш керакми?

- Авваламбор, бола нега ёлғон гапирганлигининг сабабини билиш керак. Кўп ҳолларда боладан ортиқча нарсалар талаб қилинса, кўп нарсалар таъқиқланса, жазоланишдан қўрқиш болани ёлғон гапиришга мажбур қилади. Бундай ҳолатда ота-оналар таъқиқларига ўзгартириш киритишлари лозим. Масалан, бола қаердалигини яширса, ёлғон қандай натижага олиб келишини тушунтириш керак. Шундай ҳолатлар бўладики, ёлғон ички психотерапевт вазифасини бажариши мумкин. Масалан, бола мактабда  синфдошидан калтак еди, унга жавоб қайтаришга кучи етмади. Лекин, уйда синфдошининг адабини бергани тўғрисида гапиради, ўзининг кучсизлигини яширади. Ота-оналар ўзини хафа қилмаслик усулларини, катталардан ёрдам сўраш лозимлигини тушунтиришлари керак.

- Ёлғонга қандай муносабат билдириш керак?

- Фарзандингиз ёлғон гапирганда унга норозилигингизни билдириб, нега ёлғон гапиргани, нимадан қўрққанлигини тушуниб етинг. Агар бола ёлғон гапирганини бўйнига олса, уни мақтанг.

Ҳақиқатни билсангиз, яширманг. Ўқитувчиси қўнғироқ қилиб, дарсга кирмаганини айтса, "дарсда нима бўлди?" деб сўраманг. Бола ёлғон гапиришга мажбур бўлади. "Ўқитувчинг қўнғироқ қилди. Нега дарсга кирмадинг?" деб сўранг.

Ёш боланинг ваъдаларига ишонманг. Улар ваъдалар бериб, бажара олмайди.. Албатта, бу ишни атайлаб қилмайди. Ёлғончилигини юзига солманг. Ваъдаларини бажаришга ёрдам бериш йўлларини топинг.

- Бола ёлғон гапирмаслиги учун нима қилиш керак?

- Болага нисбатан тўғри талаблар қўйиш лозим. Ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак. Фарзандингиз билан кўпроқ вақт бирга бўлинг. Бола ота-онаси меҳрини ҳис этиши керак.

Бундан ташқари, ота-она фарзандларига бир хил муносабатда бўлишлари лозим, улардан бирини юқори кўриш бола психикасининг бузилишига олиб келади.

Фарзандингиз иштирокида ўз хатоларингизни бўйнингизга олишни ўрганинг, керак бўлганда кечирим сўранг. Бундай ҳолат бола айб иш қилганда ёлғон гапириш ўрнига айбини бўйнига олишни ўргатади.

Боланинг ёлғон гапирмаслиги кўп жиҳатдан, тўғри тарбияга, оиладаги муҳит ва оила аъзоларининг бир-бирларига муносабатига боғлиқ. Шу боис ҳам, оилада ана шу жиҳатлар ижобий бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

 

Моҳимбону СОБИРОВА

 

ёзиб олди.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ - ЭЗГУЛИК МЕВАСИ

Инсон бахт ва саодатга етиши учун бош сабаб бу тарбиядир. Экинлар суғорилиши қанчалик муҳим бўлса, инсон боласи учун ҳам тарбия шу даражада керакли ҳисобланади. Фарзандларни илмли, одоб-ахлоқли, гўзал тарбияли қилиб камолга етказиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она ана шу масъулиятли вазифани тўлиқ адо этса, инсон сифатига лойиқ кўрилади.

Фарзанд тарбияси шундай нозик бир масалаки, ҳар бир ота-онадан бу борада алоҳида эътибор ва ҳушёрлик талаб этилади. Зотан, фарзанд Аллоҳ Таоло томонидан инсонларга берилган энг катта неъматдир.

Ҳаётимиз мазмуни, қалбимиз қувончи бўлган дилбандларимизни яхши тарбияли қилиб ўстирмоғимиз жоиздирки, Аллоҳ Таоло ўз каломида шундай дейди:  "Кейин, қиёмат кунида ҳар бир неъматдан албатта сўраласизлар". Демак, бизларга берилган неъматлар қатори фарзанд тарбиясида ҳам сўроққа тутилар экан.

Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деган эдилар:    "Фарзандларингизни ҳурмат қилинг!" Албатта, фарзандларимиз ўз фикр-мулоҳазасига эгадирлар. Уларни фақат қорнини тўйдириш, устини бут қилиш билан ота-она бўйнидаги вазифа чекланиб қолмайди. Балки, фарзандларни илмли ва ҳунарли бўлиб, вояга етишлари учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш, унинг интилиш ва қизиқишларига қараб йўналиш бериш ҳам ота-онанинг биринчи галдаги вазифаларидандир. Айниқса, оталар бироз қаттиққўлроқ, оналар эса эътиборлироқ бўлишлари фарзандлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир.

Ривоят қилишларича, қайсидир бир ўрмонда ота шер улғайиб қолган уч нафар болаларини ов қилишга ўргатиш вақти етганлигини билиб, уларни ёнига секингина овоз чиқариб чақирибди. Аммо шерваччалар оталарининг чорловига эътибор беришмабди. Шунда ота шернинг жаҳли чиқиб, бор овози билан ўкирибди. Унинг овози бутун ўрмонни титратиб юборибди. Ҳайрат ва қўрқув аралаш шернинг болалари отаси олдига чопиб келишибди.

Дарҳақиқат, фарзанд тарбиясида отанинг алоҳида ўрни бор. Талабчан ва тартибли бўлган ота фарзандларини ҳам шундай бўлишга ундайди. Шундагина улар масъулиятли бўлиб улғайишади. Оилада боланинг тарбиясига бироз эътиборсизлик қилинса, тарбия кескин издан чиқиши ҳам мумкин.

Бир куни ёш болакай бир бурда нонни тишлаганча ўртоқлари ёнига ўйнагани отланибди. Уйидан чиқишда кучуги олдига югуриб келиб, қўлидаги нонга интила бошлабди. Кучукка раҳми келган болакай қўлидаги бир бўлак нонни унинг олдига қўйди. Буни кўрган онаси жаҳл билан болани койиди: "Ахир уйимизда бошқа нон йўқ бўлса, охирги бўлагини ҳам сен итга берасанми, сен бола одам бўлмадинг, бошга битган бало бўлдинг..." Бу овозларни эшитиб турган ён қўшниси бўлган яна бир кичик болакай онасидан сўради: "Энди Абдулла ўртоғим одам бўлмай қоладими?" Шунда она: "Ҳозирча одам, аммо онаси унинг одам бўлишини хоҳламаяпти", дея жавоб берибди.

Бу каби койинишлар болага ёмон таъсир кўрсатади. Унинг хулқ-атвори бузилишига олиб келади. Фарзанд бирор ишни хато қилса, унга буни нотўғри эканлигини ётиғи билан тушунтириш афзалроқ.

Донишмандлардан бири шундай деган: "Мураббий бир жиҳатдан табибга ўхшайди. Табиб касални бартараф қилиш учун бунга керакли дори дармонларни тавсия қилади. Мураббий эса нодонлик касаллигининг олдини олиш учун лозим бўлган даволарни қўллайди".

Ҳар бир ота-она фарзандига туганмас мерос қолдирмоғи лозим. Бу мерос илм ва ҳунардир. Илм ва ҳунар ҳар қанча фойдаланган билан тугамайдиган ва ҳеч ким тортиб ололмайдиган катта бойликдир. Бу ҳақида имом Fаззолийнинг бир ҳикмати бор: "Савдо қилиш мақсадида танишларим билан сафарга отландим. Йўлда карвонимизни қароқчилар тунаб кетишди. Шунда қароқчилар бошлиғи ёнига бориб: "Олган нарсаларинг орасида сизларга кераксиз бўлган бир тўрва бор, уни қайтарсанглар", дедим. У мендан тўрвам ичида нима борлигини сўради. Шунда: "Унда менинг бор илмим ва жуда кўп китоблардан олиб ёзилган изоҳ ва шарҳларим бор. Умрим давомида топган  қадрли бойлигим", дея жавоб бердим. Қароқчи кулиб: "Олиб қўйиши мумкин бўлган нарсангни "менинг илмим" дейишга уялмайсанми, унинг илмини қайтариб беринглар", деб ёнидагиларга буюрди. Бундан қаттиқ мулзам бўлдим. Ва сафардан қайтиб, уйдан ташқарига чиқмай, ҳар куни ўша ёзган шарҳ ва изоҳларимни ёд олиб, ҳеч қандай ўғри ёки қароқчи ололмайдиган жойга ақлимга, хотирамга жойладим".

Албатта, фарзандлар ёшлигидан ҳунар эгалламаса, келгуси ҳаётида қийин вазиятга тушиб қолиши   шубҳасиз. Дарахт қанчалик яхши парвариш қилинса, унинг мевалари, албатта, ширин ва тотли бўлиб етилади. Фарзандларни ҳам кўз қорачиғимиз каби асраб-авайлаб парваришласак, улар шунча гўзал тарбияли бўлиб, камол топишади. Зеро, фарзанд тарбияси - эзгулик мевасидир.

 

Тайёрловчи:

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.

 

 

Қиз ўстирганнинг тили қисиқ?..ми

Мулоҳаза 

Ўтган йили синфдош дугонам қиз чиқарган эди. Тўй кеч кузда бўлиб ўтган. "Қизини узатиб, ғамдан енгиллади", десам, ҳалигача қизининг ками тугай демайди. Дугонам ҳар байрамда қудасиникига ош, сомса (патири билан), торт, гриль-табака, сархил мева-чевалардан тузалган сават ва ичимликлар жўнатади. Туғилган кун ё байрам бўлса борми, қудаларига берди Худо!

Ҳайит байрами арафасида дугонамнинг илтимоси билан, бирга бозорга чиқдим. Қуданикига ҳайитлик жўнатиши керак экан. Маъзарга қўшимча, қизига бош-оёқ сарпо, куёвига кўйлак-шим, қайнона ва қайнсинглисига бир кийимлик материал, янги рўзғорга деб, телевизор олиб қизиникига ташлаб келди.

- Куёв томонни ёмон ўргатиб нима қиласан? Шунча нарса қилишинг шартмиди? - насиҳатомуз гапирдим унга. Дугонам эса:

- Эл қатори қилдим, холос. Байрамда биз томондан ҳеч нарса бормаса, қизим ҳижолат бўладида. Куёв томон "қилманглар",  дегани билан барибир кўз тутаркан. Чин дилдан айтган бўлганларида, жўнатганларимизни  қабул қилишмаган, қайтариб юборишган бўларди. Индамай қабул қилишаяпти, ахир. Майли, қизим тинч ўтирса бўлди, - деди.

Аммо, шуни деб эри билан анча  ғижиллашиб олганини, турмуш ўртоғи телевизор олишига норози бўлганини гапирди.

Очиғи, дабдабабозлик,   сеп-сидирға борасида шаҳар билан туман ўртасида ҳам анча фарқ бор экан. Бизнинг қишлоқларда тўйлардаги харажатлар анча енгиллашган, шаҳарда ҳам ихчамлашган бўлсада, тўйдан кейин қизнинг орқасидан  қилинадиган харажатлар айтарли камаймабди. Аксинча, рўзғор буюмларининг аксариятини қизнинг ота-онаси қилиб бераркан. Вояга етказиб, касб-ҳунарли қилиб, қўлидан ишини олганида бировнинг уйига хизматга бериб, яна орқасидан "иш қуроллари"гача обориб беради.

Эҳҳ, содда ўзбегим-а! Бунақа мард, саҳий миллатни қайда кўргансиз?

Чиқарган қизига автомат кир машина ёки телевизор олиб бериш - дугонам айтмоқчи "Эл қатори" бўлса, ортиқчаси қандай бўлар экан?

 "Қизи борнинг нози бор", деган мақол бўлгучи эди. Аммо, бу мақол ёдимиздан кўтарилиб кетганига ҳам анча бўлибди. Куёвларни эркалатиб, қизларимизнинг обрўсини тушириб юбораётгандаймиз.

  Аллоҳга шукр, тўйларимиз, маъракаларимиз анчагина ихчамлашди. Бироқ, қизларимизнинг обрўсини  ўша бир пайтлардагидек, "қизи борнинг нози бор-да", дейдиган даражага олиб чиқолганимиз йўқ. Бунга энг аввало, ўзимиз, ота-оналар сабабчимиз. Куёв бўлмиш қизимизга уйланаётгани учун ундан миннатдор бўлишимиз керакми? Беҳисоб мол-мулк билан оғзини мойлаймиз. Қайнонага қиладиган мулозиматларимизни-ку чеки йўқ.

Айрим аёллар дабдабага ўч бўлади, айримлари қуда томондан ҳижолат қилади, "қизимни камситармикан, ёмон гапирармикин", деб ўзида борини куёв томонга сарфлайди.

"Қизим тинч ўтирса бўлди", эмиш. Қизнинг  келин бўлиб тушган хонадонида "тинч" ўтириши мол-мулк, нарса-буюмга боғлиқмикан?

Агар боғлиқ бўлганида бунча сеп билан узатилган қизлар ота уйига аразлаб келмаётган, ажрашишлар кўпаймаётган бўларди. Бахт моддий жиҳатларга боғлиқ эмас, аммо, биз аёллар "қизим тиниб-тинчиб кетсин, яхши ўтирсин, ўша оила қизимни яхши кўрсин", деб қуда томонни талтайтириб юбораётганимизни сезмаяпмиз. Натижада, қиз ўстирганнинг тили қисиқ, ўғил туққаннинг димоғи баланд.

Энг ёмони, ўз ҳаётимизни ўзимиз қийинлаштираяпмиз. Ёшимиз ўтиб, энди ўзимиз учун яшаш ўрнига, ҳамон фарзандларимиз ташвиши билан овворамиз. Уларни мустақил яшаш, ўз муаммоларини ўзи ҳал қилишга қўйиб беришимиз керакмасми?

 Масжидларда, жамоат йиғинларида  имом-хатибларимиз "келин томондан келган ҳар қандай нарсани қабул қилишлик, таомларни емоқлик харом", деб кўп бор тушунтираётганига қарамай, куёв томоннинг келин оиласидан келадиган емоқ-ичмоқ, совға-саломларни қабул қилиши, қизнинг ота-онаси байрамларда хурсандчилик билан дам олиш ўрнига қуда томонга маъзар жўнатиш ташвишида юришини йўқотиб бўлмаяпти.

Буни энди ана шу куёвнинг ота-онаси, айниқса, куёв боланинг ўзи тушуниши, орият қилиши керак. "Мусулмончилик ҳам аста-секин", деган гап бор, ажабмас, тарғибот, тушунтириш ишлари ўз самарасини берса.

 

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи

НОТИНЧ ОИЛА БИТТА БЎЛСАЯМ КЎП, - дейди Қораянтоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Марҳабо Мўминова.

Марҳабохон Мўминова Пахтаободдан Избосканнинг Қораянтоқ қишлоғига келин бўлиб тушдию, меҳнатсеварлиги, ширин муомаласи, самимий ва  бағрикенглиги сабаб,  тезда қайнона-қайнотасининг меҳрини қозонди, қўни-қўшни, қариндош-уруғнинг ҳурматига сазовор бўлди. Қайнотаси Нурмуҳаммад ака, қайнонаси  Ҳайринисо опанинг дардкаши, суюкли қизига айланди. Турмуш ўртоғи Сирожиддин Избоскан туманидаги 28-умумтаълим мактабида ўқитувчи. Оёқ қўли чаққон, ширинсўз умр йўлдоши учраганидан куёв бола ҳам хурсанд.Аҳил, тинч оила хонадонида бирин-кетин фарзандлар туғилди.

Марҳабо опа 15 йилдан зиёд соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилди. Қўли енгил, очиқчеҳра, дилкаш ҳамширани Қораянтоқ аҳолиси ҳам яхши кўриб қолди. Айниқса, киши кўнглини тушуниши, ҳар доим ёрдамга ошиқиши, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма билан бирдек чиқишиб кетиши уни маҳалланинг ўз одамига айлантирди. 1997 йилда "Янги ҳаёт" ширкат хўжалигига ишга ўтди. Раис ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотининг раиси бўлди. Ишига масъулиятли ёндошиш, қўл остидагиларга сўзини ўтказа олиш хусусияти бор эди унда. Шу боис,  Марҳабо опани маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайладилар. Мана 10 йилдирки, раиса Қораянтоқ маҳалласи тинчлиги,   ободлиги, аҳоли фаровонлиги йўлида меҳнат қилиб келмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинида 4300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 1200 оилани ўз бағрига олган Қораянтоқ ўтган йили "Обод маҳалла" дастури лойиҳасига киритилди. Дастур асосида "Янги ҳаёт" қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилиниб қўшимча тез тиббий ёрдам пункти биноси, 100 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасаси, 250 ўринли тўйхона қурилди.3 та янги дорихона, компьютер, пайнет хизмати ташкил қилинди. Анча йиллардан буён ишга яроқсиз ҳолда турган ҳаммом қайта қурилиб, эркак ва аёллар учун миллий ҳаммом, савдо маркази, ошхона бунёд этилди. Аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун турли хилдаги қурилиш, хўжалик моллари билан савдо қилувчи шохобчалар, қолипли нон ишлаб чиқарувчи цех ҳамда "Аёллар салони" ишга туширилди. Шу билан бирга ҳудуддаги 28-умумтаълим мактаби, 19-мактабгача таълим муассасаси қайта реконструкция қилинди. Сув таъминоти яхшиланди, кўчаларга замонавий симёғочлар тортилиб, фонарлар ўрнатилди.  Бу ишларнинг амалга оширилишида албатта, Марҳабо Мўминованинг  муносиб ҳиссаси бор.

Жорий йил май ойида маҳалла фуқаролар йиғини раислигига ўтказилган сайловларда ҳам аҳоли Марҳабо опани ўз лавозимига лойиқ кўрди.

- Хонадонларни айланишни яхши кўраман, - дейди М.Мўминова. - Баъзи нотинч оилаларга кирганда ўйланиб қоламан, ҳамма нарсаси бор, рўзғори бут, аммо ҳеч тинчи, ҳаловати йўқ. Буларга оила аъзолари ўртасида ҳамжиҳатлик, меҳр, самимиятнинг йўқлиги сабаб деб ўйлайман. Шукрки, бундай оилаларимиз кўп эмас, аммо нотинч оила битта бўлсаям кўпда. Ибратли хонадонларга кирсам, дилим яйрайди. Нимадир ўрганиб чиқаман. Уйлари покиза, саранжом-саришта. Китобхон оилаларга кириб қолсамчи, ҳеч ҳам чиққим келмайди. Ўша оила  аъзолари билан суҳбатлашиш, китоблар муҳокамаси менга кўтаринки руҳ, завқ беради. "Қариси бор уйнинг - париси бор", деб бежиз айтишмаган. Қишлоғимиздаги нуроний отахону онахонлар ёнига кириб ҳол-аҳвол сўрашни, маслаҳат олишни ёқтираман. Баъзи масалаларда улардан маслаҳат сўрайман, муаммолар ечимини топишда уларнинг ҳаёт тажрибаси асқотади. Хуллас, бугунги куним маҳалла ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ, эртанги кунимни эса маҳалламсиз тасаввур қила олмайман.

У билан суҳбатлашиб, зерикмайсиз. Суҳбатдошини сабр билан эшитади, муаммоларига ижобий ечим топишга ҳаракат қилади. Энг муҳими, уларга тўғри маслаҳат бера олади. Айниқса, ўқувчилар, ёшлар  билан тез-тез учрашувлар ўтказиб туради. "Китоб - маънавий озуқа", дея уларга китоб совға қилишни яхши кўради.

- Шундай тинч, осуда ҳаёт ва мусаффо осмонимиз остида яшаб турганимизнинг ўзи катта бахт, - дейди кулиб  Марҳабо опа.  - Лекин, унинг қадрига етмаётган айрим ёш оилалар билан анчагина ишлашимизга тўғри келмоқда. Айниқса, яқин йиллардан буён арзимаган сабабларга кўра, ажримларнинг кўпайиб бораётгани ҳаммамиздан масъулият ва ҳамжиҳатликни талаб этади. Шундай экан, оилалар тинч, маҳалламиз осойишта, турмушимиз фаровон бўлиши учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз керак.

Қораянтоқ аҳолиси Марҳабо опанинг олиб бораётган ишларидан хурсанд.  Унинг эзгу мақсадлари ривожини тилаб дуо қилмоқда.                                                                                               

 

 Гулнора МАҲКАМОВА

Эркакшодалик аёл кишига ярашмайди ёхуд нима учун аёллар қўполлашиб бормоқда?

Дам олиш куни рўзғорга ул-бул харид қилиш учун бозорга боргандим. Ҳаво ўта иссиқ. Ҳамма ўзини соя-салқин жойга, салқин ичимликларга урмоқда. Эндигина бозорга кирмоқчи бўлиб тургандим, газ сув сотиладиган жойдан бақир-чақир, шовқин эшитилиб қолди. Беихтиёр қарадим. Газ сув сотиб ўтирган сотувчи аёл бола етаклаб олган жувонни куракда турмайдиган гаплар билан шунақанги ҳақорат қилардики, очиғи, унинг сўкинишларини эшитиб ёнимдаги эркаклардан уялиб кетдим. Жувон ҳам сотувчи хотиннинг ҳақоратига жавобан "ўзинг шунақасан" дея боласини етаклаб кета бошлади.  Сотувчи эса тутақиб, жувоннинг адабини бериб қўйиш учун ортидан югурди. Яхшиям, шу атрофда участка инспекторлари айланиб юрган экан. Йўловчи аёлни шаллақи хотиннинг чангалидан қутқариб қолишди.Шунда ҳам сотувчи аёл тинмай сўкинар, болали жувонни уриш учун орган ходими қўлидан юлқиниб чиқишга уринарди.

Атрофга бирпасда тумонат одам тўпланди. Ҳамма томошани қизиқиб кузатар экан, бўлиб ўтган воқеани ўзича муҳокама қилар эди: Болали жувон газ сувнинг сифатига эътироз билдирибди. Сотувчининг бундан жаҳли чиқиб, стакандаги сувни аёлнинг оёқлари остига сочибди...

Астағфуруллоҳ! Аёл минг қилса ҳам аёл-ку. У ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини босиши, кўчада, бунинг устига бегона эркаклар кўз олдида шундай шармандали томошани кўрсатмаслиги керак эди.

Иш билан кўча-кўйда, бозорларда юрганимда айрим қиз аёлларнинг шанғиллаб гапириши, баланд овозда кулиши, сал нарсага уришиб кетиши, аёл кишига хос бўлмаган сўкинишларини кўриб хайрон қоламан. Мени қийнайдиган жиҳат - бу каби  ҳолатларга одамларнинг муносабат билдирмасдан ўтиб кетавериши, ёки шунчаки томошабин бўлишидир. Баъзан, аёллар уришаётганда томоша қилгани етмагандек, уларни телефонида суратга ё видеога олаётган эркакларни кўриб хафа бўлиб кетаман.

Муқаддас Қуръони каримда "аёллар эрлари, ота ва ака-укаларига омонатдирлар", дейилган. Эркак киши олдида аёл киши паст овозда гапириши, сўкинмаслиги ва ҳатто тик боқмаслиги ҳақида айтиб ўтилган.

Тарбия оиладан, маҳалладан бошланади. Яқин йилларгача қиз бола вояга етгач, отаси, ака-укасидан ҳам ўзини тортар, ибо-ҳаё қилар эди. Синфдош йигитлар, маҳалла ўғил болалари билан бирга ўйнаб катта бўлган шўх-шаддот қизчалар ҳам балоғатга етиш даврида уялиб ўзларини обқочар, гаплашиб туришдан уялар, андиша қилар эдилар. Йигитлар ҳам маҳалланинг қизларини ўз сингилларидай ҳимоя қилишарди. Қиз боланинг шаънини ҳимоя қилиш чексиз ғурур, ор эди улар учун. Аммо ҳозир-чи?

Ўша ор, ғурур қаерда қолди? Нега айрим йигитлар, эркакларимиз қўшни қизлар у ёқда турсин, оиласидаги опа-сингилларини кўчага чиқиб кетиши, маҳрамсиз чет давлатларда юриши, пул топиш, тирикчилик важидан ўзини ҳар кўйга солиши, энг муҳими, аёллардан ҳаё пардаси кўтарилиб, дағаллашиб боришини жим кузатаяптилар.

Кўча-кўйдаги одобсиз, очиқ-сочиқ кийинган аёл қизларни отаси, ака-укалари бўлмаса маҳалла-кўй бор-ку. "Менинг опам ё синглим эмас-ку, менга нима?", демасдан панд-насиҳат қилиш, уларни йўлга солишга ҳаракат қилиш керак эмасми?

Баъзан, айрим бозорчи аёлларни (ҳа-ҳа, айрим деяпман, чунки "беш қўл баробар эмас") мана шундай қўпол, арзимаган гап-сўзни ҳам кўтаролмайдиган асабий бўлиб қолганини кўрамиз. Яхшилаб ўйлаб қаралса, унинг бундай ҳолга тушишига етишмовчилик, атрофдаги муҳит, яшаш учун кураш, рақобат сабаб бўлади. Суриштириб кўрсангиз, бундай аёлнинг ё эри йўқ, ёки эри уйда ўтирадиган ишсиз. Табиийки, бундай аёл бола-чақасини боқиш учун кўчага чиқади. Тирикчилик ташвишида ўзини минг бир кўчага уради. Чунки, рўзғорининг камини тўлдириши, болаларини боқиши керак. Бу йўлда у турфа одамларга дуч келади, ҳар бири билан муомала қилиши, рақобатни енгиб ўтиши лозим. Турган гапки, ҳаётда ҳамма нарса силлиқ кетавермайди. Аёл чорасизликдан тушкунликка тушади, кўп ишлаб, кам дам олганидан асабийлашади, эркак кишининг ролини бажараётганидан эркак кишидек ишлаб, худди эркакдек фикрлайди. Шундай бўлганидан кейин,  назокату нафосат, ҳалимлигу мулойимлик борасида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Рўзғорида ками бўлмаса, аёл беҳудага кўчага чиқмайди. Болаларининг егани овқати, кийгани кийими бўлса, аёл мусофирчиликда тентирамайди.  Рўзғорни эркак тебратадиган соғлом муҳитли оилада аёл киши ҳеч қачон пул топиш учун ўзини ўтга-чўққа урмайди.  Минг афсуски, ҳозирда рўзғор юкини эркаклардан кўра кўпроқ аёллар ўз бўйнига оляптилар. Рўзғорни бекам қилиш учун баъзан аёллар жиноят йўлига ҳам кириб қолмоқда.

Белида белбоғи бор, ориятли ака-укаларимиз - ўзбек йигитлари "бу менинг аёлим, синглим ёки қизим эмас, менга нима?", дейиш ўрнига "ҳар бир ўзбек қизининг елкасида миллат ғурури турибди", деган фикрда бўлишлари,  ўз опаси ё синглисидай кўриб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши, аёллар билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга бефарқ бўлмасликлари керак.

Ҳар бир аёлга меҳр, эътибор керак.  Оилада соғлом муҳит бўлиб, отанинг роли биринчи ўринда бўлган оилалардан маънавиятли, маърифатли, оқила фарзандлар тарбия топаётгани барчага маълум.

Қизларимизни келинликка тайёрлаш учун турли ўқув марказларида рўзғор ишларига, пазандаликка, оилага тайёрлансин деяпмиз, хўш, йигитларимизчи? Айрим йигитларимиз оила муқаддаслиги, эрлик маъсулияти, оталик бурчи нима эканлигини билмасдан, оилавий ҳаётга тайёр бўлмай туриб уйланмоқда. "Барча муаммоларни онам орқали ҳал қил" қабилида иш кўрмоқда. Аслида шу оилада отанинг роли бўлса, қайнона-келин муаммолари келиб чиқмайди. Азалий анъана - қайнона мактабини инкор этиб бўлмайди албатта, лекин оиладаги масъулиятни кўп ҳолларда фақат келинлардан талаб қиламиз. Эрликнинг ўзига хос масъулиятларини оила қуриш остонасида турган йигитларимизга ҳам жиддийроқ ўргатиш вақти келди, менимча.

Эркакшода аёл - ўзи чиройли-ю, ҳиди бадбўй гулга ўхшайди. Эркакшодалик назокат, нафосат тимсоли бўлган, мўътабар Она дея улуғланган аёл сифатига муносиб эмас. Нима бўлганда ҳам, Оллоҳ бизни аёл қилиб яратганини унутмаслигимиз керак. Эркакшодалик аёл кишига ярашмайди.

Эркакларимиздан эса ота-боболаримизга муносиб ориятли, бир сўзли, қатъиятли, масъулиятли, мард ва оилапарвар бўлишларини сўраб қоламан. Шунда балки, жамиятимизда, оилаларимизда эркакшода, енгилтабиат, жиноятчи аёллар умуман бўлмас.

 

Ирода СОДИҚОВА,

АДТИ стоматология кафедраси ассиссенти.

Тарвуз танлашда эҳтиёт бўлинг

тавсия

Тарвуз - ёзнинг энг севимли полиз экинларидан бири. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида енгил ва мазали тамадди учун тарвуздан бўлак фойдали маҳсулот топиш мушкул. Калория миқдори кам ҳолда тарвуз ўз таркибида бир қанча дармондори, танадаги заҳарларга қарши курашувчи аминокислоталарни жам қилган. Тарвузда кўп миқдорда фолат кислотаси мавжуд бўлиб, у қон яратишда иштирок этади. Тарвуз жигар, буйракни тозалашда энг фойдали маҳсулотлар сирасига киради. Шунингдек, у кўриш қобилиятини, қон босимини яхшилайди.

Кейинги йилларда юртимизда тарвуз етиштириш бирмунча ортди. Аммо, унинг ҳосилдорлигини ошириш ва тезроқ етилтириш учун фермерлар қандай моддалар қўллаши ва тарвузда турли зарарли моддалар бор-йўқлигини ҳамма ҳам билавермайди. Баъзан, яхши тарвуз танладим деб ўйлаб, уйга келиб уни сўйганингиздан кейин хафсалангиз пир бўлади. Тарвуз ичи қизил бўлсада бемаза, ёки таг қисми оқиш, еганингизда нордон, ўзгача таъмни сезасиз. Халқимизда "пули куйган қалампир чайнабди", деган нақл бор. Айримлар, бу тарвузни ташлаб юборишга кўзи қиймай, ё уволидан қўрқибми, "банияти шифо" деб еб қўяқолишади. Айнан шу хато кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки, кейинги пайтларда тарвуз истеъмолидан сўнг айримларда қорин оғриғи, қусиш, ич кетиш, дармонсизлик каби ҳолатлар кузатилмоқда. Агар шундай ҳолатлар содир бўлса, зудлик билан шифохонага мурожаат этиш керак.

Ёз мавсумида тарвуз емасликнинг иложи ҳам йўқ. Шундай экан, тарвуз танлашда ва уни истеъмол қилишдан олдин қуйидаги маслаҳатларимизга амал қилсангиз, ўзингиз ва оила аъзоларингиз соғлигини ҳимоялаган бўласиз:

Тарвуз танлаётганингизда унинг пўстлоғи қаттиқ, ранги тиниқ, ярқироқ ва силлиқ бўлишига аҳамият беринг. Яхши пишган, ширин тарвузнинг пўстини осонгина тирноқ билан тирнаш мумкин.

Чертиб кўринг.Уриб кўрсангиз, пишган тарвуздан жарангдор овоз чиқади.

Тарвузнинг "думча"си, яъни банди қуруқшаб турган бўлса, бу унинг пишганини билдиради. Агар яшил бўлса, тарвуз етилишига бироз борлигидан далолат.

Катта кўрингани билан енгил туюлган тарвузни танлаш керак. Бу унинг серсув эканидан дарак беради.

Тарвузнинг ерда турган қисмидаги доғи сарғиш ёки тўқ сариқ рангда бўлиши керак. Имкон қадар сариқ доғи жуда катта бўлган тарвузни танламанг. Сиз танлаган тарвузда умуман сариқ доғ бўлмаса янада яхши. Бу доғ тарвузнинг қуёш нуридан бебаҳра қолган қисмидир. Яъни, деҳқон тарвузни ўз вақтида керакли томонга думалатмаган.

Пишган тарвузни икки кафт орасида сиқиб кўриш мумкин, агар сиқишнинг имкони бўлмаса, демак хом.

Тарвуз "соғлом" лигини аниқлаш учун уни озроқ кесиб, тоза сувга соламиз, бирор соат ичида сувда хиралик пайдо бўлса, ҳаммаси жойида, агар солинган сув ёрқин пушти, қизил ёки сап-сариқ тусга кирса, у ҳолда, гарчи пулингиз куйса ҳам тарвуздан воз кечганингиз    маъқул.

 

Ҳасанбой  РАЗЗАҚОВ,

 

вилоят ФВБ шифокори.

Мардлик

Кичкинтой асалари жуда қизиқувчан чиқиб қолди. Атрофни кузатар экан, ҳар бир нарсага синчковлик билан қарарди. Кунлардан бир кун айланиб, қассобхона пештоқига келиб қўнди. Растада осилган гўшт лаҳмига қовоқарилар чанг солар эди. Шунда қассоб ўткир пичоғи билан уларни ҳайдамоқчи бўлди. Аммо... Улардан бири қассобнинг қўлига нишини урди-да, жуфтакни ростлаб қолди. Қассобнинг ранги оқариб, беҳуш йиқилди. Қўрқиб кетган асалари  оиласи бағрига парвоз қилди.

У ўз яқинлари билан гулдан-гулга қўниб, асал йиғиш билан овора эди. Тинч, осуда ҳаёт қўйнида умргузаронлик қилар эдилар. Кунлардан бир кун бир жоҳил инсон уларнинг тинч ҳаётига раҳна солди. Бутун қавмини ҳимоя қилиш учун жасур бир асалари майдонга чиқди. Уларнинг ҳаётини сақлаб қолди-ю, аммо ўзи жон берди. Бу воқеадан қаттиқ изтиробга тушган митти асалари кекса ва донишманд асалари олдига келиб деди:

       -Бобожон, нега қовоқарилар нишини санчса яна яшаб юраверадилар. Бизни ҳимоя қилган асалари эса ниши билан ўзи ҳам ҳалок бўлди.

         -Болам, - дея сўз бошлади донишманд асалари, - чунки, қовоқарилар қассобни пичоғидаги қонни ялаб кун кўрадилар.Ўз нафси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдилар. Ҳатто, бир луқма гўшт билан сийлаган хожасига ҳам ниш уришдан қайтмайдилар. Биз асаларилар эса гулларнинг мушк-анбари таъсирида улғаямиз. Одам аҳлига эзгулик улашиб, дастурхонини бол билан безаймиз. Тақдир тақозоси билан ниш урар бўлсак ҳам, бу нишимиз зое кетмайди.Чунки, ўзидан кетиб табиат ва ундаги мавжудотларни менсимаган кимсаларга ниш уриш ва бу йўлда жон бериш ҳам марднинг ишидир!

Асалари бобосининг панду-насиҳатларига қулоқ тутаркан, ўз қавмига ғурур ва садоқат билан назар ташлади.

 

 

Ёқутхон ОБИДОВА

ОНА МЕҲРИ

ибрат

Ойнаи жаҳонда жонзотлар ҳақида кўрсатув бўлаётган эди. Тропик ўрмонларда яшовчи, тумшуғи узун бир қушнинг  ҳаёт тарзи батафсил тасвирга олинган экан. Дарахт тангаси қанчалик қаттиқ бўлмасин, қушнинг тумшуғи зарбалари туфайли ўйилиб, ковак ҳосил бўлди. Сабр-тоқатли қуш бир ой деганда инини битказди.

Кўрсатувни томоша қилар эканман, бу қанотли жониворларнинг қаноатига қойил қолдим. Воқеанинг давоми янада қизиқарли эди. Қуш инига тухум қўйди. Маълум вақтдан сўнг, тўрт полапон очиб чиқди.  Она қуш полапонларини боқиб, катта қилди. Хавф- хатардан ҳимоя қилди. Қанотлари чиққандан сўнг, уларни учишга тайёрлади. Тўрттасидан учтаси митти қанотларини қоқиб, аста-аста уча бошлади.  Бироқ биттаси нимжонроқ бўлганлиги учун уча олмас эди. Сабрли она қуш бу полапонини ҳам йигирма тўрт соат деганда учирма қилди. Афсуски, тўртинчи қушча  қанот қоқиб учса ҳам, нимжонлиги боис, нобуд бўлди. Она қуш бошқа полапонларини  учирма қилай деса, нобуд бўлган полапони қаровсиз қолишидан хадиксираб, унинг ёнидан жилолмас эди. Ва ниҳоят,  учта полапон мустақил равишда қанот қоқиб, учиб кетишди. Аммо, она қуш нобуд бўлган полапонини ёнидан сира нари кетмай, охир оқибат ўзи ҳам ҳалок бўлди.

Манзарани кўриб, беихтиёр кўзларимга ёш келди. Ҳайҳот, биз онгсиз деб биладиган бу қушдаги оналик меҳри олдида ҳар қандай инсон бош эгса арзийди.

Ҳадятилло

СОБИРХЎЖАЕВ

Қўғирчоқ

Дил туFёни

"Ойимни интизорлик билан кутаяпман. Бозорга кетганлар. Менга қўғирчоқ олиб келишлари керак. Қў-ғир-чоқ. Қандай яхши, энди менинг ҳам ўз қўғирчоғим бўлади. Уни ҳар куни ювинтираман, сочларини тарайман. Зўр-а? Энди Нигора менинг устимдан кулолмайди. Майли, унинг қўғирчоғи кўп бўлса ҳам, меники битта бўлса ҳам. У ўз қўғирчоқларига қарашни билмайди: уларнинг кийимлари доимо кир, юзлари ювилмаган, ушлагинг ҳам келмайди. Қандай қилиб улар билан ўйнар экан, ҳайронман. Менинг қўғирчоғим уникига ўхшаган бўлмайди. Мен уни озода тутаман, вой қандай яхши, исмини ҳам Озода қўяман. Озодахон… Унга чиройли кўйлаклар тикаман. Бунга Муси ёрдам берармикин? Эй, Мусимас, Муслима опам. Ўрганиб қолганман-да уни шундай чақириб. Энди эса нимамиш, у катта бўлиб қолганмиш-у уни опа дейишим керак экан… Бўпти, агар Озодага кўйлак тиккани ёрдам берса "опа"мас,  "опажон" дейман!

Ана, ойим келдилар.

Қўғирчоғимни қўлимга олишни истаб югурдим, йўлимга ҳам қарамадим шекилли, йўлда турган тошга қоқилиб, йиқилдим. Ойим эса бепарво, қарамадилар ҳам. Қарасам, олиб келганларини бирма-бир рўйхати билан текширяпти, агар қараганларида, ҳўнграб йиғлаб юборардим. Лекин қарамадилар, майли, секин туриб, устимни ҳам қоқмай, олдиларига бордим:

- Ассалому алайкум!

Ойим бир қарадилар-да, усти-бошимнинг чанг эканлигини кўриб, койий кетдилар. Мен эса бундан хафа бўлмадим, агар бошқа пайт сўкканларида борми, қовоғимни солиб олдиларидан кетворган бўлардим. Лекин ҳозирмас, чунки менга қўғирчоғимни беришлари керак. Сабрсизлик билан, уларга ҳалақит бермаслик учун олаётган нарсалари ичига қарадим: аллақандай латта-путталар….. Ие, менинг қўғирчоғим кўринмайди-ку, қани у? Балки, кийимлар тагида қолиб кетгандир деб яна кутдим, лекин йўқ.

Кўзларим ёшга тўлди, ойим томонга қараяпман, лекин уларни кўрмаяпман, кўзимдаги ёшлар туфайли. Шундай бўлса ҳам, улардан қўрқа-писа сўрадим:

- Қўғирчоғим қани?

- Қанақа қўғирчоқ? Мен сенга қўғирчоққа кетибманми бозорга? Бошқа ишим йўқми, сенга бозордан қўғирчоқ қидириб юрсам? Устингни қара, нима дедим сенга, қоқ демадимми, нима қилдинг, ҳаммаёғинг чанг бўлиб ётибди-ку. Бор, бошимни оғритма. Ҳисобдан адаштирворасан.

Додлагим келди, фақат бу ерда - ойимнинг олдида эмас. Ўтган сафар ҳам худди шундай қилгандилар, мени ёмон кўрадиларми, билмайман, шунақа десам Муси: "унақамас, шунчаки, ишлари кўпайиб кетди" деганди. Уф, дадам бизни ташлаб кетмаганида ойим бунақа кўп ишламасдилар, асаблари бунақа чарчамасди. Ҳар куни мени эркалаб, сочларимни ўриб қўйгани вақтлари бўларди. Дадам албатта, менга қўғирчоқ олиб берган бўларди. Яхшиям анави исқирт Нигорага, қизғанчиқ Донога мақтанмаганим, улар яна устимдан кулишарди.

Ичкарига кириб роса йиғладим, йиғлай-йиғлай ухлаб қолибман. Туш кўрдим, ажойиб туш. Тушимда менинг жуда ҳам кўп қўғирчоқларим бор экан-у, бошқаларда битта ҳам йўқ экан. Менга, айниқса, ҳув анави сариқ кўйлакдаги, қора сочлари ўрилгани жуда ёқди. Худди мен хоҳлаган қўғирчоқнинг ўзгинаси, олдига бориб, уни қўлимга олдим, жуда ҳам хурсанд эдим: унинг кўзлари жигарранг, яноқлари пушти, сариқ кўйлагида ажойиб кўк рангли нақшлари бор… Қарасам, Нигора билан Доно хафа, ажаб бўпти, менинг устимдан кулишарди, баттар бўлишсин. Шундай дейман-у, лекин уларга қараб раҳмим келди. Шартта иккита қўғирчоғимни олдим-у, уларга бердим: улар ҳам хурсанд. Бирга мазза қилиб ўйнадик, Нигорага қўғирчоқни қандай тоза тутиш кераклигини ўргатибман…    Ажойиб туш-а? Тўғрими? Эҳ, мазза қилаётгандим тушимда.

Муси келиб уйғотиб юборди. Нимага уйғотади, тушни ҳам ўлдирди, шуни ҳам кўра олмайди, ўзи мазза қилиб юрибди-да, ишлаб. Мен бўлса, уйдан чиқмайман, шунга Муси менга "қоровул қизча" деб лақаб қўйиб олган. Мен эса уни  "чумоли" дейман, чунки саҳар эрталаб ишга чиқиб кетади-да, кечаси қайтиб келади. Кечаси? Ие, мен шунча ухладимми?

Кўзимни очдим, хира-шира Мусини кўрдим.

- Қарагин, Назо, нима олиб келдим. Ёқдими?

Нимага қарай? Нима ёқиши керак? Кўзим хирасини йўқотиш учун уни ишқаладим, қарасам, Мусининг қўлида тушимдаги қўғирчоқ, ҳа-ҳа худди ўзи: сариқ кўйлакли, кўк нақшлари билан, қора соч, жигарранг кўз, туфлилари ҳам кўк рангда. Уйқум очилиб кетди, Мусига қарадим: унинг кўзлари кулиб турарди, уни қаттиқ қучоқладим ва шу пайтда уни шунчалар яхши кўриб кетдимки..."

...Назокат ва ниҳоят қўғирчоқлик бўлганидан шу қадар хурсанд эдики,  Муси деб чақирадиган опаси "менга ўхшаб ўксимасин, отамиз йўқлиги билинмасин", дея синглисига қўғирчоқ олиб бериш учун бир ҳафта икки смена ишлагани, ўша дам синглисига қарар экан, киртайган кўзларидан ёш думалаганини ҳам сезмади.

Мунира ҲАМДАМОВА,

 

АДУ талабаси.

Аёлнинг бахти - оила бахти

Истиқлол йилларида юртимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг  қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, сиёсий фаоллигини ошириш, маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Мазкур йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар самарасини бугун уларнинг маҳалла, оилалардаги меҳр-оқибатни, маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни комил инсонлар қилиб тарбиялаш билан бирга мамлакат ҳаётидаги улкан янгиланишлар жараёнида фаол қатнашиб келаётгани мисолида кўриш мумкин.

Туманимиздаги   мавжуд 66  та маҳаллада 185 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади. 35 минг оила 4 та сектор фаолияти орқали қамраб олишга эришилди. 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида қўмитамизга  115 нафар аёл мурожаат қилган бўлиб, аризаларнинг 91  фоизи ижобий ҳал этилди.

Президентимизнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига кўра, қўмита ваколатлари, иқтисодий, молиявий имкониятларининг кенгайтирилгани мавжуд муаммоларни бартараф этиш, кутилган натижаларга эришиш, самарали иш ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугуннинг аёли ҳақида сўзлаганда, ҳаётдан мамнун, келажакка ишончи юксак хотин-қизлар кўз олдимизга келади. Негаки, мамлакатимизда        соғлом онадан соғлом фарзанд туғилиши, ақл-заковатли, маърифатли, билимли оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлишидек ҳақиқатни англаган ҳолда аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, салоҳиятли, маънан ва жисман етук ёш авлодни вояга етказишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириляпти. Бу саъй-ҳаракатлар ўз ижобий самарасини бераётгани янада қувонарли. Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни қадрлаш, соғлом ва мустаҳкам оилалар барпо этиш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол шахс этиб камол топтиришда оналарга кўмакчи бўлиш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратганмиз. Туғиш ёшидаги аёлларни, қолаверса, барча аҳолини тез-тез тиббий кўрикдан ўтказиб, аниқланган касалликларни даволаш чораларини кўряпмиз. Қўмитамиз қошида ташкил этилган "Тадбиркор аёл", "Ҳуқуқшунос аёл", "Ижодкор аёл" уюшмалари фаолияти яхши йўлга қўйилган.  Хотин-қизларнинг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизларнинг иқтидор ва истеъдодларини намоён этишларига ҳамда ривожлантиришларига кўмаклашиш мақсадида уюшмалар фаоллари иштирокида барча маҳаллада тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Натижада, жорий йил 124 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашилди.  "Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш" фонди ҳисобидан 126 млн сўм имтиёзли кредит маблағини олган 7 нафар хотин-қиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Шунингдек, "Ҳар бир оила - тадбиркор" лойиҳаси асосида 692 нафар хотин-қизларга имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашилди.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишни назарда тутувчи 5 та муҳим ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 428 нафар фаол, ташаббускор, интилувчан қизлар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилиб, тумандаги 86 нафар "лидер" аёлларга бириктирилди.                       

Аёллар жиноятчилиги, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, оилавий ажримлар, одам савдоси, диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш, шунингдек, хотин-қизлар бандлиги, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги изланишларимиз туфайли салмоқли натижаларга эришяпмиз. Тумандаги хотин-қизларга  ҳуқуқий, психологик, тиббий, маънавий ёрдам кўрсатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган "Аёллар маслаҳат маркази" фаолияти ҳам самарали бўлмоқда.. Марказда психологлар ва ҳуқуқшунос уюшмаси, "Қайноналар мактаби", "Иқтидорли қизлар тўгараги" фаолият кўрсатади.

Тўй ва маъракаларни ихчам, камчиқим, ортиқча дабдабаларсиз ўтказишда ҳам ижобий силжишларга эришаяпмиз. Юртбошимизнинг бу борадаги кўрсатмаларига амал қилган ҳолда иш тутишимиз аҳолининг асосий қисмини қувонтирмоқда. Ободонлаштириш, оилаларни спортга жалб этиш борасида Жасорат, Марказ, Ўрмонбек маҳаллаларида намунали иш ташкил этилган.

Оилаларда тинчлик ва хотиржамлик, соғлом маънавий муҳитни барқарорлаштириш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш олдимизда турган энг муҳим вазифалардир. Чунки соғлом ва аҳил оилалар жамиятимиз кўрки, эл-юрт таянчидир. 21 июл куни тумандаги "Шаббода" болалар дам олиш оромгоҳида "Адлия сайли" ташкил этилди. Сайилга хуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқий маслаҳатлар олиш мақсадида 115 нафар хотин-қизлар ташриф буюрдилар.

Тумандаги таълим муассасалари ҳамда маҳаллалардаги "Қизларжон клуб"ларининг фаолияти тизимли йўлга қўйилиб, 17420 нафар ўқувчи, шунингдек  1063 нафар уюшмаган қизлар қамраб олинди. Клубларнинг режаларида кўзда тутилган ўқувчи қизларни ва уюшмаган қизларни касбга ўргатиш, ҳунармандчилик фаолиятига кенг жалб этиш, ўқувчи қизларда етакчилик, раҳбарлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқувлар, машғулотлар ташкил этиш, миллий қадриятлар ва урф-одатларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларида салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир аёлнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратиляпти. Президентимизнинг "Оила   бахтли бўлиши учун аввало, аёлни бахтли қилиш керак" деган ҳикматининг нақадар теран аҳамиятга эга эканлиги амалда ўз исботини топмоқда.

 

Гўзалхон Деҳқонова,

 

Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.