Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Бугунги кунда одам савдоси ҳақида кўп гапириляпти. Биз кўпинча хорижга ишлагани бориб, алданиб қолаётганлар ҳақидагина эшитамиз. Айримлар одам савдоси фақат чет эллардагина амалга оширилаётган экан-да, деган хаёлга боряпти. Бироқ, мен сизларга сўзлаб бермоқчи бўлаётганларим-"тандирдан янги узилган". Аниқроғи, ўзим кунда-кунора гувоҳ бўлаётган йўловчи савдоси ҳақида.
Ҳозир одам ташиш билан шуғулланувчи машиналар кўпайиб кетган. Баъзан нима бало, аҳолининг тенг ярми киракашми, деб ўйланиб қоламан. Ҳисоблаб чиқсам, "Андижон-Тошкент" йўналишининг ўзида 600 та "Нексия" боракан. Бундан ташқари "Тико", "Матиз", "Волга", "Жигули", "Дамас"лар ҳам бор. Улар билан қўшиб ҳисоблаганда мингдан ошиқ транспорт воситалари Тошкентга қатнайди. Баъзи кунлари 2 кунлаб "стоянка"да изғиймиз. Йўловчи йўқ. Шундай кунларда киранинг мазаси бўлмайди. Россия, Қозоғистондан қайтаётган "гастарбайтер"лар ҳисобига Тошкентдан қайтишимиз яхши бўлади. Иш ўхшаб қолса, бир рейснинг ўзида 150 минг сўм топиб қўямиз.
Тошкентда ҳайдовчиларнинг "куни туғадиган" жой қаерлигини биласизми? Бу-Черняевка. Қозоғистон билан Ўзбекистон чегарасида шунақа жой бор. Бу ерда Қозоғистондан ишлаб қайтаётган йўловчиларни "қулоғига тепиб", яъни алдаб-сулдаб машинага ўтқазиш мумкин. Аммо, Черняевкада ҳайдовчилардан кўра кўпроқ даллоллар фаолият кўрсатишади. Биз ҳайдовчилар уларни "посадчик", деб айтамиз.
Бир куни "стоянка"да турсам, "посадчик"лардан бири келиб қолди:
-Сафарали ака, ёнингизда пулингиз борми?-сўради у.
-Мабодо пул-мулларинг бўлмаса, беҳижолат айтаверинглар, қўшиб тўлаб тураман, кейин бераверасизлар!
Шу гапимдан сўнг йигитларга жон кирди:
-Майли ака, тўлаб турсангиз, овқатланиб олардик. Тўғриси, ёнимизда бир тийин пулимиз йўқ.
Ошхонада анча қолиб кетдик. Дастурхон устида йигитлар бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб беришди. Уларнинг орасида новчароғи Самад шерикларига қараганда анча тетик ва гапга чечан эди.
-Бир ҳамқишлоғимиз икки йилдан бери Россияда юрарди. Келиб уйларини ремонт қилди, тўй қилди. "У ёқда ишларим зўр, хоҳласанглар сенларниям обкетаман. Бир йилда машина оласанлар!" дегач, ишониб кетаверибмиз. У ёққа боргач, ҳамқишлоғимиз бизни бир туркка топшириб ўзи ғойиб бўлди. 7 ой туркнинг уйида ишладик. Хўжайин ҳақларимизни иш охирида бериши керак эди. "Эртага ҳақларингни оласанлар", деган куни кечқурун квартирани орган ходимлари босди. Улар бизни бўлимга олиб бориб роса калтаклашди. Кейин паспортимизга "депорт" деган муҳр босилди. Бизга ўхшаганлар кўп экан. 120 кишини битта автобусга тиқиб жўнатиб юборишди. Ишонасизми ака, 12 кундан бери йўлдамиз. Тик оёқда туравериб оёқларимиз шишиб кетди. Мана қаранг!
Самад шимининг почасини қайириб кўрсатди. Унинг оёқлари шишиб кетганди.
-Уйингдагиларнинг бу ишлардан хабари борми?-сўрадим улардан.
-Ҳа! Телефон қилиб, "пул тайёрлаб туринглар", деб қўйганмиз,-деди Самад.
Очиғи шу ерда ўзимни ҳам, "посадчик"ни ҳам ёмон кўриб кетдим. Мен-ку майли! Бу йигитларни мен машинамга олмасам, бошқаси олаверарди. Аммо ўзлари не аҳволда, алданиб, таланиб Ватанига қатаётган кишиларни сотиб пул топиш, одам савдосидан даромад қилиш тўғри бўлармикин? Бола-чақасига едираётган луқмаси харом бўлмайдими? Балки, улар ҳам бу ишини савоб, бировга ёрдам бериш, деб ҳисоблар. Стоянкада бунақа ҳолат кўп бўлиб туради. Ҳар куни "посадчик"лар ҳайдовчиларга одам сотадилар. Лекин бу иш нотўғри эканлигини ҳеч қайсимиз айтолмаймиз. Сабаби, даромаддан қуруқ қолишни истамаймиз.
Йўл бўйи шуларни ўйлаб келарканман, кайфиятим жуда тушиб кетди. Биринчи марта ҳайдовчилигимдан уялдим. Энг ёмони, манзилга етиб боргач йигитлардан пулни санаб оларканман, уларнинг кўзларига қарай олмадим.
Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Интернетдан ким қандай фойдаланаётганлиги кундан-кунга долзарб масалага айланмоқда. Интернетдан кўпчилик, айниқса, ёшлар ўз билимини ошириш, турли маълумотлар олиш, ишда, ўқишда муваффақиятга эришиш мақсадида фойдаланмоқда. Бироқ, ундан ғараз мақсадларда фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай инсонлардан бири избосканлик Ҳамидулло Сатторовдир (исми фамилияси ўзгартирилган). У икки йил давомида интернет орқали одамлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи ғояларни тарғиб этиб келган.
Ҳ. Сатторов 2018-2019 йилларда Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида ишлаб, ўша ерда истиқомат қилган. Фаолияти давомида интернетдаги "Одноклассники" ижтимоий тармоғи орқали профиль очган. Унда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш таъқиқланган ҳамда диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний маърузаларини ўз профилига жойлаштириб, дўстлари саҳифаси орқали 67 нафар фойдаланувчига тарқатган.
Ҳ. Сатторов 2019 йил июль ойида Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳри орқали яшаш жойига қайтиб келганидан сўнг Избоскан тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан суҳбат ўтказилган. Суҳбат мобайнида уяли алоқа телефони кўздан кечирилганда "Одноклассники" ижтимоий тармоғидаги профили орқали диний-ақидапарастлик ғояларини тарғиб этганлиги маълум бўлди ва у ушбу ҳолат бўйича жавобгарликка тортилди.
Мазкур жиноий хатти-ҳаракати учун ўтказилган суд мажлисида Ҳ. Сатторов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлганлиги, мамлакатимизда таъқиқланган диний ғоялар моҳиятини англамасдан тарқатганлигини эътироф этиб, кечирим сўради. Лекин, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррардир.
Жиноят ишлари бўйича туман суди ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан, унга шартли равишда 4 йил озодликдан махрум этиш жазоси тайинланди. Ана шу муддат давомида унга оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, вилоят ҳудудидан чиқмаслик, интернетдан фойдаланмаслик, яшаш ва иш жойни ўзгартирган тақдирда туман ички ишлар бўлимига маълум қилишлик мажбуриятлари юклатилди.
Азиз юртдошлар, қадрли ёшлар! Интернет орқали ўзингиз билмаган, тушунмаган, айниқса, диний мазмундаги маълумотлар билан танишиш, олиш ва тарқатишдан эҳтиёт бўлинг. Нотўғри, ғараз мақсадларда тарқатилаётган ҳар бир маълумот кимнингдир онгини заҳарлаши, келажак ҳаётини барбод этиши мумкинлигини унутманг.
Мустаҳкам оила фақат бойлик ва севгидан иборат эмас
Ҳаёт - ибрат мактаби
Оила деганда, айримлар бахтли, ҳар томонлама тўкис, чиройли бир кўшкда истиқомат қилувчи гуруҳ аъзоларини кўз олдига келтиради. Европада-ку фақат муҳаббат ёки ўзаро манфаатлар тўқнашувини оила деб аташ мумкиндир. Бироқ, шундай оилалар бўладики, на муҳаббат ва на манфаат асосига қурилган.
Шундай оилалар бўлади-ки, унда муҳаббат деган оташ йўқ, фақат меҳр ва садоқат туйғулари ҳукмрон. Шундай оилалар бўладики, умрбод ўртаҳолликда яшаб ўтадилар. Шундай бўлсалар-да, оила улар учун муқаддас. Аҳилликни, бир-бирини қўллаб-қувватлашни бошларига туғ қилиб олишган. Баьзан мустаҳкам оила бутун бошли империяни яратишга қодир. Қуйида ана шундай оилалардан бири ҳақида ҳикоя қиламиз. Булар Генри ва Клара Фордлардир.
19- асрнинг 90-йилларида АҚШнинг Мичиган штати Детройт шаҳрида оддий бир жуфтлик Генри ва Клара Форд яшашган: эр ҳафтасига 11 доллар топадиган оддий механик бўлган.
Йигитнинг орзуси ўзиюрар мотор двигателини ихтиро қилиш эди, у пайтда ҳалиям от-арава русум бўлганди. Шуни яратиш илинжида 10 соатлик иш кунидан кейин эр эрта тонггача ўз омборхонасида ишларди.
Йигитнинг ота-онаси фермер бўлиб, улар Генрига жуда кўп вақти ва ҳаракатлари бефойда сарфланаётганини айтар эдилар. Қўшнилари эса бора-бора уни "тентак механик" дея чақира бошлашади.
Лекин, Клара Форд барчаси иш беришига умид қилар, фақат угина эрининг муваффақиятига ишонар эди. Жуфтлик омборхонада ҳам бирга ишлашар, қоронғу туша бошлагач, Клара эрига ёруғда ишлаши учун керосин лампасини тутиб турар эди. Қўллари совуқдан титрар, тишлари совуқдан бир-бирига тегмас, лекин Клара эрига ишонар, бир кун келиб мотор ишлашига шубҳа ҳам қилмас эди.
Уч йил ўтиб, 1893 йилда Форд жуфтлигининг илк мотори ишлади. Ўша пайтда Форд эндигина 35 ёшни қарши олаётганди.
Бир кун эрталаб қўшнилар мотор овозидан уйғонишди ва жуфтлик миниб кетаётган илк машинани кўришди. Генри ва Клара кўча бошигача бўлган йўлни биргаликда босиб ўтиб, яна уйга қайтишди.
Бу кун гигант автомобилсозлик саноатининг бошланиши бўлиб, тарихга кирди. Агар Генри Форд автомобилсозликнинг отаси дея тан олинган бўлса, Клара Форд шубҳасиз унинг онаси.
Орадан 50 йил ўтиб, инсон қайта туғилишига ишонувчи Генри Форддан сўрашади: "Агар қайта туғилсангиз, ким бўлар эдингиз?" Шунда Генри Форд: "Менинг ким бўлишимнинг умуман фарқи йўқ, энг асосийси, ёнимда хотиним Клара бўлсин", - дея жавоб берган экан.
Севган аёлининг ишончи эр киши учун энг қийин вазиятлардан чиқиб кетишига ва вазиятни ўз измига бўйсундиришига хизмат қилади.
Агар шундай жуфтингиз бор бўлса, ҳеч иккиланмасдан ҳар қандай қийин ишни бошлайверинг, балки, келажакда айнан сиз қайсидир улкан соҳанинг бошланишида Форд қилган ишни қиларсиз.
Умр йўлларида бардавом эканмиз, ундаги пасту баландликлар, ёмғиру дўллардан омон ўтмоғимизда яқинларимизнинг далдаси-ю, қайноқ меҳри бизга тоғдек куч беради. Ота-онамиз ҳаётимиз устунлари, йўлимизни ёритгувчи чироқдир. Улар бўлса уйимиз файзли, ҳаётимиз маъноли бўлади. Баҳордек умримизни яшнатувчи туғишганларимиз - ака-ука, опа-сингилларимиз эса парвозимизга чин маънода қанот бағишлайди
Мана шулар умр йўлларида тиргагимиз, мададкорларимиздир. Садоқатнинг салқин елларида вужудингизга ором бағишловчи, жажжигина юракчасида тоғдек меҳрни жамлаб, тим қорагина чақнаб турган кўзлари билан сизга боқиб, сиз нимани хоҳлашингизни англаб тургувчи жажжи дастёрингиз - эрка қизингиз эса мўъжиза.
Ёшлигимда отасига меҳрибон қиз ҳақида бир ҳикоя ўқиган эдим. Қизнинг эътибори, меҳри туфайли ота сафардан кўнгилсизликка учрамай, соғ-саломат қайтиб келади.
Сафарга кетаётган ота қизларини ёнига чақириб, уларга чет элдан нима олиб келишини хоҳлашларини сўрабди. Катта қиз китоб, ўртанча қиз кўйлак, кенжа қиз эса, "менга сизнинг сафардан соғ-саломат қайтишингиздан бўлак совға керак эмас", деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат, меҳр ва вафо борасида уларга етадигани йўқ. Бироқ, қиз фарзанд меҳрибон бўлиш билан бирга, Тангрининг сизга берилган энг буюк инъомидир. Сиз қандай эзгу амалингиз учун қиз билан сийланганингизни билмайсиз, аслида.
Англиядаги қишлоқларнинг бирида Томас исмли бир киши яшар экан. У камбағал, таомини зўрға топиб ерди. Аллоҳ таоло унга бир қиз фарзанд ато қилганди. Қизи беш ёшга кирганида оёқ пайларига тузалмас дард тегиб, бўйи ўсмай қолди. Кейин билишса, у энди юролмас ҳам экан. Томас қачон уйга қайтиб, қизининг хонасига кирса, уни йиғлаб ўтирган ҳолда кўрарди. Буни кўриб қизининг олдидан чиқиб жаҳл қилиб деворларни тепар, бақирар ва турли ичимликлар ичар эди. У ҳар доим "Нима учун, Худо, мени камбағал қилдинг, бунинг устига қизимни ҳам шу аҳволга солдинг?" - деб нолиб юрарди.
Бир кун у ишга борди, у ерда дўстига шикоят қилди. Дўсти: "Эй биродар, қизлар Аллоҳнинг Жамол деган сифатининг сирларидан биридир, яъни Аллоҳ таоло қизларга Ўзининг Жамол сифатидан баъзи сирларни яшириб қўйган. Уни қидириб топиш керак, ҳаракат қилиш керак, қизингга яқин бўлиб, сирлардан фойдаланиб қол. Аллоҳ таоло бу дунёда сенга берган қиз фарзандингдаги сирини бир кун сенга ошкор қилади" деди.
Бу гапдан кейин Томас ишдан чиқиб уйга қайтди. Ҳар доимгидек, қизи йиғлаб ўтирар эди. Одатда, ота бу ҳолатдан кейин чиқиб, жаҳл қилиб, ҳамма нарсани уриб, асабийлашар эди. Лекин, бугун ундай қилмади ва қизини орқасига миндирганча хона бўйлаб юришни бошлади. Қиз йиғлашдан тўхтади, Томас яна ҳам тезроқ юра кетди, қиз аста кула бошлади. Бироздан кейин қизча қўлларини қушнинг қаноти каби кўтариб, қиқир-қиқир кула бошлади. Бундан Томаснинг шавқи ошди, анча йилдан бери маҳзун қалбида бахт деган туйғуни ҳис қилди. Бундан хурсанд ҳолда қизини кийинтириб, кўчага олиб чиқди. Кунлар ўтиб, бу одат тусига кирди.
Бир куни унинг қўшниси "Томас, анчадан буён ҳар куни югуриб юрганингни кузатаман. Йилда бир марта бўладиган Британия Қироличасининг ҳайрия марафонида қатнашиб кўрмайсанми?" - деб таклиф билдириб қолди. Томас ўйлаб кўришини айтди ва марафон бошланадиган куни иштирокчилар билан сафга турди. Томас ўшанда маррага учинчи бўлиб келган, лекин ҳамманинг назари унда эди. Чунки у елкасида опичиб олган ногирон қизи билан бошқалардан ажралиб турарди.
Шундан кейин ота ва қиз ҳар куни машқ қилишга тушишди, ҳаракат қилишди ва кейинги йилги марафонда маррага биринчи бўлиб келишди. Унга "Марафон ғолиби ва фарзандига энг яхши эътибор берувчи меҳрибон ота" сифатида қиролича томонидан тўққиз миллион доллар мукофот берилди.
Шу кундан бошлаб Томас Буюк Британиянинг миллионерларидан бирига айланди. У пулининг бир қисмига ширкат очиб, пештоқига: "Қизлар Аллоҳнинг Жамол деган сифати сирларидан биридир", - деб ёзиб қўйди.
Қиз фарзанд, унинг отага яқинлиги, меҳри ҳақида яна кўплаб ривоят ва ҳикоялар борки, улардан айримлари бизни Тангрининг берган инъомига шукр келтиришга ундаса, айримлари фикр қилишга, ибрат олишга ундайди.
Айтишларича, қиз - қалбнинг қонидан, меҳрнинг жонидан яратилар эмиш. Унинг меҳри онангизни, ўзича қилган ғамхўрлиги отангизни эслатади. У бутун оламда сиздан-да яқин, сиздан-да кучли инсон йўқ, деб ҳисоблайди. Кичкинагина қўлчасини дуога очар экан, энг биринчи навбатда сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик сўрайди. Миттигина жуссасига дунёларча садоқатни ортиб, меҳр диёрида абадий қолгувчи қизалоқларимизни борига шукр келтириб, бахту саодатини тилаб яшайлик!
Fазал мулкининг султони мир Алишер Навоий нафақат гўзал ғазаллар битган, балки, кишини ҳайратга солувчи, эзгуликка элтувчи жуда кўп насрий асарлар ҳам яратган. Унинг тарих, дин ва тасаввуфга оид "Тарихи мулки Ажам", тилшуносликка оид "Муҳокамат ул-луғатайн", пайғамбарлар ва ҳакимлар ҳақидаги "Тарихи анбиё ва ҳукамо", "Вақфия", адабиётшуносликка бағишланган "Ҳолоти Саид Ҳасан Ардашер", "Мезон ул-авзон" "Мажолис ун-нафоис", "Муфрадот", "Муншаот" каби асарлари насрий усулда ёзилган бўлиб, ҳар бири инсон маънияти ва заковотини юксалтиришга хизмат қилувчи бебаҳо асарлардир. Масалан, Навоий "Муҳокамат ул-луғатайн" (Икки тил муҳокамаси) асари билан ўзбек(турк)тилининг буюк билимдони ва ҳомийси бўлиб майдонга чиқди. Ўз она тилини ҳурмат қилишга, шу тилда бошқаларни ҳам ижод қилишга ундади.
Навоий Султон Ҳусайн тарихини, Юсуф ва Зулайҳо ҳақида туркий тилда бир асар ёзажагини маълум қилган эди. Хондамир ўзининг "Макорим ул-ахлоқ" (Яхши хулқлар) асарини Навоийга бағишлаб ёзган.
"Муншаот" асари эса 1492 йилда ёзилган бўлиб, унда 88 та мактуб жамланган. Мактубларнинг ҳар бири таълимий-тарбиявийлиги билан ажралиб туради. Инсон аввало, хатни саводхонлик билан тушунарли қилиб ёзиши кераклиги, хатлар яна дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозимлиги таъкидлаган.
"Муфрадот" асари 1491 йилда форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, шоир бунда янги жанр бўлмиш "муаммо" ҳақида маълумот берган.
"Мажолис ун-нафоис"("Гўзал мажлислар") асарида кўплаб шоирлар, уларнинг ижоди ҳақида маълумотлар берилади. Шу боис ҳам ушбу асар энг қимматбаҳо дурдоналардан бири ҳисобланади. Шоир умрининг сўнггида ёзган "Маҳбуб ул-қулуб" ("Кўнгилларнинг севгани") асари эса тил, адабиёт, одоб-ахлоқ ва жуда кўп масалаларни ёритиб берган фалсафий асар ҳисобланади. Навоий асарда тил ҳақида шундай ёзган: "Сўзни дилингда пишқармагунча, тилингга зинҳор чиқармагил". Бу жумлалар орқали у кишини эҳтиёт бўлиб, ўйлаб гапиришга чақиради.
Асарнинг битта бобини воизликка бағишлайди. Яъни, инсоннинг нутқи гўзал, равон, маъноли бўлиши кераклигини таъкидлайди. Нотиқ инсонлар оз, лекин мазмунли, таъсирли сўзлаши кераклигини айтади. Яна бу асарда инсон ўзидаги ёмон иллатларни матонат билан енгиб ўтиши кераклиги айтилади, яъни, улардан фориғ бўлишлик зарур, деган фикрларни билдиради.
Алишер Навоий ўз шеъриятини нақадар юксак маҳорат билан ёзса, кўриниб турибдики, насрий асарларини ҳам ғоят гўзал фикрлар билан, бадиий жиҳатдан юксак даражада яратган.
Навоий ижоди бир денгиз бўлса, ундаги дурлар ниҳоятда ноёб ва битмас-туганмасдир. Биз ва келажак авлод ҳам Ҳазрат Навоий асарлари билан дилимизда юксак инсонийлик туйғуларини ҳис этиб, бой фазилатларга эга бўлиб бораверамиз.
Бирэркакўзхотининисинамоқчибўлибди. Аммо, у бундай натижани кутмаган эди. Видолашув хатини ёзиб, стол устига қўйди-да, ўзи эса каравот тагига яшириниб, хотинини кута бошлади. Унинг қилаётган иши болаларга хос бўлсада, хотини нима қилишини билмоқчи эди. Эркак хотинининг йиғлаши ва дугоналарига хафа бўлиб телефон қилишини кутган эди.
Ваниҳоят, хотини ишдан келди ва хатни ўқиди. Сўнг ручкани олди-да, эри ёзган хат пастига нималарнидир ёзди. Кейин эса шўх қўшиқни хиргойи қилиб рақсга тушди. Эри кутган ғамгинлик ва йиғидан асар ҳам йўқ эди. У кўпроқ бахтли инсонга ўхшарди. Эри бу ҳодисадан ҳайратга тушди. Аммо вақт ўтиши сайин воқеа бундан ҳам ёмонроқ тус ола бошлади.
Аёл телефонни қўлига олдида, рақамларни тера бошлади. Эри эса у ким билан гаплашаётганини диққат билан эшитар эди: "Салом, азизим, мен тайёрман ва сеникига йўл олаяпман. Ва ниҳоят, эрим мени ташлаб кетибди. Мен бунга эриша олдим. Ўзим қандай қилиб унга турмушга чиққанимга ҳайронман. Афсуски, биз сен билан олдинроқ учрашмаганмиз. Майли, азизим, кўришгунча!" У телефонни қўйди-да, эшикдан чиқиб кетди.
Эркак "Хотиним кетиб қолди", деб хафа бўлди. Кўз-ёшларга тўла кўзлари билан каравотнинг тагидан чиқди ва хотини хатга нима ёзиб кетганини ўқий бошлади:
"Каравот остидан оёқларингиз кўриниб турибди. Мен дўконга нонга чиқиб кетяпман. Синаш эмас, шунчаки ишониш керак, деб қолувчи сизнинг Зарнигорингиз".
Адолатли ҳукм
Анушервони одил замонида бир киши қўшнисининг ҳовлисини сотиб олди.
Кунлардан бир куни ер чопаётиб, ҳовли чеккасидаги дарахт ёнидан бир кўза тилла топиб олди. Кўзани қўлтиқлаб, ҳовли сотган одамнинг олдига борди.
- Ҳовли чеккасидаги дарахт ёнидан мана бу хазинани топиб олдим. Уни сен кўмган бўлсанг керак, демак, у сеники, - деди.
- Йўқ, - деди ҳалиги одам, - мен ҳовлини ери ва дарахтлари билан биргаликда сенга сотганман, шунинг учун энди бу хазина ҳам сеники.
Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди ташаббуси билан фирибгарлик жинояти, унинг кўринишлари ва ушбу иллатнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ишларини кучайтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Судлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда кейинги пайтларда фирибгарлик жинояти билан боғлиқ ҳолатлар кўп учраётганлиги, бу иллатга чек қўйиш учун фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини янада юксалтириш муҳим эканлиги таъкидланди.
Маърузаларда фирибгарликнинг мақсади, фақат ўзгалар мулкини эгаллаб олишга қаратилган бўлмай, балки айбдорнинг мулкий ҳуқуқларини қўлга киритишга ҳам йўналтирилган бўлади. Фирибгарликда ўзгалар мулкини қўлга киритиш ёки мазкур мулкка эгалик ҳуқуқини олиш алдов ёки ишончни суиистеъмол қилиш воситасида амалга оширилади. Умуман, фирибгарлик икки белги билан: биринчиси - талон-тарож қилиш, иккитнчиси - алдов ёки ишончни суиистеъмол қилиш билан тавсифланиши айтиб ўтилди.
Йиғилишда фирибгарликнинг олдини олиш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Нодирахоннинг орзулари кўп эди. Тиббиёт билим юртини битиргач, Андижон пахтачилик институти(ҳозирги Тошкент Аграр университетининг Андижон филиали) га ўқишга кирди. У дадаси каби қишлоқ хўжалигининг етук мутахассиси бўлиб етишмоқчи эди. Шеъриятга, адабиётга ихлоси баланд қиз ижод намуналари билан матбуот саҳифаларида ҳам тез-тез кўриниб турарди. Ногаҳон, 24 ёшида суяк силига чалинди-ю, тўшакка михланди.
Ўн йиллик дард Нодирахонни енгиб қўйди. Тинимсиз даволанишлар натижасида оёққа турган қиз яшаш учун, орзулари сари интилиш учун ўзида куч топа олди.
- Ҳозир кўриш қобилиятим жуда паст. Юқори даражадаги миопиядан азият чекаман. 4 та умуртқам йўқ, бу - таянч ҳаракат аъзоларимга, шунингдек, буйракларим фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатяпти. Ҳамиша юқори қон босимида юраман, - дейди Нодирахон.
Нодирахон Мамажонова Избоскан туманидаги Туячи қишлоғида туғилиб ўсди. 2015 йилда Иттифоқ маҳалласидан бўлган Муроджон Алимовга турмушга чиқди. Ҳозир уларнинг 2 яшар фарзанди бор. Бироқ, оила муаммолар гирдобида ҳаёт кечирмоқда. Саломатлигидаги муаммолар сабаб Нодиранинг орзулари орзулигича қолиб кетди. Ўқишни ташлади, ҳеч қаерда ишлай олмади. Турмуш ўртоғи Муроджон ҳам касалманд, қандли диабетдан азият чекади. Оиланинг қувончи бўлган Абдулазиз ҳам соғлом эмас. Айни кунларда Муроджоннинг оёғидаги жароҳати чирий бошлаган. Оила моддий қийинчиликда ҳаёт кечирмоқда.
-Ҳамиша менга берилган неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилиб яшаганман, - дейди Н.Мамажонова. - Ҳозир ҳам ҳаётдан нолиш, ношукрчилик қилиш ниятим йўқ. Кимнидир танқид қилиш, бировга боқиманда бўлиб, қўлига қараб яшаш мен учун эмас. Аммо, тўғри тушунинглар, эр-хотин ногиронмиз, ҳеч қаерда ишламаймиз, бир сўм нафақа пули ҳам олмаймиз, уйимиз йўқ, тўкилиб кетай-тўкилиб кетай деб турган хароб уйдан бошпана топганмиз. Катта йўлдан машина ўтса, уйнинг деворлари зириллайди. Агар бир фалокат бўлиб босиб тушса, нима бўлади, деб кечалари уйқум қочиб кетади, ваҳима орасида яшайман. Шу боис, менга уй масаласида ёрдам беришингларни илтимос қилардим.
Нодирахон Мамажонованинг мурожаатидан сўнг, у вақтинчалик яшаётган Қашқарлик маҳалла фуқаролар йиғинидаги уйга бордик. 2 сотихча келадиган ташландиқ ҳовли. Деворлари нураб ётган ҳовлидаги уйлар бузиб ташланган. Бузилган иморатнинг ёнида ғарибгина кулба. Кулбанинг поли йўқ, деразаларига одеяллар тўсиб ташланган. Уйда энг керакли маиший шароитлар ҳам йўқ. Хонага зах ҳиди ўтириб қолган, уй ичи қоронғи, шифтлари ёрилган. Бу ерда икки ногирон қишли-қировли кунда 2 ёшли гўдаги билан кун кечирмоқда.
- Оилада 5 ўғилмиз, - дейди Нодирахоннинг турмуш ўртоғи Муроджон. - Шу сабаб, ака-укаларим бир ҳовлига сиғишмай, мени ота ҳовлимиздан чиқариб юборишди. Ногиронлигимга ҳам қарашмади. Йиллар давомида Нодирахон иккимиз амал-тақал қилиб, эгасиз қолган уйларда яшаб келмоқдамиз. Хотинимнинг шу аҳволига қарамай, туман ТМЭК унга ногиронлик белгиламади. Мен яқинда 2-гуруҳ ногиронлигига ўтдим. Биз ҳам инсонмиз. Инсонлардай яшагимиз келади. Мутасаддилар бизнинг оилага озгина эътибор қаратсалар, савоб бўларди.
Қашқарлик маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Гулбаҳор Акрамхонова мазкур оила маҳалла ҳудудида рўйхатдан ўтмай яшаётгани, шундай бўлса-да, уларга баҳоли қудрат ёрдам бериб келинаётганини таъкидлади.
-Ўтган йили Наврўз байрамида буларнинг фарзандига ҳам кам таъминланган оилалар қатори тўй қилиб бердик. Ҳайит арафаларда тез-тез ёрдам қилиб турамиз. Бироқ, нафақа пули белгилаш ёки оилани уй-жой билан таъминлаш учун ваколатимиз етарли эмас. Бошқа масалаларда мана, ҳудудимиздаги тадбиркорларимиз имкон қадар ёрдам кўрсатишяпти.
Нодирахон Мамажонова-нинг айтишича, унинг мурожаати йиллар давомида эътиборсиз қолдириб келинган.
Мазкур масала юзасидан туман мутасаддиларига мурожаат қилганимизда, хотин-қизлар қўмитаси раиси Саидахон Абдусаломова Нодирахон кредитга бериладиган арзон уй-жойлардан олиш учун рўйхатга киритилганлиги, уй учун бошланғич тўловни қўмита зиммасига олгани, бироқ, оила кредит тўлаб бориш имконига эга эмаслиги, шу боис, ҳомийлик асосида уй-жой қуриб бериш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди.