+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОНАЖОНИМ СОВFАСИ

 

(ҳикоя)

"Сени севаман, Нилуфар! Ва сенга ошиқман. Ширин муомаланг, маъноли сўзларинг, зукколигинг...  Сен шунчаки эмас, ҳақиқий гўзалсан!"

Афсуски, Жасур қалбидаги бу қайноқ ва самимий туйғуларни изҳор эта олмайди. Чунки, Нилуфар амакисининг қизи. Бироқ, улар бир-бирларидан анча олисда яшашади. Шу боис, Жасур ва Нилуфар кун ора кўришиб, ака-сингилдек бўлиб ўсишмаган. Йигит қизни йилда бир кўрарди. Кўргани сайин уни синглим, деб чақиришга туйғулари йўл бермасди. Нилуфар ҳам Жасурнинг муносабати аканинг сингилга нисбатан туйғуларидан бўлакча эканини сезарди.

Қариндошлар никоҳи      маъқулланмайди. Буни Жасур яхши билади. Билгани учун қизга аталган изҳорни ўзига-ўзи сўзлаш, такрорлаш билан дардини енгиллаштиришга тиришади. Нилуфарни кўрмасликка уринади.

Тақдири аён севгини ўзгаларга маълум қилмоқдан, бефойда орзуларни баён қилмоқдан не фойда?! Жасур кимдан бўлса-да, эшитажак жавобини билади-ку, билиб туриб ёриладими?

"Ахмоқ, у амакиваччанг-ку, синглингдай гап!"

Шундай мушоҳадалар,   фикрлар, изтироблар билан кунлари, ойлари ўтди.

Университетни битирадиган кунлари ҳам яқинлашиб, диплом ишини ўйлаб юрган Жасур қишки таътилга уйга борганида аяси уни уйлаш ҳақида сўз очди:

- Тўйни қачон қиламиз энди, болам? Биттагина ўғлимсан, орзу-ҳавасим кўп.

Сингилларингни узатиб, рўзғор ишларига бир ўзим қийланиб қолдим.

Зулфия, Зиёда сингилларини бир кунда узатганларидан бери аяси қийналиб юрганини Жасур яхши биларди.

- Кўз остингизга олганингиз бўлса, келинни ўзингиз танлайверинг, аяжон, - деди Жасур ер чизиб. Шу билан суйгани йўқлигини билдирди. Она ўғлининг розилигидан бир хурсанд, келин танлашни ўзига қўйиб берганидан ўн хурсанд бўлгани учун ўғлини алқаб чарчамасди. Жасур эса юрагида ниманидир йўқотгандай бўлиб, ўқишга    қайтди.

Маъноси йўқ кунлар судралиб ўтаётган эди. Бир куни аяси телефон қилди. Тез-тез сўрашиб тургани учун бамайлихотир гаплашаётган Жасур кутилмаганда эсанкиради. У ёқда аяси тинмасди:

- Даданг, қариндошлар билан маслаҳатлашиб, амакингнинг қизини келин қилишга қарор қилдик.

Сен амакингни қизи билан жуда кам кўришгансан. Таниш бўлсанглар ҳам феъл-атворларингни билмайсизлар. Шунга бўлғуси келин билан бир учрашасанми? Уйланадиган сен. Лекин, ҳаммамизга маъқул келиб турибди, яна бегонамас, амакингни қизи.

-Қайси амаким? -деди Жасур нафас олишга қийналиб.

-Ҳа, эсим қурсин, шуни айтмабман-а! Аяси кулиб юрарди. Жўрабек амакингнинг Нилуфари-да! Қурмағур, бирам яхши қиз бўлган-ки!..

Она шўрлик ўғлининг кўнглидан бехабар, унинг айниб қолишидан чўчиб, тилидан бол томаётганди.

Жасур суюнганидан ҳаприқаётган юрагини тинчитишга уринаркан, энди у ногоҳ хавотирдан тепкилана бошлади.

- Ахир... У яқин қариндошимиз-ку... Йигит бахтини рад этаётганидан ранжиса ҳам келгусидаги бахтсизликлардан онасини огоҳ этмоқчи бўлди. Аяси жим бўлиб қолганидан ичи қизиб, пушаймон бўла бошлади.

- Биласанми, Жасур.. Жўрабек амакинг дадангга ўгай ҳисобланади... Бобонг раҳматли биринчи аёли, яъни дадангнинг онаси дунёдан ўтганидан сўнг шу амакингнинг онасига, раҳматли кичик бувингга уйланганлар. Жўрабек амакинг онасига эргашиб келган. Сизлар билмайсизлар, болалар бир-бири билан уришиб қолишганда   дилхиралик бўлмасин, деб сизларга  айтмаганмиз!..

Она "Нилуфар ўғлимга   маъқул эмас, шунга баҳона излаяпди", деган ўйда сирни очганди. Буни тушунган Жасур жилмайиб қўйди.

... Ёшлар учрашишди. Ийманиб турган Нилуфарни кўрган Жасур қувонганидан кўнглидаги гапларни айтишга тили айланмасди. 

Аммо,  энди бу Жасурни қайғуга солмасди.                                       

Махсума РЎЗИБОЕВА,

 

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчиси.  

Мен аёлман, яхшиликка суянган!

Шеърият гулшани

Муқаддас аёл

Боряпсиз олтмишга одимлаб аста,

Соғлом урган юрак энди шикаста.

Маъюс кўзингизга жоним пайваста,

Барибир гўзалсиз, дилбарсиз аёл.

 

Турмушнинг муштлари синдиролмади.

Рўзғор ташвишлари сўндиролмади.

Шайтон ўз измига кўндиролмади,

Сиз шундай муқаддас, ўктамсиз, аёл.

 

Фарзандлар бахтида кўриб бахтингиз,

Улар соғлигидан қуриб тахтингиз.

Қанча таърифласам камдай мадҳингиз,

Сиз шундай бағрикенг, дарёсиз аёл.

 

Fам-ғусса, камчилик чиқмай кўчага,

Дастурхон этмайин айтиб нечага.

Пойингиз айлансин жаннат - боғчага,

Сиз шундай камтарин, доносиз, аёл.

 

Истадим, юз билан юзлашсин ёши,

Бахт ва байрамлардан чиқмасин боши.

Доимо порласин толе қуёши,

Дунёни тебратган Онасиз, аёл,

Сиз шундай муқаддас, жаннатсиз, аёл.

Муниса НОСИРОВА,

Асака туманидаги 52-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Оналар чарчамайди

Тонг саҳарлаб турса ҳам,

Эртадан кеч юрса ҳам,

Ҳатто олмаса-да дам,

Оналар чарчамайди.

 

Ювади кир, ёпар нон,

Келди-кетди, кўп меҳмон,

Уларда бирмас, қирқ жон,

Оналар чарчамайди.

 

Мол-ҳолга қараш керак,

Боладан олиб дарак,

Олтиндан ясаб юрак,

Оналар чарчамайди.

 

Бир хил кўйлак қиш-у ёз,

Замондан ортда бироз,

Унутган пардоз-андоз,

Оналар чарчамайди.

 

Оналар ҳам бир одам,

Уларга керак ёрдам,

Фарзандлар чарчаса ҳам,

Оналар чарчамайди.

Моҳидил ЙЎЛДОШЕВА,

Олтинкўл туманидаги

16-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

МЕН АЁЛМАН

Турмуш юки турса ҳамки бўйнимда,

Суюнаман шеър туғилса қўйнимда.

Билинади ўрним доим уйимда,

Мен аёлман, одми либос эгнимда.

 

Таъзим қилиб дуо олган келинман,

Ўчирмайман ўчоқ ўтин елиб ман.

Қут-барака кетмасин, деб уйимдан

Мен аёлман, яхшиликка суюнган!

 

Бола боқдим наслимизни улай, деб,

Бахт-давлатни бириктириб турай, деб,

Болам кулса мен ҳам кулиб юрай, деб,

Суюнаман, яхшиям мен Аёл, деб!

 

 Бермет ЗАКИРОВА, қирғиз шоираси.

Фарида Абдураимова таржимаси.

ЮРАГИМНИ

ҚАЙТИБ БЕРИНГ

Ним очилган бир гул эдим гулшанда,

Чин ошиқсиз, булбул дердим гулшанда,

Ёшлик қилиб кўнгул бердим ўшанда,

Дилдан жўшиб севгим ўти, эҳтирос,

Юрагимни қайтиб беринг, илтимос.

 

Гўзал дамлар эди давр сурганмиз,

Боғчаларда қўл ушлашиб юрганмиз,

Суратларга хушнуд кулиб турганмиз,

Бу шўхликлар ўтиб кетди гулдурос,

Юрагимни қайтиб беринг, илтимос.

 

Кўндим тақдир, замонанинг зайлига,

Эрк бермадим телба кўнглим майлига,

Эвазига жоним олинг, майлига,

Бевафолик- сизга азал касбу хос,

Юрагимни қайтиб беринг, илтимос.

 

Одам борки бўлмас экан кераксиз,

Қийналганда кўмакчисиз, тиргаксиз,

Қандай яшай олай эрксиз, юраксиз,

Йўқотганим: эмас гавҳар ё олмос,

Юрагимни қайтиб беринг, илтимос. 

Умида ЖЎРАЕВА,

"Ёғду" адабий мактаби аъзоси.

 Баҳор соFинчи

Тонгда чуғурлашар қушлар жўр бўлиб,

Димоғни чоғ этар кўклам нафаси.

Бошланар ҳашарлар, яна юмушлар,

Иштаҳани очар кўкнинг мазаси.

 

Боғ-у гулзорларда очилар гуллар,

Анҳорларда яна тўлиб оқар сув.

Баҳор тўшар аста гиламини зар,

Болалар қиларлар далада қий-чув.

 

Чулғайди юракни баҳор соғинчи,

Унутилар аста дилдаги ғамлар.

Баҳор қуёшидай инсон севинчи,

Мавжланар, завқ берар бу гўзал дамлар.

 

У гўё умрнинг ёшлик чоғидай,

Бахт-у чиройларга тўла ҳар они.

Қалдирғоч сайрайди чалгандайин най,

Вақт ўтар, занг уриб ҳаётнинг бони.

 

Дилбарой АБДУНАЗАРОВА,

Хўжаобод туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Меҳрибоним асрагин

Тонгда мени уйғотар,

Ширин кулча ушатар.

Асалли чой узатар,

Онажоним асрагин.

 

Усиз ҳаёт бўлмайди,

Гулларим очилмайди.

Кўнглим асло тўлмайди,

Онажоним асрагин.

 

Ҳаммамизга меҳрибон,

Ёнимизда у гирён.

Бизни ўйлайди обдон,

Онажоним асрагин.

 

Яхши эрур у ҳар вақт,

Ёрдамин қилмас миннат.

Пойи остида жаннат,

Онажоним асрагин.

Гуллола ШЕРБОЕВА,

Избоскан туманидаги 

28-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

ОНАМГА

Ифорлар таралса райҳонларингдан,

Кўз ёшлар тўкилса қароғларимдан.

Қалдирғочга тўла айвонларингдан,

Сени излаб қолдим, бугун онажон.

 

Ёмғирлар ёғади қанчадан -  қанча,

Гулларинг очилар қанчадан -қанча.

Сени сўроқлаган қумрилар қанча,

Сенсизлик кунларга қолдим, онажон.

 

Жонингга дармонлар топилмадими,

Бу дардга дармонлар топилмадими.

Мушфиқ бу юзингда армон бор эди,

Ҳаётим чироғи эдинг онажон.

 

Отамнинг ўрнида ота бўлгандинг,

Умр йўлларимда нур бўлган эдинг.

Ўғлингни ўзингдан кўпроқ суйгандинг,

Кимга мен шошаман, энди онажон?

 

Бошларингда бугун лолақизғалдоқ,

Чучмомалар сенга қўшиқ айтади.

Мунаввар тонгларни сенсиз қаршилаб,

Кўнглимнинг бир чети ёниб туради...

 

Фарҳод МАМАТОВ,

Избоскан тумани.

Ўзбек  аёлисиз,

Зулфияхоним!

 

   (Шоира Зулфия таваллудига)

Баҳор кезар бугун, сизни сўроқлаб,

Шеърингизни шивирлайди япроқлар.

Юрагимда ғурур, ифтихор порлар,

Ўзбек аёлисиз, Зулфияхоним!

 

Тўмарис жасорати сизда мужассам,

Увайсий назокати сизда мужассам,

Темур адолати сизда мужассам,

Ўзбек аёлисиз, Зулфияхоним!

 

Ўрик гулларига эдингиз мафтун,

Шоирга  вафоли  бўлдингиз  тун-кун,

Шеърим  бағишладим  бугун  сиз  учун,

Ўзбек  аёлисиз, Зулфияхоним!

 

Муҳаббат куйчиси, баҳорнинг қизи,

Қалбларда порлаган вафо юлдузи,

Шудир асл ўзбек аёлин юзи,

Ўзбек  аёлисиз, Зулфияхоним!

 

Моҳинур АБДУВОҲИДОВА,

Муҳамад Юсуф ижод мактаби ўқувчиси.

Беш ташаббус - беш имкон

Яратилди беш ташаббус,

Халқимиз шод-у хуррам.

Ташаббуслар туфайли

Юртимда ҳар кун байрам.

Саводхонлик, мусиқа,

Адабий китобхонлик.

Расм,театр, санъат,

Улардан яшнар борлиқ.

Спорт билан чиниқиш,

Шахмат-шашка-ю, футбол.

Теннис, сузиш, югуриш

Волейбол ва баскетбол.

Компьютер, интернетдан

Унумли фойдаланиш.

Янги технологиялар,

Кашф этиш ва яратиш.

Китобдан илм олиш,

Уни кенг тарғиб қилиш.

Келажакда албатта,

Ватанга наф келтириш.

Аёлларни, қизларни,

Бандлигини таъминлаш.

Тадбиркор, тикувчилик,

Илм-у ҳунарга бошлаш.

Беш ташаббус бариси,

Ниятидир, бўлиш пок.

Шундай доно ёшларнинг,

Келажагидир порлоқ.

Жасмина КОМИЛОВА,

Муҳаммад ЮСУФ ижод мактаби ўқувчиси.

 

Меҳмон келса

яйраб кетаман

Меҳмон учун дарвозам очиқ,

Топганларим меҳмонга тортиқ.

Қувонч борми бундан ҳам ортиқ,

Меҳмон келса яйраб кетаман.

 

Ноз-неъматга тўла дастурхон,

Ризқи билан келади меҳмон.

Хизмат қилиб чарчамай ҳамон,

Меҳмон келса яйраб кетаман.

 

Ўтганларни эслаб қоламиз,

Қуръон ўқиб ёдга оламиз.

То тонггача бирга бўламиз,

Меҳмон келса яйраб кетаман.

 

Мени йўқлаб довонлар ошиб,

Талпинишса мен томон шошиб.

Нечун кутмай дарёдай тошиб,

Меҳмон келса яйраб кетаман.

 

Исмонали исмим сизга ёд,

Ҳар бирингиз сийласин ҳаёт.

Кўнгил уйи дўст билан обод,

Меҳмон келса яйраб кетаман.

Исмонали ХОЖИМАТОВ,

Балиқчи тумани.

Ортимда қол жуфти ҳалолим

(Эркакларнинг аёлларга тилаги)

 

Бир умрга бўлдинг сирдошим,

Қайга борсам ўзинг йўлдошим.

Ёнимдасан, баланддир бошим,

Калимамсан, тилдаги болим,

Ортимда қол жуфти ҳалолим.

 

Ишдан хориб келганим замон,

Пешвоз чиқиб йўлларим томон,

Қайда бўлсанг, келдинг сен шу он,

Қайда бўлмай сенда хаёлим,

Ортимда қол жуфти ҳалолим.

 

Хафа қилсам ранжимайсан лек,

Койисамда, сақламасдан кек.

Ширин сўзинг аямасдан ҳеч,

Содиқ бўлдинг доим, аёлим,

Ортимда қол жуфти ҳалолим.

 

Сендир уйимнинг фариштаси,

Сарамжону-у ҳам сариштаси.

Йўқ сен каби ишининг устаси,

Ишонаман сенга рўзғорим,

Ортимда қол жуфти ҳалолим.

 

Фарзанд учун бўлиб оввора,

Ўйламадинг ўзни бир бора.

Ҳар ишга сен тополдинг чора,

Сенсиз не кечарди аҳволим,

Ортимда қол жуфти ҳалолим.

 

Сен туфайли осуда ҳаёт,

Куй-қўшиқда таралур баёт.

Юртимиздир доимо обод,

Кундуз қуёш, тунда ҳилолим,

Ортимда қол жуфти ҳалолим.

Гулнора МАҲКАМОВА,

Избоскан тумани.

 

Тўйлар бўлсин

Тўй яхши-да, ушбу кун барча хуррам, шод бўлур,

Хонадону маҳалла, кўчалар обод бўлур.

 

Йиғилгайдир жам бўлиб қон-қариндош, жўралар,

Кўнгиллар ғам-ташвишу ситамдан озод бўлур.

 

Янграгай тонг саҳарда, карнай-сурнай садоси,

Тўкин дастурхон узра ўтганлар ҳам ёд бўлур.

 

Қанча меҳнат, машаққат ила кутдик бу кунни,

Айрим ҳасад аҳлининг қалбида фарёд бўлур.

 

Қиз-йигитлар кузатур зимдан бир-бирларини,

Кимнингдир кўз қараши кимгадир сайёд бўлур.

 

Куй-қўшиқлар янграгай, авж олар базм, тантана,

Балки бу кун даврада бир гўзал ижод бўлур.

 

Тўйлар бўлсин доимо, ҳар ўзбекнинг уйида,

Машрабхон, шунда меҳру оқибат бунёд бўлур.

Машрабхон АБДУЛЛАЕВА,

"Ёғду" адабий мактаби аъзоси.

 

  Мувашшаҳ

Саккизинчи март бугун онамларнинг байрами,

Аёл, опа-сингил шод, холамларнинг байрами.

 

Кайвоний онахонлар жуда ҳавас қилгулик,

Куёв-келинлар қувноқ, кўзда йўқ ёшлар нами.

 

Ибрат бўлиб атрофга намунали хонадон,

Забардаст хожи она жуда кучлидир дами.

 

Ибратли бўлиб яшанг, ҳавас қилсин дугона,

Назокатли, меҳрибон, хожангизнинг малҳами.

 

Чиройда тенги йўқ сиз, олима-ю, шоира,

Ижодда Зулфиядек ўз ёрининг ҳамдами.

 

Мазаси оғзингизда хожи она сувлари,

Атай Каъбатуллоҳдан олиб келган зам-зами.

 

Рўзғорда иноқ бўлинг, ўшандадир барака,

Тенг тортилса арава қолмас рўзғорнинг ками.

Нишонбой БОЛТАБОЕВ,

 

Қўрғонтепа тумани, Савай қишлоғи.

БУ ЁРУF ОЛАМДА ВАТАН БИТТАДИР...

Дил изҳори

Аёл - яратганнинг мўъжизасидир. Унда ибо-ҳаё, гўзаллик, фидойилик, матонат ва жасорат мужассам. Ҳаётдаги барча гўзалликлар аёлга бўлган муҳаббат туфайли юзага келади.

Аёлларнинг назокати эркакларга ҳамиша қанот бағишлаб келганлиги рост. Аёл фидойиликни тушунибгина қолмай, ўзини фидо қилишни ҳам билади. Очиғини айтганда, аёлсиз ҳаёт тонги ҳамда оқшоми заиф, кундузи эса ғамгиндир. 

"Аёлни улуғламоқ оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ, демакдир!" Дарҳақиқат, аёл дунё бешигини тебратган, олам ва одам деган буюк тушунчаларни ўзида мужассамлаштирган сеҳрли бир қудрат. Аёл жамики инсон учун волида. У алла, вафо, муҳаббат, садоқат, жасорат, бардош ва сўнмас қўшиқдир.

Бугун жамиятимизда опа-сингилларимиз эл-юрт равнақи йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Ҳар соҳада аёлнинг - хотин-қизларнинг ўрни баланд, ҳаётимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файз-барака, юксалишда уларнинг ҳиссалари катта. Оилада тутган ўринлари беқиёс. Дунёда муқаддас деган номга энг муносиб зот ҳам аёлдир.

Мунис аёлларимизнинг байрами баҳорнинг илк кунларида, табиатнинг уйғониши билан ҳамоҳангликда бўлишида ҳам ўзгача маъно бор, албатта. Атрофга боқинг, ўлкамизга яна баҳор келди. Қувончу шодликларни, байрамларни етаклаб, дилларга сурур бағишлаб, яна баҳор келди,

Баҳорни биринчи бўлиб аёлу деҳқон илғайди. Амал кирди, деб деҳқон даласига ошиқади. Баҳор келди, деб хотин-қизларимиз ер юзини очишга шошадилар. Уларнинг ўзи бир баҳор. Демоқчиманки, баҳор деганда аёлни кўрамиз. Аёл деганда баҳорни ҳис қиламиз. Бу икки тимсол бир-бирини тўлдириб туради.

Гўзаллигу нафосатга, латофату садоқатга аёл қалби макон. Ватанни мўътабар зот - Онага қиёс этганлар. Мўътабар, муқаддас сўзига она деган зотни қўшиб айтсангиз, у мағрур жаранглайди...

Шоир айтганидек:

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда Она деган ном.

Опа-сингилларимизни байрамлари билан самимий муборакбод этамиз. Маъсума чеҳраларидаги гўзаллик, бахт учқунлари бутун борлиққа дунёга нур улашсин!

 

Муножатхон

СУЛАЙМОНОВА,

 Шаҳрихон туманидаги

 

26-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Баҳор келди сени сўроқлаб...

Ижод илҳоми

Ўзбек адабиётида ўз халқининг овози бўлган, ижоди ила халқларни бир-бирига боғлаган, келажакка илҳомлантира олган ёзувчи ва шоирлар бармоқ билан санарли. Ана шундай ижодкорлардан бири - Зулфияхонимдир.

"Зулфияхоним шеъри, - деб ёзган эди Ўзбекистон халқ шоири Миртемир, - у чинакам шеър. Чинакам шеър...У қандай шеър ўзи? Чинакам шеър - халқ ҳаётини: ўтмиши, ҳозири, келажагини, курашини, меҳнатини, дилини, орзу истакларини, дард-аламларини ҳаққоний куйловчи, дунёга, замонга дахлдор воқеалар, масалалар моҳиятини очувчи, инсоннинг ҳар томонлама камол топишига хизмат қила олувчи, ўқиганда қони ҳаракатини тезлатувчи, қалбни ҳаяжонга келтирувчи, ўйлатувчи самимий мисралардир. Бундай шеър ҳеч қачон эскирмайди. У ҳамиша янгилигича туради, сақланади.

Мен бир жонки, борлиғим туйғу,

Ҳамма билан бор ишим.

Афсус, озор мудом беуйқу,

Бахтга чангал солар жим.

Шундай, барча тақдир йўлдошим,

Кўзларим қалбга кўзгу.

Ер бахтидан айланар бошим,

Тинчлик бермас минг орзу.

("Кўзингда ёш дейсан")

Шеър ўқимоқ ва уқмоқ шоир қалб тебранишларини тингламоқ ва ҳис қилмоқдир. Биз ҳаммамиз Зулфиянинг асарларини кўп марта ўқиганмиз. Яна ўқиймиз. Чунки, улар чинакам шеърлардир.

Зулфияхоним баҳорни жуда-жуда ёқтирарди. Шундан бўлса керак, унинг шеърлари баҳорий ҳароратга, ҳаётбахш руҳга тўладир.

Ҳаво кўм-кўк, унда йўқ ғубор,

Қуёш нурин беҳад сочади.

Ерда ажиб тўлишиб баҳор,

Ҳар кун янги чеҳра очади. ("Баҳор")

Кўз олдимизда кўкламнинг илк кунлари, қуёшнинг хуш ёқувчи заррин нурлари, майин еллар, баҳор даракчиси бойчечаклар очилиб, замин аста яшилликка бурканаётган бетакрор бир манзара жонланади.

Зулфия ижодида таъсирчан, хотирада сақланиб қоладиган шеърлар талайгина. Айниқса, умр йўлдоши, бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжон хотирасига бағишлаб ёзган шеърлари ана шундай шеърлар сирасига киради.

Зулфиянинг "Юлдуз", "Кечир, қолдим ғафлатда", "Баҳор келди сени сўроқлаб", "Кўрганмидинг кўзларимда ёш", "Сен қайдасан юрагим", Не балога этдинг мубтало" ва бошқа шеърларидан баҳор севинчлари билан қалбга кирган, бевақт айрилган, абадул-абад яшовчи улуғ муҳаббат садолари эшитилади.

Соғинганда эслаб бир нишон,

Қабринг томон олар эдим йўл.

Келтирардинг менга бир замон,

Энди ҳар чоғ мен элтаман гул.

...Биз йиғладик тепангда шу кун,

Келдингми, деб кўтармадинг бош.

Айт-чи сенла бахтиёр онлар,

Кўрганмидинг кўзимда бир ёш?

Зулфия шеърларидаги зиё, нур, ҳарорат қалбларимизни ёритади. Дилларимизга эзгулик, гўзаллик уруғларини экади. Унинг шеърлари ҳар биримизни Ватанимиз, халқимиз учун, келажак авлодлар бахт-саодати учун улуғвор ишларни амалга оширишга ундайди. 

Фасллар алмашиб, баҳорлар келаверади. Улар халқимизнинг забардаст инсонларини, кўкламга ошиқ шоирларини сўроқлайверади.

Она заминимизга яна баҳор келди. Бир вақтлар Ҳамид Олимжонни излаб, сарсари кезган Баҳор энди Зулфияни ҳам сўроқлаб келди.

Осиёхон МУҚИМОВА,

Асака туманидаги 

6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

"Дунёнинг ишлари"- оналар ҳақидаги энг таъсирли асар

Севимли китобим

Она! Қалбларни титратувчи, этларни жимирлатувчи, айтилганда юрагингда фахр-ифтихор ҳиссини уйғотувчи сеҳрли сўз - бу! Қандай ҳам сеҳрли бўлмасин? Ахир, бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратувчи муқаддас зот ҳақида гап кетмоқда. Оналарни ҳамиша улуғлаб, шаънига энг чиройли мисралар битамиз. Улар ҳақида қанча кўп гапирсак, қанча ардоқласак шунча кам.

Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" асари оналар ҳақида битилган, она меҳри, садоқатини, оналикнинг беминнат оламини ёритиб бера олган энг бебаҳо қиссадир.

Асарни ўқиганимда анчагача унинг таъсиридан чиқолмадим. Оналар борлигига шукр қилдим. Оналарнинг қадри чегарасиз эканлигини яна бир бор англадим. Ҳамма Она бир. Адиб айтганидай: "Мабодо Тангри марҳумларга қайта жон ато қилса-ю, оналар тирилиб қолса, ҳаёт пайтида меҳр берганми, бермаганми - барибир фарзандларини мақтаб гапирган бўларди. Оналар ҳатто вафотидан кейин ҳам оналигича қолади." Адиб ўз асаридаги ҳикояларда оналарни шундай кўрсатиб берган-ки, ўқиб фақат мароқ топасиз, Онангизни ўйлайсиз. Сизнинг Онангиз билан адибнинг Онасининг ҳаракатлари, гапиришлари, меҳри, жон куйдириши бир хил эканлигини  ҳис этасиз.

"Дунёнинг ишлари" қизиқ. Бир қарасангиз кераксиз одамлар учун вақтимизни, боримизни аямаймиз. Яна бир қарасангиз, уларни бошимизда олиб юрамиз. Лекин, бизни ўсиб улғайтирган инсонларни қадрига етмас эканмиз. Онанинг ўрни бўлаклигини адиб бот-бот такрорлаган ва бу ўқувчига таъсир қилмай қолмайди. Айниқса, ёзувчининг ушбу гаплари ростдек туюлди: "Хотинига қимматбаҳо пўстин олиб бераётганида, онасига бир кийимлик кўйлак қўшиб олиш ёдидан чиқмадимикан? Ўз уйини чет эл мебели билан тўлдириб қўйганида онасига ақалли бўйрадеккина гиламча совға қилишни унутмадимикан? Қизини туғилган кунида атлас кўйлак, ўғлини велосипед билан қутлаганида онасига оддий бир пайпоқ олиб беришни эсидан чиқармадимикан?"

Она ўз боласи учун ҳатто оёқлари совуқдан қақшаб, музлаганини ҳам сезмайди. Боласи учун ўша дардни ўзи ошириб олганини эса унутади. Йилларки, оёқ оғриғидан қийналса-да, буни боласига миннат қилмайди.

Китобнинг шу даражада оммалашишига ёзувчининг ҳар бир қаҳрамон табиатига алоҳида ёндошгани, миллийликка урғу бергани ва асарнинг таъсирчан воқеаларга бойлиги, самимийликка йўғрилгани сабаб, деб ўйлайман.

Ушбу китоб нафақат ёшлар, балки кексаларимизнинг ҳам кўнглидан жой олганлигига кўп бор гувоҳ бўлдим. Ушбу китоб кўнгиллардан жой олди, қолаверса, ҳар бир инсонни оналарни қадрлашга, йўқлашга, ҳурмат-эътибор кўрсатишга ундайди. Балки, шунинг учун ҳам бу китоб менинг энг севимли китобимга айланган.

Нозима FОФУРЖОНОВА,

 

Андижон шаҳри.

Муқаддима

Янги китоб

Умидахон Эгамбердиеванинг асли касби муаллим бўлса-да, кўплар уни ижодкор сифатида яхши билади, насрда ижод қилади. Унинг турли мавзулардаги мақолалари, қизиқарли ҳикоялари газетамиз саҳифаларида ҳам кўп бор эълон қилинган.

Ижодкорнинг "Дийдор", "Менинг университетларим", "Ҳаёт давом этади" насрий тўпламлари китобхонлар эътирофига сазовор бўлиб улгурган.

Умидахон опанинг ҳикоялари ичида болаларга аталганлари кўп. Бу ҳикоялар мактаб ўқувчилари учун нашр этилган адабиётларга ҳам киритилган. Унинг "Муқаддима" деб номланган мазкур янги китобидан ҳам болалар учун ёзилган ҳикоялари ўрин олган.

Ана шу ҳикоялар билан танишиш орқали сиз болаликнинг беғубор оламига тушиб қолгандай бўласиз. Ҳикояларда миллий анъана ва урф-одатларимиз, ўзига хос гўзал қадриятларимиз жуда чиройли ёритиб берилган.

Ибратомуз ҳаётий лавҳалардан иборат ҳикоялар нафақат болалар, балки кенг китобхонларни ҳам қизиқтиришига асло, шубҳа йўқ.

 

"Иқбол" газетаси

 

Таҳририяти

Билим, ўрганиш - муваффақиятларнинг асоси

Мутахассис минбари

Ўқувчиларни билимдон, ҳаёт синовларини енгиб ўтадиган ақл-заковатли қилиб тарбиялаш муаллимнинг энг биринчи вазифасидир. Шу билан бирга, ўқувчиларни маънавияти, одоб-ахлоқига ҳам алоҳида эътибор қаратиши лозим. Ана шундан келиб чиқиб, Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга доир беш ташаббуси ижроси доирасида синфимизда қатор тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Мен ўқувчиларим иштирокида маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишда уларнинг ташкилотчилигига таянаман. "Ўрганамиз, ижод қиламиз, изланамиз, интиламиз" шиори остида ўтказилган тадбирда ҳам ўқувчилар ўзларининг билим, иқтидор ва маҳоратини намо-йиш этдилар. Давомий тарзда ўтказиб келинаётган бу тадбир синфдаги ёш мусаввирларни, спортчиларни, АКТ билимдонларини, китобхон ҳамда ижодкорларни кашф этишга хизмат қилмокда.

 Фанлардан ташкил этилган тўгараклар фаолияти ўқувчилар ижодкорлигига замин яратади. 1-, 2-синфданоқ табиат, ҳайвонлар, болаликка бағишланган, ўзидаги ҳайрат, ҳаяжон, эзгу орзуларини шеър, кичик ҳикояларда ифодалашга интилган ижодкор ўқувчилар сафи ортди.

"Чаққонлик-моҳирлик - шиоримиз" номинацияси ўқувчилар фаолиятини таққослаш, имкониятларига баҳо беришда муҳим аҳамият касб этса, ўқувчиларнинг ҳаётни англаш ва ижодий фикрларини ривожлантиришда шарқона фалсафанинг аҳамияти катта.

Халқ ўйинлари ёрдамида ўқувчиларнинг шахсий сифатларини шакллантириш, уларда умуминсоний фазилатлар, ўғил болаларда жасурлик, ботирлик, қатъиятлилик, чапдастлик, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва ҳаракатланиш, қизларда эса нафосат, орасталик, гўзаллик каби ҳислатларни қарор топтиришга ёрдам беради. Халқ ўйинларини спорт турлари билан ҳамоҳанг тарзда ўтказиш  яхши самара беради.

Болажонлар қалбида гўзалликка ошуфталик, олам ва одамга, табиатга меҳр, санъатга муҳаббат, шеъриятга, мусиқага ошно бўлиш туйғуларини янада мустаҳкамлаш учун  тайёрланган бадиий дастурлар, саҳна кўринишлари тадбир меҳмонлари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

"Ақлга - билим, қалбга - маънавият" шиори остида ўтган китобхонлар танловида китоб тафаккур гулшани, ақл қайроғи эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди. Яъни, танлов иштирокчилари ўзлари мустақил ўқиган бадиий адабиётлари, жаҳон адабиёти вакиллари асарларидан олган таассуротларини сўзлаб бердилар.

Тадбир доирасида ўқувчиларнинг ўзлари томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари кўргазмаси болаларнинг меҳнат қилишга бўлган қизиқишларини янада оширди.

 

Дилдора МАМАДАЛИЕВА,

Жалақудуқ туманидаги

 

1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ЖАЖЖИ БОЛАЖОНЛАР МЕҲМОНЛАРНИ ЛОЛ ҚОЛДИРДИ

Олтинкўл туманидаги 7-мактабгача таълим ташкилотида "Нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш малакаларини ривожлантириш" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари  мудирлари, услубчилари, ҳамшира ва тарбиячилари, ота-оналар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Олтинкўл тумани мактабгача таълим бўлими услубчиси Мавлудахон Каримова, 7-МТТ мудири Муҳаббатхон Азимова, тарбиячи Нодирахон Каримова ва бошқалар ҳар томонлама баркамол, эркин фикрлайдиган ёш авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айлангани, бошланғич таълимда нутқ ўстириш муаммоси доимо диққат марказида бўлиши лозимлиги, дидактик ўйинларни ташкил қилиш орқали болаларнинг оғзаки ва ёзма нутқини ўстиришга эришиш хусусида тўхталдилар.

Семинарда тарбиячилар томонидан меҳмонларга нутқ ўстириш, санъат, саҳналаштириш, қуриш-ясаш ва табиат-фан йўналишлари бўйича намунали машғулотлар кўрсатиб берилди.       

Жажжи болажонлар бийрон-бийрон сўзлаб, саҳнада қўшиқ ва рақслар ижро этиб, саволларга бурро жавоб бериб, меҳмонлар олқишига сазовор бўлдилар. Айниқса, кўкламни соғинган мурғак     қалбларнинг баҳор, она меҳри, аёл мавзусидаги бадиий-мусиқий чиқишлари барчага манзур бўлди.

Семинар якунида фаол иштирок этган тарбиячилар рағбатлантирилди.

Азиза АҲМАДАЛИЕВА,

Андижон шаҳридаги

 

5-умумтаълим мактаби ўқитувчси.

Оналар фарзандларига ибрат бўлди

Марҳамат туманидаги 29-умумтаълим мактабида "Моҳир қўллар" деб номланган кўрик-танлов ўтказилди.

Мактабнинг 4-А синф раҳбари С. Баҳромова ва технология фани  ўқитувчиси М. Қаҳҳорова ташаббуси билан Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижроси доирасида ўтказилган танловда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбир очилишида сўз олган мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари М. Абдурасулова ва бошқалар тадбирнинг аҳамияти. Ўқувчи ёшларда меҳнат кўникмаларини шакллантириш, бу борада ота-оналар билан ҳамкорлик масалалари хусусида тўхталдилар.

Танловда 4-синфнинг бир гуруҳ ўқувчилари оналари билан биргаликда пазандалик, тикувчилик, китоб мутолааси, спорт ва санъат йўналишларида ўзларининг билим ва  маҳоратларини намойиш этди. Кўрикда оналар    фарзандларига ибрат бўлдилар, қолаверса, ушбу тадбир ўқувчи ёшларда меҳнат кўникмаси шаклланиши, китоб ўқишга, спортга бўлган қизиқишларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

 Якунда танловнинг ғолиб ва   совриндорлари мактаб маъмурияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Шоирахон АСҚАРОВА,

 

мазкур мактаб ўқитувчиси.

Экологик тарбия - муҳим вазифа

Талаба фикри

Биология фани ўқувчиларга ҳаёт ва инсон, табиат ва ҳайвонот дунёси тўғрисида билим бериш орқали уларда она табиатга муҳаббат ҳис-туйғусини ўстиради, экологик тарбияни шакллантиради ва бойитади. 

Ер юзида сув танқислиги ортиб, табий ресурслар камайиб бораётган, она табиат асл қиёфасини йўқотаётган, инсон учун тоза сув ва соф  ҳаво  ниҳоятда зарур эканлиги долзарб масалага айланаётган бугунги кунда ўқувчиларга экологик тарбия бериш муҳим вазифадир.  

Агар сув ва ҳаво ифлосланиб бораверса, одамларда бундай ҳолатга нисбатан лоқайдлик кайфияти давом этаверса, у ҳолда инсоннинг нормал ҳаёт кечириши хавф остида қолади. Айниқса, орол денгизининг қуриб битиши, ҳавода озон қатламининг емирилиши, табиат, сув хавзаларининг ифлосланиши каби ҳаётий муаммолар ҳар биримиздан табиат ва атроф-муҳитга оқилона муносабатда бўлишни, табиатни асраб-авайлашни тақозо этади.

Шу маънода биология      дарслари ўқувчиларнинг ана шу йўналишдаги билимларини бойитиш, экологик тарбия беришда муҳим аҳамият касб этади.  Шу боис, ўқувчиларга ўсимликлар мавзусида дарс ўтиш жараёнида яшил табиат, ўсимлик дунёси тирикликнинг, яъни кислород манбаи эканини тушунтириши, биз ҳамиша ўсимликлар ва дов-дарахтларни асрамоғимиз, кўпроқ дарахт кўчатларини экишимиз лозимлигини тушунтиришимиз зарур.

Қушлар ёки  ҳайвонларнинг  табиатда мавжудлиги  қанчалар фойдали, инсонлар эса уларни асраб-авайлашлари зарур эканлигини дилдан англамоғимиз лозим. 

26 февраль - 6 март кунлари  вилоятимизда дарахт экиш ўн кунлиги ўтказилмоқда. Ҳар биримиз ўз хонадонимизга, меҳнат жамоамизга, ўзимиз таҳсил олаётган таълим муассасаси ҳудудига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиб, ана шу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшайлик.

 

Ойшахон РАЗЗОҚОВА,

АДУ  биология

 

факультети талабаси.