+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚИЗ ФАРЗАНД - ТАНГРИНИНГ ИНЪОМИ

Мулоҳаза

Умр йўлларида бардавом эканмиз, ундаги пасту баландликлар, ёмғиру дўллардан омон ўтмоғимизда яқинларимизнинг далдаси-ю, қайноқ  меҳри  бизга тоғдек куч беради. Ота-онамиз ҳаётимиз устунлари, йўлимизни ёритгувчи  чироқдир. Улар бўлса уйимиз  файзли, ҳаётимиз  маъноли бўлади. Баҳордек умримизни яшнатувчи  туғишганларимиз - ака-ука, опа-сингилларимиз эса парвозимизга чин маънода қанот бағишлайди

Мана шулар  умр йўлларида  тиргагимиз, мададкорларимиздир. Садоқатнинг салқин  елларида  вужудингизга ором бағишловчи, жажжигина юракчасида тоғдек меҳрни жамлаб, тим қорагина чақнаб турган кўзлари билан сизга боқиб, сиз нимани хоҳлашингизни англаб тургувчи жажжи  дастёрингиз  - эрка қизингиз эса мўъжиза.

Ёшлигимда отасига меҳрибон қиз ҳақида бир ҳикоя ўқиган эдим. Қизнинг эътибори, меҳри туфайли  ота сафардан кўнгилсизликка учрамай, соғ-саломат қайтиб келади.

Сафарга кетаётган ота қизларини ёнига чақириб, уларга чет элдан нима олиб келишини хоҳлашларини сўрабди. Катта қиз китоб, ўртанча қиз кўйлак, кенжа қиз эса, "менга сизнинг сафардан соғ-саломат қайтишингиздан бўлак совға керак эмас", деб жавоб берган экан.

Дарҳақиқат, меҳр ва вафо борасида уларга етадигани йўқ. Бироқ, қиз фарзанд меҳрибон бўлиш билан бирга, Тангрининг сизга берилган энг буюк инъомидир. Сиз қандай эзгу амалингиз учун қиз билан сийланганингизни билмайсиз, аслида.

Англиядаги қишлоқларнинг бирида Томас исмли бир киши яшар экан. У камбағал, таомини зўрға топиб ерди. Аллоҳ таоло унга бир қиз фарзанд ато қилганди. Қизи беш ёшга кирганида оёқ пайларига тузалмас дард тегиб, бўйи ўсмай қолди. Кейин билишса, у энди юролмас ҳам экан. Томас қачон уйга қайтиб, қизининг хонасига кирса, уни йиғлаб ўтирган ҳолда кўрарди. Буни кўриб қизининг олдидан чиқиб жаҳл қилиб деворларни тепар, бақирар ва турли ичимликлар ичар эди. У ҳар доим "Нима учун, Худо, мени камбағал қилдинг, бунинг устига қизимни ҳам шу аҳволга солдинг?" - деб нолиб юрарди.

Бир кун у ишга борди, у ерда дўстига шикоят қилди. Дўсти: "Эй биродар, қизлар Аллоҳнинг Жамол деган сифатининг сирларидан биридир, яъни Аллоҳ таоло қизларга Ўзининг Жамол сифатидан баъзи сирларни яшириб қўйган. Уни қидириб топиш керак, ҳаракат қилиш керак, қизингга яқин бўлиб, сирлардан фойдаланиб қол. Аллоҳ таоло бу дунёда сенга берган қиз фарзандингдаги сирини бир кун сенга ошкор қилади" деди.

Бу гапдан кейин Томас ишдан чиқиб уйга қайтди. Ҳар доимгидек, қизи йиғлаб ўтирар эди. Одатда, ота бу ҳолатдан кейин чиқиб, жаҳл қилиб, ҳамма нарсани уриб, асабийлашар эди. Лекин, бугун ундай қилмади ва қизини орқасига миндирганча хона бўйлаб юришни бошлади. Қиз йиғлашдан тўхтади, Томас яна ҳам тезроқ юра кетди, қиз аста кула бошлади. Бироздан кейин қизча қўлларини қушнинг қаноти каби кўтариб, қиқир-қиқир кула бошлади. Бундан Томаснинг шавқи ошди, анча йилдан бери маҳзун қалбида бахт деган туйғуни ҳис қилди. Бундан хурсанд ҳолда қизини кийинтириб, кўчага олиб чиқди. Кунлар ўтиб, бу одат тусига кирди.

Бир куни унинг қўшниси "Томас, анчадан буён ҳар куни югуриб юрганингни кузатаман. Йилда бир марта бўладиган Британия Қироличасининг ҳайрия марафонида қатнашиб кўрмайсанми?" - деб таклиф билдириб қолди. Томас ўйлаб кўришини айтди ва марафон бошланадиган куни иштирокчилар билан сафга турди. Томас ўшанда маррага учинчи бўлиб келган, лекин ҳамманинг назари унда эди. Чунки у елкасида опичиб олган ногирон қизи билан бошқалардан ажралиб турарди.

Шундан кейин ота ва қиз ҳар куни машқ қилишга тушишди, ҳаракат қилишди ва кейинги йилги марафонда маррага биринчи бўлиб келишди. Унга "Марафон ғолиби ва фарзандига энг яхши эътибор берувчи меҳрибон ота" сифатида қиролича томонидан тўққиз миллион доллар мукофот берилди.

Шу кундан бошлаб Томас Буюк Британиянинг миллионерларидан бирига айланди. У пулининг бир қисмига ширкат очиб, пештоқига: "Қизлар  Аллоҳнинг Жамол деган сифати сирларидан биридир", - деб ёзиб қўйди.

Қиз фарзанд, унинг отага яқинлиги, меҳри ҳақида яна кўплаб ривоят ва ҳикоялар борки, улардан айримлари бизни Тангрининг берган инъомига шукр келтиришга ундаса, айримлари фикр қилишга, ибрат олишга ундайди.

Айтишларича, қиз - қалбнинг қонидан, меҳрнинг жонидан яратилар эмиш. Унинг меҳри онангизни, ўзича  қилган ғамхўрлиги  отангизни эслатади. У бутун оламда сиздан-да яқин, сиздан-да кучли инсон йўқ, деб ҳисоблайди. Кичкинагина қўлчасини дуога очар экан, энг биринчи навбатда сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик сўрайди. Миттигина жуссасига дунёларча садоқатни ортиб, меҳр  диёрида абадий қолгувчи қизалоқларимизни борига шукр келтириб, бахту саодатини тилаб яшайлик! 

 

Сайфутдин ЖИЯНБЕКОВ,

Пахтаобод туманидаги

17-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.