+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ДЎСТЛИККА ОЛТИН КЎПРИК ҚУРГАНЛАР

Адабий алоқалар

Назм чашмасидан қониб баҳраманд бўлган инсон ҳайрати, қувончи, завқи, шавқи ўзгача бўлганидек, дўстлик туйғулари уфуриб турган лаҳзалар ҳам гўёки сўз билан таърифлашнинг имкони йўқ зўр байрамга ўхшайди. Минг шукрларки, бу каби лаҳзалар кўп бора такрорланиб-такрорланиб туриши эса, ўзбек хал­қининг бошқа халқлар билан иттифоқлигидан, самимийлигидан далолатдир. 

"Ҳар нарсанинг янгиси, аммо дўстнинг эскиси яхши" дейишади. Азал-азалдан дўст, қадрдон, қуда-анда, ён қўшни, жон қўшни бўлиб яшаётган ўзбек, қирғиз халқларининг турли соҳадаги манфаатли ҳамкорликлари қатори адабий, маданий алоқалари ҳам тобора кучаймоқда.

Бугун давр тақозоси билан ўзбек ва қирғиз халқлари адабий алоқаларининг тобора мустаҳкамланаётганлигини ўзбек халқ адибларининг асарлари қирғиз тилига, қирғиз халқ адибларининг асарлари эса ўзбек тилига ўгирилиб, китобхонлар ҳукмига ҳавола этилаётганидан ҳам яққол кўринади.

Ҳар бир халқнинг қандай халқ эканлиги оғзаки ижодидан тортиб, ёзма адабиётидаги назму-насрида, драматургиясида илгари сурилган ғоялари, эзгу тилаклари, қадриятлари, урф-одатлари, маданиятида намоён бўлади.

Қирғиз халқи ўзбек халқини адабиёти орқали теран англаб, юқори баҳо бераётганидек, ўз ўрнида ўзбек халқи ҳам қирғиз халқининг адабиёти билан танишиш асносида уларга яна ҳам меҳр қўймоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу борада икки халқни тиллаштираётган таржимонларнинг хизматлари муҳим ахамият касб этади.

Ижодкорлар  том маънода дўстлик элчиларидир. Истеъдодли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳодир Андижоний билан қирғиз халқининг таниқли  шоири, Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси Ўш бўлими раиси Тўрабой Жороевнинг ижодий дўстлиги, ҳамкорлиги туфайли икки халқ ижодкорлари, дўстлиги  ўртасига "олтин кўприк" ўрнатилди.

Тўрабой Жороев таржимаси билан Баҳодир Андижонийнинг "Заршода" ("Зер-седеп") шеърий тўпламини қирғиз халқи ўз она тилларида ўқиш, ўзбек хал­қининг бадиий олами билан танишиш имконига эга бўлдилар. Баҳодир Андижонийнинг қуйидаги сатрлари ҳақиқатни мадҳ этади:

 

Бу жаҳон ибрат олсин, дўстлик бобида бизлардан,

Ҳеч бир куч ажратолмас ўзбекни қирғизлардан.

Бирдир дину тилимиз, қордек оппоқ дилимиз,

Туташ эрур йўлимиз,  ўргилайин сизлардан.

Шоирнинг  назмий олами билан хоҳ ўзбек тилида, хоҳ қирғиз тилида танишманг, унинг ижодини катта бир тошқин дарёга қиёслаш мумкин. Чунки, шоирнинг шоиригина оддий ҳаётий ҳақиқатларни  ўзига хос жўшқинлик билан, вазн, қофия, туроқ билан моҳирона  ашъорда  тараннум қила олади.  

Бир умр бахт излаш аҳдимдир менинг,

Энг қиммат бойлигим вақтимдир менинг,

Набирам, чеварам ачомлашади,

Балки шунинг ўзи   бахтимдир менинг.

Шоир Баҳодир Андижонийнинг шеърияти мусиқавий оҳангга мос, китобхон руҳиятига ўта таъсирлилиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам шоирнинг 70 дан зиёд шеърлари бастакорлар томонидан қўшиққа айланган. Лирик классик ҳофиз ва мумтоз қўшиқлар ижрочиси Азизбек Зайнобиддинов ижросидаги "Изинг қолсин", ҳофиз Тўрахон Қодиров ижросидаги "Ўзбегим қирғиз билан" ва яна бошқа кўплаб қўшиқлар халқимиз томонидан севиб тингланувчи қўшиқлар сирасига киради. Айниқса, Андижон мусиқали драма театри актёри Зафарбек Саидбурхонов томонидан бадиий ижро этилган "Мен Бобурман" шеърини тинглаганингизда, беихтиёр кўзларингизга ёш келади. Бу эса сўз санъати қудратидир, десак муболоға бўлмайди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбе­кис­тон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтган йил охирларида Ўш шаҳрига ижодий сафар уюштирилиб, мазкур шеърий тўплам тақдимоти, яъни "Адабий дўстлик - абадий дўстлик" номли маънавий-маърифий тадбири Ўш давлат университетида ўтказилгани чинакам "Назм ва дўстлик" байрамига айланди. Инсонларга завқ-шавқ бағишлаган дўстлик байрамида тўпламга сўз боши ёзган қирғиз халқининг таниқли олими, филология фанлари доктори, профессор, Қирғиз Республикаси Миллий ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Сатканбай Момуналиев икки шоирнинг хаёти ва ижоди ҳақида сўзлади.

Ҳа, шоирлар инсон, инсон тақдири, уларнинг ўзаро муносабатлари, табиат, жамият ҳақида фикр юритадилар ва қувонадилар, қайғурадилар, ўзларининг осуда тунларини ҳаловатсиз ўтказадилар. Таниқли шоир Баҳодир Андижонийнинг ижоди ҳам шу каби хис-туйғулар самараси ўлароқ вужудга келганлиги аёндир. Жонсарак шоир Баҳодир Андижоний ижодининг тематикаси бой, унда Ватан, дўстлик, замон, ўтмиш, ҳозирги замон, келажак, муҳаббат мавзулари тараннум этилади. Шунингдек, унинг шеъриятида дўстлик ҳазиллари, бағишловлар, насиҳатлар ҳам ўрин олган.

Ўзбек ва қирғиз эллари ўзига хос ижод услуби, адабий йўлига эга бўлган Баҳодир Андижонийга юксак парвозлар тилайдилар ва янги-янги шеърлар кутиб қоладилар.

 

Маҳбубахон ТЕМИРОВА,

 

Андижон давлат университети Рус тили ва адабиёти кафедраси доценти, Филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

Мавлоно Жалолиддин Румий ҳикматлари

Ҳикматлар

      * Эгри оёқнинг сояси ҳам эгри бўлади.

* Сабр - инсонни мақсадига тез олиб борадиган йўл кўрсатувчидир.

* Ақллидан келган жафо нодондан келган вафодан яхшидир.

* Ёмон нафс йиртқич қушдир.

* Умид хавфсиз йўлнинг бошидир.

* Ақл қўйдир, нафс-бўри, иймон эса-чўпон. Агар иймон кучли бўлмаса, нафс ақлни ейди.

* Тил қозоннинг қопқоғига ўхшайди. Қимирлаб ҳиди таралдими, нима пишаётганини билиб олаверасан.

* Ҳар тил кўнгилнинг пардасидир. Парда қимирладими, сирлар очилади.

* Ҳақиқий дўстлар қўл билан кўз кабидирлар. Қўл оғриганда кўз йиғлайди, кўз йиғлаганида, қўл уни артади.

 * Яхши дўсти борнинг оинага эҳтиёжи йўқдир.

Мавлоно Румий асарларидан Қўрғонтепа туманидаги 27-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Машҳурахон Зокирова тўплади.

Кундалик рўзғор ишлари эрта ўлим хавфини камайтиради

Тадқиқот

Норвегиялик мутахассислар олиб борган тадқиқотларга кўра, кундалик рўзғор ишлари эрта ўлим хавфини камайтирар экан.

Осло спорт фанлари мактабининг экспертлари ўтказган тадқиқотда 36 минг киши иштирок этган. Уларнинг барчаси 40 ёшли ва ундан катталардир.

Бу кўнгиллилар жисмоний фаолликни қайд этиб борувчи махсус қурилмаларни олти йил давомида тақиб юришди. Уларни меҳнатсеварлигига қараб тўрт гуруҳга ажратишди. Олти йил ўтганидан кейин уларнинг ҳаммаси бошдан-оёқ тиббий кўрикдан ўтказилди.

Аниқланишича, энг дангасалар - энг кўп хавф остида. Саломатлик билан боғлиқ бирон-бир хуруж, қон қуйилишидан ўлим топиш эҳтимоли уларда анча юқори.

Юқоридаги гуруҳдан атиги 5 дақиқа фаолроқ бўлган кейинги гуруҳда жисмоний ҳолат 52 фоизга юқорироқ экани маълум бўлди.

Булардан ҳам фаолроқ учинчи гуруҳдагиларда эса эрта ўлим топиш хавфи 66 фоизга паст экан.

Ва ниҳоят, энг тетик ва ҳаракатчан инсонларда эрта ўлим хавфи 73 фоиз паст. Булар асосан кунига ўртача беш соатгача енгил жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи инсонлар, масалан, уй бекалари.

Гап бу ерда спорт залидаги машғулотлар ёки гимнастика ҳақида кетмаяпти, исталган жисмоний фаоллик муҳим: кўпроқ пиёда юриш, уйни йиғиштириш, идиш-товоқларни ювиш, овқат тайёрлаш - хуллас, бир жойда ўтиришдан кўра, ҳаракатланиш билан боғлиқ барча ишлар.

Дарвоқе, олимлар шуни ҳам ҳисоблаб чиқишди, кунига 9,5 соат бир жойда ўтириб ишлаш - ёш ўлиб кетиш эҳтимолини икки бараварга оширар экан.

 

 

Муҳайё тайёрлади.

"Лазги" ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди

Бу ҳақда эшитдингизми?

Ўтган йилнинг  декабрь ойида Колумбиянинг Богота шаҳрида ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси У. Шадиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси "Лазги" ҳақида тақдимот намойишини ўтказиб, мамлакатимизнинг бой тарихи, маданий салоҳияти билан кенг таништирдилар.

ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитаси "Лазги"ни инсониятнинг номоддий мероси Репрезентатив рўйхатига овоз бермасдан кенг консенсус асосида киритишни маъқуллади. Шу тариқа, Хоразм рақси - "Лазги" инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига Ўзбекистон маданий меросининг элементи сифатида киритилди, дея хабар бермоқда Маданият вазирлиги расмий сайти.

Шунингдек, бахшичилик санъати ҳамда этник спорт турларини мазкур рўйхатга киритиш бўйича иш бошланди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, шу кунга қадар ЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига "Бойсун тумани маданий муҳити", "Шашмақом" (2008), "Катта ашула" (2009), "Аския" (2014), "Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар" "Наврўз" (2016) киритилган.

 

Раҳимжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ.

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Саодат олиб келсин

Янги йил барчамизга бахт-омад олиб келсин,

Тинч-осойишта ҳаёт тоабад олиб келсин.

 

Юртимизга беҳисоб мол-давлат олиб келсин,

Ҳар ишда, ҳар соҳада шон-шавкат олиб келсин.

 

Қай кимсанинг хонадони беҳаловат бўлса гар,

Ул зотнинг кулбасига ҳаловат олиб келсин.

 

Ўзи ўзбек бўлибон ўз динини билмаган,

Мусулмоннинг қалбига саловат олиб келсин.

 

Ажримларнинг касридан етимлар кўпаймоқда,

Барчасига чек қўйиб садоқат олиб келсин.

 

Кексаларга фароғат, ёшларга зафар бирла,

Битмас шижоату, кўркам одат олиб келсин.

 

Лутф айлар Арофат чуқур эҳтиром ила,

Янги йил ҳаммамизга саодат олиб келсин.

 

Арофат МЎЙДИНЖОН қизи

Алпомиш

изидан

Мен бир касбни ўйлаб,

Хаёлга толиб қолдим.

Бобом берарди сўйлаб,

Шуни ёдимга олдим.

 

Ухламайди тунлари,

Чегарада тик турар.

Ҳатто байрам кунлари,

Халқини ўйлаб юрар.

 

Алпомишнинг изидан,

Юради мард акалар.

Амир Темур сўзидан,

Ўрнак олар укалар.

 

Ўн икки ой, бир йилда,

Таътил олар икки бор.

Ҳаёти турар қилда,

Аллоҳ бўлсин мададкор.

 

Зилола Оловуддин қизи,

"Орзу" адабий мактаби

тингловчиси.

 

 

  Қорсиз қиш

Ҳайқирди гувиллаб, келдим дея қиш,

Дарахтлар совуқда турарлар хомуш.

Олиб келди қиш бизга совуқ довуллар,

Титратар барчани бу совуқ кунлар.

 

Қиш намоён этмас йўғу борини,

Қизғонади биздан оппоқ қорини.

Биз энди қорбобо ясаймиз қачон,

Қорбўрон ўйнашни кутамиз ҳар он.

 

Учқунлаб ўтади қор парчалари,

Умидвор кўнгиллар қилади ташвиш.

Соғиниб кетамиз яхмалакларни,

Зериктирар бизни қорсиз қора қиш.

 

Мубина АЮБЖОНОВА,

Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Ватан, сени жондан, ёниб севаман

Ҳамиша қалбимнинг тўрида ўзинг,

Ёниб турган қаро кўзимда ўзинг.

Кулиб турган чеҳрам, сўзимда ўзинг,

Ватан, сени жондан ёниб севаман.

 

Кечаги кунимиз шодликда ўтди,

Бугунги кунимиз бахтлироқ кечди.

Эртага ишонч бор, энди бизларда,

Ватан, сени ишонч билан севаман.

 

Жаннатмакон диёр, қуёшли ўлка,

Кунлари узуним, тунлари ёруғ.

Бағрингда бахтлиман, эркаман-эрка,

Ўзига бек миллатим ёймоқда довруғ.

 

Доим фахру қувонч билан севаман,

Ватан, сени жондан ёниб севаман.

Муқаддасхон АРАББОЕВА,

Хўжаобод тиббиёт коллежи ўқувчиси.

 

ШУКРОНА

Бухоронинг эрка, шўх қизи эдим,

Кўкларда порлаган юлдузи эдим.

Отамнинг ишончи, ёлғизи эдим,

Узатдилар, ҳарбийнинг аёли бўлдим.

 

Лейтенант йигитга елкадош бўлдим,

Ёр бўлдим ёнида, париваш бўлдим,

Рашк қилиб гоҳида, ўт-оташ бўлдим,

Бахтлиман, ҳарбийнинг аёли бўлдим.

 

Сайёҳдек яшайман шаҳарма-шаҳар,

Ёримни кузатиб эрта тонг саҳар.

Мусофир бўлсамда, туйиб минг фахр,

Розиман, ҳарбийнинг аёли бўлдим. 

 

Садоқатла хизмат қилар элига,

Шу муқаддас бурчни туккан дилига,

Гулдан поёндозлар тўшай йўлига,

Бахтлиман, ҳарбийнинг аёли бўлдим.

 

Ҳавас-ла боқишар ҳам ёш, ҳам қари,

Дуо қилишади, "соғ бўл" деб бари,

Постидан кетмайди бир қадам нари,

Бахтлиман, ҳарбийнинг аёли бўлдим.

 

Ҳарбийлик либосин кийса эгнига,

Суқланиб боқаман кўркам бўйига,

Сабр-у матонати ўтсин ўғлига,

Бахтлиман, ҳарбийнинг аёли бўлдим.

 

Иккала фарзандим икки қанотим,

Шулар-ла тотлидир гўзал ҳаётим,

Бахтларга лиммо-лим ёзган баётим,

Бахтлиман,  ҳарбийнинг аёли бўлдим.

 

Юртининг посбони, жасур ўғлони,

Уйимнинг устуни, ҳам меҳрибони,

Эзгулик йўли бу, йўқдир армоним,

Минг шукр, ҳарбийнинг аёли бўлдим.

Маъмура МЕҲМОНОВА,

 

Андижон шаҳридаги
13-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Ҳар бир тиббиёт ходими эъзозга муносибдир

Халқимиз саломатлиги йўлида буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино бобомизнинг муносиб ворислари сифатида бор билим ва тажрибасини аямай, матонат кўрсатиб келаётган минглаб тиббиёт ходимларининг ҳар куни қаҳрамонликдан, хайрли ишлардан иборат десак, асло муболаға бўлмайди. Шу боис ҳам, давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Бизнинг Асака тумани тиббиёт бирлашмасида 3 минг 233 нафар тиббиёт ходими халқимиз саломатлигини сақлаш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келмоқда. Шулардан 2872 нафари хотин-қизлардан иборат.

Бирлашма касаба уюшма қўмитаси томонидан ишчи-ходимларга муносиб  иш шароитлари яратиб берилиши, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, касб-малакаси, нуфузи ва даражасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўтган 2019 йил қўмитамиз учун ҳам самарали, жўшқин фаолиятга бой йил бўлди. Бирлашма маъмурияти ҳамда ходимлар ўртасида меҳнат муносабатлари норматив ҳужжатлар асосида йўлга қўйилган бўлиб, бирлашма ҳамда касаба уюшма ўртасида тузилган жамоа шартномаси асосида тартибга солиб борилди. Йил давомида тиббиёт бирлашмасида меҳнат қилаётган ходимларнинг иш ҳақларини ўз вақтида олишлари таъминланди. Меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида фаол ишчи-ходимлар рағбатлантириб борилди. Ходимлар соғлигини тиклаш бўйича  ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 56 нафар ходимга дам олиш ва даволаниш учун сиҳатгоҳ йўлланмалари берилди. Шулардан 3 нафари ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан бепул йўлланма билан таъминланди. Ёз ойларида 53 нафар ходимларнинг фарзандларига болалар дам олиш оромгоҳларига йўлланмалар ажратилди. 117 нафар ходимга касаба уюшмамиз томонидан моддий ёрдам кўрсатилди. Ишчи-ходимлар савиясини ошириш, маданиятини юксалтириш, шунингдек, мароқли дам олишларини ташкил этиш мақсадида турли маданий-маърифий учрашувлар, концертлар, спорт тадбирлари ташкил этиб борилди.

Жумладан, 8 март - Хал­қаро хотин-қизлар байрами муносабати билан "Сен азиз ва муқаддассан, муқаддас аёл" тадбири ўтказилиб, соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган аёлларга фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. "Ҳамшира-2019" кўрик-танлови ҳам юқори савияда ташкил қилинди. Fолиб ва иштирокчилар пул мукофотлари билан тақдирландилар. Ҳамширалар куни арафасида бир қатор фаол, ишчан ҳамширалар мукофотланди. 9 май - Хотира ва Қадрлаш кунида  эл саломатлиги йўлида самарали фаолият олиб борган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари йўқланди. Ҳайит байрамларда кам таъминланган ишчи-ходимларга пул мукофотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Янги ўқув йили бошланиши арафасида эса кам таъминланган оилалар фарзандларига ўқув қуроллари тақдим этилди.

Йил давомида фаол ишчи-ходимларни республикамизнинг диққатга сазовор жойлари, зиёратгоҳларга саё­ҳатлари уюштирилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 5 муҳим ташаббуси ижроси доирасида тадбирлар, спорт мусобақалари, адабий кечалар ташкил этилди. Кўнгилочар тадбирларга халқимизнинг севимли санъаткорлари, машҳур спортчилар, ёзувчи ва шоирлар таклиф этилди.

Янги 2020 йилни жамоамиз билан ўзгача шукуҳ, олам-олам орзулар ила қарши олдик. Байрамона дас­турхон тузалиб, эзгу тилаклар билдирилди. Тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнати ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, соҳага катта эътибор қаратилаётгани, ислоҳотлар жорий этилаётгани таъкидланди.

Саломатлик - инсон учун энг улуғ неъмат. Шу сабаб шифокорлик - касблар ичра энг шарафлиси дея, эътироф этилади.

Дарҳақиқат, инсон ҳаётига дахлдор бўлган ўта масъ­улиятли касбни зиммасига олган, бу йўлда фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган ҳар бир тиббиёт ходими эъзозга муносибдир. Қўмитамиз жорий йилда ҳам ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва ижтимоий муҳофаза қилиш йўлидаги эзгу ишларида бардавом бўлади.

 

Нодирбек FОФУРОВ,

Асака тумани тиббиёт бирлашмаси

 

касаба уюшма қўмитаси раиси.

Жажжи юлдузча

"Иккинчи қизим Зилоланинг дунёга келишидан қувониб, жажжи набирасини қўлига олган дадам, уни бағрига босиб: "Бу набирам албатта, спортчи бўлади. Ирода Тўлагановадек Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтаради. Дунёга машҳур бўлади", дея эркалай бошлади."Яхши ният ярим давлат", деб бежиз айтишмаган экан халқимиз. Ўша пайтда фаришталар "омийн" деган эканми, қизим Зилолада кичкиналигидан бошлаб спортга қизиқиш бош­қача эди. У уйда турли хил гимнастик машқларни телевидение орқали кўриб, биргаликда бажарар, ундаги маҳоратни кўриб "ё тавба, ҳеч ким ўргатмаса ҳам уддалаяпти, спорт мактабига бериш керакмикан?" деб ўйлаб қолдим ва бу ҳақда дадамга айтдим. Менинг гапларимни диққат билан тинглаган дадам хурсандлигидан йиғлаб юборган", дейди Қораянтоқлик Хуснида Саидова.

Избоскан туманидаги 28-умумтаълим мактабида она тили ва адабиёти фанидан дарс берадиган Хуснидахон тўрт нафар қизалоқларнинг меҳрибон онаси. Дадаси Зайнобиддин ака қирқ йилдан ортиқ спорт соҳасида фаолият кўрсатиб келади. У фарзандлари орасидан моҳир спортчилар, чемпионлар етишиб чиқишини, унинг касбини давом эттиришини орзу қиларди. Бироқ, фарзандларида спортга рағбат сезилмади. Шу сабаб набираси Зилоланинг спортга бўлган қизиқишини ҳаммадан кўп Зайнобиддин ака қўллаб-қувватлади. Қизалоқни Избоскан тумани марказидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига олиб борди. Бу ерда уларни  ёш иқтидорли мураббий Дилдора Пўлатова илиқ кутиб олди, Зилолага бадиий гимнас­тика бўйича ўзи мураббийлик қилишини айтди. Шу-шу қизалоқ мураббийидан гимнастика сирларини ўргана бошлади. Нафис ҳаракатлар, юракдаги иштиёқ туғма иқтидорни тез орада юзага олиб чиқди. Орадан икки ой ўтиб-ўтмай Зилола мусобақалардаги иштирокини бошлаб юборди.

Янги йил байрами арафасида Пойтуғ шаҳрида бўлиб ўтган "Янги йил юлдузчаси" мусобақасида 2013 йилда туғилган қизалоқлар ўртасида Зилола Маннопова илк бор ғолибликни қўлга киритди. Шу ой 7 ёшини нишонлашга тайёргарлик кўраётган Зилола учун бу чинакамига байрам совғаси бўлди.

- Бу набирамнинг илк ютуғи, - дейди қувониб Зайнобиддин Саидов. - Ҳали олдинда Зилолани узоқ ва машаққатли йўл кутиб турибди. Бу йўлда биз уни қўллаб-қувватлашимиз, орзулари ушалишида ёрдам беришимиз керак. Пайти келиб, набирам жаҳон чемпиони бўлиб, қишлоғимиз фахрига айланади. Мен бунга ишонаман.

Зилола Маннопова Қораянтоқ қишлоғидаги 2-умумтаълим мактабининг биринчи синф ўқувчиси.

- У тенгдошлари орасида билимдонлиги, тиришқоқлиги, катталардай фикрлаши, юксак марраларни кўзлаши билан ажралиб туради. Ёзуви ҳам жуда чиройли. Бехато ёзишга интилади. Мен Зилоладек ўқувчим борлигидан фахрланаман, - дейди муаллимаси Мактуба Раҳимова.

Мамлакатни ҳеч бир соҳа спортчалик тез дунёга танита олмайди. Минг шукрки, юртимизда Ўзбекистонимиз довруғини оламга ёйаётган спортчилар талайгина. Жажжи Зилола ҳам вақтлар келиб, улар сафидан жой олса ажаб эмас.

 

Гулнора МАҲКАМОВА

 

Болаларингизни ўзингизга ўхшатишга уринманг

Ҳикматлар

Бола кўтариб турган аёл бир авлиёдан сўрабди:

- Бизга болаларимиз ҳақида гапиринг.

- Авлиё жавоб берди:

- Болаларингиз сизники эмас. Улар Умр, Ҳаётнинг ўғил-қизларидир. Уларни сизлар дунёга келтирасиз, аммо улар сизлар учун дунёга келмайдилар. Гарчи болаларингиз сизлар билан бирга яшаса ҳам, аслида сизлар билан эмасдир. Болалар сиздан меҳрингизни олади, аммо кўнглингизни ва фикрингизни олмайди. Чунки, уларнинг ўз кўнгли, ўз фикри бор. Сиз уларнинг вужудларига паноҳ(бошпана)берасиз, аммо кўнгилларига эмас. Чунки, болаларнинг кўнгли эртанги кунларда-ки, сиз у кунларни тушингизда ҳам кўра олмайсиз.

Сиз болаларингизга ўхшашга уринсангиз майли, аммо уларни ўзингизга ўхшатишга уринманг. Чунки, улар орқага қайтмайди ва бугунги кунда тўхтаб қолмайди.

Сиз Аллоҳ қўлидаги камонсиз, болалар камондан учган ўқдирлар, улар сиздан узоққа боради.

Сайёд сизнинг камондай қаддингизни қаттиқроқ эгадики, ўқларингиз тез ва узоққа борсин дейди. Қаддингиз камонини эгаётган сайёд сиздан хурсанд бўлсин. Чунки, сайёд ўқи узоққа учганидан қанчалар хурсанд бўлса, жим турганингиздан ҳам шунча қувонч олади.

 

Севгингиз кишанга айланмасин

Яна донишманддан сўрабдилар:

- Эй устоз, никоҳ ҳақида нима дейсиз?

Авлиё шундай жавоб айтибди:

- Ким билан никоҳда бўлсангиз, бирга туғилиб, биргаликда абадий ҳаёт кечиргайсиз. Ажалнинг оппоқ қанотлари умрингизни тариқдай сочиб юборадиган пайтларда ҳам бирга бўлгайсиз. Ҳақ таоло даргоҳида ва унинг ёдида ҳам бирга бўлгайсиз. Аммо, ўзаро яқинликда ҳаддингиздан ошманг. Осмон фаришталари орангиздан шамолдай ўтиб турар.

Бир-бирингизни севинг, аммо, севгингиз кишанга айланмасин. Севгингиз икки қалб соҳиллари орасида мавжланиб турган денгизга ўхшасин. Бир-бирингизга нон беринг, аммо, нонни бирга еманг. Бирга ўйнанг, бирга куйланг, бирга завқланинг, аммо, соз торларидай ўзингизни ёлғиз тутинг. Ахир, бир мусиқани куйловчи торлар ҳам якка туради. Бир-бирингизга кўнгил беринг, аммо, унга эгалик қилманг. Зеро, фақат ҳаёт дастигина қалбингизни қабул қилгувси. Бирга туринг, аммо, жуда яқин бўлиб кетманг. Зеро, масжид, ҳарам устунлари бир томни тутиб турса ҳам, ўзаро яқин бўлиб турмайдилар. Чинор билан сарв ҳам бирга ўсмайди.

 

Қувонч ва қайїу эгизакдир

 Сўнг бир аёл сўради:

- Қувонч нима-ю, қайғу нима?

Донишманд жавоб берди:

- Сиз қувонч деган нарса қайғунгизни яшириш учун ниқобдир. Кулгингиз кўз ёшингиз билан тўла қудуқ қалбингиз тубидан эшитилади. Шундай эмасми? Қайғу руҳингизга қанча кўп сингса, шунчалик қувончга муҳтожсиз. Сизни қувонтирувчи шароб сақлаган хум кулолнинг тандирида узоқ куйдирилмаганми?

Руҳингизни қувонтирувчи тамбурни уста дарахт кесиб ва шилиб ясамаганми? Қалбингиз тубига диққат билан қарасангиз, кечаги қайғунгизни бугунги кулгуларингиз тошлари босиб турганини кўрасиз. Қайғу келганда эса, кечаги қувончлар учун йиғлаётган бўласиз.

Баъзиларингиз "қувонч қайғудан кучлироқ", дейсиз. Бошқаларингиз эса "йўқ, қайғу кучлидир", дейсиз. Мен бўлсам сизларга "улар айрилмас эгизаклардир", дейман. Улар сизнинг уйингизга бир кунда меҳмон бўлиб келишади. Дастурхон устида қувонч билан ўтирсангиз, тўшагингизда қайғу бирга ётишини унутманг. Зеро, сиз тарози палласи каби, қайғу ва қувонч орасида чайқаласиз. Фақат, қалбингиз бўм-бўш бўлиб қолганида қувонч ҳам, қайғу ҳам йўқолади.

 

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА тайёрлади.

Одамийлик йўқолмасин

 

Ҳаёт - ибрат мактаби

Ҳайдовчи ён кўзгудан автобуснинг орқа эшиги зиналаридан имиллабгина кўтарилаётган икки йўловчи қизни кўрди.

У дугоналарнинг автобусга чиқиб олишини бир муддат кутди. Лекин беихтиёр "Сингилларим, тез-тез юришнинг иложи борми? Одамлар ўқишга, ишга шошяпти", деб юборди зардали овозда.

Бу ундов жамоат транспортининг олдинги ўриндиқларида ўтирган етти-саккиз йўловчини бараварига ортга қаратди. Дугоналар илдамлаб, салонда кўриниш берди. Уларнинг бири қўлтиқтаёқда эди. Ҳайдовчи қизлардан узр сўрашга чоғланиб, ўрнидан турди…

 

Икром АВВАЛБОЕВ

Ҳаё - қиз боланинг бойлиги

Мулоҳаза

Биз - ўз юртининг озод ва ободлиги йўлида душман билан мардонавор курашган Тўмарис, бутун дунёни лол қолдирган Амир Темурга давлат ишларида маслаҳат бера олган Сароймулкхоним, ғазал бўстонида турфа гуллар яратган Увайсийю Нодирабегимлар, вафо ва садоқат тимсоллари бўлган Зулфияхоним ва Саида Зуннуновалар авлодимиз. Демак, уларга муносиб бўлиш учун шижоатда, садоқатда, ғайратдаю ижодда танҳо бўлмоқликка интилишимиз даркор. Ҳар бир қизнинг ўз бойлиги бўлиши керак ва у бу бойликни умрбод асрамоғи даркор. Бу бойлик - ҳаё, ибо, латофат ва сабру бардошдир.

Бир донишманд ўз душманига ҳам салом бериб, доимо илтифот кўрсатар экан. Ундан бу яхшиликнинг боисини сўрашганда, у шундай жавоб берибди:

- Тўғри, бу киши менга кўп зуғум ўтказди. Аммо, мен унга ёмонлик қилишдан онасидан ҳаё қилдим. Чунки, бу аёл жуда иболи, ҳаёли инсон бўлган.

Ҳар қандай йигит киши иболи қиз билан турмуш қургиси келади ва бу тоифа аёлларни ҳурмат қилади. Демак, биз оналар қизларимизга тарбия беришда адашмаслигимиз керак. Уларга ҳаёли бўлиш дарсини кўпроқ ўтишимиз зарур. Чунки, ҳаёли инсонгина ёмон ишлар қилишдан уялади. Масалан, ҳаёли келинчак қайнота-қайнонага гап қайтаришдан, ёрининг ёнида оёқ узатиб ўтиришдан, ака-укаларининг ёнида кўп гапириб, кўп кулишдан тортинади. Баъзи қизларни эса кўчада кўриб, ҳайрон қоламан. Қўлида телефон, оғзида сақич, сочлари ёйиқ, эркакча кийинган, ўта бўянган...

Ҳатто катталарнинг ёнида ҳам ҳижолат бўлишмайди. Бизнинг ёшлигимизда сочларимиз ўрилган, бошимизда оқ ироқи дўппи, эгнимизда нимча бўларди. Катта ёшдаги эркаклар ёнидан ийманиб ўтар эдик. Наҳотки, техника ривожланаётган даврда қизларнинг ҳам бети қотиб борса. Миллий либосларни кийгани ор қилса.

Отабекдай йигитларимиз Кумушбибидек ҳаёли, вафоли ёрни орзу қилишади ахир. Шоир айтганидек:

Қўмсаганим фақат момоларга хос,

Излаганим эди Кумушбибилар, - дея йигитлар армонда ўтмасинлар!

Қизжонларим! Қоғозга ўралган қанддайин сирли ва ширин орзулардай яширин, гул япроғи мисол нафис, тонг­ги шабнамдайин беғубор, пайғамбаримизнинг қизидай бахтингиз бўлишини истасангиз энг катта бойлигингиз ҳаёни асранг! У сизни албатта, саодатга етказади.

 

Нодирахон ҚОСИМОВА,

Асака туманидаги

 

33-умумтаълмим мактаби ўқитувчиси.