+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Йўловчи сотаман...

Ҳайдовчининг кундалигидан

Бугунги кунда одам савдоси ҳақида кўп гапириляпти. Биз кўпинча хорижга ишлагани бориб, алданиб қолаётганлар ҳақидагина эшитамиз. Айримлар одам савдоси фақат чет эллардагина амалга оширилаётган экан-да, деган хаёлга боряпти. Бироқ, мен сизларга сўзлаб бермоқчи бўлаётганларим-"тандирдан янги узилган". Аниқроғи, ўзим кунда-кунора гувоҳ бўлаётган йўловчи савдоси ҳақида.

Ҳозир одам ташиш билан шуғулланувчи машиналар кўпайиб кетган.  Баъзан нима бало, аҳолининг тенг ярми киракашми, деб ўйланиб қоламан. Ҳисоблаб чиқсам, "Андижон-Тошкент" йўналишининг ўзида 600 та     "Нексия" боракан. Бундан ташқари "Тико", "Матиз", "Волга", "Жигули", "Дамас"лар ҳам бор. Улар билан қўшиб ҳисоблаганда мингдан ошиқ транспорт воситалари Тошкентга қатнайди. Баъзи кунлари 2 кунлаб "стоянка"да изғиймиз. Йўловчи йўқ. Шундай кунларда киранинг мазаси бўлмайди. Россия, Қозоғистондан қайтаётган "гастарбайтер"лар ҳисобига Тошкентдан қайтишимиз яхши бўлади. Иш ўхшаб қолса, бир рейснинг ўзида 150 минг сўм топиб қўямиз.

Тошкентда ҳайдовчиларнинг "куни туғадиган" жой қаерлигини биласизми? Бу-Черняевка. Қозоғистон билан Ўзбекистон чегарасида шунақа жой бор. Бу ерда Қозоғистондан ишлаб қайтаётган йўловчиларни "қулоғига тепиб", яъни алдаб-сулдаб машинага ўтқазиш мумкин. Аммо, Черняевкада ҳайдовчилардан кўра кўпроқ даллоллар фаолият кўрсатишади. Биз ҳайдовчилар уларни "посадчик", деб айтамиз.

Бир куни "стоянка"да турсам, "посадчик"лардан бири келиб қолди:

-Сафарали ака, ёнингизда пулингиз борми?-сўради у.

-Бор, нимайди?

-Дарров 50 минг чиқаринг!

-Нимага, нима қилмоқчисан?

-Бераверинг, ўзингизга фойда, обқочиб кетмайманку!

Дарров ёнимдаги пулларни олиб укахонга узатдим. У мендан пулни олиб, чўнтагига жойлагач буюрди:

-Машинани юргизинг!

Нарироқда турган 4 нафар, юпун кийинган, қўлларида катта бозор сумкаси кўтариб олган йигитларга энди кўзим тушди.

-Манави йигитлар шаҳарнинг ўзига. Боргандан сўнг сизга 150 минг сўм беришади. Бўладими?

Мен оғиз очишга ҳам улгурмай унинг ўзи йигитларнинг қўлидаги сумкаларини олиб чаққонлик билан юкхонага жойлади ва:-Оқ йўл, братан!-дея жўнаб қолди.

Йигитлар билан йўлга тушдик. Уларнинг устлари кир-чир, соқоллари ўсиб кетган, кўзлари уч кун ухламаган одамникидай киртайиб қолганди. Охангаронга етганда ошхонанинг олдида тўхтадим.

-Йўлдан келяпсизлар, қоринларинг ҳам очгандир. Овқатланиб оламизми?

Йигитлар бир-бирлари билан кўз уриштириб олишди:

-Ҳайдайверинг ака! Қорнимиз унча очмади. Уйга етиб овқатланармиз.

-Мабодо пул-мулларинг бўлмаса, беҳижолат айтаверинглар, қўшиб тўлаб тураман, кейин бераверасизлар!

Шу гапимдан сўнг йигитларга жон кирди:

-Майли ака, тўлаб турсангиз, овқатланиб олардик. Тўғриси, ёнимизда бир тийин пулимиз йўқ.

Ошхонада анча қолиб кетдик. Дастурхон устида йигитлар бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб беришди. Уларнинг орасида новчароғи Самад шерикларига қараганда анча тетик ва гапга чечан эди.

-Бир ҳамқишлоғимиз икки йилдан бери Россияда юрарди. Келиб уйларини ремонт қилди, тўй қилди. "У ёқда ишларим зўр, хоҳласанглар сенларниям обкетаман. Бир йилда машина оласанлар!" дегач, ишониб кетаверибмиз. У ёққа боргач, ҳамқишлоғимиз бизни бир туркка топшириб ўзи ғойиб бўлди. 7 ой туркнинг уйида ишладик. Хўжайин ҳақларимизни иш охирида бериши керак эди. "Эртага ҳақларингни оласанлар", деган куни кечқурун квартирани орган ходимлари босди. Улар бизни бўлимга олиб бориб роса калтаклашди. Кейин паспортимизга "депорт" деган муҳр босилди. Бизга ўхшаганлар кўп экан. 120 кишини битта автобусга тиқиб жўнатиб юборишди. Ишонасизми ака, 12 кундан бери йўлдамиз. Тик оёқда туравериб оёқларимиз шишиб кетди. Мана қаранг!

Самад шимининг почасини қайириб кўрсатди. Унинг оёқлари шишиб кетганди.

-Уйингдагиларнинг бу ишлардан хабари борми?-сўрадим улардан.

-Ҳа! Телефон қилиб, "пул тайёрлаб туринглар", деб қўйганмиз,-деди Самад.

Очиғи шу ерда ўзимни ҳам, "посадчик"ни ҳам ёмон кўриб кетдим. Мен-ку майли! Бу йигитларни мен машинамга олмасам, бошқаси олаверарди. Аммо ўзлари не аҳволда, алданиб, таланиб Ватанига қатаётган кишиларни сотиб пул топиш, одам савдосидан даромад қилиш тўғри бўлармикин? Бола-чақасига едираётган луқмаси харом бўлмайдими? Балки, улар ҳам бу ишини савоб, бировга ёрдам бериш, деб ҳисоблар. Стоянкада бунақа  ҳолат кўп бўлиб туради. Ҳар куни "посадчик"лар ҳайдовчиларга одам сотадилар. Лекин бу иш нотўғри эканлигини ҳеч қайсимиз айтолмаймиз. Сабаби, даромаддан қуруқ қолишни истамаймиз.

Йўл бўйи шуларни ўйлаб келарканман, кайфиятим жуда тушиб кетди. Биринчи марта ҳайдовчилигимдан уялдим. Энг ёмони, манзилга етиб боргач йигитлардан пулни санаб оларканман, уларнинг кўзларига қарай олмадим.

Ёзиб олувчи

Муаззам Собиржон қизи