+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

26 Янв 2020

МЕН ДУНЁГА ҚАЙТАМАН БОШҚА...

Эътиборга муҳтож инсонлар

Нодирахоннинг орзулари кўп эди. Тиббиёт билим юртини битиргач, Андижон пахтачилик институти(ҳозирги Тошкент Аграр университетининг Андижон филиали) га ўқишга кирди. У дадаси каби қишлоқ хўжалигининг етук мутахассиси бўлиб етишмоқчи эди.      Шеъриятга, адабиётга ихлоси баланд қиз ижод намуналари билан матбуот саҳифаларида ҳам тез-тез кўриниб турарди. Ногаҳон, 24 ёшида суяк силига чалинди-ю, тўшакка михланди.

Ўн йиллик дард Нодирахонни енгиб қўйди. Тинимсиз даволанишлар натижасида оёққа турган қиз яшаш учун, орзулари сари интилиш учун ўзида куч топа олди.

- Ҳозир кўриш қобилиятим жуда паст. Юқори даражадаги миопиядан азият чекаман. 4 та умуртқам йўқ, бу - таянч ҳаракат аъзоларимга, шунингдек, буйракларим фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатяпти. Ҳамиша юқори қон босимида юраман, - дейди Нодирахон.

Нодирахон Мамажонова Избоскан туманидаги Туячи қишлоғида туғилиб ўсди. 2015 йилда Иттифоқ маҳалласидан бўлган Муроджон Алимовга турмушга чиқди. Ҳозир уларнинг 2 яшар фарзанди бор. Бироқ, оила муаммолар гирдобида ҳаёт кечирмоқда. Саломатлигидаги муаммолар сабаб Нодиранинг орзулари орзулигича қолиб кетди. Ўқишни ташлади, ҳеч қаерда ишлай олмади. Турмуш ўртоғи Муроджон ҳам касалманд, қандли диабетдан азият чекади. Оиланинг қувончи бўлган Абдулазиз ҳам соғлом эмас. Айни кунларда Муроджоннинг оёғидаги жароҳати чирий бошлаган. Оила моддий қийинчиликда ҳаёт кечирмоқда.

-Ҳамиша менга берилган неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилиб яшаганман, - дейди Н.Мамажонова. - Ҳозир ҳам ҳаётдан нолиш, ношукрчилик қилиш ниятим йўқ. Кимнидир танқид қилиш, бировга боқиманда бўлиб, қўлига қараб яшаш мен учун эмас. Аммо, тўғри тушунинглар, эр-хотин ногиронмиз, ҳеч қаерда ишламаймиз, бир сўм нафақа пули ҳам олмаймиз, уйимиз йўқ, тўкилиб кетай-тўкилиб кетай деб турган хароб уйдан бошпана топганмиз. Катта йўлдан машина ўтса, уйнинг деворлари зириллайди. Агар бир фалокат бўлиб босиб тушса, нима бўлади, деб кечалари уйқум қочиб кетади, ваҳима орасида яшайман. Шу боис, менга уй масаласида ёрдам беришингларни илтимос қилардим.

Нодирахон Мамажонованинг мурожаатидан сўнг, у вақтинчалик яшаётган Қашқарлик маҳалла фуқаролар йиғинидаги уйга бордик. 2 сотихча келадиган ташландиқ ҳовли. Деворлари нураб ётган ҳовлидаги уйлар бузиб ташланган. Бузилган иморатнинг ёнида ғарибгина кулба. Кулбанинг поли йўқ, деразаларига одеяллар тўсиб ташланган. Уйда энг керакли маиший шароитлар ҳам йўқ. Хонага зах ҳиди ўтириб қолган, уй ичи қоронғи, шифтлари ёрилган. Бу ерда икки ногирон қишли-қировли кунда 2 ёшли гўдаги билан кун кечирмоқда.

- Оилада 5 ўғилмиз, - дейди Нодирахоннинг турмуш ўртоғи Муроджон. - Шу сабаб, ака-укаларим бир ҳовлига сиғишмай, мени ота ҳовлимиздан чиқариб юборишди. Ногиронлигимга ҳам қарашмади. Йиллар давомида Нодирахон иккимиз амал-тақал қилиб, эгасиз қолган уйларда яшаб келмоқдамиз. Хотинимнинг шу аҳволига қарамай, туман ТМЭК унга ногиронлик белгиламади. Мен яқинда 2-гуруҳ ногиронлигига ўтдим. Биз ҳам инсонмиз. Инсонлардай яшагимиз келади. Мутасаддилар бизнинг оилага озгина эътибор қаратсалар, савоб бўларди.

Қашқарлик маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Гулбаҳор Акрамхонова мазкур оила маҳалла ҳудудида рўйхатдан ўтмай яшаётгани, шундай бўлса-да, уларга баҳоли қудрат ёрдам бериб келинаётганини таъкидлади.

-Ўтган йили Наврўз байрамида буларнинг фарзандига ҳам кам таъминланган оилалар қатори тўй қилиб бердик. Ҳайит арафаларда тез-тез ёрдам қилиб турамиз. Бироқ, нафақа пули белгилаш ёки оилани уй-жой билан таъминлаш учун ваколатимиз етарли эмас. Бошқа масалаларда мана, ҳудудимиздаги тадбиркорларимиз имкон қадар ёрдам кўрсатишяпти.

Нодирахон Мамажонова-нинг айтишича, унинг мурожаати йиллар давомида эътиборсиз қолдириб келинган.

Мазкур масала юзасидан туман мутасаддиларига мурожаат қилганимизда, хотин-қизлар қўмитаси раиси Саидахон Абдусаломова Нодирахон кредитга бериладиган арзон уй-жойлардан олиш учун рўйхатга киритилганлиги, уй учун  бошланғич тўловни қўмита зиммасига олгани, бироқ, оила кредит тўлаб бориш имконига эга эмаслиги, шу боис, ҳомийлик асосида уй-жой қуриб бериш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди. 

Избоскан туман ҳокими Серобиддин Исмоилов Нодирахоннинг оиласига ҳомийлик асосида уй қуриб бериш       масъулиятини зиммасига олди. Хонадон баҳор келиб, қурилиш мавсуми бошлангач тикланиши, унгача, оила  шароитлари яхши, вақтинчалик бошпанага кўчирилишини ваъда қилди.

Демак, воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Избоскандан қайтаётганимизда Нодирахон Мамажонова қўлимизга бир шеър тутқазди. Ажойиб шеър. Юрак дардлари битилган хаста кўнгил ноласини сизларга ҳам илиндик.

Асир бўлдим қоп-қора тунга,

Деразадан қулоқ тутарман.

Дунёсини кечиб баҳридан,

Тунлар шамдек эриб кетарман.

Чўққиларни қилгандим ҳавас,

Кунлар ўтиб айландим тошга.

Ўтган умрим ҳисобга кирмас,

Мен дунёга қайтаман бошқа.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА