+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОБОДЛИК - ЮРТ КЎРКИ

Эко ҳашар

Вилоят ҳокими ташаббуси билан ўтказилаётган дарахт экиш ўн кунлиги доирасидаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида опа-сингилларимиз ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хонадонлар, кўча, гузар ва маҳаллаларни покиза, саранжом-саришта сақлаш, ариқларни тозалаш, боғ-роғлар барпо этиш халқимизнинг қадим     анъаналаридан саналади. Айниқса, баҳор фаслининг бугунги илк кунларида вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида ободонлаштириш ишлари кенг қулоч ёйган.

Дарахт экиш ўн кунлиги - эко ҳашар туманимиздаги 74 та маҳалланинг барчасида юқори кўтаринкилик билан ўтаётганлигини алоҳида эътироф этишни истар эдим.

Барча юртдошларимиз қатори қўрғонтепаликлар ҳам ана шу ҳайрли ишга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Жумладан, турли жабҳаларда меҳнат қилаётган туманимиз хотин-қизлари кўкаламзорлаштириш ишларида фаол қатнашмоқда. Баҳорги кўкаламзорлаштириш доирасида барча маҳаллалар ҳудудлари тозаланди, дарахтлар оқланди, 65 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.

Ободонлаштириш ишларида опа-сингилларимиз фаол қатнашаётганлиги уларнинг фидойи, эл-юрт ишига  камарбаста эканликларининг намунасидир. Юрт ободлигини таъминлаш ишига ҳисса қўшиш, қолаверса, эзгу ниятда сидқидилдан қилинган меҳнат туфайли чор-атрофни покиза кўриш ҳар қандай киши қалбига кўтаринки кайфият бахш этади. Бу аввало, опа-сингилларимизнинг ўзларига ижобий таъсир этади.  Аёл кишидаги ана шу кўтаринкилик, эзгу ишларга камарбасталик оиласига, яқинларига, бутун жамиятга кўчиши аниқ.

Ободлик - юртимиз кўрки. Бу борада вилоятимизда, туманимизда амалга оширилаётган ибратли ишлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Шу ўринда айтиш мумкинки, бугун Андижонимизга ташриф буюрган ҳар қандай меҳмон унинг кўрки-жамолига, андижонликлар олиб бораётган улуғвор ишларга шубҳасиз, ҳавас қилади. Биз ана шундай ҳавасларга лойиқ заминга муносиб бўлишимиз лозим.

Ишонч билан айта оламанки, фидойи ва ташаббускор Андижон аёллари ана шу фикрни қалбларига мустаҳкам жо қилганлар. Зотан, ўз тақдирини Ватан тақдири билан чамбарчас билган опа-сингилларимиз юртимиз равнақи йўлидаги   хайрли ишларда ҳамиша фаол бўладилар.

Ферузахон АБДУЛЛАЕВА,

 

Маҳалла ва оила бошқармаси Қўрғонтепа туман бўлими раҳбарининг биринчи ўринбосари.

Юртим шуҳратини юксакларга кўтараман

Эътироф

Олтинкўл туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Диёра Турғунова яқинда Тошкент шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида даст кўтариш баҳсида олтин, силтаб кўтариш ва икки кураш баҳсида кумуш медални қўлга киритиб, Осиё чемпиони деган шарафга сазовор бўлди.

 Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов Диёрани эришган ана шу муваффақияти билан муборакбод этиб, ўзининг қимматбаҳо совғаларини топширди.

- Кўрсатилган эътибордан бошим кўкка етди, - дейди Диёра Турғунова. - Юртимизда мен каби ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилганлиги ютуқларимизнинг муҳим омили бўлмоқда. Бунинг учун юртбошимизга, вилоятимиз ҳокимига каттадан-катта раҳматлар айтаман. Келгусида бундан-да юқори натижаларга эришиб, халқаро спорт майдонларида юртимиз, Андижонимиз шуҳратини янада баланд кўтараман.

 

Сожида САИДОВА

АЁЛЛАРИМИЗ БАҲОР КАБИ ГЎЗАЛ БЎЛИШЛАРИНИ ИСТАЙМАН

Дил изҳори

Мана 35 йилдирки, стол тенниси бўйича мураббийлик қилиб келаман. Оилада 5 фарзанд бўлганмиз. Дадам Абдураҳмон Қурбонов спорт соҳасининг фидойиси эди.

Узоқ йиллар спорт мактабига раҳбарлик қилган дадам барчамизни ўқитди, олий маълумотли қилди. Укаларим, сингилларим, фарзандларимиз ва ҳатто келинларимиз ҳам спортчи. Спортни жуда яхши кўрамиз. Оилавий йиғинларимизда ҳам ишимиз, муваффақиятларимиз, шогирдларимиз, мусобақаларга тайёргарликлар суҳбатимизнинг асосий мавзуси бўлади. Спорт бизга қон билан сингган, шу боис, оиламизнинг ҳар бир аъзоси спорт билан доимий шуғулланади.

Юзлаб шогирдларга мураббийлик қиламан. Уларнинг муваффақиятларини кўриб, умрим беҳуда ўтмаётгани, спорт соҳасини танлаб, адашмаганимни ҳис      этаман.

Ўтган йили шогирдларимдан Мубина Набижонова  Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган республика чемпионатида қатнашиб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Жорий йил бошида эса Насиба Тожиохунова Малайзияда ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлиб қайтди. Бошланғич синфда ўқийдиган жажжи ўқувчиларим ҳам ҳозирданоқ республика чемпионатларида юқори ўринларни эгаллашмоқда.

Мен барча аёлларимизни соғлом ва баҳор каби гўзал бўлишларини истардим. Бунинг учун эса албатта, спортга ошно бўлиш керак. Спортчи оилада носоғлом муҳит ҳам, касаллик ҳам бўлмайди.

Хотин-қизлар байрами арафасида вилоятимизнинг барча аёл-қизларини халқаро хотин-қизлар куни билан табриклайман. Барчамизга спорт билан ошно бўлиш, фарзандлар камолини кўриш бахти насиб этсин.

Дилоромхон ҚУРБОНОВА,

Пахтаобод туманидаги

 

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи.

Гўзалхон ДЕҲҚОНОВА: ОИЛА ҲАМДА ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЯНАДА КУЧАЯДИ

жараён

Мамлакатимизда жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги уч йилда жамиятимизнинг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланган маҳалла институтини халқимизнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Президентимиз ташаббуси билан маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилди. Энди бу борадаги ишлар тизимли олиб борилади ва унинг самараси ўлароқ, жиноятчилик ҳолатлари, нотинч оилалар сони, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатлари кескин камаяди.

 Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси халқ ҳаётида шахс - оила - жамият - давлат деган тушунча ва қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади. Оила - бу мўъжаз Ватан бўлиб, фарзандларимиз мана шу муқаддас масканда ўсиб-улғаяди, етук инсонлар этиб тарбияланади. Шу боисдан ҳам уларнинг ибратли оилада камол топиши ҳақида қанча ғамхўрлик қилсак ҳам кам.

Ҳозирда туманимизда  52 мингдан зиёд оила мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 30 фоизи ёш оилалардир. Таъкидлаш керакки, маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича самарали тизимни ривожлантиришни        даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борада Юртбошимизнинг ташаббуси билан мутлақо янги тизим - "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойилини жорий этиш зарурлиги илгари сурилди.

 Давлатимиз раҳбари "Обод маҳалла" деганда, кўз олдимизга аввало, фаровон оилалар, қадриятлар бешиги бўлган маҳаллада ўсиб-улғаяётган маънавий ва жисмоний баркамол ёшлар, кўркам қишлоқларимиз, замонавий ва файзли маҳаллаларимиз келишини таъкидлаб ўтдилар. "Хавфсиз маҳалла" деганда эса тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган, жамоат хавфсизлиги тўлиқ таъминланган, жиноятчиликдан ҳоли аҳоли масканларини назарда тутишимиз лозимлигини эътироф этдилар.

Айни пайтда, "Обод ва      хавфсиз маҳалла" тамойилини жорий этиш, маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, тинчлик-хотиржамликни таъминлаш, барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилди.

Янги вазирлик шу пайтга қадар тарқоқ ҳолатда фаолият кўрсатган ташкилотларнинг эндиликда "бир ёқадан бош чиқариб", ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди. Ушбу янги тузилманинг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши энг аввало маҳалладан тортиб, республика даражасигача бўлган яхлит тизимни таъминлашга хизмат қилади.

Энг муҳими, эндиликда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар муаммоларини самарали ечиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларимиз ва нуронийларимизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизими кучаяди.

Бу албатта, янги ташкил этилган вазирлик, унинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари  зиммасига катта масъулият юклайди. Ана шундан келиб чиқиб, белгиланган йўналишдаги ишларни янада юқори    босқичга кўтариш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган Халқаро хотин-қизлр куни билан барча опа-сингилларимизни муборакбод этаман. Байрамона кайфият уларни ҳеч қачон тарк этмасин.

Гўзалхон ДЕҲҚОНОВА,

Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш

Моҳитобнинг ойжамоли Сиздандир

Азиз аёл...

Мукаррамсиз, улуғсиз...

 

Атиргулнинг асл атри Сиздандир,

Fазал қасрин дури сатри Сиздандир.

Гул ҳаётнинг лазиз они Сиздандир,

Шоҳ қўшиқнинг азиз байти Сиздандир!

 

Фарзандлар бахт, камоли Сиздандир,

Моҳитобнинг ойжамоли Сиздандир.

Ошиқ аҳлин ишқ жафоси Сиздандир,

Садоқатнинг соф вафоси Сиздандир.

Сизга тортиқ гуллар, меҳр биздандир,

Эҳтирому чин муҳаббат биздандир.

Тилагингиз адо этмоқ биздандир,

Сиз малаксиз, ғурур, фахр биздандир.

 

Сиз-ла ҳаёт гўзал, меҳр қалби қонадир,

Сиз-ла юзлар ёруғ, кўнгил мастонадир.

Сиз-ла янгроқ куйлар, олам гулхонадир,

Сиз-ла нурафшон уйлар, обод гўшадир.

 

Сизга таъзим, қуллуқ, сизга бахт-иқбол,

Байрамингиз муборак, эй мунис аёл!

 

Абдурашид ЭРГАШЕВ

Вилоят ҳокими хотин-қизларни 8 март байрами билан табриклади

Андижон вилояти ҳокимлигида ўтказилган "Ҳокимлик соати"да вилоят  ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятимиздаги барча қиз-аёлларни яқинлашиб келаётган Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этди.

Тадбирда вилоят ҳокими "Андижоним аёллари" номли шеърни ўқиди. Шундан сўнг: - Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда вилоятимиздаги барча онахонларим, опа-сингилларим, дилбар қизларимни ушбу байрам билан чин қалбимдан муборакбод этаман, бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман, - дея опа-сингилларимизга ўзининг гўзал тилакларини билдирди.

Тадбирда сўз олган опа-сингилларимиз табрик, кўрсатилган эҳтиром учун вилоят ҳокимига миннатдорчилик билдиришди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз опа-сингиллар!

Қутлов

Қадрли опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар!

Сизларни нафис ва беғубор баҳорнинг илк байрами, азиз аёлларимиз эъзозланадиган Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этаман.

Халқимиз, айниқса, аёлларимиз қалбига яқин бўлиб қолган ушбу байрам арафасида алоҳида таъкидлашни истар эдимки, мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги, оиладаги мавқеи ва нуфузини кўтариш, аёлларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ишончим комилки, бундан буён ҳам бу каби хайрли ва ибратли ишлар изчил давом этади.

Азиз ва лобар опа-сингиллар, мўътабар онахонлар! Бугун андижонлик аёллар илм-фан, ижод, тадбиркорлик, спорт, қўйингки, барча жабҳаларда ўзларининг фаолликлари билан юртимизнинг энг илғор хотин-қизлари қаторидан ўрин эгаллаб келаётганликларидан қувонамиз.

Муҳтарама опа-сингиллар! Бугунги      қувончли байрам кунида Сизларга энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз камоли йўлида олиб бораётган ишларингизда улкан ютуқлар тилайман.

Қалбингиздаги жамики эзгу-ниятларингиз ижобат бўлиб, фарзандларингиз камолини, аёллик, оналик бахтини кўриш насиб этсин.

 

Манзурахон ЮНУСОВА,

Андижон вилояти ҳокимининг

ўринбосари, маҳалла ва

 

оила масалалари бошқармаси бошлиғи.

Коронавирус қандай хасталик?

Бу ҳақда билиб қўйинг

Қурбонлар сони ортиб боряпти

Хитойнинг марказий Хубэй провинцияси Ухан шаҳридан бошланиб, мамлакатнинг қолган қисмлари ва яна қатор мамлакатларда кузатилаётган юқумли вирус - коронавируснинг кенг тарқалаётгани ва инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётгани бутун сайёрада хавотирларни кучайтириб юборди.

Ҳозирча вакцинаси топилмаган зотилжам хасталигининг тарқалиши туфайли Хитойнинг қатор провинциялариида карантин жорий этилди. Хитой ҳукумати ўз фуқароларига мурожаат қилиб, кўп одам йиғиладиган жойларга бормаслик, оммавий тадбирларни бекор қилишга чақирди. Охирги маълумотларга кўра, Хитойда янги коронавирусдан касалланганлар ва қурбон бўлганлар сони тобора ортиб бормоқда.

Вирус, шунингдек, Хитой ташқарисига чиқиб, у билан касалланиш ҳолатлари Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Вьетнам, Сингапур ва Таиландда қайд қилинган. Вируснинг коронавирус деб аталишига сабаб шуки, унинг атрофидаги ўсимталар тожга ўхшайди.

Хитой соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси янги вирус одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Айтилишича, касалликни хасталанганлар билан мулоқотда юқтириб олиш мумкин. Шу боис бир неча давлат вирус тарқалишининг олдини олиш учун чора кўрмоқда. Шунингдек, вирус тарқалиши натижасида Ўзбекистонда ҳам чегара назорати кучайтирилди.

Олимларнинг тахминларига кўра, вирус Ухан шаҳридаги мол бозоридан бошланган. Эпидемияга коронавируснинг аввал кузатилмаган тури сабабчи эканлиги аниқланди.

2003 йилда коронавируснинг бошқа бир тури оғир ўткир респиратор синдроми эпидемиясини келтириб чиқарган эди. Ўшанда ҳам вирус ҳайвонлардан одамларга юққан. 2002-2003 йилларда синдром 37 давлатда 8 мингдан ошиқ кишига юққан, 774 нафар кишининг ёстиғини қуритган. Коронавируснинг турли хиллари одамлар ва ҳайвонлар ичида тарқалган бўлиб, айримлари енгил, айримлари оғир касалликларга олиб келади.

Коронавирус ҳақида маълумот кам бўлгани сабаб ундан даволаниш усуллари ҳам ноаниқ. Вирус нафас олиш йўллари, ошқозон-ичак тракти, асаб тизимига зарба беради. Унинг 2002-йилда тарқалиб, 774 одамнинг ўлимига сабаб бўлган САРС вирусига ўхшашлиги айтилади. Ўтган йил декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида илк бор қайд этилган янги коронавирус инсонга денгиз маҳсулотларидан ўтгани, сўнг эса ҳаводан, масалан, оддий йўтал ёки аксириш билан юқиши аниқланди.

Хавф қай даражада?

Коронавирус инфекциясининг оқибатлари турлича: ўртача шамоллашдан ўлимгача. Янги вирус ушбу диапазоннинг ўртасида жойлашган кўринади.

"Биз янги коронавирус билан дуч келганимизда, аломатлар жиддийлигини аниқлашга интиламиз. Бу сафар симптомлар шамоллашни эслатади, яъни хавотирланишга асос бор, лекин бу SARSдек қўрқинчли эмас", - дейди Эдинбург университети профессори Марк Вулҳаус.

Қайси ҳайвон ташувчи бўлган?

Вирус ташувчи қайси ҳайвон эканлиги аниқланганда, муаммо осонлашади. Бу сафар инфекцияни юқтириш ҳолатлари Ухандаги улгуржи денгиз маҳсулотлари бозори билан боғлиқ эди. Коронавируснинг ташувчиси бозорда сотиладиган белуха (Шимолий қутб денгизида яшовчи йирик дельфин) каби денгиз сутэмизувчилари бўлиши мумкин, шунингдек, у ерда товуқ, кўршапалак, қуёнлар ва илонлари ҳам сотилади. Инфекция манбасини улар орасидан ҳам излаш керак.

Нима учун бу Хитойда юз берди?

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бу аҳоли сони, унинг зичлиги ва вирус ташувчи ҳайвонлар билан яқин алоқада бўлишига боғлиқ. Барча беморларда аломатлар 2019 йил 12 декабрдан 29 декабргача пайдо бўла бошлаган. Вирус юқтирган одамлар бошқа беморларга тарқалиш хавфини бартараф этиш учун изоляторларда даволанишди. Беморлар билан алоқада бўлган 150 нафардан ортиқ одам ҳам ҳозирда кузатув остида. Йўловчиларни текшириш учун тана ҳароратини аниқловчи сканерлар ўрнатилди. Денгиз маҳсулотлари бозори тозалаш ва зарарсизлантириш учун ёпилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нима дейди?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойда тарқалган янги типдаги коронавирусдан қандай ҳимояланиш мумкинлиги бўйича қуйидаги тавсияларни берди:

- қўлларни совун билан ювиш ёки спиртли асосдаги воситалар билан артиш;

- шамоллаш ва грипп аломатларига эга одамларга яқинлашмаслик;

- гўшт ва тухумни истеъмол қилишдан олдин термик қайта ишлаш;

- ёввойи ва чорва ҳайвонлари билан эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлиш.

Янги вирус ҳақида нималар маълум?

Биринчидан, 2019-nCoV вируси ҳали одамларга юқмаган коронавируснинг бир вариантидир. Иккинчидан, коронавируслар - 38 турдаги вирусларни ўз ичига оладиган вируслар оиласи, уларнинг олтитаси (ва янги вирус билан - еттитаси) одамга юқади.

Иккинчидан, тадқиқотчиларнинг фикрича, вирус одамларга ҳайвонлардан юққан, аммо у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин.

Учинчидан, инфекцион белгилари орасида иситма, йўтал, нафас қисиши мавжуд.

Тўртинчидан, одамларга ҳайвонларга тегинмаслик, етарли даражада қайнатилмаган ёки қовурилмаган гўшт ва тухумлардан сақланиш тавсия этилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари қандай чора кўрмоқда?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди, "хусусан Хитойга боришни режалаштираётган ватандошларимизни зарурий эҳтиёт чораларини кўришга" чақирди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатга  хориждан келаётган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларини тиббий кўрикдан ўтказишни кучайтирди.

Хитойда авж олган вирусдан ҳимояланиш мақсадида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россия ҳам ўз чегараларида ва аэропортларида санитар назоратни кучайтирган.

Мамлакатимизда Президент Фармойиши билан Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси ташкил этилди.

Фармойишга кўра, клиник ва эпидемиологик кўрсаткичлари бўйича коронавирус билан касаллангани гумон қилинган, грипп ва бошқа ўткир респиратор касалликларнинг оғир шаклига чалинган беморлар мажбурий тартибда диагностикадан ўтказилади.

Сўнгги янгиликларга кўра, Ухан шаҳрида яшайдиган 56 ёшли аёл 10 январь куни ўзида касаллик белгиларини сезган. 15 январь куни тиббий муолажалар олиш учун касалхонага ётқизилган.

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабарида қайд этилишича, тиббий муолажалар натижасида аёлнинг саломатлиги анча яхшиланди, тана ҳарорати меъёрлашди. Бемор нафас олиш тизимидаги нуқсонлар бартараф этилди. Қон таҳлилида нуклеин кислоталарига бўлган реакция аниқланмади. Беморнинг аҳволи яхшилиги инобатга олиниб уни шифохонадан чиқишига рухсат берилди.

Дунё аҳлини хавотирга солаётган ушбу касалликка даво топилган бўлса ажаб эмас.

 

ЎзА материаллари асосида вилоят ФВБ ходими Баҳодир ТЕШАБОЕВ тайёрлади.

МЕН НАМУНАЛИ ОИЛА ФАРЗАНДИМАН

ТАНЛОВ

Қўрғонтепа туманидаги қурилиш коллежида "Мен намунали оила фарзандиман" кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида "Ёш оила қурувчилар мактаби" ни тарғиб этиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган мазкур танлов коллеж ўқувчиларининг оила, оиланинг муқаддаслиги, оила қадриятларини улуғлаш борасидаги билим ва тушунчаларини янада мустаҳкамламоқда.

Қўрғонтепа қурилиш коллежи психологи Дилрабо Ўрозалиева ташкилотчилигида ўтказилган тадбирда тумандаги бошқа коллеж ўқувчилари ҳам иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Кўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ферузахон Абдуллаева, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Мадина Мамажонова мамлакатимизда оила  мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, миллий қадриятлар асосида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, танлов иштирокчиларига омад тиладилар.

Танлов иштирокчилари  уч шарт бўйича беллашдилар.

 Биринчи шарт бўйича барча иштирокчилар ўзлари ва оила аъзолари ҳақида тайёрланган видеолавҳаларни намойиш этишган бўлса, иккинчи шартда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Оила кодексини қай даражада билишлари бўйича савол-жавобда иштирок этди. Учинчи шартга кўра, иштирокчилар оилада, фарзанд тарбиясида ота-онанинг эътибори нечоғлик муҳим эканлигини саҳна кўринишлари орқали кўрсатиб беришди.

- Пойдевори мустаҳкам ҳар қандай иншоот асрлар оша сақланади,  - дейди Дилрабо Ўразалиева. - Ёшлар эса бизнинг келажагимиз пойдеворларидир. Биз мустаҳкам, намунали оилаларни яратмоқчи бўлсак, уни бугундан, ёшларнинг оила ҳақидаги билимларини шакллантиришдан бошлашимиз керак. Шу маънода бошқармамиз ташаббуси билан  ўтказилаётган танлов ёшларнинг оилага, ота-онага меҳр-муҳаббатли бўлишга, ўз оиласи олдидаги бурч ва    масъулиятни ҳис этишга ундайди.

Иштирокчиларнинг чиқишлари томошабин ва ҳакамлар томонидан одилона баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра, Қўрғонтепа қурилиш коллежи ўқувчиси Саидумархон Собирхонов биринчи ўринга сазовор бўлди.

Танловнинг ғолиб ва овриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Сожида САИДОВА

СОFЛОМ БЎЛИШНИНГ ОДДИЙ СИРЛАРИ

1. Илиқ кўк чой асал билан ичилганда мияга кўп фойда беради.

2. Ётишдан олдин сабзи истеъмол қилиш соғлиққа фойдали.

3. Сувни узоқ қайнатиш ёки қайнатилган сувни яна қайнатиб чой дамлаш жуда зарарли.

4. Жигар хасталигини беҳи суви даволайди. Беҳи шарбатини кунига 1 - 2 коса ичиш тавсия этилади.

5. Оёғингиз доим тоза, қуруқ, иссиқ бўлсин.

7. Кўк чой буйракни ювади, ундаги яллиғланишни даволайди.

8. Одатда соат 22 дан 6 гача ухлаш керак.

9. Уйқудан олдин қуйидагиларни истеъмол қилиш мумкин: олма, бир қошиқ асал, бир стакан кефир ёки асал қўшилган бир стакан илиқ сут.

10. Уйқуси қочган одам асал яласин.

11. Тез - тез қатиқ зардобини ичиб туриш қоннинг ифлосланиши яъни, уремия касаллигидан асрайди.

12. Чумчуқ ва бедана шўрва одамни ҳар томонлама бақувват қилади.

13. Инсон жигари тўрт нарсани : хом карам, творог, қаттиқ нон, асални яхши кўради.

14. Ёзда тез - тез совуқ сувда ювиниб турсангиз, юрагингиз, жигарингиз иш фаолияти яхшиланади.

15. Ширгуруч инсон умрини узайтиради.

16. Мунтазам ўтириб ишлайдиган одам ҳар соатда ўрнидан туриб юрсин.

18. Олма инсон организмига барча зарур калорияларни етказиб беради. Ҳар куни икки дона олма ейиш етарли.

19. Кези келганда меъёрида йиғлаб туриш соғликка фойдали.

21. Сабзавот, кўкатлардан унумли фойдаланиш умрни узайтиради.

22. Спорт турларининг ичида энг фойдалиси югуришдир.

 

 

Шифокор Минура БОЗОРОВА айёрлади.