+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Тадбиркорларга кўмаклашиб

"101" огоҳлантиради!

Маълумки, 2018 йил 30 июнда Вазирлар Маҳкамасининг "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида"ги қарори қабул қилинган эди. Ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 июлидан бошлаб юридик ва жисмоний     шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори талабларига мувофиқ, турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний     шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича жами 768 та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар белгиланган тартиб ва муддатларда ўрганиб чиқилиб,  фуқароларимизнинг сансалорлигига чек қўйилди.

Шунингдек, "Тадбиркорлик субъектларига тегишли      объектларда ёнғин-профилактика кўриги ўтказиш тартиби тўғрисида" ги Низомга асосан 4218 та тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилиб, мазкур объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Ҳозирги кунда тадбиркорлик фаолияти давлатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутмоқда, бас, шундай экан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ривожланишига кўмаклашиш ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлмоғи лозим.

Азизбек ЯРҚУЛОВ,

 

вилоят ФВБ Норматив-техник бўлим инспектори, катта лейтенант.

Олийжанобликбарча нарсадан устун

 (ҳикоя)

Муҳаррирнинг илғор фермерлардан бири ҳақида очерк ёзиш ҳақидаги топшириғига биноан, йўлга чиққанман. Айтилган манзилдан фермерни тополмагач, дараклашиб, қайта келишни режалаштириб, ортга қайтдим. Узун, чанг дала йўлларидан боряпман. Аксига олиб, машина тугул биронта  зоғ ҳам кўринмайди.  Бийдай дала. Шу вақт узоқдан эски, оқ рангли "Москвич" автомашинаси шарақлаб келиб қолди. Дарров тўхтатдим. Қирқ-қирқ беш ёшлардаги озғин, новча, уст-бошларини чанг қоплаган йигит машинадан тушиб, одоб билан салом берди.

- Опа, далада бировни қидиряпсизми? - сўради у ҳар ҳолда дала одами эмаслигимни пайқаб.

- Катта трассага олиб чиқиб қўёлмайсизми? - сўрадим унинг саволига жавоб бергим келмай.

- Ўтиринг, ташлаб қўяман.

Йигит машинани шитоб билан ҳайдаб кетди. Йўл-йўлакай мақсадимни айтиб, ўзимни таништирдим. Йигит кулимсираб:

- Мен ҳам фермерман. Бироқ, сиз мақола ёзишга арзийдиган зўр фермер эмасман-да, - деб қўйди.

Мен қизиқсиниб, уни суҳбатга тортдим. Йигит ўзи ҳақидаги саволларимга жавоб берди:

- Исмим Оллоберди. Ота-онамнинг якка фарзандиман. Мени тилаб олишган. Гард юқтирмай, катта қилишди. Отам - деҳқон, фермер. Бир қанча гектар ерга қора экин экарди, боғимиз бор. Ўқишга унча тобим бўлмаган, отамнинг дала ишларига ёрдамлашиб юриб,  деҳқон-фермер хўжалигини ўзим бошқарадиган бўлдим. Вояга етиб, уйландим. Икки фарзандим бор. Аввал отам, сал ўтмай онам, бирин-кетин қазо қилишди.

Отамнинг опа, ака-укалари бор. Опаси - Ҳамрохон аммамнинг фарзанди йўқ эди. Бепуштликдан сиқилган аммам бетоб бўлиб қолди. Қўл-оёқлари яхши ишламай, қийналди. Эрининг яқинлари уни ота эшигига ташлаб кетишди. Бироқ, аммам ўзи катта бўлган ҳовлига сиғмади. Уни тоғаларим, хотинлари турткилайдиган, малол оладиган бўлиб қолишди. Ҳамрохон аммам - яхши аёл. Кичкиналигимда уникига тез-тез борар, аммам нақшдор вазалардан конфетлар олиб берар, бир оз ўйнаб, уйга қайтардим. Аммамнинг касал бўлиб, эрининг уйидан қувилганини эшитгач, ундан хабар олиш учун катта ҳовлига бориб турдим.

Ҳовлига кираверишдаги йўлак четида бир уйча бўлиб, аммам шу уйчада яшар, эрта-ю кеч йиғилмаган ўринга ёнбошлар, ўзидан хабар олиш учун келган яқинларни шу ердан кузатар эди. Ҳар қачонгидан юзлари сўлғин, тушкун ҳолатдаги аммам бу сафар мени кўз ёшлари билан кутиб олди.

Қўлимдаги майда-чуйдани ёстиғи ёнига қўйиб, аммамни қучоқладим. У елкамга бош қўйиб, узоқ йиғлади.

- Тузукмисиз? Нима бўлди? Бирон нарса керакмас-ми, амма? - сўрадим.

- Олиб кет. Мени олиб кет. Болаларингни елкамга миндириб, катта қиламан. Юролмасам-да, соғ қўлим билан аёлингга кўмаклашай, фақат олиб кет, жон болам!, - аммам Худонинг зорини қилиб ёлворди. - Жуда зерикдим. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Каттадан-кичиги мени назар-писанд қилмайди. Ширин гапга, далдаларга зорман, болам. Ўпкаси тўлиб, ўксиб-ўксиб йиғлаётган аммамнинг хира кўзлари йиғидан қизарди.

- Хўп-хўп, амма. Фақат, бўлди, йиғламанг. Ҳозироқ олиб кетаман.

Аммамни кўтариб, дала йўлларига қатнайвериб, шалоғи чиққан эски "Москвич"га жойлаштирдим. Уйдагиларга овоз бериб, аммамни олиб кетаётганим хабарини айтиб қўймоқчи бўлдим. Қизиқ, ҳеч ким менга қарши чиқмади.

Аммам бизникида яшай бошлади. Аёлим - Муниса бошида бунга эътироз билдиргандек бўлди.

- Агар мени десанг, аммамни малол олмайсан, овқатлантирасан, ҳожатига қарайсан, егиси келган таомни пиширасан, шунда сендан рози бўламан, - деб уқтирдим Мунисага.

Болаларим икки, тўрт ёшли Камол билан Севинч ҳам аммамга ўрганиб қолишди. Аммам уларга эртаклар айтиб берар, овқатларини едириб, ухлатар, болаларга деярли ўзи қарарди.

- Аммамнинг бизникидалиги яхши бўлди, болаларга ўзи қараяпти, бемалол ишларимни қиляпман. Илоҳим, соғайиб кетсин, - дейдиган бўлди Муниса.

Баъзан тоғаларим, келинойилар аммамдан хабар олгани келиб қолардилар. Аммам уларни ҳеч нима бўлмагандай хурсанд, кайфияти чоғ ҳолда қарши олар, бундан эса уларнинг энсалари қотгандай туюларди. Аммамни ўзлари билан олиб кетишни эса хаёлларига ҳам келтиришмасди.

Бир куни шу ҳақда катта тоғам - Саттор ака гап очганди, аммам:

- Оллоберди, Мунисахон менга яхши қарашяпти, хавотир олманг, ака, - деди.

- Оммалекин, қара, "сенлар менга қарамадинг", деб кейин даъво-дастор қилиб юрма, - деди тоғам қовоқ уйиб. - "Уйда ҳеч қандай ҳаққим йўқ", деб ёзиб бер.

Тоғамнинг бу гапидан титраб кетдим.

- Хотиржам бўлинглар, аммам ҳеч қаёққа бормайди, даъво қилмайди, биз билан қолади, - шартта жавоб бердим. Тоғам ўз гапидан уялиш ўрнига, икки қўлини дуога очиб, наридан-бери фотиҳа қилди-да, кўчага отланди. Индамай, ортидан кузатиб чиқдим.

- Тоғажон, овқатим пишиб қолди, бир оз ўтиринг, - ошхонадан югуриб чиққан Муниса дарвоза томон бораётган тоғамга деди.

Тоғам шу кетганича, қайтиб қорасини кўрсатмади. Бунинг ҳожати ҳам йўқ эди. Чунки, у келиб-кетгач, бу аммамга қаттиқ таъсир қилар, аҳволи ёмонлашиб, ўзини ёмон ҳис қила бошларди.

Аммамни қайта-қайта шифокорлар кўригига олиб бордим. Муолажалар ола бошлагач, унинг соғлиги тиклана бошлади. Илгари қўли гул чевар бўлган аммам аста-секин қўлига чок ишларини оладиган бўлди. Муниса унинг илтимосига кўра, чок машинасини келтириб берди.  Энди аммам ўз қўллари билан болалар учун бежирим кўйлакчалар тика бошлади.

Бир куни аммам "мени суя-чи", деб қолди. Уни ўрнидан туришига кўмаклашдим. Бир-икки қадам босди. Эртасига яна уч-тўрт қадам ташлади. Кунда-кунора қадамлаб машқ қилиб, ваниҳоят юриб кетди.

- Худойимга шукр, тузаляпман. Оллоберди, болаларингни энди ўзим мактабга олиб бораман, - деди.

- Бўлмасам-чи, ахир улар сизнинг ҳам болаларингиз-ку, - дедим. Ҳаммасидан ҳам Муниса жуда қувонди, чунки, мен кўп вақт дала, боғ ишлари билан банд бўлиб, эрта кетиб - кеч қайтар, аммамнинг оёққа туришида сабр билан унга қараган, инжиқликларини кўтарган аслида у эди.

- Раҳмат, Муниса, - дедим аёлимга.

- Энг муҳими, аммамиз соғайди, - жилмайиб жавоб берди Муниса.

Оллобердининг гапларини тинглар эканман, ёзишим керак бўлган, мен излаган фермер шу эканлигини кўнглим сезди, бироқ энди, унинг фермерлик фаолияти ҳақида эмас, олийжаноб, инсоний фазилатлари, аёлининг иродаси, матонати ҳақида ёзишга қарор қилдим.

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА

Ота тазарруси

Уильям Ливингстон ЛАРНЕД

Ўзбеклар болажон халқ. Фарзандни вояга етказиб, кези келганда набиралар ҳақида қайғуриш ҳам халқимизга хос фазилат. Аммо, ҳаёт ташвишлари билан андармон бўлиб, жигарбанди тақдирига, тарбиясига вақт топа олмаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Ана шундай инсонларга ибрат бўлишлиги учун эътиборингизга қуйидаги мўъжаз асарни тақдим этамиз.

Ўғлим, қулоқ сол: ушбу сўзларни сен уйқуга кетганингда айтмоқдаман, сенинг жажжи қўлинг лунжинг остида, жингалак, малла сочларинг эса нам тортган манглайингга ёпишиб турибди.

Мен ўзим сенинг ётоғингга бошимни эгиб кириб келдим. Бир неча дақиқа олдин, кутубхонада газета ўқиб ўтирганимда қалбим аянчдан ларзага келди. Сенинг ўриндиғинг олдида айбимга иқрор бўлиб турибман энди.

Болагинам: мен бузилган кайфиятим учун сендан ўч олдим. Мактабга тараддудланиб кийинаётганингда, сени жеркиб бердим, негаки юзингни ювиш ўрнига нам сочиқ билан артгандинг. Пойабзалингни тозаламаганинг учун уришдим.        Кийимларингдан қай бири ерга тушиб кетганда койиб бердим.

Нонушта вақтида ҳам заҳархандалик қилдим, ҳаракатларингдан айб изладим. Сен чойни тўкиб юбординг. Соғлом иштаҳангни очофатликка йўйдим. Тирсакларингни стол устига қўйдинг. Сариёғни нонга қуюқ суртдинг. Сўнгра сен ўйнагани, мен эса поездга ошиқаётганимда менга ўгирилиб боқиб, "Ҳайр, дада!" дея қўл силкдинг. Мен-чи, қовоқ уйиб, "Букчайма, қаддингни ростлаб ол!" дея ғўлдирадим.

Оқшомда барчаси яна такрорланди. Уйга қайтаётиб, сени пайқадим - чўкка тушиб қум ўйнаётгандинг. Пайпоқларинг тешилиб кетганди. Дўстларинг олдида изза қилиб, сени етаклаб кетдим. Пайпоқлар қиммат туради - уларни ўз пулингга олганингда, қадрини билардинг! Шу гапларни сенга ўз отанг айтганини қара, болам!

Сўнгра кутубхонада ўтирганимда қўрқа-писа, кўзларингни жавдиратиб кириб келдинг. Ҳалақит қилганинг учун норози нигоҳимни газета оша сенга қададим. Сен остонада иккиланиб туриб қолдинг. "Нега кирдинг?" - ўшқирдим мен.

Лом-мим демай бирдан яқинлашиб келиб, бўйнимдан маҳкам қучдинг-да, титраётган лабларингни юзимга босдинг. Қалбингдаги бепарволигим ҳам сўндира олмаган илоҳий муҳаббат қўлчаларингга қувват берди. Ва ортга ўгирилиб, жажжи оёқларинг билан майда қадам ташлаган ҳолда    ётоғингга йўл олдинг.

Шундан сўнг газета қўлимдан сирғалиб тушди ва мени беҳаловат қилган даҳшатли туйғулар юрагимни чулғади. Шу тобда иллат излаш одатимнинг қулига айланганимни фаҳмладим. Айб топиш, жазолаш - шу бўлди сендек беғубор гўдакка берган мукофотим. Сен ахир бор-йўғи кичкинтойсан-ку. Сирасини айтганда, ота меҳри менга бегона эмас. Гап шундаки, сени ўз қаричим, катталарга хос назар билан баҳолаганимда эди.

Сенинг табиатингда эса беғуборлик, нафосат ва самимият мужассам.   Сенинг жажжи юрагинг олис-олислардаги чўққилар узра отаётган тонг каби улкан ва бепоён. Буни юрак ютиб кутубхонага кириб келганингда, ўша қалбинг қатларидан отилиб чиққан меҳр ҳам исботлаб турибди. Залолат ботқоғига ботган отанг учун бугун бошқа ҳеч бир нарсанинг аҳамияти йўқ, ўғлим. Мен      қоронғида каравотинг олдига келиб, уялганимдан тиз чўкиб турибман!

Бу билан гуноҳимни аритолмайман, албатта. Уйғонганингда дилимдагиларни тўкиб солсам ҳам сўзларимнинг маъносини идрок этолмаслигингни биламан. Шу боис, эртадан яхши ота бўламан! Сен билан дўст тутинаман. Азият чекканингда бирга дардлашаман, қувонганингда ҳурсандчилигингга шерик бўламан. Оғзимдан иллат сўз чиқмаслиги учун тилимни тияман. Калима келтиргандек: "У ахир бор-йўғи гўдак-ку!", дея такрорлайман.

Шу чоққача сени катта йигит фаҳмлаб муомала қилган эканман. Аслида, ўриндиғингда ором олаётган мурғак болани кўриб, сен ҳали гўдаклигингни англадим. Кечагина онанг қўлидан тушмасдинг. Сендан кўп нарсаларни, жуда кўп нарсаларни талаб қилган эканман.

 

Саидаҳмад ШУКУРОВ таржимаси.

 

 

Каломинг борида (Бобур ғазалига мухаммас)

Сўзларингни ипга тизиб ким илҳоминг борида,

Чаман айлаб ишқ гулшани қўлда коминг борида.

Меҳмон айласанг мени ҳам издиҳоминг борида,

Не кўрай тўбони қадди хушхироминг борида,

Не қилай сунбулни хатти мушкфоминг борида?!

 

Ким асир бўлмас муҳаббатга балоғат ёшида,

Жилва қилур шодликлари ботини-ю тошида.

Не ажиб бахт сувинг тиниқ бўлса анҳор бошида,

Ким Хизр суйин оғизлагай лабингнинг қошида?

Ким Масиҳ алфозидин дегай каломинг борида?!

 

Бор гўзалликни суйиб, сенга берибди олам,

Тавсифингни ёза олмай қалтирар қўлда қалам.

Бир оғиз сўз айтай сенга, тинглагил, айлаб карам,

Ошиғингни давлати васлинг бирла қил муҳтарам,

Ҳусн аҳли ичра мунча эҳтироминг борида.

 

Элим осмони кўрмаган сендайин ойзодани,

Аммоки, сен кўзга илмай нечалаб шаҳзодани.

Яқинига йўламай ҳеч "ор" аталмиш шодани,

Биздин айру доим эл бирла ичарсен бодани,

Бизни ҳам гоҳи соғин шурби муродинг борида.

 

Азалидин ёр учунким, ёр ўткизар минг ситам,

Ёр азобидин юракка етса ҳамки минг алам.

Яйраюрмен дил тубидин чиқса сўзим ложарам,

Эй кўнгил, гар ғайр сўзи заҳри қотилдир, не ғам,

Лабларидин шарбати юхйил-изоминг борида.

 

Ошиқ ўлсанг ёр учун ғамлара тўлғил ишқ аро,

Гулдай очил кўйида, қўлида сўлғил ишқ аро.

Қўлидин тушиб охири, тупроқ ўлғил ишқ аро,

Тарки номус айлабон, бадном бўлғил ишқ аро,

Ким сени ошиқ дегай номусу номинг борида?!

 

Ҳар кишининг элу юртга бўлса ишқи бардавом,

Икки олам бахтиёрдир тил ўлса ширин калом.

Шеруз ул ёр ишқида ҳеч аяма меҳринг тамом,

Бобур ул гул кўйида булбул киби топдинг мақом,

Бир навое "рост"қил мундоқ, мақоминг борида.

 

ШЕРУЗ (Эсонжон ТОШПЎЛАТОВ),

 

Андижон тумани.

БОБУР ШЕЪРИЯТИНИНГ БАДИИЙ ХУСУСИЯТЛАРИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига     

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрининг охиригача жангу жадалларда от сурган бўлса-да, адабиёт ва шеърият илмини ўрганишга ҳам вақт топди. Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоийдан кейин мумтоз адабиётнинг аруз илмига оид мукаммал назарий асар яратди. "Мухтасар" номли мазкур китобда Бобур томонидан аруз вазнининг назарий асослари илмий таҳлил этиб берилган. Бобур ушбу китобида аруз баҳрларининг барчасига алоҳида тўхталиб ўтган ва шоирнинг ўзи ҳам мавжуд баҳрлар қаторига яна иккита баҳр қўшиб, улар сонини ўн тўққизтадан йигирма биттага етказган.

Бобур адабиётшунос олим сифатида аруз вазнига доир китоб яратган бўлса, истеъдодли ва беназир шоир сифатида келажак авлодга "Девони Бобур" китобини ёзиб қолдирди. Мазкур девонга шоирнинг дилбар ғазаллари ва мумтоз шеъриятнинг бошқа жанрларига мансуб шеърлари киритилган.

Мумтоз адабиётимиздаги аксарият  шоирларнинг ғазаллари асосан етти байтдан иборат бўлса, Бобур уч байтдан беш байтгача бўлган ғазаллар ёзиб, ўзбек мумтоз адабиётида ўзига хос ўрин эгаллади.

Бошқа шоирлар айтмоқчи бўлган фикрини  етти - тўққиз байтда баён этсалар, Бобур ўз фикрини уч - беш байтдаёқ бемалол айта олган. Мана, шу каби ғазаллардан бири:

 

Fурбату ҳижронға қолдим, оҳ, ул жон илгидин,

Жонға еттим эмди ғурбат бирла ҳижрон илгидин.

 

Кўрсатур гаҳ тиғу гаҳ ўқ - ҳолатимни билмайин,

Не балолар кўрадурмен ёру нодон илгидин.

 

Эл фиғонимдин бажону мен бу жондин, эй ажал,

Қил халос элнию, мени жону афғон илгидин.

 

Бобур, ул ой ҳажрида ишинг басе душвор эди,

Шукрким, қутқарди ўлум сени осон илгидин.

 

Зукко китобхон учун шоирнинг нима демоқчи бўлгани яққол кўриниб турибди. Мумтоз Шарқ поэтикасида "ийҳом" номли бадиий санъат бўлиб, бунинг луғавий маъноси "гумонсиратиш"дир. Ийҳом ўта нозик санъат бўлгани учун Алишер Навоий бу санъатни "хосса маъно" (энг нозик маънолар)ни ифодалайдиган санъат эканлигини уқтирган:

 

Агар хосса маъно гар ийҳом эрур,

Анинг кунда юз байти ҳалвом эрур,

 

дея даҳо шоиримиз ўз чексиз имконияти билан фахрланган эди. Бобур ана шу санъатда қайта-қайта китобхон қаршисида маъно-мазмун ранг-баранглигини намойишкорона уюштиради. Қуйидаги дилкаш, жозибадор байтни ўқиб, зукколарча идрокини ишга сола олган китобхон "сўрорим бор" бирикмасини "сўрамоқчиман" ва "сўрмоқчиман" маъноларида фаҳмлай олади:

 

Лабинг бағримни қон қилди, кўзумдин қон равон қилди,

Нега ҳолим ёмон қилди, мен ондин бир сўрорим бор.

 

Бобур маҳорати "тафреъ"     санъатини қўллашда ҳам яққол намоён бўлади. Бу санъатни қўллаган санъаткор кўриниб турган  нарсани "бу эмас" дейди-да, "мана бу" деб      бошқа бир ўхшаш нарсани айтиб, ажойиб муболағали, ўта таъсирчан бадиий воқеликни яратади:

 

Бобур лирикасини синчиклаб кузатар эканмиз, юқоридаги каби китобхонга хуш кайфият бағишлайдиган шеърий санъатларни кўплаб учратишимиз мумкин. Шоир ғазаллари мазмунини мактаб ўқувчиларига яқиндан таништириш ҳамда улар таркибидаги шеърий санъатларни ёш шеърият мухлисларига тўғри етказиш уларнинг адабиёт оламига эндигина кириб келаётган мурғак қалбида мумтоз шеъриятимизга чексиз қизиқиш ва муҳаббат уйғотиши табиий бир ҳолдир.

Маҳфузахон МАМАЖОНОВА,

Асака туманидаги 59-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани

 

 ўқитувчиси.

АЛИШЕР НАВОИЙ ОРЗУЛАРИ

Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги олдидан

Алишер Навоий феодал тузум ва реакцион кучлар аёлларни ҳар тарафлама камситиб келган бир пайтда уларни илмли, маърифатли, ҳунарли бўлишлари билан бирга йирик давлат арбоблари бўлишларини ҳам орзу қилди ва ўз асарларида хотин-қизларга алоҳида ўрин берди. "Фарҳод ва Ширин" достонидаги Меҳинбону тимсолини ўзи орзу қилган ҳар томонлама мукаммал, барча фазилатларни ўзида мужассамлаштирган замонасининг етук раҳбари тарзида яратиб берди. (Меҳинбону-улуғ бека дегани бўлиб, унинг асл исми Шомира (Семирамида) экан. Унинг номи билан боғлиқ афсона ва ривоятлар кўпдир.)

Меҳинбону маърифатпарвар, ўз ватанини, халқини чин дилдан севиб, ардоқлаган адолатли ҳукмдор аёл тимсолидир. У ўз саройида истеъдодли қизларни тўплаб, уларни маънавий гўзаллик, маърифатпарварлик йўлида илм-фанни ривожлантиришларига ҳомийлик қилди:

Бири ашъор баҳри ичра ғаввос,

Бири адвор даври ичра раққос.

Бири мантиқ русумида рақамкаш,

Бири ҳайъат руқумига қаламкаш.

Бирининг шеваси илми ҳақойиқ,

Балоғатда бири айтиб дақойиқ.

Бири тарихда сўз айлаб фасона,

Бири ҳикмат фани ичра ягона.

Ҳисоб ичра бирининг зиҳни ортиб,

Муаммода бириси от чиқориб.

Бу фанларда булар бир-биридан аҳсан,

Юз ул фанлиқ аро ҳар қайси якфан.

Дилором-у, Дилоро-ю, Дилосо,

Гуландон-у, Суманбў-ю, Сумансо.

Паричеҳру, Паризоду, Париваш,

Парипайкар зиҳи ўн исми дилкаш.

Фарҳод тоғ қазиш ишларини битириб, ариққа "Наҳрулҳаёт" ("ҳаёт ариғи") сув омборига "Баҳруннажот" ("Нажот денгизи") номини бериб, Меҳинбону саройига қайтди.

Меҳинбону Фарҳодга мардонавор бу ишлари шарафига саройда катта базм-зиёфат ташкил қилди. Базмга кўп одам йиғилди. Фарҳоднинг жасоратига қойил қолган Меҳинбону уни тахтга ўтиришга таклиф қилди ва ўзлари тахт пойига гиламлар тўшаб, қизлар билан давра олиб ўтирдилар. Меҳинбону қизларнинг ҳар бирига алоҳидадан савол бериб, улардан жавоб олди.

Даврада бу қизлар ўз билим ва      санъатларини намойиш қилдилар.

Дилором шеърият денгизида ғаввос бўлиб сузди, ажойиб дилтортар шеърлару ғазаллар ўқиди. Ҳаммани ўзига қаратди. Ҳамма уни олқишлади.

Дилоро рақслар майдонида ўз      санъатини намойиш қилди: елдек айланди, қушлардек парвоз қилди. Базмдагилар унга таҳсин ва офаринлар ёғдирдилар.

Дилосо барча фанларга алоқадор бўлган мантиқ илмини боғлаб, унинг маъносини-афзаллигини тушунтирди.

Гуландом мусиқа илми билан шуғулланувчи бастакор ва моҳир созанда эди. У соз чалди, куйлади, барча меҳмонларни мафтун этиб, олқишга сазовор бўлди.

Суманбўй ҳақ илмини эгаллаган исломшунос олима бўлиб, Қуръонни ёд биларди. У етти хил усулда Тиловати Қуръон қилди. Ҳамма таъсирланди. Офаринлар айтишди.

Сумансо қўшиқчи-шоира эди. У ўз даврининг булбули бўлиб, бахт ҳақида куйлади.

Базмдагилар  офарин, дея    олқишладилар.

Паричеҳра тарихчи олима эди. У йиғиндагиларга турли эртаклар, афсоналар айтиб берди. Олима сифатида шоирлар ёзган шеърлардан тарихий саналар чиқарди.

Бу ҳижрий 889 йил бўлиб, милодий ҳисоб бўйича 1484 йилга тўғри келади. Базмдагилар "аҳсан! аҳсан!" дея офаринлар айтдилар.

 Паризод ҳикмат фани соҳасида яъни физика фани бўйича етук олима эди. У ўз даврида ривож топган шу фан ютуқлари асосида илмий тажрибалар ўтказиб, барчани лол қолдирди.

Ҳалойиқ бу олима қизни ҳам олқишладилар.

Париваш математика фанининг етук алломаси бўлиб, амалий тажрибалар кўрсатди. Мусо ал-Хоразмий ва унинг асарлари мазмуни билан таништирди. У ҳам офарин ва олқишлар уммонига ғарқ бўлди.

Парипайкар муаммо соҳасининг соҳибасидир. Муаммо шеъриятдаги кичик жанр бўлиб, бирон сўзни яшириб, жумбоқли шеър ёзиш санъатидир. Парипайкар бир нечта муаммоларни ечади:

Отим чиқсин десанг, солғил иморат,

Иморатни солиб отни чиқорғил.

"Иморат" сўзидаги "от" қисмини чиқариб юборсак, "Имар" ёки "Умар" сўзи аниқланади. Яна бири:

Бобомнинг белида дудук,

Биз ҳам бир муаммо дедук.

"Бобо" сўзи араб тилида "жайд", "дудук" сўзи "най" деб аталади.  Жайд (бобо)нинг белига дудук (най)ни қистирсак, Ж+найд-Жунайд сўзи келиб чиқади.

Бу қизларнинг донолиги, зукколиги, илм-фанни, адабиёт ва санъатни мукаммал эгаллаганлиги ҳаммани лол қолдиради.

Алишер Навоий мазкур достони  орқали қилган орзулари бизнинг замонамизга келиб амалга ошди. Бугунги кунда ўзбек хотин-қизларидан юзлаб олималар, фан арбоблари, ҳуқуқшунослар, ёзувчи ва шоиралар, бастакор-у қўшиқчилар, раққосалар-у мусаввирлар, фермерлар, ҳокимлар, врачлар-у муаллималар етишиб чиқмоқдалар. Улар улуғ бобомиз ҳазрат Навоий орзу-армонларини рўёбга чиқариш йўлида жонбозлик кўрсатмоқдалар, халқимизни илмли, маърифатли, маданиятли, шунингдек, бой-бадавлат бўлиб яшаши учун   фидойилик қилмоқдалар, эл-юрт эъзозига мушарраф бўлмоқдалар.

Дилдора ЭРГАШЕВА,

 

 Балиқчи тамани

БАХТ ГУЛЛАРИ

Қатра

Мен гулларни севдим. Қалбим севги туйғусидан энтикди, гулларнинг гўзаллигидан сармаст бўлдим. Дунё бир зумда мени ширин туйғулар булоғига чўмилтирди. Нурли, умидбахш туйғулар нафақат вужудимни, гўё бутун оламни қамраб олди.

Англаганим, ишонч мени йўқлаб келди. У ўзи билан бир мўъжизани етаклаб келди. Бу мўъжизани ўзимча - "Севинч гуллари" деб атадим.

Севинч гуллари...

Улар шундай ўсаяптики, гўё нозик қалбимга  мустаҳкам қалъа бўлмоқни истайди. Назаримда, бу қалъани ҳеч ким буза олмайди. У шунчалар мустаҳкамки, фисқу-фасод, рашк, изтироб тошлари ҳам унинг биллур юзига дарз етказа олмайди. Унга туҳмат, офат, ёмонликлар ҳам яқинлаша олмайди. Ана шундай гуллар ишқ боғимни яшнатяпти.

Севги гуллари...

Бу гуллардан бошқача бўйлар таралади. Бу гуллардан муҳаббатнинг тотли ҳиди келади. Бу гул бахт сувини симириб, жон олади, кўкаради. Юракдан ранг олади. У шунчалар илоҳийки, унга таъриф беришнинг имкони йўқ.

Кўнгил гуллари...

 Беғубор соғинч ҳавосидан нафас олади бу гуллар. Шу сабаб улар гўзал, ифори ўзгача. Улар ҳеч қачон сўлиб қолмайди. Бандида ўзгаларга озор берувчи тиконлари бўлмайди. Улар вафода, садоқатда тенгсиз бўлади. Осмон кўшкидай оппоқ рангли бу гулларни БАХТ гуллари деб атарман балки...

 

Махсума РЎЗИБОЕВА,

 

Муҳаммад ЮСУФ номидаги ижод мактаби ўқувчиси.

МЕНИНГ БУВИМ - МУАЛЛИМ

Болажон фикри

- Муаллимлик - шарафли ва машаққатли касб. Мактабдаги бутун жамоа бир оила, ўқувчилар эса фарзандларимиздир, - дейди бувижоним Раънохон Мақсудова. - Фарзандларимизнинг билимли, тарбияли бўлиши учун ҳар бир ўқитувчи бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қилади.

Ушбу фикрларни айтган бувижоним қирқ йилдирки, Олтинкўл тумани Иттифоқ маҳалласида жойлашган 46- умумтаълим мактабида тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Бувим ўз касбини, ўз соҳасини жуда севади. Тарих фани фанларнинг устозидир - дейди у. - Чунки, бунда ўтмиш жилоланади, ота-боболаримизнинг ватан учун, ҳуррият учун олиб борган жангу жадаллари ҳақида битиклар баён этилади. Уларни ўқимоқ, ўрганмоқ ҳозирги мустақил, тинч-осойишта ҳаётимизни яратиб берганларни хотирламоқдир. Бувижонимнинг бу каби насиҳат ва ўгитларини, тарихий ҳикояларини нафақат мен, балки маҳалламиздаги барча болалар севиб тинглайдилар.

Мен келажакда журналист бўлишни орзу қиламан. Яқинда синфимизда "Сиз катта бўлсангиз, қандай касбни эгаллайсиз?" мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирда ҳар ким ўзи хоҳлаган касбини, нима учун қизиқишини, бу касбни эгаллаш учун қайси фанларни пухта ўрганиши кераклиги ҳақида савол-жавоблар бўлди. Унда мен ҳам фаол иштирок этдим. Келажакда журналист бўлишни орзу қилишимни, ана шу касб эгаси сифатида халқимга, ватаним равнақига муносиб  ҳисса қўшишимни айтдим.

Бувижоним эса ҳамиша ҳар қайси касбни эгаллаш учун пухта билим олиш кераклигини, дангаса инсон ҳеч бир ишнинг уддасидан чиқа олмаслигини, мақсадига эриша олмаслигини таъкидлайдилар.  

Мумтозбегим АБДУВАҲОБОВА,

 

Олтинкўл туманидаги 21- умумтаълим мактаби 6- синф ўқувчиси.

ДАРС ҲАМ ИБОДАТДИР

ФИКР

 

Талабалик даврим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Устозлар ўгитлари эса қулоғимга қуйилиб қолган."Сен дарсни ўтишда мулоҳаза билан сўзлаб, эътиқод ва садоқат билан ўтгин. Чунки, дарс ўтиш ҳам ибодатдир", - деган эди устоз Б.Жалилов. Ўйлаб кўрсам, бу гаплар замирида катта ҳикмат бор экан. Ҳар бир ўқитувчи ўз фанининг сирларини ўқувчига ўргатар экан, меҳр ва эътиқод билан ёндошиши керак экан. Чунки, кўзлари жовдираган болажонлар устознинг юриш-туриши-ю, гапириши, кийиниш маданиятигача синчковлик билан кузатади ва ундан ибрат олади. Шунинг учун ҳам касбимиз шарафли ва масъулиятлидир.

Боланинг қалбига "Ватан", "Она", "Дўстлик", "Китоб", каби сўзларни сингдириб, уни ҳаёт йўлларига тайёрлаш ҳам савобдир. Эзгулик уруғини дилларга жо қилган, пухта билим берган, меҳр кўрсатган устозни ҳеч қайси шогирд унутмайди, ҳурмат билан тилга олади.

Биз ўқувчимиз билан шундай самимий сўзлашайликки, бизга дардини ҳам, орзу-умидларини ҳам ишонч билан айта олсин. Келинглар, азиз устозлар! Ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик билан, янгича ғоялар билан ёндошиб ўқувчилар меҳрини қозонайлик. Токи, ёш авлоддан Улуғбегу, Ибн Сино, Берунийу Навоий, Бобурлар етишиб чиқсин.

 

Нодирахон ҚОСИМОВА,

 

педагог.

ҲАЁТДА ШУНДАЙ ИНСОН БЎЛИНГКИ...

Ҳаёт - ибрат мактаби

Ҳаётда шундай инсон бўлингки, аввал салом бергувчи, ҳол сўрамагандан аҳволини сўрайдиган, жаҳл қилганга табассумла жавоб бера оладиган, кечирим сўрамасларидан олдин кечириб юборадиган. Бундай кишиларга ҳавас қилиб яшашимиз керак. Инсонни яхшиликка етакловчи ҳаёт синовларидан ўтган қуйидаги маслаҳатлар ҳамиша, ҳар биримизга ҳамроҳ бўлсин:

- Шундай самимий бўлингки, ёлғон гапира олишмасин...

- Сизни эслашганда, яхши ном билан хурсанд ҳолда, кайфиятлари янада кўтарингки бўлишига сабабчи инсон бўлинг...

- Кўринмай қолсангиз, "Шу кунларда сизни эслагандим, ҳаттоки гаплашгим келганди...", дея чин дилдан айта олишсин....

- Бир зум кўринмасангиз соғинишадиган, ҳар он меҳрингиз тафтини ҳис этиб яшашларига сабабчи бўлинг... Агар шундай яшаётган бўлсангиз, демак, сиз беҳуда умр ўтказмаяпсиз...

- Оқибатингиз давомий, садоқатингиз содиқ бўлиб, орангиздаги ришталар янада мустаҳкам бўлсин...

- Ўзингизни бахтиёр ҳис қилишингиз учун  ёлғон мулозаматлар ҳам, ортиқча  миллионлар ҳам керак эмас аслида...

- Яқин кишингизнинг самимий табассуми, соф муҳаббати ва сизга бўлган комил  ишончи бўлса кифоя...

 

Сожидахон САИДОВА тайёрлади.