+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

РИЗҚИМ ЖУРНАЛИСТИКАДА СОЧИЛГАН ЭКАН

- 1981 йили Жалақудуқ тумани "Олға" газетасига оддий котиба бўлиб ишга кирганман. У пайтларда компьютерлар йўқ. Матнлар машинкада ёзиларди. Қўлда ҳарфлар терардик. Темир "клише"лар бўларди, шуларда расмлар чиқариларди. Ҳарф терувчи қўрғошин эришини кутиб ўтирарди. Ҳозиргидай ҳамма иш замонавий технологияларда бажариладиган, шинам ва озодагина хонада компьютерда ишлаб ўтиришдан анча машаққатли ва узоқ вақтни оладиган жараён эди бу.

Газетамиздаги мухбирларнинг ишини кўриб, кузатиб, шу соҳага меҳрим тушди.  Аста-секин шу ижодий жамоанинг аъзосига айландим. Аввалига кичик-кичик хабарлар ёзишни ўргандим. Сўнг мурожаатлар, хатлар билан ишлаш, мақолалар ёзишга ўтдим. Бошқа соҳада ишлашни ҳаёлимга ҳам келтирмаганман. Чунки,    журналистика мени оҳанграбодай ўзига сеҳрлаб қўйган эди. "Қандай иш бўлса ҳам майли, шу ерда юрсам бўлди", деб газетага маҳкам ёпишдим. Ризқим журналистикада сочилган экан мана, узоқ йиллар газетада ишлаб, қадр топдим, соҳанинг  пасту баландини, сир-асрорларини ўргандим. Интилишларим, ҳаракатларим сабаб, қолаверса жамоамнинг қўллаб-қувватлаши туфайли шу даражага эришдим.

Мен оилавий шароитим тақозоси сабаб олий ўқув юртида ўқий олмаганман. Чунки, журналистикага ўқишим учун  Тошкентга боришга тўғри келарди. Бироқ, мени - ҳаёт, ижодий муҳит, бағрикенг устозлар журналист қилди.

Эркинжон Мадиёров, Пўлатжон Абдуллаев, Узоқбой Саксонбоев, Ҳабиба Абдураззоқова каби устоз-журналистлардан кўп нарса ўргандим, уларнинг маслаҳатлари, ўгитлари билан униб-ўсдим.

Нафақага чиққан бўлсам-да, ишлашдан, ёзишдан асло тўхтаганим йўқ. Шуни ишонч билан айта оламанки, то тирик эканман қалам мен билан. 

Журналистика шарафли, бироқ машаққатли соҳа. Буни шу соҳанинг нонини еган одамгина тушуна олади. Касб байрамимиз арафасида шу машаққат йўлини тутган жафокаш, фидокор, қалби қайноқ, халқ дарди билан ёнувчи ҳамкасбларимга узоқ умр, сабру матонат, метиндек ирода тилаб қоламан. Қаламингиз асло синмасин, азиз журналистлар! Ҳамиша давлатимиз ҳимояси ва элимиз ардоғида бўлинг!

Мавлудахон КАТТАХЎЖАЕВА,

 

 "Жалақудуқ ҳаёти" газетаси мусаҳҳиҳи.

Соғлом ҳаёт учун - беш минг қадам

Андижон шаҳридаги Саховат уйида  "Соғлом ҳаёт учун - беш минг қадам" оммавий пиёда юриш акцияси ўтказилди. Унда муассасада яшовчи отахон ва онахонлар, тиббиёт ходимлари иштирок этди.

Акция қатнашчилари тоза ҳавода сайр қилиб, боғдаги мевалардан ўз қўллари билан узиб  едилар. Муассасада  яшовчилар асосан катта ёшдаги кишилар бўлиб, овқатдан сўнг пиёда юриш, очиқ ҳавода сайр қилиш улар учун айниқса, фойдали. Саховат уйида уларнинг соғлом овқатланишларини таъминлаш, иммунитетини оширишга катта эътибор қаратилади. Витаминларга бой овқатлар тайёрланиб, мевалар, сут маҳсулотлари доимий равишда етказиб берилади.

Саховат уйи ходимлари карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ва белгиланган тартибда иш олиб бормоқдалар.

Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан юборилаётган кўрсатма ва чора-тадбирлар режаси ҳамда коронавирус инфекцияси бўйича 18 соатлик онлайн ўқиш дарслари масофа сақлаган ҳолда, муассаса директори Отабек Исмоилов ҳамда малакали шифокорлар томонидан тез-тез ўтказиб келинмоқда. Дарслар якунида олинган билимлар тест орқали синовдан ўтказилмоқда. Онлайн дарслар ўрта-тиббий ходимларнинг билим даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари муассаса ички ва ташқи ҳудудларида кунлик дезинфекция ишлари ҳам мунтазам олиб борилмоқда. Президентимизнинг 5 муҳим ташаббуси ижроси доирасида турли спорт ўйинлари ташкил этилаётганлиги бу ерда яшаётган кексаларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, бўш вақтларини мазмунли ва унумли ўтказишга ёрдам бермоқда.

 

Мая УСМАНАЛИЕВА,

меҳнат фахрийси.

Олтинкўлнинг маҳалла ва хонадонлари ҳамиша файзли

Олтинкўл туманида ҳам  "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман" шиори остида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари,  Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи М. Юнусова, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ўринбосарлари, мутасаддилар иштирокида бўлиб ўтган семинарда тумандаги маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг кўламли  ободонлаштириш, хайр-саховат ишлари билан яқиндан танишилди.

Семинар доирасида ўтказилган ҳашар, саховат тадбирларида кўплаб эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди, бир қатор ана шундай оилаларнинг уйлари таъмирланиб, саранжом-саришта қилиб берилди.

Тумандаги ҳар бир кўча, ҳар бир маҳаллада "Обод хонадон"," Обод кўча" ва "Обод маҳалла" тамойилларини жорий этиш бўйича ибратли ишлар олиб борилаётганлиги, мазкур жараёнда фуқаролар фаол қатнашаётганлиги, бу ўз навбатида аҳолининг турмуш фаровонлиги ва маданиятини янада юксалтириш, даромад манбаларини шакллантиришга хизмат қилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

Семинар ва бошқа хайрли тадбирларда ҳар бир хонадондаги маиший турмуш, томорқа маданиятини ривожлантириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, бу борадаги илғор тажрибаларни ёйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди, амалий натижаларга юқори баҳо берилди.

Туманда мазкур йўналишларда амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Зилола ТОШТЕМИРОВА,

 

Олтинкўл тумани Маҳалла ва оила бўлими бошлиғининг  ўринбосари.

Хонобод янада обод бўлмоқда

Кундан-кунга чирой очиб, юксалиб бораётган, Фарғона водийсининг туризм марказига айланаётган Хонобод шаҳри ҳақиқатдан ҳам юртимизнинг энг гўзал, хушманзара гўшаларидан бири ҳисобланади. Бутун мамлакатимизда бўлгани каби  "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман" шиори остидаги акция доирасида шаҳримизда ҳам кенг кўламли ободонлаштириш, саховат ишлари ўтказилмоқда.

Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Хонобод шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида шаҳардаги А.Фитрат, Анҳор маҳалла фуқаролар йиғинларида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод  маҳалла" мезонлари асосида тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, ҳар бир хонадон, кўча ва гузарда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шаҳардаги 14 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари, ўринбосарлари, фаоллари, нуронийлар, уй бекалари иштирокида "Эҳтиёжманд ва камбағал оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш, томорқадан самарали фойдаланиш бўйича ҳашарлар ўтказиш" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

 Семинарда шаҳар ҳокими М. Мамадалиев, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари  Ш. Сотволдиева, нуронийлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Х. Одилов иштирокчиларга ўтказилаётган акциянинг мақсад, мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунча ва маълумотлар берди.

Секторларда амалга оширилган ишлар, Нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг аҳолига мурожаати, маҳаллаларда хонадон ва кўчаларни обод ҳамда кўркам қилиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар, эҳтиёжманд ва камбағал оилаларнинг хонадонларини таъмирлашга кўмаклашиш бўйича ҳашарлар ташкил этиш, томорқаларидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромад манбаларини шакллантириш, нуронийлар фаоллигини ошириш ва бошқа қатор масалалар юзасидан вазифалар белгиланди.

Семинар иштирокчилари Фитрат маҳалла фуқаролар йиғинидаги 151- кўп қаватли уйда ҳамда ҳудуддаги маҳаллада яшовчи 48 оиланинг турмуш тарзи, яшаш маданияти,     томорқадан унумли фойдаланиш борасида олиб бораётган ишлари, илғор тажрибалари билан танишди. Оилаларни мустаҳкамлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ижобий ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди.

Томорқадан фойдаланиш, ўз хонадонини покиза, саранжом-саришта тутиш борасида ўнлаб оилаларда олиб борилаётган намунали  ишлар барчага манзур бўлди.

Соғлом турмуш тарзи ва маданиятини янада юксалтириш, аҳолининг ана шу йўналишдаги фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган "Саломатлик учун 5000 қадам" тадбирида ёшу кекса ҳамшаҳарларимиз фаол иштирок этди.

Юрт ободлиги кўнгилдан, остонадан, оиладан, маҳалладан  бошланади. Шу боис ҳам юртдошларимиз кайфиятини кўтариш, уларни эзгу ва хайрли ишларга сафарбар этишга қаратилган бу каби тадбирлар шаҳримизнинг барча маҳаллаларида ўтказилмоқда.

 

Мухтасархон ХОШИМОВА,

Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.

МАРҲАМАТДА ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАРНИНГ ШАРОИТИ ЎРГАНИБ ЧИҚИЛДИ

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган  "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман" шиори остидаги акция вилоятимиз бўйлаб кенг қулоч ёзмоқда. Акция доирасида 2020 йил июнь-август ойларида амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси бандлари бўйича "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" тамойили асосида хонадонлар, кўча ва маҳаллаларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, бу борада Марҳамат туманида ҳам эътиборга молик ишлар бажарилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги томонидан акция доирасида ўтган қисқа вақт мобайнида 2 минг 308 та тадбир ўтказилиб, уларда 18 минг нафарга яқин фуқаро иштирок этди.

Хусусан, 247 та кўча, 4 минг 968 та хонадонда тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилди. Шунингдек, 963 та камбағал оиланинг шароити  ўрганиб чиқилиб,  262 та хонадон тартибга келтирилди, 448 та хонадон томорқасига ишлов берилди, 273 та хонадоннинг ўчоқ, тандир ва ошхонаси      таъмирланди.

Тумандаги "Пахтакор" маҳалла фуқаролар йиғинида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мавлудахон Низомова, туман ҳокими Бобуржон Юлдашев ва секторлар раҳбарлари иштирокида "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман" шиори остида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод  маҳалла" мезонлари асосида ўтказиладиган тадбирларнинг мазмун-моҳияти, мақсадини тарғиб этиш бўйича семинар ўтказилди. Семинарда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, ўринбосарлари, фаоллари иштирок этди.

Семинар доирасида Пахтакор маҳалласининг Соҳибкор кўчасида мазкур кўчада яшовчи аҳоли томонидан тозалов ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Яъни, дарахтларга шакл берилиб, оқланди. 2 километр узунликдаги ариқ тозаланди, 1 километр масофадаги йўлнинг четларига ёритгичлар ўрнатилди.

Тадбир иштирокчилари Сохибкор кўчасида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 4 та оилада бўлиб, хомийлар кўмагида уларга моддий ёрдам кўрсатди.

  Семинарда иштирокчиларга томорқа хўжалигини юритиш, томорқа маданияти, хонадоннинг озодалигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш бўйича ҳам таклиф ва тавсиялар берилди, амалга оширилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.

 Маъмурахон СОТВОЛДИЕВА,

 

Марҳамат тумани ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.

Ҳеч бир гўша тенг келолмас Андижонга!

Андижоннинг ҳар тонгида бахт овози,

Етти иқлим тонгларида берар садо.

Қучоғида ялла айтар тинчлик сози,

Бунда шукр айтар ҳатто эсган сабо.

 

Бобур Мирзо изларидан мерос диёр,

"Анда жоним қолди" дейди ҳар қадами.

Боғишамол қирларида куйлар алёр,

Ифтихорга кўмар дилни ҳар бир дами.

 

Дастурхонга ёйиб ташлар бор бисотин,

Кўксидадир қўли меҳмоннавоз элин.

Боболари дуогўйдир, момолари отин,

Ёшлари-чи, шижоат-ла боғлар белин.

 

Қаддин ростлар муҳташам уй-бинолари,

Оби ҳаёт суви ила малҳам жонга.

Юракларда ифтихорнинг садолари:

Ҳеч бир гўша тенг келолмас Андижонга!

 

Оқибатхон МАДАМИНЖОН қизи,

 

Булоқбоши тумани.

Ёшлар билан учрашув

Мамлакатимизда нишонланадиган "Ёшлар куни" олдидан  Бўстон туман ҳокими Садбархон Мамитова ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ойбек Юлдашев иштирокида ZOOM платформаси орқали вилоят ёшлари билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда хотин-қизлар турли масалалар юзасидан ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.  Ўз ўрнида вилоят ёшларининг сардори ҳамда туман ҳокими ёшларимизнинг фаоллигини ошириш, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш ва бошқа қатор масалалар хусусида таклиф, тавсияларини айтиб ўтди. Ёшларни қизиқтирган барча саволларга жавоблар қайтарди. Уларнинг фикр ва мулоҳазалари ёшларда келажакка янада ишонч ва шижоат уйғотди.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Наврўз маҳалласида янги боғча иш бошлади

Андижон шаҳрининг "Наврўз" маҳалласида "Оқ айиқча" деб номланган 100 ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Тадбиркор Дилором Юлдашеванинг саъй-ҳаракати билан 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ ҳисобига давлат шерикчилиги асосида барпо этилган ушбу масканда асосан нутқида нуқсони бор болалар тарбияланади. 

Уч қаватли, замонавий қиёфага эга ушбу инновацион муассасада болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Муассасада мусиқа, спорт, гимнастика, инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур мактабгача таълим ташкилотининг ишга тушиши билан 25 та янги иш ўрни яратилди.

Болажонларга тажрибали мутахассислар инглиз ва рус тилларидан сабоқ беради, нутқ борасида нуқсони бўлган кичкинтойлар тажрибали логопед назоратида бўлади.

- Айни кунда Андижон шаҳрида 56 давлат, 8 та нодавлат мактабгача    таълим ташкилоти, шунингдек, 17 та уй боғча фаолият кўрсатмоқда, - дейди Андижон шаҳар мактабгача таълим ташкилоти бўлим бошлиғи Хилолахон Зияева. -  Умуман, Андижон шаҳрида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 48,2 фоизга етказилган.

Жорий йил давомида Андижон шаҳрида яна 13 та нодавлат болалар тарбия масканларининг ишга туширилиши кўзда тутилган.

 

 

Сожида САИДОВА

ТУМАНДАГИ КОРХОНА ВА ТАШКИЛОТ РАҲБАРЛАРИ ҲАМДА ҲИСОБЧИЛАРИ ДИҚҚАТИГА!

2020 йил июль ойи якуни бўйича қуйидаги давлат статистика ҳисоботларини хато ва камчиликларсиз белгиланган муддатдан кечиктирмай интернет тармоғи орқали электрон шаклда тақдим этишингизни сўраймиз:

 

“1-К shakli”(ойлик) ҳисобот давридан кейинги ойининг 5-санасидан кечиктирмай.

 

Шунингдек, давлат статистика кузатувларини ўтказишда зарур бўлган давлат статистика ҳисоботларини узрли сабабларсиз белгиланган муддатларида тақдим этмаган, ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатган юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 215-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирамиз.

Мурожаат учун туман статика бўлимининг телефон рақамлари:

(74) 761-11-42, 224-82-92

 

Улуғнор тумани статистика бўлими

КОРХОНА ВА ТАШКИЛОТ РАҲБАРЛАРИ ҲАМДА ҲИСОБЧИЛАРИ ДИҚҚАТИГА!

2020 йил июль ойи якуни бўйича қуйидаги давлат статистика ҳисоботларини хато ва камчиликларсиз белгиланган муддатдан кечиктирмай интернет тармоғи орқали электрон шаклда тақдим этишингизни сўраймиз:

“1-К shakli”(ойлик) ҳисобот давридан кейинги ойининг 5-санасидан кечиктирмай.

“1-moliya shakli” (ойлик) ҳисобот давридан кейинги ойининг 18-санасидан кечиктирмай.

Шунингдек, давлат статистика кузатувларини ўтказишда зарур бўлган давлат статистика ҳисоботларини узрли сабабларсиз белгиланган муддатларида тақдим этмаган, ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатган юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 215-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирамиз.

Мурожаат учун телефон рақамлари: (74) 228-29-77, 224-82-48

 

Андижон вилояти статистика бошқармаси