Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Мулоҳаза
Гендер тенглик бирга юксалиш демакдир
Бугун дунё қанчалик ривожланмасин, ҳали ҳам «Нега эркак ва аёлнинг имкониятлари тенг эмас?» деган савол очиқ қолиб келмоқда. Бу савол нафақат катта-катта минбарларда, балки оддий оилаларда, иш жойларида, кўча-кўйда ҳамон муҳокамада. Гендер тенглиги кўпчилик учун оддий тушунчадек туюлса-да, аслида жамият тараққиётини белгиловчи муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.
Тенглик – бу фақат шиор эмас, у ҳар икки жинснинг бирдек ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиши демакдир. Бу “эркак билан аёл бир хил бўлиши керак” дегани эмас, балки улар ҳаётда, меҳнатда, таълимда ва сиёсатда ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун тенг имкониятга эга бўлиши деганидир.
Айни кунда ҳам кўплаб аёллар ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишни хоҳлайди, бироқ уларнинг йўлида кўплаб муаммолар, яъни ижтимоий босим ёки имкониятлар етишмаслиги тўсиқ бўлиб турибди. Эркаклар эса кўпинча “ҳаёт юкини фақат ўзим кўтаришим керак” деган фикр билан яшаб келишмоқда. Гендер тенглиги мана шу ноҳақ чегараларни бузиб ташлашга хизмат қилади.
Шахсан мен гендер тенглигини тараққиёт йўлидаги двигателга ўхшатаман, чунки у жамиятнинг барча қатламларини ҳаракатга келтиради, имкониятлар тенглашганида эса ижодкорлик, самарадорлик ва инновация янада ривожланади. Агар ижтимоий ҳаётга назар ташласак, аёллар фаол бўлган жамиятларда демократия мустаҳкам, ижтимоий адолат барқарор эканлигининг гувоҳи бўламиз. Аёлнинг уйдаги роли чекланганда эса, жамиятнинг ўзи чекланади.
Бугун ривожланган жамиятларнинг аксарияти иқтисодий ўсишга айнан гендер тенглиги сиёсати орқали эришганлигини айтиб ўтиш жоиз. Иқтисодиётда ҳам шундай: аёл тадбиркорлар кўпайган сари рақобат кучаяди, сифат ошади ва бозор жонланади. Қизларнинг фан ва техника соҳаларига кириб келиши эса инновациялар учун янги имконият эшикларини очади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенглиги мавзуси янада фаолроқ муҳокама қилинмоқда: бир қатор қонунлар, аёлларни қўллаб-қувватлаш дастурлари қабул қилинди, сиёсий жараёнларда уларнинг иштирокини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзлар жорий этилди. Бу борадаги ислоҳотлар қоғозда қолиб кетмасдан амалий ишлар кўлами янада кенгайиши, ўзгаришлар энг аввало, одамларнинг онгида бўлиши керак.
Тан олиб айтишимиз керакки, ҳозирда бу масалада халқимиз орасида нотўғри фикрлайдиган кимсалар анча кўп, уларда эскича қарашлар сақланиб қолган. Ана шундай фикрлайдиган оилаларда қиз фарзанднинг орзулари унинг жинси билан чекланади ва том маънода мустақилликка эришиш учун кўп меҳнат қилиши керак бўлади. Чунки бу каби инсонларда аёлларга бўлган ишонч ҳали ҳам тўлиқ шаклланмаган.
Баъзилар гендер тенглигини “ғарбнинг ғояси” деб билса, бошқалари “аёлнинг ҳаддидан ошиши” деб тушунади. Аслида эса, аёлнинг овози эшитилган жамият – қудратли жамиятдир. Гендер тенглиги жамиятнинг келажаги учун заруратдир.
Аёл ҳам, эркак ҳам имкониятлари тенг бўлган жамиятда яшаса, тараққиётнинг эшиклари кенг очилади. Зеро, тенглик – бу кураш эмас, бирга ривожланиш, бирга яратиш ва бирга юксалиш йўли демакдир. Хулоса қилиб айтганда, гендер тенглиги адолат, тараққиёт ва барқарорликнинг пойдевори ҳисобланади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси – эркак ёки аёл ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлгандагина мамлакат ривожига тўлиқ ҳисса қўша олади. Шунинг учун гендер тенглигини таъминлаш умумжамият бурчидир.
Мубина РАСУЛОВА,
Андижон давлат чет тиллар институти қиёсий тилшунослик, лингвистик таржимашунослик йўналиши магистранти.
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
тафаккур
ҚАДР-ҚИЙМАТ ЎЛЧОВИ
Ёлғизликка қулфланган фикрлар орасида бир нола бор - аёл билан эркакка берилган имкониятлар баробар бўлмаса, ҳаётнинг ўзи ҳам кичкинагина оғиш билан издан чиқиб кетади. Инсоннинг икки қаноти бўлса, шулардан бири ожиз бўлса, қандай қилиб осмонга кўтарилиши мумкин?
Табиатга қаранг - баҳор келганда гул очилиши учун булут ёмғирини аямайди. Қуёш нурини, табиат эса неъматларини тенг тақсимлайди. Ҳар фаслда ўзига хос ҳаёт, бирдек тенглик, бирдек жараён мавжуд. Кишилик жамиятида эса, баъзан аёлнинг ҳақи, қиз боланинг орзуси, ожизанинг меҳнати эътибордан четда қолиб кетади.
Бир оз тасаввур қилиб кўринг, уйдаги чақалоқнинг илк қадамлари, болаларнинг мактабга қувонч билан югуриши, хонадон тинчлиги, оила тотувлиги - буларнинг барчаси онанинг меҳри ва отанинг қўллови билан баробар, бирдек муштарак. Агар ана шу иккисидан бири етишмаса-чи? Оилада тенг ҳурмат бўлмаса, жамият қандай барқарор бўлади?
Бир инсоннинг жинси унинг қийматини белгилайдими?
Албатта йўқ. Аёл ҳам, эркак ҳам ҳақ-ҳуқуқ, имконият, меҳнат, орзу ва эркинликда баробар ҳуқуқ ва имкониятга эгадир.
Ёки бир аёл фақат жинси туфайли иш жойида унинг меҳнати паст баҳоланса;
Ёш бола онасини ночор кўрса;
Бу ҳолатларнинг ҳар бири жамиятнинг қаровсиз қолдирилган боғи каби - бир гулини суғориб, бошқасини сувсиз қўйиш билан баробардир. Эътибор, тенглик бўлмаса, гулзор пайдо бўлмайди.
Гендер тенглик - бу шунчаки қонун ёки расмий ҳужжат эмас.
Бу - ҳаётнинг ўзига хос нафаси. Инсонликнинг ўзаги, қадр-қийматнинг ўлчови.
Шунинг учун ҳам фарзандларимизга болаликдан ўргатишимиз керак - ҳаётда тенглик бўлса, нафақат инсон, балки жамият ҳам юксалади. Инсонлар тенг бўлган жойда ҳеч ким орқа сафда қолмайди. Ҳеч бир қиз орзусидан кечмайди. Ҳеч бир аёл сўзини ичига яширмайди. Ҳеч бир эркак "ўзим ёлғизман" деб оғир юкни елкасига ташлаб олмайди.
Гендер тенглик, бу - эркинликка бошловчи калит. Уни қўлда эмас, қалбда тутиш керак.
АЁЛЛАРГА НИСБАТАН ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИК ҲОЛАТЛАРИ ЎРГАНИЛДИ
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
муаммо ва ечим
АЁЛЛАРГА НИСБАТАН ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИК ҲОЛАТЛАРИ ЎРГАНИЛДИ
Кейинги йилларда мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ олиб борилаётган ишларга қарамасдан жойларда аёллар эркинлигини чеклаш, айниқса, уларга нисбатан оилавий тайзиқ ва зўравонлик ҳолатларининг қайд этилаётганлиги бу борадаги ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш масалаларига эътиборни янада кучайтиришни тақазо этади.
Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оила, унинг мустаҳкам ва барқарорлиги жамият ривожида муҳим роль ўйнайди. Оиланинг мустаҳкам бўлиши эса, кўп жиҳатдан оилавий муҳитга, эр ва хотиннинг ўзаро ҳурмати, тенглиги, шу билан бирга, аёлга муносабат, яъни қайнона, қайнота ҳамда оиланинг бошқа аъзоларини аёлга бўлган муносабатига боғлиқ. Минг афсуски, бу борадаги муаммолар, муносабатларнинг таранглиги кўп ҳолларда аёлларнинг камситилишига, тазйиққа учраши, оилавий ажримларга сабаб бўлмоқда, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, ана шу салбий ҳолатлар жамиятнинг барқарор ривожланишига тўсиқ бўлмоқда. Фаол, билимдон, салоҳиятли опа-сингилларимизнинг эмин-эркин яшаши, ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришларига тўсқинлик қилмоқда.
Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида фаолият олиб бораётган марказимиз томонидан гендер тенглигини таъминлаш борасидаги муаммоларни аниқлаш, кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг май-сентябрь ойларида Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот молиявий кўмагида амалга оширилган «Аёллар ҳуқуқи» номли лойиҳа ана шу йўналишдаги ишларимиз бир намунасидир.
Лойиҳа давомида Андижон шаҳридаги танлаб олинган «Соғлом авлод», «Форобий», «Узумзор», «Мустақилликнинг 21 йиллиги», «Саховат», «Тожик» ҳамда «Шифокор» маҳалла фуқаролар йиғинларида ўрганишлар, семинарлар, сўровнома ҳамда аёллар билан бевосита мулоқотлар ўтказилди.
Дастлаб ана шу йўналишда иш олиб борадиган гуруҳлар шакллантирилди, уларга тажрибали мутахассислар жалб этилди.
Маҳаллалардаги мулоқотлар жараёнида оилада аёлга нисбатан зўравонлик, аёлларга эрлари, қариндошларининг салбий муносабати, қайнона-келин муносабатлари, аёлларнинг ишлаб келиш учун хорижга чиқиб кетиши, опа-сингилларимизнинг аёлларни ҳимоя қилиш бўйича амалдаги қонунчиликдан қай даражада хабардорлиги, маҳалла масъулларининг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти, гендер тенглик сингари қатор масалалар ўрганилди. Масалан, «Соғлом авлод» маҳалласида носоғлом муҳит, аёлларга нисбатан зўравонлик қилинаётган ўнта оила аниқланди. Ана шу оилалар билан марказимиз мутахассислари, оила ва хотин-қизлар, ички ишлар, Ижтимоий ҳимоя агентлиги ходимлари билан ҳамкорликда салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилди. Қатор оилаларда салбий ҳолатларни бартараф этишга эришилди.
Бундан ташқари, мазкур масалалар бўйича телевидениеда ток шоу ўтказилди. Опа-сингилларимизнинг 100 дан ортиқ савол ва мурожаатларига масъуллар, ҳуқуқшунослар, психологлар жавоб қайтаришди.
Марказда ташкил этилган «Ишонч телефони» орқали ҳам юздан ортиқ мурожаатлар бўлди. Мурожатчиларнинг 56 нафарига маслаҳат берилди, 5 нафар аёлнинг ташвишли ҳолати ҳуқуқ-тартибот органлари орқали ҳал этилди, 15 нафар аёл ҳуқуқшуносга йўналтирилди.
Танлаб олинган маҳаллаларда истиқомат қилувчи 300 нафар аёл иштирокида ўтказилган сўровнома ҳам аёлларнинг камситилиши, гендер тенглигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммоларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этди. Сўровнома таҳлиллари бўйича маҳаллалар масъулларига тавсия ва таклифлар берилди.
Лойиҳа давомида «Биз - уй зўравонлигига қаршимиз», «Зўравонликни тўхтатиш сизнинг қўлингизда» каби қатор мавзуларда ташкил этилган тадбирларда тазйиқ ва зўравонлик кўринишлари, зўравонлик билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди. Ундай ҳолатларга нисбатан муросасиз бўлиш лозимлиги қайд этилди.
Бир сўз билан айтганда, лойиҳа доирасидаги тадбирларимиз орқали танлаб олинган маҳаллаларда истиқомат қилувчи опа-сингилларимизнинг оилавий зўравонлик, уни бартараф этиш, гендер тенглигини таъминлаш борасидаги тушунча ва ҳуқуқий билимлари юксалди. Уларни қийнаётган қатор муаммолар ечимини топди.
Холидахон МИРЗАРАҲИМОВА,
Андижон вилояти “Меҳримиз сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб- қувватлаш маркази директори.
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
ҲуҚуҚий саводхонлик
ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?
Газетамиз муштарийлари гендер тенглиги масаласида ўзларини қизиқтирган қатор саволлар билан мурожаат қилишди. Ана шу саволларга мутахассислардан жавоб олдик. Қуйида уларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мамлакатимизда гендер тенглиги билан боғлиқ муносабатлар қайси қонунчилик ҳужжати асосида тартибга солинади?
Мамлакатимизда гендер тенглиги билан боғлиқ муносабатлар Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 2 сентябрда имзоланган 7 боб, 32 моддадан иборат "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тартибга солинади. Қонуннинг 1- моддасида "Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат" деб белгиланган.
Қонунда қандай асосий тушунчалар қўлланилади?
Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади (3- модда):
- гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар - жинсларнинг нотенглигини бартараф этиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий ёки асос бўладиган тенглигини таъминлаш бўйича аниқ мақсадларга эришиш учун давлат органлари томонидан кўриладиган ҳуқуқий, ташкилий ҳамда институциявий хусусиятга эга чора-тадбирлар;
- гендер - хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати;
- гендер статистикаси - давлат статистикасининг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолати тўғрисида ҳар бир жинс бўйича алоҳида кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олган, ҳар хил жинсдаги шахсларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги тегишли ҳолатини акс эттирадиган, гендер муаммоларини ва жамиятдаги муносабатларни ёритадиган қисми;
- гендер-ҳуқуқий экспертиза - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда уларнинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш;
- гендерга оид аудит - давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини, шунингдек гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолаш;
- жинс бўйича бевосита камситиш - жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, шу жумладан оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шунингдек шаҳвоний шилқимлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш;
- жинс бўйича билвосита камситиш - бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилаш;
- гендерга доир комплекс ёндашув - давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз фаолиятини, шу жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришни хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этиш.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари нималардан иборат?
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат (4-модда):
ЗАМОНАВИЙ ЖАМИЯТДА ГЕНДЕР МАСАЛАСИ: ТЕНДЕНЦИЯЛАР, МУАММО ВА ИСТИҚБОЛЛАР
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Олима мулоҳазаси
ЗАМОНАВИЙ ЖАМИЯТДА ГЕНДЕР МАСАЛАСИ:ТЕНДЕНЦИЯЛАР, МУАММО ВА ИСТИҚБОЛЛАР
Сўнгги ўн йилликларда гендер масаласи ижтимоий ҳаётимизнинг муҳим мавзусига айланди. У эркаклар ва аёллар ўртасидаги ижтимоий ролларни тақсимлашдан тортиб, таълим, иқтисодий ресурслар ва сиёсий ҳуқуқларга тенг кириш, шунингдек, маданий вакиллик, лингвистик нормалар ва кундалик амалиётларгача бўлган кенг кўламли масалаларни ҳал қилади. Глобал коммуникацияларнинг ривожланиши, иқтисодий ўзгаришлар ва жамоат ҳаётини модернизация қилиш ва демократлаштириш жараёнлари анъанавий хулқ-атвор моделлари ва жинсларга берилган ролларни қайта кўриб чиқишга олиб келмоқда. Натижада, гендер муносабатлари масаласи нафақат академик тадқиқотлар учун, балки реал ижтимоий сиёсат, таълим ва маданият учун ҳам долзарб масала бўлиб бормоқда.
Замонавий илмий анъаналарда иккита асосий тушунчани ажратишимиз зарур бўлиб, улар: биологик жинс ва гендер. Жинс организмнинг биологик хусусиятлари билан белгиланади, гендер эса шахснинг маълум бир жинсга мансублиги билан боғлиқ ижтимоий ва маданий жиҳатдан шаклланган роллар, нормалар ва кутилган натижалар тизими сифатида тушунилади.
Гендер жамият эркаклар ва аёллар учун "мақбул" ёки "табиий" деб ҳисоблайдиган хулқ-атвор моделлари, мулоқот шакллари, ижтимоий функциялар ва мақом позицияларини ўз ичига олади. Бироқ, бу муносабатлар маданиятдан маданиятга ва тарихий даврларга қараб фарқ қилади. Масалан, илгари "эркак" ёки "аёл" учун деб ҳисобланган айрим фаолиятлар замонавий жамиятда универсал бўлиб бормоқда.
Шундай қилиб, гендер ижтимоий, иқтисодий ва маданий омиллар билан белгиланадиган динамик ва мослашувчан конструкциядир. У тарбия, таълим, оилавий тажриба ва оммавий ахборот воситалари таъсири орқали шаклланади.
Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, гендер роллари ҳеч қачон ўзгармас бўлмаган. Анъанавий жамиятларда эркаклар ва аёлларнинг роллари қатъий тақсимланган: эркаклар овчи, жангчи ва таъминотчи сифатида хизмат қилишган, аёллар эса, оила, уй ишлари ва болаларни тарбиялаш билан шуғулланишган. Бу моделлар ижтимоий-маданий нормаларга сингиб кетган ва узоқ вақтдан бери "табиий" деб ҳисобланган.
Бироқ саноатлаштириш, урбанизация ва таълимнинг ривожланиши вазиятни тубдан ўзгартирди. Аёллар жамиятдаги профессионал ва жамоат ҳаётида фаол қатнашмоқда, олий маълумотли бўлиб, раҳбарлик лавозимларини эгаллай бошладилар. 20-асрда фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, ресурсларга тенг кириш ва камситувчи нормаларга қарши курашишга қаратилган аёллар ҳаракатлари кучайди.
21-асрда гендер роллари қайта белгиланишда давом этмоқда. Замонавий оилаларда уй вазифаларини тенг тақсимлаш, эркакларнинг болаларни тарбиялашда иштирок этиши ва сиёсат ва бизнесда аёллар сонининг ортиб бориши тенденцияси кузатилмоқда. Давлат сиёсати даражасида жинсидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг имкониятларни таъминлаш дастурлари қабул қилинмоқда.
Замонавий дунёда сезиларли ютуқларга қарамай, гендер тенгсизлиги билан боғлиқ ҳал қилинмаган баъзи муаммолар ҳалигача сақланиб қолмоқда:
1. Гендер бўйича иш ҳақи фарқи.
Кўпгина мамлакатларда эркаклар ва аёллар ўртасидаги даромад фарқлари мавжуд, ҳатто бир хил малака ва лавозимга эга мутахассислар даромади бир хил эмас. Бу тарихий стереотиплар, келажакдаги мартаба имкониятларидан фойдаланишдаги фарқлар ва ҳақ тўланмайдиган уй ишларининг нотекис тақсимланиши билан боғлиқ.
2. Вертикал ва горизонтал меҳнат сегрегацияси.
Аёллар анъанавий равишда одатда камроқ ҳақ тўланадиган "ғамхўрлик" касбларида (таълим, тиббиёт, ижтимоий иш) вакиллик қилишади. Юқори ҳақ тўланадиган ва техник соҳаларда уларнинг улуши сезиларли даражада паст, бу эса мартабасини чеклайди.
3. Ижтимоий стереотиплар
"Эркак" ва "аёл" фазилатлари ҳақидаги стереотиплар одамларнинг хатти-ҳаракатларига, касб танлашдан тортиб, етакчилик фазилатлари ҳақидаги тасаввурларгача таъсир қилишда давом этмоқда. Масалан, аёлларда ҳиссиётлилик кўпинча заифлик сифатида қабул қилинади.
4. Икки карра юк
Кўпгина оилаларда аёллар ҳам профессионал, ҳам маиший мажбуриятларни биргаликда бажарадилар, бу эса қўшимча психологик ва жисмоний стрессни келтириб чиқаради.
1. Аёлларнинг сиёсат ва иқтисодиётдаги иштирокининг ортиши. Аёллар давлат лавозимларида ишлаб, корпорацияларни бошқармоқда, тадбиркор сифатида ўзларини намоён этишмоқда. Бу янада мослашувчан ва ижтимоий йўналтирилган бошқарув моделларини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
2. Оилавий муносабатларнинг ўзгариши
Оилалар уй вазифаларини тенг тақсимлашга ҳаракат қилинмоқда. Эркаклар болаларни парвариш қилишда тобора кўпроқ иштирок этишмоқда, бу эса барча оила аъзоларининг психологик ривожига ҳисса қўшади.
3. Таълим ва касбий ривожланишни қўллаб-қувватлаш.
Давлат ва халқаро дастурлар аёлларнинг сифатли таълим олишлари учун шароит яратади, бу эса уларнинг иқтисодий мустақиллигини оширишга ҳисса қўшади.
Келажакдаги гендер сиёсати ҳар бир инсоннинг жинсидан қатъи назар, ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариши мумкин бўлган адолатли жамиятни, зарур имкониятларни яратишга қаратилган. Бу жараёнда қуйидагилар талаб қилинади:
-стереотипларни енгишга қаратилган таълим дастурларини ишлаб чиқиш;
- фан, технология ва IT соҳасида аёлларни қўллаб-қувватлаш;
-эркакларнинг оила ва ижтимоий ҳаётда тенг иштирок этиши;
-оммавий ахборот воситаларида гендер тенглиги масалаларининг аниқ акс эттирилиши;
-ишга жойлашишда тенг имкониятларни таъминлаш бўйича ҳукумат даражасидаги чоралар.
Бугунги кунда гендер тенглиги масаласи ижтимоий ривожланишнинг асосий соҳаси бўлиб қолмоқда. Замонавий жамиятда роллар тақсимланишининг янада мослашувчан моделларига, барча фуқаролар учун имкониятларни кенгайтиришга ва ижтимоий муносабатларнинг адолатли тизимини яратишга ўтмоқда. Гендер масалаларини ҳал қилиш таълим, иқтисодиёт, маданият ва давлат сиёсатидаги ўзгаришларни қамраб олувчи комплекс ёндашувни талаб қилади. Фақат тенглик орқали уйғун ва барқарор жамият қуриш мумкин.
Ҳабибахон ЖЎРАБЕКОВА,
Андижон давлат чет тиллари институти доценти, педагогика фанлари доктори.
Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Ислом ва аёл ҳуҚуҚИ
АЁЛЛАР УЧУН (БЕЛГИЛАНГАН ҲУҚУҚЛАР) ЎЗ МЕЪЁРИДА ЭРКАКЛАР (ҲУҚУҚИ) БИЛАН ТЕНГДИР
Маълумки, муқаддас динимизда эр ва хотинлик алоқаларига энг муҳим инсоний алоқа сифатида қаралади. Ҳозирда гендер масаласи деб номланган эр-хотиннинг ҳуқуқ ва бурчлари,ўзаро ҳурмат масаласи Исломда бир неча асрлар аввал тўлақонли баён этилган.
Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак?! Уларнинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг оилавий ҳуқуқлари қандай йўлга қўйилиши керак? Ислом шариатида Аллоҳ каломи ва Пайғамбаримиз ҳадиси шарифлари орқали бу саволларга батафсил жавоблар берилган. Мазкур диний ҳужжатлар асосида мужтаҳид уламолар чиқарган ҳукмлар бўйича Олтинкўл туманидаги “Миробод ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Баҳодиржон Рўзибоев шундай дейди:
-Хотиннинг эр зиммасидаги ҳаққи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишлидир. Хотиннинг эри зиммасидаги маҳр ва нафақа сингари молиявий ҳамда шахсий ҳақлари бор, яъни эр хотинига хушфеъл бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт кечириши, унга озор етказмаслиги, хотинининг озорини кўтариши, у ғазабланганида мулойим бўлиши, хатоларини кечириши, аёлини ўзгалардан қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши, хотинига бериши лозим бўлган маҳрни қанча бўлса-да, тўла бериши керак, бу тадбирлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) суннатларига амал қилишдир. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини етарли таъминлаши керак. Эр бу харжлари туфайли ажр ва савобга эришади.
Бугунги кунда жамиятимиздаги аҳолининг ярмидан кўпини аёллар ташкил этар экан, ҳаётдаги турмуш юмушлари ва ташвишларининг ярми ҳам улар зиммасидадир. Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Шундай экан, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига ҳар тарафлама боғлиқдир.
Аллоҳ таоло ер юзида исломни қарор топтиргунга қадар дунёда аёл шаъни топталган, унга худди бир буюм, матоҳ ёки йўлдан оздирувчи шайтон сифатида қаралган. Улар ҳар қадамда хўрланган, ҳақлари поймол этилган, улар бузуқ ишларни қилишликка мажбур қилинган. Ислом динигина аёлга чинакам ҳурлик олиб келди, уни жамиятнинг ҳар томонлама тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирди ва ҳурматини жойига қўйди.
Динимизда эркакларга ўз аёлларига хушмуомалада бўлиш, уларга азият етказмаслик, илм олишликка, дину диёнатли бўлишга шароит яратиб бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни ўлдиришни ман этган. Қуръони каримнинг “Нисо” (Аёллар) ва “Талоқ” сураларида асосан, аёлларга тааллуқли илоҳий ҳукмлар баён қилинди. Шунингдек, бир қатор сураларда ҳам аёлларга тегишли масалалар айтилган. Жумладан, “Бақара” сурасининг 228- оятида “...Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир...” дея марҳамат қилади Аллоҳ таоло. Бу тенглик қуйидаги ҳолатларда ўз аксини топган.
Биринчидан, Ислом таълимоти аёлга худди эркакка қарагандек қараб, унга берган ҳуқуқ ва вожибларни аёлга ҳам берди. Аллоҳ таоло бир ояти каримасида аёл ҳам яхши амали учун эркак билан баробар ажр-мукофотга сазовор бўлиши ҳақида марҳамат қилади: -“ Эркакми ё аёлми-кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (“Наҳл” сураси, 97- оят).
Иккинчидан, дин таълимоти молиявий муомалаларда эр ва аёл ҳуқуқларини тенг деб билади. Аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилишда ихтиёри ўзидадир, эри ёки отасининг аралашувисиз тижорат шартномаларини мустақил равишда ўзи тузишга ҳақлидир. Илм ва маърифатни ўрганиш ва талаб қилишда ҳам аёл эркак билан тенг ҳуқуққа эга.
Учинчидан, Ислом қиз болани меросдан бутунлай маҳрум қилмади, балки, унга ота-онасидан мерос олишда ўғил меросининг ярми ҳисобида белгилади. “Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида(беришни) буюради...” (“Нисо” сураси, 11- оят).
Тўртинчидан, шариат хотинни эр уйида масъул бўлишида эркак киши мақоми билан баробар ўринга қўйган. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) “Барчаларингиз бамисоли чўпонсиз ва қўл остидагиларингизлардан сўралурсиз. Имом ўз қавмига масъулдир, аёл эрининг уйига масъулдир, эр аҳли-аёлига масъулдир”, дея марҳамат қилади ҳадиси шарифда.
Кўриниб турибдики, динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қийматларини ниҳоят даражада юксак баҳолайди. Шунга жавобан бугунги кун аёллари ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланган ҳолда нафақат оилада, фарзанд тарбиясида, балки жамият ижтимоий ҳаётининг турли йўналишларида самарали меҳнат қилишмоқда, фаоллиги билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Шукрки, давлатимиз олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, бандлигини таъминлашда кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Аёллар бола тарбиялаб, оила мустаҳкамлиги учун эр билан баробар ҳаракат қилиш билан бирга ижтимой фаоллиги билан ҳам ўзларини намоён қилмоқдалар. Шу боис ҳам аёлнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) биз - умматларини уч нарсадан огоҳ этиб, улардан бири сифатида аёлларга ғамхўр бўлишга чақирган: “...Хотинларнинг ҳақларини ҳурмат қилинглар, мен бу хусусда Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия этаман. Хотинларнинг ҳақи масаласида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, улар сизнинг ёрдамингизга муҳтождирлар. Улар сизга Аллоҳнинг омонатидирлар...”.
Демак, сизу биз омонатга содиқ қолиб, аёлларимизнинг турмушини фаровон қилайлик, уларга ҳамиша эътиборли ва муҳаббатли бўлайлик, омонликда сақлайлик, уларга кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатайлик.
Аёл ва эркаклар тенг жамоада натижалар салмоқли бЎлади
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Олима мулоҳазаси
Аёл ва эркаклар тенг жамоада натижалар салмоҚли бЎлади
Ўзбекистон Конституциясининг бир неча моддаларида фуқароларнинг жинсидан қатъи назар ҳуқуқ ва эркинликлари тенг эканлиги таъкидлаб ўтилади. Хусусан, 10- бобнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди” деб белгилаб қўйилган.
Аёл ва эркакларнинг ҳуқуқлари тенглиги деганда аксарият кишилар аёлларга ҳуқуқнинг кўпроқ берилиши талаб қилиняпти, деб бир ёқлама тушунадилар. Шунингдек, аёлларга вазифа ва лавозимларни эгаллашларига кўпроқ имтиёз берилиши ҳақида сўз бормоқда деган тушунча ҳосил қиладилар. Жамиятимизда турли соҳаларда, оилада, ишлаб чиқаришда, касб-ҳунар, турли лавозим эгаллашда, бошқарув шакллари ва бошқаларда гендер масаласи ўртага чиқади. Шуни айтиш керакки, бу масаланинг умумий ва хусусий ҳолатлари бор. Гендер тенглиги бу – оила ва жамиятда эркаклар вазифа ва лавозимларини аёлларга олиб бериш эмас, балки аёллар ҳуқуқларини эркаклар ҳуқуқидан кам бўлмаслигини таъминлашдир. Бундан ташқари гендер масаласи ўзбек жамиятида қадимий ва исломий қадриятлар билан чамбарчас боғлиқ.
Ҳозирда аёлларнинг оиладаги ҳуқуқлари, касбий ўсиши, таълим олиши ва даволанишида ҳуқуқларининг чекланмаслиги энг долзарб бўлиб турган масаладир.
Жамиятимизда хотин-қизларнинг таълим олишида гендер тенглиги таъминланиши лозим. Чунки аёл зиёли бўлган хонадонда авлодлар ҳам баркамол инсон бўлиб етишади. Оилаларда фарзандларнинг билимли, ўқимишли бўлиши миллатнинг маърифатли бўлишига асос бўлади.
Оилада қиз фарзанд билан ўғил фарзанднинг таълим олишида айрича муносабатда бўлиш ҳам нохуш психологик вазиятларни пайдо қилади. Масалан, бир оилада қиз фарзанд умумтаълим мактабида ўқийди, ўғил фарзанд эса яхшироқ ўқисин, деган мақсадда хусусий мактабга ўтказилган. Аслида, қиз фарзанд биологияга чуқурлаштирилган мактабда ўқиш истаги бор. Қиз фарзанд отага: “Укам ўғил бола бўлгани учун пулли мактабда ўқитяпсизлар-а”, деб хулоса қилган. Мен бу отага қиз фарзандни ҳам ўғли билан тенг кўришини айтганимда, хусусий мактабга иккисига тенг тўлов қилолмаслигини сабаб сифатида келтирди.
Бугунги кунда айрим ҳудудларда қизларнинг таълим олишига тўсқинликлар борлиги маълум. Таълим ёшининг 7 ёш қилиб белгилангани ва 11 йиллик таълимнинг мажбурийлиги ҳам қизларни эрта турмушга беришнинг олдини олади. Шунингдек, бугунги кунда “қиз бола бировнинг хасми, турмушга чиқса эри боқиб олади” деган эски қарашларнинг даври ўтган. Ҳар бир қиз, аёлнинг жамият ҳаётида фаол бўлиши демократик жамият асосларидан биридир.
Кўп жамиятларда фарзандли оналарни ишга қабул қилмаслик ёки оналик таътилидан сўнг ишга олишни рад этиш ҳолатлари учрайди. Кичик ёшдаги фарзанди бор аёлнинг ўрнига эркак ходимнинг маъқул кўрилиши ҳаётда кўп учрайди. Бу ҳам гендер тенглигининг бузилиши ҳисобланади. Аслида, ходимларни ишга қабул қилишда уларнинг жинсига ёки фарзанди бор, йўқлигига қараб эмас, касбий лаёқати, иқтидори ҳисобга олиниши адолатдан бўлади. Шунингдек, масъулиятли ходим, у хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлишидан қатъи назар шахсий ҳаёти ва касбий фаолиятидаги масалаларни қориштирмайди, бирининг иккинчисига халал бермаслигининг олдини олади.
Аёлларнинг касбий ўсишдаги (карьера) муаммоларидан бири шундаки, хотин-қизларнинг оила қуришдаги ёши айнан касбий ўсиш вақти билан баробар келади. Айнан 22-30 ёш оралиғида янги ғоялар, бизнес лойиҳалар яратиш даврида қизларнинг турмушга чиқиши, фарзандли бўлиши билан касбий ўсишдаги фаоллиги аксарият оилаларда олдига эмас, ортга кетади. Бир неча йилги танаффуслардан кейин эса аввалги жойдан давом эттириш қийинчилик туғдиради: қўшимча ўқиш, билим, малака талаб қилинади. Шундай ҳолатлар бўлмаслиги учун оила аъзолари, жамоатчилик аёлга ёрдам беришлари, касбий ўсишда тўхтаб қолмаслигини кўзда тутишлари зарур.
Ижтимоий кузатув шундай натижаларни берадики, фақат эркаклардангина иборат жамоага нисбатан аёл ва эркаклар тенг бўлган жамоада ишлаб чиқариш натижалари баланд бўлган. Шу боис ҳам жамиятда аёл ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги масаласи иқтисодий ҳаётда ҳам муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистонда бугунги кунда гендер тенглигини таъминлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенглиги, 2021 йилда Оилавий зўравонликка қарши қонунлари, шунингдек, Миллий стратегия: 2021–2025 йиллар учун “Аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш” дастури қабул қилинди. Бу борада Ўзбекистонда БМТ, ОСЕ, USAID каби ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, 2024 йилда “Гендер тенглиги учун 1000 та янги бизнес” лойиҳаси ишга туширилганлиги аёлларга микрокредитлар, ёш қизлар ва олима аёллар учун стартап-грантлар ажратилиши йўлга қўйилганлиги ана шулар жумласидандир. Амалдаги қонунларнинг ишлаш механизмини жонлантириш, жойларда тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларини олиб бориш, самарали натижаларга эришиш бугунги кундаги муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.
Дилдорахон АБДУЛЛАЕВА,
Андижон давлат университети профессори, филология фанлари доктори.
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Семинар
Назариядан амалиёт сари
Тошкент шаҳрида “Назариядан амалиёт сари” мавзусида Германия ва Латвия тажрибаси асосида бошқарувда хотин-қизлар фаоллигини рағбатлантириш, гендер тенглигини таъминлаш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди.
Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) томонидан ташкил этилган семинарда ҳамкор ташкилотлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, гендер масалалари бўйича масъуллар, шунингдек, “Раҳбар аёллар мактаби” битирувчилари иштирок этишди.
Семинарда Германия ва Латвия тажрибасига асосланган бир қатор долзарб масалалар, жумладан, ҳуқуқий тартибга солиш таъсирини баҳолаш, гендер тенгликни интеграция қилиш, гендерга асосланган зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунчиликнинг самарадорлиги, кўрсаткичлари ва баҳолаш мавзулари бўйича мутахассис ва экспертларнинг маърузалари тингланди.
Шундан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулотлар ўтказишди. Хусусан, Ўзбекистоннинг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларига нисбатан халқаро тажрибалар асосида баҳолаш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши режалаштирилган семинар фаол баҳс-мунозаралар ва интерактив муҳокамалар асосида ўтди. Ушбу семинар иштирокчиларнинг билим ва тушунчалрини янада бойитишга хизмат қилди.
Дилдорахон ТОЖИБОЕВА,
Андижон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори, семинар иштирокчиси.
АЁЛ ВА ЭРКАК ҲУҚУҚЛАРИ МУВОЗАНАТИ ТАРАҚҚИЁТГА ЕТАКЛАЙДИ
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Мулоҳаза
АЁЛ ВА ЭРКАК ҲУҚУҚЛАРИ МУВОЗАНАТИ ТАРАҚҚИЁТГА ЕТАКЛАЙДИ
Бугун жамият тараққиётини инсон қадрини улуғламай тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, аёлларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол бўлиши, уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиши — мамлакатнинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, гендер тенглик масаласи нафақат ҳуқуқий, балки маънавий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик асосидир.
Гендер тенглик, бу - эркак ва аёлнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларда тенг бўлиши, жамиятдаги ролини жинс эмас, қобилият, меҳнат ва билим белгилаши демакдир. Ҳақиқий тенглик - аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам ўз орзулари ва қобилиятини эркин рўёбга чиқариши учун шароит яратишдир.
Кўп ҳолларда “гендер тенглик” деганда фақат аёллар манфаати кўзда тутилади, деган фикр бор, аммо бу тушунча ҳар икки жинс учун адолат ва имконият тенглигини англатади. Яъни, эркак киши ҳам оиладаги тарбия жараёнида фаол бўлиши, аёл киши ҳам давлат бошқарувида ўз сўзини айта олиши мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш йўналишида муҳим қадамлар қўйилди.
2019 йилда қабул қилинган “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун шу йўналишдаги асосий қадам бўлди. Шунингдек, Гендер тенглик комиссияси фаолияти орқали давлат бошқаруви, иқтисод ва ижтимоий ҳаётда аёлларнинг иштироки сезиларли даражада ошди.
Бугун юртимизда давлат бошқарувида, маҳаллий кенгашларда, тадбиркорлик ва таълим соҳасида фаол аёллар сони йил сайин ортиб бормоқда. Улар нафақат ўз оиласи, балки бутун жамият ривожига ҳисса қўшишмоқда.
Гендер тенглик фақат сиёсий ёки ҳуқуқий масала эмас — бу, энг аввало, илм ва иқтисодиёт соҳаларида тенг иштирок этиш имкониятидир. Бугун кўплаб қизлар олий таълим муассасаларида билим олиш орқали ўз орзулари сари қадам қўйишмоқда. Қишлоқ жойларда ҳам кичик бизнесни йўлга қўйган аёллар сони ортиб бормоқда — улар оиласига даромад келтиряпти, шу билан бирга маҳаллий аҳолининг иш билан таъминланишига ҳисса қўшишмоқда.
Грант ва кредит дастурлари орқали аёл тадбиркорларга яратилган имкониятлар ҳам жамиятда янги куч, янги илҳом уйғотмоқда. Бу — аёлларнинг фақат “уй бекаси” сифатида эмас, балки яратувчи, илғор фикрли шахс сифатида намоён бўлаётганидан дарак беради.
Гендер тенглик нафақат жамиятда, балки оилада ҳам муҳим аҳамият касб этади. Оилада эр ва хотиннинг тенг масъулиятли бўлиши, бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш маданияти оиланинг мустаҳкамлигига, фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.
Шундай экан, ҳар биримиз гендер тенглигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак: аёл сифатида илмий салоҳиятимизни, меҳримизни, куч-ғайратимизни аямайлик. Зеро, тенглик бор жойда адолат, адолат бор жойда эса тараққиёт бўлади.
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Муҳаррир минбари
ЛойиҲа гендер тЕнглигини таъминлашга Ҳисса ҚЎшади
“Иқбол” газетаси таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Жамиятдаги ижтимоий, ҳуқуқий ва экологик муаммоларни ҳал этишга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш” мавзусида эълон қилинган грантлар танловининг“Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” йўналишида ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, грант соҳиби бўлди.
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар муҳитини яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирокини таъминлаш, шунингдек, опа-сингилларимизнинг тазйиқ ва зўравонлик-лардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мазкур йўналишда 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Жумладан, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Шунингдек, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз парламентида хотин-қизлар сони 32 фоизга етди, шу билан бирга, бошқарув ва раҳбарлик лавозимларида ишловчи хотин-қизлар сафи кенгайди. Бундан ташқари, хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида «Аёллар дафтари» тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан 5 бобдан иборат “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” тасдиқланди.
Стратегияда мамлакатимизда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар муҳитини яратиш, гендер тенгликни, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирокини таъминлаш, шунингдек, опа-сингилларимизнинг тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Гендер стратегиясини 2023-2030 йилларда босқичма-босқич амалга ошириш учун ҳар йили алоҳида-алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиши белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, стратегияда белгиланган вазифалар, шунингдек, мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар, Президент ва ҳукуматимизнинг фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган мазкур лойиҳа ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам беради.
Лойиҳа тақдимоти ўтказилади, шунингдек, лойиҳа доирасида 5 ой мобайнида газетамизда 19 марта махсус саҳифа чоп этилади. Саҳифа чоп этилишининг яна бир ўзига хос жиҳати аҳоли вакиллари лойиҳа доирасидаги ишларни нафақат ахборот тариқасида қабул қилиши, балки ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари билан лойиҳа жараёнида бевосита иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Ҳаётий мисоллар асосида ёритиладиган мақолалар, эксперт ва мутахассисларнинг тавсия ва маслаҳатлари орқали ҳар бир фуқаро, хусусан, опа-сингилларимизнинг гендер тенглигига оид билим ва тушунчаларини бойитишга, жамиятимизда гендер тенглиги билан боғлиқ муаммолар барҳам топишига маълум даражада ёрдам беради.
Махсус саҳифа билан чоп этилган газеталар мактаб, маҳалла, олий ўқув юртлари ҳамда муассасаларга бепул тарқатилади. Бундан ташқари, вилоятдаги 5 та олий ўқув юртида “Гендер тенглиги ва жамият тараққиёти” мавзуидаги семинар орқали гендер тенглиги стратегияси мазмун-моҳияти, аҳамияти, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тарғиб этилади.
Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Гендер тенглиги ҳақида нималарни биламиз?” мавзусида ўтказиладиган ижодий ишлар танлови орқали талаба ёшлар лойиҳага жалб этилади ва мавзу доирасида кенг маълумотларга эга бўлади, билим ва тушунчаларини янада ошириш имконига эга бўлишади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу лойиҳа вилоятда гендер тенглигини таъминлаш билан боғлиқ ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тарғиб этишга, қолаверса, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга маълум даражада ҳисса қўшади.