+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

Ўзга бахт не даркор?

Ҳар тонг-саҳар юзларимни силаса шамол,

Бобоқуёш таъзим қилса менинг қошимда.

Мен халқим қизиман, қошлари ҳилол,

Ўзга бахт, ўзга юрт менга не даркор?!

 

Санамлар сарвари менинг юртимда,

Олтину гавҳари менинг юртимда,

Ўғлоним қолади менинг ортимдан,

Ўзга бахт, ўзга юрт менга не даркор?!

 

Алпомиш азиз қилган тоғлари бор,

Ҳар тарафи гулга тўлган боғлари бор,

Кураклари ерга тегмас ўғлонлари бор,

Ўзга бахт, ўзга юрт менга не даркор?!

 

Боболарим меҳмон кутар азиз эшикда,

Чақалоқлар ухлаб ётар олтин бешикда,

Меҳринг қучиб, қалбим тўлар тоза ишққа,

Ўзга бахт, ўзга юрт менга не даркор?!

 

Дилором ҲОЗИРОВА

АСАКАДА ОИЛА ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР МАСКАНИ ИШ БОШЛАДИ

Асака тумани марказидаги Камолот маҳалласида ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар маскани фаолиятини бошлади.

Асака тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилфузахон Алиева, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, ҳамкор ташкилотлар  вакиллари иштирокида маскан очилишига бағишланган тадбирда юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

Президент топшириғи ижроси доирасида ташкил этилган масканда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни касбга йўналтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.

Янги иш бошлаган Оила ва хотин-қизлар масканида “Маслаҳат маркази”, оилаларни   мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, никоҳланувчи ёшларни ўқитиш, турли тазйиқ ва зўравонликларга учраган хотин-қизларга психологик, ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиш йўналишларида хизматлар йўлга қўйилади.

 

Комилахон ТУРСУНОВА, жамоатчи мухбир.

МЕҲРИНСО ВИЛОЯТНИНГ ЭНГ ИШБИЛАРМОН АЁЛИ

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида  “Ишбилармон аёл - 2025” кўрик-танловининг республика-ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан ўтказиб келинаётган мазкур танловнинг вилоят босқичида туман, шаҳар  босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёл иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси,  халқ депутатлари  вилоят кенгаши депутатлари ҳамкор ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари, тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аёллар иштирок этган танлов очилишида сўз олганлар кўрик-танлов иштирокчиларига омад тилашди.

Кўрик-танлов доирасида иштирокчилар фаолияти, улар томонидан  ишлаб чиқарилаётган, тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмалари ташкил этилди.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов қатнашчиларининг фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилди. Баҳолаш жараёнида уларнинг экспорт-импорт салоҳияти, хорижий инвестицияларни жалб этишдаги фаоллиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари ва бошқа мезонлар асос қилиб   олинди.

Якуний натижаларга кўра, энг юқори баҳо олган Балиқчи туманида якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган Меҳринсо Исмоилова ғолиб деб топилди.

Кўрик-танловда иккинчи ўрин Жалақудуқ туманидаги “Гулжаҳон XXI” фермер хўжалиги раҳбари Гулжаҳон Усмоновага, учинчи ўрин эса избосканлик ҳунарманд Матлуба Тўрабоевага насиб этди.

/олиблар, шунингдек, турли номинациялар бўйича совриндорлар партия вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

КАСБИЙ КЎНИКМАЛАР МАРКАЗИ: 20.ДАН ОРТИҚ ЙЎНАЛИШДАГИ КАСБЛАРГА ЎҚИТИЛМОҚДА

Юртимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий этиш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишларни ташкил этишда Касбий кўникмалар марказларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Жумладан, 2021 йилда ташкил этилган Андижон шаҳар Касбий кўникмалар марказида ҳам ички ва ташқи меҳнат бозори учун юқори касбий малакага эга мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

Марказда сервис ва хизмат кўрсатиш, техника, умумқурилиш, хорижий тилларни ўргатиш бўйича 24 та ихтисослик йўналишида бир ойдан олти ойгача муддатли ўқув курслари ташкил этилган. Айни кунда турли йўналишлар бўйича юзлаб фуқаролар, асосан, ёшлар таҳсил олмоқда, касб-ҳунар ўрганмоқда. Марказда жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 827 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилиб, уларга тегишли сертификатлар берилди.

Айни кунда марказда ўқишлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, қолаверса, фуқароларнинг талабидан келиб чиқиб, ташкил этилмоқда. Умуман, марказ ўз фаолиятини бошлагандан ҳозирга қадар 9 минг 455 нафар тингловчи ўқишни муваффақиятли тамомлаб, белгиланган тартибда сертификатга эга бўлди. Улардан 82 фоизининг бандлиги     таъминланди.

 Касб ва ҳунар ўргатиш бўйича ўқув курслари ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли учун бепул, касбга қизиқувчилар учун эса тўлов-шартнома асосида ташкил этилади. Узоқ туманлардан келувчилар  ётоқхона билан таъминланади. Жисмоний имконияти чекланган, ногирон тингловчилар стипендия билан таъминланадилар.

Бугунги кунда марказда таҳсил олаётганларнинг салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этади.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИШБИЛАРМОН ВА ТАДБИРКОРЛАР ДИҚҚАТИГА!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 апрелдаги       ПҚ-118 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Андижон вилояти Асака туманидаги 71 та ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модеринизация қилиш бўйича қуйидаги талабларга мос келадиган

ИШБИЛАРМОН ВА ТАДБИРКОРЛАР ДИҚҚАТИГА!

 

-  хусусий шериклар маблағларининг улуши камида 50 фоиз ва ундан юқори бўлиши;

- хусусий шериклар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун харажатлар миқдори маҳаллий бюджет параметрларида ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган маблағларга нисбатан кам бўлиши;

- хусусий шерикларнинг солиқ тўловчи сифатида ишончли бўлиши, охирги йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромади 3 млрд. сўмдан кам бўлмаслиги;

 

Асос. 10.04.2023 ПҚ-118-сонли қарор.

 

Изоҳ. Қуйидаги талабларга мос келган тадбиркорлар туман ҳокимлигининг иқтисодиёт ва молия бўлимига ёки +998 90 203 44 03 рақамли телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин.

She`riyat gulshani

VATAN

 

O‘zbekiston Respublikasi Mustaqilligining

34 yilligiga bag‘ishlanadi!

 

Yuzlarimni silab o‘tsa shamoling,

Jannatlarga qiyos etgum jamoling,

Oftob vasfida ko‘rayin kamoling,

Bag‘ringda yurmoq bizga saodat, Vatan!

 

Navqiron tog‘laring bunchalar buyuk,

Bepoyon bog‘laring shunchalar suyuk,

Qo‘yningdan ketganlarning ko‘ngli o‘ksik,

Bag‘ringda yurmoq bizga saodat, Vatan!

 

Kim baxtin topdi Vatandan ketib,

Shoh bo‘ldi Bobur Hind eliga yetib,

Sog‘inch azobida baytlarni bitib,

Armon ila yashab unga yeta olmay, Vatan!

 

Oltinlardan qimmat zarra tuprog‘ing,

Ko‘zlarimga to‘tiyodir bayrog‘ing,

Dunyolarni lol aylagay mayog‘ing,

Baxtingni ko‘rmoq bizga saodat, Vatan!

 

Bayramdek o‘tsin har kuning, oning,

Omon bo‘lsin azizgina bu joning,

Senda baxtli yashar qiz-u o‘g‘loning,

Baxting ko‘rmoq bizga saodat, Vatan!

 

Nurli manzil sari borar karvoning,

Karvoningga boshdir oqil sarboning,

Abadiy turgaydir davr-u davroning,

Davron surmoq bizga saodat, Vatan!

 

Sirojiddin BO‘TABOYEV,

Buloqboshi tumani, Do‘lan qishlog‘i.

 

MUSTAQILLIK MUBORAK!

Tonglari  munavvar, go‘zalsan yurtim.

Bag‘ringda mag‘rurdir qorako‘z xalqim.

Senga havas qilar jumla-yu jahon,

Mustaqillik muborak, O‘zbekistonim.

 

Dunyoga  tanildi  qizing, o‘g‘loning,

Futbolchi,  kurashchi  mashhurlaring.

Siz erursiz mening shuhratim, shonim,

Mustaqillik muborak, O‘zbekistonim.

 

Yurtim  bayrog‘in baland  ko‘targan,

Ilmda, san‘atda dunyoni lol etgan.

Har ishda g‘olib g‘urur-u, iftixorim,

Mustaqillik muborak, O‘zbekistonim.

 

Gullarga ko‘milgan bog‘-u bo‘stonim,

She‘r-u  kuylarda, dilda dostonim.

Vatanim, sendursan sharaf-u shonim,

Mustaqillik muborak, O‘zbekistonim.

Mavludaxon YORQULOVA,

Andijon  shahar markaziy  shifoxonasi  katta hamshirasi.

 

MUQADDAS VATAN

 

O‘zbekiston Respublikasi Mustaqilligining 34 yilligiga

 

Har kun tong tilayman: ravon bo‘lsin yo‘llaring,

Bog‘-u rog‘ga aylansin qizilqumdek cho‘llaring,

Bunday zamon bo‘lmagan hozirgacha hech qachon,

Dunyo chetiga yetsin gar uzatsang qo‘llaring.

 

Har jabhada yuksalish, bunyodkordir yoshlaring,

Gavhar kabi bebaho qoyadagi toshlaring,

Har qarichi qimmatli, hatto sahro bo‘lsa-da,

Faqat quvonchdan bo‘lsin ko‘zingdagi yoshlaring.

 

Asakada tayyorlanur tulporlarning tulpori,

Navbat kutib turishar chet elda xaridori,

Oq oltin, qora oltin, kumush tola ham bisyor,

“Kelajak buyuk bo‘lar” - yurtboshimiz shiori.

 

Buxoromizda yashnar Uchquduq-u Zarafshon,

Qaynoq qumlaring osti toza oltinlarga kon,

Dunyoga mashhur bo‘ldi gullar shahri Namangon,

Tinchliging mangu bo‘lsin, nurafshon O‘zbekiston!

Nishonboy BOLTABOYEV,

Qo‘rg‘ontepa tumani.

 

OMONAT DUNYO

Tarannum etmoqqa tarovat yetmas.

Dil kushosi har chog‘ qo‘ldan ketmas.

Hech kimga boylik, mansab kor etmas!

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

 

G‘urbat istaganga g‘urbatli dunyo,

Fursat istaganga fursatli  dunyo,

Hikmat istaganga bordir nur, ziyo,

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

 

Kun kelar ushalur dilimda armon,

Kun kelar bog‘imda gullar gulxazon,

So‘ngi iltimosing qalbimga darmon,

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

 

 

Izlaganim malomatda qoldi netay?!

Boshimni olib qayerlarga men ketay?!

Bu dunyoda muhabbatsiz yolg‘iz o‘tay!

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

 

Baxtim ham, taxtim ham ortimda qoldi,

Do‘stim dushmanimga aylanib bordi,

Umidim bir umrga so‘ndi yo‘qoldi,

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

Jaloliddin  XOLISBEKOV,

Andijon viloyati O‘simliklar karantini va himoyasi Buloqboshi tumani inspektori.

ВАҚТ ЎFРИСИ ҚУЛИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАЙЛИК

Мулоҳаза

Шу кунларда кўп ишларга улгурмаяпман. Тонг отарда қийналиброқ уйғонаман. Қанча уринмай, пала-партиш яшашга тўғри келяпти. Ишга кеч қоламан, баъзан бошлиқдан дакки ҳам эшитаман. Лекин бу муаммонинг сабабини бари бир англай олмадим. Шунда атрофни кузата бошладим....

Жума куни эди.

Асосан шанба кунлари дам олганим сабаб ишдан чиқиб уйга отландим. Бекатда «Дамас»га ўтириб, унинг тўлишини кута бошладим. Ёшгина қизалоқ олди ўриндиқда уяли алоқаси орқали видео кўриб ўтирарди. Афсуски, видеода бефойда ва беўрин гаплар жуда кўп эди. Ёши олтмишларга борган онахон машинага ўтирди. Ҳеч ким салом бермади. Ваҳоланки, автомашинада тўрт киши ўтирган эдик.

Бу ҳол мени ажаблантирди. Оғзидан саломи тушмайдиган ўзбекларга, ўзбек ёшларига нима бўляпти, дедим-у хўрсиндим. Салом бермаганим учун ўзимдан ҳам уялиб кетдим.

Ниҳоят, «Дамас» йўловчилар билан тўлди. Ҳамма уяли алоқаси билан овора.  Хорғин ҳолда уйга етиб бордим. Онам овқатланиш учун дастурхонга чақирди. Чаққон келинимиз ҳар ноз-у неъматни дастурхонга қўйди. Онам тановулни бошлаб берди. Шу пайт акам ва келинимиз қўл телефонида видео кўриб ўтиришарди. Чуқур хўрсиндим. Оҳ, мен ҳам шу аҳволга тушиб қолмадимми? Балки ҳар кунни алламаҳалгача мана шу вақт ўғриси - телефон билан ўтказаётганим, керак, керак бўлмаган маълумотлар гирдобида қолиб, эҳтимол, ҳеч бир ишга улгура олмаётгандирман?!

Автомобилдаги ҳамроҳларим ҳам уйида шундай яшаса керакда?. Балки шу даражада ижтимоий тармоқларга берилиб кетганимиздан, аянчли аҳволга тушиб қолгандирмиз? Ҳатто, бир-биримизга саломни ҳам канда қилаётгандирмиз?

- Нега бизлардан Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқмай қўйди, дея кўп иддаолар қиляпмиз. Бунга эҳтимол,вақтимизни бемаъни нарсаларга    сарфлаётганимиз сабабдир. Инсонлар, айниқса, ёшларимиз билим олиш ўрнига вақтини беҳуда сарфлаётгани, вақтдан унумли фойдалана олмаётганидандир.

Оталаримиз кўп гапиради: "Болам менга ўхшаб арава тортмасин, менга ўхшаб кетмон чопмасин.  Улғайганда каттароқ мансабда ишласин, каттароқ ишнинг бошини тутсин, илм-фан чўққиларини эгалласин, юртга манфаат келтирсин, миллатимизни улуғласин".

- Бизчи? Биз вақтимизни, умримизни нимага сарфлаяпмиз?

Вақт ўғриси билан вақт ўтказиб, умримизни беҳуда ўтказмаяпмизми? Телефон нафақат вақтимизни, балки тарбиямиз ва бутун вужудимизни ўғирлаб олмаяптими?

 Сизчи, азиз ўқувчи, Сиз бу фикрга нима дейсиз? Кўз юмиб очгунча ўтиб кетадиган умрингизни нимага сарфлаяпсиз?

Азиз тенгдош, қадрли ёшлар, унутмайлик бугун олган билимимиз ҳаётда бизни тўғри йўлга етакловчи, жамиятда ўз ўрнимизни топишга кўмак берувчи, юксакларга кўтарувчи мададкор бўлади.  Шундай экан, вақтдан унумли фойдаланайлик. Вақт ўғриси - телефоннинг қулига айланиб қолмайлик.

Комилахон ТУРСУНОВА,

Жалақудуқ тумани.

БИЛИМДОНЛАР БЕЛЛАШУВИ

Заковат

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида "Биз билимдонлармиз" шиоири остида "Заковат" беллашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги олдидан Андижон вилояти Ўсимликлар Карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан ўтказилган беллашувда бошқарма туман бўлимлари ҳамда унинг ёш ходимларидан тузилган 10 та жамоа иштирок этиб, ўзларининг билим ва иқтидорларини синовдан ўтказдилар.

-      Бошқарма раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган танловдан кўзланган асосий мақсад, ёш ходимларимизнинг иқтидорларини синовдан ўтказиш, уларни рағбатлантириш, қолаверса, уларга байрамона кайфият улашишдир, - дейди  Ўсимликлар Карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғининг Дилноза 1-ўринбосари, бош агроном Маҳмуджон Исроилов - Ушбу тадбир жамоамизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга, ишчанлик муҳитининг барқарор бўлишига хизмат қилади. 

Иштирокчи жамоалар "Савол-жавоб" шарти асосида ўзларининг касбий йўналишлари ҳамда ижтимоий-маънавий мавзуларга оид билимларини намойиш  этдилар.

Якуний натижаларга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги илмий-тадқиқот институти Андижон вилоят филиалининг   «Тадқиқотчилар» жамоаси биринчи, бошқарманинг чегара масканлари инспекторларининг «Лочинлар» жамоаси иккинчи ва Марҳамат туман бўлимининг «Ҳимоячилар» жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлдилар.

/олиб ва совриндор жамоалар  вилоят Ўсимликлар Карантини ва ҳимояси бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Мафтунахон ИБАЙДУЛЛАЕВА,

беллашув иштирокчиси.

ҲАРБИЙЛАР ВА УЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИ КЎНГИЛЛИ ХОРДИҚ ЧИҚАРИШДИ

Саёҳат

Қўрғонтепа туманидаги ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фарзандларининг маданий дам олишларини ташкил этиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан яқинда бир гуруҳ аскар ва зобитлар, уларнинг оила аъзолари Андижон шаҳрининг Боғишамол дам олиш масканида сайёҳатда бўлиб, кўнгилли хордиқ чиқардилар.

Дастлаб ҳарбийлар оила аъзолари билан Боғишамолнинг сўлим гўшасида бир дастурхон атрофида жамландилар. Шундан сўнг дам олиш масканининг сўқмоқлари бўйлаб сайр қилишиб, гўзал манзаралардан баҳраманд бўлдилар. Болажонлар Боғишамол ҳудудида жойлашган Ҳайвонот боғига олиб борилди. Бу ерда кичкинтойлар дунёнинг турли ҳудудларидан келтирилган турфа ҳайвон, парранда ва сув жониворларини томоша қилишиб катта завқ олдилар. Ушбу саёҳат ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларида катта таассурот қолдирди. Яхши дам - меҳнатга ҳамдам деганларидек, бу ҳордиқ ҳарбийларнинг ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этишга мустаҳкам замин яратади.

Талъатбек ЎЛМАСОВ,

ҳарбий хизматчи.

ҲАРБИЙЛАР ВА ЎҚУВЧИЛАР "ЗАКОВАТ"ДА БАҲСЛАШДИЛАР

Беллашув

Марҳамат туманидаги Ёшлар кутубхонасида ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи ёшлар жамоалари ўртасида "Заковат" интеллектуал беллашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига бағишланиб, ўтказилган беллашувда Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмнинг "Сарҳад", Марҳамат туманидаги "Ёш чегарачилар" клуби аъзоларидан тузилган "Соҳибқирон" ҳамда тумандаги 5- умумтаълим мактаби ўқувчиларининг "Қалқонлар" жамоалари иштирок этдилар. 

Беллашувда жамоалар давлатимиз сиёсати, Қуролли кучларимиз тарихи, адабиёт, тарихга оид, шунингдек, қизиқарли ва мантиқий саволлар доирасидаги жавоблари билан ўзларининг қай даражада билимдон, топқир ва ҳозиржавоб эканликларини намойиш этишди. 

Қизиқарли баҳслар асосида ўтган беллашувнинг якуний натижаларига кўра, фахрли биринчи ўринни "Ёш чегарачилар" клубининг "Соҳибқирон" жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин "Сарҳад", учинчи ўрин эса "Қалқонлар" жамоаларига насиб этди. 

Якунда ғолиб ҳамда иштирокчи жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

катта лейтенант.