+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

"ОҚИЛА АЁЛЛАР" ҲАРАКАТИ: МУАММОЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШГА КЎМАКЛАШМОҚДА

форум

Андижон шаҳрида "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда "Оқила аёллар" ҳаракатининг ўрни" мавзусида вилоят форуми бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги, оиладаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш, айниқса, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  Натижада мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлиги ортиб бормоқда. Андижон шаҳрида ўтказилган "Оқила аёллар" ҳаракати форуми ҳам ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлди.

Андижон шаҳар ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган форумда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар  бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Аҳмедова, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умидахон Абдуллаева, туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, "Оқила аёллар" ҳаракати етакчилари, отинойилар, маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Форумда оилаларни мустаҳкамлаш, оила ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, ижобий ҳал этиш, улар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш, опа-сингилларимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Дастлаб "Оқила аёллар" ҳаракати аъзоси, вилоят Тарғибот гуруҳи раҳбари Муфаззал Қодированинг "Оқила аёллар" ҳаракати томонидан амалга оширилаётган ишлар", Ҳаракат аъзолари Андижон давлат тиббиёт институти тюьтори Мадина Мамажонованинг "Хотин-қизлар фаоллигининг оширишда "Оқила аёллар" ҳаракатининг ўрни ва роли" , вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошлиғининг ўринбосари Нилуфар Мўминованинг " Тайзиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордери беришнинг ҳуқуқий асослари, тартиби ва унинг талаблари устидан назоратни амалга ошириш" мавзудаги маърузалари   тингланди.

Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш ва янада юқори  босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажримлар, эрта никоҳ, эрта ёшдаги туғруқларнинг олдини олиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, тарғиб этиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши муҳимлиги қайд этилди.

-      Ўтган йили ва жорий йилнинг ўтган даврида Андижон шаҳрида мазкур йўналишда эътиборга молик ишлар олиб борилди, - дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Наргиза Деҳқонова. - Жорий йилнинг олти ойи давомида ажримлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 тага камайган. Шунингдек, "Оқила аёллар" ҳаракати аъзолари кўмагида  маҳаллалардаги ажрим ёқасида турган 145 та оиланинг муаммоси ўрганилди. Шундан 121 та оила яраштирилди, 18 нафарига ярашиш учун муддат берилди. Бундан ташқари, ажримларнинг олдини олиш мақсадида "Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш" бўйича ўқувлар ташкил этилиб, ҳафтанинг ҳар пайшанбасида машғулотлар ўтказилмоқда. Шу кунгача 725 нафар ёш оила қурувчи ўқитилиб, уларга  сертификатлар берилди.

Форумда мазкур йўналишдаги ишлар, илғор тажриба ва иш услубларини оммалаштириш, ҳаракат фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш лозимлиги қайд этилди.

-      Форумда иштирок этиб, "Оқила аёллар" ҳаракати фаолиятини самарали юритиш юзасидан кўп нарсаларни ўргандик, - дейди Жалақудуқ туманидаги "Бештол" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Умида Алижонова. - Ўрганганларимиз, берилган тавсия ва маслаҳатлар фаолиятимизни, хусусан, маҳалламизда "Оқила аёллар" ҳаракати ишини янада яхшилашга ёрдам беради.

Шунингдек, иштирокчиларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари асосида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги "Оқила аёллар" ҳаракати фаолиятини такомиллаштириш, олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича мурожаатнома қабул қилинди.

Форум якунида "Оқила аёллар" ҳаракати аъзоси бўлган бир гуруҳ фаол хотин-қизларга Андижон шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Фахриддин

ИБАЙДУЛЛАЕВ

ТАНЛОВ FОЛИБЛАРИГА СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛДИ

тадбир

Андижон шаҳрида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлинмаси томонидан навбатдаги давлат грант ва ижтимоий буюртма танловлари якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутатлари, вилоят адлия бошқармаси мутахассислари, вилоятда фаолият олиб бораётган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган анжуманда ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида эълон қилинган грант ва давлат буюртмаси танловлари натижалари, танловларда вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамияти    бошқа институтларининг иштироки хусусида атрофлича сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зардуной Исмоилова томонидан вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари жамиятдаги турли жараёнлар, хусусан, давлат гранти танловларида фаол иштирок этаётганлиги алоҳида қайд этилди.

-  Маълумки, Жамоат фонди томонидан жорий йилда ҳудудлардаги ижтимоий муҳофаза, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият, спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш сингари қатор йўналишларда давлат гранти танлови эълон қилинган эди, - дейди Зардуной Исмоилова. -  Вилоятдан ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан электрон, яъни ngo.gov.uz платформаси орқали ўтказилган  танловга 28 та, Фонднинг вилоят бўлинмаси танловида эса 14 та, жами 42 та лойиҳа тақдим этилди. Танловда 22 та лойиҳа тақдим этувчи илк бор иштирок этган.

Таъкидлаш жоизки, грант танловига лойиҳа тақдим этиш, уларни Парламент комиссияси томонидан баҳолаш жараёнларининг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида танлов илк марта рақамлашган ҳолда ngo.gov.uz платформасида амалга оширилди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон вилоятидан танловда 10 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 миллиард 243 миллион сўм маблағ жалб этилиши кўзда тутилган.

Анжуманда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Шерзодбек Валиевнинг "Фуқаролик жамияти институтларини кўллаб-қувватлаш бўйича "Ягона электрон платформа"дан фойдаланиш", Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахоновнинг "Давлат гранти маблағларини самарали бошқариш: шаффофлик, мақсадлилик ва манзиллилик тамойиллари" мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Анжуманда грант танлови ғолибларига сертификатлар топширилди, лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

Яхшилик қолур

Сочларга оқ тушар, кетар қувватинг,

Кетади кўзингдан чақнаётган нур.

Шошилма, кун келиб келар навбатинг,

Сендан ёдгор бўлиб яхшилик қолур.

 

Жисмнинг вақти келиб кирмас сўзингга,

Эҳтимол яқининг, ётдир ўзингга.

Бир куни ширин жон келар бўғзинга,

Сендан ёдгор бўлиб яхшилк қолур.

 

Кетади соғлигинг, кетади бир кун,

Дардлар остонангда қўнғироқ чалур.

Вақти келиб ёки келмаслик мумкин,

Сендан ёдгор бўлиб яхшилик қолур.

 

Яхшиликни одат қил, сен улгуриб қол,

Дўстларинг қалбига эзгуликни сол.

Муҳими, ҳаётда яшагин ҳалол,

Сендан ёдгор бўлиб яхшилик қолур.

               

  Маъмурахон БОЗОРОВА

ШАҲРИХОНГА "ЖАҲОН ҲУНАРМАНДЛАР ШАҲРИ" МАҚОМИ БЕРИЛИШИ МУМКИН

Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши (AISBL) президенти, жаноб Саад ал Қаддумий раҳбарлигида кенгашнинг бир гуруҳ эксперт ва мутахассислари Андижонда бўлишди.

 Андижон вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшодбек Каримов меҳмонлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда меҳмонлар томонидан жаҳон тамаддунида ўзбек ҳунармандчилигининг ўзига хос ўрни ва роли борлиги, қадим тарих ва анъаналарга эга қатор йўналишлардаги ўзбек ҳунармандчилигига дунё халқлари қизиқиш билан қараши, айниқса, Ўзбекистон ҳукумати ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганлиги алоҳида   таъкидланди.

Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши (AISBL) президенти Саад ал Қаддумий ва бошқа эксперт ва мутахассислар ўзбекистонлик ҳунармандлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, ҳунармандчилик марказлари, халқаро кўргазмалар ташкил этиш, мазкур йўналишда таълимни ривожлантириш сингари қатор масалалар хусусида сўз юритди.

Учрашувда меҳмонлар томонидан Шаҳрихонга "Жаҳон ҳунармандлар шаҳри" мақомини бериш хусусида ҳам    фикрлар билдирилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Шаҳрихондаги "Ҳунармандчилик маркази"да иш олиб бораётган ҳунармандлар фаолияти билан яқиндан танишди.

Шаҳрихон азал-азалдан ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти сифатида эътироф этилади. Айниқса, туманда пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш каби қатор йўналишларида ҳунармандалар мактаблари, ҳунармандлар сулолалари шаклланган.

Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши вакиллари пичоқчи усталар, дўппидўз, миллий тўн тикувчи ҳунарманд усталарнинг хонадон ва устахоналарида, тўн ва дўппи музейида, пичоқчилик бозорида бўлишди. 

Учрашув ва сафар давомида халқаро экспертлар Шаҳрихон ҳунармандлари фаолиятига юқори баҳо беришди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

"БОБУР: АНДИЖОН ШАҲЗОДАСИ"

ТаҚдимот

Бобур шаҳрида шу номдаги кинолойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг апрель ойида Андижон вилоятига, хусусан, Бобур шаҳрига ташрифи чоғида улуғ бобомиз ҳақида: "Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз бор-йўғи 47 йил умр кечирди. Шу қисқа вақт давомида у инсон ақли бовар этмайдиган қандай буюк ишларни амалга оширгани, қандай меъморий обидалар, боғу роғлар барпо этиб, ўзидан ўчмас ном қолдириб кетгани ҳам барчамиз учун юксак ўрнак намунасидир.

Шу маънода, ҳазрати Бобурнинг шону шуҳрати ва қадр-қимматини жойига қўйиш, унинг бебаҳо меросини халқимизга янада кенгроқ таништириш, бутун дунёга тарғиб этиш ҳурматли олим ва адибларимизнинг, ҳаммамизнинг муҳим бурчимиз ҳисобланади" деган эди.

Давлатимиз раҳбарининг ана шу фикрларидан келиб чиқиб, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан ўзбек халқининг тарихи ва маънавиятида ўчмас из қолдирган буюк давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳақида "Бобур: Андижон шаҳзодаси" номли янги тарихий кинофильм яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Бобуршунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари, ҳозирда Америка Қўшма Штатларида яшаб, ижод қилаётган кинорежиссёр, продюсер Баҳодир Юлдашев бошчилигидаги бир гуруҳ киноижодкорлар иштирокида ўтказилган тадбирда фильм лойиҳаси, яъни яратилажак бадиий фильм хусусида сўз юритилди.

Тадбир давомида тарихчи ва бобуршунос олимларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Айни пайтда фильмни яратиш бўйича сценарий ва декорациялар тайёрланмоқда, тарихий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Суратга олиш жараёнлари жорий йилнинг куз ойларида бошланиши белгиланган.

Восит АҲМАТХОНОВ

ҒОЛИБЛАР МУСОБАҚАНИНГ МАМЛАКАТ БОСҚИЧИДА ҚАТНАШАДИ

Андижон шаҳрида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида аёллар ўртасидаги стритбол мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Мусобақанинг вилоят босқичида 16-21 ва 22-30 ёш тоифаларида 16 та туман, шаҳар жамоаси иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

 Қизиқарли баҳслар асосида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, 16-21 ёш тоифасида Избоскан тумани жамоаси биринчи, Бўстон тумани вакиллари иккинчи, Булоқбоши тумани жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.

22-30 ёш тоифасида эса Жалақудуқ тумани жамоасига биринчи, Шаҳрихон тумани жамоасига иккинчи, Марҳамат тумани жамоасига учинчи ўрин насиб этди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Ғолиблар мусобақанинг республика    босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя    қилишади.

Назирахон УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.

ЕТИМЛАРГА FАМХЎР БЎЛАЙЛИК

Жамиятда меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож, ота-онасидан эрта айрилган етимлар афсуски, мавжуд. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрар экан, унда хусусан, етимларга ғамхўрлик қилиш, уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига аҳамият берилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида хайру эҳсонни кимларга ва қандай қилинишини айтиб, улар орасида етимларни алоҳида зикр қилиб ўтган. Жумладан, "Сиздан (эй Муҳаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: "ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонингизни билиб тургувчидир".

Маълумки, фарзанднинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш асосан отанинг вазифасидир. Бироқ тақдир тақозоси билан отаси вафот этган бўлса, гўдакнинг барча таъминотлари билан шуғулланишни жамиятнинг зиммасига юклайди. Етимларни кафолатга олиш ва уларга ғамхўрлик қилиш энг шарафли фазилат экани ҳақида ислом таълимотида кўп гапирилган.

Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз (С.А.В.) "Мен ва етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз", деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар", дейди Ҳадиси шарифида. Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.

Афсуски, ҳозирги кунда қариндош-уруғчилик ҳақини унутиб етимларни қаровсиз қолдириб, уларни етимхоналарга олиб бориб ташлаётган инсонлар ҳам оз бўлса-да, учраб туради. Нафақат етимларни, ҳатто ёруғ дунёга келтириб вояга етказган кекса ота ёки онасини қариялар уйига олиб бориб қўяётган фарзандлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ўз тинчларини ўйлаб бундай ғайриинсоний ишларга қўл ураётган фарзандлар унутмасинларки, кексайган вақтларида ўзларига ҳам фарзандларидан шундай жавоб қайтиши муқаррардир.

Кейинги пайтда "тирик етимлар" деган иборанинг тез-тез тилга олинишига ҳам асослар бор. "Тирик етим" деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими?!

Қуръони каримнинг бир   нечта оятлари ва кўплаб Ҳадиси шарифларда бежиз етимларнинг ҳақига риоя қилиш, отасиз қолган болаларга раҳм-шафқат кўрсатиш қайта-қайта таъкидланмаган. Уларнинг таълим-тарбияси, инсоний фазилатлари баркамол бўлиши йўлида лозим бўлган барча ишлар амалга оширилмоқда. Улар балоғатга етиб жамиятда ўз ўринларини топишларида биз ҳам холисона кўмак беришимиз зарур. Шу боис барчаларимиз атрофимиздаги етимларга мусулмонларга хос меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик,  юртимиздаги меҳрибонлик уйларининг аҳволидан ва етим болалар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлайлик, уларга қўлимиздан келганча ёрдам ва шафқат кўрсатайлик.

Биз ўз маҳалламизда яшаётган етимларни яхши биламиз. Уларга қўлимиздан келганча хайр-саховат қилайлик.      Шунингдек. "Мурувват" уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб, Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру савобларга эга бўлайлик.

 Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан адо этувчи саховатли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин.

 

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Олтинкўл туманидаги "Миробод ҳожи" жоме масжиди имоми.

АЛЛА - ЭНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИҚ

Миллий Қадрият

Ҳа, дунёда шундай гўзал қўшиқ бор. Уни эшитган қалблар жунбушга келади. Вужудингиз ўртаниб кетади. Хаёлларингиз узоқ-узоқларга кетади, онаизорингиз овози қулоғингизга чалинади. Бу қўшиқ - алла.

Талабалик - олтин даврнинг суруридан маст бўлган, ҳамма нарсага қизиқишим ортган, сўзга талабчанлигим юқори пайтларим эди. Онам билан бувижоним ёнига боргандик.

Бувим жуда сўзамол, гапни чертиб-чертиб гапирадиган, худди Ўзбекойимдек, "кавушим кўчада қолибдими?!" қабилида фикрлаб, ҳар қандай даврага-да киравермайдиган аёллар хилидан эди. Ҳамон юзида виқор акс этиб турган, ҳануз кўркамлигини йўқотмаган бувижонимга мафтунлик билан тикилиб, алла айтиб беришини илтимос қилдим. Бувим кўп ҳам ялинтирмай бироз жим қолди-да, майин овозда куйлай бошлади.

 

Тол ичидан танлаб олган толи райҳоним мени - алла,

Гул ичидан ҳидлаб олган гули райҳоним мени - алла,

Аллоҳ сенинг умрингни берсин - алла,

Аллоҳ сенинг ризқингни берсин - алла...

Секин-аста алла маҳзунлаша бошлади. Аламли сўзлар тошиб кела бошлади.

 

Мен сариқ, рангим сариқ,

Сарғайганимни кимлар билур - алла,

Кўз ёшим дарё бўлиб жон берганимни кимлар билур - алла,

Сен чаманнинг гули бўлсанг, мен чаманнинг булбули - алла,

Сен чиройингга ишонсанг, мен Худонинг бир қули - алла...

 

Мен "Буви, ёзиб олдим, бўлди", демоқчи бўлдим. Онам "Бўлма", деган маънода бош чайқади. Бувим ҳамон алла айтишда давом этарди...

Бувимнинг аллалари юрагимга малҳам бўлди, бу меҳр - аждодларимнинг оғриқли мероси эди. Ўшандан бери англаб етдимки, ҳар бир алла, бу - аёл тақдирининг қўшиқ шаклида акс этиши экан. Алла фақат гўдакни ухлатиш учун айтиладиган қўшиқ эмас, бу - аёл қалбининг тили, фарёди, дуоси, қолаверса, фидойилиги ва сабри экан.

Мен уларни ёзиб олар эканман, ёзганларимни вақтлар ўтиб, қизларим-у набираларимга, албатта ўргатиб қўйишни кўнглимга тугдим. Шу тариқа бу - дунёдаги  энг гўзал қўшиқ асрлар оша авлоддан авлодга  мерос бўлиб ўтиб бораверади.

Холидахон БЕГМАТОВА,

 филолог, логопед.

РАСМЛАР ТАНЛОВИ ВА ҚИЗИҚАРЛИ ЎЙИНЛАР

Ёз ўтмоҚда соз

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ёзги таътил даврини мазмунли ва қизиқарли ўтишини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда ўтказилаётган "Долзарб 90 кунлик" лойиҳаси доирасида жойларда маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, қизиқарли ўйинлар турли кўрик-танловлар болаларнинг таътил кунларини мазмунли ва мароқли ўтказишларига хизмат қилмоқда. Ана шундай тадбирлар Қўрғонтепа туманида ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Қўрғонтепа туманидаги ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан тумандаги 26- умумтаълим мактабида  "Ёз - ўтмоқда соз" шиори остида ҳарбий хизматчилар фарзандлари иштирокида ўтказилган тадбирлар болажонлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Тадбир давомида болалар ўртасида расмлар танлови ҳамда қизиқарли ўйинлар ташкил этилди. Танлов ва ўйинлар болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтишини таъминлаш билан бирга, мусаввирлик, чаққонлик борасидаги иқтидорларини ҳам намоён этишларига имконият яратиб берди.

Талъатбек ЎЛМАСОВ,

ҳарбий хизматчи.

БОЛАЛАР ОРОМГОҲИДА "ВАТАНПАРВАРЛИК КУНИ"

тадбир

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги "Шифокор" болалар соғломлаштириш оромгоҳида "Ватанпарварлик куни" тадбири бўлиб ўтди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган "Долзарб 90 кунлик" лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан болалар оромгоҳида ташкил этилган тадбир очилишида сўз олганлар мамлакатимизда ёш авлодни Ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, Қуролли Кучларимиз салоҳияти, ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида гапирди.

Болажонларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, дам олиш кунларини янада мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган тадбир болаларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Қолаверса, тадбир ёшларимизнинг чегара қўшинлари, миллий армиямиз ва унинг куч-қудратига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Тадбир давомида қурол-аслаҳалар намойиши, ҳарбийларнинг қўл жанги ва бошқа кўргазмали чиқишлари, болажонлар билан ўтказган мулоқот ва суҳбатлари, айниқса, ҳарбийлар томонидан ижро этилган юртни мадҳ этувчи қўшиқлар болаларнинг она Ватанга муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлашга, ҳарбий бурчга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди. 

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

катта лейтенант.