+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ ҚАНДАЙ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАН?

ижтимоий ҳимоя

Ўзбекистонда ижтимоий хизматлар тизими жадал ривожланмоқда. Айниқса сўнгги йилларда мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ижтимоий хизматлар жамиятнинг барча қатламлари учун муҳим аҳамиятга эга. Бу хизматлар орқали ногиронлар, ёлғиз қариялар, ишсизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа шахсларга ёрдам кўрсатилади. 2021 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ижтимоий ҳимоя тўғрисида"ги қонунга асосан, ижтимоий ҳимоя тизими янада такомиллаштирилиб, кам таъминланган оилалар учун махсус дастурлар жорий қилинди. Бундан ташқари, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижтимоий хизматларни йўлга қўйиш нафақат аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга, балки жамиятда барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Юртимизда кейинги йилларда ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши ана шу йўналишдаги ишлардан энг муҳими бўлди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги муҳтожларга ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ва комплекс ёндашув асосида кўрсатади. Аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олади, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини оширади.

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг мақсади - ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига маҳалла даражасида комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишдан иборат. Марказ оғир аҳволга тушиб қолган ёки тушиб қолиш хавфи бўлган шахслар ва оилаларга маҳалла даражасида комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатади. Бунда ҳар бир шахсга индивидуал ёндашилади.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга "уйда парвариши", уларни қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилиш хизматларини кўрсатади.

Марказларда протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун сертификатлар расмийлаштирилади. Шунингдек, талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахс деб эътироф этиш, ёлғиз кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш ишлари ҳам айнан марказ томонидан амалга оширилади.

 "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларида ишлайдиган ижтимоий ходимлар белгиланган тоифадаги кишиларга белгиланган барча йўналишларда сифатли ва малакали хизматлар кўрсатади.

 "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий реабилитацион ортопедик воситалар ва бошқа протез буюмларни олишда амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Ҳуқуқий хизмат кўрсатиш жуда аҳамиятлидир. Бунда шахс протез буюмларини олиш учун ўзининг яшаш жойидаги марказга ариза билан мурожаат қилиши лозим. Таъкидлаш керакки, ортопедик протез буюмлари билан таъминланиш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 апрелдаги 253- сон қарори билан тартибга солинади. Ушбу ҳужжат қуйидаги шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартибини белгилайди. Яъни ногиронлиги бўлган болаларни, ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларни. Албатта, бунда шахсларнинг ушбу воситаларга муҳтожлилик даражаси текширилади. Уларга шунга асосланиб маълумотномалар берилади.

Маълумотномани "Тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизимидан фойдаланиб олиш мумкин. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан шахснинг ногиронлик ҳолати ва юқоридаги воситаларга муҳтожлиги белгиланиб ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома расмийлаштирилади. Шахсга ушбу ҳуқуқ вужудга келганлиги тўғрисида СМС-хабар юбориш орқали хабардор қилинади.

Бундан ташқари, марказда фуқароларга турли кўринишдаги моддий ёрдамлар, болалар нафақалари билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатади. Агарда шахс моддий ёрдам ёки болалар нафақасини олмоқчи бўлса, бевосита "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига ариза билан мурожаат қилишлари талаб этилади.

Фуқаролар "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига бевосита ўзлари бориб, шунингдек, 1140 ёки 1146 қисқа ишонч рақамлари орқали ҳам онлайн шаклда мурожаат қилишлари мумкин.

 

Аббосхон НАБИЖОНОВ,

Бўстон тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази бош

ижтимоий ходими.

 

БОЛАЖОНЛАР УЧУН БОРИМИЗНИ БЕРАМИЗ

Педагог мулоҳазаси

Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами юртимизнинг барча гўшаларида "Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" шиори остида кенг миқёсда нишонланмоқда.

Мустақиллик тантаналарини кузатар эканман, узоқ йиллардан буён мактабгача таълим ташкилотида фаолият олиб бораётган мутахассис -тарбиячи сифатида бевосита Президентимиз ташаббуси билан юртимизда мактабгача таълим ташкилотлари ривожига, фаолияти самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилаётганлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Дарҳақиқат, болажонлар - истиқлолимиз таянчи, юртимиз келажагидир. Уларнинг тимсолида Ватанимизнинг эртанги кунини кўрамиз.

Бинобарин, ўсиб келаётан болажонларимизни баркамол этиб тарбиялаш - бугуннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. Ҳозирда ўзига хос, бир-биридан қолишмайдиган замонавий таълим-тарбия масканларида яратилган қулайликлар ҳавас қиладиган даражада. Ёшларнинг боғча ёшидан бошлаб тарбиясига жиддий эътибор қаратиш давлат сиёсатига айланди. Мактабгача таълим ташкилотлари босқичма-босқич ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланди. Муассасаларда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий ва жисмоний ривожлантиришга қаратилган шароитлар яратилди. Мактабгача таълим жараёнида болаларни мактабга бошланғич билимларни эгаллаган ҳолда тайёрлаш йўлга қўйилди.

Таълим-тарбия жараёнида жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологиялари жорий қилинмоқда. 5-6 ёшдаги болаларни мактабга тайёрлаш бўйича алоҳида гуруҳлар ташкил қилиниб, улар билан алоҳида дастурлар асосида машғулотлар олиб борилмоқда.

Замонавий педагогик технологиялар ва услубларни инобатга олган ҳолда тарбия масканларида педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ўқув режа ва дастурлари такомиллаштирилди. Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларининг оила билан ҳамкорлигини таъминлашда дефектолог, логопеднинг фаолияти алоҳида аҳамият касб этмоқда. Улар олиб бораётган машғулотлар давомида болалардаги иқтидор, қобилият, сўзамоллик шакллантирилади. Бола энг аввало, оилада камол топади, ривожланади. Боғчада эса таълим-тарбия олиб, мактабга тайёрланади. Шундай экан, айни дамда муассасаларда ҳар ҳафтанинг жумаси - «Ота-оналар куни» деб, эълон қилинган, шу куни ота-оналар билан суҳбатлар ташкил қилинади, боланинг яшаш шароити билан танишилади, очиқ эшиклар куни ўтказилади.

 Масканда семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ўтказилиши анъанага айланган. Хусусан, "Фарзандим келажаги учун масъулман", "Болангиз мактабга тайёрми?" мавзуларида   конференциялар ўтказилди.

Болалар ижодга мойил бўладилар. Айниқса, расм чизишни хуш кўрадилар. Ота-оналар иштирокида болалар чизган суратлардан ташкил топган кўргазмалар ҳам болалар истеъдодини қўллаб-қувватлашга қаратилади. Боғчаларда айни кунларда "Бадиий   гимнастика", "Шахмат-шашка", "Инглиз тилини ўрганамиз" каби қатор тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Ёз мавсуми бошиданоқ, "Соғломжон - болажон" спорт ўйинлари ўтказилаётганлиги масканда болажонларни чиниқтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

"Бармоқ", "Ўйинчоқлар тилга кирганда" деб номланган театр жамоаси асосан, тарбиячи ва болалардан иборат бўлиб, улар эртак қаҳрамонларини саҳналаштириб, кичкинтойларга намойиш қиладилар. Ҳайвонлар, турли жисмларни сўзлатиш болаларда ҳайрат ва қизиқиш уйғотади, улар саҳна асарларини мириқиб томоша қиладилар.

Тайёрлов гуруҳидаги болалар ўқиш ва ёзишни ўзлаштирган бўлади. Шу боис, янги ўқув йили олдидан "Хайр боғча, салом мактаб!" тадбирини ўтказиш, тадбирга ота-оналар, маҳалла фаолларини таклиф этиш самарали натижалар беради. Умуман, болажонларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда байрамлар, ўйинларнинг аҳамияти жуда катта.

Ёш авлоднинг камолоти кўп жиҳатдан бугун берилаётган таълим-тарбиянинг сифатига боғлиқ. Бунда тажрибали, билимдон, болани ўз фарзандидай севадиган тарбиячиларнинг ўрни ва роли алоҳида ўрин тутади. Шундай экан, биз тарбиячилар боғчаларда болалар ошиқиб келадиган, зерикиш нималигини билмайдиган, кунини мазмунли ўтказадиган муҳитни шакллантиришимиз лозим.

Биз тинч, фаровон ҳаётда, фарзандларнинг порлоқ келажаги учун барча шароитлар яратиб берилаётган юртда яшаётганимиздан   фахрланамиз. Болажонлар учун боримизни берамиз. Уларнинг таълим-тарбияси йўлидаги вазифаларимизни сидқидилдан адо этиш учун астойдил меҳнат қилишимиз муҳимдир.

Турсуной ЖАЛИЛОВА,

Булоқбоши туманидаги 21- давлат мактабгача таълим ташкилоти тайёрлов гуруҳи тарбиячиси,"Соғлом авлод"ордени соҳибаси.

УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР УЧУН: КИМЛАРГА КОМПЕНСАЦИЯ ПУЛИ ТЎЛАБ БЕРИЛАДИ?

Мутахассис минбари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 августдаги 518- сон қарорига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октабрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

"2005 - 2016-йиллар даври учун - жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан, бунда ҳар бир йил учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадалларнинг умумий миқдорини ушбу йилдаги ишлаган ойлар сонига бўлинганда ҳар бир ой учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир фоизидан кам бўлмаган тақдирда меҳнат дафтарчасида (электрон меҳнат дафтарчасида) мавжуд ёзувлар асосида инобатга олинади";

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 14 апрелдаги ПФ-4715- сон Фармони билан тасдиқланган Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойда компенсация пул тўловлари бериладиган шахсларнинг имтиёзли тоифалари рўйхатида назарда тутилган қуйидаги шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик компенсация пул тўлови тайинланади ва тўланади:

а) 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари;

б) 1941-1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчилари;

в) 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

г) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари;

д) Социалистик меҳнат қаҳрамонлари ва "Шон-шуҳрат" ("Слава") орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;

е) Фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;

ж) Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган шахслар;

з) кўриш қобилияти    бўйича I  гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

и) Чернобил ҳалокати оқибатида жабрланган шахслар;

к) ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.

Солиқ кодексига мувофиқ компенсация пул тўловлари жами даромад таркибига киритилмайди ҳамда пенсиялар тўланадиган тартиб ва муддатларда тўланади. Республика бюджети ҳисобидан пенсия тайинлайдиган органда пенсия олувчи сифатида ҳисобда турадиган шахсларга компенсация пул тўловлари республика бюджети ҳисобидан пенсия тайинлайдиган орган томонидан тайинланади.

Меҳнат, таълим олиш, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлиш вақти,  шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври, бола икки ёшга етишига қадар уни парвариш қилиш бўйича ходимлар таътилда бўлган давр учун ҳам компенсация пул тўловлари тайинланади ва   тўланади.

Буважон ҲОСИЛОВ,

Асака тумани Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим

бошлиғи.

ИҚТИҚЛОЛ МУБОРАК

Ассалом, оппоқ тонг, ассалом, Қуёш,

Ассалом, эрксевар ўзбегим - жондош!

Фахру ифтихорга лиммо-лим юрак,

Юртим, истиқлолинг бўлсин муборак!

 

Бир мўъжиза тупроқ - она Туроним,

Авлодлар тилида эзгу Қуръоним.

Келажагинг буюк - ягона тилак,

Юртим, истиқлолинг бўлсин муборак!

 

Ўзимники пахтам, буғдойим - ноним,

Оламга кўз-кўзлай шуҳрату шоним.

Жонлар фидо агар Ватан-чун керак,

Юртим, истиқлолинг бўлсин муборак!

 

Йиллар тарих учун оддий сарҳисоб,

Юксалиш йўлидан қадам ол шитоб.

Ҳалол меҳнат билан толмасин билак,

Юртим, истиқлолинг бўлсин муборак!

 

Рўзихон ИМИНОВА, Асака тумани

ҲАМКАСБИМИЗ ХАЛҚАРО ФОТОКЎРГАЗМА СОВРИНДОРИ

Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда "Иқбол" газетаси фотомухбири Зуҳриддин Умрзоқовнинг самарали меҳнатлари мутахассислар, кенг жамоатчилик эътибори ва эътирофини топмоқда.

З. Умрзоқов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида ўтказилган "Ўзбекистон - Хитой: ШҲТ доирасида ҳамкорлик" деб номланган фотокўргазма ва танловда ўзининг ижодий ишлари билан иштирок этиб,   совриндорлар қаторидан жой олди.

Ташкилотчиларнинг қайд этишича, "Ўзбекистон - Хитой: ШҲТ доирасида ҳамкорлик" номли кўргазма ва танлов учун мамлакатимиз фотоижодкорларидан 500 дан ортиқ фотосурат келиб тушди. Ҳайъат аъзолари томонидан улардан 94 таси танлаб олиниб, кўргазма экспозициясига жойлаштирилган. Уларнинг орасида З. Умрзоқовнинг ўндан ортиқ ижодий ишлари ўрин олди.

Кўргазма ва танлов якунида З.Умрзоқов совриндор сифатида сертификат ва эсдалик совға билан тақдирланди.

Ҳамкасбимиз З. Умрзоқовни республика фотокўргазмаси ва танловидаги муваффақияти билан муборакбод этамиз.

Воситхон АҲМАТХОНОВ

АНДИЖОНЛИК ИЖОДКОРЛАР ТАҚДИРЛАНДИЛАР

Вилоят театрида мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрамига бағишланиб, "Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" шиори остида анъанавий "Энг улуғ, энг азиз!" танловининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар  бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Аҳмедова қатнашчиларни мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, юртимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси ҳақида гапирди.

Танловда босма ва электрон ОАВ вакиллари, телевидение ва радио ижодкорлари, шоир ва ёзувчилар, публицист ижодкорлар, шунингдек, мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари, фотограф ва дизайнерлар томонидан тақдим этилган 350 дан зиёд  ижодий ишлар кўриб чиқилди.

Якуний натижаларига кўра, босма ОАВ номинацияси бўйича Хўжаобод тумани "Хақиқат" газетаси жамоаси биринчи, Ўзбекистон экопартияси вилоят кенгаши матбуот котиби Муҳаммадрасул  Маматқулов иккинчи, "Иқбол" газетаси таҳририяти учинчи ўринга сазовор бўлди.

Телерадио номинацияси бўйича "Тараққиёт" телеканали мухбири Руҳшона Алимжонова биринчи, "Менинг юртим" телеканали вилоят мухбири Дилфуза Аҳмедова иккинчи ва "Дийдор" радиоси мухбири Иброҳимжон Обидов учинни қўлга киритди.

Интернет журналистикаси бўйича "Халқ сўзи" газетаси вилоят мухбири Саминжон Ҳусанов биринчи, "Муштум" журнали вилоят мухбири Озодбек Шаробиддинов иккинчи, ижтимоий тармоқ фаоли Бахтиёр Фозилжонов учинчи ўринга сазовор бўлди.

Публицистика йўналишидаги ижодкорлар ўртасида "Ватандан айро бахт йўқ" номли китоби учун адиб Хабиб Сиддиқ биринчи, қатор китоблари учун ёзувчи ва журналист Бекмирза Мадраҳимов иккинчи, "Ҳаёт сабоқлари" китоби учун журналист Аъзамжон Қодировга учинчи ўрин насиб этди.

 Адабиёт номинацияси бўйича "Тарихий эсселар" ва бошқа қатор китоблари учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фарид Усмон биринчи, "Ватан меҳри" китоби учун Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи иккинчи, "Умр карвони" китоби учун ёзувчи Авазбек Қосимов учинчи ўринни қўлга киритди.

Кино санъати ижодкорлари йўналишида "Тараққиёт" телеканали режиссери Рафуқжон Исақов биринчи, актер, сўз устаси /айрат Аҳмедов иккинчи, "Шарқ-24" сайти режиссери Зайнобиддин Қодиров учинчи ўринга сазовор бўлди. 

Тасвирий санъат, фото ва дизайн номинацияси бўйича мусаввир, Шерали Жўраев номли мусиқа ва санъат олий мактаби ўқитувчиси Гулчеҳра Собирова биринчи, дизайнер Валижон Рўзибоев иккинчи, халқ амалий санъати устаси, Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқитувчиси Муҳайё Жўраева учинчи ўринга сазовор бўлди.

Барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар диплом, эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Иродахон МАХАТОВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси.

Шеърият гулшани

ОНАЖОН ЮРТИМ

Ўзбекистон она юртим менинг,

Чаманларга кон бағринг сенинг,

Олтинга  тенг сенинг тупроғинг,

Жон Ўзбекистон, гўзалсан ўзинг.

 

Бағрикенг Ватаним, бепаён далам,

Аллаларинг эшитиб улғайди болам.

Уйғониб ҳар тонг, шукрлар айтай,

Онамдай меҳрибон, азизсан бирам.

 

Тупроғинг тафтин юракдан сезиб,

Ватаним, сен учун куйлагим келар.

Эзгу мақсадлар сари олға интилиб,

Юксалсанг, дилдан ўйнагим келар.

 

Танти шу халқимга таъзим қиламан.

Шаънига достонлар ёзгим келади.

Гар узоқларга кетсам юртимдан,

Соғинчдан бағрига қайтгим келади.  

Мавлудахон ЁРҚУЛОВА,

Андижон шаҳар марказий

шифохонаси бош ҳамшираси.

 

 

САВОЙИМ

Мустақиллиқ тафтидан қувват олган, Савойим,

Уламою олимдан ибрат олган Савойим.

Узоқ йиллар зафарли меҳнатлари учун деб,

Дунёларга танилиб, зийнат олган Савойим.

 

Бағрида ўн уч илм маскани бор, донгдорим,

Олиму уламолари юртга машҳур, донгдорим.

Юртим тинч, хотиржам, мусаффодир осмоним,

Урушларда душманни тўсгани бор донгдорим.

      

Узоқ йиллар ишлаган деҳқони бор, Савойим,

Тошохурда қишлаган чўпони бор, Савойим.

Бир ён буғдой, бир ёни оқ олтинлар хирмони,

Хонадонин асраган посбони бор, Савойим.

 

Қанча сир-синоатларга сирдош бўлган, Савойим,

Табарруксан, асрларга тенгдош бўлган, Савойим.

Кенг бағрингда аҳил-иноқ яшагаймиз барчамиз,

Турли миллатларга маскан бўлган, Савойим.

Нишонбой ҳожи Жўрабек ўғли,

Қўрғонтепа тумани, Савой қишлоғи.

 

 

ОНАМГА ЎХШАГИН, ҚИЗИМ

Кел ёнимга қаро кўзим,

Тинглагин менинг сўзим,

Ёруғ бўлсин десанг юзим,

Онамга ўхшагин, қизим.

 

Ораста бўл ҳар ишда,

Саранжом-у саришта,

Уй юмушин қилишда

Онангга ўхшагин, қизим.

 

Бўлсин сабр-у тоқатинг,

Оилангга садоқатинг,

Ҳалол бўлсин меҳнатинг,

Онамга ўхшагин, қизим.

 

Ҳурматин қил ҳаммани,

Кичикни, ҳам каттани,

Тебратишда оилани,

Онамга ўхшагин, қизим.

 

Сен ҳам ушбу ҳаётда,

Яша бахту саодатда,

Бўлай десанг иззатда,

Онамга ўхшагин, қизим.

 

Тожиддин АЛИОХУНОВ,

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят

бошқармаси ходими.

 

ЗАМИН

Андуҳлари бисёр қисматнинг,

Ташвишига ҳайрона замин.

Саҳросига келар булутнинг,

Йўлларига парвона замин.

 

Қуёш кўкка совурса сувин,

Ирмоғига ғамхона замин.

Хасдан бунёд этган қушчанинг

Уйчасига кошона замин.

 

Азалдан то абадгача ҳам

Дунёсида сарсона замин.

Робия МАҲМУДОВА,

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби битирувчиси.

ТЎҚЛИККА ШЎХЛИКМИ...

Мулоҳаза

Неча кундирки, болалар билан боғлиқ бир воқеа ҳеч хаёлимдан кетмай қолди. Бир маркет дўконида олган маҳсулотимга тўлов қилиш учун ғазнага навбатда тургандим. Шунда кўзларим ғазна ёнидаги она-бола можаросига тушди.

Дўкондан ўзи ёқтирган ширинликни топа олмаган 4-5 ёшлардаги бола онаси таклиф этган шоколадни ерга улоқтирди. Атрофдагилардан хижолат чеккан она асабий ва шошқалоқ боласини овутиш билан банд эди. Бу ҳол дўкондаги баъзи одамларга ғалати туюлган бўлса-да, кўпчилик буни табиий ҳолдек қабул қилди, назаримда.

Тўғри, юртимизда болалар жуда қадрланади. Кўпчилик хонадонларда уларнинг айтгани-айтган, дегани-деган. Истаги ҳамиша бажо келтирилади. Афсуски, талаби ҳамиша қондирила берадиган хонадонда ўсаётган бола йиллар ўтган сари таъблари ҳам ўсишда давом этади. Инжиқлана-инжиқлана вояга етган бола эртага отаси олиб берган велосипедни улоқтиришдан тап тортмайди. Индинга мундайроқ машинани назарига илмайди. Хорижнинг қимматбаҳо машиналарига кўнгли кетади. Бу "касаллик" тарбияси тўғри олиб борилмаётган ўртаҳол яшаётган оилалар фарзандига ҳам юқади. Хўш, унда бошимизни қайси деворга урамиз?!

Биз оилада дастурхон атрофида боламизга ноз-неъматларни едирар эканмиз, уларни қандай меҳнатлару, машаққатлар эвазига келаётганини уқтиряпмизми?! Боламизга кунаро оғзидан чиққанини олиб бериш давомида юқоридагидек ўгитларни-да ўргатадиган, одоб-ахлоқдан дарс берувчи китоб ҳам сотиб олиб беряпмизми?! Балки, ўшанда юқоридагидек, болалар пайдо бўлиши камаяр. Ахир дунёнинг қайсидир юртларида очликдан хасталиклардан минглаб болалар нобуд бўлаётганлиги, бир бурда нонга зор эканлигини биз бола тилидан тушунтириб бормасак, у кимдан олади бундай ўгитларни?!

БМТ ва Жаҳон озиқ-овқат дастурининг 2024 йилги ҳисоботи маълумотларига кўра, жаҳонда 281 миллион нафардан ортиқ одам емиш етишмовчилигига гирифтор бўлган. Дунёдаги ҳар беш кишидан бири тўйиб овқатланиш ҳақида орзу қилади. Ҳар куни ўртача 13 миллионга яқин бола (ўртача беш ёшдаги) очлик, ифлосланган сув ва етарли озиқ-овқат бўлмаганлиги учун ҳаётдан кўз юммоқда.

Сомалида беш ёшгача бўлган ҳар учинчи бола ўсишдан қолган. /азода эса, бугунги кунда ҳам минглаб болалар оғир дард чекмоқда, очликдан вафот этмоқда. Судан, Афғонистон, Яман каби давлатлар ҳудудларида эса, бир бурда нон, бир қултум тоза сув орзусида яшаётган миллионлаб болалар бор. Қолаверса, ўзимизда ҳам етишмовчилик сабаб болаларини тўйиб овқатлантира олмаётган оилалар оз бўлса-да мавжуд.

Ана энди юқоридагидек болаларни тарбия қилаётган оила бекасию сардорлари бола тарбиялашдаги хато ва камчиликларини ўйлаб кўрсалар, ёмон бўлмасди. Шунингдек, шириндан-шакар фарзандларимизни борига шукр қилиш руҳида тарбияласак, вақтлар келиб, афсус чекиб қолмаймиз, қолаверса, ушбу тарбия фарзандимизнинг ўзи учун ҳам жуда фойдали бўлишига асло шубҳа йўқ.

Дилнаво АБДУҚОДИРОВА,

Марҳамат туманидаги 47- табиий фанларга ихтисослашган мактабнинг 10- синф ўқувчиси.

ҚАҲРАМОНЛАР НОМИ ҲЕЧ ҚАЧОН УНУТИЛМАЙДИ

Хотира - азиз

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм аскар ва зобитлари Бобур шаҳридаги "Ватанпарвар боғи"да бўлишди.

Ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан юрт ҳимоячилари қалбида ватанпарварлик, фидойилик, соҳанинг шонли анъаналарига ҳурмат туйғуларини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбир ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди.

Юртдошларимиз, ёшлар қалбида Ватан ҳимоясига дахлдорлик, муқаддас заминга муҳаббат, ватанни улуғлаш, унинг қадим ўтмиши ва буюк келажагидан фахрланиш, юрт ҳимояси йўлида қурбон бўлганларни хотирлаш, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини кўрсатиш мақсадида барпо этилган Бобур шаҳридаги "Ватанпарвар боғи" шу кунларда Андижоннинг энг гавжум масканларидан бирига айланган.

Дастлаб ҳарбийлар боғдаги "Ватанга қасамёд" монументи пойига гулчамбарлар қўйишди. Ватан озодлиги, тинчлиги ва ҳимояси йўлида жон фидо қилган марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Шундан сўнг улар "Ватанпарвар боғи"даги ҳарбий техникалар, турли экспонатлар билан танишиб, улар ҳақида кенг маълумотлар олишди. Айниқса, Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлган ҳарбийларга ўрнатилган ёдгорликлар, уларнинг қаҳрамонликлари ҳақидаги маълумотлар аскарлар қалбида халқимиз ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди, деган қарашни янада  мустаҳкамлади.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

катта лейтенант.

ОМАДГА ЕТАКЛОВЧИ ОДАТЛАР

Тавсиялар

Дунёда ҳар бир нарсанинг ўз қонунияти бўлади. Бахт, руҳий ва жисмоний куч муваффақиятга эришишнинг асосий тамойилларидан ҳисобланади. Омадли бўлиш қийин, деб қўл қовуштириб ўтириш ақлли кишиларнинг иши эмас.

Қуйида инсоният ҳаётида йиллар давомида синовдан ўтган муваффаққиятга эришишнинг айрим қоидалари хусусида сўз юритамиз. Ана шу қоидаларга амал қилсангиз, сиз ҳам ҳаётингизда ижобий ўзгаришлар ясашингиз мумкин. Демак:

 

Эрта уйғонинг!

Барча муваффақиятли инсонлар - эрта уйғонувчилардир. Эрта уйғонишда ҳикмат кўп. Тонгни эрта қаршилаш кишига тетиклик ва илҳом бағишлайди. Ётоғида тонг оттирмайдиган, тонг отиб-отмай бугунга мўлжаллаган ишларини режалаштирадиган одамларнинг иши унумли бўлади.

 

Ўқиш, ўрганишдан тўхтаманг!

Кунда ҳеч бўлмаганда телевизор ёки комьпютер олдида ўтказадиган вақтингизнинг бир соатини қизиқарли ҳамда фойдали китоб ўқишга сарфласангиз, сиз ақлли инсонлар қаторида экансиз. Бу машғулот сизга маънавий озуқа, миянгизга дам бериш билан бирга, тафаккурингизни ўткир қилади, дунёқарашингиз кенгаяди. Атрофингизда рўй бераётган воқеаларга теран нигоҳ ташлайсиз. Дўст ва яқинларингиз учун сиз билан мулоқотда бўлиш қизиқарли    бўлади.

Ортиқча нарсалардан халос бўлинг!

Вақти-вақти билан ҳаётингизда, туйғуларингиз ва миянгизда "тозалаш" ишларини амалга оширинг. Дейлик, қачондир ким биландир тортишгансиз, зиддиятга боргансиз. Буни юрагингизда кўтариб юришнинг кераги йўқ. Муваффақиятга эришишингиз учун халақит берадиган нимаики бўлса, ҳаммасини миянгиз ва қалбингиздан ўчириб ташланг. Ўтмишдаги хатоларингиз билан яшаманг. Ҳаётда омад ва бахтга эришиш учун ёқимсиз хотиралар ўрнини ёрқин орзулар билан тўлдиринг!

Ҳаётингиз сокин бўлсин!

Муттасил стресс ва тартибсизлик муваффақиятсизликка олиб боради. Ҳаётдан завқланиб яшаш, Эртанги кунга умид назари билан қараш омадга эришишга ёрдам беради. Ҳаёт шовқинларидан бир зум тин олинг. Ички овозингизни эшитинг, нима хоҳлайсиз, нима қилсангиз хотиржам тортасиз? Бу саволларга жавоб топган онингиздаёқ уларни амалда бажаринг. ҳаётда меъёрга амал қилишни унутманг.

Жисмоний фаоллик

Мунтазам жисмоний фаоллик соғлик гаровидир. Албатта муваффақиятга эришиш учун саломатлик муҳим ҳисобланади. Спорт машғулотларига қатнашиш одатингизга айлансин. Хоҳланг, спорт залларига боринг, хоҳланг, ҳар куни уйингизда бир соат мобайнида жисмоний машқлар билан шуғулланинг ёки рақсга тушинг. Жисмоний фаоллик ўз-ўзидан кайфиятингизни яхшилайди. Яхши кайфиятда бажарилган ишлар эса албатта омад ва муваффақият олиб келади.

Ҳар куни тажриба тўпланг

Инсон қанча кўп ҳаётий тажрибага эга бўлса шунча кўп омадли бўлади. Ҳар кун, ҳар дақиқадан ибрат олинг. Тажрибангиз ортгани сари имкониятларингизни баҳолай оласиз. Бу эса шахсий ҳаёт ва ишда муваффақият қозонишингизга ёрдам беради.

Изланишдан тўхтаманг!

Эдисон ўн мингта омадсиз тажрибадан сўнг электр лампочкани ихтиро қилишга муваффақ бўлди. Уолт Диснейнинг лойиҳаси 303 та банкдан ўтмаганди. Мақсади йўлида жаҳд билан ҳаракат қилган Дисней номини бугун билмайдиган одамнинг ўзи деярли йўқ. Шундай экан, муваффақият қозонишингизга ишонинг! Орзуларингиз амалга ошишини истасангиз, изланишдан тўхтаманг ва бир жойда ўтириб қолманг!

Аслида, ёруғ дунёда яшаётганимиз, қўл-оёғимиз бутун, соғ-саломатлигимиз, оиламиз борлиги, ота-она, жигарларимиз, фарзандларимиз омонлиги, касб-коримиз ортидан ризқ-насибамиз етиб турганининг ўзи - катта омад. Ана шу неъматларга шукр қилсак, ўзимизда бор нарсаларни қадрласак, омад ва муваффақият бизни ҳеч қачон тарк этмайди!

Умидахон  тайёрлади.