+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

ИШБИЛАРМОН ВА ТАДБИРКОРЛАР ДИҚҚАТИГА!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 апрелдаги       ПҚ-118 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Андижон вилояти Асака туманидаги 71 та ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модеринизация қилиш бўйича қуйидаги талабларга мос келадиган

ИШБИЛАРМОН ВА ТАДБИРКОРЛАР ДИҚҚАТИГА!

 

-  хусусий шериклар маблағларининг улуши камида 50 фоиз ва ундан юқори бўлиши;

- хусусий шериклар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун харажатлар миқдори маҳаллий бюджет параметрларида ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган маблағларга нисбатан кам бўлиши;

- хусусий шерикларнинг солиқ тўловчи сифатида ишончли бўлиши, охирги йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромади 3 млрд. сўмдан кам бўлмаслиги;

 

Асос. 10.04.2023 ПҚ-118-сонли қарор.

 

Изоҳ. Қуйидаги талабларга мос келган тадбиркорлар туман ҳокимлигининг иқтисодиёт ва молия бўлимига ёки +998 90 203 44 03 рақамли телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин.

She`riyat gulshani

VATAN

 

O‘zbekiston Respublikasi Mustaqilligining

34 yilligiga bag‘ishlanadi!

 

Yuzlarimni silab o‘tsa shamoling,

Jannatlarga qiyos etgum jamoling,

Oftob vasfida ko‘rayin kamoling,

Bag‘ringda yurmoq bizga saodat, Vatan!

 

Navqiron tog‘laring bunchalar buyuk,

Bepoyon bog‘laring shunchalar suyuk,

Qo‘yningdan ketganlarning ko‘ngli o‘ksik,

Bag‘ringda yurmoq bizga saodat, Vatan!

 

Kim baxtin topdi Vatandan ketib,

Shoh bo‘ldi Bobur Hind eliga yetib,

Sog‘inch azobida baytlarni bitib,

Armon ila yashab unga yeta olmay, Vatan!

 

Oltinlardan qimmat zarra tuprog‘ing,

Ko‘zlarimga to‘tiyodir bayrog‘ing,

Dunyolarni lol aylagay mayog‘ing,

Baxtingni ko‘rmoq bizga saodat, Vatan!

 

Bayramdek o‘tsin har kuning, oning,

Omon bo‘lsin azizgina bu joning,

Senda baxtli yashar qiz-u o‘g‘loning,

Baxting ko‘rmoq bizga saodat, Vatan!

 

Nurli manzil sari borar karvoning,

Karvoningga boshdir oqil sarboning,

Abadiy turgaydir davr-u davroning,

Davron surmoq bizga saodat, Vatan!

 

Sirojiddin BO‘TABOYEV,

Buloqboshi tumani, Do‘lan qishlog‘i.

 

MUSTAQILLIK MUBORAK!

Tonglari  munavvar, go‘zalsan yurtim.

Bag‘ringda mag‘rurdir qorako‘z xalqim.

Senga havas qilar jumla-yu jahon,

Mustaqillik muborak, O‘zbekistonim.

 

Dunyoga  tanildi  qizing, o‘g‘loning,

Futbolchi,  kurashchi  mashhurlaring.

Siz erursiz mening shuhratim, shonim,

Mustaqillik muborak, O‘zbekistonim.

 

Yurtim  bayrog‘in baland  ko‘targan,

Ilmda, san‘atda dunyoni lol etgan.

Har ishda g‘olib g‘urur-u, iftixorim,

Mustaqillik muborak, O‘zbekistonim.

 

Gullarga ko‘milgan bog‘-u bo‘stonim,

She‘r-u  kuylarda, dilda dostonim.

Vatanim, sendursan sharaf-u shonim,

Mustaqillik muborak, O‘zbekistonim.

Mavludaxon YORQULOVA,

Andijon  shahar markaziy  shifoxonasi  katta hamshirasi.

 

MUQADDAS VATAN

 

O‘zbekiston Respublikasi Mustaqilligining 34 yilligiga

 

Har kun tong tilayman: ravon bo‘lsin yo‘llaring,

Bog‘-u rog‘ga aylansin qizilqumdek cho‘llaring,

Bunday zamon bo‘lmagan hozirgacha hech qachon,

Dunyo chetiga yetsin gar uzatsang qo‘llaring.

 

Har jabhada yuksalish, bunyodkordir yoshlaring,

Gavhar kabi bebaho qoyadagi toshlaring,

Har qarichi qimmatli, hatto sahro bo‘lsa-da,

Faqat quvonchdan bo‘lsin ko‘zingdagi yoshlaring.

 

Asakada tayyorlanur tulporlarning tulpori,

Navbat kutib turishar chet elda xaridori,

Oq oltin, qora oltin, kumush tola ham bisyor,

“Kelajak buyuk bo‘lar” - yurtboshimiz shiori.

 

Buxoromizda yashnar Uchquduq-u Zarafshon,

Qaynoq qumlaring osti toza oltinlarga kon,

Dunyoga mashhur bo‘ldi gullar shahri Namangon,

Tinchliging mangu bo‘lsin, nurafshon O‘zbekiston!

Nishonboy BOLTABOYEV,

Qo‘rg‘ontepa tumani.

 

OMONAT DUNYO

Tarannum etmoqqa tarovat yetmas.

Dil kushosi har chog‘ qo‘ldan ketmas.

Hech kimga boylik, mansab kor etmas!

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

 

G‘urbat istaganga g‘urbatli dunyo,

Fursat istaganga fursatli  dunyo,

Hikmat istaganga bordir nur, ziyo,

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

 

Kun kelar ushalur dilimda armon,

Kun kelar bog‘imda gullar gulxazon,

So‘ngi iltimosing qalbimga darmon,

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

 

 

Izlaganim malomatda qoldi netay?!

Boshimni olib qayerlarga men ketay?!

Bu dunyoda muhabbatsiz yolg‘iz o‘tay!

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

 

Baxtim ham, taxtim ham ortimda qoldi,

Do‘stim dushmanimga aylanib bordi,

Umidim bir umrga so‘ndi yo‘qoldi,

Omonat dunyoda omon bo‘lingiz,

Saodat gulzorida umr yo‘lingiz!

Jaloliddin  XOLISBEKOV,

Andijon viloyati O‘simliklar karantini va himoyasi Buloqboshi tumani inspektori.

ВАҚТ ЎFРИСИ ҚУЛИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАЙЛИК

Мулоҳаза

Шу кунларда кўп ишларга улгурмаяпман. Тонг отарда қийналиброқ уйғонаман. Қанча уринмай, пала-партиш яшашга тўғри келяпти. Ишга кеч қоламан, баъзан бошлиқдан дакки ҳам эшитаман. Лекин бу муаммонинг сабабини бари бир англай олмадим. Шунда атрофни кузата бошладим....

Жума куни эди.

Асосан шанба кунлари дам олганим сабаб ишдан чиқиб уйга отландим. Бекатда «Дамас»га ўтириб, унинг тўлишини кута бошладим. Ёшгина қизалоқ олди ўриндиқда уяли алоқаси орқали видео кўриб ўтирарди. Афсуски, видеода бефойда ва беўрин гаплар жуда кўп эди. Ёши олтмишларга борган онахон машинага ўтирди. Ҳеч ким салом бермади. Ваҳоланки, автомашинада тўрт киши ўтирган эдик.

Бу ҳол мени ажаблантирди. Оғзидан саломи тушмайдиган ўзбекларга, ўзбек ёшларига нима бўляпти, дедим-у хўрсиндим. Салом бермаганим учун ўзимдан ҳам уялиб кетдим.

Ниҳоят, «Дамас» йўловчилар билан тўлди. Ҳамма уяли алоқаси билан овора.  Хорғин ҳолда уйга етиб бордим. Онам овқатланиш учун дастурхонга чақирди. Чаққон келинимиз ҳар ноз-у неъматни дастурхонга қўйди. Онам тановулни бошлаб берди. Шу пайт акам ва келинимиз қўл телефонида видео кўриб ўтиришарди. Чуқур хўрсиндим. Оҳ, мен ҳам шу аҳволга тушиб қолмадимми? Балки ҳар кунни алламаҳалгача мана шу вақт ўғриси - телефон билан ўтказаётганим, керак, керак бўлмаган маълумотлар гирдобида қолиб, эҳтимол, ҳеч бир ишга улгура олмаётгандирман?!

Автомобилдаги ҳамроҳларим ҳам уйида шундай яшаса керакда?. Балки шу даражада ижтимоий тармоқларга берилиб кетганимиздан, аянчли аҳволга тушиб қолгандирмиз? Ҳатто, бир-биримизга саломни ҳам канда қилаётгандирмиз?

- Нега бизлардан Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқмай қўйди, дея кўп иддаолар қиляпмиз. Бунга эҳтимол,вақтимизни бемаъни нарсаларга    сарфлаётганимиз сабабдир. Инсонлар, айниқса, ёшларимиз билим олиш ўрнига вақтини беҳуда сарфлаётгани, вақтдан унумли фойдалана олмаётганидандир.

Оталаримиз кўп гапиради: "Болам менга ўхшаб арава тортмасин, менга ўхшаб кетмон чопмасин.  Улғайганда каттароқ мансабда ишласин, каттароқ ишнинг бошини тутсин, илм-фан чўққиларини эгалласин, юртга манфаат келтирсин, миллатимизни улуғласин".

- Бизчи? Биз вақтимизни, умримизни нимага сарфлаяпмиз?

Вақт ўғриси билан вақт ўтказиб, умримизни беҳуда ўтказмаяпмизми? Телефон нафақат вақтимизни, балки тарбиямиз ва бутун вужудимизни ўғирлаб олмаяптими?

 Сизчи, азиз ўқувчи, Сиз бу фикрга нима дейсиз? Кўз юмиб очгунча ўтиб кетадиган умрингизни нимага сарфлаяпсиз?

Азиз тенгдош, қадрли ёшлар, унутмайлик бугун олган билимимиз ҳаётда бизни тўғри йўлга етакловчи, жамиятда ўз ўрнимизни топишга кўмак берувчи, юксакларга кўтарувчи мададкор бўлади.  Шундай экан, вақтдан унумли фойдаланайлик. Вақт ўғриси - телефоннинг қулига айланиб қолмайлик.

Комилахон ТУРСУНОВА,

Жалақудуқ тумани.

БИЛИМДОНЛАР БЕЛЛАШУВИ

Заковат

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида "Биз билимдонлармиз" шиоири остида "Заковат" беллашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги олдидан Андижон вилояти Ўсимликлар Карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан ўтказилган беллашувда бошқарма туман бўлимлари ҳамда унинг ёш ходимларидан тузилган 10 та жамоа иштирок этиб, ўзларининг билим ва иқтидорларини синовдан ўтказдилар.

-      Бошқарма раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган танловдан кўзланган асосий мақсад, ёш ходимларимизнинг иқтидорларини синовдан ўтказиш, уларни рағбатлантириш, қолаверса, уларга байрамона кайфият улашишдир, - дейди  Ўсимликлар Карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғининг Дилноза 1-ўринбосари, бош агроном Маҳмуджон Исроилов - Ушбу тадбир жамоамизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга, ишчанлик муҳитининг барқарор бўлишига хизмат қилади. 

Иштирокчи жамоалар "Савол-жавоб" шарти асосида ўзларининг касбий йўналишлари ҳамда ижтимоий-маънавий мавзуларга оид билимларини намойиш  этдилар.

Якуний натижаларга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги илмий-тадқиқот институти Андижон вилоят филиалининг   «Тадқиқотчилар» жамоаси биринчи, бошқарманинг чегара масканлари инспекторларининг «Лочинлар» жамоаси иккинчи ва Марҳамат туман бўлимининг «Ҳимоячилар» жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлдилар.

/олиб ва совриндор жамоалар  вилоят Ўсимликлар Карантини ва ҳимояси бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Мафтунахон ИБАЙДУЛЛАЕВА,

беллашув иштирокчиси.

ҲАРБИЙЛАР ВА УЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИ КЎНГИЛЛИ ХОРДИҚ ЧИҚАРИШДИ

Саёҳат

Қўрғонтепа туманидаги ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фарзандларининг маданий дам олишларини ташкил этиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан яқинда бир гуруҳ аскар ва зобитлар, уларнинг оила аъзолари Андижон шаҳрининг Боғишамол дам олиш масканида сайёҳатда бўлиб, кўнгилли хордиқ чиқардилар.

Дастлаб ҳарбийлар оила аъзолари билан Боғишамолнинг сўлим гўшасида бир дастурхон атрофида жамландилар. Шундан сўнг дам олиш масканининг сўқмоқлари бўйлаб сайр қилишиб, гўзал манзаралардан баҳраманд бўлдилар. Болажонлар Боғишамол ҳудудида жойлашган Ҳайвонот боғига олиб борилди. Бу ерда кичкинтойлар дунёнинг турли ҳудудларидан келтирилган турфа ҳайвон, парранда ва сув жониворларини томоша қилишиб катта завқ олдилар. Ушбу саёҳат ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларида катта таассурот қолдирди. Яхши дам - меҳнатга ҳамдам деганларидек, бу ҳордиқ ҳарбийларнинг ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этишга мустаҳкам замин яратади.

Талъатбек ЎЛМАСОВ,

ҳарбий хизматчи.

ҲАРБИЙЛАР ВА ЎҚУВЧИЛАР "ЗАКОВАТ"ДА БАҲСЛАШДИЛАР

Беллашув

Марҳамат туманидаги Ёшлар кутубхонасида ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи ёшлар жамоалари ўртасида "Заковат" интеллектуал беллашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига бағишланиб, ўтказилган беллашувда Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмнинг "Сарҳад", Марҳамат туманидаги "Ёш чегарачилар" клуби аъзоларидан тузилган "Соҳибқирон" ҳамда тумандаги 5- умумтаълим мактаби ўқувчиларининг "Қалқонлар" жамоалари иштирок этдилар. 

Беллашувда жамоалар давлатимиз сиёсати, Қуролли кучларимиз тарихи, адабиёт, тарихга оид, шунингдек, қизиқарли ва мантиқий саволлар доирасидаги жавоблари билан ўзларининг қай даражада билимдон, топқир ва ҳозиржавоб эканликларини намойиш этишди. 

Қизиқарли баҳслар асосида ўтган беллашувнинг якуний натижаларига кўра, фахрли биринчи ўринни "Ёш чегарачилар" клубининг "Соҳибқирон" жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин "Сарҳад", учинчи ўрин эса "Қалқонлар" жамоаларига насиб этди. 

Якунда ғолиб ҳамда иштирокчи жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

катта лейтенант.

ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ ҚАНДАЙ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАН?

ижтимоий ҳимоя

Ўзбекистонда ижтимоий хизматлар тизими жадал ривожланмоқда. Айниқса сўнгги йилларда мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ижтимоий хизматлар жамиятнинг барча қатламлари учун муҳим аҳамиятга эга. Бу хизматлар орқали ногиронлар, ёлғиз қариялар, ишсизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа шахсларга ёрдам кўрсатилади. 2021 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ижтимоий ҳимоя тўғрисида"ги қонунга асосан, ижтимоий ҳимоя тизими янада такомиллаштирилиб, кам таъминланган оилалар учун махсус дастурлар жорий қилинди. Бундан ташқари, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижтимоий хизматларни йўлга қўйиш нафақат аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга, балки жамиятда барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Юртимизда кейинги йилларда ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши ана шу йўналишдаги ишлардан энг муҳими бўлди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги муҳтожларга ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ва комплекс ёндашув асосида кўрсатади. Аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олади, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини оширади.

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг мақсади - ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига маҳалла даражасида комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишдан иборат. Марказ оғир аҳволга тушиб қолган ёки тушиб қолиш хавфи бўлган шахслар ва оилаларга маҳалла даражасида комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатади. Бунда ҳар бир шахсга индивидуал ёндашилади.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга "уйда парвариши", уларни қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилиш хизматларини кўрсатади.

Марказларда протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун сертификатлар расмийлаштирилади. Шунингдек, талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахс деб эътироф этиш, ёлғиз кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш ишлари ҳам айнан марказ томонидан амалга оширилади.

 "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларида ишлайдиган ижтимоий ходимлар белгиланган тоифадаги кишиларга белгиланган барча йўналишларда сифатли ва малакали хизматлар кўрсатади.

 "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий реабилитацион ортопедик воситалар ва бошқа протез буюмларни олишда амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Ҳуқуқий хизмат кўрсатиш жуда аҳамиятлидир. Бунда шахс протез буюмларини олиш учун ўзининг яшаш жойидаги марказга ариза билан мурожаат қилиши лозим. Таъкидлаш керакки, ортопедик протез буюмлари билан таъминланиш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 апрелдаги 253- сон қарори билан тартибга солинади. Ушбу ҳужжат қуйидаги шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартибини белгилайди. Яъни ногиронлиги бўлган болаларни, ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларни. Албатта, бунда шахсларнинг ушбу воситаларга муҳтожлилик даражаси текширилади. Уларга шунга асосланиб маълумотномалар берилади.

Маълумотномани "Тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизимидан фойдаланиб олиш мумкин. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан шахснинг ногиронлик ҳолати ва юқоридаги воситаларга муҳтожлиги белгиланиб ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома расмийлаштирилади. Шахсга ушбу ҳуқуқ вужудга келганлиги тўғрисида СМС-хабар юбориш орқали хабардор қилинади.

Бундан ташқари, марказда фуқароларга турли кўринишдаги моддий ёрдамлар, болалар нафақалари билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатади. Агарда шахс моддий ёрдам ёки болалар нафақасини олмоқчи бўлса, бевосита "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига ариза билан мурожаат қилишлари талаб этилади.

Фуқаролар "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига бевосита ўзлари бориб, шунингдек, 1140 ёки 1146 қисқа ишонч рақамлари орқали ҳам онлайн шаклда мурожаат қилишлари мумкин.

 

Аббосхон НАБИЖОНОВ,

Бўстон тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази бош

ижтимоий ходими.

 

БОЛАЖОНЛАР УЧУН БОРИМИЗНИ БЕРАМИЗ

Педагог мулоҳазаси

Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами юртимизнинг барча гўшаларида "Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" шиори остида кенг миқёсда нишонланмоқда.

Мустақиллик тантаналарини кузатар эканман, узоқ йиллардан буён мактабгача таълим ташкилотида фаолият олиб бораётган мутахассис -тарбиячи сифатида бевосита Президентимиз ташаббуси билан юртимизда мактабгача таълим ташкилотлари ривожига, фаолияти самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилаётганлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Дарҳақиқат, болажонлар - истиқлолимиз таянчи, юртимиз келажагидир. Уларнинг тимсолида Ватанимизнинг эртанги кунини кўрамиз.

Бинобарин, ўсиб келаётан болажонларимизни баркамол этиб тарбиялаш - бугуннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. Ҳозирда ўзига хос, бир-биридан қолишмайдиган замонавий таълим-тарбия масканларида яратилган қулайликлар ҳавас қиладиган даражада. Ёшларнинг боғча ёшидан бошлаб тарбиясига жиддий эътибор қаратиш давлат сиёсатига айланди. Мактабгача таълим ташкилотлари босқичма-босқич ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланди. Муассасаларда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий ва жисмоний ривожлантиришга қаратилган шароитлар яратилди. Мактабгача таълим жараёнида болаларни мактабга бошланғич билимларни эгаллаган ҳолда тайёрлаш йўлга қўйилди.

Таълим-тарбия жараёнида жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологиялари жорий қилинмоқда. 5-6 ёшдаги болаларни мактабга тайёрлаш бўйича алоҳида гуруҳлар ташкил қилиниб, улар билан алоҳида дастурлар асосида машғулотлар олиб борилмоқда.

Замонавий педагогик технологиялар ва услубларни инобатга олган ҳолда тарбия масканларида педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ўқув режа ва дастурлари такомиллаштирилди. Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларининг оила билан ҳамкорлигини таъминлашда дефектолог, логопеднинг фаолияти алоҳида аҳамият касб этмоқда. Улар олиб бораётган машғулотлар давомида болалардаги иқтидор, қобилият, сўзамоллик шакллантирилади. Бола энг аввало, оилада камол топади, ривожланади. Боғчада эса таълим-тарбия олиб, мактабга тайёрланади. Шундай экан, айни дамда муассасаларда ҳар ҳафтанинг жумаси - «Ота-оналар куни» деб, эълон қилинган, шу куни ота-оналар билан суҳбатлар ташкил қилинади, боланинг яшаш шароити билан танишилади, очиқ эшиклар куни ўтказилади.

 Масканда семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ўтказилиши анъанага айланган. Хусусан, "Фарзандим келажаги учун масъулман", "Болангиз мактабга тайёрми?" мавзуларида   конференциялар ўтказилди.

Болалар ижодга мойил бўладилар. Айниқса, расм чизишни хуш кўрадилар. Ота-оналар иштирокида болалар чизган суратлардан ташкил топган кўргазмалар ҳам болалар истеъдодини қўллаб-қувватлашга қаратилади. Боғчаларда айни кунларда "Бадиий   гимнастика", "Шахмат-шашка", "Инглиз тилини ўрганамиз" каби қатор тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Ёз мавсуми бошиданоқ, "Соғломжон - болажон" спорт ўйинлари ўтказилаётганлиги масканда болажонларни чиниқтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

"Бармоқ", "Ўйинчоқлар тилга кирганда" деб номланган театр жамоаси асосан, тарбиячи ва болалардан иборат бўлиб, улар эртак қаҳрамонларини саҳналаштириб, кичкинтойларга намойиш қиладилар. Ҳайвонлар, турли жисмларни сўзлатиш болаларда ҳайрат ва қизиқиш уйғотади, улар саҳна асарларини мириқиб томоша қиладилар.

Тайёрлов гуруҳидаги болалар ўқиш ва ёзишни ўзлаштирган бўлади. Шу боис, янги ўқув йили олдидан "Хайр боғча, салом мактаб!" тадбирини ўтказиш, тадбирга ота-оналар, маҳалла фаолларини таклиф этиш самарали натижалар беради. Умуман, болажонларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда байрамлар, ўйинларнинг аҳамияти жуда катта.

Ёш авлоднинг камолоти кўп жиҳатдан бугун берилаётган таълим-тарбиянинг сифатига боғлиқ. Бунда тажрибали, билимдон, болани ўз фарзандидай севадиган тарбиячиларнинг ўрни ва роли алоҳида ўрин тутади. Шундай экан, биз тарбиячилар боғчаларда болалар ошиқиб келадиган, зерикиш нималигини билмайдиган, кунини мазмунли ўтказадиган муҳитни шакллантиришимиз лозим.

Биз тинч, фаровон ҳаётда, фарзандларнинг порлоқ келажаги учун барча шароитлар яратиб берилаётган юртда яшаётганимиздан   фахрланамиз. Болажонлар учун боримизни берамиз. Уларнинг таълим-тарбияси йўлидаги вазифаларимизни сидқидилдан адо этиш учун астойдил меҳнат қилишимиз муҳимдир.

Турсуной ЖАЛИЛОВА,

Булоқбоши туманидаги 21- давлат мактабгача таълим ташкилоти тайёрлов гуруҳи тарбиячиси,"Соғлом авлод"ордени соҳибаси.

УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР УЧУН: КИМЛАРГА КОМПЕНСАЦИЯ ПУЛИ ТЎЛАБ БЕРИЛАДИ?

Мутахассис минбари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 августдаги 518- сон қарорига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октабрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

"2005 - 2016-йиллар даври учун - жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан, бунда ҳар бир йил учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадалларнинг умумий миқдорини ушбу йилдаги ишлаган ойлар сонига бўлинганда ҳар бир ой учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир фоизидан кам бўлмаган тақдирда меҳнат дафтарчасида (электрон меҳнат дафтарчасида) мавжуд ёзувлар асосида инобатга олинади";

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 14 апрелдаги ПФ-4715- сон Фармони билан тасдиқланган Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойда компенсация пул тўловлари бериладиган шахсларнинг имтиёзли тоифалари рўйхатида назарда тутилган қуйидаги шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик компенсация пул тўлови тайинланади ва тўланади:

а) 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари;

б) 1941-1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчилари;

в) 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

г) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари;

д) Социалистик меҳнат қаҳрамонлари ва "Шон-шуҳрат" ("Слава") орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;

е) Фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;

ж) Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган шахслар;

з) кўриш қобилияти    бўйича I  гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

и) Чернобил ҳалокати оқибатида жабрланган шахслар;

к) ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.

Солиқ кодексига мувофиқ компенсация пул тўловлари жами даромад таркибига киритилмайди ҳамда пенсиялар тўланадиган тартиб ва муддатларда тўланади. Республика бюджети ҳисобидан пенсия тайинлайдиган органда пенсия олувчи сифатида ҳисобда турадиган шахсларга компенсация пул тўловлари республика бюджети ҳисобидан пенсия тайинлайдиган орган томонидан тайинланади.

Меҳнат, таълим олиш, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлиш вақти,  шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври, бола икки ёшга етишига қадар уни парвариш қилиш бўйича ходимлар таътилда бўлган давр учун ҳам компенсация пул тўловлари тайинланади ва   тўланади.

Буважон ҲОСИЛОВ,

Асака тумани Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим

бошлиғи.

ИҚТИҚЛОЛ МУБОРАК

Ассалом, оппоқ тонг, ассалом, Қуёш,

Ассалом, эрксевар ўзбегим - жондош!

Фахру ифтихорга лиммо-лим юрак,

Юртим, истиқлолинг бўлсин муборак!

 

Бир мўъжиза тупроқ - она Туроним,

Авлодлар тилида эзгу Қуръоним.

Келажагинг буюк - ягона тилак,

Юртим, истиқлолинг бўлсин муборак!

 

Ўзимники пахтам, буғдойим - ноним,

Оламга кўз-кўзлай шуҳрату шоним.

Жонлар фидо агар Ватан-чун керак,

Юртим, истиқлолинг бўлсин муборак!

 

Йиллар тарих учун оддий сарҳисоб,

Юксалиш йўлидан қадам ол шитоб.

Ҳалол меҳнат билан толмасин билак,

Юртим, истиқлолинг бўлсин муборак!

 

Рўзихон ИМИНОВА, Асака тумани