+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ёзда қатиқ фойдали

Уй шароитида тайёрласа бўладиган шундай дармондорилар борки, уларни тайёрлашга озгина қунт бўлса кифоя. Масалан, қатиқ ёрдамида фойдали   малҳамларни тайёрлаб, истеъмол қилиб турса бўлади.

Агар камқон, ҳорғин бўлсангиз, бир пиёла қатиққа бир дона майдаланган ёнғоқ мағзи толқонини, озгина укроп ва бир дона олмани майдалаб тўғраб яхшилаб аралаштиринг-да, хоҳланг ўзини, хоҳланг нон билан еб олинг. Бундай аралашмани истеъмол қилганингиздан сўнг чой, сув ёки бошқа ичимликларни ичиш тавсия қилинмайди. Сабаби, қатиқ танадаги, айниқса, меъда, ичак, ошқозондаги заҳарларни ҳайдаб чиқаради. Укроп билан олма эса танада етишмаётган микроэлементлар ўрнини тўлдиришга ва моддалар алмашинувини яхшиланишига хизмат қилади. Ошқозондаги дамликни ҳам йўқотади.

Агар асабийлашув, ошқозон оғриғи сизни тарк этмаётган бўлса, бир пиёла қатиққа саримсоқпиёздан майдалаб солиб, сўли қочган нон билан истеъмол қилинг. Саримсоқпиёзни кўнглингиз кўтармаса, ўрнига турпдан фойдалансангиз ҳам бўлади. Бундай оддий   малҳам юрак оғриғига, қон босимига ҳам ижобий таъсир этади.

Бир қатор хонадонларда қатиқдан сузма олиниб, зардоби тўкиб юборилади. Лекин қатиқ зардобини таомларда маставага сув ўрнида ишлатсангиз,      овқатнинг шифобахшлиги ортади.

Қатиқ айниқса, чанқоқни яхши босиши билан фойдалидир. Ёзнинг жазирамасида ҳар-хил газли ичимликлар ичиб соғлигингизни хавфга қўйгандан кўра, ҳар куни қатиқ ичиб юринг. У нафақат чанқоғни босади, балки организмни тозалайди.

 

Зилола тайёрлади.

КОРРУПЦИЯ - МАМЛАКАТИМИЗ ИСТИҚБОЛИГА FОВ

Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини шакллантиришда коррупцияга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этади.

Коррупцияга қарши курашиш юзасидан Андижон шаҳар статистика бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги "Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5729 сонли Фармонини ижросини таъминлаш ҳамда бўлим ходимлари томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, амалдаги конунчилик ҳужжатлари талабларига      қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида ҳар ойда коррупция тўғрисида йиғилишлар, коррупция билан боғлиқ ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш юзасидан суҳбат ва  муҳокамалар ўтказиб келинмоқда.           

Коррупция давлат ва жамият ривожига, халкнинг адолатга, эртанги кун истиқболига бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши, дунё рейтингидаги кўрсаткичларимиз юқори бўлиши, қолаверса, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун коррупция иллатини таг-томири билан йўқотишимиз керак.

 

Андижон шаҳар статистика бўлими.

ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ РЕЖА АСОСИДА ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Жорий йилнинг 5 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони эълон қилинди. Мазкур фармонга кўра, 2022 йилда мамлакатимизда аҳолини рўхатга олиш тадбири ўтказилиши белгиланган.

Маълумки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Бу мамлакатимизда аҳоли сони, ёши, жинси бўйича маълумотлар, шунингдек, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар хусусида аниқ маълумотлар олиш, аҳоли сони билан боғлиқ истиқболдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш борасида қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Ана шулар инобатга олинган ҳолда аҳоли сони, жинси, ёши, оилавий аҳволи, ҳаёт даражаси, бандлиги, миллати ва фуқаролиги бўйича аниқ маълумотларни шакллантириш мақсадида 2022 йилда мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.

Аҳолини рўйҳатга олиш аҳолига тегишли демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, таҳлиллаш ва эълон қилиш жараёнларини ўз ичига олади. Бу келгусида ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли манба бўлиб хизмат қилади. Айни кунда ана шу муҳим тадбирни ўтказиш билан боғлиқ тайёргарлик ишлари режа асосида олиб борилмоқда. Бу борада Андижон шаҳар статистика бўлими ҳам мазкур жараёнда иш олиб бораётган мутасадди ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда зарур ишларни олиб бормоқда.

И. РАҲИМОВ,

 

 Андижон шаҳар статистика бўлими бошлиғи.

РИЗҚ-РЎЗИМИЗНИ ЁНFИНДАН АСРАЙЛИК!

"101" огоҳлантиради

Fалла мавсумида дон ҳосилини нест-нобуд қилмай қисқа вақт давомида йиғиштириб олиш, ғаллани ёнғин хавфидан сақлаш барчамизнинг бурчимиздир. Шу боис, ўрим-йиғим даври масъулиятларини яна бир бор эслатиб қўйишни лозим деб топдик. Чунки, ғалла давлат ва умумхалқ назоратидаги ризқу-рўзимиз, унинг бирор мисқолини исроф бўлишига, айниқса, ёниб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди.    

Энг аввало, ҳосили пишган буғдойларни тасодифий ёнғин хавфидан сақлаш учун назорат жойларини ташкил этиш зарур. Буғдойзорнинг ҳар 50 гектари орасида 8 метр ер шудгорланиб ажратиб қўйилиши шарт. Бу ёнғин чиққан тақдирда теварак- атрофга ёйилмаслигини таъминлайди. Ёш болаларнинг далага келишига, теварак-атрофда мол-қўй боқишига йўл қўймаслик даркор. Ҳар бир ғалласи ўрилаётган майдонда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ишга шай ҳолда бўлиши шарт. Комбайн, трактор, автомобилларга ёнилғи қуйиш учун буғдойзордан камида 150 метр нарида очиқ майдонда махсус жой ҳозирлаш талаб этилади. Буғдойзорларда очиқ оловдан фойдаланиш, сигарета чекиш қатъиян ман этилади. Ўрим-йиғимда қатнашаётган ҳар бир комбайнда иккитадан, трактор ва транспорт воситаларида эса биттадан ёнғин ўчиргич ҳамда учқун тутгич мосламаси,    шунингдек, қум, челак, белкурак бўлиши керак. Комбайнчилар ўрим даврида комбайннинг қизиб кетадиган жойларини мунтазам кузатиб, тозалаб туришлари шарт. Fалла ўрими тугалланган майдонлар ҳамда қолдиқ сомонларга ўт қўйиш қатъиян тақиқланади. Овқат тайёрлашда дала қозони ва ўчоқларини ғалла майдонидан камида 100 метр узоқликда жойлаштириш зарур.

Азиз ҳамюртлар! Донимиз - нонимиз. Уни исроф қилишга йўл қўймаслик, ҳар қандай ёнғин офатлари-ю нобудгарчиликлардан асраш шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Илғоржон ТЎХТАНАЗАРОВ,

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Булоқбоши туман бўлими ходими.

оқбоши тумани.

 

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ - МУҲИМ МАСАЛА

Маълумки, жорий йил 16 мартда Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон  аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги маълумот, узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий - иқтисодий ривожланиш, шунингдек, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланиши қайд этилган.

Қонунда БМТнинг 2015 йил 10 июндаги "2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар" резолюциясига таяниб, Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш ўтказилиши  ҳам белгиланган.

Ана шундан, қолаверса,   халқаро нормаларда белгиланган тартибдан келиб чиқиб, қабул қилинган қонун ҳужжатида мамлакатимиз аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити,   бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш бўйича вазифалар белгиланган.

Ушбу қонун мазмун-моҳияти, аҳамиятига кўра халқимиз ва давлатимиз манфаатларига хизмат қиладиган муҳим ҳужжатдир. Қонуннинг тўла матни билан "Lex.UZ" расмий веб сайти орқали танишиш мумкин. Бу борада қўшимча маълумот олишни истаган хўжалик субъектлари раҳбарлари, фуқаролар туман статистика бўлимига 74 391-23-61, 74 224-82-73 рақамли телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

Иброҳимжон ЭСОНБОЕВ,

 

Марҳамат тумани статистика бўлими бошлиғи.

СОFЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ВА СОFЛОМ ОВҚАТЛАНИШ ТАМОЙИЛЛАРИ

Вилоятимизда Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари доирасида "Соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш тамойиллари" мавзуида кенг қамровли тадбирлар ташкил этилмоқда. Тадбирларда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари туман-шаҳарлардаги маҳаллаларга бириктирилиб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Андижон шаҳар 1-оилавий поликлиникада ўтказилган давра суҳбатига тиббиёт институтининг ўқитувчилари ҳамда шаҳар ҳудудидаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаоллари ва бир гуруҳ тиббиёт ходимлари таклиф этилди. Давра суҳбатида пандемия даврида соғлом турмуш тарзига риоя этиш, санитария-гигиена талабларининг бажарилиши, тиббиёт ходимлари олдида турган долзарб вазифалар, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш борасида сўз борди.

Давра суҳбати иштирокчилари соҳанинг  малакали мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА

Ёлғончи онамни соғиндим...

турмуш чорраҳаларида

Баҳорнинг сўнгги ойи. Офтоб жазирамага юз тутиб, қайноқ ёз тафти уфура бошлаган палла мунису меҳрибоним, ишонганим, бору давлатим онаизоримдан айрилиб қолдим. Муштипарим узоқ давом этган касалликдан сўнг биз, уч норасидани ташлаб, вафот этди. Бир кечада болалигим тугаб, улғайиб қолгандай эдим. Бошимга осмонлар қулади гўё.

Борлиқ менга бутун юкин ташлади,

Айрилиқ азоби кўзим ёшлади.

Синглимнинг ноласи дилим ғашлади,

Энди менинг онам, онажоним йўқ.

Соғинч қалбимни тилкалар, кўз ёшларим ёмғир мисоли тинмас, юраклар эса бу жудоликка сира кўнгиси келмас эди.

Дунёда ҳеч бир бола онасидан, она эса боласидан барвақт жудо бўлмасин экан. Бундай дейишимга сабаб, биз бир ёнда онасизликдан қайғу чексак, онамнинг онаси - бувижоним фарзанд доғидан азобланарди. Бундай дамларда биз норасидалардан кўра, боласидан айрилган муштипар онаизорга сабр кўпроқ керакдай эди.

Унинг яшашига куч берадиган биргина илинж ҳам биз эдик. Менга эса онамдан ёдгорлик - акам ва укамнинг борлиги таскин эди. Улар мени кўрганда онамни кўргандай  таскин топардилар. Чунки, мен вақт ўтган сари онамга ўхшаб борардим. Акам мусибатга бардошли, дарди ошиб-тошиб ётса ҳам сездирмасликка уринарди. Укам эса...

Унга қарасам беихтиёр кўзларимга ёш келарди.  У ҳали ўлим нималигини яхши тушунмас, вафот этган одам қайтиб келмаслигини билмасди. "Онам тузалиб эшикдан кириб келади", деб кутаверарди.

Онамнинг вафотидан сўнг, мурғак қалбимда илк бор оналик меҳри уйғонди. Укамга бўлган меҳрим масъулияти олдида ҳали ўсмирликни тўла яшамай, балоғатга етган қизга айландим. Унинг олдида кучли, бардошли бўлишим, уни ёлғизлатиб қўймаслигим керак эди. Ота-боболаримиз "опаси борнинг онаси доим ҳаёт", деб бекорга айтишмаган экан.

Укамга кўп китоб ўқиб берардим, эртаклар, ривоятлар, ибратли ҳикоялардан сўзлардим. Шу тахлит, уни чалғитар, онасизлик дардини бироз аритардим. Айниқса, бир ҳикоя бизни роса таъсирлантирган.

"Саккиз ёшли боланинг онаси вафот этиши билан отаси фарзандининг ёлғиз қолишидан қўрқиб, она меҳридан айрилиб қийналиб қолмасин деб, бошқа аёлга уйланишга мажбур бўлибди. Орадан бир неча кун ўтгач, ота фарзандини бағрига босиб, эркалаб:

- Тойчоғим, янги онанг билан аввалги онангни орасида қандай фарқ бор?,-деб сўраб қолибди.

Бола беғуборлик билан жавоб берибди:

- Ҳақиқий онам менга ёлғон гапирардилар, аммо иккинчи онам алдамайдилар, ҳамма айтганларини қиладилар.

Ота таажжубланиб сўрабди:

- Қанақасига, болажоним?

Бола эса:

- Ўйнаб ўтирганимда онамга ёқмайдиган иш қилсам, менга: "Агар қулоқ солмайдиган бўлсанг, сенга овқат бермай қўяман", дердилар, аммо гапларига парво ҳам қилмасдим. Чунки гаплари ёлғонлигини, барибир мени оч қолдирмасликларини билардим. Баъзан, кўчада кўп ўйнаб қолиб кетсам, чиқиб мени кўчама-кўча излардилар, топганларидан кейин эса юз-кўзларимдан ўпиб, уйга олиб келиб, мазали таомлар берардилар. Янги онам эса, "агар ўйинни бас қилмасанг, сенга овқат йўқ", дедилар.

Мана икки кундан бери қорним оч, янги онам айтганларини қиляпти, дада....!

Илтимос, менга ёлғончи онамни қайтариб беринг! Ёлғончи онамни жуда-жуда соғиндим! - дея йиғлаб юборибди..."

Биз ҳам бошимиздан кўп синовли кунларни ўтказдик. Уйимизга "янги" она келгач, ҳаётимиз тубдан ўзгарди.        Баъзан укам билан онамни соғиниб, унинг меҳрини эслаб, тунлари йиғлаб чиқардик. Аммо, дадамга уйимизда бўлиб ўтаётган ишларни, гап-сўзларни айта олмасдик. Акам билан дадам уззукун ишда бўлар, уларнинг ҳорғин чеҳраларини кўриб, дилимиздаги гаплар тилимизга кўчмай барҳам топарди. Оллоҳга нола қилиб дардимизни айтар, бизга тўғри йўл кўрсатишини сўраб ёлворардик. Бу кунлар биз учун синов, синовни эса   Тангрим суйган бандаларига юборади" дея, ўзимизни юпатардик.

"Сабр таги олтин" дейишгани рост экан. Нолаларимиз Тангрига етиб бориб, ҳаётимизда ўзгаришлар юз бера бошлади. Сингилли бўлдик. Яратган эгам бизга раҳми келиб, ҳаётимизни ўнглаш учун синглимизни сабабчи қилган бўлса ажаб эмас. Чунки, синглимизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни кўриб, онамиз ҳам ўзгарди, бизни ўз фарзандларидай кўра бошлади. Балки, фарзандли бўлгач, оналик меҳри нима эканлигини ҳис этгандир.

Мен ҳозир бувижоним билан яшаяпман. Ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраяпман. Акамни, укам ва синглимни кўргани тез-тез бориб тураман. Улар ҳам бахтли, беташвиш яшашяпти. Оиламиз яна бир бутун бўлганидан жуда    хурсандман. Муҳими, синовлар олдида енгилмаслик, мусибат етганда сабр қилиш ва шукроналик экан.

 

Зулхумор РАҲИМБЕРДИЕВА,

Жалақудуқ тумани, Бештол қишлоғи.

Тақдир хукми

Бир куни телефоним  жиринглаб қолди. Қўнғироқ иккинчи қизимдан эди. Қизимнинг икки нафар ширингина қизалоғи бор. Яратганнинг неъматига беадад шукрки, у яна ҳомиладор эди. Бу сафарги ҳомиладорлик олдидан куёвим шарт қўйган. "Бунисиям қиз бўлса, ажрашамиз!"

Юрагим безиллаб гўшакни олдим. Телефондан қизимнинг асабий овози эшитилди:

- Аяжон! Мени яшагим келмай қолди, уйга обкетинглар!..

Қизим хунибийрон йиғларди.

- Шошма, қизим. Қани, "боламга" берчи телефонни?!

Қисқа салом-аликдан сўнг гап бошладим:

- Болажоним! Яратганнинг берган неъматига шукр қилмоғимиз керак. Мен ҳам қатор-қатор ўғиллар туғишни хоҳлаганман. Бергувчи Роббим бизга фақат қиз фарзандлар берди, шукр қилдик. Қизларим ортидан ёмонлик кўрмадик. Уч қизни тарбиялаб, вояга етказиб узатганларга Жаннат вожиб, дейдилар, жоним болам. Қизим билан яшамасангиз майли розиман, аммо, яна бир бор кутайлик. Сиз ўғил хоҳлабсиз, жон болам. Бу гал ҳам қиз бўлса, уччаловиниям туғруқхонадан тўғри уйга обкетаман. Қизларимни жонимдан ортиқ кўраман. Яна бир имкон беринг, жон болам!

...Кўзларим тўла ёш, ичим тўла дардли нола билан ҳар куни жойнамозга ўтираман. Такрор-такрор илтижолар қилдим.

Илтижоларим ижобат бўлиб,  суюнчилик хабар олдим. Бир куни тонгда суюнчилаб куёв болам кириб келди:

-Ўғил кўрдик, она! Ўғил невара муборак бўлсин!

Ҳамма хурсанд, ҳамма йиғлаган.

Мен сокингина яна жойнамозга ўтириб, шукрона намози ўқидим. Қачонки, пок ният ила юзланиб, чин дилдан сўрасангиз, Аллоҳ ўзи бергувчидир! Кимга қайси пайт, қандай неъмат беришни ёлғиз Ўзи билади. Аммо, инсон зотида сабр, берилган неъматларга шукроналик бўлмоғи керак. Илоҳим, ҳеч бир банда фарзанд неъматидан бебаҳра қолмасин. Мен учун фарзанднинг ўғил ё қизлигининг фарқи йўқ. Фақат, баъзи инсонларни яратган шукроналикдан бебаҳра қўймасин.  Ягона тилагим шу.

 

ҲУРМАТОЙ

РЎМОЛГА МУНОСИБ БЎЛИНГ!

Шахсий фикр

Рўмол - Шарқ аёлларининг миллий либосларидан бири. Кўча-кўйда, ўқув даргоҳларида, бозорларда рўмолли аёлларни кўрганимизда беихтиёр "ўзига ярашибди" деб қўямиз.

Рўмол ўраган аёлларга эркаклар ҳам бошқача ҳурмат билан қарайдилар, рўмолли қизларга эса йигитлар "гап отиш"дан хайиқишади.

  Аммо, "беш қўл - баробар эмас", деганларидек, рўмолни шунчаки кўзбўямачилик учун ўраб юрган қизлар ҳам йўқ эмас орамизда. Айрим қизларнинг рўмол ўрашга ўраб, шим ёки ўта тор юбка кийиб олганларини ҳам учратамиз.

"Ҳой, барака топгур, рўмол ўрабсиз, яхши, ярашибди, лекин, қолган кийимларингиз ҳам шу рўмолга мос бўлсин-да".

Бу гапларимиз кўпроқ коллеж ўқувчилари, олий ўқув юрти талабаларига тегишли.

Рўмол Шарқ аёлларининг ахлоқ-одоби, ҳаёси рамзидир. Рўмолли қиз-жувонларга ҳурмат ва эҳтиром ҳам шунга яраша. Шу боис, айрим ёш қизларимиз рўмол орқали ўзларини яхши кўрсатмоқчи бўладилар, эътиборни тортгилари келади, аммо,  рўмол ўрагани билан юқорида ёзганимиздек, Европадан кириб келган шим ва тор юбка кийиб олишлари яхши эмас.

Биз фикрларимиз билан кимнидир беҳурмат қилмоқчи эмасмиз. Аксинча, ўзбек қизларига ҳурматимиз жуда баланд. Чунки, миллатимиз қизларидай гўзал, одобли қизлар етти иқлимда ҳам топилмайди. Фақат, қизларимиз кийиниш маданиятига эътиборлироқ бўлсалар, рўмол ўрасалар, рўмолга лойиқ юрсалар бундан фақат хурсанд бўламиз.      

 

Муҳаммаджон ТЕШАБОЕВ,

 

Андижон тумани.

СИНОВЛИ ЛАҲЗАЛАР - ИНСОННИ ТОБЛАР

Карантин боис кўп вақт уйдамиз. Бир куни рўзғор учун зарур буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун кўчага отландим. Йўл-йўлакай мактаб, боғча ёнидан ўтиб боряпман. Муҳташам, замонавий мактабу боғчаларнинг ҳувиллаб тургани юракни эзади. Таълим масканларини болаларнинг шодон кулгулари, шовқини билан гавжум бўлишига кўникканмиз. Ҳувиллаб турган бу бинолар дарвозаларидаги "Карантин: кириш таъқиқланади" деган ёзувни  ўқиб, очиғи ўпкам тўлди, кўзларимга ёш келди.

Ўзим ҳар куни юзма-юз кўришиб, дардлашадиган, ҳикояларимга муштоқ, билимга чанқоқ ўқувчиларимни соғинганимни, дарсларни қўмсаётганимни ҳис қилдим. Болажонлар … Сизларсиз бу ҳашаматли бинолар, синф хоналари ҳозир шунчалик ғарибки…мактаб эшиги ёнида бироз туриб қолганимни кўриб, ичкаридан қоровул бўй кўрсатди.

-      Опа, ким керак эди? - сўради у.

-      Ўзим. Шунчаки ўтиб кетаётган эдим.

-      Ўқитувчимисиз?

Мен бош ирғаб "ҳа " ишорасини қилдим.

-      Бу кунлар ҳам ўтар - кетар. Мактаб бағри яна тўлиб қолади, худо хоҳласа… - қоровул менга таскин берди.  Йўлда давом этдим…

Уйдаман… Бўш вақтим бўлиши билан ҳамон дарсхонамдан чиқмайман. Газета, китоблар менга юпанч, ҳамроҳларим. Уларни мутолаа қиламан. Тестлар ишлайман. Ҳозир ёз фасли, таътил даври. Ўқувчиларнинг ота-оналари билан боғланиб, болаларнинг нима иш билан бандлигини сўрайман.

Ҳар бир кунни хайрли, мазмунли ўтказишга ҳаракат қиламан. Энг муҳими, бу синовли кунларда тушкунликка тушмаслик, иродани чиниқтириш, келажакка умид билан қарашга инсон ўзини ўргатиши зарурлигини яна бир бор тушунгандекман.

Ҳадемай, янги ўқув йили бошланади. Ўқувчилар билан яна учрашамиз. Дарслар давомида болажонлар билан синовли кунларда инсон ўзини қандай тоблаши мумкинлиги ҳақида ҳам албатта суҳбатлашамиз. Ҳаётнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш учун одам ўзини ва бошқаларни асраши муҳимлигини ўқувчилар англасалар бўлгани…

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,

 

Булоқбоши тумани.