+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЎТГАН 6 ОЙДА ВИЛОЯТИМИЗДА 35 МИНГДАН ЗИЁД ЧАҚАЛОҚ ТУFИЛДИ

ФАКТ

2020 йилнинг январь-июнь ойлари давомида Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси тасарруфидаги шаҳар ва туман Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан 35 минг 698 та бола туғилганлиги қайд этилган.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан олганда туғилиш сони 2020 йилда 3 минг 307 тага ортган.

Энг кўп никоҳ Андижон шаҳри (5 минг 754), Асака (3 минг 726) ва Шаҳрихон (3 минг 370) туманларига тўғри келади.

Чақалоқларнинг 18 минг 418 нафари ўғил, 17 минг 280 нафари эса қиз жинсига мансубдир.

 

Умиджон МАМАРАСУЛОВ

Мардикор

Ҳаёт - ибрат мактаби

 

Ҳовлида озгина иш бор эди, вақт тополмай мардикор олиб келадиган бўлдим. Улар тўпланадиган жойга бориб, машинани тўхтатгандим, йигирма-ўттиз чоғ одам машинамга ёпирилиб келди.

 - Кунига саксон мингдан чиқаман, қандай иш бўлса ҳам қилавераман, - деди биринчилардан бўлиб келган бир йигит.

Унинг кўзларига боқиб, кўзларида аллақандай мунг борлигини кўрдим. Хаёлимдан «фақат шу йигитни олиб кетаман», деган ўй ўтди.

Одамзод қизиқ, ўзи юмушни юз минг сўмларга қилдиришни чамалаб келаётган эдим. Шундай бўлса-да, тортишдим:

- Олтмиш минг бераман, гап тамом.

Ўша йигит бир муддат жим турди-ю. машинага ўтирди.

Уйимизга келиб кийимларини алмаштирди-да, ишни бошлади. Ярим соатлар ўтгач банкада совуқ чой олиб, унинг     кийимлари ёнига қўяётганимда бир парча қоғозга ёзилган ёзувга кўзим тушди.

Ҳуснихатнинг чиройлилиги эътиборимни тортди. Унда "20.07.20. Ишим яхши бўлса, онамга 20 минг, синглимга 20 минг, уйга 20 минг, майда-чуйдага 20 минг деб" ёзилган, "уйга 20 минг" деган ёзув устига эса чизиқ тортилган эди.

 Демак, бу йигит мардикор бозорига келгунча бугун оладиган пулини ҳисоб-китобини қилган. Агар мен айтган олтмиш мингга кўнмаса, ишсиз қолишини ўйлаб, айтганимга рози бўлган. Кейин назаримда оладиган пулининг уйга ишлатадиган қисмини ўчирган.

Одамлар бор, жарақ-жарақ пул топади, аммо, синглиси ё опаси тугул туққан онасини ҳам бир йўқламайди.

Акалик, укалик, фарзандлик бурчини унутиб қўйган баъзилар борки, давраларда ҳеч кимга гап бермайди, лекин суриштирсанг нечта ака-укаси борлигини унутишган, улар хаминқадар яшаётганлигини эслашни ҳам хоҳламайди. 

Шулар ҳақида ўйларканман, ҳалол меҳнати билан топадиган пули арзимас бўлса ҳам меҳр-оқибатни, одамийликни унутмаган мардикор йигитга тан бердим.

Ишни тугатгач, укамизга жуда яхши ишладингиз, ҳовлимни гулдай қилиб қўйдингиз, раҳмат, деб икки ҳисса пул бердим. У мендан ортиқча пул олишга унамади.

 Энди фақат сизни опкеламан, қўлингиз гул экан, деганимдан сўнг рози бўлди, чеҳрасидаги мунг тарқагандай бўлди. Дуо қилди: "Илоҳим, топганингиздан барака кўтарилмасин, омин"

Қалби соф, ҳалол, содда бу йигитнинг дуосидан ҳар қандай кишинг қалби яйраб кетади. Меҳр-оқибатни ҳаёти мазмунига айлантирган мана шундай инсонларнинг борлигига шукр.

Ижтимоий тармоқда эълон қилинган материал асосида

 

 

НИЛУФАР тайёрлади.

МУСИҚА - БОЛАЖОНЛАРНИ ГЎЗАЛЛИККА ЕТАКЛАЙДИ

масофавий таълим

Коронавирус пандемияси туфайли юртимиздаги таълим-тарбия муассасаларида онлайн таълим тизими жорий этилди. Бу педагог ва тарбиячиларни янгича ишлашга, изланишга, жараёнга ижодий ёндашишга ундамоқда. Карантин шароитида барча мактабгача таълим ташкилотларида бўлгани каби бизнинг боғчамизда ҳам масофавий таълим машғулотлари йўлга қўйилди.

Телеграмм каналида "16-МТТ тарбияланувчилари" деб номланган гуруҳ ташкил этилди. Ушбу гуруҳга тарбияланувчиларимизнинг юз нафарга яқин ота-оналари аъзо бўлди. Ана шу гуруҳ доирасида видеолавҳалар, ранг-баранг, қизиқарли ўйинлар орқали машғулотлар олиб борилмоқда.

Шахсан мен мусиқа машғулотларида ёз ойига мос ,"Қайси куй чалинмоқда?", "Мусиқа дўкони: тепадами-пастдами?",     "Куйини топ?" сингари ўйинлар ўтказиб бораяпман. Бундай ўйинлар орқали болажонлар турли   чолғуларда чалинган куйларни тинглайдилар, уларни эслаб, қайси қўшиқ мусиқаси эканини топадилар. Бундан ташқари, ушбу ўйинлар болаларда эслаб қолиш, чолғуларни ажрата олиш, мусиқа маданиятини юксалтиришга ёрдам беради. Умуман, мусиқа болажонларни гўзалликка етаклайди.

Масофавий таълим машғулотларида жажжи болажонларга расм чизиш, шеър ёдлаш, спорт билан шуғулланиш сингари вазифалар бериб борилмоқда. Ўз навбатида, айниқса, юқори гуруҳ тарбияланувчилари ота-оналари кўмагида машғулотларимизни кузатиб, берилган вазифалар бўйича видеолавҳалар, суратлар тайёрлаб, бизга юбормоқда.

 Онлайн машғулотларни ўтишда тарбиячи Ҳадичахон Мирбобоева, услубчи Мадинахон Рустамқуловалар фаоллик кўрсатишмоқда. Машғулотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, болаларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, гўзалликка, мусиқага бўлган меҳрини ошириш, қолаверса, ўзларига бўлган ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Насиб этса, яқин кунлар ичида карантин тартиблари бекор қилингач, севимли боғчаларимиз бағрига қайтиб, фаолиятимизни бошласак, онлайн   машғулотлар даврида тўплаган тажриба, билим ва малакамиз бизга асқотади. Биз - тарбиячилар, тўгарак раҳбарлари жажжи болажонларимиз қатори ана шу кунлар тезроқ келишини интиқлик билан кутиб қоламиз.

 

Дилхумор ОСТОНАМИРЗАЕВА,

Хўжаобод туманидаги 16-мактабгача таълим ташкилоти мусиқа раҳбари.

МАНТИҚИЙ МАТЕМАТИКА - ЎҚУВЧИГА ТЕЗ, ЭНГ ОСОН ВА ҚУЛАЙ ЕЧИМ ТОПИШ ЙЎЛЛАРИНИ ЎРГАТАДИ

Мутахассис минбари

Маълумки, бу йил ҳукуматимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарда математика фани чуқурлаштириб ўргатиладиган мактаблар ташкил этиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Ушбу қарор бежиз қабул қилинмади. Чунки математика инсон билими, тафаккури, салоҳияти ҳамда дунёқарашининг шаклланиши ва бойишида муҳим аҳамият касб этади.

Ўқитувчида касбига меҳр, ижодий муносабат, билим ва малакасини оширишга интилиш ҳамда қизиқиш бўлгандагина ўқитиш иши кутилган самара беради. Айни пайтда ана шуларга қўшимча равишда инновацион усуллардан фойдаланаётган, илғор ўқитиш усулларини яратаётган педагогларнинг тажриба ва иш услубларини ўрганиш жуда муҳимдир. 

Шу ўринда таъкидлаш керакки, жамият ривожига қараб, математика фани ҳам ривожланиб боради. Натижада, янги кўринишдаги мисол ва масалалар пайдо бўлади. Бу ўз навбатида, биздан ана шу янги мисол ва масалаларни ўзига хос ечиш усулларини ўйлаб топиш, ўқувчиларга етказишни тақозо этади.  Ечим математика фанининг ўқитишнинг энг муҳим қисми ҳисобланади.

Кейинги йилларда юртимизда мантиқий математика соҳаси тобора ривожланиб бормоқда. Мантиқий математика болаларнинг фикрлаш қобилиятини ривожлантиришнинг энг самарали воситаси сифатида одатда, ўз ичига «яширин ахборот» ни олади. Муаммони ҳал этиш, ечим топиш ўқувчидан таклиф, таҳлил, синтез, мустақил фикрлаш, фактларни таққослаш, умумлаштириш ва хулоса қилишни талаб этади. Шу боис ҳам математик мантиқий масалалар ўқувчини мустақил фикрлашга, юқори салоҳиятли бўлишга ўргатади. Бу жараёнда биз - педагогларнинг асосий вазифамиз ўқувчига масалага тез, энг осон ва қулай усулда ечим топишни ўргатишдир.

Математика мураккаблиги билан ўқувчиларни чўчитади. Бироқ, ўқувчилар ушбу фан ниҳоятда қизиқарли эканини тушунмайдилар. Мантиқий математиканинг қизиқарли ва ранг-баранг жиҳатлари ўқувчининг фанга муносабатини бутунлай ўзгартириб, қизиқишини оширади. Бунда албатта, ўқитувчининг роли жуда муҳим. Бунинг учун ўқитувчи энг аввало, ижодкор, ноанъанавий усуллардан кенг фойдалана олиши, фанининг билимдони бўлиши лозим. Шундагина , ўқувчиларни математиканинг жозибадор оламига олиб кира олади. 

 

Мавжудахон ТУРFУНОВА,

Асака туманидаги 26-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Қиз бола тарбияси жуда нозик

Мулоҳаза

Мактабгача таълим тизими ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим босқичидир. Бугунги кунда ушбу тизимни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мурғак қалбларда одоб-аҳлоқ дурдоналарини шакллантириш, уларнинг қалбида ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ростгўйлик, камтарлик, шахсий гигиенага риоя қилиш каби ижобий хислатларни    шакллантириш ва ривожлантиришда мактабгача таълим ташкилотларининг  ўрни катта.

Ўғил болаларни жисмонан соғлом, ақлан бақувват, ориятли, элпарвар этиб тарбиялаш, қиз болалар маънавий-ахлоқий тарбиясини эрта бошлаш, улар қалбида одоб-ахлоқ кўникмаларини шакллантириш мактабгача таълим тизими ходимларининг зиммасидаги улкан масъулият, кечиктириб бўлмас вазифадир.

"Қиз бола тарбияси - жуда нозик" деган гап бор.  Буни қиз фарзанди бор ота-оналар жуда яхши билишади. Чунки, қизлар бўлажак рафиқа, она, миллат давомчиси, келажагимиз бунёдкорларидир. Қизлар тарбиясига алоҳида эътибор, масъулият билан ёшдошсак, келажагимиз учун муҳим пойдевор ўрнатган бўламиз. 

Юртимиздаги деярли барча мактабгача таълим масканларида "Зумрадойлар давраси" тўгараги фаолияти йўлга қўйилган. Бу жажжи қизларимизни юксак савияли, интеллектуал салоҳиятли, назокатли, иродали, одобли қилиб тарбиялашда, уларда ростгўйлик, камтарлик, хушмуомалалик, шахсий гигиенага риоя этиш каби хислатларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги томонидан тайёрланган "Зумрадойлар давраси" номли ўқув-услубий қўлланма айниқса, мураббийлар ва ота-оналарга қўл келаяпти.

Муассасамизда ҳам ушбу тўгарак машғулотлари намунали ташкил этилган. Бунда маҳалладаги фаол аёллар, спорт, таълим, мусиқа ва санъат соҳасида муваффақиятга эришган ўқувчи-қизларнинг иштирокини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Маҳалладаги бувижонлар қизалоқларимизга одоб-ахлоқ, озодалик, муомала,  бичиш-тикиш, пазандалик кабилар ҳақида маълумот берадилар. Катта ёшдаги опалари  яхши таълим олиб, санъат ва спорт билан шуғулланиб, қизларга хос касб-корни эгалласа, келажакда ота-онаси, яқинларига, эл-юртга фойдаси тегишини уқтирадилар.

Бир сўз билан айтганда, "Зумрадойлар давраси" қизларда одоб-ахлоқ кўникмаларини шакллантиришда илк қадам бўлмоқда.

Бутун дунёда тарқалган пандемия муносабати билан юртимизда ҳам карантин чоралари давом этяпти. Шу боис, мактабгача таълим ташкилотимизда ҳам онлайн таълим шаклидан фойдаланишга, тарбияланувчиларимиз, уларнинг ота-оналари билан мулоқотни узмасликка ҳаракат қилаяпмиз. Онлайн режимда тўгарак машғулотлари олиб бориш тарбиячига ҳам, жажжи кичкинтойларга ҳам қийинчилик туғдириши табиий. Бироқ, ота-оналаримиз бу борада бизга яқиндан ёрдам бериб келишмоқда.

Ҳали бу синовли кунлар ўтиб, одатий ҳаёт тартибига ҳам қайтамиз. Режалаштирган ишларимиз, тадбирларимиз      бисёр. Мақсадимиз, пандемиягача эришганларимизни қўлдан бой бермаслик. Бунинг учун бор билим ва маҳоратимизни ишга солишга ҳаракат қиламиз.

 

Шаходатхон САМСАҚОВА,

Избоскан туманидаги 7-МТТ тарбиячиси.

Кенг имкониятлар қадрига етайлик

Муносабат

Орзулари осмон қадар юксак ёшларнинг нигоҳларига ҳеч боққанмисиз? Уларнинг нигоҳларида шижоат, интилиш, эртанги кунга умид мужассам. Ўқишга, ўрганишга интилиш кучли. Юракларида туганмас иштиёқ бор уларнинг.

Дарҳақиқат, пухта билим олаётган, одоб-ахлоқли ўқувчиларимизга қараб, ҳавас қиламан. Улар бугун замонавий ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилган, муҳташам мактабларда таҳсил олмоқда. Айниқса, ёшларимизнинг ўз билимларини мустаҳкамлашлари, изланишлари, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча имкониятлар яратилган. Хусусан, мен фаолият юритаётган мактабда ҳам фан, спорт ва ижодий тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Тўғри, коронавирус туфайли карантин тартиби жорий этилиши билан аксарият тўгараклар онлайн тарзда иш олиб бормоқда. Ҳатто, мана шундай қийин шароитда ҳам ўқувчиларимизга билим бериш асло тўхтаб қолмади.

Бу озод ва обод юртимиз ёшларининг бахтидир. Келажагимиз эгалари бўлган ана шу ўғил-қизларимиз ўз олдиларига аниқ ва эзгу мақсад қўя билишлари, яратилган шарт-шароитлардан оқилона фойдалана олишлари керак.

Эртанинг пойдевори бугундан қўйилади. Демак, бугунги ёшлар ўқиб, ўрганишдан толмасликлари, келажакда турли соҳаларнинг етук мутахассислари, ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб улғайишлари зарур. Шундагина, улар юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадилар.

Истар эдимки, ана шундай улуғ мақсад, яъни юртга, ота-онасига муносиб фарзанд бўлиш барча ёшларимизга насиб этсин. Ота-оналар, биз - устозлар уларнинг камолидан, ютуқларидан ҳамиша қувониб юрайлик.

Шогирдларимга, барча ёшларга келгусидаги ўқишларида омад ёр бўлишини тилайман. Зеро, ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган шу юрт заминида яшашнинг ўзи - бахт. Ахир, эркин ҳаёт кечирмоқ, эркин болалик завқини сурмоқ, эркин ўқимоқ-ўрганмоққа не етсин?! Бизга мана шундай чексиз имкониятларни ҳадя этган она Ватанимизга, Президентимизга раҳматлар айтамиз. Буларнинг қадрига етмоқ эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Жамилахон FУЛОМОВА,

Марҳамат туманидаги 29-умумтаълим мактаби бошланғич синф

 

 ўқитувчиси.

Ногиронлик аравачасини олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Мазкур саволга жавоб сифатида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари   Саодат Боймирзаева қуйидагиларни маълум қилди.

"Тегишли ҳужжатларга кўра, ногиронлиги аниқланган фуқаролар ўз ҳудудидаги оилавий поликлиникада рўйхатга олинади ва ногиронлик ҳақида тиббий хулоса берилади. Фуқаро ана шу ҳужжатларни илова қилган ҳолда ўз ҳудудидаги фуқаролар йиғинига ногиронлик аравачаси олиш бўйича ариза билан мурожаат қилиши керак. Фуқаролар йиғини раиси топширилган ҳужжатларни тегишли тартибда ўрганиб чиққач, ногиронлик аравачаси ажратиш бўйича сектор раҳбари ёки туман (шаҳар) ҳокимлигига мурожаат қилади.

Шу тариқа кам таъминланган оилаларда яшовчи ногиронлиги бор фуқаролар учун ажратиладиган ногиронлик аравачалари ва бошқа керакли воситаларини олиш учун белгиланган тартибда навбатга қўйилади.Шунингдек, ҳомийларнинг шахсий ташаббуси орқали ҳам навбатсиз ногиронлик аравачаси ажратилиши мумкин. Қайд этиш керакки, жорий йил мамлакатимиздаги 2 250 нафар ногиронлиги бор хотин-қизларга ногиронлик аравачаси берилиши кўзда тутилган. Бунинг учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 600 миллион сўм ажратилиши режалаштирилган.

 

www.uza.uz дан олинди.

БИРГАЛИКДА БИР КУЧ БЎЛИБ СИНОВЛАРНИ ЕНГАМИЗ!

Давримиз фидойилари

Бугунги машаққатли вазият барчамиздан аввалгидан-да масъулият билан ишлашни, аҳоли орасида саломатлик муҳофазаси, пандемияни тезроқ бартараф этиш чораларини кўришни талаб қилмоқда. Сергаклик, ҳушёрлик, ҳимояланганлик бугун фаолиятимизнинг бош мезонига айланди.

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан айни синовли вазиятда амалга оширилаётган ишлар аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга, касалликнинг олдини олишга, камбағалликни қисқартиришга, фуқароларимизда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга, оилавий бизнес кўламини кенгайтиришга қаратилган.

Депутатларимиз қийин бир даврда ҳар галгидан кўпроқ сайловчилари ёнида. Уларнинг  иссиқ-совуғидан, муаммоларидан хабардор. Айниқса, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, хасталарга имкон қадар кўмаклашиш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш учун тинмай ҳаракат қилмоқдалар.

Қатъий карантин эълон қилинган кундан бошлаб халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари барча шаҳар ва туманлардаги ўзларига бириктирилган чегара постларида фаолиятларини олиб бормоқдалар. Ҳайдовчи ва йўловчиларнинг белгиланган вақтларда ҳаракатланишлари, тиббий ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларидан фойдаланганликлари бўйича доимий назорат ўрнатганлар.

Бундан ташқари, партиямиз фаоллари, тадбиркорлари ва депутатлари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўмаклашиш, оилавий даромадларини ошириш, бандликларини таъминлаш мақсадида моддий ва маънавий кўмак бериб келмоқда  Хусусан, халқ депутатлари Асака туман кенгаши депутати, Аёллар қаноти фаоли, "Кужган олтин даласи" фермер хўжалиги раҳбари Маҳфузахон Аҳмедованинг ташаббуси билан Бухоро вилоятидан олиб келинган зотдор эчкилар тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, пандемия сабабли вақтинча ишсиз қолган оилаларга тарқатилди.

Халқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгаши депутати Гулжаҳон Усмонова ҳам фаол, ҳам чинакам фидойиларимиздан. Сайловчиларининг муаммолари билан елиб-югуради. Хонадонларнинг яшаш шароитларини ўрганиши асносида ўз сайлов округидаги кам даромадли, яшаш шароити жуда оғир оилага уй солишда кўмаклашди. Депутатлик сўрови орқали ҳомий ташкилот иштирокида янги хонадон барпо бўлди. Оиланинг хурсандчилигини кўриб, очиғи, кўзимизга ёш келди. Ахир кўнгилни обод қилмоқ Каъба зиёратига қиёсланиши бежиз эмаску! Шундай хайрли тадбирларда сафдошларимиз намуна бўлаётгани ютуғимиз. албатта.

Пахтаободлик Чаманой Холмирзаева анча вақтдан буён касалликдан азият чекади. Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Дилшодбек Абдураҳмоновнинг Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўрганишлари давомида аёлнинг даволаниши зарурлиги, бироқ моддий имконияти етмаётганлиги боис даволангани ортинолмаётгани аниқланди. Беэътибор қолдирилмаган муаммо шу куниёқ ҳал этилди. Бемор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли касалхонага ётқизилиб, барча керакли дори-дармонлар олиб берилди.

Халқимиз меҳр-саховатли, оқибатли миллат. Улуснинг келажагини уларни қийинчилик, дард билан синаб билиш мумкин, дейишади. Бугун мана шу фикрнинг тўғрилигига иқрор бўлиб турибмиз. Сайловда ишонч қозонган депутатларимизда ёниқ юрак бор, ҳеч бирининг фаолиятида лоқайдлик кўрмаётганимиз уларнинг масъулиятидан дарак. Демак, сайловчилар адашмаган! Тадбиркорларимизнинг ҳиммати, саховати доимгиданда баланд. Пандемия халқимизни янада жипслаштирди, бирлаштирди. Биргаликда бир куч бўлиб бу синовларни енгиб ўтишга бўлган ишончимиз мана шу бирдамликнинг натижасидир!

 

Хуршидахон ҲАЛИЛОВА,

 

O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

ҲЕЧ БИР ЮРТДОШИМИЗ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ

Коронавирус инфекцияси туфайли жорий этилган карантин шароитида молиявий ёрдамга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, хусусан, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қариялар, ногиронлар, вақтинча ишсиз, даромадга эга бўлмаган фуқаролар оилаларини озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари билан таъминлашга қаратилган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

Жумладан, Асака тумани  "Саховат ва кўмак" маркази томонидан тумандаги  1 минг 500 та кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар холидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

- Пандемия шароитида қийин шароитда яшаётган ҳеч бир юртдошимиз эътибордан четда қолмайди, - дейди туман ҳокими Иномжон Мамадалиев. - Сектор раҳбарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари, маҳаллалар фаоллари томонидан ана шундай оилалар назоратга олиниб, уларга зарур кўмак кўрсатилмоқда.

Бундан ташқари, Қурбон ҳайити муносабати билан туман хокими ва сектор раҳбарлари томонидан туман ободонлаштириш, "Тоза ҳудуд" ва электр тармоқлари корхоналарида фаолият кўрсатаётган 200 нафар ишчи-ходимга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг вилоят аҳолисига МУРОЖААТИ

Қадрли андижонликлар, азиз маҳалладошлар!

Бугун бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус инфекцияси  мамлакатимиз, шу жумладан, вилоятимиз аҳлини ҳам оғир синовдан ўтказмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан инфекция қарийб беш ойдан буён саломатлигимиз, ҳаётимизга хавф солиб келмоқда. Минг афсуски, COVID-19, деб номланаётган ушбу офатни ҳозирча тўла енгиб ўта олганимиз йўқ.

Глобал муаммога айланган ушбу хасталикнинг олдини олиш, юртдошларимизни ана шу офатдан асраш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳеч ким ва ҳеч бир давлат ушбу балодан ҳимояланмаган. Шу боис, ҳар бир киши, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла, бутун мамлакат, қўйингки, бутун инсоният хасталикка қарши ҳамжиҳатлик билан курашиши, якдил бўлиши лозим.

Ўзимизнинг, яқинларимизнинг соғлигига, ҳаётига хавф солаётган инфекцияга қарши кураш чораларини кучайтириш, унинг юқиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоятимизда яшаётган нуроний отахон-оналарга, маҳалла раислари, оқсоқоллари, фаоллари ҳамда опа-сингилларимизга мурожаат қиламиз!

 

Қадрли юртдошлар!

Андижонликлар азал-азалдан ўзларининг меҳмондўстлиги, қатъияти, бирсўзлиги, фарзанди, оиласи, юрти учун фидойилиги билан кўпларга ибрат бўлган, ҳурмат-эътибор қозонган.

Ҳар қандай яхши-ёмон ишлар, юртни юксакларга кўтарадиган эзгу саъй-ҳаракатлар оиладан, маҳалладан бошланади. Одамларни бир мақсад йўлида бирлаштирадиган, эзгу ишларга сафарбар этадиган гўша - маҳаллаларда яшаётган, юртдошларимиз, қадрли нуронийларимиз, муҳтарама опа-сингилларимиз бугунги оғир синовли кунларда шубҳасиз, қатъият ва жасорат намуналарини кўрсатишингизга ишонамиз.

Минг афсуски, ҳаво ҳароратининг исиб кетиши, айрим кишиларнинг инфекция юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилмаганлиги, янада аниқроқ айтсак, эътиборсизлигимиз оқибатида кейинги пайтда касалланиш ҳолатлари бирмунча ортди. Натижада, юртимизда 15 июлдан 15 августгача яна кучайтирилган карантин тартиби жорий этилди. Халқимиз бошига тушган офатдан эсон-омон қутилиш, оиламиз, фарзандларимиз саломатлиги, тақдири кўп жиҳатдан сизу бизга боғлиқ эканини унутмайлик. Юртимизда тарқалган коронавирус пандемияси туфайли карантин деб эълон қилинган кунларда нафақат ўзимиз, балки яқинларимизни имкон қадар уйда қолишига ҳаракат қилайлик. Агар зарурат бўлмаса, умуман, кўчага чиқмайлик.

Кўзга кўринмас офат бизни безовта қилиб турган бир пайтда кўпни кўрган, катта ҳаёт тажрибасига эга отахон-онахонларимиз, маҳалла фаоллари, уй бекалари масъулиятни ўз қўлига олишлари лозим. Болаларимиз билан уйимизда Ҳукуматимиз томонидан белгиланган карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилайлик.

Аввало, ваҳимага тушмасдан, синовларга сабр қилайлик, ўз саломатлигимизни асраб-авайлашга, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга алоҳида эътибор қаратайлик.

Тиббиёт ходимлари тавсияларига қулоқ тутинглар! Агар саломатлигингиз ёмонлашса, касаллик белгилари кузатилса, ўзингизча даволанишга уринманг, уй ҳамширалари хизматидан асло фойдаланманг, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг! Мураккаб вазиятдан вирусни фақат темир интизом, аҳиллик, соғлом турмуш тарзига риоя этиш билангина енгиб чиқиб кетишимиз мумкинлигини ҳар биримиз англаб етишимиз зарур!

Бу курашда кўп нарса ўзимизга, сабр-тоқатимизга, интизом билан иш кўришимизга ва албатта, бирдамлигимизга боғлиқ. Ҳар бир инсон ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи ва яқинлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса, жамоатчилик назоратини олиб борса, пандемияни албатта, енга оламиз.

Мамлакатимизда пандемия эълон қилинган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келинаётган оддий лекин, жуда ҳам муҳим бўлган қоидалар ва талабларга кўпчилик аҳоли ўртасида амал қилинмаяпти. Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки  номигагина тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз кўчага чиқиш, турли тадбирларни ўтказиш ҳолатларини кузатмоқдамиз. Бу эса касалликнинг занжир сифатида кенгайишига шароит яратмоқда. Биз мана шу занжирни узиб ташлаш учун "бир ёқадан бош чиқариб" ҳаракат қилишимиз ва карантин талабларига қатъий ва тўлиқ амал қилмоғимиз лозим.

Кўплаб синовлар ва оғир кунларни бошидан кечирган халқимиз бу синовни ҳам муносиб енгиб ўтади, албатта.

Юртбошимиз айтганларидек, «Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз "Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!" деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт».

Ҳушёр ва огоҳ бўлайлик! Эътиборсизлик, бепарволигимиз билан касалликнинг тарқалишига сабабчи бўлиб қолмайлик! Турли миш-мишларга ишониб, одамларни саросимага соладиган гап-сўзларни тарқатмайлик.

Бутун оила уйда эканимизда фарзандларимиз тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, қизларимизга бичиш-тикиш, мазали таомлар тайёрлаш сабоғини бериб, уларни меҳнатга ўргатайлик. Биргалашиб китоб ўқиб, фарзандларимизни китоб ўқишга бўлган қизиқишини, билим олишга бўлган интилишини янада мустаҳкамлайлик.

 

Азиз андижонликлар!

Таҳликага тушиб, меҳр-оқибатни унутиб қўйманг! Агар ён-атрофимизда ёрдамга муҳтож инсонлар бўлса, улардан ёрдамингизни аяманг. Маҳалламизда, кўчамизда ёлғиз яшаётган кексалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар холидан хабар олиб турайлик. Улардан хабар олганда ёки бирор нарса харид қилиш учун дўконга чиққанда албатта, ҳимоя ниқобида бўлинг. Қўлингизни тез-тез совунлаб ювиб туринг, махсус дезинфекция воситаларидан фойдаланишни унутманг!

 

Ҳар биримиз аҳил, ҳамжиҳат, тартибли бўлиб, соғлом турмуш тарзига амал қилиб, синовли кунлардан эсон-омон ўтиб олайлик. Соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик барчамизга ҳамроҳ бўлсин. Дуо қилайлик, Яратган дуоларимиз ижобатини берсин. Оиламизни, маҳалламизни, юртимизни, бутун инсониятни офату балолардан асрасин.