+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Эҳтиёжманд оилаларга хайрия кўмаги тарқатилди

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров шаҳардаги "Мустақилликнинг 27 йиллиги" маҳалласи аҳолиси  билан учрашиб, мулоқот ўтказди.

 Мулоқот давомида шаҳар ҳокими маҳалла аҳлига Президентимиз томонидан коронавирус пандемияси шароитида аҳолига зарур озиқ-овқат ва дори-дармон харид қилиш учун ажратилган моддий ёрдам пулларини ўз эгаларига етказиш ҳамда маҳалла ҳудудидаги кам таъминланган,  эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш бўйича тушунчалар берди. Айни кунда бутун инсониятни таҳликага солаётган коронавирус хасталиги, ушбу касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш, жорий этилган карантин тартибларига амал қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.

Мулоқот сўнггида маҳалла ҳудудида яшовчи 60 дан ортиқ эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга ҳамда ногирон, боқувчисини йўқотган фуқароларга "Саховат ва кўмак" марказининг 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини  тарқатди.

Мулоқот ва хайрия кўмагини тарқатиш жараёнида карантин қоидаларига тўла амал қилинди.

 

 

Сожида САИДОВА

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНДИ

жараён

Давлатимиз раҳбарининг ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар дастури доирасида вилоятимизнинг қатор туманларида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Пахтаобод ҳамда Қўрғонтепа туманларида ижтимоий ҳимояга муҳтож бир гуруҳ хотин-қизларни рағбатлантиришга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

Пахтаобод туманидаги "Ховускон ота" зиёратгоҳида бўлиб ўтган тадбир давомида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга 15 та ногиронлар аравачаси, 10 та тикув машинаси, 17 та электропеч, 7 та    паркўрпа, 6 нафар аёлга 50 тадан парранда, бир нафар ногирон аёлнинг фарзандига ноутбук, 1 нафар аёлга кир ювиш машинаси тақдим этилди. 3 нафар бемор аёлга даволаниши учун сиҳатгоҳга йўлланма ва 3 нафар аёлга дори-дармонлардан ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, тумандаги 25 та маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер жамланмаси тақдим этилди.

Қўрғонтепа туманида ўтказилган тадбирда ижтимоий кўмакка муҳтож 58 нафар хотин-қизга 31 та духовка, 10 та тикув машинаси, 17 та чорва қўйлари бепул тақдим этилди.

Тадбирда сўз олган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзурахон Юнусова бугунги кунда аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, уларни қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланганини таъкидлади. Тақдим этилаётган имкониятлардан мақсадли фойдаланиш лозимлиги, келгусида ҳам аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳаракатларини олиб боришда барча имкониятлар сафарбар этилишига алоҳида тўхталди.

Тадбирларда туман ҳокимлари, ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, туман фаоллари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирок этдилар.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Вилоятимизда 53 минг 538 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди

Андижон вилоятида 77 минг нафардан зиёд хотин-қиз ишсиз сифатида қайд этилган. Жорий йилда ишсиз опа-сингилларимиз учун 37 минг 458 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган эди. Мазкур йўналишда олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида йилнинг ўтган олти ойи мобайнида 53 минг 536 нафар хотин-қизнинг  бандлиги таъминланди.

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган вилоят ҳокимининг хотин-қизлар билан мулоқотида ҳам айнан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласи муҳокама этилди.

Яратилган янги иш ўринларининг 3 минг 803 таси вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида ишга туширилган 33 та корхона ҳисобига тўғри келади.

Яна 26 минг нафардан зиёд хотин-қизлар боғ ораларидан ажратилган, буғдойдан бўшаган ер майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан банд.

Опа-сингилларимизни иш билан таъминлашда тадбиркорлик ва ҳунармандликни ривожлантириш муҳим омил бўлмоқда. Тижорат банклари томонидан 1 минг 906 нафар аёлга 139 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида 2 минг 46 нафар хотин-қизга ажратилган 58 миллиард сўм кредит эвазига 2 минг 816 та иш ўрни ташкил этилди. Ҳунармандчилик ва "уста-шогирд" анъанаси асосида 12,5 миллиард сўм кредит маблағлари ҳисобига 5 минг 555 та иш ўрни яратилди.

Мулоқот доирасида акциядорлик-тижорат "Халқ банки" ресусрларидан 114 нафар ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тақдим этилган маблағлар ҳисобидан 20 нафар тадбиркор аёлга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Очиқ мулоқотда қийин шароитда яшаётган хотин-қизлар бандлик, ёрдам олиш сингари қатор масалалар юзасидан мурожаат қилди. Вилоят ҳокими кўтарилган муаммо ва масалаларни ҳал қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Мулоқотда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш,  турмуш шароитларини янада яхшилашга қаратилган ишлар изчил ва тизимли равишда давом эттирилиши таъкидланди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ШУҲРАТБЕК АБДУРАҲМОНОВ: УЧ ОЙЛИК ДОРИ-ДАРМОНЛАР ЗАХИРАСИ ЯРАТИЛГАН, ХАВОТИРГА ЎРИН ЙЎҚ

Брифинг

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан 28 июль куни ўтказилган брифингда журналистларга коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳамда "Саховат ва кўмак" жамғармаси орқали кўрсатилаётган ёрдамлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Касалликка чалинганларнинг 84 фоизи бутунлай соғайди

Шу йил март ойидан бошлаб жорий этилган карантин даври мобайнида Андижон вилоятида 976 нафар фуқаро коронавирус хасталигига чалинди. Уларнинг 40 фоизи "Дўстлик" чегара божхона пости орқали қабул қилинганларни ташкил этади. Шифокорлар саъй-ҳаракатлари билан беморларнинг 821 нафари, яъни 84 фоизи буткул соғайди. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 155 бемор даволанмоқда. Уларнинг тўрт нафари оғир ҳолатда, 8 нафари ўрта оғир, қолган 143 кишининг аҳволи қониқарли, деб баҳоланмоқда.

Вирус қайд этилган даврдан бошлаб биргина беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмади. Боиси, инфекцияга чалинган инсонда сурункали соматик хасталиклар бўлган.

Вилоят ҳокими аҳолига яна бир бор мурожаат қилиб, хасталикнинг илк аломатлари сезилганда ўз ҳудудидаги поликлиника, қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиника ёки "103" тез ёрдам хизматига мурожаат қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Зеро, касаллик қанча эрта аниқланса, даволаш шунча осон кечади. Вилоятдаги даволаш муассасаларида хасталикни даволаш учун шарт-шароитлар яратилган, зарур воситалар ҳамда малакали мутахассислар билан таъминланган.

Сўнгги беш кунлик статистика касалланиш ҳолатлари кескин камайганини кўрсатмоқда. Янги аниқланган ҳолатлар аввалдан таҳмин қилинган ҳудудларга тўғри келиши вазият назоратда, вируснинг янги ўчоқлари пайдо бўлмаётганидан далолатдир.

 

Уч ойлик дори-дармон захираси яратилган, хавотирга ўрин йўқ

Вилоятда юқумли касалликлар ва коронавирус пандемиясида зарур бўлган 49 номдаги дори воситаларининг уч ойлик захираси яратилган. 16 та улгуржи омборлар ва 1 минг 245 та дорихона мавжуд бўлиб, уларнинг фаолияти назоратга олинган. Тақчиллик ёки нархнинг асоссиз ортиб кетишига йўл қўйилмайди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган "Макро фарм Андижан" ва "Гранд фарм трейд" МЧЖларда зарур дори воситалари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. 

 

"103" хизматига суткада 3700 тагача чақирув қайд этилмоқда

Вилоятда бир суткада "103" хизматига ўртача 3600-3700 чақирув қайд этилмоқда. Мурожаат қилганларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш учун 239 та бригада тузилган. Барча бригадаларга "Дамас" русумли махсус жиҳозланган  автомашиналари бириктирилган. Пандемия бўйича фавқулотда ҳолат юзага келиш эҳтимоли назарда тутилиб, қўшимча равишда малакали шифокорлар, операторлар, ҳайдовчилар, транспорт воситалари захираси шакллантирилмоқда.

Шу ўринда вилоят ҳокими томонидан аҳолидан асоссиз равишда мурожаат қилмаслик лозимлиги, касаллик аломатлари сезилганда "103" хизмати билан бир қаторда фуқаролар ўзларининг яшаш ҳудудидаги даволаш-профилактика муассасалари (поликлиника, ҚВП, ҚОП) хизматидан фойдаланишлари мумкинлиги қайд этилди.

 

10 та объектда қўшимча жойлар тайёрлаб қўйилган

Мутахассисларнинг тахминларига кўра, пандемиянинг иккинчи тўлқини куз ва қиш ойларига тўғри келади. У қай даражада бўлиши ҳам номаълум. Испания, Хитой ва Россияда вакцина яратилгани ҳақида хабарлар тарқаган бўлса-да, самараси ва оммавий қўллаш имконияти тўғрисида бир тўхтамга келинмаган. Шу боис, ҳозирдан зарур эҳтиёт чоралари кўриш тақозо этилади. Президент ва ҳукумат топшириғига асосан бу борада вилоят миқёсида қўшимча чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, 17 та давлат ва хусусий шифохонада 2 минг 590 та бемор учун стационар жой тайёрланди. Аксарият ҳолларда ўлим оқибатларига пневмония сабаб бўлаётгани инобатга олиниб, палаталарга кислород етказиш ускуналари ўрнатилди. Бу борадаги ишлар 5 августга қадар тўла  якунланди.

Бундан ташқари, 10 та объектда 1 минг 823 та беморга мўлжалланган қўшимча жойлар ҳозирлаб қўйилди. Шунинг-дек, сиҳатгоҳлар, ётоқхоналар ва ёзги оромгоҳларда 10 минг 200 та жой ажратилиб, зарур даражадаги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 

Тайёргарлик доирасидаги ажратилган жойлар ҳисоб-китоби, шубҳасиз, пандемия кўлами шу даражага етиб боради, дегани эмас. Бу фақат зарур эҳтиёт чораларидир. Энг муҳими, бугун ҳар биримиз карантин, касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартиб ва қоидаларга қатъий амал қилишимиз лозим.

 

Шифокорларга миннатдорчилик билдирилди

Бир неча ойдирки, андижонлик шифокорлар "COVID-19" хасталиги билан астойдил курашмоқда. Вилоят ҳокими бурчига содиқ, фидойи шифокорлар меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларга ўз миннатдорлигини билдирди, ҳар қандай вазиятда ҳам улар иш жойларини тарк этмай, сидқидилдан меҳнат қилишларига ишонч билдирди.

Беморларни қабул қилишга тайёрланган захира муассасалар учун махсус малакага эга врачлар тайёрлаш бошланган. Андижон давлат тиббиёт институтида врачлар учун малака ошириш курслари ташкил этди. Бугунги кунга қадар 677 нафар шифокор-инфекционист, пульмонолог ўқитилди, 1 минг 500 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходими босқичма-босқич тайёргарликдан ўтмоқда.

 

Экспресс-тест натижалари 10 дақиқада маълум бўлади

Вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги ҳамда ОИТСга қарши кураш марказларида коронавирусга тест олиниб, таҳлил қилинмоқда.  Бу - ёрдам кўрсатиш зарур бўлган, касаллик аломатлари аниқланган беморларга мўлжалланган. Шунингдек, вилоятдаги учта хусусий шифохонада тест олиш ва текшириш йўлга қўйилди. Коронавирус бўйича текширувдан ўтиш истагидаги фуқаролар мазкур муассасаларга мурожаат қилишлари мумкин. Ҳозирда 20 кунга етадиган тест захираси яратилган. Бу режа асосида кўпайтириб борилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган 10 мингта экспресс-тестлар келтирилган. Натижалари 10 дақиқада маълум бўлади.

 

 "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан 6,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат ва дори-дармонлар тарқатилди

Брифингда вилоят ҳокими "Саховат ва кўмак" жамғармаси орқали кўрсатилаётган ёрдамлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этди. Жумладан, эҳтиёжманд ва кам таъминланган 31 минг оилага 15 мартдан ҳозирга қадар  6,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар берилганлигини қайд этди.

Президент қарори билан андижонликларга шу мақсадлар учун яна 10 миллиард сўм ажратилди. Қийналган, эҳтиёжманд оилалар учун озиқ-овқат, дори воситалари кўринишида, керак бўлса, нақд пул кўринишида ёрдам кўрсатилади. Ажратилаётган ёрдамнинг манзилли етиб боришига маҳалла раислари, депутатлар ҳамда сектор раҳбарлари масъул. Бу борада кенг жамоатчилик назорати ҳам йўлга қўйилади.

Андижон шаҳри ҳамда шаҳар ва туманларда ташкил этилган Call-марказлар фаолияти давом этмоқда. Мурожаатлар ҳар куни 9.00дан 17.00 гача қабул қилинмоқда. Бу ишга жами 470 нафар волонтёр ёшлар жалб қилинган.

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Худодан бизларга шифо сўрангиз!

 (коронавирус билан оғриган бемор тилидан)

Ўксиниб ётибман, ишга ярамай,

Шунча кун ойнага, бир бор қарамай,

Касаллик келаркан, сендан сўрамай,

Ўзингизни асранг, гулга ўрангиз,

Худодан бизларга шифо сўрангиз!

 

Кўрманг бу жойларни, дил чекар озор,

Тириклар кафанда, бир очиқ мозор,

Тунлари чидамай, йиғлайман зор-зор,

Ўзингизни асранг, гулга ўрангиз,

Худодан бизларга шифо сўрангиз!

 

Соғиниб кетяпман, болаларимни,

Онамни, аммаю-холаларимни,

Ҳовлимда очилган лолаларимни,

Ўзингизни асранг, гулга ўрангиз,

Худодан бизларга шифо сўрангиз!

 

Қўрқаман, эртага борманми ё йўқ,

Уйда ўтирмадим, тегди "дайди ўқ",

Менга юқмас деманг, билиб бўлмас, йўқ,

Ўзингизни асранг, гулга ўрангиз,

Худодан бизларга шифо сўрангиз!

 

Ҳамширалар дилдан, қарар бизларга,

Аммо ҳавасдаман, ҳозир сизларга,

Уйдан чиқманг, кўз тегмасин юзларга,

Ўзингизни асранг, гулга ўрангиз,

Худодан бизларга шифо сўрангиз!

 

Шифокорлар бир хил, танимайман ҳеч,

Соғайсам, дуолар қилай эрта-кеч,

Тавбалар қилайин, гуноҳимдан кеч,

Ўзингизни асранг, гулга ўрангиз,

Худодан бизларга шифо сўрангиз!

 

 

Севара ШОМАТОВА, Шаҳрихон тумани.

МУКОФОТЛАР МУБОРАК!

Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги алоҳида хизматлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз Президентимиз фармони билан фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида вилоятимизда фаолият юритаётган қуйидаги ўз касбининг фидойилари бор.

 

II даражали "Саломатлик" ордени билан

Бувабекова Дилфузахон Мадаминовна - Андижон тумани тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси.

Искандаров Абдухалил Музафарович - Марҳамат туманидаги 31-қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокори.

Мирзаева Файзилатхон Неъматовна - Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлими ҳамшираси.

Ҳамрақулов Қодиржон   Акрамжонович - Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими шифокори.

 

"Содиқ хизматлари учун" медали билан

Абдуллаев Одилжон Аҳмадович - Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонаси 7-бўлим шифокори.

Аҳмедов Ҳасанбой Арабович - Андижон тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими ҳайдовчиси.

Раззақов Назиржон Муталибович - Андижон вилояти  Фавқулодда вазиятлар бошқармаси радиацион, кимёвий ва тиббий - биологик муҳофазани ташкил этиш бўлими катта офицери.

Усмонов Бахтиёр Шермирзаевич - Андижон шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш  бошқармаси Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили.

 

"Соғлом турмуш" медали билан

Бобоханова Дилдора     Исмоилжоновна - Асака тумани санитария-эпидемиология осойишталик марказининг бактериология лабораторияси лаборанти.

Ибрагимов Fофиржон    Зокирович - Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонаси инфекционист шифокори.

Мирзаева Дилшода Закиржоновна - Жалақудуқ тумани санитария-эпидемиология осойишталик маркази дезинструктори.

 

"Шуҳрат" медали билан

Солижонов Шукрилла Эргашбоевич - Андижон вилоят юқумли касалликлар  шифохонаси бош шифокори ўринбосари.

Ҳакимова Ўғилой Махаматшокировна - Избоскан тумани санитария-эпидемиология осойишталик марказининг бактериология лабораторияси лаборанти.

Холматова  Мавлуда  Обидовна - Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси.

 

Тақдирланган юртдошларимизни газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз.

ҚУРИЛИШДА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - МУҲИМ МАСАЛА

“101” огоҳлантиради!

 

Бугунги кунда Андижон шаҳрининг барча кўча ва хиёбонларида, аҳоли истиқомат жойларида кенг кўламда қурилиш ишлари олиб борилмокда. Айниқса, бунёд этилаётган кўп қаватли ахоли турар жой бинолари қурилиши  жадал суръатларда олиб борилаётганлиги алоҳида эътиборга молик.

  

Шу билан бирга, айни кунларда шаҳримиздаги кўплаб ташкилот ва корхоналарда, таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмокда. Маълумки. Қурилиш, таъмирлаш ишларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиниши лозим. Лекин олиб борилаётган кузатиш ва ўрганишлардан маълум булишича, қурилиш ишлари олиб борилаётган айрим жойларда ёнғин хавфсизлиги талабларнинг қўпол равишда бузилишига йўл қўйилаётгани кузатилмоқда. Масалан, курилиш ишларида фойдаланиш учун вақтинча тортилган, очиқ ҳимоя лента билан ҳимояланмаган электр симлардан, носоз электр ва газ пайвандлаш ускуналаридан, қўлбола электр плиталардан фойдаланилмоқда. Шунингдек, баъзи қурилиш объектлари бирлмачи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланмаган.  

  

Бундан ташқари, айрим хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган қурилиш масканларида ҳеч қандай мутахассислиги бўлмаган электр ва газ пайвандчилар фаолият юритмоқда. Боз устига улар ёнғин ва техника хавфсизлиги бўйича йқриқномадан ўтказилмаяпти.

  

Аслида ҳар бир қурилиш масканида ёнғин ва техника хавфсизлиги чоралари кўрилиши лозим. Максадимиз янги курилаётган бино ва иншоотлари ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб бериши, келгусида унда яшайдиган ва ишлайдиган инсонлар ҳаёти хавфсизлиги тўла таъминланишига эришишдир. Бу борада мутасаддилар зарур чораларни кўришлари муҳимдир.

 

Сардор ЗУЛУНОВ,

        вилоят ФВБ ОАВ ва ЖТБХҚГ бошлиғи, капитан. 

Адашали ЎСАРОВ,

 

       Андижон шаҳар ФВБ инспектори, сержант. 

КЛЕОПАТРА ГЎЗАЛЛИГИНИНГ СИРЛАРИ

Миср маликаси Клеопатра гўзал бўлиш борасида ўзидан яхшигина мерос қолдирган. Унинг соҳибжамоллигидан кўплаб амалдорлар ўзларини йўқотиб қўйишган.  Клеопатра еттита тилни билишдан ташқари, сиёсатни ҳам яхши тушунган, бир нечта китоблар ҳам ёзган. Бу китоблар орасида косметикага бағишланган рисолалар ҳам талайгина. Мен косметолог сифатида Клеопатра усулларига тез-тез мурожаат этиб тураман. Самараси қанақа дейсизми? Ажойиб! Шу сабаб Клеопатра услуби  бўйича косметик рецептларни сизлар билан бўлишишга қарор қилдим. 

 

Асал ва сутли ванна

 Иссиқ иқлим аёллар гўзаллигининг асосий душманидир. Шунинг учун Клеопатра терини юмшатиш учун озгина бодом мойи қўшилган сут-асалли ваннадан фойдаланган. Ҳозирда бу рецептдан SPA-салонларда фойдаланишади.

 

Тайёрланиш усули: иссиқ сувли ваннага 3 стакан сут, 150 гр асал ва бир неча қошиқ бодом мойи қўшилади (зайтун мойи ишлатиш ҳам мумкин). Бу ванна 15 дақиқа қабул қилинади.

 

 Денгиз тузи ва қаймоқли скраб

 Денгиз тузи ва қаймоқ тери учун ажойиб скрабдир. Миср маликаси бу скрабдан сутли ванна қабул қилганидан сўнг фойдаланган.

Тайёрланиш усули: 200 гр денгиз тузи ярим стакан қаймоқ билан аралаштирилади ва баданга суртилади. Ширин ифор таралиши учун бир неча томчи атиргул ёки апельсин мойи қўшилади. 5 дақиқадан сўнг скраб илиқ сув билан ювиб ташланади.

 

 Оқ лойли ниқоб

 Олимларнинг айтишларича, Клеопатра терисининг майинлигига оқ лойдан қилинган ниқоб ҳам сабаб бўлган. Оқ лой таркибидаги каолинит минерали терининг эластиклиги ва янгиланишига ёрдам беради.

Тайёрланиш усули: 2 ош қошиқ оқ лой ва сут, 1 ош қошиқ асал ва 1 чой қошиқ лимон шарбати аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашма терига суртилади ва 10-15 дақиқадан кейин илиқ сув билан ювиб ташланади.

 

Алоэли сув

Асал ва алоэ шарбати қўшилган сув инсонни ёшартиради.

Тайёрланиш усули: 1 стакан сув кумуш идишга қуйилади, унга 2 ош қошиқ янги алоэ шарбати ва 1 чой қошиқ асал қўшилиб, усти ёпилади ва 10-12 соат қўйиб қўйилади. Эрталаб ва кечқурун фойдаланилади. Аралашма музлатгичда бир ҳафтагача сақланиши мумкин. 

 

Атиргул суви

Атиргул гулбаргларидан косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳозирда ҳам фойдаланилади. Клеопатра юзини атиргул сувидан тайёрланган қайнатмада ювишни ёқтирган.

Тайёрланиш усули: атиргул гулбарглари сувда қайнатилади, идиш оғзи ёпилиб, бир неча соат олиб қўйилади. Эрталаб ва кечқурун фойдаланилади.

 

Тухум сариғи

Маликанинг сочлари силлиқ бўлиши ва товланиб туришига тухум сариғи ёрдам берган.

Тайёрланиш усули: Тухум сариғи ажратиб олиниб, идишда кўпик ҳолатига келгунича аралаштирилади. Сочга суртилиб, бир оздан сўнг сочлар яхшилаб ювилади.

 Гулсара ОРТИҚОВА,

 

косметолог.

ЭСТЕТИК ТАРБИЯ ГЎЗАЛЛИКНИ СЕВИШ ВА ҚАДРЛАШГА ЎРГАТАДИ

Мактабгача ёшдаги болалар тарбиясида эстетик тарбия муҳим аҳамият касб этади. Негаки, кичкинтойларни гўзаллик ва нафосат руҳида ўстириш улар тарбиясидаги мукаммалликни таъминлайди.

Бола туғилган чоғидан бошлабоқ хилма - хил рангларга қизиқиш билан қарай бошлайди, турли ёқимли овозларни тинглаб севинади ва ором олади. Бу эса болаларда эстетик оламга интилиш мавжудлигини кўрсатади. У катта бўлгани    сайин турли ранглардан иборат ўйинчоқлар орқали кўриш сезгиси ривожланиши билан бирга болада эстетик онг шакллана боради.

Мактабгача таълим ташкилотига қадам қўйган кичкинтойларнинг дастлабки машғулотлари эстетик тарбия билан чамбарчас боғлиқ. Тарбиячи ота - оналар билан боғланган ҳолда болаларнинг рангли қаламлар ва пластилин билан машқлар қилишини ташкил этиши зарур. Болаларга рангли қаламлар воситасида атроф - муҳит тасвирини қўлдан келганича акс эттиришга буюриш ёки пластилиндан турли нарсалар ясашни уларга ўргатиш кабилар улар эстетикасини ривожлантиради.

Шунингдек, турли байрам ва маросимларда болаларни мавзуга оид шеър ўқиш, қўшиқ айтиш ва рақс тушишга ўргатиш кабилар ҳам улар қалбида нафосат ва гўзалликка муҳаббат руҳини ўстиради.

Бола шеър ёдласа, қўшиқ айтса ва рақс тушса, ундаги эстетик онг такомиллашиб боради. Санъат ва гўзалликка шайдо қалблардан эса ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

Эстетик тарбия кичкинтойларни саранжом - саришталикка, тарбиялиликка, гўзалликни севиш ва қадрлашга ўргатади.

Мактабгача таълим ёшидаги болаларни эстетик руҳда тарбиялаш, улар қалбининг пок ва гўзал бўлишига доим эътибор бериш ҳамда мустақил  Ўзбекистонимиз келажаги бўлмиш болажонларимиз таълим - тарбиясининг мукаммаллигига эришиш мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисининг инсоний бурчидир.

 

Дурдонахон ҲАЙДАРОВА,

Асака туманидаги "Билимдон болажон" нодавлат мактабгача таълим ташкилоти

 

тарбиячиси.

Мен - Ўзбекистоннинг бахтли қизиман!

Дил изҳори

Мактабни тамомлайдиган йилим оилавий муаммолар сабаб 11- синфни охиригача ўқий олмадим. Сўнг ота-онам  турмушга узатишди, фарзандли бўлдим. Уй ишларидан ортина олмай, ўзим-билан ўзим бўлиб мактабни битирганлик ҳақида шаходатнома олишни ҳам унутдим.

Аслида 9-синфгача ихтисослаштирилган мактабда ўқиганлигим боис, фанларни яхши ўзлаштирган эдим. Айниқса она тили, адабиёт фанларини қизиқиб ўқир, ҳатто  фан олимпиадасининг туман босқичида ҳам фахрли ўринларни олган эдим. Мактабни битириб, олий ўқув юртига кириб ўқиш насиб этмади, орзуим орзулигича қолиб кетди. 

Бугун фарзандларим катта бўлиб қолди. Энди университетнинг филология факультетига ўқишга топширмоқчиман. Турмуш ўртоғим, ота-онам ҳам бу фикримни қўллаб-қувватламоқдалар.

Бунинг учун аввало, аттестат олишим кераклиги мени ўйлантириб турган эди. Туман халқ таълими бўлимига бориб ҳолатни тушунтириб, 11-синфни қайта ўқимоқчи эканлигимни айтганимда, улар менга қайта ўқиш шарт эмаслиги, давлатимиз томонидан турли сабабларга кўра таълимни давом эттира олмаган, бугунги кунда мактаб ёшидан ошиб кетган (18ёш) фуқароларга экстернат тартибда имтиҳон топшириш, агар имтиҳондан муваффақиятли  ўтса, уларга аттестат бериш тартиби жорий этилганлиги ни айтишди. Бундан жуда мамнун бўлдим. 15-30 июнь кунлари Андижон шаҳридаги 17-умумтаълим мактабида имтиҳон бўлиб ўтди. Имтиҳонларни муваффақиятли топшириб,  ўрта маълумот олганлик ҳақидаги аттестатни олдим.

Мамлакатимизда ёшларга, уларнинг ўз имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришлари, орзу-умидларига эришишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигига бевосита гувоҳ бўлдим. Ёшларининг келажаги порлоқ юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман. 

 

Хонзодахон САИДОВА,

 

Марҳамат тумани.