+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Ёлғончи онамни соғиндим...

турмуш чорраҳаларида

Баҳорнинг сўнгги ойи. Офтоб жазирамага юз тутиб, қайноқ ёз тафти уфура бошлаган палла мунису меҳрибоним, ишонганим, бору давлатим онаизоримдан айрилиб қолдим. Муштипарим узоқ давом этган касалликдан сўнг биз, уч норасидани ташлаб, вафот этди. Бир кечада болалигим тугаб, улғайиб қолгандай эдим. Бошимга осмонлар қулади гўё.

Борлиқ менга бутун юкин ташлади,

Айрилиқ азоби кўзим ёшлади.

Синглимнинг ноласи дилим ғашлади,

Энди менинг онам, онажоним йўқ.

Соғинч қалбимни тилкалар, кўз ёшларим ёмғир мисоли тинмас, юраклар эса бу жудоликка сира кўнгиси келмас эди.

Дунёда ҳеч бир бола онасидан, она эса боласидан барвақт жудо бўлмасин экан. Бундай дейишимга сабаб, биз бир ёнда онасизликдан қайғу чексак, онамнинг онаси - бувижоним фарзанд доғидан азобланарди. Бундай дамларда биз норасидалардан кўра, боласидан айрилган муштипар онаизорга сабр кўпроқ керакдай эди.

Унинг яшашига куч берадиган биргина илинж ҳам биз эдик. Менга эса онамдан ёдгорлик - акам ва укамнинг борлиги таскин эди. Улар мени кўрганда онамни кўргандай  таскин топардилар. Чунки, мен вақт ўтган сари онамга ўхшаб борардим. Акам мусибатга бардошли, дарди ошиб-тошиб ётса ҳам сездирмасликка уринарди. Укам эса...

Унга қарасам беихтиёр кўзларимга ёш келарди.  У ҳали ўлим нималигини яхши тушунмас, вафот этган одам қайтиб келмаслигини билмасди. "Онам тузалиб эшикдан кириб келади", деб кутаверарди.

Онамнинг вафотидан сўнг, мурғак қалбимда илк бор оналик меҳри уйғонди. Укамга бўлган меҳрим масъулияти олдида ҳали ўсмирликни тўла яшамай, балоғатга етган қизга айландим. Унинг олдида кучли, бардошли бўлишим, уни ёлғизлатиб қўймаслигим керак эди. Ота-боболаримиз "опаси борнинг онаси доим ҳаёт", деб бекорга айтишмаган экан.

Укамга кўп китоб ўқиб берардим, эртаклар, ривоятлар, ибратли ҳикоялардан сўзлардим. Шу тахлит, уни чалғитар, онасизлик дардини бироз аритардим. Айниқса, бир ҳикоя бизни роса таъсирлантирган.

"Саккиз ёшли боланинг онаси вафот этиши билан отаси фарзандининг ёлғиз қолишидан қўрқиб, она меҳридан айрилиб қийналиб қолмасин деб, бошқа аёлга уйланишга мажбур бўлибди. Орадан бир неча кун ўтгач, ота фарзандини бағрига босиб, эркалаб:

- Тойчоғим, янги онанг билан аввалги онангни орасида қандай фарқ бор?,-деб сўраб қолибди.

Бола беғуборлик билан жавоб берибди:

- Ҳақиқий онам менга ёлғон гапирардилар, аммо иккинчи онам алдамайдилар, ҳамма айтганларини қиладилар.

Ота таажжубланиб сўрабди:

- Қанақасига, болажоним?

Бола эса:

- Ўйнаб ўтирганимда онамга ёқмайдиган иш қилсам, менга: "Агар қулоқ солмайдиган бўлсанг, сенга овқат бермай қўяман", дердилар, аммо гапларига парво ҳам қилмасдим. Чунки гаплари ёлғонлигини, барибир мени оч қолдирмасликларини билардим. Баъзан, кўчада кўп ўйнаб қолиб кетсам, чиқиб мени кўчама-кўча излардилар, топганларидан кейин эса юз-кўзларимдан ўпиб, уйга олиб келиб, мазали таомлар берардилар. Янги онам эса, "агар ўйинни бас қилмасанг, сенга овқат йўқ", дедилар.

Мана икки кундан бери қорним оч, янги онам айтганларини қиляпти, дада....!

Илтимос, менга ёлғончи онамни қайтариб беринг! Ёлғончи онамни жуда-жуда соғиндим! - дея йиғлаб юборибди..."

Биз ҳам бошимиздан кўп синовли кунларни ўтказдик. Уйимизга "янги" она келгач, ҳаётимиз тубдан ўзгарди.        Баъзан укам билан онамни соғиниб, унинг меҳрини эслаб, тунлари йиғлаб чиқардик. Аммо, дадамга уйимизда бўлиб ўтаётган ишларни, гап-сўзларни айта олмасдик. Акам билан дадам уззукун ишда бўлар, уларнинг ҳорғин чеҳраларини кўриб, дилимиздаги гаплар тилимизга кўчмай барҳам топарди. Оллоҳга нола қилиб дардимизни айтар, бизга тўғри йўл кўрсатишини сўраб ёлворардик. Бу кунлар биз учун синов, синовни эса   Тангрим суйган бандаларига юборади" дея, ўзимизни юпатардик.

"Сабр таги олтин" дейишгани рост экан. Нолаларимиз Тангрига етиб бориб, ҳаётимизда ўзгаришлар юз бера бошлади. Сингилли бўлдик. Яратган эгам бизга раҳми келиб, ҳаётимизни ўнглаш учун синглимизни сабабчи қилган бўлса ажаб эмас. Чунки, синглимизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни кўриб, онамиз ҳам ўзгарди, бизни ўз фарзандларидай кўра бошлади. Балки, фарзандли бўлгач, оналик меҳри нима эканлигини ҳис этгандир.

Мен ҳозир бувижоним билан яшаяпман. Ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраяпман. Акамни, укам ва синглимни кўргани тез-тез бориб тураман. Улар ҳам бахтли, беташвиш яшашяпти. Оиламиз яна бир бутун бўлганидан жуда    хурсандман. Муҳими, синовлар олдида енгилмаслик, мусибат етганда сабр қилиш ва шукроналик экан.

 

Зулхумор РАҲИМБЕРДИЕВА,

Жалақудуқ тумани, Бештол қишлоғи.