+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

24 Нояб 2016

БЕМЕҲР ФАРЗАНДЛАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛМОҚДА?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(48- сон, 2016 й.) Турмуш чорраҳаларида

Инсонийлик, оқибат, меҳр-мурувват ҳақида кўп гапирадиган бўлиб қолдик. Борган сари бу хусусиятларни одамлар орасидан топиш қийин бўлиб қолди. Бегоналарни қўя турайлик, яхшиликни ўз яқинларимиздан дариғ тутяпмиз. Яхшилик ҳақида бонг уриб гапиряпмиз. Амалларимиздан эса одам уялади.

Танишларимдан бири шундай ҳикоя қилади:

"Онам ва фарзандларим билан Зомин сиҳатгоҳида дам олдим. Ўша ерда бир онахон диққатимни тортди. Ёши улуғ аёл ҳар куни неварасини муолажа хонасига киргизиб юбориб, ўзи бир чеккада кутиб турарди. Уни бир неча марта шу ҳолатда кўрганим учун бир куни оҳиста ёнига бориб, нега ўзи ҳам муолажа олмаётганини сўрадим.

- Ўғлим икки юз эллик минг сўм пул бериб, набирамни даволатиб келинг, деб бизни бу ерга юборган, - дейди онахон ҳижолатлигини табассум билан енгишга уриниб.

Шундан сўнг нима учун онахон муолажа олмай ташқаридан ўтирганига тушунгандай бўлдим. Буни сездирмаслик учун онахонга тасалли бердим. Лекин тўзғин хаёлларим менга сира тинчлик бермасди. Ахир бу пул санаторияда даволаниш учун битта одамга ҳам етмайдику?

Кейинги суҳбатларимизда онахон етти ўғли, уч қизи, тўрт келини олий маълумотли эканини айтиб ғурурланди. Тишларим ғижирлаб, қўлларим мушт бўлиб тугилади: "Шунча олий маълумотли фарзанду келинларнинг ҳеч биридан "Юз минг сўмдан ташласак, онам санаторияда дам олиб, даволанардилар" деган фикр чиқмадимикан?" Бўғзимни нимадир куйдириб, онахондан кўзларимни олиб қочаман. Улар худди фикримни уқигандек: "Бултур катта ўғлим Тошкентга санаторияга юборганди, мазза қилиб дам олдим, даволандим. Шундан кейин оёқларим қақшамай қолди" дейдилар. Чоллари анча йил олдин ўтиб кетган эканлар. Онахонга раҳмим келади. Онам елкамга қоқиб, бошларини қимирлатиб қўйдилар. Еттита ўғил-а? Шунча ўғилнинг ичидан битта ҳам марди топилмабди-я!"

Бундай ҳолга ҳар ким ўзича муносабат билдириши мумкин. Лекин шунча олий маълумотли фарзандлар онасига эътиборсиз бўлганлигини ҳеч ким оқламаса керак. 

  * * *

Аёлларнинг гап-сўзи, кимларнидир ғийбатини қилишларига тоқатим йўқ. Бекорчи, аёлларга кўп қўшилавермайман. Бир куни қўшни аёл йўқлаб кирди. Салом-аликдан кейин хижолатли кулимсираб гап бошлади:

- Маҳаллада бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Шуни сизга   айтсам, газетада ёзиб чиқарсангиз, ўқиганларга ибрат бўлармиди, деб киргандим...

Аёлга саволчан тикиламан. Кўзларини олиб қочади. "Фалончихон ая, борлар-ку, танийсиз сиз ҳам...- жумласининг ўзиёқ юрагимни тирнайди. У айтаётган онахонни танийман. Боёқишнинг бошига яна қандай кун тушибди, деган ўйда чуқур "уҳ" тортиб аёлга термуламан. - Уч қиз, бир ўғиллари бор. Иккита қизининг оиласи бузилиб, қайтиб келган... Бир ўғиллари илмли, фан номзоди. Аммо шахсий ҳаётдан омади юришмади.  Икки марта уйланди. Шу иккинчи келин бироз ношоиста чиқди. Аввал бошида биз қўни-қўшни "Ўғлингиз биринчи оиласидан айрилмасин" дегандик. Иккинчи келин "эпчилроқ" чиқди, оилали эркак - онахоннинг ўғлининг уйига келиб ўтириб олди. Хуллас, бир оила пароканда бўлди. Катта келин ўғлини отасига ташлаб кетди. Ўғил иккинчи аёли билан хорижга ишлагани жўнаб кетди. Онахон неварасини пенсия пули билан боқиб катта қилди, ҳозир бола еттинчи синфда ўқийди. Ўғил бирор марта ўғлига алимент ҳам, онасига пул ҳам жўнатмади. Энди ўғил, хотини билан хориждан қайтиб, онаси билан опаларини уйдан ҳайдаб, уйни сотиб,    бошқа ёқдан уй оляпти.

Онахоннинг кўз ёшларига қараб юрагинг эзилади киши. Одамлар бунча тошбағир бўлиб кетяпти..." Аёл яна нималарнидир гапирди. Миям ғовлаб, қулоқларим эшитмай қолди. Нима дейишга ҳам ҳайрон эдим.

Одатда, болалари ноқобил чиққан ота-оналарга қарата "Ҳамма гап тарбия-да!", "Вақтида яхши тарбия бериш керак эди!" деган нисбат билан ҳамма гапни ота-она ва тарбияга тўнкаб қўямиз. Аммо қайси ота-она фарзандига "Ёмон бўл!", "Ношуд, нотавон бўл!", "Кўрнамак, оқпадар бўл!" деб тарбия беради? Юқоридаги каби кишилар ҳақида эшитганимда, беихтиёр хаёлимда "Бемеҳр, оқибатсиз фарзандлар қаердан пойдо бўляпти?" дея ўй кечади. Ҳартугул, бу каби кўринишлар фарзанд номига иснод келтирадиган, миллатимизга мос бўлмаган ҳолатлардир.

Мана, юқорида икки воқеани ҳукмингизга ҳавола қилдик. Аммо иккаласида ҳам оқибатсиз, бемеҳр фарзандлар олий маълумотли, оқ-қорани таниган кишилар. Ҳа, оқ-қорани таниганлар аммо инсонликни таниб улгурмаганлар.

Нима учун бугун айрим   юртдошларимиз иснод ва андишасизликни ўзларига либос қилиб олмоқда?  Нима сабабдан уларнинг қалб кўзини парда тўсмоқда? Бу саволлар бугун ҳар биримизни ташвишга солиши керак!

Бу хусусда сиз нима дейсиз, азиз газетхон?

 

Умида АДИЗОВА.

Прочитано 2623 раз