+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

08 Дек 2016

ХАЛҚИГА БАХТ АТО ЭТГАН ПРЕЗИДЕНТ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(50- сон, 2016 й.) дилдаги гаплар

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан бир даврда яшаб, у киши етакчилигида, шу инсон ишлаб чиққан ва Ватанимизни юксак  чўққилар сари етаклаган тараққиётнинг "Ўзбек модели"ни амалга оширилиши даврига, у киши етакчилигида олиб борилган улкан ишларга бевосита гувоҳ бўлдик. Узоқни кўра олувчи у зотнинг "Ким эдигу, ким бўлдик?" деган сўзлари асосида тарихга бир назар ташлайлик.

Улуғ Соҳибқирон Амир Темурдан бошқа одил подшони фақат эртаклардан биламиз. Халқимиз асрлар давомида ўз подшолари ва хонларининг ўзаро урушлари, четдан келган босқинчиларнинг қирғини, талончилиги ва хўрлашларидан бошқа нимани кўрди? Бор будимизни талаб, қишлоқ ва шаҳарларимизни вайронага айлантириб кетишса ҳам халқимиз шукрона келтириб, эртанги кунга умид билан қараб яшаган ва яна ўзининг самарали меҳнати билан юртимизни жаннатга айлантирган.

Ислом Каримов мамлакатнинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлаган кунидан Ўзбекистонда авваллари бўлмаган бир тартибни жорий этди: ўзидан илгари ишлаган раҳбарлар камчилигини байроқ қилишни ноўрин ҳисоблаб, бизни бағрикенгликка, кечиримли бўлишга ўргатди. Эски яраларни қўзғаш, ўтмишдаги аламлар учун ўч олиш эмас, балки тарихни чуқур ўрганиб, ундан хулоса қилиб, янги вазифаларни белгилаб, уни бажариш учун қатъият ва интизом билан ишлаш, келажакка умид ва ишонч билан қарашни юрагимизга сингдирди. Янги ишни яхшилик билан, яхши ният билан бошлаш керак, деб ҳамма ўтганларни, хусусан, азиз-авлиёлар, улуғ бобокалонларимизнинг қабр-мақбараларини, зиёратгоҳларини обод қилди. Ўтганларни эъзозлаш, кексаларни қадрлашдек,    халқимизнинг қадим анъаналарига қайта жон бахш этди.

У киши давлат раҳбари бўлган даврдан бошлаб республика миқёсида ўтказилган барча анжуманларда кўтарилган ҳамма масалаларнинг мақсади мамлакат мустақиллигини таъминлашга, жамиятни янгилашга катта эътибор қаратди. 1989 йил 19 августдаги маърузасида "Жамиятни янгилаш учун курашаётган барча соғлом кучларни бирлаштириш зарур"лигига алоҳида тўхталди. Жамиятни янгилаш учун курашаётганлар орасида Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон мустақиллигини, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақини кўзлаган соғлом кучлар билан бирга, ўша даврда майдонга чиққан ва тўс-тўполондан фойдаланиб, ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилган қора ниятли кучлар ҳам бор эди.

Тожик шоири Лойиқ Шералининг шеърида айтилганидек, "Ҳар бир кўчадан мен подшоман", деб чиқиб келганлар   дастлабки йилларда қўшни давлатларда нималарни содир этмади? Қанча бегуноҳ одамлар, қанча кекса-ю ёшлар   қувғинда сарсон-саргардон бўлмади? Муҳтарам Президентимиз уларнинг барча тури ва тўдаларининг кимлигини, мақсадини аввалдан билган. Лекин энг муҳими, уларнинг орасидаги     соғлом кучларни кўра билиш, уларни ёвуз ниятлилардан ажратиш ва ўз атрофига бирлаштириш вазифасига қаттиқ киришди. Халқни тўғри йўлга бошлади.

Шу ўринда кўпни кўрган    халқимиз ўзи танлаб, сайлаган Президентимиз билан якдил бўлиб, барча носоғлом кучларни яккалаб қўйди. Диний экстремистик оқим вакилларининг қора ниятлари бир қатор ҳудудлардаги воқеалар мисолида аҳолининг, айниқса, адашганларнинг кўзини очди.

1991 йил декабрида диний экстремистлар билан бўлиб ўтган воқеани кўпчилик кўрган. Нафақат Фарғона водийси ёки Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ҳудудини ҳозирги Сурия ва Ироқ мамлакатларидаги каби вайронага, одамларнинг ҳаётини жаҳаннам азобига айлантиришни мақсад қилиб қўйган диний экстремистлар тўдаси хайқириб турган жойга Президентимиз ҳеч бир ҳимоясиз дадил кириб боришини айтинг. Ўз ҳаётини, ширин жонини ўйлаган инсон бу ерга яқин йўламаган бўларди.

Жамиятда шундай кишилар ҳам борки, улар ўз яқинларининг номуси, ори ва осойишталиги йўлида жонини қурбон қилиб, тикиб қўяди. Минглаб, миллионлаб одамлар орасидан юз йилда бир марта дунёга келадиган шундай шерюрак инсон бу Ислом Абдуғаниевич эди. Унинг туғма дипломат, қатъиятли, чуқур билим ва ўткир ақлга эга инсонлигини, вазиятни ҳар қандай ҳолатда ҳам бош мақсадга йўналтира оладиган кучли мантиқ эгаси эканлигини ўз кўзимиз билан кўрдик.

Ислом Абдуғаниевич барча оғир вазиятларда ҳар бир ҳудудга шахсан ўзи бориб, ҳолатни бартараф этиб келган. Мамлакатимизда содир этилиб, катта жангларни келтириб чиқаришни мақсад қилиб қўйган ўнлаб уриниш ва террорчилик ҳаракатларини тўхтатди. Ахир бу ҳаракатлар бир қатор Араб мамлакатлари, Грузия, Украина, Тоғли Қорабоғ ва бошқа ҳудудлардаги каби кўплаб бегуноҳларнинг қони тўкилишига олиб келувчи улкан фалокат ҳақидаги шум хабарлар эмасмиди? Халқимизни балою-қазолардан, офату фалокатлар уфуриб турган жаҳаннам комидан омон сақлаб олиб чиққан, бугунги обод диёрда тўқ ва фаровон ҳаёт ато этган ким? Бу фидоийликлар учун бу улуғ зот неча марта Ўзбекистон қаҳрамони унвонига лойиқ эди?

Мустақиллик арафасида қишлоқ аҳолисининг атига 5 фоизи канализация ва тоза сув билан, 50 фоизи ичимлик суви билан таъминланган эди. Демак, қишлоқ аҳолисининг қолган 50 фоизи қаттиқ ва яроқсиз сувни ичган. Бунга ўша даврдаги кўпчилик раҳбарлар одатдаги ҳол деб қараган.

Ислом Абдуғаниевич бундан қарийб 26 йил аввал ушбу оғир турмуш шароитини чуқур ўрганиб, уни ўнглаш ва халқаро меъёрлар даражасига етказиш ниятида бўлган. Ўтган қисқа даврда бу яхши ният рўёбга чиқиши учун катта ишлар қилингани кўпчиликка маълум. Лекин у қандай ўзгарди, бунга қандай эришилди? Республика ва маҳаллий бюджетнинг аҳволи ҳар томонлама танг бўлиб турган даврда бу қандай уддаланди?

Давлат раҳбари "қийин аҳволдан чиқишнинг йўли, энг аввало, ишларнинг аҳволига ҳолис баҳо бериш, республикадаги вазиятни соғломлаштиришнинг конкрет ва аниқ-пухта программасини ишлаб чиқишдан иборат", деб таъкидлади ва ривожланишнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастури  "Ўзбек модели"ни ишлаб чиқди.

Белгиланган дастур ва     программалар механизми ишга тушурилмас экан, мақсадлар саробга айланиб қолаверади. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов "Ишни биринчи галда ҳаётимизнинг барча соҳаларида қатъий тартиб ва интизом ўрнатишдан, раҳбар кадрларни жой-жойига тўғри қўйишдан, уларга нисбатан талабчанликни оширишдан бошлади."

Қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари, дастурларда олдинга қўйилган вазифалар ижросини таъминловчи ижро ҳокимияти бўлиб, унинг фаолиятини аниқ бошқаришга алоҳида эътибор қаратди. Лекин собиқ иттифоқ даврида етишиб чиққан раҳбарларнинг кўпчилиги эскича фикрлар эди. Буни ўзгартириш осон кечмади. Аввалига Президентимиз олдида хўжалик механизмини дадил бошқариб кетадиган ижро ҳокимиятини ташкил этиш вазифаси турар эди. Дастлабки йилларда ҳукумат раҳбари лавозимида ишлаган шахслар ишни тортмади.

Ва ниҳоят, Шавкат Миромонович ижро ҳокимияти тепасига бош бўлиб келгач, бу тизим қисқа муддатда юқоридан қуйигача такомиллашди ва узлуксиз ишловчи механизмга айланди. Энг муҳими, бу инсон ҳар бир ишни, у қайси соҳага тегишли бўлмасин, албатта Ислом Каримов билан маслаҳатлашиб амалга оширди. Давлат бошқаруви билан ижро ҳокимияти ва суд ҳокимиятининг вазифаларини тўла ва аниқ белгилаш ташаббуси билан чиқди. Мамлакатда ижро интизомини ўрнига қўйди. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тегишли тузатиш ва ўзгартишлар киритилди ҳамда мамлакатда конституциявий қонунлар қабул қилинди. Кейинги ўн уч йилда иқтисодиётни ривожлантиришга ички ва чет эл инвестициялари кенг жалб этилди. Дунёда молиявий-иқтисодий инқироз авж олган даврда ҳам ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан кам бўлмади.

Президентимизнинг "Биз бўлмаган жойда бизнинг ўрнимизга ёшлар ва халқ билан   бошқалар шуғулланади. Буни унутмаслигимиз керак", деган сўзларига асосланиб, Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси сифатида маънавиятни янада юксалтиришга, маънавий-маърифий ишларни узлуксиз давом эттиришга етакчилик қилди. Натижада мамлакатда каттадан кичик раҳбарнинг ҳаммаси - вазирдан тортиб ҳокимлар ва бошқа  қуйи тизимдаги энг кичик раҳбаргача сиёсатчи сифатида маънавий-маърифий ишларни ўз тизимида ташкил этди.

Ислом Абдуғаниевич бутун ҳаёти давомида халқимиз, Ватанимизнинг манфаатидан   бошқа нарсани ўйламаган, кўнгил яқинлари билан руҳ ва тан роҳати йўлида дам олиб, маишат қилиш ўрнига умрининг охирги сониясида ҳам халқи бахтини, мамлакат ривожини ўйлаган. Давлат раҳбари сифатида ҳеч бир яқин ёки йироқ қариндошига, таниш-билишига бирор ҳудуд, ишлаб чиқариш комплекси, бошқа иншоот ёки юқори мартабани тортиқ қилмади. Ҳамма нарсани халқига берди.

"Тошкентни юксак тараққиёт ва маданият шаҳрига айлантиришимиз керак", деб қилган маърузасидан 18 йил кейин Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро Ислом ташкилоти Тошкентни - "Ислом маданияти пойтахти", деб эълон қилганига нима дейсиз?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан, унинг жойларда ўтган саммитлари минбарларидан туриб терроризмга қарши ҳушёр бўлиб, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда курашиш, акс ҳолда бу бошқариб бўлмайдиган кучга айланиши тўғрисида олдиндан айтган фикрларичи? Дунёнинг турли ҳудудларида бугун одамларнинг бегуноҳ тўкилаётган қонлари ҳақида олдиндан башорат қилмадими?

Ислом Каримовни ўз ибораси билан таърифлаганда, подшо десак, халқига бахт ато этган подшоларнинг шаханшоҳи, Буюк инсон десак ҳеч  янглишмаймиз. ҳар бир мазлумнинг бошини силаган камтарин инсон, ёшларнинг ғамхўри бўлган миллат отаси эди.

Ушбу фикрлар мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаронинг кўнглидан ўтаётгани аниқ. Шу ўринда яна бир фикр: Ислом Абдуғаниевич қайси ҳудудга бормасин, у жойга аввало ҳукумат вакиллари бориб, барча соҳаларда тозалик, ободончилик, тартиб-интизом, намунавий уйлар, янги ишлаб чиқариш тармоқлари ҳолатини юқори даражада эканини кўришар ва албатта, ҳукумат раҳбари ўзи бориб, учрашув ўтказиладиган жойгача кўриб чиқар, айтиладиган сўзларнинг эгалари билан учрашиб, сўзларини ўзи эшитиб, қаноат ҳосил қилмагунича кўнгли тинчимас эди.

Бунинг боисини энди тушундик. Шавкат Миромонович ҳеч биримиз ўйламаган ишларни олдиндан кўриб, устози Ислом Каримовнинг юрагига ҳар бир яхши нарса ором беришини, ўтмишдаги оғир курашлар таъсирида юраги қатларида тўпланган дардларга малҳам бўлишини билиб, кўнгли тўладиган яхши ишларни кўрсатиш орқали халқимизга меҳру-муҳаббати янада ортиши билан боғлиқ ишларни ташкил этар экан.

Энди ўша кўп нарсани олдиндан билолмаганлар - сиз билан бизнинг ҳар биримиз мамлакатда бошланган улуғ ишларнинг узлуксиз, юқори суръат билан давом этиши учун ҳозирдан ҳамма соҳада пешқадамлар сафида бўлишимиз шарт. Ана шунда Ислом Каримов бошлаган ишларни давом эттираётган янги давлат раҳбарини қўллаб-қувватлаш орқали марҳум Президентимиз руҳини янада шод этган бўламиз.

Илоҳим Ислом Каримовнинг охиратлари обод бўлсин!

Бугун халқимиз ишончини оқлаб, мамлакатимиз раҳбари этиб сайланган инсон биринчи Президентимиз томонидан бошланган барча эзгу ишларни давом эттириб, Ўзбекистонни жаҳондаги энг ривожланган давлатлар қаторига ўтиши йўлида астойдил меҳнат қилишига асло шубҳа йўқ.

Давлатимизнинг янги раҳбари куни кеча буюк давлат ва  сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танлов ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаронинг кўнглидаги иш бўлганлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Ушбу қарор улуғ йўлбошчи бошлаган улуғвор ишлар унинг шогирдлари томонидан давом эттирилишига ёрқин бир мисолдир.

Яратган ана шундай улуғ йўлбошчиларни ато этган  халқимизнинг ҳар бир куни байрамга айлансин.

Абдуваҳоб НУРМАТОВ, меҳнат фахрийси.

Прочитано 2107 раз