+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Буюк йўлбошчи

Қадим тарихга эга она юртимизнинг мустақил тараққиёт йиллари  тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилади. Чунки ана шу йиллар давомида мамлакатимизда бўлган улкан ўзгаришлар бутун жаҳонни лол этгани аниқ.

Айниқса,   халқимиз учун ўта оғир ва масъулиятли ана шу даврда мамлакатимиз раҳбари бўлган Ислом Каримов номи асло унутилмайди.

Мустақиллигимиз меъмори, улуғ йўлбошчи сифатида Биринчи Президентимизнинг буюк хизматлари ҳар қанча таҳсинга муносибдир. Ислом Каримов ҳаёт бўлганларида ўзининг 80 ёшини қаршилар эди. Номи мангуликка даҳлдор у инсоннинг ҳаёти ва фаолияти авлодлар учун ибрат мактабидир.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида озод ва обод юртимиз гуллаб-яшнади, жаҳон ҳамжамияти орасида ўзининг муносиб ўрнини топди. Халқимиз ўзлигига қайтди, миллий қадриятлар қарор топди, улуғ алломалар, пиру комиллар улуғланди. Ўз даврида дунёга донғи кетган Ибн Сино, Амир Темур, Бухорийлар юрти яна ўзининг бунёдкорлик ишлари, эзгу ва хайрли амаллари билан дунё аҳлини лол этди. Ушбу жараёнда биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ўрни ва роли шубҳасиз, ниҳоятда катта.

Толеъига буюклик битилганини ўзи ҳам билмаган чоғлариёқ шу эл учун қайғурган халқпарвар давлат арбоби,  оқил сиёсатчи, Буюк йўлбошчи мамалакатимиз тарихи, истиқлол номи билан бирга ёдга олинаверади.

 

Дилдора ХУШБАҚОВА

Буюк юртбошимиз хотираси қадрланди

Андижон машинасозлик институтининг "Машинасозлик" факультетида ҳам биринчи президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан хотира тадбири бўлиб ўтди.

Институтнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари иштирок этган тадбирни факультет декани М. Қўчқаров очиб, биринчи президентимизнинг ҳаёти ва фаолияти, айниқса, мустақилликнинг дастлабки қийин йилларида кўрсатган жасоратлари, юртимиз ривожидаги беқиёс хизматлари ҳақида гапирди.

Ўзбекистон тарихи кафедраси профессори У. Абдуллаев юртимизни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўси ва нуфузини юксалтиришда биринчи президентимизнинг меҳнатлари ниҳотда катта эканлиги, ёшларимиз айнан, у орзу қилганидек фидоий, мард, ватанпарвар бўлишлари кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда "Машинасозлик" факультети маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосари Р. Отахонов, кафедра мудири М. Саттаров, институт маънавият-маърифат бўлими раҳбари М. Холиқовалар сўз олиб, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов ҳаёти, фаолияти, буюк давлат арбобининг жасорати ва фидоийлиги, айниқса, мамлакатимизда машинасозлик саноатини шакллантириш, илм-фан тараққиёти, олий таълим тизими ривожи йўлидаги улкан ишлари ҳақида гапирдилар. Талаба Р. Ҳамиджоновнинг биринчи президентимизга бағишланган "Сиз қалбимиздасиз" шеърини барча хаяжон билан тинглади.

Тадбир сўнггида Ёшлар иттифоқининг институтдаги бошланғич ташкилоти фаоллари томонидан биринчи президентимиз ҳаёти ва босиб ўтган йўли, ёшларни мард, жасур ва ватанга фидоий бўлишга ундовчи видеоролик намойиш этилди. 

Хайрулло ВАСИЕВ,

 

Андижон машинасозлик институти матбуот ва ахборот хизмати ходими.

Ҳамиша ёдимизда

Андижон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган  маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, талаба ёшлар иштирок этган тадбирда мамлакатимиз биринчи президентининг узоқни кўра биладиган доно раҳбар, эл-юрт фаровонлиги йўлида фидойи инсон, адолатли йўлбошчи, юксак салоҳиятли сиёсатчи эканлиги, унинг ташаббуси ва раҳнамолигида тарихан қисқа давр ичида юртимизда асрларга татигулик улкан ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Иштирокчиларга улуғ йўлбошчимиз ҳаёти, фаолияти, юртимиз тараққиётини юксалтириш йўлидаги буюк хизматлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

- Улуғ йўлбошчимиз ташаббуси билан юртимизда эл-юрт фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилди, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият ўртасида ўз ўрни ва мавқеини топди, айниқса, биз ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятимизни тўлақонли намойиш этиш учун барча шароитлар яратиб берилди, - дейди Андижон давлат университети талабаси Моҳинур Абдураҳмонова. - Бизни фарзандларим дея, улкан имкониятлар эшигини очиб берган биринчи Президентимиз хотирасини ҳеч қачон унутмаймсиз, у кишининг номи халқимиз ёдида мангу яшайди.

Шунингдек, анжуман доирасида Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон", "Маънавият" нашриётлари томонидан чоп этилган китоблари тақдимоти ўтказилди.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Шукроналик

     Узоқ йўл босиб келаётган мусофир ўзининг пойабзали эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига "шунақа ҳам ночор одам бўламанми?" дея ўз ҳолининг забунлигидан афсусланди.

Шаҳар кўриниб, дарвозага яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини сўраб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: "Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукрлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да", деб шукроналик йўлини тутди.

Бу воқеа гарчи аввалги замонларда бўлиб ўтган бўлса-да, ҳозирги пайтда ҳам ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаган. Зеро, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солмоғи, борига шукр қилмоғи лозим. "Неъматнинг қадри кетганда билинади", деган сўзни кўп бора эшитганмиз. Ушбу сўз ҳақида бироз мулоҳаза қилсак, олам-олам маъноларни топган бўлар эдик. Неъмат деб, Аллоҳ таоло томонидан берилиб, эвазига шукр талаб қилинган қадри юксак нарсага айтилади.

Неъмат албатта, моддий бойликнинг ўзидангина иборат, деб ҳисоблайдиган инсон адашган бўлади. Чунки, унга берилган ҳаёт неъмати, жисмидаги ички ва ташқи аъзоларининг бир маромда ишлаши, яъни, кўзининг кўриши, қулоғининг эшитиши, тилининг таъм билиши, юрагининг уриб туриши, буларнинг барчаси аслида бебаҳо неъматдир. Инсон ушбу неъматлар кўз ўнгида такрорланавергани туфайли уларни оддий ҳол санайди. Ҳолбуки, ушбу неъматлар содда қилиб айтганда, бирор жойдан сотиб олинган ёки ижарага берилган эмас, балки, бизларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳадядир.

Қачонки, Аллоҳ сақласин, кўзимизга шикаст етсагина, кўзимиз борлигини, бирор    жойимиз оғриб қолса, оғриган ўша аъзо танамизнинг қайси жойида жойлашганлиги ҳақида "билиб қоламиз". Ана ўшанда     дунёда кўзи ожизлар, оёқ ёки қўллари ишламай қолган одамлар, узоқ йиллардан буён Аллоҳ берган дард туфайли тўшакка михланиб қолган одамлар ҳам борлигини ҳис қиламиз. Бу ҳиссиёт бизларни шукр қилишга ундайди.

"Соғлик - инсонлар бошидаги тож бўлиб, уни фақат ва фақат соғлигини йўқотган инсонлар кўра оладилар". Яна, баъзида ишларимиз юришмаётганлиги, қилаётган ишларимизда зафар ёр бўлмаётгани ҳақида нолиймиз. Шундай пайтларда биздан кўра ҳам ҳоли ночор, аммо, шукроналик билан ҳаёт кечираётган, тўкин дастурхон олдида ўтириб, сархил неъматлар ичида яна нималарнидир бўлишини хоҳлаган пайтимизда соддагина ҳаёт кечириб, тани соғ, хотиржамлигини барча неъматлардан устун қўядиган инсонлар ҳам борлигини эслашимиз лозим.

Жаннатмонанд юртимизда тинчлик-омонлик, хотиржамлик ҳукм сураётгани буюк неъмат бўлиб, юрт тинчлиги қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқмоғимиз зарур. Ана шулардан хулоса қилиб, турли хил низолар, ҳар хил тушунмовчиликлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин каби офатлар рўй бермаслигини истасак, Яратганга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда    марҳамат қилиб: "...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман, борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир", дейди ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Ушбу ояти карима юқоридаги фикрларимизга далил бўлиб, неъматларга шукрона қилишимиз, неъматларни зиёда бўлишининг асосий сабаби эканини таъкидлайди.

Жонажон Ватанимизда, хусусан, вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида олиб борилаётган ободончилик, улкан бунёдкорлик ишларига ҳавас ва ифтихор билан қарайлик. Ушбу ишлар замирида юртдошларимизнинг фидокорона меҳнатлари ётибди. Барчамиз юрт равнақи йўлидаги ишларга қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшайлик. Шукроналик, эртанги кунга умид ва ишонч ҳаётимизнинг шиорига айлансин.

Аллоҳ таоло, жонажон Ватанимизнинг янада равнақ топишини, гуллаб-яшнашини,   халқимиз ҳаёти фаровон, осмонимиз мусаффо бўлишини насиб этсин.

 

Нурилло Бойматов,

Андижон туманидаги "Файзибой ҳожи" жомеъ масжиди имоми.

ОТА, СИЗНИ СОFИНДИМ!

Дил туFёни

Ота... Забонимни сўзлатган, ҳаётимнинг илк қадамларидан то шу кунгача мени соғинтирган сўз. Бугун ота десам  бўғзимга бир нима тиқилади. Наҳотки, бугун орамизда йўқсиз. Йўқлигингизни англар эканман, бағрим эзилади. Ота, ҳаётлингизда қандай яхши эди-я! Олам рангдор, ҳаёт гўзал, қарашларим бошқача эди. Тилимдан бир сўз тушмайди. Сиз ўлмагансиз.  Менинг давомли эзгу ишларимда яшайсиз.

Бугун мен онаман. Фарзанд-ларим иқболини кўриб, қувонаман. Елкамда катта масъулият бор. Англаб етдимки, Сиз шунчалар машаққат чеккан экансиз. Мен эрка қизнинг шўхлик ва бебошликларимни кўтарганингизни эсласам кўзимдан ёшлар томчилайди. Тақдир чархпалаги  айланиб, мени ҳам ҳаётнинг ташвишлари енгмоқда. Ота, сизни соғиндим. Исмимни тилингизга олганингизда истиқболингизга ошиқиб, юрагиб ҳапқириб кетарди. Қадам товушларингиздан билардим, сезардим меҳрингизни.  Дардларим йиғилиб, қўлимга қалам олдим, ота. Сизни соғиниб, қўмсаб.

 

Сиз кетдингиз кўнгил уйим,

Вайрон бўлди, дадажон.

Тоғлар қулаб, рангу рўйим

Сомон бўлди, дадажон.

Сизни йўқлаб дунёларга,

Сиғдиролмайман ўзим.

Осмон узоқ, ер қаттиқ,

Етмайди ҳатто сўзим.

Сиз ҳақингизда ёзсам,

Қоғоз, қалам етмайди.

Юрагимдаги ярам,

Бир умрга битмайди.

Ҳаёт мени улғайтириб, ундирди. Аёл қалбим билан юксак марраларни кўзлайман. Фақат кўз олдимда сизнинг ёрқин чеҳрангиз, самимий қиёфангиз намоён. Тананимга сингдираман: Сиз ҳаётсиз, фарзандларимнинг кўзларида, сўзларида яшайсиз.

Донохон ИБРАГИМОВА 

Китобнинг ўрни беқиёс

Китоб - билим манбаи. У инсонни эзгуликка етакловчи манба, маънавият, маърифат ва маданиятни авлоддан авлодга етказувчи муҳим воситадир. Ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларда инсонпарварликни шакллантириш, миллий қадрият ҳамда урф-одатларимизнинг ҳаётимиздаги аҳамиятини ўргатишда китоб алоҳида ўрин тутади.

Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори юртимизда китобга, китоб ўқишга бўлган эътиборни янада юқори поғонага кўтарди, десак муболаға бўлмайди. Мактабимизда ҳар бир синфда кутубхона ташкил этилган. Синф фаолларидан бири кутубхоначи этиб тайинланиб, у ўртоқларига китобларни навбат билан бериб, назорат қилиб туради. Ўқитувчилар болалар билан ўқиган  китоблари устида муҳокамалар ўтказиб бориши уларнинг китоб ўқишга қизиқишларини оширишга хизмат қилмоқда.  Ёш китобхонлар ўртасида "Китобхонлик кечалари", "Энг яхши китобхон оила", "Шеърхонлик" каби танловларнинг ўтказилиши ҳам бу борада ижобий натижаларга эришишга сабаб бўлмоқда. 

Ўттиз йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериб келаман. Иш столим устига "Fунча", "Гулхан", "Билимдон" журналларидан ташқари, албатта, болалар учун янги нашрдан чиққан, болалар эътиборини тортиш учун кўплаб рангли расмлар билан безатилган китобларни ҳам қўйишга одатланганман. Ҳар бир дарсда улардан фойдаланиб, ўқувчиларимни бадиий адабиётга, китобга кизиқишини ошириб боришга интиламан. Ўқитувчи ўз дарсларида ўзи ўқиган асарлардан мавзуга боғлаб парчалар келтирса, асар муаллифини болаларга таништириб, шу китобни олиб ўқишни тавсия қилиб борса, ўйлаймизки, болаларда китоб ўқишга иштиёқ кучаяди. Болалар ўзидан катталарга тақлид қилади. Биз катталар,  ота-оналар ўзимиз намуна бўлиб кўпроқ китоб ўқисак, тарбиявий аҳамиятга эга асарлар оила даврасида  муҳокама қилинса мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, бола қанча кўп китоб ўқиса билими ортади,  дунёқараши кенгаяди, мустақил фикрлайди.

 

 Комила АЗИМОВА,

 

Хўжаобод туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Ҳуқуқий маслаҳатхона

- Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш қандай тартибда амалга оширилади?

 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

* * *

- Ходим ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш қай тарзда амалга оширилади?

 

Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ариза албатта, ёзма тарзда берилиши керак. Ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш хусусидаги оғзаки илтимоси Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ шартномани бекор қилиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди. Аризанинг мазмуни ходим ҳақиқатан меҳнатга оид муносабатларни бекор қилишни истаётганлигидан далолат бериши керак. Ариза ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс номига ёзилади. Бундан ташқари, ариза уни қабул қилиб олган ходим томонидан имзоланиб, сана қўйилиши керак. Бунда ариза ёзилган сана ариза берилган сана билан чалкаштирилмаслиги лозим.

* * *

 - Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш мумкинми?

 

Ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризасини қабул қилишни рад этишга ҳеч бир сабабга кўра йўл қўйилмайди, Рад этиш меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳисобланади. Шу сабабли ходим аризасини қабул қилишни рад этиш,    бошқа ҳужжатлар талаб этиш ёки иш берувчи томонидан қандайдир шартлар қўйилиши (ишда йўқ ходим таътилдан қайтишини кутиш, ўз ўрнига одам топиш ва шу кабиларни) мумкин эмас. Ариза қабул қилиш рад этилган тақдирда ходим иш берувчининг хатти-ҳаракати устидан юқори идорага шикоят қилиши ёки аризани буюртма хат тарзида  почта орқали жўнатиши мумкин.

Саволларга Андижон шаҳар Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори

 

 Дониёр ДИЛШОДОВ жавоб берди.

Германияда таълим тизими қандай йўлга қўйилган?

Хорижий тажриба

Бугун ҳаёт шиддат билан ривожланиб борар экан, келажагимиз эгалари бўлган болаларга, уларнинг таълим-тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада таълим тизими даража ва савияси муҳим аҳамият касб этади. Мазкур жараёнларга илғор педагогик тажриба, ўқитишнинг самрали услубларини жорий этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш эса янада муҳимдир.

Мен оддий ўқитувчи сифатида ишонаманки, юртимизда яқин келажакда таълим-тарбия ишлари янада такомиллашиб, юқори босқичга кўтарилишига, натижа ва самарадорлик юқори бўлишига асло шубҳа қилмайман. Бунинг учун эса энг аввало, педагоглар ўз устида тинимсиз ишлаши, изланиши керак. Шу маънода мен айни пайтда Германия давлатининг Саксония ўлкасида яшаб, ушбу мамлакат таълим тизимининг илғор тажрибаларини ўрганишга, таълим-тарбия соҳасидаги билимимни оширишга ҳаракат қиляпман. Шу ўринда юртдошларимизга мазкур давлат бошланғич таълим тизими, бу соҳада олиб борилаётган ишлар хусусида қисқача маълумот бериб ўтмоқчиман.

Германия Федератив Республикасида жами 16 ўлка (вилоят) мавжуд.  Саксония ўлкаси мамлакатнинг жанубий шарқида жойлашган. Майдони 18,4 минг квадрат километр. Аҳолиси - 4 миллиондан ортиқ, маъмурий маркази - Дрезден шаҳри.

Германия, хусусан, Саксонияда ўлкасида таълимга жуда катта эътибор қаратилган. Жумладан, ўлкада 1497 умумий таълим мактаблари бўлиб, уларда 29 минг нафардан зиёд педагог 360,5 нафар ўқувчига таълим-тарбия беради.  Шундан бошланғич мактаблар 829 тани, ўрта ва юқори мактаблар 347 тани, гимназиялар 160 тани махсус мактаблар 155 тани,махсус  Вальдорф мактаблари эса 6 тани ташкил этади.

Саксония ўлкасидаги таълим жараёни кўплаб ривожланган давлатлар сингари самарали ва узлуксиз жараён сифатида ташкил этилган. Бошланғич мактабларнинг 1-4 синфларида дарс машғулотлари халқаро стандартлар асосида ўтилади. Бунда болалар мавзуни тез тушуниш, ифодали ўқиш, равон гапириш, чиройли ёзиш, санашни ўрганадилар. Илк    босқичда болаларнинг индивидуал билим салоҳиятини, билим олишга бўлган қизиқиш ва иштиёқини ҳамда муайян малака ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, билиш жараёнини амалга оширишда ўқитишнинг илмийлик, кўрсатмалилик, тушунарлилик ва тажриба ўтказиш сингари принциплар асосида йўлга қўйилган. Бунда кўпроқ назарий билимни амалий кўникма ва малака ҳосил қилиш билан боғлашга жиддий эътибор қаратилади.

Бошланғич мактаб педагоглари олдига болада ташқи дунёни англаши, ижодий фикрлаши, равон нутқ билан фикрини баён қила олиши, меҳнатга лаёқатли бўлиши  сингари хусусиятларни шакллантириш асосий вазифа қилиб қўйилган. Айтайлик ўқувчиларга дарсда гигиена мавзуси ўтилса, ўша куниёқ Дрезден шаҳридаги гигиена музейига саёҳат уюштирилади. Болаларга дарсда ўргатилган назарий билимлар амалда кўргазмалилик асосида тушунтириб берилади. Айниқса, табиат дарсида табиатни асраш, ватанга меҳр ғоялари ўқувчилар онгига чуқур сингдирилади. Энг муҳими, болаларга йўл ҳаракати қоидалари изчил ўргатиб борилади. Ўқувчи ҳаётида                   2-синфда ўқиш алоҳида  аҳамият касб этади. Улар шу синфдан бошлаб сузишни билишлари шарт. Бунинг учун  улар мактаб яқинидаги бассейнларга боришади ва сузишни мажбурий ўрганишади.

Амалиёт орқали ўқувчи билимни кенгайтириш мақсадида мактаб жамоаси томонидан жуда кўп лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ўқув йили давомида синф раҳбари, тарбиячи ва ота-оналар қўмитаси вакили ҳамкорлигида шаҳардан ташқари жойларга 2 кундан 1 ҳафтагача экскурсиялар ташкил қилинади.

Ўқувчининг ўзлаштириши, эришаётган натижалари    2-синфдан бошлаб баҳолана бошланади. Бу орқали ўқитувчилар ҳар бир боланинг билим эгаллаши қай даражада ошиб бораётганлигини кузатиб боради. Синф раҳбари томонидан ҳар ойнинг охирида болани хулқи, тиришқоқлиги, тартиб-интизомга риоя қилиши эътиборга олиниб баҳо қўйилади. Мактабларда боланинг дарс машғулотларига қатнашиши қатъий назоратга олинган. Агар ўқувчи касал бўлиб қолса, ота-она эрталаб соат 7.00 дан 7.30 га қадар мактаб котибасига телефон қилиб огоҳлантириши зарур. Агар бола мактабга сабабсиз келмаса, синф раҳбари полицияга телефон орқали хабар беради. Бу масала билан полиция шуғулланади.

Мактаб қонун-қоидалари ҳам қатъий тартиб асосида йўлга қўйилган. Ўқувчи эрталаб 7.30 га дарсга етиб келиши шарт. Чунки ана шу вақтда мактаб эшиклари автоматик тарзда ёпилади. Фақат 4 соатдан кейин танаффусда эшиклар очилади. Ўшанда ҳам ўқувчининг мактаб ҳудудидан ташқарига чиқиши тақиқланади. Болалар 2 соатдан кейин 20 минутлик нонушта танаффусига чиқишади. Бу ҳолатни синф раҳбари назорат қилади. Дарсдан кейин болаларни тушлик овқат билан таъминлайдиган алоҳида фирмалар бор. Бунинг учун ота-оналар фирмалар билан шартнома тузади. Ота-она онлайн тарзда буюртма бериш учун болага карта ва жадвал берилади. Бола ўзи хоҳлаган овқатини танлайди. Бир кунлик овқат 3,45 еврони, бир ойда эса ўртача 70-75 еврони ташкил қилади. Бу ҳолат ихтиёрий бўлиб ота-она шартнома тузмаслиги ҳам мумкин. Лекин айтиб ўтиш жоизки, 90 фоиз болаларнинг ота-оналари доимий тарзда шартнома тузишади.

Германияда 4-синф битирувчи синф ҳисобланади. Ўқув йили бошида ҳар бир ўқувчи  велосипед миниши мажбурийлиги тушунтирилади. Болаларга йил давомида полициянинг масъул ходимлари томонидан  йўл ҳаракати қоидалари ўргатилади. Йил охирида имтиҳон топширилади. Агар бола имтиҳондан муваффақиятли ўтса, велосипед ҳайдаши учун сертификат берилади. Германия таълим тизимида ҳам дарсдан   кейин қўшимча группалар - машғулотлар ташкил этилади. Бу группалар пуллик бўлиб, оилада нечта фарзанд борлигига қараб нарх белгиланади. Айтайлик, ёлғиз она, ногирон ота-она фарзандлари ёки шароити оғир оила фарзандларига йилига бир марта тўлов қилинади. Қолган вақтларда  эса ижтимоий ёрдам сифатида пул олинмайди.

Сир эмаски, юртимизда ҳам келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг пухта билим олишига катта эътибор қаратилади. Яқин йиллар ичида ҳеч кимдан кам бўлмаган болажонларимизни ўқитиш борасида юртимиз дунёнинг илғор мамлакатлари қаторига қўшилади. Мен бу ерда олаётган билим ва тажрибаларим билан келгусида ана шу жараёнда албатта, фаол иштирок этаман.

   Нафиса  БОЗОРБОЕВА,

 

Германия Федератив Республикаси Саксония ўлкаси, Дрезден шаҳридаги 35-бошланғич мактаб немис тили фани ўқитувчиси.

Ҳар ишда меъёр бўлгани яхши

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад қаламига мансуб "Келинлар қўзғолони" спектаклини кўп бор кўрганмиз. Унда Фармон биби ўғиллари ва келинларининг маош олиб келиш эпизоди бор. Оила бошлиғи уларнинг ҳар бирини алоҳида дафтарга ёздириб, охирида ҳаммадан қандай ками борлигини сўрайди.

Жуда зарур бўлган камчиликларни олиб беришини айтиб, Сотти келинга ёздириб қўяди. Томошабин учун бу албатта, кулгили ҳолат. Чунки бир қарашда Фармонбиби ўта зиқна, хасис бўлиб кўринади. Бироқ, шу саҳнанинг ўзидаёқ кампирнинг Боқи амакига айтган гаплари орқали бунинг ечими топилади. 

Баъзан аёлларимизнинг "Маошнинг баракаси йўқ, бир ёғини тортсанг, бир ёғига етмайди, бўлмаса ўзим ҳам ишлайман, турмуш ўртоғим ҳам" дея нолиётганини эшитиб қоламан. Эътибор берсам, бундайлар дабдабага ўч, моданинг кетидан қувадиган ёки ўйламай иш тутадиганлар бўлиб чиқади. Бир аёлни биламан.  Қўлига пул тушиши билан катта-катта сарф қилади. Албатта, ўзига "сўнги мода"даги кийимни сотиб олади, фарзандларини ҳам "замонавий" қилиб кийинтиради. Оиласи билан бирор жойга саёҳатга боради ёки маҳалланинг аёлларини тўплаб "гап" беради. Қарабсизки, режасиз сарфланган маош кейинги ой юзини кўрмай тугайди. Яна оҳ-воҳ, "етмайди", "қорнимиздан ортмаяпти" дея дийдиё қилиш бошланади.

Халқимизда "Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилур", "Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди" деган нақллар бежизга айтилмаган. Оила даромадини сарфлаш масаласида уқувли, эътиборли бўлиш зарур. Айниқса, бу борада аёлларимиз эътиборли бўлиши лозим. Чунки ҳар бир нарсада меъёрга риоя қилинмаса, даромад қанчалик кўп бўлмасин уни режа билан сарфланмаса, "у ёғини тортсангиз, бу ёғига етмай қолиши" турган гап.

Кўпинча аёлларимиз турмуш ўртоғи ёки ўғилларининг чет элларда қийинчилик билан топиб келган маблағларини ўйлаб ҳам ўтирмай, узатаётган қизига қимматбаҳо мебеллар, сеп-сидирға, тилла тақинчоқларга сарфлаб, шу орқали обрў олиб қолишни ўйлашади. Етмаса, қарз ҳам кўтаришади. Тўй қанчалик дабдабали бўлса, улар шунча хурсанд. Эртага нима бўлади, оила қандай кун кечиради, бу билан ишлари йўқ.  Аслида ўзини элдан устун қўйиш, сохта обрў учун курашишнинг ўзи худбинлик эканлигини бундайлар ўйлаб ҳам кўришмайди. Бу каби дабдабаларга сарфланаётган пуллар оилаларда камол топаётган болаларнинг соғлиги учун зарур озиқ-овқатларга, маънавиятини ошириш учун бадиий китоблар сотиб олишга сарфланса қандай яхши бўларди.

 

Насибахон ТОЖИДДИНОВА,

 

Андижон саноат-энергетика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

МАСЪУЛИЯТ ВА ҲУШЁРЛИК ЗАРУР

Жамоамиздаги ёш, 2 фарзанднинг онаси бўл-ган ўқитувчи аёл оилавий жанжал туфайли ота уйига кетиб қолди. Сабаби оддий. Турмуш ўртоғининг кийимларини ўз вақтида дазмоллаб қўймагани учун дакки эшитган. Баҳона тайёр: "Мен ҳам ишлаяпман".

Аёлнинг уйига бордим. Ҳаётий мисоллар билан аёлнинг масъулияти, оғир-босиқ бўлиши кераклигини тушунтирдим. Бугун сиз арзимаган сабаб билан оилани барбод қилсангиз, эртага фарзандларингизнинг пешонасига тирик етим деган тамға босилишини ўйлаб кўрдингизми? Суҳбатимиздан сўнг аёл оиласига қайтди.

Ўқувчиларим билан боғлиқ. яна бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўтган йили 7-синфда ўқийдиган қизлардан бирининг хулқи, юриш-туришидаги салбий ўзгаришларни сезиб қолдим. Сочини кесиб, шим кийгани етмагандек, мактабга бўяниб келишни ҳам одат қилганди. Кўнглига қўл солиб кўрсам, форма кийишни хоҳламаслигини айтди. Бир-икки суҳбат билан бирор натижага эришолмадим. Уни тўғри йўлга солиш ҳақида кўп бош қотиришимга тўғри келди.

Бир куни туман марказига кетаётиб, ўша қизнинг бувиси билан бир машинада кетишга тўғри келди. Ҳол-аҳвол сўралгач, онахон ўз набираси ҳақида сўраб қолди. Қарасам, гапларимни бир "Дамас" йўловчи эшитадиган. "Онахон, сизнинг тарбиянгизни олган қиз ёмон бўлармиди? Раҳмат сизга" дедим сир бой бермай.

Эртасига мактабда ўша қизни кўриб жуда хурсанд бўлиб кетдим. Чунки сочлар иккита қилиб ўрилган, оқ лента боғланган эди. Эгнига кийиб олган ўқувчи формаси бирам ярашиб турибди. У "Устоз" дея ёнимга югуриб келди-да:. "Ассолому алайкум, устоз. Сизга катта раҳмат. Кеча бувимга мени роса мақтабсиз.Оиламиз даврасида ўтирганимда у менга "Сен доимо мақтовга лойиқ бўлган" дедилар. Энди барча айтганларингизни бажараман. Бувимнинг юзини ерга қаратмайман" деди.

Хайрият, катта йўл бошида турган яна бир ўсмирнинг қалбига йўл топдим. Уни тўғри йўлга солдим. Демоқчиманки, хотин-қизлар етакчилиги - инсондан катта масъулият билан бирга ўта ҳушёрлик талаб қиладиган вазифа. Бу борада етакчи аёлларимиз барчага ибрат бўлишлари керак.

Моҳидилхон ХУШВАҚОВА,

 

Исбоскан туманидаги 15-умумтаълим мактаби хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.