+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Сени соғинаман бағрингда туриб

Замин ягонадир - Ватан биттадир,

Машҳурий жаҳоним Ўзбекистоним.

Фахрингдан ўзбеклик бахтини туйиб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

 

Болам алласига қўшиб айтганим,

Сен ўзинг суянчим, тинчлигим, тахтим.

Шону шукуҳингга дилдан қувониб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

Бадарға қилинган асл ўзбеклар,

Бағрингга интилиб яшаган беклар.

Соғинчдан сарғайган Бобурни эслаб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

 

Буюк аждодларим ўтган маконим,

Авлодимга мерос улкан имконим.

Бир кафт тупроғингга бир кун айланиб,

Сени соғинаман бағрингда туриб.

 

Муборакхон МАҲМУДОВА

Улуг шоирга эхтиром

Андижонда ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бобур халқаро жамоат фонди ҳакорлигида ўтказилган тадбирда юртимизда ва хорижда фаолият юритаётган бобуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этиб, мамлакатимизда мустақиллик йилларида халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, буюк бобокалонларимиз  Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятининг юксатиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим эканлиги таъкидланди.

Тадбирда шоир номи билан аталувчи вилоят мусиқали драма ва комедия театри артистлари томонидан Бобур ҳаёти билан боғлиқ сахна кўринишлари намойиш этилди, ёш ижодкорлар Бобур ғазалларидан намуналар ўқидилар. Якунда тадбир иштирокчилари Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар

- Бобур Мирзо ижоди инсонни комилликка чорловчи улкан маънавий мерос, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршидабону Қўчқорова. -  Айниқса, адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбааларини ўрганишимизда муҳим манбаа бўлиб хизмат қилади. Бобур лирикаси эса ўзбек мумтоз адабиётининг энг гўзал саҳифаларидан биридир.

Шундан сўнг тадбир Боғи Бобурдаги "Бобур ва жаҳон маданиятимузейида Бобур ва бобурийлар ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш масалаларига бағишланган илмий анжуман доирасида давом этди.

Анжуманда Бобур номли халқаро жамоат фонди, бобуршунос олимлар томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида таниқли олим ва ижодкорларнинг маърузалари тингланди. Шунингдек, Фонд ташаббуси билан чоп этилган "Мубаййин" насрий баёни", "Рисолаи Волидия" унинг назмий таржимаси ва шарҳи", "Шамолларда учган нидолар" номли китоблар тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Япония давлатларидан  келган бобуршунос олимлар ҳам иштирок этди.

Анжуман ишида вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Исмоилов иштирок этди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ҚУЁШ КАМДАН-КАМ НУР СОЧАДИГАН ШАҲАР ВА ЎЛКАЛАР

Инсон ҳар қандай шароитга кўникади. Қор, совуқ, жазирамага, йиртқич ҳайвонлару заҳарли ҳашоратлар орасида яшашга ҳам. Айрим Африка қабилалари деярли вулқон оғзида яшайди. Иссиқ, чанг-тўзонни назар писанд қилмайди. Бундан кўринадики, аёзли Сибирда яшайдиган инсон шароит тақазо этса, Саҳрои кабирда ҳам яшаши мумкин.

Ҳаётда инсоннинг тўлақонли яшаши, саломатлиги учун энг муҳим нарса бу - қуёш нурлари ҳисобланади. Қуёш нурининг етишмаслиги кишида тушкунлик, асаб бузилиши, руҳий зўриқиш сингари қатор кўнгилсизликларни келтириб чиқаради.

Шундай бўлса-да, Ер юзида Қуёш камдан-кам нур сочса ҳам, одамлар яшаб келаётган шаҳар ва ўлкалар борки, у ерларда яшаётган инсонларга тасанно дегинг келади. Демак, қуйида сайёрамизнинг энг қоронғи жойлари, қуёш камдан-кам кўринадиган шаҳар ва ўлкалари ҳақида қисқагина маълумот бериб ўтамиз.

Мурманск, Россия. Йил давомида қуёш 1715 соат нур сочади. Мурманск қутб доираси ортида жойлашган дунёдаги энг йирик шаҳар ҳисобланади. Лекин бу ерда об-ҳаво у даражада қўрқинчли эмас. Қишда ҳаво ҳарорати совуқ, ёзда эса 10 даражагача илийди. Йилнинг бир неча ойларига чўзилувчи тунлар  руҳан тайёргарлик кўрмаган киши учун ҳақиқий муаммо бўлиши аниқ. Бу даврда қуёш умуман кўринмайди, кундуз куни ҳам атроф қоронғи бўлади.

Кируна, Швеция. Йил давомида қуёш 1680 соат нур сочади. Шаҳарнинг номи "оққуш" деб таржима қилинади - унинг сурати маҳаллий гербда тасвирланган. Кируна қутб доирасидан 150 километр шимолда жойлашган. Қуёш фақат 30 майдан 15 июлгача бўлган қисқа давр ичида кўринади, қолган вақт давомида эса шаҳар аҳолиси қоронғиликда яшайди.

Южно-Курильск, Россия. Йил давомида қуёш 1662 соат нур сочади. Маҳаллий аҳоли балиқчилик, яъни балиқ овлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида бу жой аҳолиси ўзгаришларни кутиб яшашган. Чунки ўша пайтда Курил оролларини Японияга бериш борасида гап-сўзлар кўпайган эди. Лекин ороллар Россия таркибида қолди.

Жуно, АҚШ. Йил давомида қуёш 1540 соат нур сочади. Жуно АҚШдаги ҳудуди жиҳатдан энг катта, 99 фоизи фақат қалин ўрмонлардан иборат Аляска штатининг пойтахти ҳисобланади. Шаҳар ҳудуди 9  квадрат километрни ташкил этади, 40 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Шаҳар атрофининг қалин ўрмон билан қопланганлиги, шаҳар қуёш нурини деярли кўрмаслиги кишини тушкунликка солади.

Кёльн, Германия. Йил давомида қуёш 1504 соат нур сочади. Кёльннинг иккинчи норасмий номи    Рейндаги Метрополия бўлиб, шаҳар мамлакатдаги йирик ва қадимий маданий марказлардан бири ҳисобланади. Лекин бу ерда қуёш нурлари ҳар доим ҳам кўринмайди.

Бирмингем, Буюк Британия. Йил давомида қуёш 1364 соат нур сочади. Англиядаги йириклиги жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи бу шаҳарда икки миллион киши истиқомат қилади. Маҳаллий иқлим - юмшоқ ва нам, фасллар кескин ўзгармайди. Бу ерда қуёшли кунлар кам бўлиши аҳолининг турмуш тарзига у қадар салбий таъсир кўрсатмайди.

Принс-Руперт, Британия Колумбияси. Йил давомида қуёш 1230 соат нур сочади. Тинч океанининг бутун шимолий қисми ёмғирли ва тунд ҳавоси, доимий туманлари билан ном қозонган. Принс-Руперт порт шаҳри худди фантастик романлардаги шаҳарни эслатади, одамлар нима учун бу ерда яшашларини тушуниш қийин.

Никольское, Россия. Йил давомида қуёш 992 соат нур сочади. Никольское бутун бошли Алеут туманидаги ягона аҳоли маскани ҳисобланади. Фақат шу ерда алеутлар яшайди. Бу ердаги шароитда улардан бошқа ҳеч ким яшай олмаслиги мумкин.. Бу ҳудудда қуёшли кун - камёб ва ғаройиб ҳодиса саналади.

Торсхавн, Дания. Йил давомида қуёш 884 соат нур сочади. Фарер оролларининг пойтахти Стреймой оролининг шарқий соҳилида жойлашган. Торсхавн расман дунёдаги энг булутли аҳоли маскани ҳисобланади. Лекин шаҳар аҳолиси ҳаётидан нолимайди.

Ян-Майен, Норвегия. Йил давомида қуёш атиги 883 соат нур сочади. Сайёрамизнинг энг қоронғи шаҳри айнан Норвегиянинг мазкур шаҳри ҳисобланади. Аниқроқ айтганда, бу масканни шаҳар деб атаб ҳам бўлмайди, бу ерда яшовчиларни бир нечта йирик тадқиқот станцияларининг ходимлари ташкил этади.

 

Ҳусанбой РАЗЗОҚОВ тайёрлади.

ИККИНЧИ ХОТИН БЎЛИБЯШАШНИ ҲЕЧ БИР АЁЛГА РАВО КЎРМАЙМАН

У келди. Эшикни жаҳл билан тақиллатганини сездим. Дарҳол кўз ёшларимни артиб, юз-кўзларимни ойнага солдим. Эшикни очиб, салом бердим. Ичкарига кириб бақира бошлади, мен эса гуноҳкорона бошимни эгиб туравердим.

- Сен бир куни юз марталаб қўнғироқ қилишинг-у, ёш боладек ёзган смсларинг билан мени гўрга тиқасан, - дея жаҳл билан бақирарди Шокир ака. - Тушунсанг-чи, ахир, ҳар доим сенинг олдингда бўла олмайман. Буни яхши билиб туриб, яна жанжал кўтарасан-а?

- Ахир келмаганингизга ҳам тўққиз кун бўлди. Қўнғироқ ҳам қилмайсиз. Сиздан хавотир олдим! - дедим-у, юрагимдаги оҳларимни тўкиб сочиш ўрнига ички бир қўрқув билан яна сукут сақладим. Аслида ана шу тўққиз кун мен учун қанчалар азобли ўтди. Шу пайтгача бир маротаба ҳам қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрамаганидан жиғибийрон бўлдим. Агар олдимга келган тақдирида ҳам аччиқ ва ҳақоратли сўзлар билан сийлаб, унга бир дунё шартларни қўйишга аҳд қилган эдим. Лекин унинг ғамга тўла дардли кўзлари мени яна аҳдимдан қайтарди. Ҳатто, унга ачина бошладим. Ҳар доим шу аҳвол.

Телефон орқали ёзган хабарлардагина мен қўрқмас аёлга айланаман. У олдимга келгач эса мушук панжасида қолган сичқондек питирлайман. Аввалига, уришади. Мен ҳам дардларимни гоҳ-гоҳида билдираман. Шунда у барибир менинг ёнимда кўнгил ҳаловатини топишини инкор этолмай қолади. Лекин унинг оилавий аҳволи, бошидаги ташвишларни сўзлаб берганидан сўнг ачинганим етмагандек, бир неча кун унинг муаммоларини ўйлаб, сиқилиб юраман.

* * *

У ҳаётимга кириб келган кундан буён ҳаловатимни, ўзимни унутганман. Нега тақдир менга уни рўбарў қилди? Нима сабабдан ишқим, меҳрим унга тушди? Ахир ўртамиздаги  муҳаббатни ҳеч зот тушунмаса, ҳеч ким оқламаса... Майли у эркак, лекин мен-чи? Турмуш ўртоғи, ота-онаси, ака-опалари мен ҳақимда қандай ўй-хаёлларда экан! "Оилали эркакка илакишиб қолган аёл..." деб тасаввур қилишлари аниқ. Яна нима деб ҳам баҳо беришсин. Мени у ҳам ўз келиним, ўғлимни жонидан-да ортиқ кўради, унга борини топширган, бахтли бўлсин, деб ота-онаси иккинчи келин сифатида ҳеч қачон қабул қилмаслиги юрагимни ўртайди. Яхшики, фарзандининг оиласини бузганликда айблаб, уйимга келиб тўполон кўтаришмайди.

Мен эса ўз ота-онамни қандай ҳурмат қилиб, яхши кўрсам, уларни ҳам шундай яхши кўраман.

Фақат уларни сиртдан танийман, холос. ҳали бирор маротаба ҳам уларни узоқдан бўлса-да, кўрганим йўқ. Аммо касалхонада ётишганида мазали таомлар қилиб Шокир ака орқали бериб юборардим. Бозорлик қилиб, улар хуш кўрган  мевалардан жўнатардим. 

... Ишдан кеч қайтган кунлари турмуш ўртоғингиз хуш кайфиятда уйингизга кириб келганида, менинг меҳрим, севгим сизникидан асло кам эмаслигини сезмаган бўлсангиз, кундош? Шокиржон акадаги ўзгаришларни кўриб, севгимизни тан олмасангиз? Наҳот, сиз ҳам бошқалардек мени бузуқликда айблаб, ҳақиқатдан кўз юмсангиз? Ахир сизни кундош эмас, ўз опамдек кўрганман. Йўқса, неча бор қўнғироқ қилиб қўрсликлар қилганингизда сен-менга борардим. Балки уйингизга бориб жанжал кўтарардим. Бироқ мен, ҳатто қаерда туришингизни ҳам билмайман. Сўрамаганман, излашни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Мана ўртамиздаги муносабатларга беш йил бўлибдики, бирор маротаба Шокир аканинг ишхоналарига ҳам бормаганман. Фақат қўнғироқ қилиб тураман.

Сиз ҳаммага мени ёмон сўзлар билан тасвирлаб берибсиз. Айтишингизча, улар сизни жуда яхши кўришар экан. Қайнонамиз сизни жонидан азиз кўрар эмиш. Мени эса улар қачон бўлса ҳам топиб, қилган ишларим учун суд қилар экан. Уларнинг келишларини  беш йилдан буён интизор бўлиб кутаман. Уларга айтадиганларим жуда-жуда кўп. Сизга ҳам...

* * *

Мана яна бугун ҳам соғинчдан кўнглим беҳаловат. Қанча огоҳлантириш олганимга қарамай яна СМС ёзяпман. Бу сафар келмади. Аламлар баттар авж олди. Хўрлигим келиб, шаҳд билан гўшакни олдим. Дарров ёд бўлган рақамларни тердим.  

... Мен ортиқ, бу тарзда яшашга ўзимда куч тополмаяпман. Ҳар куни сизни қўнғироқ қилишингизга, хабар ёзишингизга, эшикдан кириб келишингизга интизор бўламан. Қачонгача, "Турмушга чиқдингизми? Нечта фарзандингиз бор?" деган саволларга рангим оқариб, нима дейишни билмай ёлғонлар тўқийман. Қачонгача туш ва хаёлларимда чақалоқни, болажонимни бағримга босиб, қувонаман. Бундай ҳаётдан, ҳаммасидан чарчадим. Ортиқ тоқатим қолмади. Нима қилай, сизни деб рафиқангизни ёмон кўриб      кетяпман. 

* * *    

- Ўзингни бос, яна бошлаяпсанми? Сенга ўзи нима қилсам ёқади? Бу қиллиқларинг мени ҳам чарчатиб қўйяпти. 

Анчагина ўшқириб, уришиб беради. Бирозгина босилиб олганимиздан сўнг яна суҳбатни давом эттирдик.

- Ахир, сени жонимдан ортиқ кўраман, ҳаётимнинг мазмунисан. Сенга  нима бўляпти Мафтуна?! Олдин ҳам айтгандим. Ахир, фарзандларим ва оиламга ҳам масъулиятсизлик қила олмайман, тушунсанг-чи. Лекин сени ҳам ташлаб қўйганим йўқ-ку. 

- Шокир ака, мен ҳам бошида кўникаман. Ҳаммаси яхши бўлади, деб чидаб яшаб келаётган эдим. Бироқ ортиқ сабр-бардошим қолмади. Ахир мен ҳам аёлман. Сизни севишга ҳаққим бўлгани сингари, бирга яшаб, бахтли бўлишни истайман.

* * *

Мана беш йил бўлибдики, ота-онам билан ҳам тузукроқ борди-келди қилмайман.  Қишлоққа борсам, дарров шаҳарга қайтиб келгим келади. У ернинг об-ҳавоси мени бўғади, тинчлик бермайди. Одамларнинг савол назари билан қарашидан ўзимни қачонгача олиб қочаман? Қариндошларим тўй-маърака қилса, бора олмайман. Чунки улар нуқул турмуш ўртоғим, фарзандларимни сўрайди, кутади. Мен эса жондан суйган, умр йўлдош сифатида танлаган инсон билан улар олдига бора олмайман.

Қайси аёл базмда ўзининг эмас, бошқа бировдан олган кўйлаги билан мақтана олади. Ёки уни кўз-кўз қилади. Гарчанд сизнинг севимли кўйлагингиз бўлса-да, барибир ўзингизники эмас. Жондан суйган турмуш ўртоғингиз аслида бошқа аёлнинг хўжайинию, сиз унинг севимли ёри сифатида олдидасиз. Иккинчи хотин деб мурожаат қилишларига эса метин бардош ҳам чил-чил бўлиши муқаррар. Аслида аёл эркак учун иккинчи ўринда туришининг ўзи оғриқли.

Тўғри, сизнинг кўмагингизда уйли бўлдим. Лекин пешонамга мана шундай қисмат битилган экан ундан қочиб ёки воз кечиб қаерга ҳам бораман. Ҳеч кимни ва ҳеч нарсани айбламайман. Фақат ўз-ўзимни қарғайман. Ношудлигимдан хўрлигим келади. Ҳамма иккинчи рафиқа сифатида эмас, ўйнаш деб баҳо беришидан оғриниб, сиқилиб яшайман.

Қанийди, уни фақат ўзимники қила олсам, деб бемаъни ўй-хаёлларга бораман, кўз ёш тўкаман. Лекин шу қадар ҳурмат қилганимдан меҳрим дарёки, бу йўл билан ўзимни бахтли қилгим келмайди. Фақат уни кутаман, бўлган дилхираликларни унутаман. Ахир, насиб қилган бўлса, бир кун фарзандли бўламан, балки ўшанда у ҳам ёнимда узоқ қолар.

Бу азобларни енгиб ўтиш, ўша кунларга етишиш насиб этармикан? Бунга менинг бардошим етармикан, билмадим?! Тўғри, тақдиримдан қочиб қутилиб бўлмайди. Лекин меникидай ҳаётни орзу қилган, мана шундай ҳаёт остонасида турган аёлларга ҳеч қачон иккинчи хотин бўлишни маслаҳат бермайман. Чунки бу азоб, бунга чидаб, тинч яшаш  ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Мафтунанинг дардларини БАҲОР оққа кўчирди.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий Ҳаёти ва ижодига оид қизиқарли маълумотлар

- Навоий 4 ёшидан мактабда таҳсил ола бошлаган.

- Навоий 7 ёшида буюк муҳаддис имом Ал Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадисларини ёд олган.

- Навоийга "Муқарраби ҳазрати султоний" (Султон ҳазратларининг энг яқин кишиси) унвони берилган.

- Навоий ўн беш-ўн олти ёшида туркий ҳамда форсий тилларда ижод қилиб, "икки тилли" шоир сифатида танилган. 

- Навоий ёшлик чоғларидаёқ ўзи ёқтирган шоирларнинг 50 минг байтдан ортиқ шеърларини ёд олган.

- Навоий туркий тилда ёзган шеърларига "Навоий", форсийдаги шеърларига "Фоний" деб тахаллус қўйган.

- Навоий ўз жамғармаси ҳисобидан Ҳиротда ва бутун Хуросонда 300 дан ортиқ иншоотлар қурдирган.

- Навоий 16 адабий жанрда ижод қилган. У туркий тилдаги  асари "Хамса"ни икки йил давомида ёзган. 

 

 Андижон туманидаги 24- умумтаълим мактаби ўқувчиси

 

Муборак ТОИРОВА тайёрлади.

ТАҲОРАТИМ ЙЎҚ ЭДИ...

Яқинда бир олим кишидан ушбу ривоятни эшитган эдим. Уни азиз ўқувчиларимга илиндим.

...Эмишки, турк султони ўнг қўл вазирининг Муҳаммад исмли ўғлини саройнинг бош муншийси қилиб ишга олибди. Бундан боланинг отаси - вазир беҳад хурсанд бўлибди. Йигит султон саройида ўзининг ўткир илми, одоби, хушфеъллиги, ширинсуханлиги, донолиги, хатининг чиройлилиги билан обрў топибди. Султон уни доим йиғилишларда ҳурмат қилиб, "Муҳаммаджон" деб чақирар, ёнига ўтқазар, майин табассум билан муомала  қилар эди. Вазир ўғли билан султон ўртасидаги ширин муносабатни кўриб, ич-ичидан қувониб юрди. Бу ахир отанинг бахти-ку.

Нима бўлди-ю, кунларнинг бирида саройдаги катта анжуманда султон Муҳаммадхоннинг номини айтмай:

- Вазирнинг ўғли, ёнимга кел, - деди. Бу сўзни эшитган вазирнинг ичига муз киргандай бўлди. Уни шубҳа босди: "Нега энди султон ўғлимнинг исмини айтмай "вазирнинг ўғли" деб чақирди? Ўғлим бирор бир ножўя иш қилдимикин?". Бир неча кун шундай хаёллар гирдобида юрди. Кунларнинг бирида султонни ҳоли топди. У анча хурсанд ўтирган эди, шунда вазир ўша кунги воқеанинг сабабини сўради. Султон кулиб:

-Ўғлингнинг исми-сарвари олам Муҳаммад (с.а.в.)нинг исми. Уни таҳоратсиз айтиб бўлмайди. Ўша мажлисда таҳоратим йўқ бўлгани учун "вазирнинг ўғли" деб чақирдим,-деди. Шундан сўнг вазирнинг шубҳаси йўқолди, кўнглига ёруғлик тушди.

Мен бу ривоятдан таъсирланиб, бир йиғилишда ўртоқларимга айтиб бердим. Ҳикоя тугагач, даврадагилардан бири - кекса педагог Мадаминжон Саидов:

- Домла, Навоий ҳазратларининг исми ҳақида худди шунга ўхшаш воқеани эшитганмисиз?, - деб сўраб қолди. Мен:

- Йўқ, эшитмаган эканман. Айтинг-чи? - дедим.

У гап бошлади:

...Бу воқеа Тошкентда бўлган. Алишер Навоий ижодига бағишланган катта анжуманга дунёнинг жуда кўп жойларидан йирик олимлар, машҳур шоир ва ёзувчилар, навоийшунослар, таржимонлар келган экан. Улар орасида доғистонлик машҳур шоир Расул Ҳамзатов ҳам бўлган. Анжуман тугагач, меҳмонлар шарафига катта ресторанда зиёфат берилган. Зиёфат охирида бир журналист йигит Расул Ҳамзатовни ҳоли топиб:

- Расул оға, Алишер Навоий ижоди ҳақида озгина интервью берсангиз? -дебди.      

Расул оға чўчиб:

- Болам, кўрдинг, мен зиёфатдан турдим. Таҳоратим йўқ. Бу улуғ зотнинг исм-шарифини таҳоратсиз тилга олиш гуноҳ... Эртага меҳмонхонага бор, ўша ерда батафсил гаплашамиз, - дебди. Журналист йигит эртасига меҳмонхонага бориб Расул Ҳамзатовдан интервью олган экан.

Олимжон РАҲИМОВ,

 

Асака тумани.

Қори ва қориялар Қуръон қироати бўйича мусобақалашди

Вилоятимизда "Ўзбекистон қуръон мусобақаси - 2018" кўрик-танловининг вилоят ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрда пойтахтимиздаги "Хасти Имом" мажмуасига ташрифи чоғида мамлакатимизда Қуръон мусобақасини ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Ана шу таклифдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан мамлакатимизда Қуръон мусобақасини кенг миқёсда ўтказиш белгиланган.

Бир неча кун давомида вилоятимизнинг қатор туман ва шаҳарларида Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони каримни қалб-ларига жо қилган қори ва қориялар, гўзал қироат соҳибу соҳибалари ўртасида мусобақалар ўтказилиб, юртимиз узра илоҳий калом янгради.

Ушбу мусобақанинг Андижон шаҳри, Олтинкўл, Асака, Избоскан, Шаҳрихон, Хўжа-обод ва Қўрғонтепа туманларида ўтказилган вилоят ҳудудий босқичида 18 дан 40 ёшгача бўлган диний таълим муассасаси талабалари, масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ҳамда Қуръони карим қироати бўйича иқтидорга эга қори ҳамда қориялар хифз ҳамда тиловат йўналишлари бўйича ўз иқтидор ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар.

Аллоҳнинг буюк неъмати - Қуръони каримни ёд олиш, чиройли ўқий олиш шарафига эга бўлган ўғил-қизларимизнинг гўзал савтлари ва Қуръон ўқишдаги маҳоратларидан баҳраманд бўлиш, завқланиш шарафига муяссар бўлмоқдамиз, - дейди Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоят вакили, вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар бўйича ёрдамчиси Саодатхон Расулова. - Бизга  шундай бахтни насиб этган Парвардигоримизга беадад ҳамдлар айтамиз, қолаверса, мусобақа ташаббускори бўлган юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

Юқори савияда ташкил этилган мусобақада 18 дан 25 ҳамда 26 дан 40 ёшгача бўлган 1185 нафар қори ва қория иштирок этди. Уларнинг чиқишлари, яъни қироати ҳамда диний билимлари мусобақанинг нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Уч кун давом этган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, хифз ва тиловат йўналишлари бўйича 27 нафар қори ва 17 нафар қория мусобақанинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Қуръон қироатининг хифз йўналиши бўйича ғолиб чиқиб, мусобақанинг вилоят  босқичига йўлланма олдим, - дейди Андижон шаҳридаги Фаробий маҳалласида яшовчи Рафиқахон Мухторжонова. - Диний сабоқ ва қироат илмини онамдан ўрганганман. Насиб этса, мусобақанинг келгуси босқичларида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан. Мен энг аввало, диний билимларимиз, Қуръони карим қироати борасидаги иқтидор ва салоҳиятимизни намоён этиш учун имконият яратиб берган мусобақа ташаббускори-     Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтаман.

Ҳудудий босқич ғолиблари ва барча иштирокчилар мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

жамоатчи мухбир.

 

Навоий ижодида аёллар тимсоли

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ижодига эътибор қаратсак, бу буюк зот оилани, оналар ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини юксак баҳолаб, уларнинг орзуларини назм ипига маржондек тизганини кўриш мумкин.

Алишер Навоий ўз даври ҳаётининг манзараларини кенг очиб берган ўлмас асарлар ёзиб қолдирди. У яратган ажойиб образлари орқали инсонпарварлик ғояларини илгари сурди. Навоий ўша даврнинг зулми остида эзилиб яшаган аёлларнинг қаддини кўтариш учун асарларида улар ҳақидаги илғор фикр ва орзуларни юксак бадиий шакл ва бўёқларда, ўзига хос бадиий воситалар орқали ифодалади. Аёлларга паст назар билан қарашни  танқид остига олди. Аёлларнинг бетимсол образларини яратиб, ўзининг ҳаётий ва романтик орзуларини баён қилди.

 

Қош бирла, кўзинг яхши  ёноғинг яхши,

Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши,

Енг бирла менгинг яхши  сақоқинг яхши,

Бир бир не дейин бошдин то оёқинг яхши.

 

Ўзбек мумтоз адабиёти тарихига назар ташлар эканмиз, аёллар образларини яратишдек муҳим ишга ҳеч бир шоир Алишер Навоийдек катта аҳамият бермаган. Вафо ва садоқат, ишқ-муҳаббат бобида гўзал аёллар тимсолини, уларнинг юксак маънавиятини ўз ғазалларида жуда чиройли ифодалаб берган.

Хотин-қизларга нисбатан салбий муносабат ҳукм сурган ХV асрда Навоий болалар тарбиясида аёллар - оналарни оталар билан баробар ўринга қўяди.

Ота ва она бирдек ҳурмат-эҳтиромга муносиб эканлигини баён этади:

 

Бошни фидо айла ато қошига,

Жисмни қил садқа она бошига.

Тун-кунингга айлагали нурфош,

Бирисин ой англа, бирисин - қуёш.

 

Алишер Навоий "Ҳайрат-ул-аброр" достонида фарзандларнинг ота-онага ҳамиша содиқ бўлиши, уларга самимий хизмат қилиши зарурлигини уқтиради.

"Фарҳод ва Ширин" достонидаги Ширин образи оқил ва доно, ижодкор, вафодор, ватанпарвар каби фазилатларга эга бўлган мукаммал аёл образидир. Ширин "Мен инсонман, шунинг учун ҳам чин инсонни севаман", дейди.

 

Менга не ёру не ишқ ҳавасдур,

Агар мен одам ўлсам ушбу басдир.

 

Аёллардан тадбиркор, олима, давлат арбоблари чиқишига ишонган Навоий ўз қарашларини Меҳинбону образи орқали ифодалаб беради.

 

Меҳинбону ки донишпарвар эрди,

Билик аҳлига шоҳи сарвар эрди.

 

Навоий тасвирлаган аёллар ҳар жиҳатдан юксак қобилият соҳибаларидир. Унинг Лайлиси эркин севгини истайди, ўша замон урф-одатларига лаънатлар ўқийди. Ширин тимсолида ватанпарварлик, одамийликни кўрамиз. Меҳинбону адолат ҳомийси, давлат бошлиғи, буюк истеъдод эгасидир. Лубатий Чиний камтар, баҳодир аёл тимсолидир.

Навоий яратган тимсолларда ХV асрдаги аёлга паст назар билан қаралган тузумда оғир кунларни кўрган, эзилган ва хўрланган аёллар нуфузини кўтаришга интилади. Айниқса,    даврдан норозиликни Лайли тилидан шундай ифодалайди:

 

Лайлики балоий фурқати бор,

Икки Мажнунча меҳнати бор.

Умр анга ғалат ҳавасдур, ахир,

Жон тарки ажаб эмасдур ахир.

 

"Сабъаи Сайёр" асаридаги чанг чалувчи Дилором тимсоли, вафодор аёл қиёфаси ўзига хос, гўзал кўринишлар орқали ифодалаб беради.

"Садди Искандарий" достонидаги Чин гўзали Лубатий Чиний образи ҳам жасур, кучли, мард, жангларда ўз матонати билан душманларга қарши мардонавор курашиб, фақат ғалаба қозонган мукаммал қаҳрамон аёл тимсолидир.

Алишер Навоий юқоридаги каби аёллар образини яратиш билан давр олдига муҳим ижтимоий муаммоларни қўяди. Шоирнинг беш аср аввал  орзу қилган ўй ва истаклари бугун озод ва обод мамлакатимизда ўз ижобатини топмоқда.

Бугун юртимизда аёллар қадр топган. Улар жамият ҳаётининг барча   жабҳаларида фаол иштирок этиб, ўзларининг гўзал маънавияти, билим ва маърифати билан миллатимиз шаънини, юрт равнақини кўтаришга катта ҳисса қўшмоқдалар.

 

 

Юлдузхон СОДИҚОВА

Камқонлик кўплаб хасталикларнинг келиб чиқишига йўл очади

Камқонлик - киши танасида темир моддасининг етишмаслигидан келиб чиқадиган хасталик ҳисобланади. Масалан, ҳар бир соғлом танада бор-йўғи 3-4 грамм темир моддаси мавжуд бўлади. Лекин у оз бўлишига қарамай, организм-да муҳим вазифани бажаради. Яъни у қизил қон таначалари таркибига кириб, тўқималарга кислород етказиб беришдек улкан ва муҳим вазифани бажаради.

Танадаги темир моддасининг қариийб 67 фоизи қизил қон таначалари (эритроцитлар) таркибида, 27 фоизи махсус бирикмалар (ферритин, гемосидерин) таркибида жамғарма сифатида, 5,9 фоизи эса организмдаги турли ҳужайралар таркибида, шунингдек, мускул тўқималари ва энзимлар таркибида ва ниҳоят озгина миқдорда (0,1 фоизи) қон плазмаси таркибида мавжуд бўлади.

Темир моддаси гўштли маҳсулотлар таркибида кўп бўлиб, улардан яхши сўрилади. Сабзавот, мева ва ўсимликларда эса бу модда гўштга нисбатан камроқдир.

Балоғатга етган қизларда ва аёлларда ҳайз кўриш, ҳомиладорлик ва бола эмизиш даврида кунига 1,5 ва ҳатто 2,5 мг.гача темир моддаси йўқолиши мумкин. Баъзан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат таркибида темир моддаси жуда оз бўлади ёки у ичак касалликлари туфайли организмга кам сўрилади. Шунингдек, ўсмир ёшларнинг тез ўсиши, аёлларда кетма-кет ҳомиладорлик, организмдан турли сабаблар билан қон кетиши туфайли ҳам танада темир моддасининг миқдори кескин камайиб кетади. Бундай ҳолларда зарур даражадаги темир моддаси аввал организмда тўпланган жам-ғарма ҳисобига тўлиб боради. Шу боис киши темир моддаси мавжуд маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиб юриши лозим.

Темир моддаси етишмаслиги туфайли келиб чиқадиган камқонлик натижасида организмдаги барча органлар   функцияси бузилади. Бу айниқса, ҳомиладор аёлда ҳомила ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, туғруқ оғир кечади. Бундай ҳолатда оналар ва болаларнинг тез-тез касалликка чалиниши кузатилади.

Камқонлик одамнинг меҳнат қобилиятини пасайтиради, шунингдек, бош оғриғи, юракнинг тез уриши ҳолатларини келтириб чиқаради. Киши тез чарчайди, кайфияти тез ўзгаради, арзимаган нарсалардан ранжийди ёки жаҳли чиқади. Темир етишмаслигидан беморда ҳимоя кучи пасаяди, танада сурункали касалликларнинг қўзғалиши, турли юқумли хасталикларга чалиниш эҳтимоли ортади.

Камқонлик касаллиги ҳатто инсоннинг ташқи қиёфасига ҳам таъсир қилади: сочлар тўкилади, тери қуруқлашади, оёқ товонлари ёрилади, тирноқлар юп-қалашиб синади, тишлар мўртлашади...

Бугунги кунда мамлакатимизда кам-қонликнинг олдини олиш бўйича шифокорлар томонидан қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, зарур барча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекис-тон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги ташаббуси билан вилоят, туман ва шаҳарларда камқонликни олдини олиш ва уни даволаш марказлари ташкил этилган. Улар махсус кўрсатмалар асосида касалликни тез аниқлайди, даволайди.

Саломатлигимиз ўз қўлимизда. Айниқса, камқонлик касаллигига эътиборсиз қарамаслигимиз керак. Истеъмол қилаётган кундалик таомларимизда гўшт маҳсулотлари билан бирга, нўхат, қуритилган ўрик, олхўри, кишмиш, гуруч, буғдой ва дуккакли ўсимлик маҳсулотлари  доимий бўлишини таъминласак, камқонликнинг олдини олган бўламиз.

Мунирахон БОЗОРОВА,

Андижон давлат тиббиёт институти  ўқитувчиси.

 

ЛОЙИҲА ТАРЅИБОТ ИШЛАРИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ

Оила жамиятнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Ҳар қандай жамиятда оилалар барқарор ва мустаҳкам бўлса, ўша жамият гуллаб-яшнайди. Шу боис ҳам мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, унинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони юртимизда оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Юрт тараққиёти оилалар мустаҳкамлиги, оиланинг барқа-рорлиги ва манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ. Қолаверса, инсонлар ҳам ўз бахти ва саодатини энг аввало, оиласи билан боғлайди. Яъни, ўз уйи, оиласида бахт топган инсонгина ўзини жамиятда эркин ва тўлақонли ҳис этади. Шу маънода фармонда оиланинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш билан боғлиқ жуда кўп вазифалар белгиланган.

Фармонга асосан "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази  ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика "Оила" илмий-амалий маркази негизида ташкил этилиб, "Соғ-лом оила - соғлом жамият" концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, бу соҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва самарали татбиқ этиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади.

Марказ мутахассислари фармон ижроси доирасида  умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг  мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда "Оила жамият ва давлат ҳимоясида" конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб боришлари алоҳида қайд этилган.

Энди куч ва имкониятимиз кенгаяди, вилоятимиздаги мавжуд 700 мингдан зиёд оилаларни ўрганиш, зарур тадқиқотлар ўтказиш, замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек,  давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туришга қаратилган ҳамкорликдаги  ишларимиз аниқ натижа ва самаралар беради.

Шу ўринда "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" деб номланган мазкур лойиҳа мақсад ва йўналишига кўра давлатимиз раҳбарининг фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш билан ҳамоҳанг эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун Марказимиз таҳририят билан яқин ҳамкорлик қилади. Ишонаманки, лойиҳада белгиланган ишлар вилоятимизда соғлом ва баркамол оилани шакллантириш, бу борадаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам беради.

Дилдорахон САМАДОВА,

 

"Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали директори.