+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОЛИС ЮРТДАН КЕЛГАН МАКТУБ

Турмуш чорраҳаларида

Тўй тадориги билан юрган Нафиса ота-онаси билан чет элга кетган дугонаси Мадинадан телеграмм тармоғи орқали мактуб олди. У қувончдан, дугонасининг табригини барча эшитсин дея, мактубни овоз чиқариб ўқий бошлади.

"Салом, дугонам Нафиса! Тўйинг муборак бўлсин! Телефон орқали қариндошлар билан гаплашаётиб, сени сўрагандим, тўйинг бўлаётганини айтишди. Бу хабарни эшитдиму, севинчим ичимга сиғмай дарров сенга хат ёздим. Илоҳим, бахтинг бекам бўлсин.

     Тўйинг яқинлашиб маҳалладош қизлар сизларникига серқатнов бўлиб қолишгандир. Қани энди мен ҳам сизлар билан бирга бўлсам... Тўй дарагини эшитдиму, кўз олдимга ўзбекона урф-одатларимиз келди. Атласу адрас кўйлак кийган қизлар карнай-сурнай садолари остида куёвнинг кириб келишини ҳаяжон билан кутишини ўйласам, кўнглим алланечук тўлқинланиб кетади. Айниқса, маъзар учун пишириладиган қатлама-сомсаларнинг ҳиди димоғимга урилгандек бўлади. Ана шу онларда бетакрор юртимизда бўлиб қолгим келади. Дугоналарим билан анҳор бўйларида юриб, Раҳмонжон тоғанинг боғига боришни, олма-ю нокларни қарсиллатиб ейишларимизни соғиндим. Содда ва дилкаш қўшниларимизни кўргим келди.

    Сенга хат ёзаётганимда онам олдимдаги дастурхонга қўйган чет элнинг тилим унча келмайдиган номдаги меваларига қарагим келмайди. Кўнглим Андижоннинг қуёшида тобланиб пишган анор, узум, қовун-тарвузларни тусаяпти. Ён қўшниларимиз - тили, дини   бошқа одамлар билан мулоқотда бўламану кўзларимни олисга, Ватан томонга тикаман. Ўз тақдиримни ўйласам беихтиёр кўзларим ёшга тўлади. Бу ерга ишлагани келган ота-онамни тушунишга ҳаракат қиламан.

Кичкиналигимда онам кўз-ёш тўкса, нега йиғлаётганини тушунмасдим. Энди ўйласам, инсон улғайгани сари туғилган юртини, ота-онаси, қариндошларини, она юртини соғинаркан. Кунора онам билан катта озиқ-овқат дўконига чиқамиз. Номи дунёга машҳур егуликларни сотиб олсак-да,  ишонасанми, йўқми, ўша кўчамиз бошидаги баққол Пошшахон холадан шўр писта олган пайтимиздагидек ҳузур қилмайман. Дам олиш кунлари пляжга бораману, ҳовлимиздан оқиб ўтувчи, биз чўмиладиган анҳорнинг лойқа сувларини қўмсайман. Эски тегирмон, пахса деворлар, биз оёғимизни сувга солиб ўтирадиган кўприкни энтикиб-энтикиб эслайман.

Саккиз ёшимда бу ёққа кўчиб келдик. Бешинчи синфда ўқиётган йилим бувим вафот этди, Ўзбекистонга таъзияга бордик. Ўшанда сен билан танишгандим. "Хола-хола", "Меҳмон-меҳмон" ўйнардик. Сендан "Ёрилтош" эртагини эшитгандим. Энди сизларга ўргана бошлаганимда яна ортга қайтгандик. Ўшанда менга жуда ҳавасинг келганди. Мана, йиллар ўтиб, 20 ёшга тўлибсан. Ҳозир сенга ҳавасим келяпти. Чунки сен бахтлисан. Ўз ватанингда, ўзинг хоҳлаган инсонга турмушга чиқяпсан. Оқ ҳарир рўмол ёпиниб, ибо билан барчага салом берасан. Орзу қилганингдек, чимилдиққа кирасан. Мен-чи? Бундай гўзал онлар, тенги йўқ бахт менга насиб этармикан? Чет элнинг йигитлари билан танишишга юрагим дов бермайди.

Ўртоқжон! Чет эл мебели, сўнгги модадаги кийим-кечакларни деб ҳалол ишлаб юрган ота-онангни қийнама. Борига шукур қил. Бахтингни асра, авайла. Ёрингга вафоли бўл.

Қани энди, имкон бўлса-ю тўйинг куни ёнингда бўлиб, сенга бахт тиласам. Насиб этса, мен ҳам бир кун Ватанимга қайтарман. Ажабмаски, орзуларим тезроқ рўёбга чиқса. Мендан барчага салом айт. Сенга бахт тилаб, олисдаги дугонанг Мадина".

* * *

Хатни ўқиб кўнгли бузилган Нафиса дугоналарига юзланди. Уларнинг кўзларида ҳам ёш йилтиллар эди. Сезмабди, онаси ҳам хонага кириб, қизларнинг қаторига қўшилган экан. Хатни эшитганларнинг ҳаммаси Мадинага ачинишди. Унга ҳам ўзи орзу қилган гўшангага келин бўлишини Яратгандан сўрашди. Бу лаҳзада барчанинг юз-кўзида ўз она юртида яшаётганидан шукроналик, мамнунлик сезилиб турарди. Ота-онасига "Қимматбаҳо мебель олиб бермадинглар" дея араз қилаётган келинчакнинг ҳам кўнгли юмшаб, ройиш тортганди. У бойлик, матоҳ инсонга бахт бермаслигини тушуниб етганди.

Ойдин МАМАДАЛИЕВА