+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Баҳор куйчиси

1 март - Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия таваллуд топган кун

Инсон кўзларидан жон олар баҳор,

Барча томирида унинг учқуни.

Ўтмишнинг беҳуда они каби қор,

Беиз, бедард эриб кетар учқуни.

Баҳор - янгиланиш, яшариш, уйғониш фасли. У қалбларга иссиқлик ва нур олиб келади. Қаҳратонда қақшаган табиатни уйғотиб, борлиқни гулу майсага буркайди.  Бундай манзарани кўрган ҳар бир инсон табиатдан илҳом олади, шундай беқиёс ўлкада яшаётганига шукрона келтиради. Ижодкор инсонлар эса шундай манзарани кўриб, у ҳақидаги ҳис-туйғуларини қоғозга туширгиси келади. Зулфияхоним ҳам ана шундай туйғулар куйчисидир, унинг баҳор ҳақидаги     шеърлари қалбларга гўзал туйғуларни сола олади.

Мактабда адабиёт дарсида шоиранинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, ҳар биримиз унинг шеърларидан ёд оламиз. Менга шоиранинг айнан баҳор ҳақидаги шеърлари жуда ёқади. Шеърларининг ҳар бир сатрида жўшқинлик, жилвакорлик мавж уради. Айниқса,  "Яна бугун баҳорга зорман", дея бошланувчи шеъри менинг қалбимдан чуқур жой олган.

Яна бугун баҳорга зорман,

Ўз баҳорим каби шошқалоқ.

Яна бугун баҳорга зорман,

Кутавериб дил бўлди қадоқ.

Ҳа, шоира ҳар баҳорни ана шундай интиқиб, зор бўлиб кутган. Уни кута - кута диллари қадоқ бўлган. Зулфия шеърини "Мен чизолмаган сурат",  деб номлаган. "Халқимизда камтарга камол" деган нақл бор. Бунинг устига, санъаткор ҳар доим ўз ишидан қониқмаслик ҳисси билан яшайди. Устоз шоира ҳар доим "Жасоратинг баёни қай ранг, Доноликнинг белгиси қай сўз" эканини билдиради. Аммо, унинг шеърларида биз ҳаётнинг, инсон ҳолатининг турли-туман рангин суратларини кўрамиз. Бу рангин суратлар манбаини шоирага она юртнинг ҳассос куйчиси, устоз Ҳамид Олимжон кўрсатиб кетган. Улар чизилажак бўёқлар ҳам ўша ерда, яъни ўша манбада.

Мафтун этганидай мени оқ тонглар,

Куй олиб киради гўзал оқшомлар...

 Бу гўзал борлиқ, макон - табиат. Бироқ ҳар қандай гўзал тасвир гўзаллик намунаси бўлавермайди. Ҳар бир табиат унсурига "жон ато" этилганидагина, у ҳақиқатда ҳаракатда бўлганидагина, ҳақиқий гўзаллик касб этади. Зулфия чизган гўзал суратлар, она Ўзбекистонимизнинг ҳар бир манзараси жонли, ҳаракатда. Чунки:

Одамлар дарёси оқар ёнимдан,

Қарайман:

Ҳамма - ҳаммаси таниш.

Билмайман исмин ҳам, касбин ҳам аммо,

Биламан, барида буюк интилиш.

Эртани бугунга келтириш учун,

Бугундан гўзалроқ дамга шошади.

Ҳаётда ҳали ҳеч тарих  кўрмаган

Зафар китобидан варақ очади.

Ўзининг камтарона эътирофи ила айтганда "қалам деҳқони" Зулфиянинг ижодий хазинаси - сирли бир олам: унинг на чек-чегараси бор, на...Бу оламда адашиб кезиб юраверасиз, аммо чиқиб кетиш хаёлингизга ҳам келмайди. Чунки бу оламда шоира она юрти ва жаҳонни кезиб кашф этган дунё ва инсон манзаралари сизни сеҳрлаб қўяди. Ўша сеҳр бу оламда сизни гўзал Фарғона ва олис Миср, Ҳиндистоннинг афсонавий гўшаларига сайрга олиб чиқади, қайноқ давраларга олиб киради, жаҳон маданиятининг улкан арбоблари билан таништиради. Бу оламда сиз гўзаллик, эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги азалий узвий муносабатни кўрасиз, амин бўласизки, баҳор, садоқат, меҳнат, таянч, орзу, ватан... бўлмаганида уларни "Одамзот албат ўзи кашф этарди, Кашф этгандай бахт".

Зулфиянинг ижодий хазинаси шеърий жавоҳирлардангина иборат эмас. Унда юқорида тилга олинган таржималар, ҳамюртларимиз сурати чизилган очерклар, сафдош шоираларнинг ижодий қиёфаларига чизгилар, ҳам устоз Ҳамид Олимжон хотирасига кўрсатилган яна бир эҳтиром - "Зайнаб ва Омон" опера либреттоси... Хуллас, таъбингизга нима маъқул бўлса, ўша нарсани топасиз. Табиатингиз равшанлашади, аллақандай бир қониқиш, қаноат туясиз.

Яна шунга амин бўласизки, сизга бу лаззатни инъом этаётган шоира - ҳаётнинг, ижоднинг барча иссиқ-совуғини кўрган инсон - қанчалик фожеий, қанчалик машаққатли бўлмасин, кечирган умридан нолимайди, ундан мусулмон фарзандига хос оддий, инсоний хулоса чиқаради:

 

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.

Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:

Суйдим.

Эркаландим,

Айрилдим,

Куйдим,

Иззат нима билдим,

Шу - да бир яшаш!

      

Аслида ҳам инсонга шундан ортиқ нима керак? Бироқ шоиранинг яна бир ўтинчи бор. Гарчи бу ўтинч Зулфиядек шоира учун ортиқчадек туюлади, аммо, донишлик инсон ўз тақдирида бирон - бир вазиятни истисно қилмаслиги кераклигини ҳам тақозо этар экан:

Қайноқ суйгум,

Куйим,           

Совуқ жасадим,

Она - Ватан, ўтинч, бағрингдан қуйма!

 

Барча учун ибрат бўлгулик гаплар. Барчамизнинг энг олий бахтимиз, энг олий ниятимиз шу.

Зулфия баҳорнинг бошида таваллуд топган. Фасллар ичида одамлар қувонч билан кутиб оладигани - баҳор. Чунки бу фасл янги ҳаво, янги ҳаёт олиб келади.

 

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА,

 

Андижон саноат-энергетика коллежи ўқувчиси.