+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Ўқувчи қизнинг дил кечинмалари ёҳуд аёл ҳақида сўз

Аёл сиймосига чизгилар

Ўртоқларим мени ҳамиша хаёлпараст, ёввойи деб устимдан кулишади. Шу сабаб мудом четда юраман. Ҳозир ҳам одатдагидек, адабиёт дарсида ўтирар эканман, жимгина деразадан мовий осмонни кузатаман. Қанчалар кенг у, худди менинг бетизгин хаёлларим қадар. Шу аҳволда қанча ўтирдим, билмайман. Бир пайт ўқитувчимиз келиб, менга қарата нималардир деб  куйиб-пишаётганини сезиб қолдим. Бирдан ўзимга келдим. Устознинг сўзларини англадим. Ҳа, айтмоқчи, адабиётдан иншо ёзаётган эдик-ку!

Шаддод, аълочи қизлар ғайрат билан иншо ёзишни бошлаб юборишибди. Ҳали ҳеч нарса ёзилмаган тоза дафтаримга қарайман: "Аёл - ҳаёт давомчиси", деб ёзибману, бошқа ҳеч нарса йўқ. Секин олд партадаги қизларни кузатаман. Иншони анчагина қоралаб қўйишибди. Гарчи менга орқа қилиб ўтирган бўлишса-да, нима ёзаётганларини сезиб турибман: "Аёл-гўзаллик маъбудаси, аёл қошлари қундуз, кўзлари юлдуз, юзларидан ойлар ҳусн талашган, қовоқлари бодом янглиғ, лаъли мисол лаблар..." қабилидаги шоирона сўзлар. Аслида аёлларнинг барчаси ҳам ой юзли, қундуз қошли эмас-ку!..

Мана масалан, ён қўшнимиз Ойниса опа, 5 фарзанд топиб, тўрттасидан жудо бўлган, умри фақат оғир меҳнат билан ўтиб, ҳасратли бевалик юзларига эрта ажин ташлаган, қачон кўрманг, бирор жойи оғриганидан шикоят қилади. Аммо уни ўғил туғиб бермагани учун таҳқирлаб, шу кўйга солган ўша инсон ҳақида ҳеч қачон маломат қилмаган. У ҳам аёл зотидан.

Яна бир аёлни биламан. Ёшлигида қишлоқ йигитларини ақлдан оздиргудек даражада соҳибжамол бўлган, аммо ўгай она тазйиқи билан ўзга қишлоққа, танимаган-билмаган одамга узатилиб ва ўша жоҳил одамга бир умр сиғиниб, калтакларидан хўрланса-да, уни навқирон ошиқларидан устун қўйиб, қўл етмас юксакларга кўтариб қўйган бир муштипар. У ҳам аёл.

Бироқ, беш қўл баробар эмас. Аёлни гул янглиғ асрагувчи, турмушда у билан ҳамнафас, ҳамфикр яшаётган эркаклар ҳам бор. Уларнинг садағаси кетсанг арзийди.

Эй дўстларим, қадрим билса,

бош эгаман аёлга,

Дардли пайтим сўраб келса,

бош эгаман аёлга.

Аслида ҳам шундай! Аёл, деганда саранжом-саришта, тонгги юмушни шомга қолдирса юраги ғашланадиган фаришта мисол бир хилқат кўз олдимизга келади. Дунёда улар борлигининг ўзи бахтиёрлик нишонаси эмасми?!                       

Қаранг, уфқдан қуёш бош кўтармоқда. Яна бир тонг отди. Яна ҳар кунгидек ғам-ташвишлару, шодлик-қувончлар қоришиқ бир кун. Кейин яна оламни зулмат қоплаб, тун пардаси тортилади. Бу бир хиллик албатта, жонга тегади. Қайларгадир бош олиб кетгинг келади. Агар аёл бўлмаса..., агар она бўлмаса..., агар ёр бўлмаса...

Агар аёл бўлмаса хонадон - файзсиз. Агар она бўлмаса келажак - нурсиз, агар ёр бўлмаса ошиққа ҳаётининг қизиғи борми? Аёлда қандай синоат борки, усиз ҳаёт шами сўнса, қалб дарвозаси беркилса? Аёл ким аслида? Қандайин мўъжизаки, жаҳон саодати ундан бошланса?

Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло жамики жонзотлар, бутун борлиқ ва уларга сардор қилиб Одам Атони яратибди. Неча вақтлар ўтиб, Одам Атонинг чап қовурғасидан Момо Ҳавони бунёд этибди. Улар бир-бирларидан айро узоқ, жимгина яшабди. Сарвари олам ўйлаб, уларнинг содда дилига бир мўъжизани солибди. Бу мўъжиза севги эди. Муҳаббат оташи дўзах оташидан-да хатарли эди. Иккиси икки ёнда ўз ёғига қовурилиб, кунлар ўтди. Аммо, ё фалак, Одам Ато изтиробга ортиқ тоб бера олмади. Илк бор Момо Ҳаво олдида тиз чўкди. Кўрингки, оламдаги илк инсон, қудрат соҳиби бир ожиза олдида бош эгди.

Мана, аёлнинг биринчи синоати. Балки шундан мерос эр кишига севги изҳори, қизлар ишқдан ёниб битар, лек айтмас дилда бори, зеро, шоир айтганидек,

Билмайсан ҳеч сени бир қиз,

Кутар кун-тун, умидсиз армон билан.

Лекин билгин, айтмас тили,

Пок ишқини, токи кетгай жон билан.

Раҳматли энам айтардилар: "Эркак кўча учун, аёл уй учун яралган", деб. Албатта, мен аёлнинг уй чўриси бўлишини сира-сира истамайман. Лекин аёл эркаклар каби буткул кўчаники бўлиб қолмаслиги керак-да. Аёлларни гўзаллиги, соғлигини қайтариш даркор. Ақалли уларнинг иш жойларида қандайдир имтиёзлар яратиш жоизмикан, дейман. Менинг назаримда, у гўзаллик учун, муҳаббат учун, оила парвариши, фарзанд тарбияси учун яралган.

Ақидаларга кўра, аёлнинг эзгу қўшиғи-она алласини эшитиб улғайган бола қалбида меҳр-шафқат, ватанга муҳаббат, комил инсон фазилатлари мустаҳкамланаркан. Ва албатта, бу қўшиқни ҳеч бир истеҳзосиз аёлнинг яна бир синоати деб атардим.

Ҳазрат Навоий "Ким араб алфозида жинси муаннасдир, қуёш, яъни араб лафзида офтоб Аёл жинсидандир", деб аёлни улуғлаган. Соҳибқирон Амир Темур Сароймулкхонимга атаб қурдирган "Бибихоним" мадрасаси, буюк Бобурий сулоласи вакили Шоҳжаҳоннинг суюкли Маҳбубаси Мумтозмаҳал учун барпо этдирган, дунёнинг етти мўъжизасидан бири -  Тожмаҳал обидаси ҳам аждодларимиздан мерос - аёлга бўлган юксак эҳтиром сифатида жаҳон аҳлига неча асрлар мобайнида намуна бўлиб келмоқда.

Табиат ўзбек қизига бетакрор ҳусн ато этган. Ўзбек қизи ҳаё, ибоси дунёнинг турфа хил миллат, элатлари вакилалари ҳусну латофатидан ажралиб туради. Хонадонларда қиз туғилса "Ҳолво" деб хабар қилишади. Қиз болага берилган бу қадимий сифат қизларнинг ҳолвадай ёқимли, севимли,  хушбўй бўлиб камолга етишларига бир ишорадир балким...

Аёл бор жойда файз бор, меҳр-шафқат бор. Уларнинг жисму жонларига омонлик керак. Токи улар даврининг шиддатли оқимларида ўзлигидан, момоларини азизу мукаррам этиб тарбиялаган урф-одатларидан узоқлашиб, адашиб кетмасин. Дунё яралибдики, ўзбек аёли иффату ҳаё, меҳру назокат тимсоли бўлиб келган.

Шу сатрларни ёзаяпману ҳозир танаффусга қўнғироқ чалиниши, иншони тугатишим кераклиги ёдимга тушди. Мен хаёлпарастга қўйиб берса, илҳом келиб қолганида роман ёзсам керак. Нима бўпти? Аёл зоти шунга арзийди! Аёл - кўзларнинг нури, қалбларнинг қўри ва ҳамиша шундай бўлиб қолади.

 

Ҳувайдо ДЕҲҚОНБОЕВА,

 

Избоскан туманидаги 19-мактаб ўқитувчиси.