Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Жорий йил 29 май - 4 июнь кунлари маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи Балиқчи туманидаги 66 маҳаллада фаолият олиб борди.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ишчи гуруҳлар мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудлардаги маҳаллаларга, оилаларга кириб бориб, мавжуд муаммоларни ўрганиб, ижобий ҳал этаётгани, ҳар бир фуқаро билан юзма-юз мулоқот ўтказаётгани самараси ўлароқ, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, одамларнинг онг-шуури юксалмоқда, эртанги кунга бўлган ишончи ортмоқда. Буни Республика Ишчи гуруҳининг Балиқчи туманидаги фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Балиқчи туманида 34 минг хонадондаги 52 минг оила таркибида 194 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 64 фоизини 18 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Туманда 56 та умумтаълим мактаби, 32 та мактабгача таълим муассасаси, 8 та қишлоқ врачлик пункти, 6 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 2 та кўп тармоқли поликлиника мавжуд.
Ишчи гуруҳ аъзолари 66 маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлишиб, қарийб 30 минг хонадоннинг ҳаёти, турмуш тарзи ва муаммоларини ўргандилар. Ўрганишлар жараёнида фуқароларни асосан табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, тоза ичимлик суви танқислиги, саломатлигини сақлаш, бандлиги билан боғлиқ муаммолар қийнаётганлиги аниқланди. Шунингдек, электр энергияси таъминоти, мактабгача таълим, уй-жой, моддий ёрдам масалаларида ҳам ўнлаб оилалар олдида қатор муаммолар турганлиги аён бўлди.
Айрим раҳбарларнинг эътиборсиз ва масъулиятсизлиги оқибатида йиллар давомида ҳал этилмасдан келаётган, лекин ҳал этиш имкони бўлган кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Энг қувонарлиси, ишчи гуруҳи таркибида ҳар бир соҳа вакилининг борлиги, уларнинг фуқаролар билан юзма-юз қилган мулоқотлари, хонадонлардаги шарт-шароитларни кўздан кечириб, мавжуд ҳолат билан яқиндан танишишлари натижасида муаммоларнинг аксарияти ўз ўрнида ечимини топди.
Республика Ишчи гуруҳи томонидан жойларда 6 мингдан зиёд муаммо аниқланиб, уларнинг 67 фоизи бартараф этилди.
Ишчи гуруҳ саъйи ҳаракати билан турли хасталик ва жисмоний етишмовчиликлардан азият чекаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилди. Тумандаги 20419 нафар фуқаро, жумладан, 1095 нафар ногирон, 1450 нафари фахрийлар вилоятдаги ихтисослашган тиббиёт муассасаларнинг малакали шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 1100 нафар беморларнинг яшаш жойига бориб, саломатлиги кўрикдан ўтказилди. Тиббий текширувлардан сўнг, кўплаб фуқароларга республика ва вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказида бепул даволаниши учун йўлланмалар берилди.
Ўрганишлар давомида аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, хусусан, уй-жойга муҳтож 10 оилага моддий ёрдам кўрсатилди, 274 фуқаро ишга жойлаштирилди.
Юзма-юз мулоқот жараёнларида кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун фуқаролар Президентимиздан беҳад миннатдор эканликларини билдиришди.
Республика ишчи гуруҳи ижтимоий соҳа объектлари - мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, шифохоналар фаолиятини янада яхшилаш юзасидан ҳам зарур амалий ёрдамлар кўрсатди.
Ишчи гуруҳ фаолиятидаги яна бир эътиборли жиҳат шу бўлдики, жойларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятининг оширилиши халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ҳамда садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, "Нуроний" жамғармаси томонидан юздан ортиқ номдаги икки мингдан зиёд китоблар Балиқчи туманидаги 4 та сектор штабига ва "Омонариқ" маҳалла фуқаролар йиғини кутубхонасига тақдим этилди.
Шаҳрихон тумани маданият саройида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳамда унинг вилоят вакиллиги мутахассислари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, тумандаги мавжуд 76 маҳалла фуқаролар йиғинларининг отинойилари, имом-хатиблар иштирок этди. Вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Саодатхон Расулова барчани муқаддас Рамазон ойи билан қутлаб, бугун юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, динимиз арконларини бажаришда фуқароларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, отинойиларнинг вазифалари, бурч ва масъулиятлари, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилиши зарур ишлар, галдаги муҳим вазифалар хусусида тўхталди.
Туман бош отинойиси Муқаддасхон Солиева бугунги кун отинойиси қандай бўлиши кераклиги, тўй-ҳашам, маърака ва маросимларни ўтказишда отинойиларнинг роли ва ўрнига тўхталди.
- Отинойи халқнинг юзи, уларга халқ эргашади, сўзларига барча бирдек қулоқ тутади. Бир сўз билан айтганда, отин-ойилар замон билан ҳамнафас бўлиб яшамоғи ва ишламоғи лозим, - деди туман бош отинойиси М. Солиева. - Бугунги тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу ғояни ҳар бир отинойи онгига сингдиришдан, уларни янада фаол ишлашга ундашдан иборат.
Тадбир давомида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг масъул котиби Майрамхон Абдуллаева, "Хадичаи Кубро" қизлар мадрасаси мударриси Муҳаррамхон Қутбиддинова иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар бердилар.
Тадбир доирасида отинойиларнинг диний ва дунёвий билимлари синовдан ўтказилди.
Аёллар спорт фестивали истеъдодли спортчи аёлларни кашф этди
Андижон Олимпия заҳиралари коллежида "Соғлом аёл - соғлом келажак" шиори остида аёллар спорт фестивалининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Хотин-қизлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, спорт орқали уларнинг саломатлигини сақлаш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилган мазкур спорт фестивалида 25 ёшдан юқори аёллардан тузилган турли соҳа ва йўналишлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг жамоалари иштирок этди.
Фестиваль очилишида сўз олган шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Равшаной Жўрабоева ва бошқалар мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш, аёлларни хусусан, уй бекаларини спортга жалб этиш, уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур имкониятлар яратиб бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, ўтказилаётган аёллар спартакиадаси мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидладилар.
Иштирокчилар спортнинг волейбол, баскетбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, шашка, сузиш, дартс, гимнастрада турлари бўйича ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.
- Иш, оила, бола-чақа ташвиши билан бўлиб аксарият аёлларимиз спорт билан шуғулланишга имкон ҳам, вақт ҳам топа олмайдилар, - дейди Андижон шаҳридаги "Машъал" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Саида Аҳмаджонова. - Аммо маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида биз билмаган қанчадан-қанча қобилият соҳибалари бор экан. Спорт фестивали орқали хотин-қизларимизнинг қанчалик спортга чанқоқ, нақадар серқирра эканликларининг гувоҳи бўлдик. Айтиш мумкинки, фестиваль кўплаб истеъдодли спортчи аёлларни кашф этди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар жамоасига иккинчи, Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси жамоасига учинчи ўрин насиб этди. Шунингдек, фестивалда бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Fолиб ва совриндорлар тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари ва республикамизнинг тарихий шаҳарларига 3 кунлик сайёҳат йўлланмаси билан тақдирландилар.
Балиқчи тумани маданият ва истироҳат боғида "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги" доирасида "Қизлар сайли" тадбири бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда тумандаги касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларининг ўқувчи қизлари, шунингдек, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этишди.
Вилоят хотин қизлар қўмитаси, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, Балиқчи туман хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир қизларимизнинг билим олиш, касб-ҳунар ўрганиш, китоб ўқишга бўлган қизиқиши, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, шунингдек, уюшмаган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг кийиниш маданиятини юксалтиришга, онгу тафаккурини турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини шакллантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг намойиши бўлди.
Сайлда ижодкор қизларнинг назм, наср, амалий санъат, ҳунармандчилик ва мусаввирлик йўналишларидаги ижодий кўргазмалари ташкил этилди.
- Бугун халқимизга хос бетакрор миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимиз қизлар ўртасида бўлиб ўтган ўсма ва хино қўйиш, соч ўриш, алла ва лапарлар айтиш каби беллашувларда яна бир бор бўй кўрсатди, - дейди Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гўзалхон Деҳқонова. - Айниқса, ҳунарманд қизлар томонидан тайёрланган совғабоп буюмлар, миллий каштачилик, зардўзлик, амалий санъат намуналари момоларимиз ардоқлаб келган анъаналарнинг умри боқийлигидан дарак берди. Қолаерса, тадбир кўплаб иқтидорли қизларимизни кашф этди.
Тадбир доирасида ташкил этилган китоблар кўргазмаси, фахрий онахонлар иштирокида қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги давра суҳбати, турли спорт мусобақалари тадбир меҳмонлари ва иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этди.
Инсон ҳаёт экан хато қилади, айб-нуқсонга йўл қўяди. Шу боис ҳамиша одамлар орасида турли келишмовчиликлар, фикрлар қарама-қаршилиги бўлиши табиий ҳол. Лекин икки кишининг гапи бир-бирига тўғри келмай, ҳатто уларнинг зиддият даражасига бориши дуруст эмас. Айниқса, жаҳл келганда нафснинг қўли баланд келиб, киши ғазаб устида ножўя сўз айтиб қўйиб, кейин бир умр афсус-надомат чекиб юриши мумкин.
Ана шундай вазиятларда киши оғир-вазмин бўлиши, мулоҳаза билан иш юритиши, муроса қилиши энг тўғри йўлдир. Бир гапдан қолиш ўрнига киши қайсарлик, мулоҳазасизлик, муттаҳамлик йўлини тутса, турли кўнгилсизликлар гирдобига тушиб, одамларнинг назаридан қолиши мумкин. Бу яратганга ҳам хуш келмайдиган ҳолатдир.
Яна ҳар бир банда яхши билиши керакки, инсоният тарихида шу пайтгача ҳали ҳеч ким уришиб, жанжаллашиб яхшиликка, савобга эришмаган. Аксинча, муросасизлик, ўзбилармонлик, димоғдорлик, биродарлар орасида араз-гинани юзага келтирган. Араз-гина кишининг обрўсини туширади ва гуноҳга етаклайди.
Анас ибн Молик (р.а.) Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: "Бир-бирларингиз билан аччиқлашманг, ҳасад қилманг, тeскари қараб кeтманг. Эй, Аллоҳ таолонинг бандалари! Бир-бирларингиз билан ака-ука бўлинглар. Ҳeч бир мусулмон киши ўз биродаридан уч кeчадан ортиқ аразлаб юриши жоиз эмасдир".
Ушбу ҳадисдан аён бўладики, шариатда уч кундан ортиқ араз, гина қилиш мумкин эмас. Афсуски, айрим кишилар, айниқса, мерос масаласида бир оиланинг фарзандлари бўла туриб, бир-бирлари билан низолашиб, йиллар давомида аразлашиб юрадилар. Ҳолбуки, Ҳазрати Набий (с.а.в.): "Киши ўз биродари билан бир йилгача сўзлашмай юрса, гўё унинг қонини тўккандeк бўлади", деганлар.
Динимизда аразлашган кимсалар токи ярашиб олмагунларича уларнинг гуноҳлари кечирилмайди. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади - Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ҳар душанба, пайшанба кунлари жаннатнинг дарвозалари очилади ва Аллоҳ таолога ширк кeлтирган кишилардан бўлак ҳамманинг гуноҳи мағфират қилинади, лeкин ораларида қаттиқ адовати бўлган икки киши ярашиб олмагунча уларнинг гуноҳларини ўчириш тўхтатиб турилади", дедилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳадисларидан бирида шундай марҳамат этадилар: "Мусулмон киши биродари билан уч кундан кўп аразлашиши ҳалол эмас. Ким уч кундан кўп аразлашиб вафот этса, дўзахга киради" (Абу Ҳурайра (р.а.)дан Имом Бухорий ва Муслим шартларига биноан ривоят қилганлар).
Демак, араз-гина, адоват ёмон иллатлардан, қолаверса, банданинг гуноҳи авф этилишини тўсар экан. Бундан ҳар бир мўмин киши хулоса чиқариб олиши лозим. Яъни одам ўзини идора қила билиши, ҳаётида билиб-билмай қилган гуноҳларини ювиш учун ҳам биродарини кечириши, кимлар биландир ораларида адоват, гина-қудурат бўлса, ундан албатта, воз кечиши керак.
Зеро, бу борада Абу Аюб (р.а.)дан шундай ривоят келтирилади: "Ҳeч бир киши ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юрмоғи ҳалол эмас. Иккаласи тўқнашиб қолса бири у ёққа, иккинчиси бу ёққа юз ўгириб кeтмасин. Уларнинг яхшироғи аввал салом бeрганидир".
Инсон ўзининг шажарасини билиши керак. Ҳар биримиз аждодларимиз ким бўлган, қаерда яшаган, қандай касб-ҳунар билан шуғулланган, фарзандлари ким бўлган сингари қатор саволларга жавоб бера олишимиз зарур.
Биз шажарамизни яхши билишимиз, фарзандларимизни ҳам ундан хабардор этишимиз лозим. Бу аввало, зурриётларимизнинг ўзлигини англашига ёрдам беради, қалбларида авлодларидан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлайди.
Шажара тузиш, ёзиб қолдириш ўтмишда олий табақа кишиларида - тўразодаларда, подшозодаларда бўлган. Подшоларнинг шажарасини махсус тарихчилар ёзиб борган.
Маълумки, ўтмишда одамлар уруғ-уруғ бўлиб яшаганлар, қариндош-уруғлик муносабати билан ўзаро боғланган, бир жойда яшайдиган кишилар уруғлар дейилган. Тарихчи олим, академик Бўрибой Аҳмедовнинг маълумот беришича, ўзбек миллати 92 уруғдан ташкил топган. Уруғлардан кўпчилигининг номлари бугунги кунда Арғин, Баҳрин, Барлос, Дўрман, Уйшин, Унгут, Қўнғирот, Найман, Марқаюз, Fанчи юз, Сулдуз, Қалмиқ, Қипчоқ, Мундуз сингари маҳалла, қишлоқ номлари бўлиб қолган.
Бугунги ёшлар ўтмишда яшаган ота-боболари шу уруғларнинг қайси бирига мансублигини билмаса керак. Биз, ҳеч бўлмаганда, бир ёки икки асрлик шажарамизни билишимиз, уни келгуси авлодларимизга қолдиришимиз лозим.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзининг муборак ҳадисларида дебдилар: "Зоту насабларингизни (авлод ва аждодларингизни) яхши билиб олинглар, токи қариндошлар билан алоқа яхши бўлсин. Бир-бирингиз билан саломлашиб юринглар. Ўрталарингизда меҳру муҳаббат уйғонади". ("Ахлоқ-одобга оид ҳадислар" китобидан).
Шажара тузиш узоқ ўтмишда яшаган бобокалонларимиздан бошланган. Борди-ю, отамиз тузиб кетган шажара бўлса, уни келган жойидан давом эттириш мумкин.
Энг катта бобокалондан қолган фарзандлар, бу фарзандларнинг фарзандлари... Занжир шаклида биридан кейин бири бўлиб давом этади. Бу шажаранинг силсиласи дейилади (силсила-занжир дегани).
Шажара ёзишнинг биринчи шарти ёзаётган киши ҳар бир авлоднинг кўринишини, яшаган жойини, касби-корини, яхши хислатларини, юрт ривожида қилган хизматларини имкон қадар ёзиб боради. Кейин у зотдан қолган фарзандларга тўхталади, кейин шу тарзда яна давом эттирилади.
Халқимиз орасида, айниқса, келин олаётган, қиз узатаётган ота-оналар орасида "насл-насабини, етти пуштини суриштир, авлодлари орасида биронта бемаъниси йўқми?", деган гаплар юради.
Авлод-аждодида бирор бемаъни одам бўлса, у ўтган (қазо қилган) бўлса, унинг бемаънилиги кейинги авлодларга юқиб қоладими? Нега энди етти авлодини, етти пуштини суриштир дейилади? Олтитаси ёки саккизтасини эмас? Фақат еттитасини!..
Кузатишлар, турмушдаги баъзи воқеалар, айрим олимларнинг фикрлари шундан далолат берадики, етти авлоддан биронтасида яхши хислат, ижобий фазилат ёки иқтидор, ёҳуд олимлик, қорилик, табиблик кабилар бўлган бўлса, кейинги авлодлардан биронтасида, масалан, олтинчи, ёки еттинчисида шу ижобий хислатлар албатта, намоён бўларкан!..У саккизинчи авлодга ўтмас экан. Афсуски, салбий жиҳатлар ҳам шундай давом этади. Бежизга ота-боболаримиз юқоридаги "етти пуштини сўра", "бунинг қонида бор", "отасининг боласи", "буларнинг авлодлари яхши одамлар", деган жумлаларни ишлатмаганлар.
Хуллас, шажарамизни ўрганиш ўзимизга ҳам, келгуси авлодларимизга ҳам фойдалидир. Бу бизга руҳий куч, маънавий мадад беради. Шажарамизни ўрганиш орқали фарзандларимизга ким бўлганимиз, нималарга қодир эканлигимизни исботлай оламиз.
Ўтган ҳафта вилоятимиздаги 739 умумтаълим мактаби ҳамда давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида ўқув йили якунига бағишланган "Қадрдон мактабимиз бағрида ўқиб-ўрганиш, доимо изланиш, яхшиликка, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаймиз" шиори остида тадбирлар бўлиб ўтди.
Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактабида ана шу тадбир доирасида "Уста Ҳабибуллоҳ ота" ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан таъсис этилган стипендиялар соҳиблари ҳамда ўқув йилининг энг аълочи ўқувчисини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими вакиллари, жамғарма мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, фахрий устозлар, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари, ота-оналар иштирок этган тадбирда мазкур мактабда таълим-тарбия ишлари самарадорлигини ошириш борасида ибратли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Маълумки, "Уста Ҳабибуллоҳ ота" жамғармаси томонидан ўқув йили давомида 1-синфдан 10-синфгача бир нафардан аълочи ва фаол ўқувчиларга ойлик стипендия бериб келинди, йил якуни бўйича энг юқори натижага эришган ўқувчига гран при соврини - ноутбук совға қилиниши белгиланган эди.
Тадбирда сўз олган мактаб директори Муқаддамхон Ҳусанова ва бошқалар жамғарманинг ибратли ташаббуси билан жорий этилган стипендиялар ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши, билим олишга бўлган қизиқиш ва интилишини оширишга катта ёрдам бергани, аълочи, фаол ва ташаббускор ўқувчилар сафи кенгайганлиги, мактаб ўқувчиларининг туман ва вилоят миқёсидаги турли кўрик-танловларда юқори натижаларни қайд этгани устозлар меҳнати ва ҳомийлар кўмагининг самараси эканини таъкидладилар.
Тадбирда якунланган йилда самарали меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ўқитувчилар мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, мактабда эълон қилинган "Қишлоғимдан етишиб чиққан улуғ инсонлар" мавзусидаги "Иншолар танлови" ҳамда "Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан ўтказилган "Энг фаол китобхон ўқувчи" танлови ғолиблари ҳам рағбатлантирилди.
- Ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ибратли лойиҳалар, шубҳасиз, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга ёрдам беради, - дейди Ёшлар иттифоқи Избоскан туман кенгаши раиси Озодбек Кенжабоев. - Бугун ҳаммамиз рағбат ва эътибор ўқувчиларни қанчалик руҳлантиргани, уларда яхши ўқишга иштиёқ ва интилишни кучайтирганлигини кўрдик. Шундай ибратли лойиҳани амалга ошираётганлиги учун жамғарма мутасаддиларига, хусусан, фермер Абдуҳалил Обидовга туман ёшлари номидан миннатдорчилик билдираман.
Тадбир якунида "Уста Ҳабибуллоҳ ота" жамғармаси вакили Одинахон Полвонова якуний стипендияларни, шунингдек, 2017-2018 ўқув йилида мактабнинг энг аълочи ўқувчиси деб топилган Озодбек Машрабовга гран при соврини - ноутбукни топширди.
Мадинабону ҲАБИБУЛЛАЕВА,
мазкур мактаб 10-синф ўқувчиси, "Уста Ҳабибуллоҳ ота" жамғармаси ижрочи директори.
Рамазон ойи арафасида бир танишимникига тўйга бордим. Лекин тўйдаги манзарадан анча хижолат бўлдим. Одамларимиз, айниқса, ёшларимизнинг бу қадар ўзгариб кетаётганлигидан ташвишга тушдим.
Тўғри, ҳар бир инсон фарзандларининг бекаму кўст яшашини, улар учун элга дастурхон ёзиб тўйлар қилишни орзу қилади. Йигит-қизлар ҳам тўй кунини орзиқиб кутишади. Бироқ шаҳару қишлоқларимизда бўлиб ўтаётган юқоридаги каби айрим тўйларни кўриб, ёқа ушламай иложимиз йўқ.
Туғилиб ўсган уйидан, ота-онасидан дуо олиб бошида ёпинчиқ, оёғида маҳси-ковуш билан ўзга уйга қадам қўйган қиз сал ўтмай оврўпача "фата" кийиб, куёвни қўлтиқлаб даврада пайдо бўлади. Ярим-яланғоч кийими билан ҳаммани ўзига қаратган келиннинг ўйин тушаётганларга пул узатиб туриши одобданми? Ажабки, илгари келин бирон марта ҳам шу аҳволда юрмаган. Нега энди муқаддас кунда, яъни тўйи куни шундай очиқ-сочиқ кийиниши керак? Уни бунга ким мажбур қилади? Куёв-чи? Куёв қаёққа қараяпти? Наҳот у ўз жуфти ҳалолига суқланиб тикилаётган нигоҳларни кўрмаётган бўлса? Бу кўр-кўрона "оммавий маданият" таъсирига тушишнинг бир кўриниши эмасми? Бундай кўринишлардан ўзбек қизлари уялиши керак! Энг муҳими, қизларимиз ўзлигини унутмасин.
Ўйланиб қоласан киши, ўз ғурурини поймол қилиш, бор будини йўқотиш эвазига орттириладиган сохта обрў кимга, нимага керак? Ўша "ҳамманинг оғзини очиб қўядиган" тўй нари борса бир ой гапирилар, кейин унутилади-ку! Тўйгача ва тўйдан кейин бўладиган исрофгарчиликлардан иборат расм-русумларни ўтказишга сарфланган маблағни ёш оилани фаровон яшаши учун сарфлаш мақсадга мувофиқ эмасми?
Бу каби саволларнинг чеки йўқ. Қизиқ, қизини чиқаришда янги модадаги "фата"ни олиб бермаса ота-она учун уят, қизнинг ўртоқлари олдида обрўси тушиб кетармиш! Бу каби ва бошқа беъмани "урф-одат"лар қаердан келиб чиқяпти? Уларнинг охири борми? Менимча, уларни йўқотиш учун кенг жамоатчилик, айниқса, ота-оналар қатъий туриши керак. Энг аввало, оталар бундай шармандаликка томошабин бўлиб қараб турмасдан, уни йўқотиш ҳаракатини қилиши лозим.
Халқимизда "Эрта турганга Аллоҳ зиёда ризқ-насиба беради", деган гап бор. Бизнинг қишлоқ аҳолиси ана шу гапга амал қилиб яшайди. Тонг ёришар-ёришмас, кимдир велосипедини миниб тирикчилик важида йўлга отланаётган, кимдир мол-қўйини боқиб келгани далага ҳайдаб кетаётган, яна кимдир эса азон палласида тандир қиздириб нон ёпаётган бўлади.
Мен деярли 10 йилдан буён ҳар куни шаҳардаги кўп қаватли уйлар аҳолисига сут-қатиқ етказиб бериш билан шуғулланаман. Қишлоқда ҳар икки хонадоннинг бирида туёқ бор. Одамлар барака келтиради, деб қўй, сигир-бузоқ боқишади. Мен ўз сигиримни соғиб, қолаверса, қўшнилардан сут-қатиқ, қаймоқ олиб азонда шаҳарга отланаман. Маҳсулотларим табиий, сифатли бўлгани учун менинг келишимни кутиб турадиган доимий мижозларим бор.
Ўтган йили оиламиз даромадини кенгайтириш мақсадида банкдан 7,5 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 3 бош қорамол сотиб олган эдик. Йил бошида сигиримиз болалади. Шаҳарга олиб борадиган маҳсулотларим кўпайди. Иссиқ кунларда қаймоқнинг ўрнига сариёғ олиб бораман. Айниқса, Рамазон кунлари шаҳарликларга сут, қатиқни янги-янги етказиб берсам, улар жуда хурсанд бўлишади.
"Иқбол" газетаси саҳифаларида сут ва сут маҳсулотларининг фойдали хусусиятлари ҳақида ўқигандим. Кунига ярим литрдан сигир сути ичиб турилса, организм витамин ва минералларга тўйинаркан. Сутни ётишдан аввал ичсак, асаблар тинчланиб, уйқу сокин кечаркан. Ўз сигир-бузоғимиз бўлгани учун ҳозир уйимиздан сут, қатиқ, қаймоқ, сариёғ узилмайди. Фарзандларим, кўз тегмасин, соғлом ва бақувват. Сут маҳсулотлари нафақат саломатлигимизни мустаҳкамламоқда, балки оиламиз бюджетига яхшигина даромад ҳам келтирмоқда. Бу ишлар албатта, ўз-ўзидан бўлмайди. Бунга қунт, шижоат, меҳнат керак. Бугун шунга амин бўлдимки, кимки ҳаракат қилса, яхши яшаяпти, оиласи тўкинлигини таъминлаяпти. Шу ўринда, мен опа-сингилларимизга тўғрисўз, ҳалол бўлиб, интилиб, ҳаракат қилсангиз, албатта, мақсадларингизга эришасиз, деб маслаҳат берган бўлардим.
Қадимдан миллатимизда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси масалалари ўзига хос, шарқона одоб-ахлоқ меъёрлари асосида шаклланган. Айниқса, қизлар тарбиясида миллий қадриятларимиз, ҳаё-ибо, буви ва момоларимиз панд-насиҳатларининг ўрни ва роли жуда муҳимдир. Оилавий муносабатларни йўлга қўйишда асрлар давомида ана шу тажрибага таяниб иш кўрилади.
Оила мустаҳкам бўлишининг муҳим шартларидан яна бири бу ёшларни, хусусан, қизларни оила қуришга, мустақил ҳаётга тайёрлашдир. Чунки бўлажак оила соҳиблари оилавий ҳаёт, оиланинг муқаддас эканлиги ҳақида қанчалик кўп билимга, тушунчага эга бўлса, уқувли ва пазанда бўлса, кези келганда сабрли бўла олса, бор-йўққа қаноат қилишни уддаласа, бир-бирларини қадрласа, демак, улар албатта, ҳаётнинг ҳар қандай қийинчилигидан эсон-омон ўта олади.
Тўғри, оилада қайнонанинг роли ҳам жуда катта. Оила мустаҳкамлиги кўп ўринларда унинг тошу тарозисига боғлиқ бўлади. Бироқ, қарс икки қўлдан чиқади. Яхши қайнона-қайнотаси, намунали оиласи бўла туриб, ношукрлик қиладиган, ўша оилани борича қабул қилиб, хонадоннинг келини эмас, қизига айланишга уриниб кўрмайдиган қизларимиз ҳам йўқ эмас. Аёлларимиз, хафа бўлмасинлар-у, бугун қизлар тарбиясида анча бепарво бўлиб қолганмиз. Қизларимизни эркалатиб юборяпмиз. Айтганини қилиб, "эртага бировнинг уйига боради, ота уйида яйраб олсин, бошига тушганда қилиб олади" қабилида, унинг айтганини муҳайё қилиб, уларни енгил-елпи ҳаётга ўргатиб қўйяпмиз.
Ота-она фарзандига дунёдаги энг яхши нарсаларни илиниши табиий, бироқ мана шу кўнгил бўшлигимиз, ортиқча меҳр-эътиборимиз, қизларимизнинг тантиқ, қийинчилик кўрганда сабр қилолмайдиган, эри ва қайнона-қайнотасига бўйсунишни истамайдиган келин бўлишига олиб келиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Бундай ҳолатлар оқибатларини ҳаётда кўряпмиз. Ана шундай тарбиямиз туфайли айрим оилалар ажралишгача етиб бораяпти, шошқалоқлик, мулоҳазасизлик натижасида бегуноҳ фарзандлар тирик етим бўлиб қолмоқда. Ажралишлар таҳлил этилганда, аксарият ҳолларда келинларнинг "ўта ақллилиги", шошқалоқлиги, эркинликни яхши кўриши, сабр-қаноатли эмаслиги, йигитларнинг эса оила масъулиятини у қадар ҳис этмасликлари кўринмоқда.
Мен туманимизда яшаб ўтган турмуш ўртоғи Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўн икки нафар аёлни яхши биламан, бир нафари ҳозир ҳам ҳаёт. Қарангки, улардан тўрт нафарининг турмуш ўртоғи тўйи куни, тўйидан бир-икки кун ўтгач, урушга кетган. Улар урушдан қайтмаган. Бу мушфиқ аёллар келинлик нималигини билмасдан бева қолганлар. Орадан йиллар ўтиб, ҳатто, фарзанди бўлмаса-да, турмуш ўртоқларини кутиб, қайнона-қайнотасининг хизматини қилиб, келин бўлиб тушган хонадонида яшаб ўтишди. Ота-онасиникига кетиб қолмади. Бегона эркак юзига тик қарамади. Айтинг, уларнинг садоқати, сабри-матонатига тан бермасликнинг иложи борми? Аммо, қани ҳозир қизларимиз, аёлларимиздаги ана ўша садоқат, фидойилик? Қани ўша сабр, ўзни фидо қилишлик? Минг афсуски, бугун эрлари хорижга ишлагани кетган баъзи бир аёлларнинг қинғир йўлга юриб кетаётганликларини ҳам кўряпмиз. Ёки эмизикли гўдагини ташлаб, мўмай даромад илинжида ўзга юртга кетаётган аёлларимиз ҳам йўқ эмас. Уларга инсоф берсин! Мен бу билан барча келинларни асло қораламоқчи эмасман. Бироқ назаримда ҳозир оилаларда эр-хотин ўртасидаги муқаддас ришталар сийқалашиб, самимий муносабатлар, туйғулар қадри пасаяётгандек.
Бугун Президентимиз ташаббуси билан оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар, айниқса, қизлар тарбияси, ажримларнинг олдини олиш бўйича жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз томонидан соғлом оилани шакллантириш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди. Бироқ, бугун бу борадаги ҳолат билан мақтана олмаймиз. Оз бўлса-да, оилавий низолар бўлиб турибди, тарбиядаги нуқсонларимиз барҳам топмаяпти. Демак, ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўп, тарғибот ишларини кучайтиришимиз, салбий ҳолатларга йўл қўяётган кишиларга нисбатан таъсир чораларини кўришимиз, уларнинг онг-шуурини ўзгартиришимиз зарур.
Туманимизда 35 мингга яқин оила бор, шундан қарийб ярми қайнона-қайнотали, қолаверса, опа-сингил, ака-ука, қондошларга эга катта оилалар ҳисобланади. Мавжуд 66 маҳалла фуқаролар йиғинларидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаоллари орқали нафақат маҳаллада, балки мактаб ва коллежларда, керак бўлса, меҳнат жамоаларида оилани мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси, шунингдек, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш борасида мунтазам иш олиб боряпмиз. Давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда. Уларда оила муқаддас даргоҳ эканлиги, бахтли ва соғлом оила қандай шаклланиши, оилада келиннинг, қайнона-қайнотанинг ўрни, муомала-муносабатларда қандай меъёрларга амал қилиш лозимлиги, қизларга қайнона «қайнаганда» нималар қилиш кераклиги, қайноналарга эса бировнинг қизидан қандай қилиб яхши келин тарбиялаш мумкинлиги борасида тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
Маҳаллалардаги нотинч оилалар рўйхати шакллантирилган бўлиб, улар билан бевосита иш олиб борилмоқда. Ана шу оилалардаги низоларни бартараф этишга, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу йўналишдаги ишларимиз самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 30 га яқин ажралиш ёқасида турган оилани тиклашга эришдик.
Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари, таълим муассасалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, отинойилар, имом-хатиблар, маҳаллалардаги обрўли, катта ҳаёт тажрибасига эга отахон ва онахонлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ижобий самаралар бермоқда.
Бугун келини, оила аъзолари билан муроса қилмайдиган қайноналар билан ишлаш, улар билан тил топишиш, қайсар келинни жиловлаш, айниқса, эркакларнинг оиладаги масъулиятини ошириш борасида тинмай ишлашга тўғри келмоқда. Қайноналарга "келин ҳам одам, сиз ҳам бир вақтлар келин бўлгансиз, сизнинг қизингиз, набирангиз ҳам бир оилага келин бўлади, қайтар дунё бу", келинларга эса, "сиз ҳам ҳадемай қайнона бўласиз, қайнонага нима қилсангиз, ўзингизга ҳам шу қайтади" қабилидаги панду насиҳатлар билан оилаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаяпмиз. Чунки ҳар уйнинг ўзига яраша иқлими, тош-тарозиси бор, ҳар кимнинг ўзига яраша феъл-атвори, инжиқликлари бор.
Бугунги шиддат билан ривожланаётган давр биздан шижоат билан ишлашни талаб этмоқда. Қачонки, биз ўз ишимизга масъулият билан ёндашиб ишласак, ҳар бир оилага кириб бора олсак, кўзлаган мақсадларимизга эриша оламиз. Жамиятимизда ҳеч бир оила пароканда бўлмасин, норасида гўдаклар чирқиллаб қолмасин. Зеро, аёл бахтли бўлса, оила тинч, оила тинч бўлса, жамият мустаҳкам бўлади. Мақсадимиз, ана шунга эришиш.