+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Аёл саломатлигига эркак ҳам масъул

Бугуннинг гапи

Оила - муқаддас қўрғон. Унинг ҳар жиҳатдан мустаҳкам бўлиши энг аввало, никоҳланган икки ёшнинг саломатлигига, тарбиясига, одоб-ахлоқига, турмушга қай даражада тайёр эканлиги, қолаверса, уқуви ва сабр-бардошига боғлиқ. Шу боис оила қурувчилар биринчи навбатда соғ-саломат, оила қуришга ҳам жисман, ҳам руҳан тайёр бўлиши лозим.

Эрта турмуш ёки никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтмаслик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз, айниқса, ёшларнинг ўзи буни яхши англашлари зарур.

Фаолиятим давомида ана шу жараёнлар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг кўп бор гувоҳи бўлганман. Бир неча йил аввал қабулимга ёш келин келиб:

- Опажон, менга ёрдам беринг. Турмуш ўртоғим шу сафар ҳам бола нобуд бўлса, ўз жавобинг ўзинг билан деган. Нима қилишни билмай қолдим. Ҳомиладор бўлишга қўрқаман. Кечалари ухлолмайман, 3 та ҳомилам тушди. Ҳар сафар учинчи ойликка ўтганда шундай кўнгилсиз ҳодиса юз беряпти. Шифокорлар қонингизда вирус бор, турмуш ўртоғингиз билан бирга даволанишингиз керак дейиш-япти. Буни эримга айтсам, у қулоқ солмяпти. Ҳамма айб сенда, соғлом эмассан, дейди. Ёрдам беринг, акс ҳолда оилам бузилиб кетиши мумкин.

    Ҳали бирон марта оналик бахтига мушарраф бўлмаган ёш жувоннинг кўзлари ёшга тўлиб айтган сўзларидан қаттиқ таъсирландим. Бу ёш оилага ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилдим. Ўзини текширтиришни, турмуш ўртоғи билан тенг даволанишни истамаётган йигитнинг онаси билан телефон орқали боғландим. Аҳволни ётиғи билан тушунтирдим. Фарзанд кўриш учун нафақат аёл, балки эркак ҳам соғлом бўлиши кераклигини, ўғлининг ҳам тиббий кўрикдан ўтиб, даволаниши зарурлигини айтдим. Ҳомиланинг ривожланиши учун эркакнинг ҳам масъулияти муҳимлигини уқтирдим.

Бир кун ўтиб, ҳузуримга йигитнинг ўзи кириб келди. Унга хотини билан бирга даволаниши яхши самара беришини, бу тиббиётнинг оддий қоидаси эканлигини тушунтирдим. Шундан сўнг улар мутахассисларга учраб, бирга даволанишадиган бўлди.

Шу воқеадан бир ярим йилча вақт ўтиб, хонамга ўша йигит ва хотини чақалоқ кўтариб кириб келишди. Ёш онанинг юзидаги бахтиёрликни таърифлаш қийин эди. Улар тўғри маслаҳат берганим, айниқса, қайнонани ўғлини даволанишга кўндирганим туфайли ҳамма ташвишлар ортда қолиб, фарзандли бўлганликлари учун миннатдорчилик билдиришди. Айниқса, куёвнинг қувончи чексиз эди. Меҳр билан кафтимни сиқиб, қўлидаги гулдастани тутқазаркан, "Кўзларимни очдингиз, оёғим остидан нарини кўрмайдиган бўлиб қолган эканман" дея хатосини тан олди ва "Сиздан бир умр миннатдормиз. Ўғилли бўлдик. Сиз оиламизнинг энг яқин кишисига айландингиз", деди.

Уларнинг қувончини кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди. Ҳа, ҳар бир инсон фарзанд кўришни, ўз фарзандининг соғлом, бақувват ва комил инсон бўлиб улғайишини орзу қилади. Бироқ бу орзуга етиш учун хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Бунда ҳар бир ота-она, ҳар бир шахс ақл-идрок билан иш тутиши керак. Бу уларнинг ўз соғликлари учун масъулиятли бўлиш ҳиссидан, бу йўлдаги саъй-ҳаракатлардан иборат. Аммо ҳамма ҳам бу нарсани бирдай ҳис қилавермайди. Организмдаги турли ўзгаришлар фарзандсизлик, бепуштлик ҳолларини келтириб чиқаради. Бошқача айтганда, истаймизми, йўқми, ўзидан зурриёт қолдириш учун  жуфтликнинг иккиси ҳам соғлом бўлиши керак. Чунки она қорнида ривожланаётган ҳомила ўз ота-онасининг саломатлиги имконияти даражасида ўсиб боради. Юқоридаги воқеадаги каби ҳолатлар яъни ҳомиланинг тушиши эркак ёки аёлнинг қонида вирус - токсоплазмоз мавжуд бўлганда келиб чиқади.

Шунинг учун ҳам никоҳланувчи шахслар никоҳдан олдин албатта,  тиббий кўрикдан ўтишлари, ўзларида аниқланган касалликларни ўз вақтида даволатишлари ўта муҳимдир. Инсонмиз, иссиқ жонмиз, қолаверса, атроф-муҳит ўзгариб боряпти, турли кимёвий моддалар ёрдамида етиштирилаётган маҳсулотларни истеъмол қиляпмиз. Шу боис, ўзимиз билмаган ҳолда турли касалликларга чалинган бўлишимиз мумкин.  Буни ёшларимиз тўғри  англамоқлари лозим. Шунинг учун ҳам тиббий кўрикдан ўтишга алоҳида аҳамият қаратишимиз зарур. Бу нафақат оиламизнинг мустаҳкам бўлиши, балки умумжамият манфаатлари, миллат келажаги билан боғлиқ масала ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш,     соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодларни вояга етказиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада қатор қарорлар, тегишли ҳужжатлар қабул қилинган. Туманимизда ҳам мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда.

Ўсмир қизларимиз, туғиш ёшидаги аёлларимизни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари режа асосида, тизимли равишда  йўлга қўйилган.

Бугунги кунда соғлом авлодни камолга етказиш учун аёлларгина эмас, эркаклар ҳам масъул эканлигини ҳар бир шахс англаб етиши шарт. Мунтазам чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, ахлоқий нопоклик каби иллатлар наслга, зурриётларимизнинг носоғлом дунёга келишига сабаб бўлиши мумкинлигини, қолаверса, аёл ожиза, у ҳамиша эркак кўмагига муҳтож бўлиши, унга ҳар томонлама кўмак бериш лозимлиги, уни оғир меҳнатдан, тушкун ҳолатлардан, руҳий зўриқишлардан эҳтиёт қилиш ҳар бир эркакнинг инсоний бурчи эканлигини унутмайлик.

Дилоромхон ЭРГАШЕВА,

 

Хўжаобод тумани тиббиёт бирлашмаси аҳолини тиббий-ижтимоий ҳимоя қилиш бўлими раҳбари ўринбосари.

Санъат инсонни ёшартиради

Санъатимиз фидойилари

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, тиниб-тинчимас фахрий санъаткор Жўрабек Қодиров "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбариятига учраб, жамғарма қошида "Нуронийлар" бадиий жамоасини ташкил этсак, деган таклифни илгари сурди. Мутасаддилар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Шу тариқа жорий йил бошида "Нуронийлар" бадиий жамоаси тузилиб, фаолият юрита бошлади.

- Болалигимдан санъаткор бўлишни орзу қилганман, - дейди жамоанинг яккахон хонандаси Санобархон ая Қобулова. - Лекин қишлоқчилик, ота-онам санъат йўлини танлашимга қарши бўлишди ва турмушга узатиб юборишди. Бахтимга, раҳматли турмуш ўртоғим Маҳмуджон Норхўжаев ўқимишли, тушунган инсон эди. Шу инсон туфайли, ўқидим, олий маълумотли бўлдим. Ишладим, жамият ривожига ҳисса қўшдим. Санъат соҳасида ҳам халқимизга баҳоли қудрат хизмат қилдим.

Нафақага чиқиб, ёшим ўтиб, уйда, бир неча йил набиралар тарбияси билан машғул бўлдим. Шу йил бошида устоз санъаткор Жўрабек Қодиров менга қўнғироқ қилиб, фахрийлардан иборат бадиий жамоа тузилаётганини айтганида юрагимдаги учқун қайтадан аланга олгандай бўлди. Кўп ўтмай мен ҳам ушбу жамоага қўшилдим.

А. Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган Нуронийлар масканида бугун вилоятимизнинг турли туман ва шаҳарларида яшовчи фахрий отахон ва онахонлардан тузилган жамоа бадиий раҳбар Жўрабек Қодиров бошчилигида мумтоз ва замонавий ўзбек қўшиқлари, фольклор,  рақс, ўзбек чолғулари ижрочилиги, аскиячилик йўналишларидаги ранг-баранг репертуарлар тайёрлаб, мухлислар эътиборига ҳавола этишни ўз олдиларига асосий мақсад қилиб қўйганлар.

Ижод аҳли қўллаб-қувватланса, уларнинг очилмаган қирралари очилаверади. Фаолиятни аввалига санъат дарғалари ижро этган қўшиқлар асосида бошлаган жамоа аста-секин ўз репертуарларини яратдилар. Шеър ёзиб куй басталадилар, рақслар саҳналаштирдилар. Нуронийлар масканида жамоанинг самарали фаолият юритиши учун барча шароитлар яратиб берилди.

- Аввалига 3 киши билан бошланган хайрли ишимиз ривожланиб, ҳозирда яхлит жамоага айландик, - дейди жамоа бадиий раҳбари Ж.Қодиров. - Бу хайрли ишни йўлга қўйишда Ўзбекистон фахрийларни қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ўктамжон Охуновнинг кўмаги катта бўлди. Қолаверса, вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам бизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда.

Айни вақтда бадиий жамоада 20 га яқин нуроний санъаткорлар фаолият кўрсатмоқда. Қувонарлиси, уларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил этади. Хонандалар Санобар Қобулова, Тамара Холмирзаеваларнинг қўшиқлари, фольклор ижрочилари Муҳаррамхон Исмоилова, Муҳаррамхон Мўйдиноваларнинг лапар ва ўланлари, доирачи Хотирахон Тошбоеванинг маҳорати, раққоса Мақсудахон Ҳалилованинг ўзига хос рақслари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

- Санъатга иштиёқ болалигимдан уйғонган, - дейди раққоса Мақсудахон Ҳалилова. - Мукаррама Турғунбоевага ҳавас қилардим. "Тановар"га ўйнаганимда бутун дунёни унутардим. Аммо менда санъаткор бўлишга имконият етишмади. 35 йилга яқин далада меҳнат қилдим. "Нуронийлар" бадиий жамоасига таклиф этишганда сираям иккиланмадим. Пенсионер бўлсам нима бўпти? Санъатим билан одамларга қувонч улашсам, бунинг нимаси ёмон. Баъзан мендан сўраб қолишади: "67 ёшдасиз, рақсга тушганда чарчаб қолмайсизми?", деб. "Нега чарчайман", дейман.   Тенгдошларим бўлган баъзи аёллар ҳали оёғим, ҳали белим, деб нолиб юришади, Мен эса аксинча, ҳам руҳан, ҳам жисман соғломман. Чунки санъат инсонни ёшартиради.

Репитиция жараёнида жамоа ёр-ёр айта бошлади. Кўп йиллардан буён, яъни тўйларимиз замонавийлашиб, миллий урф-одатлардан хиёл йироқлашган ҳозирги замонда ёр-ёр эшитиш жуда ёқимли туюларкан.

Мана сизга жонли ижро, табиий овоз, ҳақиқий истеъдод, жозиба, санъатга чин муҳаббат, ҳеч қандай таъмасиз, жамоатчилик асосидаги санъаткорлик - фидоийлик. Менинг назаримда, улар оддий санъаткор эмас, балки фидойи санъаткорлардир. 

Дарвоқе, ушбу жамоа республикамизда нуронийлардан ташкил этилган илк ва ягона бадиий жамоа ҳисобланади. Биз жамоага ижодий парвоз, аъзоларига эса соғлик ва куч-қувват ҳамиша ёр бўлишини тилаб қоламиз.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Профилактик тиббиёт: бугун ва эртага

Вилоятимизда "Профилактик тиббиёт: бугун ва эртага"  мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда республика         Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тиббиёт тизимида фаолият олиб бораётган илмий марказлар мутахассислари, чет эллик олимлар, иқтидорли талаба ёшлар иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш, соҳа ходимларининг касбий билим, маҳорат ва тажрибаларини ошириш, касалликларни аниқлаш ва даволашда фан ютуқларидан, шунингдек, профилактик тиббиёт соҳасида янги технологиялардан самарали фойдаланиш, амалиётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. 

- Бугун нафақат юртимизда, балки бутун дунёда профилактик тиббиёт соҳасида янги ва илғор технологиялардан фойдаланиш, бу борадаги илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш муҳим ва долзарб йўналишлардан ҳисобланади, - дейди Андижон давлат тиббиёт  институти ректори Мадаминжон Мадазимов. - Ўтказилаётган мазкур анжуман ана шу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва янада юқори босқичга кўтариш, шунингдек, илғор иш услублари ва тажрибаларни оммалаштириш, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни  ўз олдига асосий мақсад қилган.

Анжуман доирасида мамлакатимиз, шунингдек, юртимизда фаолият олиб бораётган хорижий тиббий ва фармацевтик компанияларнинг дори-дармонлари, жиҳоз ва воситалари кўргазмаси ташкил этилди.

Анжуманда ички, жарроҳлик, болалар ҳамда травмотология, нейрохирургия ва ортопедик  касалликларни ўз вақтида аниқлаш, тўғри ташҳис қўйиш ва даволашда самарали усулларни қўллаш, даволаш жараёнига илғор тажрибаларни татбиқ этиш сингари қатор мавзулардаги илмий маърузалар тингланиб, муҳокама қилинди. Маърузалар юзасидан фикр-мулоҳазалар, маслаҳат, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Анжуманда Россия, Германия, Украина, Қозоғистон,  Қирғизистон давлатларидан ташриф буюрган олимлар мавзу доирасидаги маърузалари билан қатнашиб, маҳорат дарслари ўтказди.

Анжуман доирасида Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида Россия ва германиялик мутахассислар томонидан турли йўналишлар бўйича жарроҳлик операциялари ўтказилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

«Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида кредитлар кимларга берилади?

буни билиб олинг!

Президент қарорига асосан юртимизда "Ҳар бир оила -   тадбиркор" дастури амалга оширилади.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур дастур доирасида кредитларни ажратиш тартиби тўғрисидаги низом рўйхатдан ўтказилди. Қуйида "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида кредит ажратиш тартиби ҳақида тушунча берамиз.

 

Қандай мақсадларда берилади?

Низомга мувофиқ дастур доирасида имтиёзли кредитлар қарз олувчиларга тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш мақсадлари учун ажратилади.

 

Қандай мақсадлар учун олиб бўлмайди?

Кредитлар:

илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

савдо-воситачиликни амалга ошириш;

умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;

ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олиш;

маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан хизмат автомобиллари таъминоти;

мебель, уяли телефон сотиб олиш, шунингдек алоқа хизматларига тўлов мақсадлари учун ажратилмайди.

 

Кимларга берилади?

тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахслар;

кичик тадбиркорлик    субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик корхоналар;

деҳқон ва фермер хўжаликлари;

оилавий тадбиркорлар.

 

Қанча миқдорда берилади?

энг кам иш ҳақининг 150 бараваридан - 1000 бараваригача миқдорда.

 

Фоизи

Кредитларнинг фоиз ставкаси йиллик 7 фоиз миқдорида белгиланади. Бунда кредит линияси 3 фоизни, банк маржаси 4 фоизни ташкил этади.

 

Муддати қанча?

Микрокредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

Кредитлар амалга ошириладиган лойиҳанинг бизнес-режасига мувофиқ ўзини ўзи қоплаш жиҳатларидан келиб чиқиб 2 йилгача имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ажратилиши мумкин. Бунда берилаётган имтиёзли давр ва кредитни қайтариш муддати батафсил асослантирилиши керак.

 

Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Кредит олиш учун қарз олувчи - жисмоний шахслар кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза;

паспорт нусхаси;

жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлаш бўйича тавсиянома.

Кредит олиш учун қарз олувчи - кичик тадбиркорлик   субъектлари кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза;

бизнес-режа;

тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), (янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган   деҳқон хўжаликлари бундан  мустасно);

таъминот турларидан бири (учинчи шахс кафиллиги, суғурта полиси, мол-мулк, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги).

Тижорат банклари қарз олувчи - кичик тадбиркорлик субъектларига юқорида назарда тутилган таъминот турларини талаб қилмасдан энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача бўлган миқдорда бланкли (ишончли) микрокредит бериш ҳуқуқига эга.

 

Кўпроқ маблағ керакми?

Туман ва шаҳарларда самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд лойиҳаларга дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 1000 бараваридан ортиқ миқдорда йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратилиши мумкин.

Самарали лойиҳалар тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан танлаб олинади ва ушбу лойиҳанинг ҳақиқатда мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамияти қайд этилган ҳолда имтиёзли кредитлашга хулоса тайёрланади ва хулоса ишчи гуруҳларнинг барча аъзолари томонидан имзоланади.

 

Кредит неча кунда берилади?

Қарз олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки томонидан уч иш кунидан ошмаган муддатда ушбу ариза бўйича асослантирилган қарор қабул қилинади.

Тижорат банки кредит беришни рад этган тақдирда, банк қарз олувчига ҳамда тавсифнома берган тегишли секторлар раҳбарларига ва маҳалла фуқаролар йиғинига бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ёзма шаклда асослантирилган маълумот тақдим этади.

 

Кредит нақд пул шаклида бериладими?

Кредитлар қарз олувчига алоҳида кредит ҳисобварағи очиш ва унинг тўлов топшириқномаларига мувофиқ, ушбу ҳисобварақдан нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади.

Жисмоний шахсларга лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари товарни пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш имконияти бўлмаган ҳолда микрокредитнинг бир қисми нақд пулда берилиши мумкин.

 

Кредит қандай қайтарилади?

Қарз олувчи кредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни нақд пулда, банк пластик карточкалари орқали ёки қарз олувчининг ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш йўли билан тўлаши мумкин.

 

 

Манба: Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот канали".

 

 

Uza.uz сайтидан олинди.

Онамдек азиз - Ўзбекистоним

Мени аллалаган бешиксан,

Ижод уйим очган эшиксан.

Дилимдаги куйчан қўшиқсан,

Онамдек азиз - Ўзбекистоним.

 

Гулзорлари сўлимас боғсан,

Тўфон турса қуламас тоғсан.

Нур таралиб турган яноқсан,

Онамдек азиз - Ўзбекистоним.

 

Ёғдуларга тўлган кўчалар,

Нурларини топган кўчалар.

Шеърлар битган сенга нечалар,

Онамдек азиз - Ўзбекистоним.

 

Боласидан бахт топган она,

Сени кўриб дунё ҳайрона.

Мен учун оламда ягона,

Онамдек азиз - Ўзбекистоним.

 

 

Нурхон ТУРFУНБОЕВА, Бўз тумани.

Вилоятимизда контрафакт матбаа маҳсулотлари тарқалишига йўл қўйилмайди

З.М.Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида "Контрафакт матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва тарқатилишининг олдини олиш: тадбиркорлик маданиятини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги муҳим вазифалар" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан ўтказилган мазкур тадбирда вилоятдаги матбаа корхоналари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, божхона, солиқ идоралари вакиллари, кутубхоначилар, китоб ва матбаа маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирок этиб, бу борада вилоятда олиб борилаётган ишлар, ютуқ, муаммо ва камчиликлар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

- Контрафакт матбаа маҳсулотлари тайёрланиши ва   тарқатилиши аҳоли, айниқса, болаларнинг маънавияти, саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, - дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. - Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун энг аввало, матбаа корхоналари мутасаддилари ҳамда китоб савдоси билан шуғулланувчилар масъулиятни чуқур ҳис этишлари лозим.

Тадбирда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Ф. Каримов, вилоят рақобат бошқармаси бўлим бошлиғи И. Мадраҳимов, "Ҳаёт" нашриёти директори Ў. Умрзоқов "Матбаа корхоналарида контрафакт маҳсулотлари ишлаб чиқарилишининг олдини олиш", "Китоб савдоси дўконларида аҳолига хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, контрафакт маҳсулотлар сотилишига йўл қўймаслик", "Диний экстремизм, ақидапарастлик ва турли ёт ғояларни ўзида акс эттирган контрафакт матбаа маҳсулотларини республикамиз ҳудудига олиб кирилишини бартараф этиш", "Фуқароларнинг китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда контрафакт матбаа маҳсулотлари,  аҳолининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилишининг хавфли кўринишлари" сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, айниқса, жамоатчилик назорати ва тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан тайёрланган контрафакт матбаа маҳсулотлари, улар келтириб чиқарадиган салбий оқибатлар, бу борада фуқароларнинг ҳушёрлиги, тушунча, билим ва савиясини оширишга бағишланган видеороликлар намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ҳаваскор велосипедчи аёллар беллашуви

Шаҳрихон тумани хотин-қизлар қўмитаси ҳамда "Ватанпарвар" ташкилоти туман бўлими ҳамкорлигида хотин-қизлар ўртасида      соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган мазкур мусобақада тумандаги 48 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 18 дан 30 ёшгача ҳамда 31 дан юқори ёшдаги ҳаваскор велосипедчи хотин-қизлар иштирок этди. 

Мусобақада ёш гуруҳлари бўйича Абдубий маҳалласи вакиласи Дурдона Ҳакимова, Қашқар маҳалласи вакиласи Дилфуза Усмонова ғолиб чиқди. Fолиб ва иштирокчилар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Озодахон ОЛИМОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Сарвиноз - энг яхши китобхон

Хонобод ахборот-технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежида касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида "Энг яхши китобхон" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва уларда китоб ўқишга қизиқиш, китоб мутолааси маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган  танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 17 нафар ўқувчи ўзаро баҳс олиб борди.

Иштирокчилар "Таништирув", "Маълум номдаги китоб-ларни изоҳлаш", "Президент асарларининг мазмун-моҳиятини сўзлаб бериш", "Шеърхонлик", "Интернет тармоғи маълумотларидан фойдалана билиш" сингари шартлар бўйича ўз билим ва маҳоратларини  намо-йиш этди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Хўжаобод педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Сарвиноз Султонова ғолиб деб топилди. Иккинчи ўрин Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Маҳмуда Маҳмудовага, учинчи ўрин Асака автомобилсозлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Оловуддин Келдибоевга насиб этди. 

 Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Наргиза ХУШВАҚОВА,

 

танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси.

"Андижон зукколари" жамоаси ғолиб

Вилоят қўғирчоқ театрида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида "Қувноқлар ва зукколар" кўрик-танловининг  вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Андижон вилоят ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган мазкур танловда жамиятнинг вилоят, шаҳар, туман ташкилотлари ходимлари, кўнгиллилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, иштирокчи-жамоалар қатнашди.

Мазкур танлов Қизил ярим ой ҳаракати ҳамда халқаро инсонпарварлик тамойилларини ҳаётимизга татбиқ этишда ёш йигит-қизларнинг иштирокини фаоллаштириш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламига меҳр-мурувват, хайрия ва инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатишга ёшларни ўргатиш, талаба-ёшларни  кўнгиллилар сафига янада кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Кўрик-танловда иштирок этган жамоалар Қизил ярим ой жамияти тарихи, фаолияти ва устувор йўналишларини нечоғлик билишлари, фавқулодда вазиятлар юз берганда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги, биринчи ёрдам кўрсатиш, инсонпарварлик ҳуқуқларини тарғиб қилиш бўйича маҳоратларини намойиш этиб, ўзаро беллашдилар.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар натижасига кўра,  Олтинкўл иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг "Андижон зукколари" жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Пахтаобод енгил саноат касб-ҳунар коллежининг "Бирлик" жамоасига, учинчи ўрин Избоскан Агросаноат касб-ҳунар коллежининг "Талабалар" жамоасига насиб этди. 

  Fолиб жамоа кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашиб, вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади. Fолибларни Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Андижон вилоят ташкилоти раҳбари Х. Мирзараҳимова табриклаб, уларга диплом ва эсдалик совғалар топширди. 

 

Адҳамжон УЗОҚЖОНОВ,

 

ҚЯОЖ вилоят ташкилоти ижрочи директори.

"Оталар рақси" барчани лол қолдирди

Андижон шаҳридаги 22-мактабгача таълим муассасасида "Устоз-шогирд" анъанаси асосида мусиқа раҳбарлари учун кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Андижон шаҳар мактабгача таълим бўлими мутасаддилари, мактабгача таълим муассасаларининг мусиқа раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Андижон шаҳар мактабгача таълим бўлими методик хизматини мувофиқлаштириш шўъбаси раҳбари Холида Раҳматуллаева мурғак гўдак онгида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, ота-она ва яқинларига меҳр-оқибат туйғуларини шакллантиришда мусиқий машғулотларнинг аҳамияти, мусиқа раҳбарларининг касбий маҳоратини ошириш, машғулотларга янгича ёндашувлар хусусида тўхталди.

Намунали фаолият олиб бораётган 22-мактабгача таълим муассасаси мудири Табассум Тожибоева муассасада "устоз-шогирд" анъанаси асосида мусиқий машғулотларнинг олиб борилиши таълим-тарбия жараёнида ижобий самаралар бераётганини таъкидлади.

- Устозим Табассум Тожибоева мусиқа мутахассиси сифатида кўп йиллик тажрибага эга, - дейди мазкур муассаса мусиқа раҳбари Мадина Ҳасанова. - Боғчамизда мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этишда устозимизнинг тавсия ва маслаҳат, билим ва малакасига суянамиз. Шу боис ҳам мусиқа   машғулотларимиз намунали тарзда олиб борилади. Қолаверса, тарбияланувчиларимиз шаҳар, вилоят миқёсидаги турли тадбир ва танловларда ҳам доимо фаол қатнашиб келади.

Семинар давомида иштирокчиларга "Куйла ва ўйна" деб номланган мусиқий дастур намойиш этилди. Жажжи тарбияланувчилар томонидан ижро этилган шеър ва қўшиқлар,   рақслар, саҳна кўринишлари йиғилганларга манзур бўлди. Айниқса, муассаса тарбияланувчиларининг оталари иштирокидаги "Оталар рақси" барчани лол қолдирди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА