+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТОМОРҚА - ДАРОМАД МАНБАИ

Айни кунда вилоятимизда қарийб 497 минг томорқа ер эгаларига қарашли 24,5 минг гектардан зиёд экин майдони мавжуд. Вилоятда томорқа учун ажратилган ерлардан унумли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, кўчатчилик, гулчиликни ривожлантириш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар, айниқса, Олтинкўл, Асака, Андижон, Жалақудуқ, Шаҳрихон, Балиқчи туманларидаги қатор маҳаллаларда намунали йўлга қўйилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли ва деҳқон хўжаликларининг мавжуд экин майдонларида самарали фойдаланиш, бу борада уларга зарур даражада ёрдам кўрсатиш масалаларисига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги аҳолининг мева, полиз ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш, бозордаги нарх-навонинг бир маромда бўлишида  муҳим аҳамият касб этмоқда.

Дарҳақиқат, айни кунда томорқадан унумли фойдаланиш халқимиз дастурхони мўл-кўллигини таъминлаш билан бирга, оила бюджетига яхшигина даромад келтирмоқда. Миришкор деҳқон учун ердан қадрлироқ ва бебаҳо неъмат йўқ. Томорқа соҳибининг самарали меҳнати, интилиши, изланиш билан нафақат унинг ўзи, балки жамият ҳам манфаат кўрмоқда.

- Айни кунда туманимизда томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олаётган оилалар жуда кўп, - дейди "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди Олтинкўл туман бўлинмаси раиси Замирахон Йўлдошева. - Қолаверса, томорқада етиштирилаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхони мўл-кўллигини таъминламоқда.

Ўз томорқасида боғ барпо этиб, гилос, узум, анжир, шафтоли сингар мевалардан мўл ҳосил олаётган, лимон, помидор, бодиринг, турли резавор кўкатлар, турли-туман гул кўчатллари етиштириб, томорқадан йилига икки, уч марта ҳосил олаётган юртдошларимизга ҳар қанча ҳавас қилсак, улардан ўргансак  арзийди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги ибратли ишлар халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

 

 

Б. ХАЙДАРОВА.

Мураббийлар ишончини оқлаймиз

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етишида, юксак марраларга эришишларида муҳим омил бўлмоқда.

Избоскан тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида икки ярим мингдан зиёд ёшлар мавжуд спорт иншоотларида спортнинг 15 тури бўйича ташкил этилаётган машғулотларда қатнашмоқда. Уларга 58 нафар малакали устоз-мураббийлар спорт сирларини ўргатмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳрида 2006-2007 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида спортнинг Муай-тай тури бўйича бўлиб ўтган мамлакат чемпионатида спорт мактаби вакиллари муваффақиятли иштирок этдилар. Кескин курашларга бой ўтган мусобақаларда ёш спортчиларидан Мадинахон Маҳмудова биринчи, Темурбек Абубакиров фахрли учинчи ўринни эгаллашди.

- Бундай натижага эришишимизда мураббийларимиз Бахтиёр Матбобоев, Жамшидбек Қодировларнинг хизматлари беқиёс, - дейди Муай-тай бўйича Ўзбекистон чемпиони М. Маҳмудова. - Келгусида халқаро мусобақаларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, устоз ва яқинларимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Ишонамизки, ғолиб ёшлар келгусида бунданда юқори натижаларга эришадилар. 

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ,

 

жамоатчи мухбир.  

Fалла ўрими қизғин паллада

Жорий йилда вилоятимиз ғаллакорлари томонидан 80200 гектар майдонга ғалла экилган. Айни кунда пишиб етилган ризқ-рўзимиз бўлган ғаллани йиғиштирб олиш ишлари қизғин паллага кирган. 

Ғаллани нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш, ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан, беталофат ўтказиш, айниқса, ғаллани ёнғиндан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги борасидаги ишларни ўз муддатида ва юқори савияда ташкил этиш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятдаги 3 та донни қайта ишлаш, 14 та донни қабул қилиш ва саралаш корхоналарида ғалла ўрими мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Жамоаларда суҳбатлар, масъул ходимлар, ишчи-хизматчилар орасида тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.

Вилоятда ташкил этилган ғаллани ўриш отрядларига ёнғин хавфсизлиги хизматининг тажрибали ходимлари бириктирилган бўлиб, улар томонидан белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.

 

Улуғбек ҚОСИМОВ,

 

 вилоят ЁХБ  муҳандиси, капитан.

НТТлар фаоллиги ортмоқда

Андижон шаҳрида "ОИТС хасталиги профилактикасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки ва фаоллигини ошириш" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассициацияси, Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамкорлигида "Фуқаролик жамияти ташкилотлари салоҳиятини ошириш" лойиҳаси доирасида ўтказилган давра суҳбатида вилоят касб-ҳунар, халқ таълими бошқармалари, ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари  иштирок этди.

  - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитент танқислиги вируси (ОИТВ) келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Андижон вилоятида муайян ишлар амалга оширилмоқда, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бўлим мудири Камолиддин Маматов. - Мазкур тадбир ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга, мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммолар ечимини топишга яқиндан ёрдам беради.

 Давра суҳбатида мутахассислар томонидан ОИТС хасталиги тарқалишининг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида иштирокчиларга маълумотлар берилди.  Шунингдек, фуқароларнинг ушбу касаллик ҳақидаги тушунча ва билимларини кенгайтириш, касалликка чалинган фуқароларни ижтимоий ҳимояси масалалари хусусида фикр алмашилди. 

Тадбирда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбати иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги ҳамда ана шу йўналишдаги тарғибот тадбирларини ташкил этиш борасидаги билим, малака ва тажрибаларини оширишга ёрдам берди.

 

 Нигора Сайдалиева

Закот - молимизни зиёда қилади

Муборак ҳадисларда Рамазон ойида қилинган барча яхши амалларга бошқа ойлардагига қараганда, кўпроқ савоблар берилиши айтилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб: "Кимда-ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда бир фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади" - дедилар.

Динимизнинг фарзларидан бўлган Рўза - тан закотидир. Аллоҳ таоло бизларга берган мол-мулкимизнинг ҳам закотини адо этишимиз динимизнинг мукаммаллигидандир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: "Холбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, унинг учун динни (ширкдан холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни мукаммал адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир" - деб марҳамат қилган ( "Баййина" сураси, 5-оят).

Закот молиявий ибодат бўлиб, "Закот" сўзи луғатда    "поклик" ва "ўсиш" маъноларини билдиради.

Ислом дини имон келтирмак, намоз, рўза, закот ва ҳаждан иборатдир. Зеро, жаннатни истовчи мўминларнинг сифатларидан бири ҳам закотни адо этишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Улар закотни адо этувчилардир" ("Мўъминун" сураси, 4-оят). Бунинг акси, яъни закот беришга қодир бўла туриб юз ўгиришлик бу мушрикларнинг сифати эканлиги қуйидаги оятда баён қилинган: "Мушрикларга ҳалокат бўлгай. Улар закот бермайдиган ва ўзлари охиратга ишонмайдиган кимсалардир" ("Фуссилат" сураси, 6-7 оят).

Беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳар бир инсоннинг тушунчаси ҳам ҳар хил бўлади. Яъни, садақа, эҳсон қилиш билан мол-дунё камайиб қолади, деганлар ҳам йўқ эмас. Аслида закотни адо этган кишининг молида барака бўлади ва Аллоҳ таоло унинг берган закоти ўрнини бир неча баробар қилиб тўлдиради. Сўзимизга ушбу оят далилдир."Одамларнинг мол-мулки кўпайсин, деб сизлар берган рибо (фоиз)ларингиз, Аллоҳ наздида (ҳеч нарсани) кўпайтирмайди. Аллоҳнинг "юзи"ни (яъни розилиги) мақсад қилиб берган закотингиз эса, бас, айнан ўшалар кўпайтирувчилардир" ("Рум" сураси, 39-оят).

Закотнинг дунё ва охиратга тегишли кўплаб ҳикмат ва фойдалари бор. Энг аввало, жамиятдаги инсонлар ўртасида ўзаро муносабатлар мустаҳкамланади. Сабаби, иқтисодий томондан турли хил ҳолатда ҳаёт кечирувчи кишилар ўртасида номаълум тўсиқлар бор. Ушбу тўсиқ олиб ташланиб, уларни бир-бирларига яқинлаштирувчи восита албатта, бу закотдир. Ҳадислардан бирида "Закот исломнинг кўпригидир" дейилади.

Аллоҳ таоло: "Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши, борди-ю камбағалларга пинҳона берсангиз - ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир" - деб марҳамат қилган ("Бақара" сураси, 271 -оят). Ушбу оятнинг тафсирида уламолар закот, ушр каби фарз садақаларни ошкора бериш яхши деганлар. Сабаби ундан бошқа инсонлар ҳам ибрат олиб, закотини берадилар. Лекин нафл ва ихтиёрий садақалар махфий тарзда берилгани яхшироқдир. Шунда риё ва миннатдан узоқроқ бўлади.

Мол-дунёсидан закот, ушр ва бошқа садақаларни қалбида иймони ва саховати бўлган яхши кишиларгина адо қиладилар. Бунинг акси, бахил, қизғанчиқ кишилар эса, ҳеч қачон   бошқаларга яхшилик қилишни хоҳламайдилар. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар (р.а.) доимо шундай дуо қилар эканлар: "Эй, Аллоҳ! Ортиқча мол-давлатни ичимиздаги яхши кишиларга бергин. Шояд, улар орамиздаги ҳожатмандлардан хабар олиб турсалар".

Аллоҳ таоло барчаларимизга саховатли, закот ва эҳсон бера олгувчи бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Муаззамхон ЖЎРАЕВА,

Бўз тумани бош отинойиси.

 

Қон топшириб, ўзгаларга саломатлик улашинг!

14 июнь - Халқаро донорлар куни

Қалби эзгуликка эш бўлган инсон доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу хайрли амаллари кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса, киши учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Донорларни ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу-ниятли, саҳоватпеша инсонлар дейиш мумкин. Чунки, қон ўз хоҳиш-иродаси билан келган донордангина олинади. Бундай саховатпеша кишилар ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олади. Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир.

2008 йилда ҳукуматимиз томонидан "Ўзбекистон Республикасида беғараз донорликни ривожлантириш дастури" қабул қилинди. Айни пайтда мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, кенг жамоатчилик орасида тиббий тарғибот тадбирларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, маҳаллалар, ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда беғараз донорликнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят қон қуйиш станцияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги қонунидан келиб чиқиб, донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантириш борасида қатор самарали ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда станциямизнинг Шаҳрихон, Жалақудуқ туманларида бўлимлар, шунингдек, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошида Қон қуйиш кабинетлари фаолият юритмоқда.

Яқинда, аниқроғи, 1 июнь - халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан "Бор меҳримиз сенга, болажон!" деб номланган хайрия акцияси ўтказилди. Акция давомида "донорга муҳтож болаларга ўз қонимни бераман, беғараз ёрдам кўрсатаман", деган фуқаролар томонидан қон топширилиб, улкан мурувват кўрсатилди. 

Шу ўринда таъкидлаш керакки, донорлар учун белгиланган талабларга мувофиқ, қонини топширмоқчи бўлган фуқаронинг ёши 18 дан 60 ёшгача бўлиб, соғлом бўлиши керак. Қон топширишни истовчилар қон қуйиш марказларида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтгач, донорлик қилиши мумкин. Шунинг учун ўз ёрдамини таклиф этган фуқароларнинг барчасини ҳам донорликка жалб этолганимиз йўқ.

14 июнь - халқаро донорлар куни! Бу сана 2005 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ассамблеяси томонидан   австралиялик врач иммунолог, одам қон гуруҳларини аниқлаган, Нобель мукофоти лауреати Карл Ландшдейнернинг (1868-1943) туғилган куни шарафига қабул қилинган. Ушбу санада ҳар йили бутун дунё бўйлаб ихтиёрий равишда қон топшириш акциялари ташкиллаштирилади. Вилоятимизда ҳам донорлик куни муносабати билан "Ўзгалар ҳақида ўйланг, қон топшириб - ҳаёт улашинг!" шиори остида  хайрия акцияси ташкил этилиши белгиланган. 

Хайрия акциясида беғараз донорлардан олинган қон ва қон компонентлари саратон, гемофилия каби қатор оғир касалликлар билан оғриган ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳаёти хавф остида қолган инсонларга қуйилади.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир мамлакатнинг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар минг нафар аҳолининг камида қирқ нафари донор бўлиши талаб этилади.

Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш - савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳам саналади. Шундай экан, савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик.

Офтобхон АҲМАДАЛИЕВА,

вилоят қон қуйиш станцияси

 

лаборатория бўлими мудири.

"Меҳр қолур, саховат қолур"

Хайрия тадбири

Рамазон - муборак ой. Муқаддас китобларимизда рамазоннинг минг ойдан афзаллиги зикр этилган. Чунки ушбу ой эзгу ниятлар, ибодату дуолар қабул бўладиган, бандаларни ҳалолу покликка даъват этадиган, эзгу ва хайрли ишларга бешик бўладиган муқаддас ойдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 майдаги "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Андижон шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлар интернат уйида "Меҳр қолур, саховат қолур" деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

"Саховат" интернат уйи маъмурияти ташаббуси билан Андижон шаҳар ҳокимлиги, шаҳар кенгаши депутатлари, вилоят рус миллий маданий маркази, маданият бўлими ҳамда қатор ташкилотлар вакиллари, Андижон давлат университети, коллежлар, умумтаълим мактаблар талаба ва ўқувчилари иштирокида ўтган мазкур тадбирда ушбу масканда яшаётган отахон ва онахонларга юксак эҳтиром кўрсатилди.

- Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак, - дейди "Саховат уйи" директори Отабек Исмоилов. - Айниқса, улуғ ойда ўтказилаётган ушбу маданий-маърифий тадбир кўнгли ўксик кишиларнинг кўнглини обод қилиб, уларнинг кайфиятини кўтарди. 

Тадбир давомида меҳмонлар томонидан ушбу масканда яшаётган инсонларга совға-саломлар улашилди. Санъаткорлар, ўқувчи ва талабаларнинг бадиий чиқишлари, ўзбек, рус, корейс тилларида ижро этилган қўшиқ, куй ва рақслар барчанинг кўнглига хушнудлик ҳадя этди.

Қизиқарли, ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлган тадбир барча иштирокчилар, айниқса, отахон ва онахонларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Мая УСМОНАЛИЕВА,

 

меҳнат фахрийси.

212 нафар фуқаро ишга жойлашиш учун йўлланма олди

Меҳнат ярмаркаси

Андижон шаҳридаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан шаҳар ҳокимлиги, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳамкорлигида "Бўш иш ўринлари ярмаркаси" ўтказилди.

Маълумки, мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада вилоятимизда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

Ташкил этилган меҳнат ярмаркасида Андижон шаҳаридаги 120 дан зиёд корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан 1 минг 300 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Меҳнат ярмаркасида 700 нафарга яқин муқаддам судланган, ички ишлар профилактика назоратида турувчи фуқаролар қатнашиб, ўз мутахассисликлари, касб йўналишлари бўйича ишга жойлашиш имконига эга бўлди. 

Ярмаркада 210 нафар фуқаро ишга жойлашиш учун йўлланма олди, 54 нафар фуқаро эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган бўлди.

 - Турмуш ўртоғим билан ишсиз эдик, - дейди Андижон шаҳрида Азизахон Файзиева. - Мен шаҳардаги 30- умумтаълим мактабига фаррош, турмуш ўртоғим 10-умумтаълим мактабига боғбон вазифасига ишга жойлашдик. Бундан буён оиламизнинг турмуш тарзи, фаровонлиги янада ортишига ишонаман.

Тадбир доирасида "Шарқ зиёкори" масъулияти чекланган жамияти Андижон филиали томонидан китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, ташкилотчилар ва мутахассислар томонидан фуқаролар билан меҳнат қонунчилиги, чет элга ишга бориш тартиблари, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида суҳбатлар ўтказилди, зарур тавсия ва маслаҳатлар, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Ойгул ЭШМУРОДОВА, жамоатчи мухбир.

Фарзандларимизга меваларни ювиб ейишни ўргатайлик

Шифокор тавсияси

Ёз келиб, юртимизда мева-чевалар пишиб бормоқда. Бундан ҳаммадан кўра болалар хурсанд.  Аммо мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари истеъмолида ҳам эҳтиёткорлик талаб этилади.

Ҳар бир оилада болажонларнинг аксарияти турли меваларни хуш кўриб истеъмол қилади. Лекин болаларга, айниқса, икки ёшгача бўлган болаларга ҳар хил мевалар бериш тавсия этилмайди. Негаки, айрим болалар организми шафтоли, қовун, тарвуз, бодринг, олхўри, помидор хазмига чидамсиз бўлиб, уларда ич суриш, диарея, ошқозон айниши каби хасталикларни келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари, ота-оналар   фарзандларига доимо ҳар бир мевани ювиб ейиш шарт эканлигини уқтиришлари керак. Акс ҳолда ювилмаган мева сиртидаги турли инфекциялар бола организмига ўтиб, унда микробларнинг эркин ривожланишига замин яратади ҳамда ошқозон касалликларининг авж олишига ёрдам беради.

Ўта пишиб кетган меваларни, иложи борича, фарзандингиздан узоқроқ қилганингиз маъқул. Чунки бундай мева ва полиз маҳсулотлари уни истеъмол қилган болада (отравление) заҳарланишни келтириб чиқариши мумкин. Бу ота-оналардан ҳушёр ва эътиборли бўлишни талаб этади.

Мева аслида дармондори ҳисобланади. Айни пишиб етилган мевалардаги мавжуд кальций, магний, турли витаминлар болаларимиз организмининг иммунитетини ошириш билан бирга, улардан тайёрланган шарбатлар овқатнинг енгил ҳазм бўлишини таъминлайди. Айниқса, фарзандларимизга  олмани кўпроқ истеъмол қилишни уқтиришимиз керак. Олмадаги темир моддаси бола соғлиги учун жуда фойдалидир. Олма овқатдан кейин ейилганда, тишлардаги тошларни тозалашга ва тишларнинг мустаҳкам бўлишига, шунингдек, анемияни бартараф қилишга ёрдам беради.

Бодринг таркибидаги йод моддаси болаларда учрайдиган бўқоқ касаллигининг олдини олиб, организмдаги йод  танқислигини бартараф этади. Помидор эса қон камлигини даволашда муҳим саналади.

Ушбу тавсияларга амал қилиш билан бирга, ота-оналар фарзандлари истеъмол қилаётган маҳсулотларни назоратсиз қолдирмаслиги керак. Меваларни ейишдан аввал унинг ювилганлиги, айнимаганлигига албатта, эътибор қаратиш зарур.

Болаларимиз саломатлиги энг катта бойлигимиз, оиламиз бахти. Шундай экан, улар истеъмол қилаётган ҳар бир мева-сабзавотни назоратсиз қолдирмаслик керак. Ёзнинг  инояти бўлган табиий ва сархил меваларни яхшилаб ювиб, кейин ейиш мақсадга мувофиқдир.

Саида НАЗИРОВА, шифокор.

 

 

Чўмилишда эҳтиёткорлик - хавфсизлигимиз гарови

Мутахассис минбари

Юртимизда ёзнинг жазирама кунлари бошланди. Ёз фаслида нафақат болажонлар, балки катта ёшдаги кишилар ҳам беихтиёр табиат қўйнига чиқишга, сув ҳавзаларига бориб чўмилишга ошиқади. 

Шундай кезларда киши танлаган сув ҳавзаси қанақа эканлиги ва у ерда чўмилиш қандай салбий оқибатларга олиб келиши билан қизиқади, деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта! Бундай кезлар киши тезроқ оромбахш сувга тушиб, иссиқ тафтини, ўзидаги чарчоқ ва ҳорғинликни аритгиси келади.

Азиз юртдош, чўмилишга бир дақиқа шошмай туринг! Сиз танлаган сув ҳавзасида чўмилишга рухсат берилганми? У соғлигингизга салбий таъсир кўрсатмайдими? Шу  саволларни бир ўйлаб кўринг. Мулоҳаза юритмасдан чўмилиш саломатлигингизга, ҳаётингизга хавф солиши мумкин. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар таҳлил қилинганда мулоҳаза юритмасдан ёки рухсат этилмаган очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш оқибатида  келиб чиққанлиги аён бўлади.

Вилоятимиздаги барча сув ҳавзаларида юз бериши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли тадбирлар, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.  Албатта, бу борада ота-оналар ҳушёрлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Агар ҳар бир ота-она фарзандига сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаларини ўргатиб борса, ёки қаерга чўмилишга бораётганидан хабардор бўлиб турса, албатта, юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олди олинади. 

Шуни эслатиб ўтиш зарурки, фақат қутқарув хизмати бўлган жойлардагина чўмилишга рухсат этилади. Шунда бахтсиз ҳодиса юз берса, қутқарув хизмати тезда ёрдамга келади. Чўмилиш жойини чеклайдиган, тез ва кўпириб оқаётган сувга шўнғиш мумкин эмас.

Чўкиш нафас йўлларининг сув ва  бошқа суюқликлар билан тўлиб қолиши оқибатида юзага келадиган ҳолатдир. Агар, ниҳоятда чарчаган, сувда узоқ вақт қолиб кетган, ёки қорин оч бўлса,  шунингдек, спиртли ичимлик истеъмол қилинган, чанқоқ, касаллик сизни безовта қилаётган вақтларда чўмилмаганингиз маъқул.

Чўкаётган одамни сувдан олиб чиқиш ҳам катта маҳорат талаб этади. Бунда бир неча қутқариш усуллари мавжуд. Улардан бири - чўкаётган кишига орқа томондан сузиб яқинлашиш, сочи ва қўлтиғи остидан ушлаб, юзини тепага қаратиб, ўзингизни ушлаб олишга йўл қўймаган ҳолда қирғоққа қараб сузиш керак. Ҳаракат усулларидан бири жабрланувчининг чангак қучоғидан ушлаб олишдир. Жабрланувчига тезлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш керак.

Чўмилиш борасида ҳушёр бўлиш киши саломатлиги ва ҳаёти хавфсизлигининг гаровидир. Шундай экан, юртимизда мавжуд чўмилиш ҳавзаларидан фойдаланганда ҳушёр бўлиш, бу борада  белгиланган қоидаларга амал қилиш ҳамда фарзандларимизнинг таъқиқланган жойларда чўмилмаслигини назорат қилиш орқали уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳар биримизнинг зиммамиздаги   бурчдир.

Ботиржон СОТВОЛДИЕВ,

 

Балиқчи тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, майор.