+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚЎШГАНИНГИЗ БИЛАН ҚЎША ҚАРИНГ

Мулоҳаза

Оила қуриш, ота-она бўлиш - оддий иш эмас. Оила бошқаришга, рўзғор тутишга йигит ҳам, қиз ҳам тайёрланиши, қурилган оилани қадрлай билиши керак. Оилабоп эркак, рўзғорбоп аёл онадан тайёр ҳолда туғилмайди. Бу нарса тарбия жараёнида пишиб етилади. Шунинг учун ёшлар мустақил ҳаётга ўргатиб борилади, уларга зарур сабоқлар берилади.

Ўғил бола - бўлажак куёв, оила бошлиғи. Хўш, унинг вазифаси нималардан иборат? Энг аввало, йигит оила қуришга тайёр бўлсин. Қолаверса, жисмонан соғлом, бардам-бақувват, касби-корли, билимли, одоб-ахлоқли, меҳнаткаш бўлсин. Чунки бутун бошли оила тизгини айнан унинг қўлида бўлади.

Оила бошлиғи меҳнатсевар, уқувли, ишбилармон, топиш-тутиши яхши бўлса, унинг оиласи фаровон яшайди, ўғил-қизларни тарбиялаш, кийинтириш, едириб-ичириш осон кечади. Уқувсиз, топиш-тутишининг тайини йўқ, бебурд одамнинг оиласи ночор ҳаёт кечиради. Бундай эркак кўп ҳолларда тушкун кайфиятда юради.

Эркак киши оила қурганидан кейин ундан қуйидаги уч нарсани уддалаши талаб этилади: Биринчиси, оилани моддий жиҳатдан таъминлаш; иккинчиси маънавий эҳтиёжларини қондириш ва учинчиси фарзанд тарбиясини яхши йўлга қўйиш.

Оилани моддий тарафдан таъминлаш учун меҳнат қилиш, топиш-тутишни билиш, оила бюджетини режалаштириш зарур. Шунингдек, оилада кирим-чиқимларни ҳисоблаб, нимани харид қилиш лозимлигини аниқлаб олиш зарур. Айрим хонадонларда мана шу нарса йўлга қўйилмагани учун топилган даромад оила эҳтиёжларини таъминлашга етмайди. Натижада, турли муаммолар юзага келади.

Топган-тутганини меъёрида, тежаб-тергаб сарфлаш, бозор-ўчар, савдо-сотиқ қилишни билиш эркак киши учун жуда муҳим. Пул топса-ю, сарфлашни билмаса, бозор қилишга нўноқ бўлса, бундай йигитнинг иши юришмайди, оилани тебратиши қийин кечади. Шунинг учун, йигит киши савдо қилиш илмини болалигидан ўрганиб, кўзини пишитиб боргани маъқул.

 "Бекорчидан Худо безор", дейди халқимиз. Эркак киши фарзандларини фойдали меҳнат билан шуғулланишга, уларнинг имконият ва лаёқатидан келиб чиқиб, айниқса, ўғил болани қўшимча даромад ишлаб топишга йўналтириши фойдадан холи бўлмайди. Оиланинг ҳар бир аъзосини ўзига мос меҳнат билан таъминлаш, унинг устидан адолат билан назорат қилиб туриш эркакнинг муҳим вазифаларидан бирига киради.

Қиз бола бўлажак она, оила бекаси. Унинг вазифаси нима? Қиз боланинг бўйи чўзилиб, кўзга кўрина борган сари, бир томондан ота-онанинг қувончи ортса, бошқа томондан ташвиши кўпаяди. "Қизим бахтли бўлармикин, таг-тугли оилага тушиб, қўшгани билан қўша қариб, ували-жували бўлиб кетармикин", деган ўй ота-онани безовта қилади. Масаланинг мураккаблиги шундаки, қиз бола бегона кишилар орасига келин бўлиб тушади. Қиз борадиган хонадон оила аъзолари қандай одамлар, феъли, рўзғор тутишлари қандай? Қиз ўсиб-унган хонадондаги ҳаёт тарзи у ердагига мос келса-ку, нур устига нур. Кескин фарқ қилса-чи? Бундай шароитга мослашишга қизи қийналмайдими? Нима бўлганда ҳам йўл битта - шу оилага мослашиб, борган жойида туп қўйиб, палак ёзиши керак. Акс ҳолда, ота-она хонадонига кўзида ёш билан тугун-терсагини кўтариб, қайтиб боришга тўғри келади...

Халқимизда "Сепли бўлгунча, эпли бўлсин" деган мақол бор. Қиз боланинг эпли бўлгани, рўзғор тутишни билиши ҳар қандай сарподан аъло. Агар келин пазанда, ширинсўз, эпчил, қўл-оёғи чаққон, тикиш-бичишни биладиган, саранжом-саришта бўлса, қандай яхши?! Бундай аёл эрини бахтли қилади, борган жойида тиниб-тинчийди, униб-ўсади. Қиз бола турмушга чиқдими, унинг дилида "Бир ёстиққа бош қўйганим билан қўша қарийин" деган мақсад бўлиши керак.

Хуллас, мустақил оила остонасида турган ҳар бир йигит-қиз рўзғор тутишни яхши ўзлаштирса, оиласи тинч, кўнгли хотиржам, иши унумли бўлади. Фарзандларимиз ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, оилани бошқариш, рўзғор илмини пухта эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ана шунда, ажримлар бўлмайди, ўша оила бахтли ҳаёт кечиради, жамиятда ўз ўрнини топади.

Қундузхон ЖУМАБОЕВА,

 

Қўрғонтепа туманидаги "Мустақиллик" маҳалла фуқаролар йиғини "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари, "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони совриндори.